toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг устави ҳамда ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзоларини саралаш ва тасдиқлаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 27 декабрдаги ПҚ-390-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимиз илм-фан соҳасининг истиқболли илмий йўналишлари бўйича илмий-техник ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, илмий ишланмаларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг устави ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзоларини танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин:
Фанлар академиясининг асосий вазифалари ва функциялари, илмий тадқиқотларни таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш босқичлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
Фанлар академиясининг Умумий йиғилиши ваколатларини белгилаш, Умумий йиғилишда академиклар фаоллигини ошириш;
Фанлар академияси аъзолигига сайлаш ва илмий ташкилотлар директорлигига номзодларни тайинлаш тартибини белгилаш.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Ш.А. Аюпов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 3 июнь,
282-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 282-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг
УСТАВИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг (кейинги ўринларда — Фанлар академияси) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, Фанлар академияси аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Фанлар академияси мамлакатнинг илм-фан, техника, маданият ва маърифат соҳаларида фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни (кейинги ўринларда — илмий тадқиқотлар) мувофиқлаштирувчи ва амалга оширувчи етакчи давлат илмий ташкилоти ҳисобланади.
3. Фанлар академияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Уставга амал қилади.
4. Фанлар академиясининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Уставга мувофиқ ўзини ўзи бошқариш ва такомиллаштириш тамойиллари асосида амалга оширилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
5. Фанлар академияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кейинги ўринларда — Вазирлар Маҳкамаси) ўз вазифаларини амалга ошириш жараёнидаги долзарб ва устувор муаммоларни ҳал этишда қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.
6. Фанлар академияси, унинг Қорақалпоғистон минтақавий бўлими (кейинги ўринларда — минтақавий бўлим), вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари (кейинги ўринларда — ҳудудий бўлимлар), илмий ташкилотлари ва тизимидаги ташкилотлар (кейинги ўринларда — тизим ташкилотлари) ўзининг уставида белгиланган мақсадларга мос келадиган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.
7. Фанлар академияси ўз тизим ташкилотлари мол-мулкларига, улар томонидан яратилган интеллектуал мулк объектларига (илмий-тадқиқот ишлари натижалари, «ноу-хау»лар, илмий-текшириш, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, уруғчилик, дастурий маҳсулотлар ва шу кабиларга) белгиланган тартибда эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга.
Бунда мазкур фаолият билан боғлиқ маълумотлар Фанлар академияси томонидан доимий равишда юритиладиган маълумотлар базасида акс эттирилади ҳамда ундан тадқиқотлар ўтказиладиган илмий ташкилотлар фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
8. Фанлар академияси ўз тизим ташкилотларига юкланган функциялар ва вазифаларнинг самарали бажарилиши учун масъул ҳисобланади.
9. Фанлар академияси ўз фаолияти бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили ҳисобот беради.
10. Фанлар академияси, унинг тизим ташкилотлари юридик шахс ҳисобланади ҳамда ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ташкилот номи ёзилган муҳрга, бошқа зарур муҳр ва штампларга, банк ҳисобварақларига, жумладан, валюта ҳисобварағига эга бўлади.
11. Фанлар академиясининг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, академик Яҳё Ғуломов кўчаси, 70-уй, 100047.
12. Фанлар академиясининг расмий номи:
давлат тилида — Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi;
рус тилида — Академия наук Республики Узбекистан;
инглиз тилида — Uzbekistan Academy of Sciences.
2-боб. Фанлар академиясининг асосий вазифалари ва функциялари
13. Фанлар академиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
физика-математика, техника, табиий, тиббиёт ва биотехнология, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий-гуманитар илм-фан соҳаларида илмий тадқиқотлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш;
илм-фанни таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудлари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, илм-фан ва технология ривожланишининг устувор йўналишлари, давлат илмий дастурларини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
республика иқтисодиёти учун жаҳон ва мамлакат илм-фан ютуқларидан фойдаланишга оид тавсиялар ишлаб чиқиш;
хорижий давлатларнинг илмий ташкилотлари ва жамғармалари билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, халқаро грантларни жалб қилиш, халқаро илмий форум ва анжуманларни ташкил этиш ва ўтказишда қатнашиш;
мамлакатимиз илм-фани, илмий салоҳияти, фан-техника соҳасида эришилган ютуқларни тарғиб қилиш ва оммалаштириш;
илмий ташкилотларда фаолият юритиш жозибадорлигини ошириш орқали ёш кадрлар оқимини таъминлаш ҳамда юқори малакали илмий кадрларни тайёрлашда иштирок этиш.
14. Фанлар академияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) физика-математика, техника, табиий, тиббиёт ва биотехнология, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий-гуманитар илм-фан соҳаларида илмий тадқиқотлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича:
илм-фан, техника ва инновацион ривожланиш соҳасида илмий лойиҳаларни амалга оширишни ўз ваколати доирасида таъминлайди;
илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги илмий лойиҳаларни экспертизадан ўтказишда иштирок этади;
давлат ва жамиятни ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник, маданий-маърифий ва маънавий-ахлоқий ривожлантиришга йўналтирилган физика-математика, техника, табиий, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказади, илмий тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш механизмларини ишлаб чиқади;
илмий фаолият субъектлари учун илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари, ноёб илмий объектлардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тарзда фойдаланиш билан боғлиқ зарур шарт-шароитлар яратади;
тадқиқотчилар ва илмий тадқиқот ўтказаётган жамоаларнинг илмий асарларини тезкорлик билан эълон қилиш мақсадида ноширлик фаолиятини амалга оширади, Фанлар академиясининг даврий нашрларини тайёрлаш ва чоп этиш ишларини таъминлайди. Фанлар академиясининг даврий нашрлари таҳририяти таркибига хорижий олимларни жалб этади ва уларнинг фаолиятини ташкил этади;
Фанлар академияси, унинг тизим ташкилотлари, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари, шунингдек, тизим ташкилотларида илмий ходимлар ва мутахассисларнинг самарали фаолиятини таъминлайди, илмий тадқиқотларни ташкил этади ва ўтказади;
б) илм-фанни таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича:
иқтисодиётнинг жадал ўсиб бораётган йўналишларида «олий таълим ташкилоти — илмий ташкилот — корхона» ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва такомиллаштиради;
Фанлар академияси, унинг тизим ташкилотлари турдош олий таълим ва тармоқ илмий ташкилотлари билан олимларнинг авлод алмашинуви узвийлигини, шунингдек, илмий ташкилотлар учун ёш мутахассислар тайёрлашда ҳамкорликни таъминлайди;
Фанлар академиясининг академиклари ва етакчи олимлари томонидан соҳавий олий таълим ташкилотларида маъруза машғулотлари ўтказилишини, фан доктори илмий даражаси (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) талабгорларига ҳамда магистрларнинг илмий ишларига раҳбарликни таъминлайди;
Фанлар академиясининг илмий ташкилотлари ва олий таълим ташкилотларининг факультетлари базасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказадиган идоралараро илмий-тадқиқот лабораториялари ва марказларини ташкил этади;
давлат музейлари ва кўргазмалар, инновацион ва (ёки) илмий-технологик тузилмаларни (технопарклар, инновацион марказлар, инновацион кластерлар ва бошқалар) ташкил этишда ва уларнинг фаолиятини илмий-услубий қўллаб-қувватлашда иштирок этади;
илм-фаннинг моддий-техник базаси ва ижтимоий таъминотини ривожлантиришга, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, интеграция механизмларини такомиллаштиришга, илм-фаннинг инновацион салоҳиятидан самарали фойдаланишга доир таклифларни юқори ташкилотларга киритишда ташаббус кўрсатади ва уларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади;
в) республика иқтисодиёти учун илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, давлат илмий дастурларини шакллантириш учун таклифлар ишлаб чиқиш бўйича:
истиқболли илмий тадқиқотларнинг давлат ва бошқа илмий-техник дастурларини;
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурларини (илмий-услубий экспертиза ва дастурларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини асослаш бўйича);
илмий ташкилотларнинг илмий тадқиқотлари ва инновацион фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ва белгиланган тартибда жалб этилган бюджетдан ташқари манбаларидан молиялаштиришнинг самарали механизмларини;
Фанлар академияси илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, улар асосида юзага келиши мумкин бўлган технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш истиқболларини ишлаб чиқади ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;
г) республика иқтисодиёти учун жаҳон ва мамлакат илм-фан ютуқларидан фойдаланишга оид тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича:
жаҳон илм-фани ва технология ютуқларини умумлаштиради, улардан фойдаланишни тавсия этади, илмий ташкилотлар фаолиятига хорижий ҳамда ички инвестициялар жалб этилишида иштирок этади, шунингдек, улардан оқилона фойдаланилишини таъминлайди;
Фанлар академиясида яратилган ихтироларни ва бошқа интеллектуал мулк объектлари ўз вақтида патентланишида, шу жумладан, халқаро патентлар олишда кўмаклашади, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ улардан ўз фаолиятида фойдаланади ва уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайди. Тижорат сирини ташкил этувчи «ноу-хау» ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш учун тегишли чораларни кўради;
иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш ва илмий ҳажмдор маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашади;
мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган илм-фан ютуқларини ва илмий ҳажмдор технологияларни амалиётга қўллашга доир самарали таклифларни ишлаб чиқади ва тегишли ташкилотларга киритади;
д) хорижий давлатларнинг илмий ташкилотлари ва жамғармалари билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, халқаро грантларни жалб қилиш, халқаро илмий форум ва анжуманларни ташкил этиш ва ўтказишда қатнашиш бўйича:
хорижий мамлакатлар илмий ташкилотлари ва таълим ташкилотлари билан халқаро илмий-техник ҳамкорликнинг самарали шакллари ҳамда йўналишларини, жумладан, ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга оширади;
илмий кадрларнинг, шу жумладан, Фанлар академияси илмий ташкилотлари ёш олимларининг хориждаги етакчи илмий ва таълим ташкилотларида ўқишини ва малакасини оширишни ташкил этишда кўмаклашади;
хорижий илмий ташкилот ва олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликдаги илмий тадқиқотлар учун хорижий ташкилотлар ҳамда жамғармаларнинг халқаро илмий грантларини жалб этади;
долзарб илмий-техник муаммолар ҳамда буюк мутафаккирлар, машҳур илм-фан ва адабиёт арбоблари шарафига бағишланган халқаро илмий, илмий-техник конгресслар, конференциялар, симпозиумлар, семинарларни ташкил этиш ва ўтказишда, шунингдек, халқаро илмий журналларнинг таҳрир ҳайъатлари ишларида иштирок этади;
Фанлар академияси ўз фаолиятини амалга ошириш учун турли вақтинча ёки доимий комиссиялар, жумладан, илмий фаолият этикаси бўйича комиссия, архив комиссияси ва бошқаларни ташкил этади;
е) мамлакатимиз илм-фани, илмий салоҳияти, фан-техника соҳасида эришилган ютуқларни тарғиб қилиш ва оммалаштириш бўйича:
мамлакатимиз ва жаҳоннинг илмий ютуқлари, шунингдек, мутафаккир аждодларимизнинг цивилизацияга қўшган бой илмий меросини оммалаштириш орқали илмий билимларни тарғиб қилади;
Фанлар академиясининг таниқли олимлар шарафига ва уларнинг номи билан аталувчи мукофотларни таъсис этиш бўйича белгиланган тартибда юқори ташкилотларга таклифлар киритади ва бу мукофотларни юксак илмий ва илмий-техник ютуқларга эришган олимлар ҳамда ижодий жамоаларга беради;
илмий-тадқиқотлар ишларининг энг муҳим йўналишлари бўйича илмий кенгашлар, жамиятлар ва бошқа бирлашмаларни ташкил этади, уларнинг самарали ишлашини таъминлайди ҳамда илм-фанни ривожлантиришда уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланади;
Фанлар академияси олимларининг илмий ютуқларини оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам ёритиб боради;
ж) илмий ташкилотларда фаолият юритиш жозибадорлигини ошириш орқали ёш кадрлар оқимини таъминлаш ҳамда юқори малакали илмий кадрларни тайёрлашда иштирок этиш бўйича:
илм-фан ва таълимнинг жамият ҳаётидаги нуфузи ҳамда аҳамиятини ошириш, олимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, илмий ходимларнинг ҳуқуқларини таъминлашга доир тадбирларни амалга оширади;
Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техник базасидан фойдаланган ҳолда, илмий-тадқиқотлар ишларини ташкил этиш ва ўтказишга фан тармоқлари бўйича юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашда тармоқ илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотларига кўмаклашади;
Фанлар академияси ҳузуридаги Ёш олимлар кенгаши фаолиятини тубдан такомиллаштиради ва уларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини ишлаб чиқади.
3-боб. Фанлар академиясининг Умумий йиғилиши
15. Фанлар академиясининг Умумий йиғилиши (кейинги ўринларда — Умумий йиғилиш) унинг юқори бошқарув органи ҳисобланиб, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзоларидан ҳамда илмий ташкилотлар директорларидан иборат бўлади.
16. Умумий йиғилиш илм-фан ривожланишининг энг муҳим масалалари ва Фанлар академияси фаолиятини кўриб чиқиш учун Фанлар академияси Президиуми томонидан йилига камида бир марта чақирилади.
Умумий йиғилиш Фанлар академияси Президиуми қарори ёки Умумий йиғилиш аъзоларининг камида учдан бир қисмининг мурожаати, шунингдек, фан йўналишлари бўлимларининг таклифига кўра улар тавсия этган масалаларни муҳокама қилиш учун ҳам чақирилиши мумкин.
17. Умумий йиғилиш:
илм-фанни ривожлантиришнинг устувор ва истиқболли йўналишларини муҳокама қилади ҳамда улар бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқади ва қабул қилади;
овоз бериш орқали Фанлар академияси президенти, Биринчи вице-президенти — бош илмий котиб ва вице-президентларни беш йил муддатга сайлайди, шунингдек, ушбу Уставга мувофиқ уларни лавозимидан озод этиш бўйича Фанлар академияси Президиумига таклифлар беради;
Фанлар академиясининг уставини тасдиқлаш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
Фанлар академиясининг хорижий ва фахрий аъзоларини очиқ овоз бериш йўли билан сайлайди;
Фанлар академиясининг йиллик ҳисоботини муҳокама қилади ва тасдиқлайди;
Фанлар академияси президенти, Биринчи вице-президенти — бош илмий котиб, вице-президентлари ва Фанлар академиясининг минтақавий ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари раҳбарлари (раислари)нинг йиллик ҳисоботларини муҳокама қилади ва тасдиқлайди;
илм-фаннинг устувор йўналишлари бўйича етакчи олимларнинг маърузаларини эшитади, муҳокама қилади, тегишли тавсиялар беради;
илм-фан соҳасидаги долзарб илмий-ташкилий масалаларни муҳокама қилади;
илмий ташкилотларни ташкил қилиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади;
зарурат бўлганда, Фанлар академияси фаолиятига дахлдор бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқади.
18. Умумий йиғилиш аъзоларининг камида учдан икки қисми мажлисда қатнашганда ва қарор қабул қилиш учун йиғилишда қатнашганларнинг учдан икки қисми овоз берган тақдирда, Умумий йиғилиш ваколатли бўлади ва унинг қарорлари қабул қилинган ҳисобланади.
19. Умумий йиғилиш қарорларини бажариш Фанлар академияси, унинг тизим ташкилотлари, Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари ва ходимлари учун тавсия этилади.
4-боб. Фанлар академиясининг таркиби
20. Фанлар академияси фаолияти илмий-тармоқ ва ҳудудий тамойиллар бўйича ташкил этилади.
21. Фанлар академияси ўз ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари, фахрий ва хорижий аъзолари, шунингдек, тизим ташкилотларида хизмат қилувчи илмий ходимлари ва мутахассисларини бирлаштиради.
22. Фанлар академияси таркибига қуйидагилар киради:
бошқарув аппарати;
минтақавий ва ҳудудий бўлимлар;
илмий ташкилотлар;
Фанлар академиясининг ташкилий тузилмасига кирувчи бошқа ташкилотлар.
23. Фанлар академиясининг ташкилий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Фанлар академияси президенти зарурат бўлганда, Фанлар академияси бошқарув аппаратининг тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиши мумкин.
24. Фанлар академияси Президиуми Фанлар академияси фаолиятини тезкор бошқарувчи коллегиал орган ҳисобланади.
Фанлар академияси Президиуми таркибига Фанлар академияси президенти, Биринчи вице-президенти — бош илмий котиб, вице-президентлар, минтақавий ва ҳудудий бўлим раҳбарлари (Наманган, Самарқанд ва Термиз шаҳарларидаги ҳудудий бўлимлар раҳбарлари бундан мустасно), Фанлар академияси бошқарув аппаратидаги фан йўналишлари бўйича бўлимлар (кейинги ўринларда — фан бўлимлари) бошлиқлари, шунингдек, илм-фан йўналишларидан жамоатчилик асосида таклиф этилган академиклар, мухбир аъзолар киради.
