toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 16 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2012 йил 23 мартда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади оилавий тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик
Оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Оилавий тадбиркорлик
Оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолиятидир.
Оилавий тадбиркорлик ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланади.
Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик субъектлари беш нафаргача доимий ишчини ёллаб, улар билан меҳнат шартномаси тузишга, шунингдек меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган бошқа яқин қариндошларини, шу жумладан болалари ва невараларининг эрини (хотинини), ака-укалари ва опа-сингилларини, уларнинг хотинини (эрини) ва болаларини юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик субъектининг иштирокчиси сифатида жалб этишга ҳақли.
(3-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-890-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2023 й., 03/23/890/0981-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июлдаги 216-сон қарори билан тасдиқланган Юридик шахс ташкил этмасдан оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом.
4-модда. Оилавий корхона
Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) ва реализация қилишни амалга ошириш учун ихтиёрий асосда, оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк, шунингдек оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан биридир.
Оилавий корхона фаолиятни фақат юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириши мумкин. Оилавий корхона ўз мулкида алоҳида мол-мулкка эга бўлиши, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
Оилавий корхона ўз мажбуриятлари бўйича қонунга мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона иштирокчилари корхона мол-мулки етарли бўлмаганда оилавий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан қонунчиликка мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 329-моддаси.
Оилавий корхона қонунчиликка мувофиқ ходимларни ёллашни амалга ошириши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 77-моддаси.
Оилавий корхона иштирокчиларининг ва унинг ёлланма ходимларининг умумий сони кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг қонунчиликда белгиланган ўртача йиллик сонидан кўп бўлиши мумкин эмас. Бунда оилавий корхона иштирокчиларининг энг кам сони икки кишидан оз бўлмаслиги керак.
(4-модданинг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 5-моддаси.
Оилавий корхона тўлиқ фирма номига эга бўлиши лозим ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақли. Оилавий корхонанинг тўлиқ фирма номи унинг тўлиқ номини ва «oilaviy korxona» деган сўзларни ўз ичига олиши керак. Оилавий корхонанинг қисқартирилган фирма номи унинг қисқартирилган номини ва «oilaviy korxona» деган сўзларни ёки «ОК» аббревиатурасини ўз ичига олиши керак.
5-модда. Оилавий корхона иштирокчилари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Эр, хотин, уларнинг болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Фақат муомалага лаёқатли шахслар оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин.
(5-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-890-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2023 й., 03/23/890/0981-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонунчиликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин эмас.
(5-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-890-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2023 й., 03/23/890/0981-сон))
6-модда. Оилавий корхона бошлиғи
Юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда оилавий корхона номидан унинг бошлиғи иш кўради.
Оилавий корхона иштирокчиларидан бири унинг бошлиғи бўлиши мумкин, унга оилавий корхонанинг барча иштирокчилари бир овоздан иш муомаласида ўз номларидан иштирок этиш ҳуқуқини беради.
Оилавий корхона бошлиғи вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотган ёки узоқ вақт бўлмаган тақдирда, у ўз вазифасини вақтинча бажариб туриш ваколатини оилавий корхонанинг қолган иштирокчилари билан келишган ҳолда улардан бирига беришга ҳақли.
2-боб. Оилавий корхонани ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш
7-модда. Оилавий корхонани ташкил этиш тартиби
Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан ташкил этилади.
Оилавий корхона, агар унинг таъсис шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, номуайян муддатга ташкил этилади.
8-модда. Оилавий корхона иштирокчиларининг умумий йиғилиши
Оилавий корхона иштирокчиларининг умумий йиғилиши оилавий корхонанинг юқори бошқарув органидир.
Оилавий корхона иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатларига қуйидагилар киради:
оилавий корхонанинг таъсис шартномасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
оилавий корхона бошлиғини сайлаш (тайинлаш) ва озод қилиш;
(8-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлдаги ЎРҚ-629-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.07.2020 й., 03/20/629/1087-сон)
оилавий корхона фаолиятининг турларини белгилаш;
оилавий корхонанинг устав фондини белгилаш ва унинг миқдорига ўзгартишлар киритиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
оилавий корхона иштирокчилари таркибини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ва ҳал қилиш;
(8-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлдаги ЎРҚ-629-сонли Қонунига асосан олтинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.07.2020 й., 03/20/629/1087-сон)
оилавий корхона бошлиғининг оилавий корхона молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботини кўриб чиқиш;
таъсис шартномасига мувофиқ оилавий корхонанинг фойдасини тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;
оилавий корхонанинг мол-мулкига доир йирик битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш.
