151-модда. Даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар
Даъво аризасига қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:
1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини;
2) даъво аризасининг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилганлигини;
3) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни;
5) даъвогарнинг юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигини;
6) даъво аризасини имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса.
Шартнома тузишга мажбур этиш тўғрисидаги даъво аризасига шартнома лойиҳаси ҳам илова қилинади.
Инвестициявий низолар бўйича даъво аризасига инвестиция шартномасининг кўчирма нусхаси, йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризасига эса унинг йирик инвесторлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилинади.
ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ
1. Шарҳланаётган моддада даъвогар иқтисодий судга даъво тақдим этаётганида унга илова қилиши шарт бўлган ҳужжатларнинг рўйхати келтирилган. Булар қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлардир:
а) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар. Бундай ҳужжатлар сифатида – давлат божи миқдори суднинг ҳисоб рақамига ўтказилганлиги ҳақидаги тўлов топпгариқномаси ёки давлат божи учун тўланган пулнинг банк томонидан қабул қилиб олинганлиги ҳақидаги хабарнома илова қилиниши мумкин. Тўлов ҳужжатларида давлат божининг тегишли миқдорлари республика бюджетига ўтказилганлигини билдирувчи реквизитлар кўрсатилган бўлиши шарт.
Олий суд Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги «Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги 36-сонли қарорининг 5-бандига асосан, давлат божи даъво аризаси (ариза), шикоят судга берилгунга қадар тўланади, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса (масалан, тўловчи давлат божини тўлашдан озод қилинган ёки суд давлат божи тўлашни кечиктирган бўлса).
Давлат божи нақд пулсиз шаклда тўланганлиги факти банкнинг тўлов қабул қилинганлиги тўғрисидаги белгиси бўлган тўлов топшириқномаси билан тасдиқланиши шарт.
Давлат божи нақд пул шаклида тўланганлиги факти банк томонидан тўловчига бериладиган белгиланган шаклдаги квитанция билан тасдиқланиши керак.
Агар муайян судда кўрилиши керак бўлган бир нечта даъво аризалари (аризалар) бўйича давлат божи битта тўлов топшириқномаси билан тўланган бўлса, тўлов топшириқномаси ишлардан бирига илова қилинади.
Қолган ишларга судья томонидан тўлов топшириқномасининг санаси ва рақами кўрсатилган ҳамда тўлов топшириқномаси қўшиб қўйилган ишга ҳавола қилинган ҳолда давлат божи тўланганлиги тўғрисида белги қўйилади (маълумотнома тузилади).
Мазкур қоида почта харажатларига нисбатан ҳам қўлланилади;
б) даъво аризасининг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилганлиги турли ҳужжатлар билан тасдиқланиши мумкин.
Ҳужжатларнинг нусхалари алоқа бўлимлари орқали юборилганлиги почта квитанциялари билан тасдиқланади;
в) низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса, талабномалар нусхалари ёки уларнинг жавобгарга юборилганлигини билдирувчи ҳужжатлар билан тасдиқланади;
г) даъво талаблари асосланган ҳужжатлар. Бундай ҳужжатлар – даъво аризасига илова қилинадиган низони тўғри ҳал этиш учун керакли бўлган ҳужжатлардир. Жумладан, судга тақдим этилган ҳужжатлар далил тариқасида баҳоланади. Айрим ҳолларда судга мурожаат қилувчи тарафлар томонидан даъво аризасига ёки қарши даъво аризасига, шунингдек даъво юзасидан тақдим этилган эътирозномаларга ўзларининг ҳақ эканликларини исботлаш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар – қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ёки улардан кўчирмалар илова қилинади. Аммо, агар суд томонидан талаб қилинган бўлмаса, бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни судга тақдим этиш шарт эмас. Чунки бундай қонун ҳужжатлари судга тақдим этилмаган ҳолда ҳам суд низога алоқадор бўлган қонун нормасини ўзи ўрганиб чиқишга ва қўллашга мажбур. Судга фақат низо юзасидан тарафларнинг важ ва эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши шарт. Бундай ҳужжатлар сирасига тарафлар ўртасида тузилган шартнома, турли ёзишмалар, бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари, талабномалар, огоҳлантириш хатлари, тўлов топшириқномалари, юк хатлари, қабул қилиш далолатномалари ва бошқа шу каби ҳужжатларни киритиш мумкин;
д) агар даъво аризаси даъвогарнинг вакили томонидан имзоланган бўлса, тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳамда вакилнинг ушбу даъвони тақдим этишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилиниши шарт.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, даъво аризасидаги имзо муҳим аҳамият касб этади. Судга тақдим этилаётган даъво аризаси даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак. Ўзининг бузилган ҳуқуқи ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат этаётган шахс даъвогар ҳисобланади ва, агар у юридик шахс бўлса, даъво аризаси даъвогарнинг раҳбари ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши лозим.
Ваколатсиз шахс томонидан қўйилган имзо ёки даъво аризасининг имзоланмаганлиги ҳам даъво аризани қайтаришга асос бўлади. Агар даъво аризаси иш юритувга қабул қилинганидан сўнг уни имзолаган шахснинг аризани имзолашга ваколати йўқлиги аниқланган тақдирда, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади, давлат божи эса қайтарилмайди.
Шунинг учун, вакил томонидан имзоланган даъво аризага албатта вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ишончноманинг асли ёки аслига тўғрилиги тасдиқланган нусхаси илова қилиниши шарт.
2. Фуқаролик кодексининг 377-моддаси талабларига мос келадиган шартномани тузишга мажбур этиш тўғрисида судга бериладиган аризага шартнома лойиҳаси, келишмовчиликлар баённомаси, келишмовчилик баённомасини рад этиш тўғрисидаги жавоб хати ҳам илова қилинади.
Даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатларнинг қайси бири асл нусхада эмас, унинг нусхаси тақдим этилган бўлса, бу ҳолат кўрсатилиши, агар суд талаб қилса, уларнинг аслига тўғрилиги тасдиқланган бўлиши шарт. Шунингдек, суд мажлисида иштирок этиш учун келганда тарафлар ўзлари билан судга тақдим этган ҳужжатларнинг асл нусхаларини олиб келишлари мақсадга мувофиқдир.
3. ИПКнинг 301-моддасига асосан, инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига қуйидагилар киради:
1) инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар;
2) инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар;
3) инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар;
4) инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар;
5) инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар.
Инвестициявий низолар бўйича даъво аризасига инвестиция шартномасининг кўчирма нусхаси, йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризасига эса унинг йирик инвесторлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилинади.