toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг она ва бола соғлиғини мустаҳкамлашга, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ва республикада соғлом авлодни тарбиялашга йўналтирилган вазифаларни ҳал этишда фаол иштирок этиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек 2014 йилнинг «Соғлом бола йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг (кейинги ўринларда Фонд деб аталади) энг муҳим вазифалари ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин:
жамоатчилик ва давлат тузилмаларининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда соғлом, баркамол ёш авлодни шакллантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
давлатнинг она ва бола соғлиғини мустаҳкамлашга, соғлом авлодни вояга етказиш ва тарбиялашда оиланинг ролини кучайтиришга йўналтирилган ижтимоий дастурлари мақсадлари ва мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб этишни ташкил қилиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига, энг аввало, кўп болали оилалар, аёллар, ногиронлар, ногирон болалар ва болалар уйлари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига, «Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари» ва «Ғамхўрлик» марказларида, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида яшовчи шахсларга мурувват ёрдами кўрсатиш;
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
перинатал марказлар, скрининг-марказлар, реабилитация марказлари, туғруққа кўмаклашувчи, педиатрия даволаш-профилактика муассасалари ва бошқа муассасаларнинг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳар томонлама кўмаклашиш;
профилактика чора-тадбирларини кучайтириш ҳамда аҳолини вирусли ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш ишончлилигини ошириш, ногиронликни реабилитация қилиш, олдини олиш ва улар профилактикаси ишлари, онкология муассасалари, силга қарши хизматлар ва бошқа хизматларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, профилактика ишларининг самарали тизимини шакллантириш, ижтимоий аҳамиятли касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш;
она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тайёрлаш ишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш;
давлатнинг ижтимоий дастурларини амалга ошириш доирасида юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонларини жалб этиш ва жамлаш бўйича фаол иш олиб бориш.
2. Қуйидагиларга:
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг Васийлик кенгаши таркибига 1-иловага мувофиқ;
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг ташкилий тузилмасига, «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг ходимларининг чекланган сони 21 нафар бўлган Бошқаруви тузилмасига ва унинг ҳудудий филиаллари тузилмасига 2 — 4-иловаларга мувофиқ;
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди тўғрисидаги низомга 5-иловага мувофиқ розилик берилсин.
3. Маълумот учун қабул қилинсинки, Фонднинг асосий пул маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:
юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;
хорижий ва халқаро ташкилотларнинг, хорижий давлатларнинг грантлари;
Фонднинг, шунингдек Фонд олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш мақсадида унинг томонидан таъсис этилган ташкилотларнинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Фонд Бошқаруви аппарати ва унинг ҳудудий филиаллари таъминоти Фонднинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади;
Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарорининг амал қилиши Фонднинг бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан тасарруфидаги давлат мулкига татбиқ этилмайди.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Фонднинг уставидаги вазифаларини ҳал этишда унинг ҳудудий филиалларига доимий равишда самарали кўмаклашсинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондига, Ёшлар иттифоқига, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасига, «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институтига ва бошқа нодавлат, нотижорат ташкилотларига Фонднинг уставдаги вазифалари амалга оширилишини таъминлашда Фонд билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш тавсия этилсин.
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 10 декабрдаги 833-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2024 й., 09/24/833/1016-сон)
6. Фонднинг ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Молия вазирлиги билан келишилган:
Фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаларининг штатдаги ходимлари сонини саккиз нафаргача етказиш тўғрисидаги;
амбулатория-поликлиника муассасаларининг участка врачлари ва тиббий ҳамширалари учун амалда бўлган узлуксиз иш стажи муддати учун устамалар белгилаш тартиби Фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари тиббиёт ходимларига татбиқ этиш тўғрисидаги;
Фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаларининг қишлоқ жойларга борадиган ходимларига хизмат сафари харажатларини тўлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари таъминотига қўшимча маблағлар ажратсин ва соғлиқни сақлаш муассасалари таъминоти учун назарда тутилган маблағлар доирасида ҳар йили Фондга зарур маблағларни назарда тутсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 6-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 7-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.И. Икрамов ва Э.И. Баситханова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 30 январь,
20-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг Васийлик кенгаши
ТАРКИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Баситханова Э.И.‎ —‎‎ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Васийлик кенгаши раиси ‎
Қўчқоров Ж.А. ‎ —‎‎ Молия вазирининг ўринбосари, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари ‎
Алимов А.В.‎ —‎‎ Соғлиқни сақлаш вазири ‎
Иноятов У.И.‎ —‎‎ Халқ таълими вазири ‎
Ходжиматов М.М.‎ —‎‎ Маданият ва спорт ишлари вазири
Хаитов А.А.‎

