Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси
ONLINE TRANSLATE
Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи

102-модда. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи 
Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли: 
1) суд томонидан экспертиза тайинланганда; 
2) ишда иштирок этувчи шахс бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда; 
3) ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро давлат мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда; 
4) чет давлатлар судларига низони мазмунан ҳал этиш учун алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги суд топшириқлари белгиланган тартибда юборилганда.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ 

Мазкур 102-моддада иш юритишни тўхтатиш учун асос бўлган ва кенгайтириб талқин этилмайдиган факультатив (мажбурий бўлмаган) асослар рўйхати келтирилган. Факультатив асослар бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш масаласи суд томонидан ўзининг ташаббусига ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига кўра ҳал этилади. 
1. ИПКнинг 80-моддасига кўра, ишни кўриш вақтида юзага келадиган, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириб бериш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра ёки розилиги билан экспертиза тайинлайди. Агар экспертизани тайинлаш қонунда белгилаб қўйилган ёки шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд тақдим этилган далилнинг қалбакилаштирилганлиги тўғрисидаги аризани текшириш ёхуд қўшимча экспертиза тайинлаш зарур бўлса, суд экспертизани ўз ташаббуси билан тайинлаши мумкин. 
Экспертиза тайинланганда, иш юритишни тўхтатиш ёки тўхтатмаслик масаласини судьянинг ўзи ҳал қилади. Агар экспертизанинг ўтказилиши ИПКда ишни кўриш учун белгиланган процессуал муддатнинг бузилишига олиб келмаса, суд иш юритишни тўхтатмасдан экспертиза тайинлаш ҳақида ажрим чиқаришга ҳақли. Аммо экспертиза тайинланганда амалиётда, қоида тариқасида, иш юритиш тўхтатилади. Чунки иш юритишнинг тўхтатилмаслиги ИПКда ишни кўриш учун белгиланган процессуал муддатларнинг бузилишига олиб келади. Иш юритишни тўхтатиш алоҳида чиқарилган ажримда ёки экспертиза тайинлаш ҳақидаги ажримда кўрсатилиши мумкин. 
2. Ишда иштирок этувчи юридик шахс қайта ташкил этилиши муносабати билан мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўтиши билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш учун суд иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақлидидир. Айниқса, ишда тараф сифатида иштирок этаётган юридик шахснинг қайта ташкил этиш жараёни якунига етмасдан туриб чиқарилган суд ҳужжати кейинчалик юқори инстанция судларида бекор қилинишига ёки ўзгартирилишига сабаб бўлади. 
Иш юритишни тўхтатиб туриш масаласини ҳал қилишда иқтисодий суд қуйидаги ҳолатларни инобатга олиши зарур: 
- юридик шахсни қайта ташкил этиш фақатгина иқтисодий суд ишида иштирок этувчи шахс мақомига эга бўлган суд жараёни иштирокчилари билан боғлиқ бўлиши (ИПКнинг 46-моддаси); 
- юридик шахсни қайта ташкил этиш амалдаги фуқаролик қонун ҳужжатлари талаблари асосида ўтказилиши мумкинлиги (Фуқаролик кодексининг 50-моддаси). 
Процессуал ҳуқуқий ворислик моддий ҳуқуқий ворислик мавжуд бўлган тақдирда вужудга келади. Моддий маънодаги ҳуқуқий ворисликка юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, мажбуриятлардаги шахслар ўзгариши ва моддий ҳуқуқ билан белгиланган бошқа ҳолларда мумкин бўлади. Юридик шахснинг фақатгина мулкий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўтказилиши билан боғлиқ қайта ташкил этиш, ишни тўхтатиб туриш учун асос бўлиши мумкин. Фуқаролик кодексида белгиланган, талаб қилиб олиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзни ўтказиш каби бошқа мулкий ворислик муносабатлари — ишни тўхтатиб туриш учун асос бўла олмайди. 
