ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ОЛИЙ АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯСИ РАЁСАТИНИНГ
Қарори
Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 25 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2442]
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2016 йил 28 январдаги 220/2-сонли «Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 2764, 17.02.2016 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 30-сон, 346-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 1-сон, 5-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсати қарор қилади:
1. Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2004 йил 25 мартдаги 103/5-сон «Номзодлик имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1356, 2004 йил 18 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 20-сон, 238-модда);
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2010 йил 25 мартдаги 163/13-сон «Номзодлик имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1356-1, 2010 йил 13 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 14-15-сон, 117-модда).
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Г. БАХАДИРОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 31 январь,
195/6-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2013 йил 31 январдаги 195/6-сон қарорига ИЛОВА
Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 30-сон, 346-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 1-сон, 5-модда) мувофиқ малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартибини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар
1. Малакавий имтиҳонлар фан доктори илмий даражасини олиш учун талабгорлар (бундан буён матнда талабгорлар деб юритилади) томонидан малакавий имтиҳонлар ўтказиладиган ташкилотларда (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) топширилади.
2. Талабгорлар учун малакавий имтиҳонлар Ўзбекистоннинг энг янги тарихи, чет тили ва диссертация мавзусига мувофиқ ихтисослик фанларидан, шунингдек мазкур Низомнинг 4 ва 6-бандларида белгиланган бошқа фанлардан ўтказилади.
Малакавий имтиҳонлар етакчи олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (бундан буён матнда ОАК деб юритилади) томонидан тасдиқланган дастурлар асосида топширилади.
3. Хорижий фуқаролар учун малакавий имтиҳонлар фақат диссертация мавзусига мувофиқ ихтисослик фанидан ўтказилади.
4. Талабгорлар тегишли фан соҳалари бўйича қўшимча равишда қуйидаги малакавий имтиҳонларни топширади:
ижтимоий-гуманитар ва иқтисодиёт фанлари соҳалари бўйича — мустақиллик мафкураси ҳамда демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асосларидан;
аниқ ва табиий фанлар соҳалари бўйича — Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани саволлари таркибида мустақиллик мафкураси ҳамда демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асосларидан;
аниқ ва табиий фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт ва педагогика фанлари соҳалари бўйича — математик моделлаштириш ва математик статистика асосларидан;
иқтисодиёт фани соҳаси бўйича — иқтисодиёт назариясидан;
педагогика фани соҳаси бўйича — умумий педагогика, педагогика ва таълим тарихидан.
5. Чет тили сифатида инглиз, француз ёки немис тилидан малакавий имтиҳон топширилиши мумкин. Диссертацияни бажариш учун бошқа чет тилини билиш талаб қилинадиган ҳолларда, малакавий имтиҳон ОАК билан келишилган ҳолда мазкур тилдан топширилиши мумкин.
Чет тили соҳалари бўйича филология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун талабгорлар иккинчи чет тили фанидан малакавий имтиҳон топширадилар.
6. Бакалавр даражасига ёки олий маълумотли мутахассис дипломига эга бўлган талабгорлар малакавий имтиҳонлардан ташқари ушбу фан йўналишининг асосий мазмуни ҳамда умумметодологик ва назарий муаммоларини қамраб оладиган мутахассислик бўйича қўшимча имтиҳон топширишлари шарт. Қўшимча имтиҳон талабгорнинг ихтисослиги бўйича магистратура мавжуд бўлган олий таълим муассасаларида топширилади.
II боб. Малакавий имтиҳонларни ўтказишни ташкил этиш
7. Малакавий имтиҳонлар тегишли фан соҳалари бўйича ўқув, илмий-ташкилий тузилмалари (кафедра, бўлим, лаборатория) мавжуд бўлган ОАК томонидан белгиланган ташкилотларда ўтказилади.
8. Ихтисослик фани бўйича малакавий имтиҳонлар диссертация ҳимояси ўтказиладиган фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган ташкилотлар ҳузуридаги комиссиялар томонидан қабул қилинади.
9. Ихтисослик фани бўйича малакавий имтиҳон:
талабгорнинг назарий ва касбий тайёргарлиги даражаси, унинг ушбу фаннинг шаклланиши ва ривожланиши тарихи, умумий концепциялари ва методология масалалари, манбалари, шу билимлар тармоғининг асосий назарий ва амалий муаммоларини қай даражада билишини аниқлаб бериши, унинг соҳага оид илмий адабиётларни, жумладан хорижий даврий нашрларни ҳамда илмий тадқиқотларнинг замонавий усулларини қай даражада эгаллаганлигини;
талабгор тегишли фан соҳаси ривожининг ҳозирги аҳволи, муаммолари ва истиқболларини, унда ўтказаётган тадқиқотининг ўрни, янгилиги ва аҳамиятини билишини кўрсатиб беришини назарда тутади.
10. Ҳар бир фан бўйича малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссиялари ташкилот раҳбари томонидан ОАК билан келишилган ҳолда бир йил муддатга тузилади. Комиссия илмий даражага эга бўлган беш — етти нафар аъзодан, жумладан шу фан соҳаси бўйича фан доктори илмий даражасига эга бўлган раисдан иборат бўлади. Комиссия раисидан ташқари комиссия аъзоларидан камида икки нафари фан доктори бўлиши лозим.
11. Чет тили бўйича малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссияси чет тиллар кафедраларининг ўқитувчиларидан (шулардан камида икки нафари илмий даражага эга бўлиши керак) иборат беш — етти нафар аъзодан, жумладан талабгорнинг ихтисослиги бўйича фан доктори илмий даражасига эга бўлган мутахассисдан иборат таркибда ОАК билан келишилган ҳолда бир йил муддатга тузилади.
III боб. Малакавий имтиҳонларни ўтказиш
12. Малакавий имтиҳонлар сессиялар шаклида февраль, май ва ноябрь ойларида белгиланган режа асосида ўтказилади. Талабгорлар сессия пайтида малакавий имтиҳонларни экстернат тарзида топшириш ҳуқуқига эга.
13. Талабгорлар рўйхати ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланиб, эълон қилинади. Буйруқда малакавий имтиҳон ўтказиш жойи ва вақти кўрсатилиши керак.
14. Малакавий имтиҳон қабул қилинишидан беш кун олдин имтиҳон қабул қиладиган ташкилот томонидан талабгорлар рўйхати, имтиҳон қабул қилиш вақти, жойи ва комиссиянинг таркибига доир маълумотлар кузатув хати билан ОАКга юборилади. Малакавий имтиҳонларни ОАКни хабардор қилмасдан қабул қилиш ман этилади.
15. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссияси, агар унинг ишида комиссия аъзоларининг камида тўрт нафари, жумладан фан доктори иштирок этаётган бўлса, имтиҳон қабул қилишга ҳақли.
16. Малакавий имтиҳонларда имтиҳон ўтказилаётган ташкилот ҳузуридаги фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш аъзолари, ташкилот раҳбари, раҳбар ўринбосарлари ва тегишли вазирлик ёки идоранинг ҳамда ОАК вакиллари иштирок этишлари мумкин. Малакавий имтиҳонларнинг нохолис ўтказилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, ОАК имтиҳон натижаларини бекор қилиш ҳуқуқига эга.
17. Малакавий имтиҳонлар ёзма ва оғзаки шаклда ўтказилади. Талабгорлар ёзма шаклда жавоб тайёрлаш учун имтиҳон варақаларидан фойдаланади. Имтиҳон варақалари имтиҳон ўтказилгандан кейин бир йил давомида имтиҳон ўтказилган ташкилотда сақланади.
Талабгор саволларга имтиҳон комиссияси аъзолари олдида жавоб беради. Имтиҳон комиссияси аъзолари томонидан талабгорга имтиҳон қабул қилинаётган фан бўйича қўшимча саволлар берилиши мумкин. Комиссия аъзолари баҳо қўйишда мустақилдир. Комиссия аъзолари қўйган баҳолари тўғрисида комиссия раисига маълум қилади ва комиссия раиси томонидан ўрта арифметик қийматини ҳисоблаш орқали умумий баҳо чиқарилади.
18. Талабгорнинг билим даражаси 100 баллик тизимда қуйидагича баҳоланади:
86 баллдан 100 баллгача – аъло;
71 баллдан 86 баллгача – яхши;
56 баллдан 71 баллгача – қониқарли;
0 баллдан 56 баллгача – қониқарсиз.
19. Малакавий имтиҳон қабул қилиш баённомаси ҳар бир талабгор учун алоҳида тўлдирилиб, унда имтиҳон саволлари ёзилади. Малакавий имтиҳон баённомаси имтиҳонда иштирок этган комиссия аъзолари томонидан имзоланади. Баённомада имтиҳон қабул қилган комиссия аъзоларининг илмий даражаси, илмий унвони ҳамда ихтисослиги ҳам кўрсатилади.
Малакавий имтиҳон баённомаси ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади ва белгиланган муддатда малакавий имтиҳон ўтказилган ташкилотда сақланади.
20. Талабгорга мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда малакавий имтиҳон топширилганлиги ҳақида гувоҳнома берилади. Мазкур гувоҳнома беш йил давомида амал қилади ва диссертация мазкур муддат ичида ҳимоя қилиниши лозим.
21. Талабгор узрли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган тақдирда, ташкилот раҳбарининг рухсати билан жорий сессия давомида имтиҳон топшириш ҳуқуқига эга. Бу ҳақда ташкилот раҳбари томонидан ОАКга хабар берилади.
22. Малакавий имтиҳонни бир сессия давомида такроран топширишга йўл қўйилмайди.
23. Талабгор ташкилот раҳбарига малакавий имтиҳонни қабул қилиш комиссиясининг қарори юзасидан жорий сессия давомида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
24. Имтиҳон ўтказилаётган ташкилот раҳбари мазкур Низомнинг малакавий имтиҳонларни ўтказишга оид талабларига риоя қилиниши учун масъулдир.
25. Ташкилотлар раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарларига малакавий имтиҳонларни ўз асосий иш жойларида топширишга рухсат этилмайди.
26. Малакавий имтиҳонларнинг натижалари тўғрисида тегишли ташкилотлар томонидан ҳар йили декабрь ойининг 10-санасигача ОАКга маълумот берилади.
IV боб. Якуний қоида
27. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан келишилган.
Маданият ва спорт ишлари вазири Т. КУЗИЕВ
2013 йил 14 январь
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Б. ХОДИЕВ
2013 йил 28 январь
Соғлиқни сақлаш вазири А. АЛИМОВ
2013 йил 17 январь
Халқ таълими вазири Т. ШИРИНОВ
2013 йил 18 январь
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З. РУЗИЕВ
2013 йил 23 январь
Ташқи ишлар вазири А. КОМИЛОВ
2013 йил 22 январь
Фанлар академияси президенти Ш. САЛИХОВ
2013 йил 15 январь
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижроия аппарати раҳбари О. ПАРПИЕВ
2013 йил 16 январь
Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА