Ўзбeкистон Рeспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматларининг ходимлари малакасини сертификатлаш ва уларни узлуксиз касбий ривожлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» 2022 йил 14 февралдаги ПҚ-128-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «2025 — 2030 йилларда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2025 йил 8 апрелдаги 210-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматларининг ходимлари малакасини сертификатлаш ва уларни узлуксиз касбий ривожлантириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит хизматларининг ходимлари малакасини сертификатлаш тизимини такомиллаштириш;
ички аудит хизматлари ходимлари малакасини икки босқичда баҳолаш тизимини жорий этиш;
сертификатга эга бўлган шахсларнинг билим ва малакасини доимий ривожлантиришга қаратилган узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий этиш;
малака имтиҳонига анъанавий ва масофавий тарздаги тайёрлов курсларини ташкил этиш;
малака имтиҳонларида фойдаланиладиган тест топшириқлари йўналишларини белгилаш.
2. Белгилансинки, 2027 йил 1 июлдан бошлаб профессионал ички аудитор сертификатига эга бўлмаган шахсларнинг ички аудит хизматининг бўлим бошлиғи ва ундан юқори лавозимларида (ички аудит хизмати бир нафар штатдан иборат бўлганда, ушбу штатда) фаолият юритишига йўл қўйилмайди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари ходимлари малакасини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2023 йил 13 февралдаги 62-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Ушбу қарор 2026 йил 1 июлдан бошлаб кучга киради.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 28 апрель,
209-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 апрелдаги 209-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматларининг ходимлари малакасини сертификатлаш ва уларни узлуксиз касбий ривожлантириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматлари (кейинги ўринларда — ички аудит хизмати) ходимларининг малакасини сертификатлаш ва малака сертификатига (кейинги ўринларда — сертификат) эга бўлган шахсларни узлуксиз касбий ривожлантириш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
давлат органлари ва ташкилотлари — ички аудит хизмати ташкил этилган республика ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат мақсадли жамғармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда бошқа бюджет ташкилотлари;
ички аудит хизмати — давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини амалга оширувчи ҳамда бошқа таркибий тузилмалардан мустақил таркибий бўлинма;
малака имтиҳони — талабгорнинг билим ва малака даражаси сертификатни олиш талабларига мос келишини аниқлашга йўналтирилган, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тест синови шаклида ўтказиладиган имтиҳон;
малака ошириш курси — узлуксиз касбий ривожлантириш доирасида сертификатга эга бўлган шахснинг сертификат олган санадан бошлаб ҳар икки йилда ўқиши мажбурий бўлган малака ошириш курси;
сертификат — амалиётчи ички аудитор сертификати ва (ёки) профессионал ички аудитор сертификати;
тайёрлов курси — талабгорга ихтиёрий равишда малака имтиҳонига тайёргарлик кўриш имконини берувчи махсус ўқитиш курси;
талабгор — сертификатни олишга номзод бўлган жисмоний шахс;
узлуксиз касбий ривожлантириш — сертификатга эга бўлган шахснинг ўз фаолияти давомида билими, кўникмалари ва малакасини сақлаб қолиш ҳамда ошириб бориш жараёни;
халқаро сертификат — ушбу Низомга 1-иловада келтирилган халқаро ташкилотлар томонидан бериладиган сертификатлар.
3. Сертификат Ўзбекистон аудиторлар палатаси (кейинги ўринларда — Аудиторлар палатаси) томонидан малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорга берилади.
Бунда малака имтиҳони Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан ўтказилади.
4. Амалиётчи ички аудитор сертификати шахснинг ички аудит бўйича умумий билими ва малакасини тасдиқлайди ҳамда унга ички аудит хизматида бўлим бошлиғи ва ундан юқори лавозимлардан ташқари лавозимларда фаолият юритиш имконини беради.
5. Мазкур Низом кучга киргунга қадар ички аудит миллий малака сертификатига эга бўлган шахсларнинг ушбу сертификат амал қилиш муддати тугагунга қадар амалиётчи ички аудитор сертификатини олиши талаб этилмайди.
