1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.02.00.00 Фан / 13.02.04.00 Илмий ходимлар, илмий муассасалар мутахассислари (мақом, аттестация, илмий даража ва унвонлар)]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Фан ва илмий фаолият]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг
Қарори
Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 17 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2764]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсати қарор қилади:
1. Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2013 йил 31 январдаги 195/6-сон «Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2442, 2013 йил 25 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 13-сон, 168-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Олий аттестация комиссияси раиси А. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 28 январь,
220/2-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2016 йил 28 январдаги 220/2-сон қарорига ИЛОВА
Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ малакавий имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
1. Фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқотларини олиб бораётган изланувчилар (бундан буён матнда изланувчи деб юритилади) қуйидагилардан малакавий имтиҳонларни топширади:
Ўзбекистоннинг энг янги тарихи;
диссертация мавзусига мувофиқ ихтисослик;
чет тили (инглиз, француз ёки немис тили).
Диссертацияни бажариш учун бошқа чет тилини билиш талаб қилинадиган ҳолларда, чет тилидан малакавий имтиҳон иш бажарилаётган муассасанинг тақдимномаси асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (бундан буён матнда ОАК деб юритилади) билан келишилган ҳолда тақдимномада кўрсатилган чет тилидан топширилади.
2. Изланувчилар тегишли фан тармоғидан келиб чиқиб, қўшимча равишда қуйидаги малакавий имтиҳонларни топширади:
ижтимоий-гуманитар фанлар соҳалари — Мустақиллик мафкураси ҳамда демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асослари фанидан (бундан буён матнда махсус фан деб юритилади);
аниқ ва табиий фанлар соҳалари — Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани саволлари таркибида махсус фандан;
изланувчининг олий маълумоти соҳаси диссертация ёқланаётган фан тармоғидан фарқ қилган ҳолларда, ОАК томонидан белгиланган мутахассисликдан (ихтисосликдан);
чет тиллари бўйича филология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун иккинчи чет тили фанидан.
Бакалавр даражасига ёки олий маълумотли мутахассис дипломига эга бўлган изланувчилар малакавий имтиҳонлардан ташқари тегишли фан соҳасининг асосий мазмуни ҳамда умумметодологик ва назарий муаммоларини қамраб оладиган мутахассисликдан, олий маълумотли ҳарбий мутахассис дипломига эга бўлган изланувчилар ҳарбий фанлар доктори илмий даражасини олиш учун тегишли олий ҳарбий таълим ўқув дастурларига мувофиқ мутахассисликдан ҳам қўшимча малакавий имтиҳон топширади.
4. Малакавий имтиҳонлар етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ҳамда ОАК томонидан маъқулланган дастурлар асосида, қўшимча малакавий имтиҳонлар эса, тегишли магистратура мутахассислиги ўқув дастурлари асосида топширилади.
5. Ихтисослик бўйича малакавий имтиҳон — диссертация ҳимояси ўтказиладиган фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассасада, қўшимча малакавий имтиҳон(лар) — изланувчининг диссертацияси йўналиши (ихтисослиги) бўйича магистратура мавжуд бўлган олий таълим муассасаларида ўтказилади.
Олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасалари (бундан буён матнда муассаса деб юритилади) раҳбариятига ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасада, вазирлик ва идоралар раҳбариятига ўзлари раҳбарлик қилаётган ташкилот тизимидаги муассасаларда малакавий имтиҳонларни топширишига рухсат этилмайди. Бунда ОАК томонидан муассаса раҳбарияти ёки вазирлик ва идоралар раҳбариятининг мурожаатига асосан, улар малакавий имтиҳонларни топшириши мумкин бўлган муассасалар (малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган муассасалар орасидан) белгилаб берилади.
6. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқини олиш учун тегишли йўналишда олий ўқув юртидан кейинги таълим ташкил этилган, ўқув-ташкилий ёки илмий-ташкилий тузилмалари мавжуд ҳамда илмий, илмий-педагогик салоҳиятга, шунингдек етарли моддий-техник базага эга бўлган муассасалар томонидан тегишли фан (ихтисослик) кўрсатилган ҳолда ОАКга мурожаат қилинади.
Муассаса мурожаатини ОАК Раёсатининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқиш натижаларига кўра, ОАК Раёсати томонидан муассасага малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда, муассасага малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқи берилади.
Малакавий имтиҳон(лар)ни қабул қилиш ҳуқуқи берилган муассасалар рўйхати ОАКнинг расмий веб-сайти ва «ОАК Бюллетени»нинг навбатдаги сонида ОАК Раёсатининг муассасага малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги қарори реквизитлари кўрсатилган ҳолда эълон қилинади. Муассасалар рўйхати ОАКнинг расмий веб-сайтида эълон қилингандан сўнг, тегишли муассасалар икки иш куни ичида бу ҳақда хабардор қилинади.
7. Муассасалар малакавий имтиҳон(лар)ни қабул қилиш ҳуқуқи берилганлиги ҳақида ОАК томонидан хабардор қилингандан сўнг, мазкур муассасада бир ой ичида муассаса раҳбарининг буйруғи билан ОАК билан келишилган ҳолда икки йил муддатга малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) тузилади.
Комиссия илмий даражага эга бўлган беш — етти нафар аъзодан, жумладан тегишли фан тармоғи бўйича фан доктори илмий даражасига ёки профессор илмий унвонига эга фан номзоди бўлган раисдан иборат бўлади. Бунда комиссия аъзоларининг камида икки нафари фан доктори бўлиши лозим.
Чет тили бўйича комиссия тегишли мутахассислар орасидан беш — етти нафар аъзодан иборат таркибда тузилади. Бунда аъзолардан камида икки нафари фан доктори ёки профессор илмий унвонига эга бўлган фан номзоди бўлиши керак.
Комиссия, агар унинг ишида комиссия аъзоларининг камида ярмидан ортиғи иштирок этаётган бўлса, имтиҳон қабул қилишга ҳақли.
8. Махсус фан бўйича малакавий имтиҳон комиссияси тўққиз — ўн бир нафар фан доктори ёки профессор илмий унвонига эга фан номзодлари орасидан раис, котиб ва аъзолардан иборат таркибда шакллантирилади. Махсус фан бўйича малакавий имтиҳон комиссияси, агар унинг ишида комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса, имтиҳон қабул қилишга ҳақли.
9. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш сессия шаклида февраль, май, ноябрь ва декабрь ойларида белгиланган режа асосида ўтказилади, мазкур Низомнинг 23-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Малакавий имтиҳонларни топшириш учун изланувчиларнинг диссертация мавзулари ОАКда рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак. Диссертация мавзулари ОАКда рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, улар ОАКнинг расмий веб-сайти ва «ОАК Бюллетени»да эълон қилинади.
10. Имтиҳон топширувчилар рўйхати муассаса раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади ва унда малакавий имтиҳон ўтказиш жойи ва вақти кўрсатилиши керак.
Мазкур буйруқ матни (унинг реквизитлари кўрсатилган ҳолда) у имзолангандан сўнг бир иш куни ичида муассасанинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим.
Бошқа ташкилотлар имтиҳон топширувчилар рўйхатига номзод киритиш учун малакавий имтиҳонлар ўтказиладиган муассасага номзодларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхасини илова қилган ҳолда малакавий имтиҳонларни қабул қилишнинг навбатдаги сессияси ўтказиладиган ойдан олдинги ойнинг 20-санасигача ёзма равишда мурожаат қилади. Мурожаатда номзоднинг мавзуси ОАКда рўйхатдан ўтказилганлиги ва номзод билан боғланишнинг алоқа воситалари (телефон рақами, электрон почта манзили ва ҳоказо) ҳақидаги маълумотлар аниқ ва тўлиқ акс эттирилиши лозим.
Мазкур мурожаатга асосан номзодлар муассаса томонидан имтиҳон топширувчилар рўйхатига киритилади.
11. Имтиҳон топширувчилар малакавий имтиҳонларга ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида киритилади.
12. Малакавий имтиҳонлар ўтказилишидан камида беш кун олдин малакавий имтиҳонларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар ОАКга юборилади.
13. Малакавий имтиҳонларда муассаса ҳузуридаги фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш (агар мавжуд бўлса) аъзолари, муассаса раҳбарияти ва тегишли вазирлик ёки идора ёхуд ОАК вакиллари иштирок этишлари мумкин.
14. Малакавий имтиҳон ёзма ва оғзаки шаклда ўтказилади. Ёзма шаклда жавоб тайёрлаш учун махсус белги қўйилган имтиҳон варақалари муассасалар томонидан аввалдан тайёрлаб қўйилади. Имтиҳон варақалари уч ой давомида малакавий имтиҳон(лар) ўтказилган муассасада сақланади ва уч ойдан сўнг далолатнома асосида йўқ қилинади.
Имтиҳон топширувчилар саволларга комиссия аъзолари олдида жавоб беради. Комиссия аъзолари томонидан имтиҳон топширувчиларга имтиҳон қабул қилинаётган предмет бўйича қўшимча саволлар берилиши мумкин. Комиссия аъзолари балл қўйишда мустақилдир.
Комиссия аъзолари қўйган баллари тўғрисида комиссия раисига маълум қилади ва комиссия раиси томонидан ўртача умумий балл чиқарилади.
15. Изланувчининг билим даражаси 100 баллик тизимда қуйидагича баҳоланади:
86 баллдан 100 баллгача — аъло;
71 баллдан 86 баллгача — яхши;
55 баллдан 71 баллгача — қониқарли;
0 баллдан 55 баллгача — қониқарсиз.
16. Махсус фан бўйича малакавий имтиҳон саволлари қуйидаги йўналишда тузилади:
биринчи савол — имтиҳон топширувчи фаолият кўрсатаётган соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти бўйича;
иккинчи савол — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегияси ва методологиясига имтиҳон топширувчи олиб бораётган илмий изланишлар ёки касбий фаолиятига мувофиқлиги бўйича;
учинчи савол — махсус фан дастури бўйича эркин савол.
Махсус фан бўйича малакавий имтиҳон натижаси имтиҳонда иштирок этаётган комиссия аъзоларининг учдан икки қисмининг овози билан «ўтди» ёки «ўтмади» тарзида баҳоланади. Овоз бериш очиқ ва ошкора амалга оширилади.
17. Муассасалар томонидан малакавий имтиҳонларни ўтказиш жараёнлари видеотасвирга олиниши мумкин. Видеотасвирлар уч ой давомида малакавий имтиҳон(лар) ўтказилган муассасада сақланади ва уч ойдан сўнг далолатнома асосида йўқ қилинади.
18. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш баённомаси ҳар бир имтиҳон топширувчи ва унга берилган имтиҳон саволлари алоҳида кўрсатилган ҳолда тўлдирилади. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш баённомаси унда иштирок этган комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва муассаса раҳбари томонидан тасдиқланади.
19. Малакавий имтиҳонларни муваффақиятли топширган изланувчиларга ўн кун ичида мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклдаги гувоҳнома берилади. Гувоҳнома комиссия раиси ва ташкилот раҳбари томонидан имзоланади.
20. Малакавий имтиҳонларни ташкил қилиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар (имтиҳон варақалари ва видеотасвирлар бундан мустасно) имтиҳон ўтказилгандан кейин уч ой давомида имтиҳон ўтказилган муассасада сақланади ҳамда уч ойдан сўнг белгиланган тартибда муассаса архивига топширилади.
21. Малакавий имтиҳонларнинг белгиланган талаблар асосида ўтказилмаганлиги ҳолати бўйича икки ой ичида ОАКга шикоят қилиниши мумкин. ОАК томонидан шикоятни ўрганиш натижасида малакавий имтиҳонларнинг белгиланган талаблар асосида ўтказилмаганлиги тасдиқланган тақдирда, малакавий имтиҳон хулосалари ОАК Раёсатининг қарорига асосан бекор қилинади.
22. Имтиҳон топширувчи узрли сабабга кўра имтиҳон(лар)га келмаган ва узрли сабабни тасдиқловчи ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда, муассаса раҳбарининг ёзма рухсати асосида жорий сессия давомида малакавий имтиҳонларни топшириш ҳуқуқига эга. Бунда муассаса раҳбари тегишли имтиҳон топширувчилар рўйхатига ўзгартириш киритади ва ОАКни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.
23. Малакавий имтиҳонлар бир сессия давомида такроран ёки малакавий имтиҳонларни қабул қилиш сессиясидан ташқари даврда топширилиши мумкин. Бунда имтиҳон топширувчи сабабини (агар мавжуд бўлса, асословчи ҳужжатлар ҳам илова қилинади) кўрсатган ҳолда ОАКга мурожаат қилади. Мурожаатни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқиш натижаси ижобий бўлган тақдирда, бу ҳақда мурожаат қилган шахсга ва у имтиҳон топширадиган муассаса(лар)га ОАК томонидан маълум қилинади.
24. Муассасалар ҳар бир сессиядан сўнг, сессия тамом бўлгандан кейин беш иш куни ичида малакавий имтиҳон(лар)ни ўтказиш натижалари тўғрисидаги маълумотни ва ҳар йили 10 январгача эса, йиллик таҳлилий маълумотни электрон шаклда ОАКга тақдим этади.
28. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ва Давлат тест маркази билан келишилган.
Маданият ва спорт ишлари вазири Б. АХМЕДОВ
2016 йил 22 январь.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. ВАҲАБОВ
2016 йил 22 январь.
Соғлиқни сақлаш вазири А. АЛИМОВ
2016 йил 21 январь.
Халқ таълими вазири У. ИНОЯТОВ
2016 йил 20 январь.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Ш. ТЕШАЕВ
2016 йил 20 январь.
Ташқи ишлар вазири А. КАМИЛОВ
2016 йил 19 январь.
Фанлар академияси президенти Ш. САЛИХОВ
2016 йил 18 январь.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси раиси Ш. САЛИХОВ
2016 йил 18 январь.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Ж. ИСМАИЛОВ
2016 йил 18 январь.
Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА