toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 17 сентябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 30 сентябрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалиги кооперативининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисидаги қонунчилик
Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ваколатли ёки сайланган вакил — икки юз нафардан ортиқ аъзога эга бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзоларининг бир гуруҳи номидан қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзоларининг умумий йиғилишида ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзоси;
дивиденд — қишлоқ хўжалиги кооперативининг солиқлар ва йиғимлар тўланганидан кейин ўз тасарруфида қоладиган, қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзолари ўртасида киритилган мажбурий ва қўшимча пай бадалларига мутаносиб равишда тақсимланиши лозим бўлган йиллик соф фойданинг бир қисми;
захира жамғармаси — қишлоқ хўжалиги кооперативи пай фондининг ўн беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда йиллик соф фойда ва бошқа манбалар ҳисобидан шакллантириладиган жамғарма;
инвестициялар киритувчи кооператив аъзоси — ушбу Қонуннинг 14-моддасида белгиланган талабларга асосан маблағларни қишлоқ хўжалиги кооперативининг уставига мувофиқ инвестиция қилувчи кооператив аъзоси сифатида қишлоқ хўжалиги кооперативига қабул қилинган жисмоний ёки юридик шахс. Кооперативнинг бундай аъзоси қишлоқ хўжалиги кооперативи томонидан хизматлар кўрсатилишида бевосита иштирок этмайди, унинг пай бадалларига, дивидендлар олиш ҳуқуқига, субсидиар мажбуриятларига ва овоз бериш ҳуқуқига доир талаблар эса кооператив уставида белгиланади;
ишончли шахс — қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзоларининг умумий йиғилишида бошқа аъзонинг ҳуқуқларини амалга оширадиган, кооперативнинг бошқа аъзоси томонидан ёзма шаклда тайинланган ва икки нафардан ортиқ кооператив аъзосининг вакили бўлиши тақиқланган қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзоси;
мажбурий пай бадали — қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзосининг мажбурий тартибда киритиладиган ва овоз бериш ҳуқуқини ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативи фаолиятида иштирок этиш, қишлоқ хўжалиги кооперативининг уставида назарда тутилган хизматлар ва имтиёзлардан фойдаланиш ҳамда дивидендлар олиш ҳуқуқини берадиган пай бадали;
пай — қишлоқ хўжалиги кооперативи мол-мулкининг пул маблағларида ёки бошқа мол-мулкда ёхуд мулкий ҳуқуқларда ифодаланадиган қишлоқ хўжалиги кооперативининг мол-мулкини шакллантиришда қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзосининг иштирок этиши миқдорини акс эттирадиган, муайян номинал қийматга эга бўлган ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативининг пай фондини шакллантиришда қиймат ифодасида ҳисобга олинадиган қисми;
пай фонди — қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзолари пайларининг пулда ифодаланган, пай бадаллари асосида шакллантириладиган умумий суммаси;
қишлоқ хўжалиги кооперативи — қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун пай усулига, жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашишига асосланган мустақил тижорат ташкилоти;
қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзоси — пай бадали киритган, қишлоқ хўжалиги кооперативига овоз бериш ҳуқуқи билан қабул қилинган ва қишлоқ хўжалиги кооперативининг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўлган жисмоний ёки юридик шахс;
қўшимча пай бадали — қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзосининг мажбурий пай бадалига қўшимча равишда ихтиёрий асосда киритиладиган ва унга дивидендлар олиш ҳуқуқини берадиган пай бадали;
қўшма қишлоқ хўжалиги кооперативи — камида учта қишлоқ хўжалиги кооперативи томонидан қўшма марказлаштирилган фаолиятни юритиш учун ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативи.
4-модда. Қишлоқ хўжалиги кооперативи фаолиятининг асосий принциплари
Қишлоқ хўжалиги кооперативининг (бундан буён матнда кооператив деб юритилади) фаолияти қуйидаги принципларга асосланади:
кооператив аъзолигига кириш ва ундан чиқишнинг ихтиёрийлиги, ушбу Қонун талабларига мувофиқ бўлган ҳар қандай шахслар учун кооператив аъзолигига кириш имконияти;
кооператив фаолиятидаги ўзини ўзи бошқариш ва мустақиллик;
кооператив уставида назарда тутилган тартибда унинг иши устидан кооператив аъзоларининг назорат қилиши;
унинг фаолиятида кооператив аъзоларининг иқтисодий жиҳатдан иштирок этиши;
кооператив аъзолари ўртасида даромадни (фойдани) уларнинг пайларига мувофиқ мутаносиб равишда тақсимлаш;
кооперативлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш;
кооперативни ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш.
5-модда. Кооперативнинг фаолият турлари
Кооператив фаолиятининг асосий тури қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатишдан иборат.
Кооператив қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек қонунда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
2-боб. Кооперативни ташкил этиш
6-модда. Кооперативнинг фирма номи ва жойлашган ери
Кооператив ўзининг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган тўлиқ фирма номига ва қисқартирилган фирма номига эга бўлиши керак.
Кооперативнинг тўлиқ фирма номида унинг тўлиқ номи ва «Қишлоқ хўжалиги кооперативи» деган сўзлар бўлиши керак. Кооперативнинг қисқартирилган фирма номида унинг қисқартирилган номи ва «Қишлоқ хўжалиги кооперативи» деган сўзлар ёки «ҚХК» аббревиатураси бўлиши керак.
Кооперативнинг жойлашган ери унинг давлат рўйхатидан ўтказилган жойи бўйича белгиланади. Кооперативнинг таъсис ҳужжатларида кооператив бошқарув органларининг доимий жойлашган ери ёки у ўзининг асосий фаолиятини амалга оширадиган жой кооперативнинг жойлашган ери сифатида белгиланиши мумкин.
Кооператив у билан алоқаларни сақлаб туриш учун почта манзилига ва электрон почта манзилига эга бўлиши керак.
Кооператив жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганлиги ва электрон почта манзили алмашганлиги тўғрисида кооператив аъзоларини хабардор қилиши керак. Кооперативнинг жойлашган ерини (почта манзилини) ўзгартириш қонунчиликда назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда хабардор қилиш тартибида, давлат хизматлари марказини хабардор қилиш орқали амалга оширилади.
7-модда. Кооперативни ташкил этиш тартиби
Кооператив камида етти нафар жисмоний ва (ёки) юридик шахслардан иборат таркибда ташкил этилиши мумкин.
Қўшма кооператив камида учта кооперативдан иборат таркибда ташкил этилиши мумкин.
Ушбу Қонунда назарда тутилган, кооперативга тааллуқли бўлган барча қоидалар қўшма кооперативга нисбатан ҳам қўлланилади, бундан кооператив аъзоларининг энг кам сонига тааллуқли қоидалар мустасно.
Кооператив ташкил этиш истагини билдирган жисмоний ва (ёки) юридик шахслар таъсис қўмитасини тузади.
Таъсис қўмитасининг вазифалари жумласига қуйидагилар киради:
кооператив уставининг лойиҳасини тайёрлаш;
ташкил этиладиган кооператив муассисларининг таъсис йиғилишини тайёрлаш ва ўтказиш.
Кооператив муассисларининг таъсис йиғилиши:
кооперативни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
кооператив уставини тасдиқлайди;
кооператив устави тасдиқланган ҳужжатга ўз исми, фамилияси ва манзилларини кўрсатган ҳолда, юридик шахсларга нисбатан эса ўз вакилларининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатни кўрсатган ҳолда имзо қўйган таъсис йиғилиши иштирокчиларини кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;
кооперативнинг бошқарув органларини, шу жумладан кооператив бошқарувини, кооператив бошқаруви раисини ва кооперативнинг кузатув кенгаши аъзоларини сайлайди.
8-модда. Кооперативни давлат рўйхатидан ўтказиш
Кооператив юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Кооперативни давлат рўйхатидан ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда давлат хизматлари маркази томонидан кооператив бошқаруви берадиган аризага асосан амалга оширилади. Мазкур аризага кооперативнинг тасдиқланган устави, кооператив бошқарувини, кооператив бошқаруви раисини ва кооперативнинг кузатув кенгашини сайлаш тўғрисидаги ҳужжатлар, шунингдек кооператив муассислари таъсис йиғилишининг баённомаси илова қилинади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2016 йил 28 октябрдаги ПҚ-2646-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
Кооператив қонунчиликда белгиланган тартибда давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади ва юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлади.
Кооперативни давлат рўйхатидан ўтказиш фақат, агар кооперативни ташкил этишда ушбу Қонунда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартиб бузилган бўлса ёки таъсис ҳужжатлари қонунга мувофиқ бўлмаган тақдирда, рад этилиши мумкин.
9-модда. Кооператив устави
Кооператив устави кооперативнинг таъсис ҳужжатидир.
Кооператив устави ёзма шаклда баён этилиши ва кооператив муассисларининг таъсис йиғилишида тасдиқланиши керак.
Кооператив уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
кооперативнинг фирма номи ва жойлашган ери (почта манзили);
кооперативнинг фаолият муддати ёки кооператив фаолиятининг муддатсиз хусусиятга эга эканлигига кўрсатма;
кооператив фаолиятининг мақсади, ихтисослашуви ва камида битта йўналиши;
кооперативга аъзо бўлиб кириш тартиби ва шартлари;
кооперативга аъзоликни тугатиш асослари ва тартиби, шу жумладан кооператив аъзолигидан чиқиш ёки кооператив аъзолигидан чиқариш тартиби;
кооперативнинг хўжалик фаолиятига унинг аъзолари бўлмаган шахсларни жалб этиш шартлари ва тартиби;
кооператив аъзоларининг кооператив хизматларидан фойдаланиш мажбуриятлари тўғрисидаги ёки бундай мажбуриятлар мавжуд эмаслиги ҳақидаги қоидалар;
кооператив аъзосининг мажбурий пай бадали миқдори, унинг кооперативнинг барча аъзолари учун тенглиги;
кооператив аъзолари томонидан кооператив хизматларидан фойдаланиш даражаси ёки улардан кооператив аъзосига алоқаси бўлган иқтисодий омилларга асосан фойдаланиш;
қўшимча пай бадалини киритиш шартлари ва унинг энг кўп миқдори;
кооператив аъзолари томонидан пай бадалларини киритиш тартиби, шу жумладан пай бадалларининг камида ўн фоизини киритиш муддати;
кооператив аъзолари томонидан пай бадали ҳисобига киритиладиган мол-мулк қийматини баҳолаш тартиби;
захира жамғармасини шакллантириш шартлари, шу жумладан захира жамғармасига йўналтириладиган йиллик соф фойданинг ва бошқа манбаларнинг улушини белгилаш ҳамда захира жамғармасининг миқдорини белгилаш;
кооперативнинг бўлинмас ва бошқа жамғармаларини шакллантириш миқдорлари ва тартиби ҳамда улардан фойдаланиш тартиби;
кооперативнинг фойда ва зарарларини ҳисоблаш ҳамда тақсимлаш тартиби;
кооператив аъзоларининг кооператив мажбуриятларига доир субсидиар жавобгарлиги шартлари, мазкур жавобгарликнинг муайян миқдорлар билан чекланмаганлиги ёки чекланганлиги;
кооператив бошқаруви органларининг таркиби, ваколатлари ва мажбуриятлари, улар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби, шу жумладан бир овоздан қабул қилишни ёки кўпчилик овозни талаб этадиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш тартиби;
кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
кооператив аъзоларининг кооператив фаолиятида иштирок этишининг ўзига хос хусусиятлари, тартиби ва шартлари;
кооперативнинг қўшма кооперативларга, кооперативлар уюшмаларига ва бошқа ташкилотларга аъзо бўлиш тартиби ҳамда шартлари;
кооперативни қайта ташкил этиш ва тугатиш, кооперативнинг қарзларини қоплаш ҳамда қолган активларни кооператив аъзолари ўртасида тақсимлаш тартиби ва шартлари;
кооператив бошқарувининг йирик битимларни ёки манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган битимларни тузиш ҳуқуқи, битим сабабли етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ва унинг оқибатларини бартараф этиш тартиби;
мажбурий пай бадалининг номинал қиймати, пайлар сони, аъзолар томонидан мажбурий пай бадали қийматининг камида ўн фоизини киритиш муддати;
кооператив аъзолари ўртасида пайлар бўйича тақсимланадиган дивидендлар миқдорини белгилаш тартиби;
кооператив бошқаруви раисининг ваколатлари;
аудиторга ёки аудиторлик ташкилотига доир талаблар.
Кооператив уставида қуйидагилар ҳам назарда тутилиши мумкин:
кооператив аъзоларининг учдан икки қисми томонидан қарорлар қабул қилиниши керак бўлган масалалар рўйхатини кенгайтириш ва ушбу масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган юқори кворумнинг бошланишини белгилаш;
кооператив аъзоларининг сони икки юз нафардан ортиқ бўлган кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши кооператив аъзолари томонидан сайланган вакиллардан (вакиллар йиғилишидан) иборат бўлиши;
қўшимча пай бадали миқдорининг чекланиши ва қўшимча шартлар белгиланиши;
кооператив бошқаруви раисида ва кооператив бошқаруви аъзоларида иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, бошқарув соҳасида ёки бошқа соҳаларда юқори малака ҳамда кўп йиллик тажрибанинг мавжуд бўлиши зарурлиги.
Кооператив уставида қонунчиликка зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.
10-модда. Кооператив уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Кооператив уставига ўзгартириш ва қўшимчалар кооператив аъзолари умумий йиғилиши иштирокчиларининг кўпчилик овози билан қабул қилинадиган кооператив аъзолари умумий йиғилиши қарорига кўра киритилади. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида хабарнома юборилганда унда кооператив уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмуни акс эттирилиши керак.
Кооператив уставига киритиладиган қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этаётган кооператив аъзоларининг камида тўртдан уч қисми томонидан маъқулланиши керак:
кооператив фаолиятининг мақсадини ўзгартириш;
кооператив аъзоларининг кооператив хизматларидан фойдаланиш мажбуриятларини белгилаш;
кооператив аъзоларининг кооператив фаолиятида иштирок этишга доир мажбуриятларини белгилаш;
пайнинг ёки мажбурий пай бадалининг миқдорини ошириш;
кооперативнинг инвестиция киритувчи аъзолари тўғрисидаги қоидаларни ўзгартириш;
кооперативни қайта ташкил этиш ёки тугатиш ҳақидаги қоидаларни ўзгартириш.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кооператив уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар кооператив бошқарувининг аризасига асосан тегишли давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
11-модда. Кооперативнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Кооператив қуйидаги ҳуқуқларга эга:
фаолиятни қонунчиликка мувофиқ ҳамда кооператив уставида белгиланган кооператив фаолиятининг мақсадлари доирасида амалга ошириш;
ваколатхоналар ва филиалларни очиш, унитар корхоналарни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ҳимоя қилиш;
қонунчиликда белгиланган тартибда мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, мол-мулкни, шу жумладан кооперативнинг пай фондига кооператив аъзоси томонидан пай бадали сифатида киритилган мол-мулкни сотиб олиш ёки ҳадя қилиш, лизингга ёки ижарага олиш, сотиш, гаровга қўйиш;
кооперативнинг захира, бўлинмас ва бошқа жамғармаларини шакллантириш ҳамда уларнинг маблағларидан фойдаланиш, шунингдек захира жамғармасининг маблағларини банкларда ва кредит ташкилотларида жойлаштириш (депозит), уларни қимматли қоғозларга ва бошқа мол-мулкка киритиш;
шартномалар (битимлар) тузиш;
қонунчиликка ва кооператив уставига мувофиқ жисмоний ва юридик шахслардан қарзлар жалб этиш, кредитлар олиш ҳамда ҳомийлик хайрия маблағларидан фойдаланиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш;
бошқа кооперативлар ва қўшма кооперативлар, кластерлар ҳамда бошқа юридик шахслар билан ҳамкорлик учун зарур бўлган хизматлар кўрсатиш;
қонунчиликда белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг ушбу Қонунга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, шунингдек кооперативнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан аризалар билан судга мурожаат қилиш;
кооперативнинг молиявий салоҳиятини ошириш, кооперативнинг активларини самарали бошқариш ва бошқа юридик шахслар билан манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш;
кооперативни қайта ташкил этиш ёки тугатиш билан боғлиқ жараёнларни амалга ошириш.
Кооператив қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Кооператив:
кооператив томонидан тузилган шартномаларга (битимларга) доир мажбуриятларни бажариши;
қонунчиликда назарда тутилган солиқлар ва йиғимларни тўлаши;
меҳнат шартномаси бўйича кооперативда ишлайдиган шахсларга меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тайинлаши, ходимларга иш ҳақининг ўз вақтида тўланишини таъминлаши, иш берувчи сифатида ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиши;
меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги, экология, санитария ва гигиена соҳасидаги қонунчилик ҳамда норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши;
рақобат ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;
техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;
кооперативнинг жойлашган ери (почта манзили) ва бошқа реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида тегишли давлат органларини ўз вақтида хабардор қилиши;
бухгалтерияга оид, молиявий ва статистик ҳисоботларни қонунчилик талабларига мувофиқ юритиши;
кооператив фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва белгиланган муддатларда тегишли давлат органларига тақдим этиши шарт.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги ва «Расмий статистика тўғрисида»ги қонунлари.
Кооперативнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
3-боб. Кооперативга аъзолик
12-модда. Кооператив аъзолари
Ўн олти ёшга тўлган жисмоний шахслар, шунингдек кооператив устави талабларига жавоб берадиган юридик шахслар кооператив аъзолари бўлиши мумкин.
Қўшма кооператив уставининг талабларига жавоб берадиган ва уларни тан оладиган кооперативлар қўшма кооператив аъзолари бўлиши мумкин.
Агар кооператив уставида бир вақтнинг ўзида бошқа кооперативларга аъзо бўлиш тақиқланмаган бўлса, кооператив аъзоси бир ёки бир неча кооперативга аъзо бўлиши мумкин.
Кооператив уставида кооператив аъзолигига кириш шартларига қўйиладиган қуйидаги қўшимча талаблар назарда тутилиши мумкин:
кооператив аъзолигига қабул қилинаётган жисмоний шахснинг малака даражаси;
кооператив аъзолигига қабул қилинаётган жисмоний ёки юридик шахснинг кооператив жойлашган ердан узоқлиги.
Кооператив уставида кооператив аъзоларига нисбатан ушбу Қонунга зид бўлмаган бошқа талаблар ҳам назарда тутилиши мумкин.
13-модда. Инвестициялар киритувчи кооператив аъзолари
Кооператив фаолиятига алоқадор бўлмаган жисмоний ёки юридик шахслар кооператив уставининг инвестициялар киритувчи кооператив аъзолари тўғрисидаги қоидаларига биноан инвестициялар киритувчи кооператив аъзолари сифатида кооперативга кириши мумкин.
Инвестициялар киритувчи кооператив аъзосининг пай бадали инвестициялар киритувчи кооператив аъзолари тўғрисидаги кооператив уставининг дивидендлар олишга доир ҳуқуқ ҳақидаги, овоз бериш ҳуқуқи тўғрисидаги, кооперативнинг бошқарув органларига сайланиш ҳуқуқи ҳақидаги қоидаларига ҳамда кооператив уставининг бошқа қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.
Шахснинг инвестициялар киритувчи кооператив аъзоси сифатида кооперативга кириши ушбу Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ амалга оширилади, кооперативдаги аъзоликни тугатиш эса ушбу Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Бунда кооператив бошқарувининг кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги қарори ва кооператив бошқарувининг кооперативдаги аъзоликни тугатиш ҳақидаги таклифи кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланиши керак.
Кооператив аъзолигига қабул қилинаётган инвестициялар киритувчи шахс кооператив уставининг инвестициялар киритувчи кооператив аъзолари тўғрисидаги қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.
Инвестициялар киритувчи кооператив аъзолари бошқа кооператив аъзоларига нисбатан устунликка эга бўлиши мумкин эмас.
Инвестициялар киритувчи кооператив аъзолари кооперативнинг кузатув кенгашига кооператив кузатув кенгаши аъзоларининг кўпи билан тўртдан бирини ташкил этувчи миқдорда сайланиши мумкин.
14-модда. Кооперативга аъзо бўлиб кириш
Кооперативга аъзо бўлиб кириш истагини билдирган жисмоний ва юридик шахслар кооператив давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисида кооператив бошқарувига ариза беради. Кооператив бошқарувининг кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги қарори кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланиши лозим. Кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги аризада кооператив устави билан танишиб чиқилганлик тўғрисидаги тасдиқ, шунингдек кооператив уставининг кооператив аъзоларига доир талабларига риоя этиш бўйича мажбурият, шу жумладан мажбурий ва қўшимча пай бадалларини киритиш ҳақидаги мажбурият ҳамда бошқалар кўрсатилиши керак.
Кооператив уставида кооператив аъзолигига қабул қилишга тааллуқли бўлган бошқа қоидалар ҳам назарда тутилиши мумкин.
Кооператив бошқарувининг кооператив аъзолигига қабул қилиш ҳақидаги ёки кооператив аъзолигига қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги қарори кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кўриб чиқилади.
Кооператив бошқарувининг қарорини кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан кўриб чиқиш якунларига кўра кооператив бошқарувининг кооператив аъзолигига қабул қилиш ёки кооператив аъзолигига қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги қарорини тасдиқлаш ёки тасдиқламаслик ҳақида қарор қабул қилинади.
Кооператив аъзолигига қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун асослар кооператив уставида назарда тутилади.
Кооператив аъзолигига қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги асослантирилган қарор ва рад этиш сабаблари аризачи эътиборига ёзма шаклда етказилади. Аризачи ушбу қарор устидан кооператив аъзоларининг навбатдаги умумий йиғилишида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Кооператив аъзолигига қабул қилишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилган тақдирда, аризачи кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисида такроран ариза беришга ҳақли.
Кооператив аъзолигига қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш асослари ва шикоятларни кўриб чиқиш тартиби кооператив уставида белгиланади.
Аризачи кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан кооператив бошқарувининг кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги қарорини тасдиқлаш ҳақидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан кооператив аъзолигига қабул қилинган ҳисобланади.
15-модда. Кооператив аъзоларининг реестрини юритиш
Кооператив аъзоларининг реестри кооператив бошқаруви томонидан юритилади ва унда кооперативнинг ҳар бир аъзоси тўғрисида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
жисмоний шахслар учун — жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, электрон почта манзили;
юридик шахслар учун — солиқ тўловчининг идентификация рақами, юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили;
юридик шахслар бўлган кооператив аъзоларининг ваколатли вакиллари бўлган шахслар учун — фамилияси, исми, отасининг исми, юридик шахсда эгаллаган лавозими ва ишончнома;
кооператив аъзолигига кириш асоси, аъзо бўлиб киришнинг мақсади ва санаси;
мажбурий пай бадалининг миқдори ва киритилган санаси;
пай бадалининг тури (пул маблағлари, мол-мулк, шу жумладан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ҳуқуқ, бошқа мулкий ҳуқуқлар);
қўшимча пай бадалининг миқдори ва унинг киритилган санаси;
қайтарилган пайнинг миқдори (мавжуд бўлган тақдирда) ва унинг тўланган санаси;
кооперативга аъзоликни тугатиш санаси тўғрисидаги ахборот.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган маълумотларга қўшимча равишда кооператив аъзоларининг реестрида бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Кооператив аъзоси кооператив аъзоларининг реестрида кўрсатилган фақат ўзининг маълумотлари билан танишишга ҳақли.
Бошқа шахслар кооператив аъзоларининг реестрида мавжуд бўлган кооператив аъзоси тўғрисидаги маълумотлар билан фақат ушбу кооператив аъзосининг розилиги билан танишиши мумкин.
Кооператив аъзоларининг реестридан фойдаланиш имконига эга бўлган шахслар ундаги маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.
16-модда. Кооператив аъзосининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Кооператив аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этиш, саволлар бериш ва таклифлар киритиш;
киритилган пай бадалининг миқдоридан қатъи назар, кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида бир овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш;
кооператив фаолиятида иштирок этиш, кооператив бошқаруви аъзоларини, кооператив бошқаруви раисини ёки кооператив кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш ва кооператив аъзолигига сайланиш, кооператив бошқаруви раиси ёки кооператив кузатув кенгашининг аъзоси этиб сайланиш, ижрочи директор лавозимига номзодни илгари суриш;
кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида таклиф киритиш;
кооператив бошқарувининг бир йил давомидаги фаолияти тўғрисидаги хулоса билан, шунингдек йиллик молиявий ҳисоботи ҳамда кооператив кузатув кенгашининг фаолияти ҳақидаги хулоса ва молиявий ҳисобот билан улар кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида муҳокама қилингунига қадар танишиб чиқиш;
кооператив аъзолари умумий йиғилишининг баённомаси билан танишиб чиқиш;
кооператив бошқарувидан ушбу Қонунда ва кооператив уставида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш;
кооперативнинг молиявий ҳолати, фаолияти ва унинг бошқаруви тўғрисидаги зарур маълумотларни олиш;
кооператив хизматларидан фойдаланиш;
кооператив йиллик соф фойдасининг кооператив аъзолари ўртасида тақсимланган қисмидан дивидендлар олиш;
агар кооператив уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бошқа кооперативга аъзо бўлиб кириш ёки юридик шахснинг пайчиси бўлиш;
ўз хоҳишига кўра кооператив аъзолигидан чиқиш ва киритилган пайни олиш;
кооператив тугатилганидан кейин кооперативнинг мол-мулкини сотишдан олинган улушни олиш.
Кооператив аъзоси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Кооператив аъзоси:
кооператив уставига риоя этиши, кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарорларини бажариши;
кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этиши;
кооперативнинг тадбиркорлик фаолиятида фаол иштирок этиши;
кооператив уставида белгиланган миқдорда ва тартибда пай бадалини киритиши;
кооператив ва кооперативнинг бошқа аъзолари билан тузилган шартномага кўра ўз мажбуриятларини бажариши;
бошқа кооператив аъзолигига кирган тақдирда, бу ҳақда ўзи аъзо бўлган кооператив бошқарувини хабардор қилиши шарт.
Кооператив аъзосининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
17-модда. Кооперативга аъзоликни тугатиш
Кооперативга аъзолик қуйидаги ҳолларда жорий молия йили тамомланганидан кейин тугатилади:
кооператив аъзоси кооператив аъзолигидан чиқиш тўғрисидаги аризага асосан кооператив аъзолигидан чиққанда;
кооператив аъзоси бўлган жисмоний шахс вафот этганда;
суднинг жисмоний шахс бўлган кооператив аъзосини бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган ёхуд муомалага лаёқатсиз деб эълон қилиш тўғрисидаги қарори кучга кирганда;
кооператив аъзоси бўлган юридик шахс тугатилганда;
кооператив аъзоси давлат фуқаролик хизматига кирганда;
кооператив аъзоси ўз пайини мазкур кооперативнинг бошқа аъзосига тўлиқ ҳажмда ўтказганда — кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан;
кооператив аъзолигидан чиқарилганда.
Кооперативнинг ҳар бир аъзоси ушбу Қонунда ва кооператив уставида белгиланган тартибда кооператив аъзолигидан ихтиёрий равишда чиқиш ҳуқуқига эга.
Кооператив аъзоси кооператив бошқарувига ёзма ариза берган ҳолда кооператив аъзолигидан чиқиши мумкин. Кооператив аъзолигидан чиқиш тўғрисидаги ариза, агар кооператив уставида бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, кооперативнинг жорий молия йили тугагунига қадар уч ойдан кечиктирмай берилиши керак.
Кооператив аъзолигидан чиқиш истагини билдирган ёки кооператив аъзолигидан чиқарилган кооператив аъзоси, агар кооператив уставида пайнинг ўтказилиши тақиқланмаган бўлса, ўзининг пайини тўлиқ ҳажмда ушбу кооперативнинг бошқа аъзосига исталган вақтда ўтказиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда тарафлар ўртасида ёзма келишув имзоланиб, бу ҳақда кооператив бошқаруви ёзма шаклда хабардор қилинади.
Агар кооператив уставида кооператив аъзоси пайининг энг кўп миқдори белгиланган бўлса, кооператив аъзоси пайининг умумий миқдори ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган тартибда кооперативнинг бошқа аъзоси томонидан ўтказилган пай билан бирга кооператив аъзоси пайининг белгиланган энг кўп миқдоридан ошиб кетмаслиги керак.
Кооператив аъзоси бўлган жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, пайга доир ҳуқуқ унинг меросхўрларига ўтади.
Агар меросхўрлар сони икки нафар ёки ундан ортиқ меросхўрларни ташкил этса, барча меросхўрлар ўзини кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги масала ҳал этилгунига қадар кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида фақат битта овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Агар кооператив уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, меросхўрни кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги масала ушбу Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ кўриб чиқилади.
Агар вафот этган аъзонинг меросхўри кооператив аъзолигига қабул қилинмаса, унга вафот этган кооператив аъзоси пайининг қиймати тўланиши керак.
18-модда. Кооператив аъзолигидан чиқариш
Кооператив аъзоси қуйидаги ҳолларда кооператив аъзолигидан жорий молия йили тугаши билан чиқарилиши мумкин:
кооператив уставида назарда тутилган мажбуриятларни кооператив бошқарувининг ёзма огоҳлантиришларига қарамай, узрли сабабларсиз мунтазам равишда (икки ва ундан кўп маротаба) бажармаганда;
кооператив уставида назарда тутилган мажбуриятлар бажарилмаганлиги сабабли кооперативга зарар етказилганда;
бошқа кооперативга аъзо бўлиб кирганда, агар бу кооператив уставида тақиқланган бўлса;
у томонидан бошқа кооператив тузилганда, агар бу кооператив уставида тақиқланган бўлса.
Кооператив уставида кооператив аъзолигидан чиқаришнинг қонунчиликка зид бўлмаган бошқа асослари назарда тутилиши мумкин.
Кооператив аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги масала кооператив бошқаруви томонидан кўриб чиқилади. Кооператив бошқарувининг кооператив аъзосини кооператив аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги таклифи тегишли қарор қабул қиладиган кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кўриб чиқилади.
Кооператив бошқаруви кооператив аъзолигидан чиқарилаётган кооператив аъзосини кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисида кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин хабардор қилиши ва хабарномада уни кооператив аъзолигидан чиқариш асосларини кўрсатиши керак.
Кооператив аъзосини кооператив аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги масала кооператив бошқарувининг таклифига кўра кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кооператив аъзолигидан чиқарилаётган шахс иштирокида кўриб чиқилади ва ҳал қилинади. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кооператив аъзолигидан чиқарилаётган кооператив аъзосига унинг кооператив аъзолигидан чиқарилиши юзасидан ўз фикрини билдириш ҳуқуқи берилади.
Кооперативдан чиқарилаётган, тегишли тарзда хабардор қилинган шахс уни кооперативдан чиқариш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши керак бўлган кооператив аъзоларининг умумий йиғилишига кетма-кет икки мартадан зиёд келмаган тақдирда, мазкур масала кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кооперативдан чиқарилаётган шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.
Кооператив аъзолигидан чиқарилган шахс кооператив аъзолигидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқини йўқотади, шунингдек кооператив бошқаруви ёки кооператив кузатув кенгаши аъзосининг ёхуд кооператив бошқаруви раисининг мажбуриятларидан озод этилади (агар кооператив аъзолигидан чиқарилган шахс бу мажбуриятларни бажарган бўлса).
Кооператив аъзолигидан чиқарилган шахс қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги қонунлари.
Кооперативга аъзоликни тугатиш кооператив бошқарувининг кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан кооператив аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги таклифи тасдиқланган пайтдан эътиборан ҳақиқий ҳисобланади.
Кооператив аъзолигидан чиқарилган кооператив аъзоси пайни олиб кетиши мумкин ёки унга пайнинг қиймати ушбу Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ тўланиши мумкин.
19-модда. Кооперативга аъзолиги тугатилган шахсга пайни қайтариш
Кооперативга аъзолиги тугатилган шахсга пайнинг қиймати, шунингдек кооператив уставида назарда тутилган тўловлар молиявий ҳисобот йилининг якунларига кўра кооперативнинг йиллик баланси кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланганидан кейин олти ой ичида тўланиши керак.
Кооперативга аъзолиги тугатилган шахсга бошқа тўловлар (агар кооператив уставида бундай тўловлар назарда тутилган бўлса) амалга оширилиши мумкин. Кооперативга аъзолиги тугатилган шахс кооперативнинг захира жамғармасидан ёки бошқа активлари ҳисобидан тўлаш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Кооперативга аъзолиги тугатилган шахс ўз пайини тўлиқ ҳажмда кооперативнинг бошқа аъзосига ўтказган тақдирда, кооперативга аъзолиги тугатилган шахсга кооператив ҳеч қандай тўловларни амалга оширмайди.
Кооперативга аъзолиги тугатилган шахснинг кооперативдаги қарзларини кооператив унинг якуний тўловларидан ушлаб қолади.
Кооперативга аъзолиги тугатилган шахсга пайнинг қиймати унинг ихтиёрига кўра натура шаклида тўланиши ёки у пай бадали сифатида киритган мол-мулк қайтариб берилиши мумкин.
Кооператив аъзоси вафот этган тақдирда, унинг пайи қиймати ва кооператив уставида назарда тутилган бошқа тўловлар меросхўрга тўлиқ ҳажмда тўланади.
Агар кооператив кооперативга аъзоликни тугатиш тўғрисидаги қарор кучга киргунига қадар ушбу Қонуннинг 51-моддасида назарда тутилган тартибда тугатилган ёки кооперативга аъзолик тугатилганидан кейин олти ой ичида тугатилган бўлса, кооперативга аъзоликни тугатиш амалга оширилмаган деб ҳисобланади.
4-боб. Кооперативни бошқариш
20-модда. Кооперативнинг бошқарув органлари
Кооперативнинг бошқарув органлари қуйидагилардан иборат:
кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши — кооперативнинг юқори бошқарув органи;
кооперативнинг бошқаруви — кооперативнинг ижро этувчи органи;
кооперативнинг кузатув кенгаши — кооперативнинг назорат қилувчи органи.
Икки юз нафардан ортиқ кооператив аъзоларидан иборат бўлган кооперативда кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши, агар бу кооператив уставида назарда тутилган бўлса, вакиллар йиғилиши шаклида ўтказилиши мумкин.
Агар кооператив аъзоларининг сони йигирма бир нафардан кўп бўлмаса, кооператив уставида кооперативнинг кузатув кенгаши сайланмаслиги ва унинг ваколатларини кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши амалга ошириши назарда тутилиши мумкин. Мазкур қоида қўшма кооперативга нисбатан, агар унинг аъзолари сони ўн нафардан ошмаса, қўлланилади.
Агар кооператив аъзоларининг сони йигирма бир нафардан иборат бўлса, кооперативнинг кузатув кенгаши мажбурий тартибда ташкил этилади. Мазкур қоида қўшма кооперативга нисбатан, агар унинг аъзолари сони ўн нафардан ошса, қўлланилади.
Қўшма кооператив аъзоларининг сони қўшма кооперативнинг уч нафар аъзосидан ошмаган ҳолларда, қўшма кооператив бошқаруви ташкил этилмаслиги ва унинг ваколатларини қўшма кооператив раиси амалга ошириши мумкин, агар бу қўшма кооператив уставида назарда тутилган бўлса.
Кооператив бошқаруви органларининг ваколатлари, тузилиши ва уларнинг ишини ташкил этиш тартиби, шу жумладан кооператив бошқаруви аъзоларини, кооператив бошқаруви раисини ҳамда кооперативнинг кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тартиби, шунингдек кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини ёки вакиллар йиғилишини чақириш ва ўтказиш тартиби ушбу Қонунда ҳамда кооператив уставида белгиланади.
21-модда. Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг ваколатлари
Қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш кооператив аъзолари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатлари жумласига киради:
кооператив фаолиятининг асосий мақсадларини белгилаш;
кооператив уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, кооператив уставини янги таҳрирда тасдиқлаш;
кооператив бошқаруви аъзоларини, кооператив бошқаруви раисини ва кооператив кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш ҳамда лавозимидан озод этиш, шунингдек уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;
кооператив бошқарувининг, кооператив бошқаруви раисининг ҳамда кооператив кузатув кенгашининг қарорларини кооператив уставида назарда тутилган тартибда бекор қилиш;
аудиторлик ташкилотини белгилаш, аудиторлик хулосасини муҳокама қилиш;
кооператив бошқарувининг ва кооператив кузатув кенгашининг ҳисоботларини тасдиқлаш, шунингдек тегишли молия йили учун йиллик балансни қабул қилиш, бунда кооператив бошқаруви кооператив аъзоларини таништириш учун ҳисоботларни ва йиллик балансни кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказилишидан камида бир ҳафта олдин тақдим этади;
кооперативнинг йиллик камомадини қоплаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
кооперативнинг ривожланиш дастурларини, оператив, молиявий ва бошқа режаларини, даромадлар ва харажатларнинг прогноз кўрсаткичларини тасдиқлаш;
ушбу Қонуннинг 37-моддасига мувофиқ йиллик соф фойдадан фойдаланиш, шу жумладан уни кооператив аъзолари ўртасида тақсимлаш ва кооперативнинг захира, бўлинмас ва бошқа жамғармаларига ажратмалар қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
кооператив аъзоларининг пай бадаллари ва бошқа тўловларининг турлари, миқдорларини ҳамда уларни киритиш тартибини белгилаш, шунингдек кооперативдаги аъзолиги тугатилаётган шахсларга ушбу тўловларни тўлаш тартибини белгилаш;
кооперативнинг жамғармалари турларини, кооперативнинг захира, бўлинмас ҳамда бошқа жамғармалари миқдорларини, шунингдек уларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш шартларини белгилаш;
кооперативнинг ҳар йилги зарарларини компенсация қилиш;
кооперативнинг асосий воситаларини сотиб олиш ва бошқа шахсларга бериш, шунингдек битимлар ҳамда келишувларни бажариш;
бошқа кооперативларга, жамиятларга, уюшмаларга, бошқа ташкилотларга кооперативнинг аъзо бўлиши ҳамда улардан чиқиши;
кооперативнинг ваколатхоналарини ва филиалларини ташкил этиш ҳамда тугатиш;
кооператив аъзолигига қабул қилиш, кооперативдаги аъзоликни тугатиш;
кооперативга инвестиция киритувчи аъзолар тўғрисидаги, шунингдек уларни кооператив аъзолигига қабул қилиш ва уларнинг кооперативга аъзолигини тугатиш тўғрисидаги қоидаларни тасдиқлаш;
кооператив бошқаруви аъзоларининг ва кооператив бошқаруви раисининг ойлик иш ҳақи миқдорларини белгилаш, кооператив кузатув кенгаши аъзолари харажатларини компенсация қилиш шартларини белгилаш;
кооператив бошқаруви аъзоларининг, кооператив бошқаруви раисининг, кооператив кузатув кенгаши аъзоларининг жавобгарлиги чоралари тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
кооператив бошқаруви аъзоларидан, кооператив бошқаруви раисидан, кооператив кузатув кенгаши аъзоларидан уларнинг қонунга хилоф фаолияти натижасида етказилган зарар учун компенсация ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
кооператив аъзоларининг кооператив фаолиятида иштирок этишини баҳолаш мезонларини тасдиқлаш;
кооперативда меҳнатга ҳақ тўлашга доир ички тартиб-қоидаларни, бошқа ички ҳужжатларни тасдиқлаш ҳамда уларга ўзгартиришлар киритиш;
кооперативни қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш.
Кооператив уставида кооператив аъзолари умумий йиғилишининг ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган ўзга ваколатлари ҳам назарда тутилиши мумкин.
Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи кооператив бошқаруви раисига, кооператив бошқарувига ёки кооператив кузатув кенгашига берилиши мумкин эмас.
22-модда. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш
Кооператив аъзоларининг биринчи умумий йиғилиши имкон қадар қисқа муддатда, лекин кооператив давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин уч ойдан кечиктирмай чақирилади.