—‎

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ‎
Хаджаев А.Д. ‎ —‎‎ Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси ‎
Алимов Б.Х.‎ —‎‎ «Ўзбекнефтгаз» МХК бошқаруви раисининг ўринбосари ‎
Юлдашев Ф.М.‎ —‎‎ «GM-Uzbekistan» ЁАЖнинг бош директори ‎
Каримов У.Д.‎ —‎‎ «Олмалиқ КМК» ОАЖ бош директорининг ўринбосари ‎
Арипов К.Т.‎ —‎‎ «Асака» ДАТБ бошқаруви раиси ‎
Обиджонов Ж.О.‎ —‎‎ «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАТБ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари ‎
Хусанов Н.Б.‎ —‎‎ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари ‎
Ахмедов А.А.‎ —‎‎ Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раиси ‎
Қуранбаев Қ.Қ. —‎ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси
Изоҳ. Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 сентябрдаги 712-сонли қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 37-сон, 996-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг
ташкилий тузилмаси
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 626-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.10.2025 й., 09/25/626/0898-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сон қарорига
3-ИЛОВА
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди Бошқаруви
ТУЗИЛМАСИ
Ходимларнинг чекланган сони (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) — 21 нафар.
* Тиббий-ижтимоий марказнинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари ходимларининг таъминоти Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сон қарорига
4-ИЛОВА
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ҳудудий филиалининг
ТУЗИЛМАСИ
Изоҳлар: Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий филиалларга юкланган функцияларни Фонд Бошқаруви бажаради.
Ходимларнинг чекланган сони (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) — 5 нафар.
* Кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари ходимлари таъминоти Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сон қарорига
5-ИЛОВА
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди (кейинги ўринларда Фонд деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 23 апрелдаги ПҚ-596-сон қарори билан ташкил этилган.
2. Фонд жамоат фонди сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади. Фонд хўжалик мустақиллиги асосида иш кўради, ўз мол-мулкига, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига эга бўлади. Ўз номидан мулкий ва мулкий бўлмаган ҳуқуқларни сотиб олади, тегишли мажбуриятларни бажаради.
3. Фонд ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва Фонд уставига мувофиқ амалга оширади.
4. Фонд юридик ва жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари, халқаро ташкилотлар томонидан унга исталган шаклда маблағ қўшиш учун очиқдир.
5. Фонд фаолияти хайрия тусига эга. Унинг маблағлари, тушиш манбаларидан қатъи назар, устав вазифалари ва мақсадларига эришиш учун сарфланади.
6. Фонднинг жойлашган жойи (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15.
II. Фонднинг мақсади, асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари
7. Давлатнинг ижтимоий дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этиш, соғлом авлодни тарбиялашга, юксак умуминсоний қадриятларга асосланган ҳаётий нуқтаи назарга эга бўлган маънавий бой, ахлоқий етук, интеллектуал ривожланган, юқори маълумотли, жисмоний соғлом, баркамол шахсни шакллантириш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш Фонд фаолиятининг мақсади ҳисобланади.
8. Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари ҳисобланади:
жамоатчилик ва давлат тузилмаларининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда соғлом, баркамол ёш авлодни шакллантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
давлатнинг ижтимоий дастурларини амалга ошириш доирасида юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонларини жалб этиш ва жамлаш бўйича фаол иш олиб бориш;
давлатнинг она ва бола соғлиғини мустаҳкамлашга, соғлом авлодни вояга етказиш ва тарбиялашда оиланинг ролини кучайтиришга йўналтирилган ижтимоий дастурлари мақсадлари ва мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб этишни ташкил қилиш;
республиканинг бутун ҳудудида бола туғиш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш масалалари бўйича аҳолини ўқитишга йўналтирилган комплекс ижтимоий ва ташвиқот-тарғибот дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этиш йўли билан жамоатчилик онгида тўлақонли, баркамол ва соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун юксак масъулиятни шакллантиришга кўмаклашиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига, энг аввало, кўп болали оилалар, аёллар, ногиронлар, ногирон болалар ва болалар уйлари, «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларига, «Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари» ва «Ғамхўрлик» марказларида, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида яшовчи шахсларга мурувват ёрдами кўрсатиш;
(8-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни, шунингдек аҳолининг кам таъминланган тоифаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан уларнинг моддий аҳволини яхшилаш;
перинатал марказлар, скрининг-марказлар, реабилитация марказлари, туғруққа кўмаклашувчи, педиатрия даволаш-профилактика муассасалари ва бошқа муассасаларнинг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳар томонлама кўмаклашиш;
профилактика чора-тадбирларини кучайтириш ҳамда аҳолини вирусли ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилишнинг ишончлилигини ошириш, ногиронликни реабилитация қилиш, олдини олиш ва унинг профилактикаси ишлари, онкология муассасалари, силга қарши хизматлар ва бошқа хизматларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, профилактика ишларининг самарали тизимини шакллантириш, ижтимоий аҳамиятли касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш;
касалликлар, ногиронлик профилактикаси ва фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, шунингдек соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш, фуқароларга маънавий-психологик ёрдам кўрсатиш;
таълим, фан, маданият, санъат, маърифат, шунингдек шахснинг маънавий камол топиши соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш;
жисмоний тарбия ва оммавий спортни оммалаштириш ва ривожлантириш соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш;
она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тайёрлаш ишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш.
9. Фонд ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини қуйидаги йўналишларда амалга оширади:
тиббиёт, овқатланиш, экология ҳамда она ва боланинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш бўйича бошқа йўналишлар соҳасида янги технологиялар, техника ва асбоб-ускуналарни яратиш ва жорий этиш;
она ва бола соғлиғи ҳаёт фаолиятининг ҳуқуқий, маънавий-одоб-ахлоқ, ижтимоий-психологик шарт-шароитларини такомиллаштиришга кўмаклашиш.
III. Фонднинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Фаолиятнинг кўрсатиб ўтилган вазифалари ва йўналишларини таъминлаш учун Фонд қонунчиликка мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:
(10-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузиш;
кенг тушунтириш ишлари олиб бориш йўли билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳам пул маблағлари шаклидаги, ҳам адабиёт ва санъат асарлари, илмий ва амалий ишланмалар, машиналар, асбоб-ускуналар, иншоотлар ва бошқа моддий бойликлар шаклидаги хайрия эҳсонларини жалб этиш;
давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш;
кредитлар олиш;
ўз устав вазифаларини бажариш учун ташкилотлар ташкил этиш;
инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
юридик ва жисмоний шахсларга инжиниринг, маслаҳат, ахборот хизматлари ва хизматларнинг бошқа турларини кўрсатиш;
ноширлик, ахборот, маданий-маърифий фаолиятни амалга ошириш;
кўргазмалар, ярмарка-сотувлар, телемарафонлар, концертлар ва бошқа томоша тадбирлари ўтказиш;
Фонднинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ танловлар ўтказиш ва мукофотлар таъсис этиш;
Фонднинг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;
Фонд мақсадларини таъминлаш учун тиббиёт ускуналари ва анжомлари, дори-дармонлар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқаришни молиялаштириш;
белгиланган тартибда халқаро ташкилотларга кириш ҳамда амалий алоқалар ўрнатиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
(10-банднинг ўн бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
11. Фонд қуйидагиларга мажбур:
давлатнинг ижтимоий дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этиш;
Фонд томонидан сафарбар этиладиган молиявий маблағлардан қатъий мақсадли фойдаланилишини таъминлаш;
Фонднинг ҳудудий филиаллари, Фонд ҳузурида ташкил этилган ташкилотлар фаолияти ва ўтказиладиган барча тадбирларга аниқ мақсадни кўзлаб раҳбарлик қилиш ва уларни мунтазам назорат қилишни таъминлаш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.
(11-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
IV. Фонднинг бошқарув органлари
12. Васийлик кенгаши Фонднинг юқори бошқарув органи ҳисобланади.
Фонднинг Васийлик кенгаши мажлиси бир йилда камида бир марта ўтказилади. Зарурият бўлганда навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.
Фонд Васийлик кенгашининг мажлисини ўтказиш учун кворум кенгаш аъзолари сонининг камида саксон фоизини ташкил этиши керак.
Фонд Васийлик кенгашининг мажлисида қарорлар унда қатнашганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
13. Фонд Васийлик кенгашининг ваколатларига қуйидагилар киради:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фонд фаолияти ва унинг қонунчиликка ва Фонд уставига, Фонд Васийлик кенгашининг қарорларига мувофиқлигини назорат қилиш;
(13-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Фонд уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни тасдиқлаш;
Фонд Бошқарувини ва Тафтиш комиссиясини шакллантириш;
Фонднинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкидан фойдаланишни назорат қилиш;
Фонд бюджетини тасдиқлаш;
Фонднинг йиллик балансини, йиллик молиявий ҳисоботини, шу жумладан унинг фаолияти тўғрисида Фонд Бошқарувининг ҳисоботини тасдиқлаш;
Фонд фаолиятини текшириш учун аудиторлик ташкилотини навбатдан ташқари жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
Фонд Бошқарувининг Фонднинг устав мақсадлари ва вазифаларига зид бўлган қарорлари бажарилишини тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш;
Фондни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.
Фонд Васийлик кенгашининг ваколатларига тегишли бўлган масалалар Фонднинг Бошқаруви ва Тафтиш комиссиясининг ҳал этиши учун берилиши мумкин эмас.
Фонднинг Васийлик кенгаши Фонднинг бошқа органларидан Фонд фаолиятига тегишли ҳужжатларни талаб қилиш ва олишга ҳақлидир.
Фонд Васийлик кенгашининг қарорлари Бошқарув ва Фонднинг бошқа органлари, унинг ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.
Фонд Васийлик кенгашининг аъзолари бир вақтнинг ўзида Фонд Бошқаруви ва Тафтиш комиссиялари аъзоси бўла олмайдилар.
14. Фонд фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш ва Фонд Васийлик кенгаши қарорларини бажариш Фонднинг Васийлик кенгаши томонидан сайланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қиладиган Бошқарув томонидан амалга оширилади. Фонд Бошқаруви таркиби Фонднинг Васийлик кенгаши томонидан шакллантирилади.
15. Васийлик кенгаши бир йилда бир марта жорий йилнинг 20-мартигача олдинги йил учун Фонд фаолияти тўғрисида Фонд Бошқарувининг ҳисоботини эшитиши ва тасдиқлаши шарт.
16. Фонд Бошқаруви раиси:
Фонд ва унинг ҳудудий органларининг жорий фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
Фонд томонидан таъсис этилган ташкилотлар фаолиятини назорат қилади;
Фонд Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда Фонд ходимларининг штат жадвалини ва уларнинг иш ҳақи миқдорини белгилайди;
давлат органлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда Фонд манфаатларини ифодалайди;
Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари ходимларининг функционал вазифаларини ҳамда улар меҳнатига ҳақ тўлаш қоидаларини тасдиқлайди;
Фонднинг Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда чет элда ваколатхоналар очади ва филиаллар ташкил этади ҳамда уларнинг фаолиятини назорат қилади;
мақсадли дастурлар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этади.
17. Фонднинг ҳудудий филиаллари раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ҳокимларининг тавсиялари бўйича Фонд Бошқарувининг раиси томонидан тайинланадилар.
18. Фонд Бошқаруви ва унинг ҳудудий филиаллари таъминоти Фонднинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Лавозим маошларини белгилашда Фонд ходимларига Ягона тариф сеткаси бўйича қуйидаги тариф разрядлари қўлланилади:
Лавозимнинг номи Фонд
‎Бошқаруви
Ҳудудий
‎филиаллар
Фонд Бошқаруви раиси

17‎

х‎

Фонд Бошқаруви раисининг ўринбосари (Фонднинг ҳудудий филиали директори)

16‎

15‎

Бўлим бошлиғи (бош бухгалтер, Тиббий-ижтимоий марказ бошлиғи, шуъба мудири)

14‎

13‎

Бош мутахассис (бухгалтер)

12‎

11‎

Етакчи мутахассис

11‎

10‎

1-тоифали иш юритувчи-котиба

8‎

х‎

2-тоифали иш юритувчи-котиба, кассир

7‎

7‎

19. Фонднинг молия-хўжалик фаолиятини, пул маблағларининг мақсадли сарфланишини ва бошқа мол-мулкидан фойдаланилишини назорат қилиш учун Фонднинг Васийлик кенгаши томонидан уч аъзодан иборат таркибда 5 йилга сайланадиган Тафтиш комиссияси ташкил этилади.
Фонд Тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида Фонд Васийлик кенгаши ва Бошқаруви аъзолари бўлиши мумкин эмас.
20. Фонднинг молиявий фаолияти ва пул маблағлари сарфланишининг тўғрилигини ва бошқа мол-мулкидан фойдаланишни текшириш Фонд Тафтиш комиссияси томонидан бир йилдаги фаолият якунлари бўйича амалга оширилади.
Фонд Тафтиш комиссиясининг талаби билан Фонднинг мансабдор шахслари Фонднинг молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни унга тақдим этишга мажбур.
21. Фонднинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари бўйича Фонднинг Тафтиш комиссияси хулоса тайёрлайди, унда қуйидагилар бўлиши керак:
ҳисоботлардаги ва бошқа молиявий ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончлилигини баҳолаш;
бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартиби бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар;
аниқланган қоида бузишларни бартараф этишга доир тавсиялар, шунингдек Фонднинг молиявий фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар.
V. Фонднинг мол-мулки
22. Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан ўз маблағлари ва бошқа тушумлар ҳисобига сотиб олинган асосий воситалар ва бошқа активлар Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари мол-мулкини ташкил этади.
23. Фонд ва унинг ҳудудий филиалларининг пул маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:
юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;
хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг грантлари;
Фонд, шунингдек унинг томонидан Фонд олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун таъсис этилган ташкилотларнинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.
(23-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
24. Фонднинг ҳар йилги бюджети Фонд Бошқаруви раисининг тақдимномаси бўйича Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.
25. Фонд ва унинг ҳудудий филиалларининг маблағлари биринчи навбатда тегишли давлат дастурлари ва Ҳукумат қарорларида назарда тутилган тадбирлар учун сарфланади.
26. Давлат Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари давлат мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
27. Фонднинг мулкий ҳуқуқлари қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
VI. Фондни тугатиш ва қайта ташкил этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
28. Фондни тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 50 –– 57-моддалари.
29. Фондни қайта ташкил этишга Фонд Васийлик кенгашининг қарорига биноан йўл қўйилади. Фондни қайта ташкил этишга фақат бошқа фондга қўшиб юборилган, бошқа фондни қўшиб олган ёки бошқа фондга қўшилган ҳолларда йўл қўйилади.
30. Кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин тугатилган Фонднинг қолган мол-мулки давлат тасарруфига ўтади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сон қарорига
6-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 626-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.10.2025 й., 09/25/626/0898-сон)
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий патронаж тизимини ташкил этиш тўғрисида» 1996 йил 22 февралдаги 71-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий патронаж тизими тўғрисидаги низомда:
а) қуйидаги мазмундаги 31-банд қўшилсин:
«31. Тиббий-ижтимоий патронаж ишлари бригада тамойили бўйича амалга оширилади.
Бригада таркибига соғлиқни сақлаш, халқ таълими органлари, Қизил Ярим ой жамияти, «Соғлом авлод учун», «Маҳалла» фондлари ва бошқа нодавлат ва нотижорат ташкилотлари вакиллари киради»;
б) 4, 5 ва 6-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«4. Айниқса қишлоқ жойларда оилалар, шахслар гуруҳлари ва алоҳида шахсларнинг тиббий-ижтимоий ёрдамга эҳтиёжи қондирилишини доимий ва режали ўрганиш кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари фаолиятининг мақсади ҳисобланади.
5. Кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари мақсадларига мувофиқ уларга қуйидаги вазифалар юкланади:
турмуш шароитларини баҳолаш ва тиббий-ижтимоий муаммоларни аниқлаш;
фертиль ёшдаги аёлларни ва болаларни тиббий кўриклардан мунтазам ўтказиш;
айниқса қишлоқ жойларда яшайдиган кам таъминланган оилаларга тиббий-ижтимоий ва мурувват ёрдами кўрсатиш;
соғлом оилани шакллантириш, соғлом болалар туғилиши ва уларни тарбиялаш масалалари бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш.
6. Тиббий-ижтимоий патронаж ишлари қуйидагилар томонидан амалга оширилади:
«Соғлом авлод учун» фондининг тиббий-ижтимоий маркази;
«Соғлом авлод учун» фондининг ҳудудий кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси;
соғлиқни сақлаш биринчи бўғин патронаж тиббий ҳамширалари ва акушеркалари;
Қизил Ярим ой Жамияти ҳамширалари»;
в) 7-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
г) 8-банднинг биринчи хатбошидаги «Тиббий-ижтимоий патронаж хизматини» сўзлари «Тиббий-ижтимоий патронаж бўйича фаолиятни» сўзлари билан алмаштирилсин;
д) 9-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«9. Тиббий-ижтимоий патронаж ходимларининг вазифалари, ҳисобот ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш тизими белгиланган тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва «Соғлом авлод учун» фонди томонидан тасдиқланади»;
е) қуйидаги мазмундаги 10 — 14-бандлар қўшилсин:
«10. Ҳар бир кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадасининг таркиби қуйидагилардан иборат бўлади:
а) 6,5 нафардан иборат бўлган тиббиёт ходимлари, улардан:
4 нафар — врач-мутахассислар;
2 нафар — ўрта тиббиёт ходими;
0,5 нафар — кичик тиббиёт ходими;
б) 1,5 штат бирлигидан иборат бўлган ёрдамчи ходимлар, улардан:
1 нафар — ҳайдовчи;
0,5 нафар — бухгалтер.
11. Ҳар бир кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадасида врачдан биттасига кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадасига мудирлик қилиш юкланади.
12. Тиббий-ижтимоий патронажни амалга ошириш учун зарур молиявий харажатлар:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
грантлар ва хайрия эҳсонлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
13. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари тиббий-ижтимоий патронажни амалга ошириш учун зарур бўлган қуйидаги харажатларга ажратилади:
иш ҳақи ва бир марталик ижтимоий тўлов;
хизмат сафарлари харажатлари;
транспорт воситалари таъминоти ва уларни жорий таъмирлаш харажатлари;
ёқилғи ва ёнилғи-мойлаш материаллари сотиб олиш (ҳар бир бригада учун бир ойда 300 литр ҳисобидан).
14. Кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаларининг тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида» 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарорига мувофиқ амбулатория-поликлиника муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш каби амалга оширилади».
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сон қарорига
7-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 1993 йил 3 июндаги 268-сон қарорининг 6-банди.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг таклифлари тўғрисида» 1993 йил 28 октябрдаги 524-сон қарорининг 4-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси корхоналари, бирлашмалари, ташкилотларига имтиёзли солиқ солиш тўғрисида» 1994 йил 8 февралдаги 61-сон қарори.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий патронаж тизимини ташкил этиш тўғрисида» 1996 йил 22 февралдаги 71-сон қарорининг 5-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси фаолиятини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 4 мартдаги 74-сон қарори.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг Васийлик кенгаши таркиби тўғрисида» 2001 йил 3 майдаги 204-сон қарори.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг тиббий-ижтимоий патронаж тизимини яхшилаш учун Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармасининг грант маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 13 мартдаги 69-сон қарорининг 3 ва 6-бандлари.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 5-сон, 60-модда; 2017 й., 37-сон, 996-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2018 й., 09/18/327/1173-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 10.08.2022 й., 09/22/438/0726-сон; 11.12.2024 й., 09/24/833/1016-сон; 06.10.2025 й., 09/25/626/0898-сон; 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)