Бунда ички аудит миллий малака сертификатига эга бўлган шахслар сертификатнинг амал қилиш муддати тугашидан бир ой аввал Аудиторлар палатаси томонидан шахсий кабинети орқали хабардор қилинади.
6. Ички аудит миллий малака сертификатига эга бўлган шахслар мазкур Низомда белгиланган тартибда узлуксиз касбий ривожлантириш талабларини бажариши мажбурий ҳисобланади.
7. Профессионал ички аудитор сертификати ички аудит хизмати ходимига ички аудит хизматида, шунингдек, ички аудит хизматида бўлим бошлиғи ва ундан юқори лавозимларда (ички аудит хизмати бир нафар штатдан иборат бўлганда, ушбу штатда) фаолият юритиш имконини беради.
Бунда мазкур Низомда белгиланган малака талабларига эга бўлган талабгор амалиётчи ички аудитор сертификатини олмасдан ҳам профессионал ички аудитор сертификати эга бўлиши мумкин.
Профессионал ички аудитор сертификатини олган ички аудит хизмати ходимларини рағбатлантириш чоралари белгиланган тартибда моддий мукофотлаш (рағбатлантириш), хизмат лавозимида ўсиш учун устуворлик бериш, малака ошириш ва касбий ривожлантириш имкониятларини кенгайтириш шаклларида қўлланиши мумкин.
8. Сертификат малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорларга муддатсиз даврга берилади.
9. Сертификат олиш юзасидан берилган аризани кўриб чиқиш учун талабгордан ушбу Низомда белгиланган миқдорда йиғим ундирилади.
Йиғим талабгор томонидан Аудиторлар палатаси ҳисобварағига ўтказилади ҳамда йиғимнинг 50 фоизини Аудиторлар палатаси Агентликка ўтказиб беради.
Бунда йиғимни тўлаш учун банк реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
10. Сертификат мазкур Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ берилади.
2-боб. Тайёрлов курсини ташкил этиш тартиби
11. Тайёрлов курси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази (кейинги ўринларда — Ўқув маркази) томонидан ушбу Низомнинг 38 ва 40-бандларида белгиланган тест топшириқлари йўналишлари асосида анъанавий ва масофавий тарзда ташкил этилади.
Бунда тегишли лицензияга эга бўлган бошқа юридик шахслар томонидан ҳам тайёрлов курси ташкил этилиши мумкин.
Талабгорлар учун тайёрлов курсида ўқиш мажбурий ҳисобланмайди.
12. Тайёрлов курси учун тўлов миқдори Ўқув маркази ёки хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мустақил белгиланади.
3-боб. Сертификатлашни ташкил этиш
13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (кейинги ўринларда — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) сертификатлашни ташкил этишда:
сертификатлаш ва узлуксиз касбий ривожлантириш жараёнларини мувофиқлаштиради ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;
сертификатлар реестрини юритади;
сертификатлаш жараёнида Агентлик ва Аудиторлар палатаси фаолиятида ўзаро юзага келадиган масалалар ҳамда қонунчилик ҳужжатларига номувофиқ ҳолатларни кўриб чиқади;
сертификат берилиши назарда тутилган аудит, ички назорат ва хавфларни бошқариш, давлат молиясини бошқариш, бюджет ҳисоби йўналишларида маҳаллий ва халқаро семинарларни ташкил этади.
14. Аудиторлар палатаси:
малака имтиҳонини топшириш, сертификатни қайта расмийлаштириш учун берилган аризани кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади;
тест топшириқлари йўналишлари бўйича мавзуларни, адабиётлар, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатини, малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги ахборотни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради;
Агентлик томонидан тақдим этилган малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги маълумот асосида малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорларга белгиланган тартибда сертификатни расмийлаштиради;
сертификатни белгиланган тартибда бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.
15. Агентлик:
тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тақдим этилган мавзулар бўйича тест топшириқларини тузишни ва экспертизадан ўтказишни ташкил қилади ҳамда тест топшириқлари базасини шакллантиради;
малака имтиҳонини ташкил этади ва ўтказади;
малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги маълумотларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Аудиторлар палатасига тақдим этади;
камида 20 тадан намунавий тест топшириқларини (жавоб вариантлари билан) имтиҳон бошланишидан камида бир ой олдин ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради;
апелляция комиссиясини шакллантиради ва апелляция жараёнларини ташкил этади.