Кооператив аъзоларининг йиллик умумий йиғилиши кооперативнинг молия йили тугаганидан кейин уч ойдан кечиктирмай ўтказилиши керак. Кооператив аъзоларининг йиллик умумий йиғилишидан ташқари, кооператив уставида назарда тутилган ҳолларда кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишлари ўтказилиши мумкин.
Кооператив аъзоларининг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишлари кооператив бошқаруви томонидан чақирилади. Кооператив бошқаруви аъзолари лавозимларидан озод қилинган тақдирда, кооператив аъзоларининг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш ушбу Қонуннинг 23-моддасида белгиланган тартибда кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.
Кооператив аъзолари умумий сонининг камида ўндан бир қисми талабига кўра чақириладиган кооператив аъзолари умумий йиғилишининг кун тартибига аниқ масалаларни киритиш ҳақидаги, шунингдек кооперативнинг ҳар қандай аъзоси ташаббуси билан қўшимча масалаларни киритиш тўғрисидаги таклифлар кооператив бошқарувига кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан ўн беш кун олдин тақдим этилиши керак.
Кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишлари кооператив бошқарувининг ташаббуси билан ёки кооператив кузатув кенгашининг талабига кўра ёхуд кооператив аъзолари умумий сонининг камида ўндан бир қисмининг талабига кўра чақирилиши мумкин.
Агар навбатдан ташқари умумий йиғилиш кооператив аъзолари умумий сонининг камида ўндан бир қисмининг талабига кўра вакиллар йиғилиши шаклида ўтказилса, кооперативнинг ушбу аъзолари ёки уларнинг вакиллари йиғилишда сўзга чиқиш ва таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўлади.
Кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни талаб қилган кооперативнинг кузатув кенгаши ёки кооператив аъзолари навбатдан ташқари умумий йиғилишнинг таклиф қилинган кун тартибини ва уни ўтказиш зарурлиги асосларини кооператив бошқарувига ёзма шаклда тақдим этиши керак. Бу ҳолда кун тартиби тегишинча фақат кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни талаб қилган кооператив кузатув кенгашининг ёки кооператив аъзоларининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.
Кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ташаббускори бўлмаган кооперативнинг бошқарув органи ёки кооператив аъзолари навбатдан ташқари умумий йиғилиш кун тартибига кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ташаббускори бўлган кооператив бошқаруви органининг ёки кооператив аъзоларининг розилигисиз ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга эмас.
Кооператив бошқарувининг раиси ва кооператив бошқарувининг аъзолари лавозимидан озод этилган тақдирда, кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талабнома қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кооперативнинг кузатув кенгаши ушбу йиғилишни ўтказиш ёки уни ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши керак.
Агар кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига таклиф этилаётган масалаларни кўриб чиқиш кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатларига тааллуқли бўлмаса ёхуд қонунчилик ҳужжатлари талабларига ёки ушбу моддада кўрсатилган талабларга жавоб бермаса, кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.
Агар кооператив бошқаруви кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида ушбу йиғилишни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилмаса ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилса ёхуд ушбу йиғилишни ўтказиш ҳақидаги қарорни кўрсатилган муддатда бажармаса ёхуд кооператив бошқаруви аъзолари лавозимидан озод этилса, кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга бўлган кузатув кенгаши ёки кооператив аъзолари томонидан навбатдан ташқари умумий йиғилиш чақирилиши мумкин.
Кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга бўлган кооператив аъзолари томонидан кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши чақирилган тақдирда кооператив бошқаруви кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ташаббускорларига кооператив аъзоларининг рўйхатини ва уларнинг манзилларини (почта манзилларини) тақдим этиши керак.
Агар йиллик ёки оралиқ молия ҳисоботларини тузиш чоғида ёки кооператив фаолиятини ўрганиш даврида кооператив зарарининг миқдори пай фонди ёки захира жамғармаси умумий қийматининг эллик фоизидан ортиқни ташкил этиши маълум бўлиб қолса, кооператив бошқаруви дарҳол кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиради ва бу ҳақда кооператив аъзоларини хабардор қилади.
23-модда. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш тартиби
Кооператив аъзолари турган ери (почта манзили) ҳақида, шунингдек ўз почта манзили ўзгарганлиги тўғрисида кооператив бошқарувига ёзма шаклда хабар қилиши шарт.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш, йиғилишнинг кун тартиби, у ўтказиладиган жой, сана ва вақт тўғрисида кооператив аъзолари кооператив аъзоларининг умумий йиғилиш ўтказиладиган санадан камида ўттиз кун олдин кооператив бошқаруви томонидан ёзма шаклда хабардор қилиниши керак.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома кооператив аъзосига тилхат олиб топширилади ёки хабарнома олинганлигини тасдиқлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилади.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши кун тартибига киритилиши лозим бўлган қўшимча масалалар молия йили тугаганидан кейин ўттиз кундан кечиктирмай кооператив бошқарувига киритилиши керак.
Кооператив бошқаруви кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши кун тартибига киритилиши лозим бўлган қўшимча масалаларнинг таърифини ўзгартиришга ҳақли эмас.
24-модда. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш тартиби
Агар кооператив уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қуйидаги ҳолларда ваколатли ҳисобланади:
агар кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган кооператив аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса;
агар кооператив аъзоларининг вакиллар йиғилиши шаклида ўтказиладиган умумий йиғилишида кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида сайланган вакиллар умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса.
Кооператив аъзоларининг вакиллар йиғилиши шаклида ўтказиладиган умумий йиғилишида ҳар бир вакил, ўзини вакил қилган кооператив аъзоларининг сонидан қатъи назар, битта овозга эга бўлади.
Қўшма кооператив уставида унинг аъзолари бир нечта овоз ҳуқуқига эга бўлиши мумкинлиги назарда тутилиши, уларнинг сони киритилган пай бадали миқдоридан ёки бошқа мезонлардан келиб чиққан ҳолда белгиланиши мумкин. Бунда қўшма кооператив аъзоси ҳуқуққа эга бўлган овозларнинг энг кўп миқдори қўшма кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида тақдим этилган овозларнинг ўн фоизига тенг бўлиши керак.
Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарорлари, агар ушбу Қонунда ёки кооператив уставида бошқа талаблар назарда тутилмаган бўлса, кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Ушбу Қонун 21-моддаси биринчи қисмининг иккинчи — саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган масалалар бўйича қарорлар, агар кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этаётган кооператив аъзоларининг камида учдан икки қисми уларни ёқлаб овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади.
Кооператив уставида қарорлар овозларнинг кўпчилиги билан қабул қилиниши керак бўлган масалаларнинг кенгайтирилган рўйхати назарда тутилиши ва ушбу масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш учун оширилган кворум белгиланиши мумкин.
Агар кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган овозлар сони тўпланмаган бўлса, қарор қабул қилиш учун кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини қайтадан чақириш талаб қилинади. Бу ҳолда, агар умумий йиғилишда иштирок этган кооператив аъзоларининг камида эллик бир фоизи қарорларни ёқлаб овоз берса, ушбу масалалар бўйича қарорлар қабул қилинган деб ҳисобланади.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш учун ушбу Қонунда назарда тутилган тартиб ва муддатлар бузилган тақдирда, кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши кун тартибига киритилган масалалар бўйича қарорлар қабул қилишга ҳақли эмас.
Кооператив аъзоси кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида уни кооперативдаги лавозимидан озод қилиш ҳақида ёки кооператив олдидаги мажбуриятларидан озод қилиш ҳамда унга нисбатан даъво тақдим этиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш чоғида овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида юридик шахс бўлган кооператив аъзоси номидан ушбу юридик шахснинг ваколатли вакили ишончномасиз ёки унинг бошқа ходими ишончнома асосида иштирок этиши мумкин.
Кооператив аъзоси кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кооперативнинг ишончли вакил сифатида иш юритувчи бошқа аъзоси орқали ўз ҳуқуқларини амалга ошириши мумкин. Ишончли вакил ёзма шаклда тайинланади. Бир нафар ишончли вакил кооперативнинг икки нафардан ортиқ аъзоси учун вакил бўлиши мумкин эмас. Кооператив уставида ишончли вакилнинг вакиллигига доир бошқа шартлар ҳам назарда тутилиши мумкин. Вакиллар йиғилишида иштирок этувчи ваколатли вакил ўз ҳуқуқларини ишончли вакилга топшириш ҳуқуқига эга эмас.
Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг раиси ва котиби кооператив аъзолари умумий йиғилишининг аъзолари орасидан сайланади. Кооператив бошқаруви раиси ёки кооператив бошқарувининг ёки кооператив кузатув кенгашининг аъзолари кооператив аъзолари умумий йиғилишининг раиси ва котиби этиб сайланиши мумкин эмас.
25-модда. Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг баённомаси
Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарорлари баённома билан расмийлаштирилади.
Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг баённомасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказилган жой, сана ва вақт;
кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисида хабардор қилинган кооператив аъзоларининг, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган аъзоларнинг ва йиғилишда иштирок этган аъзоларнинг сони;
умумий йиғилиш вакиллар йиғилиши шаклида ўтказилганда –сайланган вакиллар сони ва ушбу йиғилишда иштирок этган ваколатли вакиллар сони;
кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кворум мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;
кооператив аъзолари умумий йиғилишининг кун тартиби;
кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида сўзга чиққан шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими ҳамда нутқининг асосий мазмуни;
кооператив аъзолари умумий йиғилишининг кун тартибидаги масалалар юзасидан овоз бериш натижалари, қабул қилинган қарорлар.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши баённомасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
кооператив бошқарувнинг ёки кооператив кузатув кенгашининг ёки кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга бўлган кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги қарори;
кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этган кооператив аъзоларининг рўйхати;
кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши вакиллар йиғилиши шаклида ўтказилган тақдирда, сайланган ва иштирок этган вакиллар рўйхати;
кооператив аъзоларининг умумий йиғилишига тақдим этилган ваколатли вакиллик ҳуқуқига доир ишончномалар;
умумий йиғилишда тақдим этилган кооператив аъзоларининг ваколатли вакиллари сайланганлиги тўғрисидаги баённомалар;
кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши кун тартибига доир тақдим этилган ҳужжатлар;
овоз бериш чоғида тарқатилган ва овоз бериш учун ҳақиқий деб эътироф этилган бюллетенлар;
кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши баённомасига қўшиб қўйилиши тўғрисида талаб билдирилган баёнотлар, таклифлар ва алоҳида фикр-мулоҳазалар.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиш баённомасига кооператив уставида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.
Баённома камида икки нусхада тузилади, йиғилишнинг котиби, кузатув кенгашининг аъзолари томонидан уч кунлик муддатда имзоланади ва йиғилиш раиси томонидан тасдиқланади.
Агар кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши баённомасини имзолаши лозим бўлган шахслардан бири уни имзолашни рад этса, баённомада бу шахснинг рад этиши сабаблари кўрсатилиши керак.
Кооператив бошқарувида ва кооперативнинг кузатув кенгашида кооператив аъзолари умумий йиғилиши баённомасининг биттадан нусхаси сақланиши керак.
Кооператив бошқаруви кооператив аъзосининг талабига кўра уни кооператив аъзолари умумий йиғилишининг баённомаси билан таништириши ёки унга йиғилиш баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини ёхуд баённомадан кўчирма бериши шарт, бундан кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тижорат сири жумласига киритилган маълумотлар мустасно.
Агар кооператив аъзолари кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши баённомасининг ишончсизлиги ёки тўлиқ эмаслиги тўғрисида арз қилган бўлса, ушбу арзлар кооператив аъзоларининг навбатдаги умумий йиғилишида кўриб чиқилиши керак.
26-модда. Кооператив аъзоларининг ваколатли вакиллари йиғилиши
Кооператив аъзоларининг сони икки юз нафардан ортиқ бўлган кооперативнинг уставида кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши сайланадиган вакиллардан иборат бўлиши мумкинлиги (бундан буён матнда вакиллар йиғилиши деб юритилади) назарда тутилиши мумкин.
Кооператив аъзоси ёки кооперативнинг аъзоси бўлган юридик шахснинг вакили ҳисобланган жисмоний шахс ваколатли вакил бўлиши мумкин.
Кооператив бошқаруви раиси ва кооператив бошқаруви аъзолари, кооператив кузатув кенгаши аъзолари ваколатли вакил сифатида сайланишга ҳақли эмас.
Вакиллар йиғилишида кооператив бошқаруви раиси ва кооператив бошқаруви аъзолари, кузатув кенгаши аъзолари овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этиши мумкин, бироқ улар сўзга чиқиш ва таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ушбу Қонунда ва кооператив уставида кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши тўғрисида белгиланган қоидалар вакиллар йиғилишига нисбатан ҳам татбиқ қилинади.
Ваколатли вакиллар кооператив аъзоларининг иш жойи ёки яшаш жойи ёхуд бошқа жойларда бўлиб ўтадиган йиғилишларида тўғридан-тўғри, тенг ҳуқуқли ва яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Ваколатли вакилларнинг ваколатлари муддати кооператив уставида белгиланади. Кооператив аъзолари ушбу Қонуннинг 23-моддасида белгиланган тартибда вакиллар йиғилишининг кун тартиби, у ўтказиладиган сана, жой ва вақт, ваколатли вакилларни сайлаш тартиби кўрсатилган ҳолда, ваколатли вакиллар сайланишидан бир ой олдин ёзма шаклда хабардор қилиниши керак.