Фанлар академияси Президиуми таркиби Умумий йиғилиш томонидан беш йил муддатга очиқ овоз бериш йўли билан тасдиқланади.
Фанлар академияси Президиуми фан бўлимлари орқали илмий ташкилотларни бошқаради.
Фан бўлимига бевосита Фанлар академияси Президиуми аъзоси ҳисобланган бўлим бошлиғи раҳбарлик қилади. Бўлим бошлиғи тегишли илмий йўналишда фаолият кўрсатаётган Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари орасидан беш йил муддатга очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.
Фан бўлимлари ўз тизимидаги илмий ташкилотлар фаолиятини кўриб чиқади ва ҳар томонлама таҳлил қилади, уларнинг фаолият йўналишлари, илмий, инновацион ва ташкилий фаолияти даражаси ва самарадорлигини муҳокама ва таҳлил қилади, йиллик ҳисоботларни тасдиқлайди.
Фан бўлимлари мазкур таҳлиллар асосида илмий ташкилотларнинг самарали фаолиятига тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммоларни аниқлайди, янги илмий ташкилотларни ташкил қилиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади ва Фанлар академияси Президиумига Умумий йиғилишда кўриб чиқиш учун таклифлар киритади.
Фанлар академияси Президиуми ўз қарори билан фан бўлимлари ҳузурида жамоатчилик асосида Ҳайъат (кейинги ўринларда — Ҳайъат) тузади. Ҳайъат ҳар ойда бир мартадан кам бўлмаган йиғилишларни ўтказади, унинг ишига кўрилаётган масалага тегишли ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолар, соҳа ва олий таълим ташкилотларидан йирик мутахассислар таклиф этилади.
Ҳайъат тегишли вице-президент билан келишилган ҳолда, мавжуд бўлган илмий йўналишларнинг энг муҳим илмий ва илмий-ташкилий муаммоларини кўриб чиқиши учун мажлислар ташкил этади. Мажлис якунлари бўйича ҳисобот Фанлар академияси Президиумига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
25. Фанлар академияси оператив бошқариш ишларини амалга оширувчи маслаҳат органи ̶ илмий ташкилотлари директорларининг кенгашини (кейинги ўринларда — Кенгаш) ташкил этади. Кенгаш фаолияти Президиум томонидан тасдиқланадиган низом асосида белгиланади.
Кенгаш раиси бир йил муддатга Кенгаш аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.
26. Фанлар академияси Биринчи вице-президенти — бош илмий котиб ва вице-президентлари ҳузурида Фанлар академиясининг экспертлари ва юқори малакали мутахассисларидан иборат комиссиялар тузиши мумкин.
5-боб. Фанлар академиясининг минтақавий бўлими ва ҳудудий бўлимлари
27. Фанлар академиясининг минтақавий бўлими ва ҳудудий бўлимлари ҳудудларда фан ва илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш мақсадида тузилади.
28. Минтақавий бўлим ва ҳудудий бўлимларга бўлим раҳбари (раиси), унинг ўринбосари ва илмий котиби раҳбарлик қилади.
Минтақавий бўлим ва ҳудудий бўлимлар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва илмий котиблари Фанлар академияси президенти томонидан беш йил муддатга лавозимга тайинланади. Бунда Қорақалпоғистон минтақавий бўлими раиси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади.
Минтақавий бўлим ва ҳудудий бўлимлар раҳбарлари (раислари) (Наманган, Самарқанд ва Термиз шаҳарларидаги ҳудудий бўлимлар бундан мустасно) мақомига кўра Фанлар академияси вице-президентига тенглаштирилади.
Минтақавий бўлим ва ҳудудий бўлимлар раҳбарлари (раислари) Умумий йиғилиш қарорлари ҳамда Фанлар академияси президентининг буйруқлари бажарилишини таъминлайди.
Минтақавий бўлим ва ҳудудий бўлимлар ўз фаолиятини ушбу Устав ва Фанлар академияси Президиуми томонидан тасдиқланган Қорақалпоғистон минтақавий бўлими ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлар тўғрисидаги низомларга мувофиқ амалга оширади.
29. Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот ва илмий-ишлаб чиқариш фаолияти унинг илмий ташкилотларида амалга оширилади.
6-боб. Фанлар академияси аъзолигига номзодларни сайлаш тартиби
30. Фанлар академиясининг мухбир аъзолигига 60 ёшгача бўлган фан докторлари орасидан фанни салмоқли илмий ишлари билан бойитган, мамлакат иқтисодиёти ва салоҳиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган таниқли олимлар сайланади.
31. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) жаҳон андозалари даражасидаги илмий ишлари билан танилган, илмий жамоатчилик тан олган илмий мактаб яратган, илмий ютуқлари мамлакат интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятини оширишга салмоқли ҳисса қўшган ва Ўзбекистонда илмий фаолият юритадиган Фанлар академиясининг мухбир аъзоларидан сайланади.
32. Илмий ихтисосликлар бўйича эълон қилинадиган ўринлар рўйхати Фанлар академиясининг тегишли фан бўлимларида илмий жамоатчиликнинг кенг муҳокамаси орқали шакллантирилади ва Фанлар академияси Президиуми томонидан тасдиқланади.
Фанлар академияси фан бўлимларида илмий семинарлар ташкил этилади, унда мухбир аъзолигига ва ҳақиқий аъзолигига номзодлар ҳақиқий аъзолар иштирокида тақдимотлар ўтказадилар.
Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодлар саралаш босқичи ва илмий маъруза баҳолари асосида фан йўналишлари бўйича бўлимлар томонидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади ва улар Умумий йиғилиш муҳокамасига тавсия этилади. Фанлар академияси ҳақиқий аъзоларини сайлашда мухбир аъзолар иштирок этмайди.
33. Эълон қилинган илмий соҳалар бўйича Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларни кўрсатиш ҳуқуқи Фанлар академиясининг тизим ташкилотларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг олий таълим ва тармоқ илмий ташкилотларининг илмий ёки илмий-техник кенгашларига берилади.
34. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодлар минтақавий бўлим ва ҳудудий бўлимлар, Фанлар академияси ҳамда олий таълим ва тармоқ илмий ташкилотлари илмий (илмий-техник) кенгаш йиғилишларида ҳар бир номзод бўйича яширин овоз бериш йўли билан тавсия этилади. Сайловда кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этиши керак. Илмий кенгаш йиғилишида иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилигининг овозини олган номзод аъзоликка кўрсатилган ҳисобланади.
Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларини тақдим этган ташкилот белгиланган тартибда Фанлар академияси илмий кадрлар бўлимига йўлланма хати ва номзод бўйича баённома нусхасини, кўрсатилган номзоднинг шахсий маълумотномаси, (таржимаи ҳоли) илмий ва илмий-ташкилий фаолияти акс этган ҳужжатларни тақдим этади.
Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларни Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари ҳам тавсия этиши мумкин.
Фанлар академиясининг аъзолигига сайлов тегишли фан бўлимларида ўтказилади.
Бўлим ўз ваколатлари доирасида Фанлар академиясининг аъзоларини сайлашни ташкил қилиб, талабгорларни тавсифловчи қўшимча ҳужжатлар билан танишади ҳамда номзодларнинг илмий ва ташкилий фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади.
Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклар) ва мухбир аъзолари яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Овоз беришда ҳақиқий аъзоликка (академикликка) фақат ҳақиқий аъзолар (академиклар) мухбир аъзоликка эса ҳақиқий аъзолар (академиклар) ва мухбир аъзолар иштирок этади.
Сайланган номзодлар тўғрисидаги бўлим қарори Умумий йиғилишда аъзоларнинг кўпчилиги очиқ овоз бериши билан тасдиқланади.
Фанлар академиясининг хорижий аъзолари илмий ютуқлари жаҳон илм-фан ривожига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси илм-фани, иқтисодиёти ва маданияти ривожига ижобий таъсир кўрсатган, халқаро ҳамкорлик, тинчлик, барқарорлик ҳамда ижтимоий-иқтисодий тараққиётга салмоқли ҳисса қўшган хорижий фуқаролар орасидан сайланади.
Фанлар академиясининг фахрий аъзолигига касбий фаолияти орқали мамлакатимиз илм-фани, маданияти, таълими, маданий қадриятлари, ижтимоий-иқтисодий ўсишига фаол кўмаклашган Ўзбекистон Республикаси ҳамда хорижий фуқаролари сайланади.
35. Фанлар академиясининг хорижий аъзолари ва фахрий аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан Умумий йиғилишда ҳозир бўлган аъзоларнинг кўпчилик овози билан сайланади ва Фанлар академияси Президиуми томонидан тасдиқланади.
36. Фанлар академиясининг сайланган ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва матбуотда эълон қилинади.
7-боб. Фанлар академияси аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
37. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Фанлар академиясининг илмий ташкилотларида ва олий таълим ташкилотларида танловсиз илмий лавозимларни эгаллаш;
Умумий йиғилишда қатнашиш, Умумий йиғилиш ва Фанлар академияси Президиумида илмий ва илмий-ташкилий масалалар, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари), мухбир, хорижий, фахрий аъзоларини сайлаш жараёнида номзодларни муҳокама қилишда иштирок этиш;
Умумий йиғилиш томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар ва уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича, шунингдек, фаннинг долзарб йўналишлари бўйича мамлакатда илм-фанни ривожлантириш, Фанлар академиясининг илмий кенгашларини тузиш бўйича таклиф ва тавсиялар бериш;
Фанлар академиясининг илмий кенгашлари фаолиятида иштирок этиш.
Ўзбекистонда ишлайдиган Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари белгиланган тартибда гонорар оладилар ҳамда белгиланган бошқа ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланадилар.
Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари Ўзбекистон фуқаролигини бошқа давлат фуқаролигига ўзгартирганда, белгиланган тартибда Фанлар академиясининг хорижий аъзоси мақомига эга бўлиши мумкин.
Фанлар академиясининг хорижий ва фахрий аъзолари Умумий йиғилиш ва бошқа тадбирларда маслаҳат овози билан қатнашишлари мумкин.
Фанлар академиясининг хорижий ва фахрий аъзолари Фанлар академиясининг раҳбар органига сайланиш, Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига ўтказиладиган номзодлар танловида иштирок этиш ҳуқуқларига ҳамда гонорар ва бепул дам олиш имтиёзларга эга бўлмайдилар.
38. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:
илмий тадқиқотларда, тадқиқотларнинг устувор ва истиқболли йўналишларини шакллантиришда иштирок этиш ва ўзи сайланган илм-фан соҳасини (илмий ихтисослик)нинг ривожланишини таъминлаш;
юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш ишларида, илғор илмий мактабларни шакллантириш ва ривожлантиришда, шунингдек, олий ва ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларига, ишлаб чиқариш корхоналарига илмий-методик ёрдам кўрсатишда бевосита иштирок этиш.
Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
8-боб. Фанлар академияси Президиуми аъзоларини сайлаш тартиби ва уларнинг лавозим мажбуриятлари
39. Фанлар академияси президенти академиянинг ҳақиқий аъзолари орасидан беш йил муддатга сайланади ва Фанлар академиясининг илмий-ташкилий фаолиятига раҳбарлик қилади.
Айни бир шахс Фанлар академияси президенти лавозимига кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.
Фанлар академияси президентлигига номзодлар фан бўлимлари томонидан овоз бериш йўли билан танланади. Танланган номзодлар сайлов муқобиллигини таъминлаш учун Умумий йиғилиш бюллетенига яширин овоз бериш йўли билан сайлаш учун киритилади.
Бюллетенга киритилган номзодлар Умумий йиғилишда муҳокама қилинади ва яширин овоз бериш йўли билан Фанлар академияси президентлигига сайланади. Бунда Умумий йиғилиш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этиши лозим. Умумий йиғилиш иштирокчиларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган тақдирда, номзод Ўзбекистон Республикаси Президентига тасдиқлаш учун юборилади.
Фанлар академияси президенти ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони матбуотда эълон қилинади.
40. Фанлар академияси президенти:
Фанлар академияси фаолиятига ва унга юкланган вазифаларнинг бажарилишига умумий раҳбарлик қилиб, долзарб масалаларни ҳал этади;
Фанлар академиясидаги ишларнинг ҳолати учун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Умумий йиғилиш олдида шахсан жавобгарликни зиммасига олади;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамда халқаро майдонда Фанлар академияси номидан иш юритади ва унинг манфаатларини ҳимоя қилади;
Фанлар академиясининг Биринчи вице-президенти — бош илмий котиб, вице-президентлари, тизим ташкилотлари раҳбарлари (раислари) ҳамда фан йўналишлари бўйича бўлимлар бошлиқлари, Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг лавозим вазифаларини тасдиқлайди ва ушбу вазифаларнинг бажарилишини назорат қилади;
илмий ташкилотлар томонидан илмий тадқиқотларни ўтказилишини, шунингдек, фан ютуқлари ва янги технологияларнинг ўз вақтида амалиётга татбиқ этилишини назорат қилади;
Фанлар академияси илмий ташкилотларининг олий ва ўрта махсус, касбий таълим ташкилотлари, шу жумладан, хорижий илмий марказлар ва олий таълим ташкилотлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа ташкилотлар билан самарали ҳамкорлиги мувофиқлаштирилишини таъминлайди;
Фанлар академияси бошқарув аппарати, шунингдек, тизим ташкилотлари фаолиятини назорат қилади;
Фанлар академияси тизимида илмий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларига раҳбарлик қилади;
Фанлар академиясининг илмий ташкилотларида ходимларнинг фаолияти самарали бўлишига ёрдам берувчи қулай шароитлар яратиш мақсадида илмий жамоаларда ижодий муҳит ташкил этилишини ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлайди.
Биринчи вице-президент — бош илмий котиб, вице-президентлар, лавозимига номзодлар Фанлар академияси президентининг тавсиясига асосан фан бўлимларида муҳокама қилинади ва Умумий йиғилишда овоз бериш йўли билан ҳақиқий аъзолар (академиклар), мухбир аъзолар орасидан сайланади ва Фанлар академияси президенти томонидан белгиланган тартибга мувофиқ беш йил муддатга лавозимга тасдиқланади. Улар лавозимдан Фанлар академияси президенти томонидан Фанлар академияси Президиумининг қарори билан озод этилади.
Фанлар академиясининг молиявий ва хўжалик ишларига Фанлар академияси президентининг молиявий ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосари раҳбарлик қилади.
Фанлар академияси президентининг молиявий ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, Фанлар академияси президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
41. Фанлар академиясининг Биринчи вице-президенти — бош илмий котиб:
Фанлар академияси тизимида иш юритишни ташкил қилади ва ижро интизомини мустаҳкамлашнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича ташкилий-бошқарув ҳужжатлари сифатли тайёрланиши ва уларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлайди;
Фанлар академиясида амалга оширилган илмий-ташкилий фаолият натижалари бўйича тегишли вице-президентлар хизмати томонидан тақдим этилган ҳисоботларни умумлаштириб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди;
муҳим илмий масалаларни, шунингдек, йирик иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган кўп тармоқли илмий, илмий-техник ва амалий дастурларни шакллантиради;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва юқори ташкилотларга тақдим этиш, Умумий йиғилиш ҳамда Фанлар академияси Президиуми мажлисларини ўтказишда Фанлар академияси президентига кўмаклашади.
42. Фанлар академияси вице-президентлари:
тегишли илмий йўналишлар бўйича вазифаларнинг бажарилишини ташкил этиш учун шахсан масъул ҳамда тизимидаги илмий ташкилотлар ҳолати учун жавобгар ҳисобланади;
ўзлари раҳбарлик қилаётган фан йўналишларида бўйича давлат дастурларини шакллантириш, уларнинг экспертизаси ва мониторингини ўтказишни назорат қилади, фундаментал, амалий ва иновацион тадқиқотларнинг юқори даражада бўлиши учун жавоб беради;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ҳукуматининг ҳужжатлари ва топшириқларини ҳамда Фанлар академияси Президиуми ва раҳбариятининг қарор ва буйруқлари ҳамда топшириқлари ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлайди.
43. Фанлар академияси президенти бўлмаган ҳолларда, унинг вазифаси муайян муддатга Биринчи вице-президент — бош илмий котибга ёки вице-президентларнинг бирига вақтинча юкланади.
44. Фанлар академиясининг Президиуми:
Фанлар академияси фаолиятига тааллуқли барча масалаларни ҳал этади, Умумий йиғилишнинг ҳамда Фанлар академияси президентининг ваколатига кирувчи масалалар бундан мустасно;
Умумий йиғилиш қарорлари ижросини ташкил этади, шунингдек, Фанлар академияси президенти функцияларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига кўмаклашади;
Фанлар академияси президенти томонидан заруратга кўра ойда камида бир марта чақирилади;
қарорлари унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Президиум мажлисларида Фанлар академияси президенти бўлмаган тақдирда, Фанлар академияси Биринчи вице-президенти — бош илмий котиб ёки вице-президентларидан бири раислик қилади;
мажлисида қарор қабул қилишда овозлар тенг бўлган ҳолларда, Фанлар академияси президентининг (раислик қилувчининг) овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
9-боб. Фанлар академиясининг илмий ташкилотлари
45. Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот ва илмий-ишлаб чиқариш фаолияти унинг илмий ташкилотларида амалга оширилади.
Илмий ташкилот ўзининг илмий-ташкилий фаолиятини тегишли фан бўлимлари билан биргаликда юритади.
Фанлар академияси тизимида илмий ва маъмурий лавозимларни эгаллашнинг белгиланган танлов тартибига кўра илмий ташкилот директори лавозимига Биринчи вице-президент — бош илмий котиб ҳамда Фанлар академияси фан бўлимлари тавсияси билан Фанлар академияси президенти томонидан 65 ёшдан ошмаган, муҳим илмий муаммоларни ҳал этиш орқали фанни бойитган ёки фанни ривожлантиришнинг янги йўлларини белгилаш ва илмий мактаб асосларини яратиш имконини берган муҳим илмий натижаларга эришган етакчи ва ташкилотчи олимлар — фан докторлари орасидан меҳнат шартномаси қонунчилигига мувофиқ 5 йил муддатга тайинланади ҳамда унинг лавозимни кетма-кет 2 мартадан ортиқ эгаллашига йўл қўйилмайди.
Илмий ташкилот директори ўзи раҳбарлик қилаётган илмий ташкилотнинг фаолияти учун шахсан жавобгар бўлади.
Директор ташкилотда ўтказилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг мамлакат устувор йўналишларига мувофиқлигини таъминлашга, илмий-тадқиқот ишларининг замонавий моддий-техник базасини яратишга, ўз соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашга, олий таълим ташкилотлари ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда етакчи хорижий марказлар билан ҳамкорлик ишларини йўлга қўйишга масъулдир.
Илмий ташкилот директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари (фан доктори ёки фан номзоди, фалсафа доктори (PhD), илмий котиби (фан доктори ёки номзоди, фалсафа доктори PhD) тегишли вице-президент ҳамда Биринчи вице-президент — бош илмий котиб билан келишилган ҳолда илмий ташкилот директори томонидан лавозимга тайинланади.
Илмий ташкилотлар директорларининг ҳисоботлари ҳар йили тегишли фан бўлимларида ҳақиқий аъзолар (академиклар) ва мухбир аъзолар ҳамда илмий жамоатчилик иштирокида эшитилади.
Илмий ташкилотнинг лаборатория ва бўлим мудирлари, илмий ташкилот илмий кенгаши қарори билан фан докторлари (DSc) ёки фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга етакчи ва ташкилотчи олимлар орасидан танлов асосида директор томонидан лавозимга тайинланади.
Илмий ташкилотда илмий кенгаш тузилади.
Илмий ташкилотлар ушбу Устав ва Фанлар академияси Президиуми томонидан тасдиқланган илмий ташкилот низомига мувофиқ иш юритадилар.
10-боб. Фанлар академиясининг мол-мулки ва унинг фаолиятини молиялаштириш
46. Фанлар академиясининг мол-мулкини унга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктирилган асосий фондлар ва айланма маблағлар, шунингдек, фаолияти давомида сотиб олинган мол-мулк ташкил этади.
Фанлар академияси мол-мулки бўлинмасдир, унинг тақсимланиши мумкин эмас. Фанлар академияси рухсатисиз ёки қонунчилик ҳужжатларига зид ҳолларда Фанлар академиясининг асосий фондлари ва бошқа мол-мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш мумкин эмас.
Фанлар академиясининг мол-мулкидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилади.
Фанлар академиясининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан ёки ундан олинган даромадлар ҳисобидан сотиб олинган мол-мулклар алоҳида балансда ҳисобга олинади ва Фанлар академияси томонидан мустақил тасарруф этилади.
Фанлар академиясининг фаолияти қуйидаги шаклларда тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади:
илмий ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларни сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, жорий харажатларни молиялаштириш;
давлат илмий дастурлари доирасида амалга ошириладиган илмий лойиҳалар учун танлов грантлари;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жалб қилинган бюджетдан ташқари маблағлар (ташқи ва ички инвестициялар, ишлаб чиқарилган маҳсулотни ва интеллектуал мулк объектларини реализация қилишдан олинган даромадлар, ҳадя, хайр-эҳсон, ҳомийлик маблағлари ва бошқалар);
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
47. Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларига иш ҳақи тўлаш, уларни мукофотлаш, уларга моддий ёрдам кўрсатишда давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган шарт-шароитлар татбиқ этилади.
48. Фанлар академиясининг илмий ташкилотлари томонидан бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида сарфланади.
49. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган илмий-тадқиқот дастурлари лойиҳаларининг натижалари бўйича ҳисоботлар Фанлар академияси олимлари томонидан илмий ташкилотларнинг интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик ҳужжатларига риоя қилган ҳолда, Фанлар академиясининг танловлар ва экспертизаларни ташкил этиш бўлимига (ёки фан йўналишлари бўйича тегишли бўлимларга) топширилади.
Кўриб чиқилган ҳисоботлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
50. Фанлар академияси илмий ташкилотларининг илмий ходимлари ва мутахассислари ушбу ташкилотларда яратилган интеллектуал мулк объектларига нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ва белгиланган тартибда муаллифлик ҳуқуқларига эга субъектлар ҳисобланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 60-боби.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни.
51. Фанлар академияси ва унинг тизимидаги илмий ташкилотлар, ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан турли ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги масъулияти чекланган, қўшма ва инновацион корхоналар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил этиш ҳуқуқига эга ва бунда корхонага эгалик ҳуқуқи қонунчилик ҳужжатлари доирасида амалга оширилади.
Ҳар бир илмий ташкилот ўзи яратган ишланмани белгиланган тартибда тижоратлаштириш ва ишланмани лицензион келишув асосида фойдаланишга бериш ҳуқуқига эга.
52. Фанлар академияси ҳузурида илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни жалб қилиш ва стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш ҳамда илмий ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилади.
Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, хорижий ҳомийлик хайриялари, жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
Фанлар академияси жамғармаси тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
53. Фанлар академияси ҳузурида Фанлар академияси илмий ходимларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Касаба уюшмаси ташкил этилади. Касаба уюшмаси тўғрисидаги низом Умумий йиғилиш томонидан тасдиқланади.
11-боб. Якунловчи қоида
54. Фанлар академияси, унинг тизимидаги илмий ташкилотлар ва бошқа ташкилотлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тугатилади ҳамда қайта ташкил этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 282-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзоларини танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларни танлов асосида саралаш (кейинги ўринларда — танлов) ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (кейинги ўринларда — Фанлар академияси) ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзоларини тасдиқлаш тартибини белгилайди.
2. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
3. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадилар.
4. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига танлов ўтказиш учун ўринлар, биринчи навбатда, республика учун янги ва истиқболли, халқаро даражада тан олинган илмий мактаблари шакллантирилган илмий йўналишларга ажратилади.
5. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига тегишли фан соҳалари илмий ихтисосликлари бўйича шакллантирилган квоталар миқдори, танлов асосида саралашни ўтказиш муддатлари ва санаси Фанлар академияси томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, лекин кўпи билан икки йилда бир маротаба белгиланади.
6. Танлов ўтказилиши ҳақидаги эълон оммавий ахборот воситаларида ва Фанлар академиясининг расмий веб-сайтида квоталар тасдиқлангандан сўнг уч кун муддатда жойлаштирилади.
Эълонда танлов ўтказиш муддатлари ва жойи, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига тегишли фан соҳалари илмий ихтисосликлари бўйича квоталар сони, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларга қўйиладиган талаблар, шунингдек, ҳужжатлар рўйхати ва улар номзодини кўрсатиш учун зарур бошқа шартлар кўрсатилади.
7. Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларни тавсия этиш ҳуқуқи илмий ташкилот ҳамда олий таълим ва тармоқ илмий ташкилотларининг илмий (илмий-техник) кенгашларига, шунингдек, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларига (академикларига) уларнинг илмий мутахассисликларига тегишли ихтисосликлар бўйича берилади.
Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодлар тегишли фан соҳасининг фақат битта илмий ихтисослиги бўйича кўрсатилиши мумкин.
2-боб. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларга қўйиладиган талаблар
8. Мазкур Низомнинг 7-бандига мувофиқ номзоди кўрсатилган, республиканинг илмий ва олий таълим ташкилотларида илмий фаолият билан шуғулланадиган олимлар Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодлар ҳисобланадилар.
Бунда Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодлар кўрсатиш жараёнида ва танловнинг барча босқичларида уларнинг сўнгги 5 йил мобайнидаги илмий фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига эътибор қаратилади.
9. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) номзод қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши ва камида сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистон Республикасида доимий ишлаган бўлиши;
Фанлар академияси мухбир аъзоси унвонига эга бўлиши;
илм-фаннинг муайян соҳасида илмий жамоатчилик томонидан тан олинган, фанни шахсан ўзи ёки илмий ва илмий-техник муаммолар бўйича жамоа бўлиб ишлашда фаол иштирок этиш асосида эришган шахсий ютуқлари ҳамда салмоқли илмий натижалари билан бойитган олим бўлиши;
ўз йўналишида янги илмий мактаб ташкилотчиси ва раҳбари ёки мавжуд илмий мактабнинг ривожида бевосита иштирок этган ҳамда 3 та фан доктори ва камида 5 та фан номзодини (ёки фалсафа докторлари) тайёрлаши билан тасдиқланган бўлиши;
жорий этилган ишланмаларга эгалиги ёки у раҳбарлик қилаётган ходимлар жамоаси эришган фан ютуқлари ишлаб чиқаришга жорий этилишида ҳамда амалиётда фойдаланилишида бевосита иштирок этган бўлиши;
фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларнинг илмий раҳбари эканлиги ёки сўнгги йилларда шу йўналишдаги илмий лойиҳаларга раҳбарлик қилган бўлиши;
хорижий ва халқаро илмий ҳамкорликдаги лойиҳаларда раҳбар бўлиши ёки уларнинг бажарилишида иштирок этиши.
10. Фанлар академиясининг мухбир аъзолигига номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
фанни салмоқли илмий ишлари билан бойитган, республиканинг илмий ташкилотлари ва олий таълим муассасаларида самарали илмий фаолият юритаётган 60 ёшгача бўлган фан докторлари бўлиши;
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши ва камида сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистон Республикасида доимий ишлаган бўлиши;
фан доктори илмий даражаси ва профессор илмий унвонига эга бўлиши;
илм-фаннинг муайян соҳасида илмий жамоатчилик томонидан тан олинган, фанни шахсан ўзининг салмоқли илмий натижалари билан бойитаётган олим бўлиши;
ўз йўналишида янги илмий мактаб яратаётган, бевосита иштироки билан 1 та фан доктори ҳамда камида 3 та фан номзодни (ёки фалсафа докторлари) тайёрлаши билан тасдиқланган бўлиши;
жорий этилган ишланмаларга эгалиги ва амалиётда фойдаланилишида бевосита иштирок этган бўлиши;
фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларнинг илмий раҳбари эканлиги ёки сўнгги йилларда шу йўналишдаги илмий лойиҳаларга раҳбарлик қилган бўлиши;
хорижий ва халқаро илмий ҳамкорликдаги лойиҳаларда раҳбар бўлиши ёки уларнинг бажарилишида иштирок этиши.
11. Фанлар академиясининг хорижий аъзолигига номзод Фанлар академиясининг Умумий йиғилиши томонидан хорижий фуқаролар орасидан саралаб олинади ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланади.
3-боб. Танловнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши
12. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ёки мухбир аъзолигига номзодлар илмий ташкилот ва олий таълим ташкилотлари томонидан тегишли илмий (илмий-техник) кенгашлар йиғилишларида ёпиқ овоз бериш йўли билан дастлаб саралаб олинади.
Илмий (илмий-техник) кенгаш аъзоларининг 75 фоизи йиғилишда иштирок этганда, уларнинг камида учдан икки қисм овозини олган талабгорлар Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига ёки мухбир аъзолигига номзодлар ҳисобланади.
13. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ёки мухбир аъзолигига танлов ўтказилиши ҳақида эълон берилган кундан бошлаб 1 ой мобайнида илмий ташкилот ва олий таълим ташкилотлари томонидан кўрсатилган номзодларнинг илмий ва илмий-ташкилий фаолиятини тавсифловчи ҳужжатларини рўйхатга олиш учун Фанлар академиясига тақдим этадилар.
Илмий ташкилот ва олий таълим ташкилотлари раҳбарлари Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ёки мухбир аъзолигига номзодларни кўрсатиш жараёнининг холислиги ва тақдим этилаётган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгардирлар.
14. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ёки мухбир аъзолигига номзод кўрсатиш учун тақдимномага қуйидагилар (2 нусхада) илова қилинади:
илмий ташкилот номзоднинг танлов талабларига тўлиқ жавоб бериши ҳақидаги асосланган хулосаси ва танлов мезонларининг қоғоз ва электрон кўринишда тўлдирилган ва тасдиқланган шакли;
номзоднинг таржимаи ҳоли;
маълумотнома (объективка);
паспорт ёки ID карта нусхаси;
3.5х4.5 см ўлчамдаги 8 та фотосурат;
иш жойидан тасдиқланган меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
мухбир аъзолик унвони (ҳақиқий аъзоликка номзодлар учун) ва фан доктори дипломи, профессор аттестати нусхалари;
илмий ишлар рўйхати (конференция тезислари ҳисобга кирмайди) ва импакт-факторли (Web of Science халқаро маълумотлар базасига мувофиқ) хорижий нашрлардаги мақолаларнинг нусхаси;
хорижда ва Ўзбекистонда нашр этилган монографиялар, дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг 1-2 ва охирги бетларидан нусха;
халқаро, хорижий ва маҳаллий патентларнинг нусхалари;
Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ёки мухбир аъзолигига номзод томонидан тайёрланган фан докторлари ва номзодлари (ёки фалсафа докторлари) рўйхати (авторефератларни илова қилган ҳолда);
мазкур Низомнинг 9-банди талабларига мувофиқ Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ёки мухбир аъзолигига номзод томонидан фаннинг муайян соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси, фанни шахсий илмий ютуқлар ва халқаро аҳамиятга молик натижалар билан бойитилган, шунингдек, унинг илмий-ташкилий фаолияти ҳақидаги маълумотнома (ўзбек ва рус тилларида қисқача 1 бет, 12 пт, Times New Roman шрифтида).
15. Фанлар академияси Президиуми қарори билан тегишли фан бўлимлари ҳақиқий аъзолар (академиклар) ва мухбир аъзолардан иборат танлов комиссиялари, фан бўлимлари ҳузурида ҳар бири камида 3 аъзодан иборат техник экспертиза гуруҳлари ҳамда фан бўлимлари ҳузурида шакллантирилган камида 5 та Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзоларидан иборат илмий эксперт гуруҳи таркиби тасдиқланади.
16. Танлов тўрт босқичда ўтказилади:
танловнинг биринчи босқичида — техник эксперт гуруҳи томонидан Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ёки мухбир аъзолигига номзодларнинг ҳужжатлари белгиланган тартибда қабул қилинади, техник экспертизадан ўтказилади ва илмий эксперт гуруҳига йўналтирилади;
танловнинг иккинчи босқичида — илмий эксперт гуруҳи томонидан Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларнинг тақдим этган ҳужжатлари танлов талаблари ва тегишли ихтисосликка мослиги кўриб чиқади. Шунингдек, мазкур Низомга 2-илова билан тасдиқланган мезонлар асосида баҳоланади ва танлов комиссиясига йўналтирилади;
танловнинг учинчи босқичида — Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодлар тегишли танлов комиссияси йиғилишида ихтисослиги бўйича маъруза қилади ва танлов комиссияси талабгорнинг илмий-ташкилий фаолияти ва маърузасидан келиб чиққан ҳолда унга ёпиқ овоз бериш орқали баҳоланади;
танловнинг тўртинчи босқичида — Фаннинг тегишли соҳаси бўйича умумий ҳисобда энг кўп балл тўплаган Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодлар белгиланган квотага мувофиқ овоз бериш рўйхатига киритилади.
Танлов комиссияси аъзолари таклиф этилган барча номзодлар учун кетма-кет овоз берадилар. Танлов тартиб-тамойили ёпиқ овоз беришни назарда тутади.
Танлов комиссияси аъзоларининг 75 фоизи йиғилишда иштирок этганда, уларнинг камида учдан икки қисми овозини олган талабгорлар Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ёки мухбир аъзолигига сараланган деб ҳисобланадилар.
Агар номзод учдан икки қисмдан кам овоз олса, кетма-кетлик бўйича юқори балл тўплаган кейинги номзод овозга қўйилади.
17. Танлов комиссиялари томонидан Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига сараланган номзодлар рўйхати Фанлар академияси Президиумига киритилади.
Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига сараланган номзодлар Фанлар академиясининг Умумий йиғилишида муҳокама қилинади ва қарор қабул қилиш учун овозга қўйилади.
Фанлар академиясининг Умумий йиғилиши Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, истисно тариқасида, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодлик учун белгиланган квотадан четга чиқиб, республика илмий-технологик ва фан-таълим салоҳиятини ривожлантиришдаги алоҳида хизматларини инобатга олган ҳолда рўйхатга киритиш учун қўшимча номзодларни тавсия қилиш ҳуқуқига эга.
4-боб. Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этиш
18. Фанлар академияси Президиуми Умумий йиғилиш қарорига кўра Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ёки мухбир аъзолигига номзодларнинг танлов комиссиялари томонидан ўтказилган саралаш босқичини инобатга олган ҳолда тавсия этилган рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.
19. Фанлар академиясининг тасдиқланган ҳақиқий (академиклари) ва мухбир аъзолари таркиби оммавий ахборот воситалари ва Фанлар академиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
20. Фанлар академияси Президиуми мазкур Низомга мувофиқ Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига талабгор барча номзодларнинг ҳужжатлари холис кўриб чиқилиши учун бевосита жавобгардир.
21. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзоларини танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби ҳақидаги низомга
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Ижрочилар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Фанлар академияси

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига квотани тегишли фан соҳалари илмий ихтисосликлари кесими бўйича шакллантирилади.

Белгиланган муддатларда

2-босқич

Фанлар академияси

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига тегишли фан соҳалари илмий ихтисосликлари бўйича шакллантирилган квоталар миқдори, танлов асосида саралашни ўтказиш муддатлари ва санаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, лекин кўпи билан икки йилда бир маротаба белгиланади.

Белгиланган муддатларда, лекин кўпи билан икки йилда бир маротаба

3-босқич

Фанлар академияси

Танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонни оммавий ахборот воситалари ва Фанлар академиясининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.

Квоталар тасдиқлангандан сўнг уч кун муддатда

4-босқич

Фанлар академияси

Фанлар академияси Президиуми томонидан тегишли фан бўлимлари академиклари (мухбир аъзолари)дан иборат танлов комиссиялари таркибини ҳамда илмий ва техник экспертлар гуруҳини тасдиқлайди.

Танлов эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда

5-босқич

Илмий-ташкилот ва олий таълим муассасалари Илмий (илмий-техник) кенгашлари

Илмий ташкилот ва олий таълим ташкилотлари Илмий (илмий-техник) кенгашлари мажлисларида очиқ овоз бериш йўли билан Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларни кўрсатади.

Танлов эълон қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда

6-босқич

Илмий-ташкилот ва олий таълим ташкилотлари

Талаб қилинган ҳужжатлар тўпламини шакллантиради ва уни Фанлар академиясига тақдим этади.

Танлов эълон қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда

7-босқич

Техник эксперт гуруҳи

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларнинг ҳужжатларини Низомнинг 3-боб, 14-бандига асосан қабул қилади.

Танлов эълон қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда

8-босқич

Илмий эксперт гуруҳи

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари бўйича келиб тушган ҳужжатларни танлов талаблари ва мезонлари, шунингдек, тегишли ихтисосликка мослигини экспертизадан ўтказади.

Бир ҳафта муддатда

9-босқич

Танлов комиссияси

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларнинг илмий маърузаларини эшитади ва уларнинг илмий-ташкилотчилик фаолиятини танлов мезонларига мувофиқ 300 балли тизим бўйича баҳолайди.

Йигирма кун муддатда

10-босқич

Танлов комиссияси

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига саралаб олинган номзодлар рўйхатини Фанлар академияси Президиумига тақдим этади.

Уч кун муддатда

11-босқич

Фанлар академияси Умумий йиғилиши

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ёки мухбир аъзолигига сараланган номзодларни Фанлар академиясининг Умумий йиғилишида муҳокама қилади ва қарор қабул қилиш учун овозга қўяди.

Бир ҳафта муддатда

12-босқич

Фанлар академияси Президиуми

Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига саралаб олинган номзодлар рўйхатини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.

Бир ҳафта муддатда

13-босқич

Фанлар академияси

Фанлар академиясининг тасдиқланган ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзолари таркибини оммавий ахборот воситалари ва Фанлар академиясининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Рўйхат тасдиқлангандан сўнг

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари) ва мухбир аъзоларини танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби ҳақидаги низомга
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) ва мухбир аъзолигига номзодларни танлов асосида саралаш
МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Мезон кўрсаткичлари

баллар

мухбир аъзолар

ҳақиқий аъзолар*

юқори балл

1.

Халқаро рейтинг

65 балгача

1.1.

Web of Science базаси бўйича Хирш индекси

5 — 10**

2.5хN

20

-

11 дан юқори

20

-

10 — 15***

2.5хN

-

20

15 дан юқори

20

-

1.2.

Халқаро ва хорижий патентлар

1 тадан 3 тагача халқаро патентлар

N

20

4 та ва ундан ортиқ халқаро патентлар

13

1 тадан 3 тагача хорижий патентлар

1.5хN

4 та ва ундан ортиқ хорижий патентлар

7

1.3.

Хорижий грантларга раҳбарлиги учун:

Фақат чет эл томони молиялаштирган грант

6

10

«Ўзбекистон-хорижий давлат» қўшма гранти

4

1.4.

Хорижда нашр этилган монографиялари****

1 та монография ёки монографиядаги боблар учун

4

10

2 та ва ундан ортиқ монография ёки монографиядаги боблар учун

10

1.5.

Scopus ва Web of Science базаларида индексацияланадиган хорижий журнал таҳририяти аъзоси

2

2

1.6.

Хорижий аъзоликлар, мукофотлар (миллий академия аъзоси*****, халқаро нуфузли илмий жамият аъзоси)

3

3

2.

Илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти

80 балгача

2.1.

Ўзбекистонда нашр этилган монографиялар******

N

3

2.2.

Шарҳловчи мақолалар

N

4

2.3.

Олий таълим ташкилотлари магистрлари ва бакалавриат талабалари учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тавсия этган ўз ихтисослиги доирасидаги ўқув предметлари бўйича:

4.5

1 тадан 3 тагача дарсликлар

N

1 тадан 3 тагача ўқув қўлланмалар

0.5хN

2.4.

Мактаблар ўқувчилари учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тавсия этган ўқув предметлари бўйича:

4.5

1 тадан 3 тагача дарсликлар

N

1 тадан 3 тагача ўқув қўлланмалар

0.5хN

2.5.

Интеллектуал мулк объектларининг муҳофаза қилиниши:

1 тадан 3 тагача ихтиро учун патентлар

N

15

4 та ва ундан ортиқ ихтиро учун патентлар

10

1 тадан 3 тагача фойдали модель учун патентлар

N

4 та ва ундан ортиқ фойдали модель учун патентлар

5

2.6.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган лойиҳаларга раҳбарлиги учун:

фундаментал лойиҳа

35

1 тадан 2 тагача

N

3 та ва ундан ортиқ

15

амалий лойиҳа

1 тадан 2 тагача

N

3 та ва ундан ортиқ

12

инновацион лойиҳа

1 тадан 2 тагача

N

3 та ва ундан ортиқ

8

2.7.

Фан-техника соҳасидаги давлат мукофоти, илм-фан соҳасида хизмат кўрсатган фан арбоби:

Фан-техника, адабиёт ва санъат соҳасидаги давлат мукофоти лауреати

7

14

Илм-фан соҳасида фан арбоби

5

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фахрий унвонлар учун

2

3.

Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш

35 баллгача

1 нафардан 3 нафаргача фан доктори

N

35

-

4 нафар ва ундан ортиқ фан доктори

20

-

3-10 нафаргача фан номзоди/ фалсафа докторлари

1.5хN

-

11 нафар ва ундан ортиқ фан номзоди/ фалсафа докторлари

15

-

3 нафардан 5 нафаргача фан доктори

N

-

35

5 нафар ва ундан ортиқ фан доктори

20

-

5-12 нафар фан номзоди/ фалсафа докторлари

1.5хN

-

13 нафар ва ундан ортиқ фан номзоди/ фалсафа докторлари

15

-

4.

Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий қилиш

20 балгача

4.1.

Хорижий, лицензион ёки хўжалик шартномаси асосида ҳозирги кунда бухгалтерияга келиб тушган маблағ учун:

Йилига 500 млн сўмдан 2.5 млрд сўмгача

12

12

-

Йилига 2.5 млрд сўмдан ортиқ

20

20

-

Йилига 1 млрд сўмдан 4 млрд сўмгача

12

-

12

Йилига 4 млрд сўмдан ортиқ

20

-

20

Жами

200

5.

Бўлим комиссиясида ихтисослиги бўйича маъруза учун

100 балгача

Умумий жамланган балл

300

Изоҳ.
* Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига (академиклигига) танлов Фанлар академияси мухбир аъзолари орасидан ўтказилади ҳамда мухбир аъзолигидан кейинги фаолият натижалари ҳисобга олинади. Бунда мезоннинг 2.7-бандидаги кўрсаткичлар умумий фаолияти учун инобатга олинади.
** Бунда Фанлар академияси мухбир аъзолиги учун хирш индекси h=5 дан кам бўлган номзодлар ҳужжатлари кўриб чиқилмайди. Ижтимоий гуманитар соҳалари учун камида h=2 бўлиши керак.
*** Бунда Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиги) учун хирш индекси h=10 дан кам бўлган номзодлар ҳужжатлари кўриб чиқилмайди. Ижтимоий гуманитар соҳалари учун камида h=5 бўлиши керак.
**** Хорижда фақат Springer, Elsevier, Academic press, World scientific нашриётларида чоп этилган монографиялари ҳисобга олинади. Бунда Фанлар академияси мухбир аъзолигига даъвогарлик учун халқаро ва хорижий камида 1 та монографиянинг камида 1 та боби муаллифи бўлиши.
***** Нью-Йорк академияси, Турон академияси, Халқаро техник академия ва бошқаларга аъзолик ҳисобга олинмайди. Нуфузли илмий жамият сифатида TWAS, The Royal Society, American Society кабилар ҳисобланади.
****** Қуйидаги талаблар асосида чоп этилган маҳаллий монографияларга балл қўйилади:
талабгор фаолият юритаётган ташкилот илмий кенгашнинг қарори;
юқори турувчи ташкилот ҳайъатининг хулосаси;
халқаро мутахассислар тақризи;
300 дан ортиқ тиражда чоп этилиши.
ЭСЛАТМА:
1. Барча бандлар бўйича тўпланадиган баллар тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим. Қўйилган балларнинг ҳаққонийлиги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиуми шакллантирадиган танлов комиссиялари ҳузуридаги эксперт гуруҳлари томонидан текширилади.
2. Ҳаммуаллифликда бажарилган монография, дарслик ва ўқув қўлланмалар учун белгиланган баллар муаллифлар сонига кўра тақсимланади.
3. Талабгорларнинг фанлар бўлимида қиладиган илмий маърузаларига қадар тўпланган баллари физика-математика ва табиий фанлар учун 30 фоиздан кам бўлса, ижтимоий фанлар учун 20 фоиздан кам бўлса, номзод фан бўлимларида ўз илмий йўналишининг устувор соҳаси бўйича маъруза қилишга қўйилмайди.
4. N — мезон кўрсаткичлари сони.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 282-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг уставини тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 31 майдаги 331-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5052-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари» 2017 йил 8 сентябрдаги ПҚ-3001-сон қарори) 2017 йил 24 майдаги 703-сон қарорига илованинг 48-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари)ни танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 23 октябрдаги 856-сон қарори.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ-3416-сон қарори)» 2018 йил 14 февралдаги 109-сон қарорига илованинг 15-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 25 ноябрдаги 947-сон қарори.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий ва инновацион фаолиятни бошқариш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 27 августдаги 545-сон қарорига 3-илованинг 8-банди.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида («Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида» 2021 йил 13 сентябрдаги ЎРҚ-713-сон Қонуни) 2022 йил 9 мартдаги 102-сон қарорига илованинг 1-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2026 й., 09/26/282/0560-сон)