Бундай ҳолларда (талаб қилиш ҳуқуқини ўтказиш ва қарзни ўтказиш) ишда иштирок этувчи шахс ўзининг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бошқа шахсга ўтиши тўғрисидаги ҳужжатларни иқтисодий судга тақдим этганда, суд тегишли иштирокчини ишни тўхтатмасдан алмаштириш чораларини кўриши лозим.
Иш юритишни тўхтатишга фақатгина процесс иштирокчиси бўлган юридик шахс қайта ташкил этилган тақдирдагина йўл қўйилади. 
Юридик шахслар қайта ташкил этилгандаги ҳуқуқий ворислик Фуқаролик кодексининг 50-моддасида назарда тутилган. Бир юридик шахсдан бошқа юридик шахсга ўтган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳажми қайта ташкил этиш шаклига боғлиқ бўлади ва белгиланган тартибда топшириш ҳужжати ва тақсимлаш балансида акс эттирилади. 
Агар топшириш ҳужжати ва тақсимлаш баланси юридик шахснинг ҳуқуқий ворисини аниқлаш имконини бермаса, Фуқаролик кодексининг 52-моддасига мувофиқ янгидан пайдо бўлган юридик шахслар қайта ташкил этилган юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича биргаликда жавоб беришлари керак. Қайта ташкил этиш жараёнида суд томонидан иш юритиш тўхтатилганда, қайта ташкил этиш якунига етиб, юридик шахснинг қайта ташкил этилиши оқибатида тарафлардан бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган ҳолларда, суд иш юритишни тиклаб, бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиради. Учинчи шахсни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштириш ҳам шу тартибда амалга оширилади. 
Ишда иштирок этувчи шахсни қайта ташкил этиш ишни тўхтатиб туришда асос бўлиши учун қайта ташкил этиш иқтисодий иш қўзғатилганидан сўнг амалга оширилган бўлиши керак. 
Юридик шахсни қайта ташкил этиш иқтисодий иш қўзғатилишидан олдин амалга оширилганлиги аниқланган ҳолда, иқтисодий суд ишда иштирок этувчи шахсни процессуал қонунларга зид бўлмаган тақдирда бошқа тегишли шахс билан алмаштириш масаласини ҳал қилиши ёки иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишда ушбу ҳолатларга баҳо бериб, суд ҳужжатини қабул қилиши лозим. 
3. Мазкур 102-модданинг 3-банди фуқаронинг процессуал ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар. Ишда иштирок этувчи шахслардан бири ҳарбий хизматга ёки давлат мажбуриятини бажариши учун жалб қилиниши оқибатида судга келолмаган тақдирда, унинг судда иштирок этиб процессуал ҳуқуқларидан фойдаланишини таъминлаш мақсадида ИПКда иш юритишни тўхтатиб туриш белгиланган. 
4. ИПКнинг 247-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари чет давлатлар судларига ёки чет давлатларнинг ваколатли органларига айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги суд топшириқлари билан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ёки қонунида белгиланган тартибда мурожаат қилиши мумкин. Чақирув қоғозларини ва бошқа ҳужжатларни топшириш, ёзма далиллар олиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш каби топшириқлар шулар жумласидандир. Суд топшириқларини бериш Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган халқаро шартнома, кўп тарафлама ёки икки тарафлама шартнома шартларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги фуқаролик, савдо ва жиноят ишлари масалалари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳуқуқий ёрдам ва фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича муносабатлар тўғрисидаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги ҳуқуқий ёрдам ва фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича муносабатлар тўғрисидаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси ва Украина Республикаси ўртасидаги ҳуқуқий ёрдам ва фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича муносабатлар тўғрисидаги Шартнома, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартнома шулар жумласидандир. 
Суд топшириқларини бериш тўғрисидаги ажримнинг чиқарилиши иш юритишни тўхтатиш учун асос бўлади. Суд топшириғини бериш асосан чет эл иштирокидаги шахслар билан боғлиқ ишларни кўришда қўлланилса-да, аксарият ҳолларда иш юритишни тўхтатишга зарурат бўлмайди. Чунки халқаро шартномаларда бундай ишлар бўйича ИПКдан бошқача узайтирилган процессуал муддатлар белгиланган.