ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Агентлик фаолиятини ташкил этиш;
Агентликнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
Агентлик ва унинг марказий аппаратининг вазифалари ва функциялари;
Агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари.
2. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 17 сентябрь,
498-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 498-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик)нинг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ваколатлари ҳамда ташкилий асосларини, шунингдек, раҳбарларининг функционал мажбурияти ва масъулиятини белгилайди.
2. Агентлик билим ва малакаларни баҳолаш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
3. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига (кейинги ўринларда — Вазирлик) бевосита бўйсунади ва фаолияти юзасидан ҳисобот беради.
4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
5. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.
6. Агентлик давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимлари (кейинги ўринларда — ҳудудий бўлинмалар) юридик шахс ҳисобланмайди.
7. Агентликнинг расмий номланиши:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги;
қисқартирилган номи — Билимни баҳолаш агентлиги;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Агентство по оценке знаний и квалификаций при Министерстве высшего образования, науки и инноваций Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Агентство по оценке знаний;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Agency for Assessment of Knowledge and Competences under the Ministry of Нigher Education, Science and Innovation of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — Knowledge Assessment Agency.
8. Агентликнинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Боғишамол кўчаси, 12-уй, 100084.
Ҳудудий бўлинмалар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар маъмурий марказларида имтиҳонларни йил давомида ўтказишга мўлжаллаб қурилган Агентликнинг катта сиғимли биноларида жойлаштирилади.
9. Агентликнинг ташкилий тузилмасига қуйидагилар киради:
марказий аппарат;
Агентлик ҳузуридаги «Илмий-ўқув амалий марказ» давлат муассасаси;
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги фаолиятини ривожлантириш жамғармаси;
Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари.
2-боб. Агентлик, унинг тизим ташкилоти ва ҳудудий бўлинмаларининг асосий вазифалари ва функциялари
1-§. Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
таълим ташкилотларига қабул имтиҳонларини ташкил этиш, ўтказиш, натижаларини ҳисоблаш, танлов ўтказиш ва эълон қилиш;
миллий тест тизими асосида малака имтиҳонларини ташкил этиш, ўтказиш ва давлат намунасидаги миллий сертификат бериш;
таълим олувчилар ва талабгорларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолашга қаратилган тест топшириқлари, саволлар банки, баҳолаш мезонлари, тафсилотлар, кодификаторлар ҳамда баҳолашнинг бошқа илмий-услубий ва ташкилий воситалари (педагогик ўлчов воситалари)ни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;
раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва уларга давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини бериш;
хорижий давлатларда ўрта махсус, касбий, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳамда таълим ташкилотлари томонидан берилган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш;
буюртма асосида билим ва малакаларни баҳолаш бўйича имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш;
ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан қонунчилик ҳужжатлари доирасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш.
11. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) таълим ташкилотларига қабул имтиҳонларини ташкил этиш, ўтказиш, натижаларини ҳисоблаш, танлов ўтказиш ва эълон қилиш соҳасида:
таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синови орқали танлаб олиш тартибларини ишлаб чиқади;
бино ва иншоотларни тест синовларини ўтказиш учун жиҳозлаш борасида қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади;
тест синовларида иштирок этувчилар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади;
манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда тест топширувчилар ҳақида маълумотлар банкини шакллантиради, уларнинг йўналишлар ва гуруҳлар бўйича тақсимотини амалга оширади;
амалдаги ва ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида тест синовларини ташкил этишни такомиллаштириб боради;
тест топширувчилар учун тест синови тартиби бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқади;
тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш учун тест синовлари иштирокчиларини белгиланган вазифаларига кўра гуруҳларга тақсимлайди;
тест синовларининг белгиланган тартиб ва қоидалар асосида ўтказилишини назорат қилади;
тест синовлари назоратини амалга оширувчи масъул шахсларнинг билим ва малакасини шакллантирувчи дастурларни ишлаб чиқади, ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида такомиллаштириб боради;
тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқади;
тест синовлари назоратини амалга оширувчи масъул шахсларнинг билим ва малакасини оширишга йўналтирилган амалий семинарларни ташкил қилади ҳамда методик қўлланмаларни яратади;
тест топшириқлари асосида саволлар китобини шакллантиради ҳамда уларнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда нашр қилади;
тест синовларида ишлатиладиган жавоблар варақаларига ишлов беради, текширади;
тест синовлари натижаларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
тест синови натижаларини ҳисоблайди, ҳар хил шаклларда таҳлил қилади ва натижаларни эълон қилади;
б) миллий тест тизими асосида малака имтиҳонларини ташкил этиш, ўтказиш ва давлат намунасидаги миллий сертификат бериш соҳасида:
малака имтиҳонларини ўтказиш жадвалини ишлаб чиқиш, ташкил этиш ва ўтказишни таъминлайди;
малака имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган шахсларга давлат намунасидаги электрон миллий сертификатларни беради;
миллий сертификатлар ягона электрон реестрини шакллантиради ва юритади;
малака имтиҳонларини ташкил этиш ва баҳолашнинг илғор халқаро тажрибаларини жорий этади;
в) педагогик ўлчов воситаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш соҳасида:
малака имтиҳонлари учун тест топшириқлари формати (фан мазмуни таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёри), баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
педагогик ўлчов воситаларини ишлаб чиқувчи фан экспертларига, ўлчов воситаларини ишлаб чиқишга ва экспертизадан ўтказишга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади;
педагогик ўлчов воситаларининг илмий асосланганини, психометрик кўрсаткичларини таҳлил қилади ва уларни халқаро талабларга мослаштириб боради;
баҳолаш воситалари ишончлилиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади;
г) раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва уларга давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини бериш соҳасида:
халқаро эътироф этилган баҳолаш стандартлари асосида раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш бўйича тест топшириқлари тузилмасини ишлаб чиқади ва синовдан ўтказади;
раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш ва эгаллаш даражасини аниқлаш бўйича халқаро эътироф этилган баҳолаш стандартлари талабларига мувофиқ тест синовларини ўтказади;
ривожланган чет эл мамлакатларининг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ва синовдан ўтказади;
давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга электрон шаклда давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини беради;
д) хорижий давлатларда ўрта махсус, касбий, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳамда таълим ташкилотлари томонидан берилган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш соҳасида:
хорижий давлатларда олинган ўрта махсус, касбий ва олий таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш тўғрисидаги ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини текшириш ва тан олиш ишларини ташкил этади;
эксперт комиссиялари хулосаси асосида хорижий давлатларда олий таълим ва кадрларни қайта тайёрлаш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун тест синовларини ташкил этади;
хорижий таълим ҳужжатларини тан олиш бўйича экспертиза ишларини амалга оширади ҳамда тегишли хулосалар тайёрлайди;
таълим ташкилотлари томонидан берилган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш жараёнларини амалга оширади;
е) буюртма асосида билим ва малакаларни баҳолаш бўйича имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида:
давлат ва нодавлат ташкилотлар буюртмаси асосида билим ва малакаларни баҳолаш бўйича имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказишни таъминлайди;
буюртмачи ташкилотлар билан ҳамкорликда имтиҳон жараёнларини ташкил этади, баҳолаш натижаларини таҳлил қилади ва таклифлар тайёрлайди;
имтиҳон жараёнларининг техник ва ташкилий жиҳатдан самарали ўтказилишини таъминлайди;
ж) ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш соҳасида:
ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан билим ва малакаларни баҳолаш соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатади ва ривожлантиради;
халқаро тажриба, баҳолаш стандартлари ва илғор ахборот технологияларини миллий тизимга жорий этади;
халқаро лойиҳаларда иштирок этади, ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувлар ва меморандумлар доирасида тегишли ишларни амалга оширади.