Оилавий корхона иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатларига таъсис шартномасида назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал этиш ҳам киритилиши мумкин.
9-модда. Оилавий корхонанинг таъсис шартномаси
Оилавий корхонанинг таъсис ҳужжати мазкур корхонанинг барча иштирокчилари томонидан тузиладиган таъсис шартномасидир.
Оилавий корхонанинг таъсис шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:
оилавий корхона бошлиғининг ва оилавий корхона бошқа иштирокчиларининг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда яшаш жойи (манзили);
оилавий корхона устав фондининг миқдори;
оилавий корхона иштирокчилари томонидан унинг устав фондига киритиладиган мол-мулкни белгилаш тартиби;
оилавий корхонанинг фирма номи ва жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар;
оилавий корхона иштирокчилари ўртасида тадбиркорлик фаолиятидан олинган фойдани, шунингдек оилавий корхона тугатилганда мол-мулкни тақсимлаш тартиби;
оилавий корхона иштирокчиларининг оилавий корхона фойдаланишига берилаётган мол-мулки рўйхати;
оилавий корхонанинг мол-мулкига доир йирик битимнинг миқдори;
оилавий корхона иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби;
оилавий корхона иштирокчилари муҳим деб ҳисоблайдиган бошқа шартлар.
Таъсис шартномаси оилавий корхонанинг барча иштирокчилари томонидан имзоланади.
Оилавий корхона бошлиғи ўзгарган, иштирокчи оилавий корхона таркибига ихтиёрий равишда кирган (ундан чиқиб кетган), эр ва хотин ўртасидаги никоҳ бекор қилинган ёки оилавий корхона иштирокчиси вафот этган ва бу ҳоллар оилавий корхона балансига берилган оилавий корхона иштирокчиларининг мол-мулки рўйхатида ўзгаришларга сабаб бўлган тақдирда, таъсис шартномасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Бунда оилавий корхонани қайта давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди.
10-модда. Оилавий корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш
Оилавий корхона кичик тадбиркорлик субъектлари учун назарда тутилган соддалаштирилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 октябрдаги ПҚ–2646-сонли «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом».
Олдинги таҳрирга қаранг.
Рўйхатдан ўтказувчи органлар ариза берувчини оилавий корхона сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни уни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга ёки қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча талаблар белгилашга ҳақли эмас.
(10-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ариза берувчини оилавий корхона сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганлик, шунингдек рўйхатдан ўтказиш муддатини бузганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарори, шунингдек мазкур орган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) суд томонидан қонунга хилоф деб топилган тақдирда, улар ариза берувчига оилавий корхонани рўйхатдан ўтказишни рад этганлик ёки рўйхатдан ўтказиш муддатини бузганлик туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплайди ва маънавий зарар учун компенсация тўлайди.
11-модда. Оилавий корхонанинг устав фонди
Оилавий корхонанинг устав фонди пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бошқа мол-мулк, шу жумладан пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар ёки ўзга шахсга ўтказиладиган бошқа ҳуқуқлар ҳисобидан шакллантирилади. Ягона уй (квартира) оилавий корхонанинг устав фондига киритилиши мумкин эмас.
Оилавий корхона иштирокчилари оилавий корхонанинг устав фондига корхона таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда ўзлари киритадиган мол-мулкни мустақил равишда белгилайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона устав фондининг энг кам миқдори лицензия талабларида белгиланиши мумкин.
(11-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.03.2019 й., 03/19/531/2799-сон)
3-боб. Оилавий корхонанинг ҳамда унинг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
12-модда. Оилавий корхонанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Оилавий корхона қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мустақил равишда товарлар ишлаб чиқаришга (ишлар бажаришга, хизматлар кўрсатишга) доир фаолиятни ташкил этиш, ишлаб чиқарилган товарларни (ишларни, хизматларни) тасарруф этиш ва уларга нарх белгилаш;
мустақил равишда ўз молиявий маблағларини шакллантириш ва қарз маблағларини жалб этиш, шу жумладан дастлабки (бошланғич) капитални шакллантириш учун кредитлар олиш;
лизинг ва суғурта хизматларидан фойдаланиш;
шартномалар тузиш, шу жумладан товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш ва реализация қилиш учун шартномалар тузиш;
тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш;
ўз фирма номи ёзилган муҳрлардан, бланкалардан ва штамплардан фойдаланиш ҳамда товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига) эга бўлиш;
ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш.