Ваколатли вакилларнинг сони тегишли молия йилининг охиридаги кооператив аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бунда кооператив уставида бир ваколатли вакил бир неча кооператив аъзоси номидан вакиллик қилиши мумкинлиги, шунингдек ҳар бир вакил кўпи билан ўн нафар кооператив аъзоси номидан вакиллик қилиши мумкинлиги назарда тутилиши мумкин.
Ваколатли вакил сайланганлиги уни сайлаган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланган баённома билан расмийлаштирилади.
Сайланган ваколатли вакилларнинг рўйхати улар сайланганидан кейин икки ҳафтадан кечиктирмай кооператив идорасида кооперативнинг аъзолари танишиб чиқиши учун эълон қилинади. Кооперативнинг ҳар бир аъзосига унинг талабига кўра рўйхатнинг кўчирма нусхаси тақдим этилади.
Ваколатли вакилларни сайлаш тартиби тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар кооператив бошқаруви ва кузатув кенгаши бир вақтда қабул қилган қарорларга асосан вакилларни сайлаш қоидаларида кўрсатилади. Ваколатли вакилларни сайлаш қоидалари кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланиши керак.
Ваколатли вакиллар ўз ваколатларини кооперативнинг бошқа аъзоларига ишончли вакил ёки ваколатли вакил сифатида бериши мумкин эмас.
27-модда. Кооператив бошқаруви
Кооператив бошқаруви кооперативнинг ижро этувчи органидир.
Кооператив бошқарувининг раиси кооператив бошқаруви аъзолари орасидан сайланади ва кооператив бошқарувининг мажлисларида раислик қилади.
Кооператив бошқаруви кооператив бошқарувининг раисидан ва кооператив бошқарувининг жуфт сонли аъзоларидан иборат бўлади.
Кооператив бошқаруви раиси ва унинг аъзолари уч йилдан кўп бўлмаган муддатга сайланади. Кооператив уставида кооператив бошқаруви раиси ва унинг аъзолари иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, бошқарув соҳасида ва бошқа соҳаларда юқори малакага, шунингдек кўп йиллик тажрибага эга бўлиши кераклиги ҳақидаги қоида белгилаб қўйилиши мумкин.
Кооператив бошқаруви раиси ёки кооператив бошқаруви аъзолари кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига асосан исталган вақтда лавозимидан озод этилиши мумкин.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга бўлган, кооператив бошқаруви раисини ёки кооператив бошқаруви аъзосини муддатидан илгари вазифасидан озод этиш тўғрисидаги масалани кооператив аъзолари умумий йиғилишининг кун тартибига киритишни таклиф қилган кооператив аъзолари ўз таклифларини ва асосларини ёзма шаклда тақдим этиши керак.
Кооператив бошқаруви раисини ёки кооператив бошқаруви аъзосини муддатидан илгари лавозимидан озод этиш учун асос бўлган аудиторлик хулосаси кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида эълон қилиниши керак.
Кооператив бошқаруви кооператив устави ҳамда кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган кооператив бошқаруви тўғрисидаги низом асосида ташкил этилади ва фаолиятини амалга оширади. Кооператив бошқаруви тўғрисидаги низомда кооператив бошқаруви аъзоларининг функционал вазифалари, кооператив бошқаруви мажлисларини чақириш ва ўтказиш, қарорлар қабул қилиш ва кооператив бошқаруви мажлисининг баённомасини тузиш тартиби белгиланиши керак.
Кооператив бошқарувининг қарорлари ҳар икки ойда камида бир марта ўтказиладиган бошқарув мажлисларида қабул қилинади.
Кооператив бошқарувининг мажлисида ҳар бир масала кўпчилик овоз билан ҳал қилинади, бунда бошқарувнинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлади.
Кооператив уставида кооператив бошқарувининг аъзолари ўз вазифаларини бажариши чоғида ҳақ ва (ёки) харажатлари учун компенсация олиши ёки олмаслиги кўрсатилиши керак. Агар ушбу аъзолар ҳақ ва (ёки) компенсация олса, уларни молиялаштириш манбалари кооперативнинг уставида кўрсатилиши керак.
Кооператив бошқаруви аъзолари ўз ваколатларини бошқа шахсларга бериши мумкин эмас.
28-модда. Кооператив бошқарувининг ваколатлари
Кооператив бошқарувининг ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:
кооперативнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва кооператив уставида назарда тутилган қоидалар асосида, кооператив манфаатларини инобатга олган ҳолда кооперативни бошқариш;
кооператив номидан ҳаракатларни бажариш ва унинг номидан шартномалар тузиш;
кооперативнинг бухгалтерия ҳисоби ҳолатини кузатиб туриш, инвентаризация ўтказиш, йиллик ҳисоботни ва йиллик балансни тузиш, уларни кооператив кузатув кенгашига тақдим этиш ҳамда уларни кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши муҳокамасига қўйиш;
йиллик ҳисоботни ёки йиллик балансни тайёрлаш чоғида кооперативда зарарлар аниқланганлиги ёки уларнинг ўрнини захира манбалар ҳисобидан қоплаш зарурати юзага келганлиги тўғрисидаги ахборотни кооператив аъзоларига маълум қилиш;
кооперативда аниқланган зарарларнинг ўрнини қоплаш учун захира жамғарма маблағлари етарли бўлмаган тақдирда, кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш ва ушбу масалани муҳокама қилиш;
кооперативга аъзо бўлиш ва кооперативга аъзоликни тугатиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва ушбу масалалар юзасидан кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши кўриб чиқиши учун таклифлар киритиш;
кооператив аъзоларини кооператив аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ва кооператив аъзоларининг умумий йиғилишига ушбу масала бўйича таклифлар киритиш;
кооперативга аъзолик тугатилганда қайтарилиши лозим бўлган пайнинг миқдорини ва шаклини белгилаш;
кооператив аъзолари умумий йиғилишининг кун тартибини шакллантириш ва уни чақириш;
кооперативнинг кузатув кенгаши билан биргаликда йиллик соф фойданинг миқдорини тасдиқлаш, кооперативнинг йиллик соф фойдасини тақсимлаш ва зарарларининг ўрнини қоплаш тўғрисида таклифлар киритиш;
кооператив аъзолари умумий йиғилишининг ваколатлари жумласига киритилмаган битимларни бажариш;
кооперативнинг кузатув кенгаши билан биргаликда молия-хўжалик фаолияти аудити натижалари тўғрисидаги аудиторлик хулосасини кўриб чиқиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар белгилаш;
кооператив аъзоларининг пул шаклида бўлмаган пай бадалларининг, шу жумладан мулкий пайларнинг, мол-мулкнинг ёки мулкий ҳуқуқларнинг пулда ифодаланган қийматини тасдиқлаш;
ушбу Қонунга, кооператив уставига ва тегишли қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кооперативда ишларни ташкил этиш, режалаштириш ва ҳужжатларни ҳамда ҳисоботларни, шунингдек кооператив аъзоларининг реестрини юритиш тартиби ва қоидаларига риоя этилишини таъминлаш.
Кооператив бошқарувининг ваколатлари жумласига ушбу Қонунда, кооператив уставида, кооператив бошқаруви тўғрисидаги низомда ёки кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарорларида назарда тутилган бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.
29-модда. Кооператив бошқаруви раисининг ваколатлари
Кооператив бошқаруви раисининг ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:
кооператив бошқарувининг мажлисларида раислик қилиш;
кооператив бошқаруви номидан қабул қилинган қарорларни ва кооператив бошқаруви мажлисларининг баённомаларини имзолаш, агар кооператив уставида ёки кооператив бошқаруви тўғрисидаги низомда қарорлар ва баённомалар кооператив бошқарувининг бошқа аъзолари томонидан имзоланиши назарда тутилмаган бўлса;
ваколатли вакиллар учун кооператив номидан ишончномаларни имзолаш;
кооператив бошқарувининг таклифига асосан ижрочи директорни тайинлаш ва у билан меҳнат шартномасини тузиш;
ушбу органларнинг ваколатларига кирувчи масалаларга доир ишларни кооператив аъзолари умумий йиғилишининг, кооператив кузатув кенгашининг ва кооператив бошқарувининг қарорлари асосида ишончномасиз юритиш.
Кооператив бошқарувнинг раиси қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
30-модда. Кооперативнинг кузатув кенгаши
Кооперативнинг кузатув кенгаши ушбу Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ ташкил этилади ҳамда тоқ сондан ва кооперативнинг камида уч нафар аъзосидан иборат бўлади.
Кооператив кузатув кенгаши аъзолари кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан кооператив аъзолари орасидан камида уч йил муддатга сайланади.
Кооператив кузатув кенгашининг аъзоси бир вақтнинг ўзида кооператив бошқарувининг аъзоси, кооператив раиси ёки ижрочи директори бўлиши мумкин эмас.
Ўз лавозимидан озод бўлиш хоҳишини билдирган кооператив бошқарувининг аъзолари ёки бошқарув раиси кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарорига кўра ўз лавозимидан озод этилмагунига қадар кооперативнинг кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кузатув кенгашига сайлов ёки қўшимча сайлов ўтказилганда кооператив бошқаруви аъзолари ва кооператив бошқаруви раиси ўз номзодларини таклиф этиши мумкин эмас.
Кооператив кузатув кенгашининг аъзоси ўз ваколатлари муддати тугашидан олдин кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарорига кўра лавозимидан озод этилиши мумкин. Ушбу қарор кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этган кооператив аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Кооператив кузатув кенгашининг аъзолари ўз таркибидан кузатув кенгаши раисини сайлайди ва расмийлаштирилган баённомани кооператив бошқарувига расмий тарзда тақдим этади.
Кооператив кузатув кенгаши раисининг вазифалари жумласига кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган кооперативнинг кузатув кенгаши тўғрисидаги низомга мувофиқ кузатув кенгашининг мажлисларини тайёрлаш, чақириш, уларда раислик қилиш ҳамда кузатув кенгашининг фаолиятини ташкил этиш киради.
Кооператив кузатув кенгашининг қарорлари кузатув кенгашининг ҳар уч ойда камида бир марта ўтказиладиган мажлисларида қабул қилинади.
Кооператив кузатув кенгашининг мажлиси, агар унда аъзоларнинг учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Кузатув кенгашининг мажлисида ҳар бир қарор мажлисда иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Бунда кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлади. Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлисда иштирок этган кузатув кенгаши аъзолари томонидан имзоланади.
Кооператив аъзосининг кооператив кузатув кенгаши аъзоси сифатидаги фаолияти ойлик иш ҳақи тўланмаган ҳолда жамоатчилик асосида амалга оширилади. Кооператив кузатув кенгаши аъзосининг ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида қилган харажатлари кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ компенсация қилинади.
31-модда. Кооператив кузатув кенгашининг ваколатлари
Кооператив кузатув кенгашининг ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:
кооператив бошқарувининг ва унинг раисининг фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;
кооператив бошқарувидан кооператив фаолияти билан боғлиқ маълумотлар, ҳисоботлар ва ҳужжатларни олиш, шунингдек ҳисоб-китоб варақлари ва ёзувлар билан танишиш;
кооператив аъзоларининг умумий йиғилишига кооператив бошқаруви томонидан тақдим этилган йиллик ҳисоботни, йиллик соф фойдани тақсимлаш ва йиллик камомаднинг ўрнини қоплаш бўйича таклифларни ўрганиш, йиллик бухгалтерия балансини ва ҳисоботларни тасдиқлашдан олдин кооператив аъзоларининг умумий йиғилишига текшириш натижаларини тақдим этиш;
кузатув кенгашининг айрим аъзоларига аниқ ва вақтинчалик вазифаларни бажаришни ўз ваколатлари доирасида топшириш;
йиллик баланс тасдиқлангунига қадар, аудиторлик текшируви натижалари тўғрисида ҳисобот ва кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши олдидан кооператив фаолияти ҳақида ҳисобот тайёрлаш;
агар кооперативнинг манфаатлари учун зарур бўлса, кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш;
кооператив бошқаруви аъзоларининг ёки раисининг ваколатларини ўз ташаббуси билан тўхтатиб туриш, кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан ушбу масала бўйича қарор қабул қилингунига қадар кооператив фаолиятини давом эттириш учун зарур чораларни кўриш;
кооператив бошқарувининг аъзолари ёки кооператив бошқаруви раиси билан шартномалар тузиш чоғида, шунингдек кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан кооператив бошқаруви аъзоларига ёки кооператив бошқаруви раисига нисбатан чоралар кўриш чоғида кооператив номидан иш юритиш;
кооператив бошқаруви аъзоларига ёки кооператив бошқаруви раисига бериладиган кредитларни кооператив уставида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ тасдиқлаш.
Кооперативнинг кузатув кенгаши қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Кооператив кузатув кенгашининг аъзолари ўз ваколатларини бошқа шахсларга беришга ҳақли эмас.
32-модда. Кооператив бошқаруви раисининг, кооператив бошқаруви ҳамда кооператив кузатув кенгаши аъзоларининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги
Кооператив бошқаруви раиси, кооператив бошқарувининг ва кооператив кузатув кенгашининг аъзолари ўз фаолиятини ушбу Қонунда ва кооператив уставида белгиланган ўз ваколатлари доирасида амалга ошириши шарт.
Кооператив бошқаруви раиси, кооператив бошқарувининг ва кузатув кенгашининг аъзолари ўз ваколатларини амалга ошириш жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган хизмат ва (ёки) тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини сақлаши шарт.
Кооператив бошқаруви раиси, кооператив бошқарувининг ва кооператив кузатув кенгашининг аъзолари ушбу Қонун ҳамда кооператив устави талабларини бузганлиги, шунингдек ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида кооперативга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун тегишли суд қарори асосида солидар ҳамда якка тартибда жавобгар бўлади.
Кооператив бошқаруви раиси ва кооператив бошқарувининг аъзолари кооператив аъзосига пай, дивидендлар ёки фойдадан улуш тўлашни амалга оширишнинг, активларни бошқа шахсга беришнинг ёки тақсимлашнинг, тўловга қобилиятсизлик ҳолати бошланганидан кейин тўловларни амалга оширишнинг, рухсатсиз кредит беришнинг ушбу Қонунга ёки кооператив уставига зид бўлган усулларини қўллаш чоғида ёхуд бошқача тарзда етказилган зарар учун жавобгар бўлади.
Кооператив бошқаруви раиси, кооператив бошқарувининг ва кузатув кенгашининг аъзолари кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарори асосида амалга оширилган фаолият натижасида кооперативга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.
Кооператив бошқаруви раисининг ва аъзоларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
33-модда. Кооператив бошқаруви органларининг қарорлари ва кооператив мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш
Кооператив аъзолари кооператив бошқаруви органларининг, шу жумладан мансабдор шахсларининг ушбу Қонун ва кооператив устави талабларини, шунингдек кооператив аъзоларининг ҳуқуқлари ва (ёки) қонуний манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиши мумкин.
5-боб. Кооперативнинг капитали, пай бадаллари, захира жамғармаси
34-модда. Кооперативнинг ўз капиталини шакллантириш манбалари
Кооперативнинг ўз капитали қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
кооператив аъзоларининг ушбу Қонунда ва кооператив уставида назарда тутилган мажбурий пай бадаллари ва қўшимча пай бадаллари;
инвестиция киритувчи кооператив аъзоларининг мажбурий пай бадаллари ва қўшимча пай бадаллари;
кооператив фаолияти натижасида олинган йиллик соф фойданинг кооперативнинг захира, бўлинмас ва бошқа жамғармаларига ажратилиши керак бўлган қисми;
кооператив уставига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кооператив ўз капиталининг бошқа манбалари.
Кооператив кооперативнинг аъзолари томонидан ўзига пай бадаллари сифатида берилган, шунингдек ўз фаолияти жараёнида ишлаб чиқарилган ва сотиб олинган мол-мулкнинг мулкдоридир.
35-модда. Кооператив аъзоларининг пай бадаллари ва пайлари
Кооператив аъзоларининг пай бадаллари мажбурий ва қўшимча пай бадаллари тарзида киритилади.
Кооперативнинг мажбурий пай бадали кооперативнинг ҳар бир аъзоси учун тенг миқдорларда белгиланади.
Кооператив аъзоларининг қўшимча пай бадалларини киритиш мажбуриятининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади. Бунда мажбурий пай бадалини тўлиқ ҳажмда тўлаган ҳамда кооператив аъзолигига кирган даври олти ойдан кам бўлмаган кооператив аъзоларига қўшимча пай бадалини киритишга рухсат берилади.
Кооператив уставида қўшимча пай бадалининг миқдорига нисбатан чекловлар ва қўшимча шартлар белгиланиши мумкин.
Кооператив ҳар бир аъзоси умумий пай қийматининг миқдори мажбурий ва қўшимча пай бадалларининг умумий қийматига тенгдир.
Умумий пай қийматининг миқдори йиллик соф фойдадан кооперативнинг захира жамғармасига чегирма қилинган маблағлар ҳисобига кўпайиб бориши ёки йил якунларига кўра юзага келган зарар ҳисобига камайиб бориши мумкин.
Кооператив бир аъзоси умумий пай қийматининг миқдори кооператив пай фонди миқдорининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.
Қўшма кооператив бир аъзоси умумий пай қийматининг миқдори қўшма кооператив пай фондининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак.
Кооператив аъзолари томонидан киритиладиган мажбурий ва қўшимча пай бадалларининг ҳисоби уларнинг пулдаги ифодасида юритилади. Кооператив томонидан кооператив аъзосига мажбурий ва қўшимча бадалларни киритиши учун кредитлар берилиши мумкин эмас.
Кооперативга аъзо бўлиб кирган шахс пай бадали ҳисобига мулкий улушларни ва бошқа мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни киритган тақдирда пай бадалининг пулдаги қиймати кооператив бошқаруви томонидан баҳоланади ҳамда кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланади. Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарорига кўра пай бадалининг пулдаги қиймати мустақил баҳоловчи (баҳоловчи ташкилот) томонидан баҳоланиши мумкин.
Баҳоланган пай бадали қийматининг мажбурий пай бадалидан ошган қисми кооператив аъзосининг розилиги билан унинг қўшимча пай бадали ҳисобига ўтказилиши мумкин.
Биттадан ортиқ қўшимча пай бадали киритган кооператив аъзоси ўзининг бир ёки бир нечта қўшимча пай бадалини қайтариб олиши мумкин. Бунда пай бадалларини қайтариб олиш молия йилининг охирида амалга оширилади, бу кооператив аъзосининг зиммасига ўзининг пай бадалини қайтариб олиш нияти тўғрисида молия йили тугашидан камида уч ой олдин ёзма шаклда кооператив бошқарувини хабардор қилиш мажбуриятини юклайди.
Кооператив ўз аъзосига пай бадалини қайтармайди, бундан кооперативга аъзоликни тугатиш ҳоллари мустасно. Бунда кооператив пайни қайтаришни рад этишга ёки уни кооператив аъзосига тўланиши лозим бўлган тўловлар ҳисобига ўтказиб юборишга, шунингдек пай бадалини киритиш учун кооператив аъзосига кредит беришга ҳақли эмас.
36-модда. Кооперативнинг захира жамғармаси, бўлинмас жамғармаси ва бошқа жамғармалари
Захира жамғармасининг, бўлинмас жамғармасининг ва бошқа жамғармаларнинг миқдори, шунингдек уларни шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби кооператив уставида белгиланади.
Захира жамғармаси кооператив уставида белгиланган кооператив захира жамғармасининг миқдорига етгунига қадар йиллик соф фойдадан мажбурий ажратмалар, шунингдек бошқа манбалардан, агар кооператив уставида назарда тутилган бўлса, ажратмалар ҳисобидан шакллантирилади. Бунда соф фойдадан ҳар йилги мажбурий ажратмалар миқдори кооператив уставида назарда тутилади, бироқ ушбу миқдор кооператив уставида белгиланган миқдорни кооператив олгунига қадар соф фойданинг камида беш фоизини ташкил этиши керак.
Бошқа маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, кооперативнинг захира жамғармаси кооперативнинг зарарлари ўрнини қоплаш учун мўлжалланади. Кооперативнинг захира жамғармаси маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
37-модда. Кооперативнинг йиллик соф фойдасини тақсимлаш ва зарарларининг ўрнини қоплаш
Кооператив томонидан солиқлар ва йиғимлар тўлиқ тўланганидан кейин қолган йиллик соф фойдани тақсимлаш тўғрисидаги қарор кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинади, бунда йиллик соф фойда қуйидаги устувор йўналишлар бўйича тақсимланади:
кооперативнинг муддати ўтган қарзларини тўлаш;
кооперативнинг захира жамғармасига, бўлинмас жамғармасига ёки кооператив уставида назарда тутилган бошқа жамғармаларга ажратмалар қилиш;
кооператив аъзоларига уларнинг мажбурий ва қўшимча пай бадаллари бўйича тегишли бўлган дивидендларни тўлаш;
кооператив аъзоларининг кооперативнинг иқтисодий фаолиятидаги иштирокига мутаносиб равишда уларга ҳисоб-китоб тартибига ва кооператив уставида назарда тутилган шартларга мувофиқ амалга ошириладиган тўловлар.
Агар кооперативнинг йиллик соф фойдаси дивидендларни тўлаш учун фойдаланилса, дивидендлар, агар кооператив уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кооператив аъзоси томонидан мажбурий ва қўшимча пай бадаллари тўлиқ киритилгунига қадар кооператив аъзосининг пай таркибига киритилади.
Кооператив аъзоси томонидан кооперативга зарар етказилган тақдирда, унинг кооперативга етказилган зарар ҳисобига камайган пайи миқдори қайта тўлдирилгунига қадар ушбу аъзога дивиденд тўланмайди.
Кооператив аъзолари ўртасида пайлар бўйича тақсимланадиган дивидендларнинг миқдори кооператив уставида белгиланади.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган йиллик баланс ва шахсий ҳисобварақларнинг маълумотлари асосида аниқланган кооператив зарарларининг ўрни устуворлик тартибида қуйидаги тарзда қопланади:
кооперативнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан;
олдинги молия йили охиридаги кооператив аъзолари пайининг миқдорига мутаносиб равишда зарарларни кооператив аъзолари ўртасида тақсимлаш орқали. Бу ҳолда кооператив аъзолари пайининг миқдорлари мос равишда камаяди.
Кооператив аъзолари ўртасида жорий молия йилининг соф фойдаси ёки зарарлари уларнинг олдинги молия йили охиридаги пайининг миқдорига мутаносиб равишда тақсимланади. Биринчи молия йилида тақсимлаш биринчи молия йили якунларига кўра улар киритган пай бадалларининг миқдорига мутаносиб равишда амалга оширилади.
Кооперативнинг йиллик соф фойдасини тақсимлаш ёки йиллик зарарларининг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги қарор молия йили тугаганидан кейин уч ой ичида кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.
Йиллик молиявий ҳисоботларни ёки оралиқ молиявий ҳисоботларни тузиш чоғида ёки кооператив фаолиятини ўрганиш даврида кооперативнинг зарарлари миқдори кооператив аъзолари пайлари ва кооператив захира жамғармаси умумий миқдорининг эллик фоизидан ортиқни ташкил этиши аниқланган тақдирда, кооператив бошқаруви дарҳол кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақиради ва бу ҳақда уларни хабардор қилади.
38-модда. Кооператив ва унинг аъзоларининг мулкий жавобгарлиги
Кооператив ўз фаолияти билан боғлиқ мажбуриятлари бўйича ўзининг бутун мол-мулки доирасида жавобгар бўлади. Кооператив ўз аъзоларининг учинчи шахслар олдидаги мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
Кооператив аъзоси кооперативнинг мажбуриятлари бўйича ўз мол-мулки билан жавобгар бўлмайди. Кооператив аъзоси ушбу Қонунга ва кооператив уставига мувофиқ кооператив фаолиятини амалга оширишда юзага келадиган зарарлар учун ўзининг мажбурий пай бадали миқдори доирасида, шу жумладан мажбурий пай бадалининг киритилмаган қисми доирасида ҳам жавобгар бўлади.
Агар кооперативнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни юритиш жараёнида кооперативнинг мол-мулки ва захира жамғармаси маблағлари кредиторлик қарзини тўлаш учун етарли бўлмаса, агар кооператив уставида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кооператив аъзоларидан қўшимча пай бадалларини йиғиш тўғрисида кўпчилик овоз билан қарор қабул қилинади. Бу ҳолда, агар кооператив уставида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, қўшимча пай бадалларининг миқдори кооперативнинг барча аъзолари учун бир хил бўлади.
Кооператив аъзосининг айби билан етказилган зарарларнинг ўрни ушбу Қонунда, кооператив уставида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қопланади.
6-боб. Кооперативнинг фаолияти
39-модда. Кооперативнинг битимлари
Кооператив ва кооператив аъзолари ўртасидаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солиш мақсадида кооператив етиштириладиган маҳсулотларни харид қилиш, хизматлардан фойдаланиш, маҳсулотни реализация қилиш тўғрисида кооператив аъзолари билан битимлар тузади, шунингдек кооператив фаолиятининг мақсадлари доирасидаги шартномавий мажбуриятларни бажариш учун тарафларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи битимлар ва қонунчиликка мувофиқ бошқа битимлар тузади.
Агар кооперативнинг уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кооперативнинг мол-мулкини, шу жумладан асосий воситаларини сотиб олиш ёки сотиш ёхуд кооперативнинг қарзлари, шу жумладан қарз, кредит, гаров, кафиллик бўйича битимлар қуйидаги тартибда амалга оширилади:
фоизлардаги қиймати кооператив активлари умумий қийматининг ўн фоизигача бўлган битим кооператив бошқарувининг қарорига кўра тузилади;
фоизлардаги қиймати кооператив активлари умумий қийматининг ўн фоизидан йигирма фоизигача бўлган битим кооператив бошқарувининг ва кооператив кузатув кенгашининг қўшма қарорига кўра тузилади;
фоизлардаги қиймати кооператив активлари умумий қийматининг йигирма фоизидан ортиқ бўлган битим кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарорига кўра тузилади.
Юридик жиҳатдан алоҳида бўлган, аммо иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғлиқ битимларнинг қиймати биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан белгиланади.
Кооперативнинг кооператив бошқаруви раиси, кооператив бошқарувининг ёки кооператив кузатув кенгашининг аъзолари, уларнинг яқин қариндошлари ёхуд пай миқдори пай фондидан ўн фоиздан кўпроқни ташкил этадиган пай эгалари иккинчи тараф сифатида иш юритган битими манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган битим деб ҳисобланади.
Манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган битимларни тузиш тўғрисидаги қарорлар кооператив бошқарувининг ва кооператив кузатув кенгашининг қўшма йиғилишида бир овоздан қабул қилиниши ҳамда кооператив аъзолари умумий йиғилишида овозларнинг камида учдан икки қисми билан тасдиқланиши керак.
Ушбу моддада назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган битим кооперативнинг ёки кооператив аъзосининг талабига кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
40-модда. Кооперативда ҳужжатлар ва ҳисоботларни юритиш
Кооператив бухгалтерия ҳисобини ва молиявий ҳисоботларни тўғри юритиши, кооперативнинг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботларни тайёрлаши, кооператив аъзолари умумий йиғилишларининг, кооператив бошқаруви мажлисларининг ҳамда кооператив кузатув кенгаши мажлисларининг баённомаларини, кооператив аъзоларининг реестрини, шунингдек ушбу Қонунда, кооператив уставида ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ўзга ҳисоботлар ва ҳужжатларни юритиши шарт.
Кооператив бошқаруви кооперативнинг бухгалтерия, молиявий ва статистика ҳисоботларини, шунингдек кооперативнинг йил давомидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни ҳамда аудиторлик хулосасини давлат органларига қонунчиликда назарда тутилган тартибда тақдим этади.
Кооператив бошқаруви кооперативнинг бухгалтерия, молиявий ва статистика ҳисоботларидаги, кооперативнинг йил давомидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботдаги маълумотларнинг, шунингдек оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотларнинг ишончлилиги учун қонунчиликда назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.
41-модда. Кооперативнинг ижрочи директори ва ходимлари
Кооператив бошқаруви ижрочи директорни ёллашга ҳақли. Бунда кооперативнинг ижрочи директори билан меҳнат шартномаси кооператив бошқаруви номидан кооператив бошқарувининг раиси томонидан тузилади ва бекор қилинади.
Ижрочи директор кооперативнинг бошқаруви тўғрисидаги низомга, кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарорларига ва кооператив бошқарувининг қарорларига асосан кооператив ва унинг ходимлари фаолиятини кундалик бошқаришни ҳамда унга раҳбарликни амалга оширади. Ижрочи директор ўз фаолиятида кооператив бошқаруви раиси олдида ҳисобдор бўлади, зарур бўлган тақдирда эса кооперативнинг бошқаруви, кооперативнинг кузатув кенгаши ва кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши олдида ҳисоб беради.
Кооператив ўз фаолиятини самарали ташкил этиш учун ходимларни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга. Бунда ходимлар билан меҳнат шартномаси ижрочи директор томонидан кооператив бошқаруви номидан тузилади ва бекор қилинади. Агар кооперативда ижрочи директор бўлмаса, ходимлар билан меҳнат шартномалари кооператив бошқаруви раиси томонидан кооператив бошқаруви номидан тузилади ва бекор қилинади.
Кооператив, ижрочи директор ва унинг ходимлари ўртасидаги меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.
7-боб. Кооператив фаолиятининг аудиторлик текшируви
42-модда. Кооператив фаолиятининг аудити
Кооператив ўзининг молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш мақсадида мажбурий аудиторлик текширувини ўтказади, бунинг жараёнида молиявий ҳисоботнинг ва бошқа молиявий ахборотнинг, шу жумладан кооперативнинг активлари, кооперативнинг балансидаги объектлар тўғрисидаги ахборотнинг ҳамда бошқа ахборотнинг аудиторлик текшируви амалга оширилади.
Кооперативнинг мажбурий аудиторлик текшируви кооперативнинг молия йили тугаганидан кейин «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида мажбурий аудиторлик текширувини ўтказиш учун назарда тутилган муддатларда ўтказилади, аудиторлик хулосаси эса кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ўн кун олдин кооператив бошқарувига тақдим этилиши керак.
Кооперативнинг мажбурий аудиторлик текшируви аудитор ёки аудиторлик ташкилоти томонидан шартномага асосан ўтказилади.
Кооператив бошқаруви ёки кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан танланган аудитордан ёки аудиторлик ташкилотидан навбатдан ташқари аудиторлик текширувини ўтказишни исталган вақтда талаб этишга ҳақли.
Кооперативнинг аудиторлик текширувини амалга оширувчи аудиторлик ташкилоти Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритилган бўлиши керак.
Кооперативнинг аудиторлик текширувини ўтказишда аудиторлик ташкилотининг раҳбари ва аудитор «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган чекловларга риоя этиши, шу жумладан аудиторлик текшируви ўтказилишидан олдинги охирги икки молия йили ичида кооператив аъзолари ёки кооператив ходимлари, кооператив бошқарувининг раиси, кооператив бошқарувининг ёки кооператив кузатув кенгашининг аъзолари билан мулкий муносабатларга эга бўлмаслиги керак.
Аудитор ёки аудиторлик ташкилоти кооператив бошқаруви билан шартнома тузади.
Аудитор ёки аудиторлик ташкилоти кооперативнинг аудиторлик текширувини қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган аудиторлик фаолияти стандартларига мувофиқ ўтказади.
Аудитор ёки аудиторлик ташкилоти аудиторлик текшируви давомида маълум бўлиб қолган кооперативнинг тижорат сирини ошкор этишга ҳақли эмас. Аудитор ёки аудиторлик ташкилоти кооперативнинг тижорат сирини қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли ошкор этганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 46-моддаси.
Кооператив бошқаруви раиси ва кооператив бошқаруви аъзолари, кооперативнинг кузатув кенгаши, кооперативнинг ижрочи директори ва ходимлари кооперативнинг аудиторлик текширувини ўтказишда аудитор ёки аудиторлик ташкилоти томонидан сўралган маълумотларни тақдим этиши шарт.
43-модда. Кооперативларга кўрсатиладиган аудиторлик хизматларининг турлари
Аудитор ёки аудиторлик ташкилоти кооперативга қуйидаги аудиторлик хизматларини кўрсатади:
1) кооперативнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни, йиллик молиявий ҳисоботини ва балансини, активларини, объектларини ва кооператив фаолиятининг бошқа йўналишларини текширишни улар кооператив бошқаруви томонидан кооператив аъзоларининг умумий йиғилишига тасдиқлаш учун тақдим этилгунига қадар амалга оширади;
2) кооперативнинг уставида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ кооперативнинг молия-хўжалик фаолиятини, пул маблағларидан мақсадли фойдаланилишини ва кооперативнинг мол-мулкидан фойдаланилишини таҳлил қилади;
3) кооператив кузатув кенгашининг раисини молиявий ҳисоботдаги аудиторлик текшируви давомида аниқланган камчиликлар ва у билан боғлиқ молиявий ахборот тўғрисида хабардор қилади;
4) қуйидагиларни ўз ичига олган аудиторлик хулосасини тақдим этади:
кооперативнинг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботда, йиллик молиявий ҳисоботда, балансда ва кооперативнинг бошқа ҳужжатларида тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини баҳолашни;
бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишлари ёки коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида яққол гувоҳлик берувчи фактлар тўғрисидаги ахборотни;
қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш бўйича тавсияларни;
5) кооперативнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва унинг молия-хўжалик фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдим этиш.
44-модда. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан аудиторлик хулосасини кўриб чиқиш
Кооператив аъзоларининг навбатдаги умумий йиғилишида кооператив бошқаруви аудиторлик хулосасини кўриб чиқишга бағишланган йиғилишнинг кун тартибини эълон қилади.
Кооперативнинг кузатув кенгаши аудиторлик хулосаси бўйича асосий хулосалар ва эътирозларни тақдим этади. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этаётган кооператив аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинган қарор мавжуд бўлганда аудиторлик хулосаси қисман ёки тўлиқ ўқиб берилади.
Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида аудиторлик хулосасини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этаётган кооператив аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Аудитор кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этади.
8-боб. Кооперативлар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
45-модда. Давлатнинг кооперативларга нисбатан асосий вазифалари
Давлат республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари учун масъул бўлган жамоат бирлашмалари орқали кооперативларга тааллуқли бўлган қуйидаги вазифаларни бажаради:
аграр-иқтисодий сиёсат ёрдамида кооперативлар фаолияти учун қулай муҳитни таъминлаш;
кооперативларнинг самарали фаолияти ва ривожланиши учун амалий чоралар кўриш ва қулай шарт-шароитлар яратиш;
кооперативлар фаолиятини рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш;
давлат томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилаётган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш;
банк кредитларидан ва бошқа молиявий ресурслардан фойдаланишда кооперативларга кўмаклашиш;
кооперативларни иқтисодий, социал, ҳудудий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш учун уларнинг нисбий афзалликларини ҳисобга оладиган ҳамда кооператив аъзосининг кооперативнинг йиллик соф фойдасидан ушлаб қолинган даромадларига қайта солиқ солишнинг олдини оладиган солиқ тўғрисидаги қонунчилик нормаларини амалга ошириш;
кооперативларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун тегишли миллий ва халқаро давлат ташкилотлари ҳамда хусусий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;
кооперативларни кооперативлар ассоциациясига бирлаштиришга кўмаклашиш;
кооперативлар фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ бошқа вазифаларни ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бажариш.
46-модда. Кооперативлар фаолиятининг кафолатлари
Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар кооперативнинг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.
Кооперативга етказилган ҳақиқий зарарларнинг ўрни, шу жумладан бой берилган фойда ушбу зарарларни етказган шахс томонидан тўлиқ қопланиши керак.
Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилинганлиги, шунингдек улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида кооперативга етказилган зарарларнинг ўрни давлат ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қопланиши лозим. Бундай зарарларнинг ўрни давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг маблағлари ҳисобидан қопланади. Суднинг қарори билан зарарларнинг ўрнини қоплаш зарар етказган давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахслари зиммасига юклатилиши мумкин.
9-боб. Кооперативни қайта ташкил этиш ва тугатиш
47-модда. Кооперативни қайта ташкил этиш
Кооперативни қайта ташкил этиш қонунчиликда ва кооператив уставида белгиланган тартибда қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш шаклида амалга оширилади.
Кооператив кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига кўра қайта ташкил этилиши мумкин.
Кооперативни қайта ташкил этиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
кооперативни бир ёки бир нечта бошқа кооперативлар билан янги кооперативга қўшиб юбориш, бунда кооперативларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари топшириш далолатномасида кўрсатилгани ёки кўрсатилмаганидан қатъи назар, янгидан вужудга келган кооперативга ўтади;
кооперативни бошқа кооперативга қўшиб олиш, бунда топшириш далолатномасида кўрсатилгани ёки кўрсатилмаганидан қатъи назар, қўшиб олинган кооперативнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари уни ўзига қўшиб олаётган кооперативга ўтади;
кооперативни икки ёки ундан ортиқ янги кооперативларга бўлиш, бунда тақсимлаш балансига мувофиқ кооперативнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари янгидан вужудга келган кооперативларга ўтади;
кооператив таркибидан унинг бир қисмини ёки бир нечта кооперативларнинг бир қисмини ажратиб чиқариш, бунда қайта ташкил этилган кооперативнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тақсимлаш балансига мувофиқ уларнинг ҳар бирига ўтади;
бир турдаги кооперативни бошқа турдаги юридик шахс этиб ўзгартириш (ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш), бунда қайта ташкил этилган кооперативнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари топшириш далолатномасида кўрсатилгани ёки кўрсатилмаганидан қатъи назар, янгидан вужудга келган юридик шахсга ўтади.
Кооперативни қайта ташкил этиш, кооперативнинг қарзларини тўлаш ҳамда кооперативнинг қолган активларини кооператив аъзолари ўртасида тақсимлаш тартиби ва шартлари кооперативнинг уставида белгиланади.
Кооперативни қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарор кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кооператив аъзолари умумий сонининг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Кооперативни қайта ташкил этишда унинг уставига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади, улар давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
48-модда. Кооперативни тугатиш турлари
Кооперативни тугатиш унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтказмасдан тугатишга олиб келади.
Кооперативни тугатиш қуйидагилар орқали амалга оширилади:
кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига кўра ихтиёрий равишда тугатиш;
уни суд тартибида банкрот деб топиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида назарда тутилган ҳолларда суднинг қарорига асосан тугатиш;
уни Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмайдиган тадбиркорлик субъектлари реестридан чиқариш.
49-модда. Кооперативни тугатиш учун асослар
Кооператив қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:
кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ, шу жумладан кооперативнинг амал қилиш муддати тугаганлиги, уни ташкил этиш мақсадига эришилганлиги муносабати билан ёхуд кооперативни ташкил этиш чоғида қонун бузилганлиги муносабати билан, агар бунда қоидабузарликларни бартараф этиш мумкин бўлмаса, кооперативни давлат рўйхатидан ўтказиш суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилганда;
фаолият лицензиясиз, рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатсиз ва ваколатли органни хабардор қилмасдан амалга оширилган ёхуд қонун билан тақиқланган фаолият амалга оширилган тақдирда, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда;
ҳаракатсизлик режимига ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаган тақдирда;
кооператив банкрот деб топилган тақдирда;
агар кооператив аъзоларининг сони еттита кооператив аъзосидан кам бўлса ёки қўшма кооператив аъзоларининг сони учта қўшма кооператив аъзоларидан кам бўлса;
агар кооператив аъзоларининг йиллик умумий йиғилиши кетма-кет уч молия йили ичида чақирилмаган бўлса;
кооперативнинг тўловга қобилиятсизлиги туфайли;
қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Кооператив тугатилиши муносабати билан унинг фаолиятини тугатиш ушбу Қонуннинг 51-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
50-модда. Кооперативнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини ҳақиқий эмас деб топиш
Кооперативни давлат рўйхатидан ўтказиш уни ташкил этиш чоғида йўл қўйилган қонунчилик бузилишлари муносабати билан, агар ушбу қоидабузарликлар бартараф этиб бўлмайдиган хусусиятга эга бўлса, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Кооперативнинг ҳар қандай аъзоси, кооператив бошқарувининг ёки кооператив кузатув кенгашининг аъзоси кооперативни давлат рўйхатидан ўтказишни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.
Кооператив уставини ишлаб чиқиш билан боғлиқ ҳар қандай камчиликлар кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарори билан мазкур уставга ушбу Қонунда белгиланган тартибда тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали бартараф этилиши мумкин.
Давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳақиқий эмас деб топилган кооператив фаолиятини тугатиш ушбу Қонуннинг 51-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
51-модда. Кооперативни тугатиш тартиби
Кооперативни ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ёки бошқа ваколатли орган томонидан қабул қилинади.
Кооперативни ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида давлат хизматлари марказига юборилади.
Кооператив бошқаруви кооператив аъзолари умумий йиғилишининг ёки ваколатли органнинг топшириғига кўра тугатувчини — тугатиш комиссиясини тайинлайди ҳамда тугатиш тартиби ва муддатини Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ белгилайди.
Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг аризасига кўра суднинг кооперативни тугатиш тўғрисидаги қарори билан кооператив бошқарувининг ёки кооператив уставида кооперативни тугатишга ваколат берилган бошқа органнинг зиммасига кооперативни тугатиш вазифаси юклатилиши мумкин.
Кооперативни ихтиёрий равишда тугатиш жараёни тугатиш комиссияси томонидан амалга оширилади. Тугатиш комиссияси аъзолари тўғрисидаги маълумотлар кооперативни ихтиёрий тугатиш ҳақида давлат хизматлари марказига юборилган қарорда кўрсатилади.
Тугатиш комиссияси кредиторларни аниқлаш ва уларни кооперативни тугатиш тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилиш чораларини кўради.
Тугатиш комиссияси тайинланган пайтдан эътиборан кооператив ишларини бошқариш ваколатлари ушбу комиссияга ўтади. Тугатиш комиссияси судда тугатилаётган кооператив номидан даъвогар ёки жавобгар сифатида иш юритади.
Тугатиш комиссияси тадбиркорлик фаолиятини якунлаш бўйича тегишли чораларни кўради, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажаради.
Тугатиш комиссияси кооперативнинг расмий ҳужжатларидаги кооператив номига «тугатилаётган» деган сўзни қўшади ва унинг номидан имзо қўяди.
Кооперативни тугатиш, шунингдек унинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ бошқа ваколатлар, вазифалар, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва ўзга шартлар қонунчиликда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
52-модда. Кооперативнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш
Агар кооператив аъзолари чекланган миқдорда қўшимча пай бадалларини киритиш мажбуриятига эга бўлса ва ушбу тўловларни киритиш имконияти мавжуд бўлмаса ёхуд агар кооператив тугатилаётган бўлса, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш жараёнида ундирув кооперативнинг мол-мулкига қаратилиши мумкин.
Тўловга қобилиятсизлик белгилари мавжуд бўлган тақдирда, кооперативнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза кооператив бошқаруви томонидан судга берилади, кооператив тугатилаётганда кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қаноатлантириш имконияти бўлмаган тақдирда эса кооперативга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан тугатиш комиссияси судга мурожаат қилади.
Кооператив суд томонидан тўловга қобилиятсиз деб топилган пайтдан эътиборан кооператив бошқаруви кооперативнинг мол-мулкини тасарруф этишга ҳақли эмас.
Кооперативнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш чоғида тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини қўллаш тартиби «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.
53-модда. Кооперативни тугатиш ва кооперативнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни суд томонидан кўриб чиқиш даврида кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Кооператив тугатилаётган ва суд томонидан кооперативнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётган даврда кооператив аъзоларининг мажбурий пай бадаллари миқдорини оширишга ёки кооператив аъзоларининг қўшимча бадаллар бўйича мажбуриятлари чегараларини оширишга йўл қўйилмайди.
Кооператив кредиторларининг талаблари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қаноатлантирилади.
Кооператив тугатилаётган ва суд томонидан унинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётган даврда кооперативнинг мол-мулки кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун етарли бўлмаган тақдирда, кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши овозларнинг тўртдан уч қисмидан иборат бўлган кўпчилик овоз билан мажбурий пай бадалини тўлиқ ҳажмда киритмаган кооператив аъзоларининг зиммасига пай бадалининг камомадни қоплаш учун зарур бўлган қолган қисмини белгиланган муддат ичида киритиш мажбуриятини юклаши мумкин. Тугатиш балансини тузишда мажбурий пай бадаллари тўлиқ тўланган деб ҳисобга олинади.
Кооперативнинг мол-мулки кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун етарли бўлмаган тақдирда, кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши овозларнинг тўртдан уч қисмидан иборат бўлган кўпчилик овоз билан кооператив аъзоларининг зиммасига камомадни қоплаш учун зарур бўлган миқдордаги қўшимча пай бадалларини ўз қўшимча пай бадалларининг умумий суммасига мутаносиб равишда киритиш мажбуриятини юклаши мумкин, бунда қўшимча пай бадаллари пай бадаллари миқдоридан ошмаслиги керак. Мазкур қоида, агар кооператив уставида кооперативнинг мол-мулки кредиторлар талабларини қаноатлантириш учун етарли бўлмаган ҳолларда, кооператив аъзолари кооператив тугатилаётган даврда қўшимча пай бадалларини киритмаслиги кераклиги белгиланган бўлса, қўлланилмайди.
Агар тугатилаётган кооперативнинг пул маблағлари кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, тугатиш комиссияси кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш мақсадида кооперативнинг мол-мулкини қонунчиликда белгиланган тартибда очиқ савдоларда сотишни амалга оширади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисида низом.
Кооперативнинг мол-мулки кредиторларнинг барча талаблари қаноатлантирилгунига ёки қоплангунига қадар, шунингдек кредиторлар кооператив тугатилганлиги тўғрисида хабардор қилинган кундан эътиборан бир йил ўтгунига қадар унинг аъзолари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.
Кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш жараёни тугаганидан кейин кооперативнинг қолган мол-мулки кооператив аъзолари ўртасида уларнинг пай бадалларининг энг кўп сони миқдорида тақсимланади. Биринчи навбатда қўшимча пай бадалларини қўшган кооператив аъзоларига улар қўшган қўшимча пай бадаллари миқдорига мутаносиб равишдаги маблағлар қайтарилади. Кооператив мол-мулкининг қолган қисми кооператив аъзолари ўртасида тенг тақсимланади. Кооператив уставида кооперативнинг мол-мулкини кооператив аъзолари ўртасида тақсимлашга доир тақиқ ёки бошқа шартлар назарда тутилиши мумкин.
Кооперативни тугатиш ва кооперативнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни суд кўриб чиқиш даврида кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли бошқа масалалар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
10-боб. Якунловчи қоидалар
54-модда. Кооперативларнинг бирлашиши
Кооперативлар умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида кооперативлар уюшмаларига бирлашиши мумкин.
Кооперативлар уюшмаларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши тартиби «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.
55-модда. Низоларни ҳал этиш
Кооперативнинг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши, тугатилиши, шунингдек кооперативнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳақиқий эмас деб топиш чоғида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
56-модда. Кооператив тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Кооператив тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг X боби.
57-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1. Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 14 июнда қабул қилинган «Кооперация тўғрисида»ги 295-XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 йил, № 8, 193-модда; 1994 йил, № 2, 52-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 9, 181-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 6, 300-модда; 2019 йил, № 5, 267-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 2, 76-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 5-модда 1-бандининг биринчи хатбошиси «матлубот кооперативида (жамиятида)» деган сўзлардан кейин «ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативида» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
номидаги «(ширкатлари)» деган сўз чиқариб ташлансин;
матнидаги «(ширкати)» деган сўз чиқариб ташлансин;
номидаги «(ширкатларининг)» деган сўз чиқариб ташлансин;
матнидаги «(ширкатлари)» деган сўз чиқариб ташлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 июлдаги ЎРҚ-1076-сонли Қонунига асосан 57-модда биринчи қисми 2-бандининг чиқарилиш санаси 2025 йил 31 октябрь — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.07.2025 й., 03/25/1076/0672-сон)
3. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова, № 11-12; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 9, 229-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 182-модда; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 154-модда, № 9, 494, 498-моддалар; 2007 йил, № 1, 3, 5-моддалар, № 4, 156, 164-моддалар, № 8, 367-модда, № 9, 416-модда, № 12, 598, 608-моддалар; 2008 йил, № 4, 192-модда, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 9, 337-модда; 2010 йил, № 9, 335, 337, 340-моддалар; 2011 йил, № 12/2, 363, 364, 365-моддалар; 2012 йил, № 4, 106, 109-моддалар, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда, № 12, 343-модда; 2015 йил, № 8, 310, 312-моддалар; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 9, 510-модда, № 12, 773-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 224-модда, № 7, 433-модда, № 10, 673-модда; 2019 йил, № 3, 161, 166-моддалар, № 5, 267-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880, 886-моддалар; 2020 йил, № 1, 3, 4-моддалар, № 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 8, 801-модда, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 217, 218-моддалар, № 4, 340-модда, № 5, 464-модда, № 6, 570, 577-моддалар, № 11, 1061, 1062-моддалар; 2023 йил, № 10, 795-модда, № 11, 921-модда; 2024 йил, № 2, 111, 114-моддалар, № 6, 530-модда) 69-моддаси қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этиладиган ва ишлаб чиқариш кооперативининг шакли бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативи қўшма қишлоқ хўжалиги кооперативи шаклида ҳам ташкил этилиши мумкин».
4. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5-6, 82-модда; 2003 йил, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 5, 90-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 12, 608-модда; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 12, 472-модда; 2011 йил, № 1, 1-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 1-модда, № 4, 224-модда, № 7, 432-модда, № 12, 781-модда; 2019 йил, № 1, 1-модда, № 3, 161-модда, № 4, 199-модда, № 8, 469-модда, № 11, 792-модда; 2020 йил, № 9, 540-модда; 2021 йил, № 1, 3-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда; 2022 йил, № 6, 570, 577-моддалар; 2023 йил, № 10, 795-модда, № 11, 919-модда; 2024 йил, № 7, 629-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
номидаги «(ширкат хўжаликларига)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қишлоқ хўжалиги кооперативи — қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун пай усулига, жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашишига асосланган мустақил тижорат ташкилоти»;
иккинчи қисми чиқариб ташлансин;
учинчи — еттинчи қисмлари тегишинча иккинчи — олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
учинчи қисмидаги «(ширкат хўжаликларига)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
тўртинчи қисмидаги «(ширкат хўжаликларига)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
бешинчи қисмининг биринчи ва иккинчи жумлалари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалиги кооперативларига, қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига электрон онлайн-аукцион орқали берилади. Ер участкасининг ижара шартномаси қишлоқ хўжалиги кооперативи раиси, бошқа қишлоқ хўжалиги корхонаси, муассасаси, ташкилоти раҳбари билан туман ҳокими ўртасида тузилади»;
олтинчи қисмидаги «(ширкат хўжаликлари)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
биринчи қисмидаги «(ширкат хўжаликлари)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
иккинчи қисмидаги «(ширкат хўжаликлари)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
учинчи қисмидаги «(ширкат хўжалиги)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Оила (жамоа) пудрати шартномаси ҳар йили қишлоқ хўжалиги кооперативи, бошқа жамоа қишлоқ хўжалиги корхонаси бошқарув органлари орқали шу кооператив, жамоа корхонаси билан ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларининг иш берувчиси (маъмурияти) билан оила бошлиғи (жамоанинг ваколат берилган вакили) ўртасида тузилади»;
тўққизинчи қисмидаги «(ширкат хўжалиги)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
3) 52-модданинг матнидаги «(ширкат хўжалиги)» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
5. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 25 февралда қабул қилинган «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги ЎРҚ-677-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 2, 146-модда; 2022 йил, № 3, 216, 217-моддалар, № 4, 340-модда; 2023 йил, № 1, 2-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 105-модда) 35-моддасининг биринчи қисмига қуйидаги қўшимча ва ўзгартириш киритилсин:
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«қишлоқ хўжалиги кооперативлари»;
бешинчи — тўққизинчи хатбошилар тегишинча олтинчи — ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги 600-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5-6, 84-модда);
2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги 601-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5-6, 85-модда);
3) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 535-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9-10, 149-модда) XX бўлими;
4) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 12 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 568-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 1-2, 18-модда) XIX бўлими;
5) Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган «Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-197-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 12, 640-модда) 20-моддаси;
6) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 25 декабрда қабул қилинган «Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-240-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, № 12, 472-модда) 7-моддаси;
7) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 29 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-345-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 12, 336-модда) 8-моддаси;
8) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартда қабул қилинган «Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-531-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 3, 166-модда) 6-моддаси;
9) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 89-моддаси;
10) Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 29 июнда қабул қилинган «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-782-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 6, 577-модда) 6-моддаси;
11) Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-896-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 1, 5-модда) 5-моддаси;
12) Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 февралда қабул қилинган «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-911-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 2, 111-модда) 9-моддаси.
58-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
59-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
60-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 8 ноябрь,
ЎРҚ-995-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.11.2024 й., 03/24/995/0908-сон; 30.07.2025 й., 03/25/1076/0672-сон)