2-§. Агентлик марказий аппаратининг вазифалари ва функциялари
12. Қуйидагилар Агентлик марказий аппаратининг асосий вазифалари ҳисобланади:
1) билим ва малакаларни баҳолаш ҳамда тест синовлари орқали танлаб олиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга кўмаклашиш;
2) Агентлик ва унинг таркибий бўлинмалари фаолияти бўйича прогноз кўрсаткичлари, мақсадли индикаторлар ҳамда ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг самарали ижросини таъминлаш;
3) билим ва малакаларни баҳолаш соҳасига доир масалаларда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Вазирлик йиғилишларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;
4) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси топшириқларининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
5) Агентлик ходимларини тизимли қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;
6) марказий аппарат фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда таҳлил натижаларига кўра зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;
7) Агентлик ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятига замонавий бошқарув ва иш услубларини жорий этиш;
8) билим ва малакаларни баҳолаш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш сифати, шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш;
9) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ишларини самарали ташкил этиш, аҳоли билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш;
10) билим ва малакаларни баҳолаш соҳасини ривожлантиришга қаратилган дастурлар, услубий ҳужжатлар ва тартибга солувчи ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
11) билим ва малакаларни баҳолаш соҳасида халқаро ва давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда халқаро грантлар ва лойиҳаларни жалб этиш чораларини кўриш;
12) Агентлик директори буйруқлари ҳамда топшириқларининг ижросини таъминлаш;
13) марказий аппарат ва таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг касбий маҳорати, билим даражаси ва одоб-ахлоқ қоидалари талабларга мувофиқлигини таъминлаш, кадрлар захирасини шакллантириш;
14) баҳолаш соҳасидаги илғор халқаро тажриба, замонавий баҳолаш технологиялари ва тестология ютуқларини ўрганиш ҳамда амалиётга жорий этиш;
15) билим ва малакаларни баҳолаш соҳасида республика ва халқаро миқёсда семинарлар, анжуманлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳамда уларда иштирок этиш.
13. Агентликнинг марказий аппарати ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Агентлик фаолиятини ташкилий-назорат ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;
Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида таркибий бўлинмалар фаолияти мониторингини юритади;
топшириқлар ва қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш, юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш ҳамда ўз ташаббуси билан Агентлик ваколатларига тааллуқли бўлган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш учун ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда билим ва малакаларни баҳолаш соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклиф, тавсия ва таҳлилий маълумотлар тайёрланишини таъминлайди;
миллий баҳолаш тизимини ривожлантириш стратегиясининг яқин, ўрта ва узоқ истиқболдаги устувор йўналишларидан келиб чиқиб, таклифларни ишлаб чиқади;
билим ва малакаларни баҳолаш соҳасида мавжуд тизимли муаммо ва камчиликларнинг мунтазам равишда кўриб чиқилишини ташкил қилади;
таркибий бўлинмалар ва тизим ташкилотининг фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришни ҳамда назоратини, шу жумладан, уларнинг қонунчилик ҳужжатлари, идоравий ва идоралараро ҳужжатларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
Агентлик ваколатига тааллуқли тезкор, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш, хўжалик ва бошқа масалаларни ҳал қилади.
Агентликнинг марказий аппарати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-§. Агентлик тизим ташкилоти ва ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ва функциялари
14. Қуйидагилар Агентлик тизим ташкилоти ва ҳудудий бўлинмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Агентлик тизим ташкилоти ва ҳудудий бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазирликнинг буйруқлари бажарилишининг мунтазам назоратини таъминлаш;
Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорлик қилиш.
Агентлик тизим ташкилоти ва ҳудудий бўлинмалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
15. Агентлик тизим ташкилоти ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
тизим ташкилоти фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;
Агентлик томонидан баҳолаш соҳасида ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга оширади;
тизим ташкилоти томонидан киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида қайта ишланишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;
тизим ташкилоти таркибидаги бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда назорат қилади;
бинолар ва иншоотларни жорий таъмирлаш ишларини мониторинг қилиб боради ва мувофиқлаштиради;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этади ва амалга оширади;
ваколати доирасида тегишли ташкилий, кадрлар, молия, ишлаб чиқариш, хўжалик ва бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.
Агентлик тизим ташкилоти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Агентликнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
16. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Агентлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан методик материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
Агентлик ваколатига кирувчи масалаларни ҳал қилиш мақсадида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, республиканинг чет элдаги дипломатик ва савдо ваколатхоналари, Марказий банк ва тижорат банкларидан тегишли маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда, Агентлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан йиғилишлар ўтказиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг топшириқларига мувофиқ халқаро ташкилотларда давлат манфаатларини ифода этиш ҳамда белгиланган тартибда ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида бошқа мамлакатларнинг билим ва малакаларни баҳолаш соҳаси бўйича масъул идоралари билан ҳамкорлик шартномаларини тузиш;
Агентлик, унинг таркибий бўлинма ва тизим ташкилоти ходимлари томонидан уларнинг тегишли соҳадаги фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрлар бажарилиши ва белгиланган индикаторларга эришишни ҳисобга олган ҳолда, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, моддий рағбатлантириш тартиби, миқдорлари ва шартларини белгилаш;
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;
билим ва малакаларни баҳолаш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказишда мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни эксперт сифатида, шунингдек, бошқа шахсларни гуруҳ назоратчилари сифатида шартнома асосида Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан жалб қилиш;
таркибий бўлинмалар ва тизим ташкилотининг моддий-техник базаси, ходимларини моддий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш чораларини кўриш;
Агентликка юкланган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасаларининг юқори малакали мутахассислари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари ва мутахассисларини маслаҳатчи (консультант) сифатида жалб қилиш.
Агентлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
17. Агентлик:
зиммасига юкланган вазифа ва функцияларнинг лозим даражада ҳамда самарали бажарилиши;
тегишли соҳада фаолиятнинг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрлар ва белгиланган индикаторларга эришишнинг сўзсиз таъминланиши;
тегишли соҳани ривожлантириш ҳамда ҳудудларнинг муаммоли масалаларини ҳал этиш бўйича дастурлар, чора-тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳамда ҳимоя қилиниши учун жавобгардир.
4-боб. Агентлик директорининг асосий функционал вазифалари
18. Қуйидагилар Агентлик директорининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;
Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида Агентликка юкланган вазифа ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг топшириқларини бажариш;
ўз ўринбосари ва Агентликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш ва вазифаларни тақсимлаш;
Агентлик фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Агентликнинг даврий иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқларига ҳамда ўз ташаббусига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
билим ва малакаларни баҳолаш соҳасида халқаро ва давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш бўйича халқаро ҳамда хорижий тадбирларда Агентлик вакилларининг иштирокини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруқлари, фармойишлари ва топшириқлари бажарилишини таъминлаш, таркибий бўлинмаларда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, таркибий бўлинмаларнинг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Агентлик ходимларининг хизмат сафарларини қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асослангани, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича кўрсатмалар чиқариш, буйруқлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур бўлганда, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;
Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишини назорат қилиш;
Агентликнинг марказий аппарати фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини танқидий таҳлил қилиш, таҳлил натижаларига кўра зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;
Агентлик ҳамда унинг таркибий бўлинмалари фаолиятига замонавий иш услубларини жорий этиш;
таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг касб маҳорати, чуқур билимга эгалиги, тажрибаси, ишчанлик ва одоб-ахлоқ ҳамда маънавиятининг юқори даражаси кафолатланганини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушадиган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишларни Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабуллар ўтказиш, шу жумладан, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни ташкил этиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакат вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Агентлик номидан иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва коррупцияга қарши курашишга доир бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш, фаолиятда коррупциявий хавф-хатарларни ва манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишга доир ишларга раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга доир ишларга раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;
Агентлик марказий аппарати ва тизим ташкилоти ходимларини уларнинг кўп йиллик ва самарали фаолияти, алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирлашга таклифлар киритишни таъминлаш ва тавсиялар бериш;
Агентлик мулкини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш;
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини белгиланган тартибда имзолаш;
Агентликнинг ички ташкилий масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;
ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, меҳнат шартномалари (буйруқлари)ни имзолаш;
Агентлик ходимларининг малакасини ошириш ва уларни хорижий давлатларга стажировка ва тажриба алмашиш учун юборишни ташкил этиш;
Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини, шу жумладан, келгусида унинг эгаллаб турган лавозимида қолишининг мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
Агентликнинг ташқи ва ички ташкилий фаолияти устидан доимий ва қатъий назорат ўрнатиш;
Агентликка киритиладиган таклифлар ва тақдим этиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда келишилиши (виза қўйилиши)ни таъминлаш;
Агентликнинг яқин, ўрта ва узоқ истиқболдаги устувор йўналишларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган таклифларни Вазирликка, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;
давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя қилиш;
ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида Агентлик штатлар жадвалини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Агентликнинг харажатлари сметасини тасдиқлаш;
ушбу Низомда ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.