Оилавий корхона:
тузилган шартномалар бўйича зиммасига олган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда бажариши;
оилавий корхонанинг иштирокчилари ва ёлланма ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини белгилаши, улар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиши, шунингдек иш берувчи сифатида ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиши;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши;
меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизлик техникаси, экология, санитария ва гигиена соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
реализация қилинадиган маҳсулот ва хизматлар учун қонунчиликка мувофиқ сертификатларга эга бўлиши;
(12-модда иккинчи қисмининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни.
жойлашган ери (почта манзили) ва бошқа реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида тегишли давлат органларини ўз вақтида хабардор қилиши шарт.
Оилавий корхона қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
13-модда. Оилавий корхона бошлиғининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Оилавий корхона бошлиғи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
оилавий корхона номидан ишончномасиз иш кўриш;
юридик ва жисмоний шахслар билан оилавий корхона фаолиятига боғлиқ бўлган шартномалар тузиш;
меҳнат шартномалари (контрактлар) тузиш ва штатларни тасдиқлаш;
ишончномалар бериш.
Оилавий корхона бошлиғи:
оилавий корхонани шахсан бошқариши ва унинг кундалик фаолиятини ташкил этиши;
оилавий корхонанинг мол-мулки билан боғлиқ йирик битимлар тузишда иштирокчиларнинг розилигини олиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
меҳнат тўғрисидаги қонунчилик нормаларига риоя этилишини таъминлаши;
(13-модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
бухгалтерия ҳисоби юритилишини таъминлаши шарт.
Оилавий корхона бошлиғи қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
14-модда. Оилавий корхона иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Оилавий корхона иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
оилавий корхонани бошқаришда, қарорлар қабул қилишда, молия-хўжалик фаолиятини назорат қилишда иштирок этиш;
оилавий корхона таъсис шартномасининг шартларига боғлиқ ҳолда фойдадан ўз улушини олиш;
оилавий корхона таркибидан ихтиёрий равишда чиқиш;
агар оилавий корхонанинг таъсис шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, оилавий корхона таркибидан чиқишда оилавий корхона мол-мулки қийматининг бир қисми устав фондига ўзи киритган мол-мулк миқдорига мутаносиб равишда қайтариб берилиши ёки шундай қийматдаги мол-мулк натурал ҳолда ўзига ажратиб берилиши.
Оилавий корхона иштирокчилари оилавий корхонанинг фаолиятида шахсий меҳнати билан иштирок этиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона иштирокчилари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
(14-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
4-боб. Оилавий корхонанинг фаолияти
15-модда. Оилавий корхонанинг мол-мулки
Оилавий корхонанинг мол-мулки:
оилавий корхона иштирокчилари томонидан унинг устав фондига киритиладиган мол-мулкдан;
қарз маблағлари ва кредитлар ҳисобига олинган мол-мулкдан;
товарларни реализация қилишдан, ишлар бажаришдан, хизматлар кўрсатишдан олинган ва оилавий корхонани ривожлантиришга йўналтирилган даромадлардан, шунингдек бу даромадлар ҳисобига олинган мол-мулкдан;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлардан таркиб топади.
(15-модданинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
16-модда. Оилавий корхонанинг фаолияти амалга ошириладиган жой
Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, шу жумладан ишлаб чиқариш, хўжалик бинолари ва бошқа иморатлар оилавий корхона фаолияти амалга ошириладиган жойдир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди, бундан фаолиятнинг айрим турлари учун қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
(16-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Жумладан, мазкур Қонуннинг 17-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ оилавий корхона томонидан саноат тусидаги фаолиятни кўп квартирали уйнинг турар жойларида амалга оширишга йўл қўйилмайди.
 LexUZ шарҳи
Шунингдек, қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 15, 16 ва 161-моддалари.
17-модда. Оилавий корхона фаолиятини амалга ошириш шартлари
Оилавий корхона фаолиятнинг айрим турларини фақат махсус рухсатнома (лицензия) мавжуд бўлганда амалга ошириши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона акциз солиғи тўланадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга ошириши мумкин эмас;
(17-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 9 ноябрдаги ЎРҚ-646-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.11.2020 й., 03/20/646/1488-сон)
Оилавий корхона фаолиятида заҳарли, радиоактив моддалар ва материаллардан, юқори босимли асбоб-ускуналардан ҳамда инсон ва атроф-муҳит учун катта хавф туғдирадиган бошқа асбоб-ускуналардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Оилавий корхона фойдаланиши мумкин бўлмаган моддалар, материаллар ва асбоб-ускуналарнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Оилавий корхона томонидан саноат тусидаги фаолиятни кўп квартирали уйнинг турар жойларида амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона фаолияти қонунчиликда белгиланган нормалар ва қоидаларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак.
(17-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
18-модда. Оилавий корхона маҳсулотини реализация қилиш
Оилавий корхона ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни нақд пулли ва (ёки) нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича реализация қилиши мумкин. Оилавий корхона маҳсулотини реализация қилиш у ишлаб чиқарилган жойда амалга оширилиши мумкин.
19-модда. Оилавий корхонада ҳисоб ва ҳисобот
Оилавий корхонада ҳисоб ва ҳисобот, шунингдек унинг фаолияти устидан статистика кузатувлари кичик тадбиркорлик субъектлари учун назарда тутилган тартибда юритилади.
5-боб. Оилавий корхонада меҳнат. Оилавий корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг ижтимоий муҳофазаси
20-модда. Оилавий корхонада меҳнатга оид муносабатлар
Оилавий корхона иштирокчиларининг шахсий меҳнатини амалга ошириш шартлари улар ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона (иш берувчи) ва оилавий корхонанинг ёлланма ходими ўртасидаги меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномаси (контракт) билан тартибга солинади.
(20-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
21-модда. Оилавий корхонада меҳнатга ҳақ тўлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона оилавий корхонанинг иштирокчилари ва ёлланма ходимлари учун меҳнат ҳақи, мукофотлар ҳамда компенсацияларнинг шаклларини, тизимини ва миқдорини қонунчиликка мувофиқ мустақил равишда белгилайди.
(21-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 15 («Меҳнатга ҳақ тўлаш») ва 17 («Кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари») боблари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг меҳнат ҳақи тарафларнинг келишувига кўра, лекин қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлмаган миқдорда белгиланади.
(21-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 сентябрдаги 775-сонли «Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори.
22-модда. Оилавий корхона иштирокчиларининг ва ёлланма ходимларининг ижтимоий муҳофазаси
Оилавий корхона корхонанинг иштирокчилари ва ёлланма ходимларига хавфсиз меҳнат шароитларини, ижтимоий муҳофаза чораларини таъминлаши шарт ҳамда уларнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона корхонанинг иштирокчилари ва ёлланма ходимлари учун қонунчиликда белгиланганига нисбатан имтиёзлироқ меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни мустақил равишда белгилашга ҳақли.
Оилавий корхонада иштирокчилар ва ёлланма ходимларнинг ишлаган вақти давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва қонунчиликда белгиланган тартибда юритиладиган меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида меҳнат стажига қўшилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 125-моддаси, Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 402, 29.01.1998 й.).
Оилавий корхона оилавий корхонанинг иштирокчилари ва ёлланма ходимлари ҳаётига ёки соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки улар ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича ўз фуқаролик жавобгарлигини иш берувчи сифатида қонунчиликда белгиланган шартлар ва тартиб асосида суғурталаши шарт.
(22-модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
6-боб. Оилавий корхона фаолияти эркинлигининг кафолатлари
23-модда. Оилавий корхонани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Давлат оилавий корхонанинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Давлат органлари оилавий корхонани ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат органлари қонунчиликда белгиланган тартибда:
(23-модданинг учинчи қисми биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
фойдаланилмаётган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар уларда товарлар ишлаб чиқаришни (ишлар бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ташкил этиш учун оилавий корхонага ижарага берилишини;
ишлаб чиқариш майдонлари қуриш учун оилавий корхонага ер ажратилишини;
оилавий корхона ишлаб чиқариш объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини;
оилавий корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш учун махсус жойлар берилишини таъминлайди.
24-модда. Оилавий корхона мол-мулкининг национализация, мусодара ва реквизиция қилинишига йўл қўйилмаслиги
Оилавий корхонанинг мол-мулки национализация, мусодара ва реквизиция қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 202, 203 ва 204-моддалари ва Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 32-моддаси.
25-модда. Оилавий корхона фаолиятининг эркинлиги
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкин.
(25-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Оилавий корхона битимлар тузишда эркиндир.
Оилавий корхона фаолиятини амалга оширишда, шу жумладан унинг томонидан технологияларни, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ассортиментини танлашда, маҳсулот нархини ҳамда уни реализация қилиш йўналишларини белгилашда давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.
26-модда. Оилавий корхонага солиқ солиш хусусиятлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона қонунчиликда белгиланадиган тартибда солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлайди.
(26-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси.
Оилавий корхонанинг фойдаси солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганидан кейин унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади.
(26-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 7 январдаги ЎРҚ-601-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.01.2020 й., 03/20/601/0025-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(27-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 9 ноябрдаги ЎРҚ-646-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.11.2020 й., 03/20/646/1488-сон)
28-модда. Оилавий корхонанинг коммунал инфратузилма объектларидан фойдаланишини таъминлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, оқова сувларни чиқариб юбориш, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади.
(28-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 29 августдаги ЎРҚ-951-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.08.2024 й., 03/24/951/0673-сон)
Коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти корхоналари зарур коммуникация тармоқларининг оилавий корхона фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида таъминлайди.
29-модда. Оилавий корхонага банк хизмати кўрсатиш ва уни кредитлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхонага банк хизмати кўрсатиш қонунчиликка мувофиқ банк билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.
(29-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Банклар белгиланган тартибда оилавий корхонанинг миллий ва хорижий валютадаги ҳисобварақларини очади ҳамда уларга хизмат кўрсатади.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 43 («Банк омонати») ва 44 («Банк ҳисобварағи») боблари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхонани кредитлаш банк ёки бошқа кредит ташкилоти билан тузиладиган кредит шартномаси асосида амалга оширилади. Оилавий корхонага кредитлар беришда банклар, бошқа кредит ёки суғурта ташкилотлари кафолат берувчи бўлиши мумкин. Тўловга қобилиятли юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликда белгиланган тартибда кафил бўлиши мумкин.
(29-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292—298 ва 744—748-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 29-моддаси.
7-боб. Якунловчи қоидалар
30-модда. Оилавий корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхонани қайта ташкил этиш қонунчиликда белгиланган тартибда унинг иштирокчилари томонидан амалга оширилиши мумкин.
(30-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 49-моддаси.
Оилавий корхонани тугатиш унинг иштирокчиларининг ёки суднинг қарорига кўра, шунингдек агар унда оилавий корхонанинг ягона иштирокчиси қолган бўлса, амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхона тугатилаётганда бўшатилаётган иштирокчилар ва ёлланма ходимларга қонунчиликка мувофиқ уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши кафолатланади.
(30-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг III бўлими («Ишга жойлаштириш») ва Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни.
Оилавий корхона унинг тугатилиши ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилганидан кейин тугатилган ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхонани тугатиш қонунчиликка белгиланган тартибда амалга оширилади.
(30-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 49, 53-моддалари, Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 49-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги ПФ-5739-сонли «Тадбиркорлик субъектларни тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сонли «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳамда Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори.
31-модда. Оилавий корхоналарнинг бирлашмалари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий корхоналар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликка мувофиқ ассоциацияларга (уюшмаларга) ва бошқа бирлашмаларга бирлашиши мумкин.
(31-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 77-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни.
32-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оилавий тадбиркорлик соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(32-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 июндаги ПҚ-4754-сонли қарори билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисидаги низом.
Олдинги таҳрирга қаранг.
33-модда. Оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(33-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 990, 991-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг XVI1 боби («Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик») ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XIII1 боби («Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар»).
Олдинги таҳрирга қаранг.
34-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
(34-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
35-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2012 йил 27 апрелдаги 82 (5502)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 26 апрель,
ЎРҚ-327-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 17-сон, 188-модда; 2013 й., 18-сон, 233-модда; 2015 й., 33-сон, 439-модда; 2017 й., 1-сон, 1-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.03.2019 й., 03/19/531/2799-сон; 08.01.2020 й., 03/20/601/0025-сон; 22.07.2020 й., 03/20/629/1087-сон; 09.11.2020 й., 03/20/646/1488-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 28.12.2023 й., 03/23/890/0981-сон; 30.08.2024 й., 03/24/951/0673-сон)