5-боб. Агентлик директорининг жавобгарлиги
19. Агентлик директори:
ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз муддатида бажариш, шунингдек, Агентлик фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришга;
амалга оширилаётган дастурлар, стратегиялар ва концепцияларнинг натижаларига, уларнинг мамлакат ва ҳудудларнинг ривожланишига эришишга;
Агентликда, унинг таркибий бўлинмаларида ижро интизомига қатъий риоя қилишини назорат қилишга масъулдир.
20. Агентлик марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари ва тизим ташкилоти раҳбари уларга юкланган вазифа ва функцияларнинг, шунингдек, ўз функционал вазифаларининг сўзсиз бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
6-боб. Агентлик фаолиятини ташкил этиш
21. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
Агентлик директорининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
22. Агентлик директори:
Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Агентлик ходимларининг лавозим мажбуриятларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
ўз ваколати доирасида Агентлик ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва топшириқлар чиқаради, кўрсатмалар беради;
заруратга кўра, Агентлик тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади.
Агентлик директори қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Агентлик директори вақтинча бўлмаган даврда унинг ваколатларини тегишли буйруқ асосида директор ўринбосари бажаради.
23. Агентлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
24. Агентлик тузилмаси ва штатлар жадвали ҳамда тизим ташкилоти устави Агентлик директори томонидан тасдиқланади.
7-боб. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторлари
25. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланади.
26. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳо Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари (индикаторлар)га асосланади.
27. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:
Агентлик ходимларини қўшимча рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;
Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.
28. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
8-боб. Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш
29. Агентликнинг моддий-техник таъминоти, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш, тизим ташкилоти ва ҳудудий бўлинмаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини амалга ошириш ҳамда таъминоти билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари (кейинги ўринларда — Жамғарма);
Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари;
халқаро молия институтлари кредитлари (қарз маблағлари) ва грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
Агентлик томонидан шартнома асосида хизмат кўрсатишдан олинадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
30. Агентлик марказий аппаратига тест материалларини ташиш учун 1 та махсус автотранспорт лимити белгиланади.
31. Агентлик бошқарув ходимларининг лавозим маошларини аниқлашда ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорида қўлланилади ҳамда бу билан боғлиқ қўшимча харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.
32. Агентлик ходимларининг лавозим маошига ойлик устамалар, мукофотлар, рағбатлантиришлар ва моддий ёрдам бериш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ тўловлар қуйидаги мақсадлар ва шаклларда амалга оширилади:
а) Агентлик ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни молиялаштиришда республика бюджетидан қуйидагилар назарда тутилади:
2026 йил 1 октябрдан бошлаб Агентлик ходимларига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда қуйидаги ҳажмда ҳар ойда устамалар тўланади:
1 йилдан 3 йилгача — 0,3;
3 йилдан 5 йилгача — 0,6;
5 йилдан 10 йилгача — 0,8;
10 йилдан 15 йилгача — 1,0;
15 йилдан 20 йилгача — 1,2;
20 йилдан юқори — 1,5;
б) Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қуйидагилар назарда тутилади:
ходимлар фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунларига кўра, ходимга лавозим маошининг (рағбатлантирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда) 200 фоизигача миқдорда устама. Бунда самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичи 90 баллдан юқори бўлган ходимларга Жамғармани бошқариш кенгаши қарорига мувофиқ ҳар ойлик қўшимча устама миқдори белгиланади;
ходимнинг илмий даражага эга бўлгани учун ойлик устамалар фан номзоди ёки тегишли фан йўналишлари бўйича фалсафа доктори (PhD) — лавозим маошига нисбатан 5 фоиз, фан доктори (DSc) — лавозим маошига нисбатан 10 фоиз миқдорида устама;
2026 йил 1 октябрга қадар Агентлик ходимларига кўп йиллик хизмати учун лавозим маошига белгиланган коэффициентларда қуйидаги ҳажмда ҳар ойда устамалар тўланади:
2 йилдан 5 йилгача — 0,1;
5 йилдан 10 йилгача — 0,2;
10 йилдан 15 йилгача — 0,3;
15 йилдан юқори — 0,35;
Агентлик ходимларини чораклик якуни бўйича ходимнинг ойлик иш ҳақининг бир бараваридан ошмаган миқдорда мукофотлаш. Бунда чораклик якуни бўйича тўловлар миқдори ходимларнинг иш кўрсаткичларининг самарадорлигига қараб Агентлик директори томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 208-моддаси биринчи қисмида белгиланган байрам кунлари муносабати билан Агентликнинг бошқарув ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн бараваригача, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга эса беш бараваригача миқдорда рағбатлантириш тўловлари амалга оширилади;
қуйидагиларга рухсат этилади:
алоҳида ҳолатлар (оила аъзосининг вафоти, ўзининг ёки фарзандининг биринчи никоҳдан ўтиши, ходимнинг фарзандли бўлиши, юбилей саналари (50, 55, 60, 65, 70 ёш) муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн бараваригача бўлган миқдорида моддий ёрдам беришга;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш учун бир йилда бир маротаба меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн бараваригача бўлган миқдорида моддий ёрдам беришга;
ходим оғир бетоб бўлганида (бахтсиз ҳодиса сабабли, касаллик) ва ходим вафот этган ҳолларда, ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг беш бараваригача моддий ёрдам беришга;
хизмат автомобилига эга бўлмаган ходимлар учун йўлкира ҳақига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида компенсация тўлашга;
Агентлик ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг меҳнати самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда овқатланиш харажатларини қисман қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида компенсация тўлашга;
Агентлик ходимларининг маҳаллий ва хорижий хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатлар (автотранспорт, овқатланиш, ортиқча юк ташиш, меҳмонхона)ни тўлашга.
33. Агентлик ва тизим ташкилоти раҳбар ва ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар ва чораклик рағбатлантиришлар миқдори қуйидагича белгиланади:
Агентлик директорига — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан;
Агентлик ходимлари ва Агентликнинг тизим ташкилоти раҳбарига — Агентлик директори томонидан;
Агентлик тизим ташкилоти ходимларига — тизим ташкилоти раҳбарининг буйруғига мувофиқ.
34. Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш харажатлари:
Агентлик ходимлари учун — Агентлик директорининг буйруғига мувофиқ;
Агентликнинг тизим ташкилоти ходимлари учун — тизим ташкилоти раҳбарининг буйруғига мувофиқ амалга оширилади.
35. Агентлик, унинг тизим ташкилоти ходимларининг иш ҳақларини тўлаш ва моддий рағбатлантириш меҳнатга ҳақ тўлаш фонди, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари (Жамғарма) ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
9-боб. Агентликнинг ҳисобдорлиги
36. Агентлик директори Агентлик фаолиятининг натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Вазирлик олдида ҳисобот беради.
37. Агентлик мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан юкланган вазифаларни виждонан ва ўз вақтида бажарганлик учун рағбатлантириш ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарлик чоралари кўрилади.
38. Агентлик қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.09.2026 й., 09/26/498/0956-сон)