16. Ўқув маркази:
малака ошириш курсларининг ўқув дастурини (кейинги ўринларда — ўқув дастури) ишлаб чиқади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқлайди;
тасдиқланган ўқув дастури асосида тайёрлов (анъанавий ва масофавий шаклда) ва малака ошириш курсларини ташкил этади;
малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга малака оширганлик тўғрисида гувоҳнома беради.
4-боб. Талабгорга қўйиладиган малака талаблари
17. Амалиётчи ички аудитор сертификатини олишга талабгор Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим ташкилотларининг ёки қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда тан олинган хорижий давлатларда олинган олий таълим тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлиши лозим.
18. Профессионал ички аудитор сертификатини олишга талабгор камида уч йиллик иш стажига, шундан давлат аудити соҳасида бир йиллик иш стажига эга бўлиши талаб этилади.
19. Талабгор халқаро сертификатга (белгиланган даврийликда халқаро сертификат доирасида малака оширганини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда) эга бўлганда ҳамда Давлат аудити олий мактабида ўқув даврида ўзлаштириш кўрсаткичининг ўртача қиймати (GPA — Grade Point Average) камида 4,0 бўлган тақдирда, унга амалиётчи ички аудитор сертификати малака имтиҳонини топширмасдан берилади.
5-боб. Сертификат олиш учун ариза бериш, малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби
20. Талабгор Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтади ҳамда ўз шахсий кабинети орқали мазкур Низомга 3-иловада келтирилган шаклдаги аризани қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда электрон шаклда тақдим этади:
биометрик паспорт нусхаси ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари;
олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёхуд чет давлатларда олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги ваколатли давлат органи томонидан берилган гувоҳноманинг нусхаси;
белгиланган даврийлик билан малака оширганини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда халқаро сертификат нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);
Давлат аудити олий мактабида ўқув даврида ўзлаштириш кўрсаткичининг ўртача қиймати (GPA — Grade Point Average) акс этган расмий ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);
меҳнат дафтарчаси нусхаси (ўриндошлик асосида иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақида тасдиқловчи ҳужжат бўлиши лозим) ёки меҳнат стажини тасдиқловчи «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизимидан кўчирма (профессионал ички аудитор сертификатини олиш учун ариза беришда талаб этилади);
аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим тўлангани тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси.
Аризалар ҳар ойнинг 1-санасидан 10-санасига қадар (шу куни ҳам) топширилади. Аризалар дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, белгиланган муддатда 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда, навбатдаги иш куни аризалар Аудиторлар палатасига тушган ва Аудиторлар палатаси томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.
21. Талабгордан мазкур Низомнинг 20-бандида кўрсатилмаган маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
22. Аризалар Аудиторлар палатаси томонидан улар келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқилади ва малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
23. Талабгор аризани кўриб чиқиш якунлангандан сўнг бир иш куни ичида тақдим қилинган аризанинг натижаси ҳақида шахсий кабинети орқали хабардор қилинади.
Малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, рад этиш сабаблари кўрсатилади.
24. Қуйидаги ҳолларда талабгорга малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилади:
сертификат олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар белгиланган тартибда, шунингдек, тўлиқ ҳолда тақдим этилмаганда;
ариза маълумотлари ва унга илова қилинган ҳужжатлар маълумотларида номувофиқликлар кузатилганда;
сертификат бекор қилинган пайтдан бошлаб уч йил муддат мобайнида сертификат берилиши чекланган бўлиб, ушбу давр мобайнида сертификат олиш учун талабгор томонидан мурожаат қилинганда.
25. Талабгорнинг ҳужжатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ёки тўлиқ ҳолда тақдим этилмагани сабабли малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилганда, талабгорга камчиликларни бартараф этиш учун бир иш куни муддат берилади.
Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилган ҳолда қайта тақдим этилган аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
26. Рад этиш учун асос бўлган камчиликлар берилган муддатда бартараф этилмаган тақдирда, тўланган йиғим қайтарилмайди.
Малака имтиҳонини топшириш учун ушбу Низом асосида қайтадан ариза берилади.
27. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ҳамда малака имтиҳонини топшириш манзили кўрсатилган рўйхати Аудиторлар палатаси томонидан ҳар ойнинг 20-санасига қадар Агентликка тақдим этилади, шунингдек, ушбу рўйхат Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
6-боб. Малака имтиҳонини ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби
28. Малака имтиҳони ҳар ойда камида бир марта ойнинг учинчи ўн кунлигида талабгорларнинг малака имтиҳонини топшириш манзилларини инобатга олган ҳолда, Агентликда ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ўтказилади.
29. Агентлик малака имтиҳони ўтказиладиган санадан камида беш кун олдин имтиҳон ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотни Аудиторлар палатасига юборади.
Бунда Аудиторлар палатаси ўзининг расмий веб-сайтига бу ҳақида хабарнома жойлаштиради ҳамда ҳар бир талабгорни шахсий кабинети орқали хабардор қилади.
Талабгорга ўз шахсий кабинетидаги маълумотлар билан танишиб бориш мажбурияти юкланади.
30. Талабгор малака имтиҳонига шахсни тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) асосида киритилади.
Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёки малака имтиҳонига белгиланган вақтда келмаган, шунингдек, қатнаша олмаган талабгор малака имтиҳонига келмаган деб ҳисобланади ва навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади.
Агар талабгор малака имтиҳонини топширишга рухсат берилганидан сўнг малака имтиҳонига икки марта келмаса, малака имтиҳонини топшириш учун унга учинчи марта имконият берилмайди.
Бунда тўланган йиғим қайтарилмайди ва малака имтиҳонида қатнашиш учун мазкур Низом асосида қайтадан ариза топширилади.
31. Малака имтиҳони давлат тилида, тест синови шаклида ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда ўтказилади.
Талабгорга малака имтиҳонини топшириш учун уч соат вақт берилади ҳамда малака имтиҳонининг ўтказилиши давомида танаффус берилмайди.
32. Малака имтиҳонининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳони жараёни узлуксиз равишда онлайн трансляция қилинади, шунингдек, видеоёзувга туширилади. Ушбу видеоматериаллар Агентлик томонидан камида бир йил мобайнида сақланади.
33. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорларга қуйидагилар тақиқланади:
қонунчилик ҳужжатлари, йўриқнома материаллари, тест топшириқлари бўйича тайёрланган маълумотлар, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;
малака имтиҳони ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда калькулятор, луғат, жадвал, китоб, мобил алоқа ва бошқа алоқа воситалари, «ақлли» соат, қулоқчин, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб кириш ёки улардан малака имтиҳони давомида фойдаланиш;
бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиш (суҳбатлашиш);
малака имтиҳони ўтказилаётган хонадан рухсатсиз ташқарига чиқиш (тест синови ўтаётган хонадан рухсатсиз ташқарига чиққан шахслар қайта тест синовига киритилмайди).
Ушбу талабларни бузган талабгорлар малака имтиҳонидан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган деб ҳисобланади. Бунда малака имтиҳонини топшириш учун тўланган йиғим қайтарилмайди.
34. Агентлик малака имтиҳонини ўтказиш мақсадида:
Аудиторлар палатаси томонидан тақдим этилган рўйхат асосида талабгорларнинг ҳудудлар бўйича тақсимотини амалга оширади ҳамда мазкур Низомда белгиланган муддат ичида малака имтиҳонларини ташкил этади;
малака имтиҳонини ўтказиш учун танланган бинони (хона) зарур техника воситалари (компьютер, видеокамера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан жиҳозлайди;
малака имтиҳонини ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар ва материаллар сақланишини таъминлайди;
малака имтиҳонини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.
35. Малака имтиҳонида фойдаланиладиган тест топшириқлари, шу жумладан, муаммоли вазиятлар асосидаги тест топшириқлари Агентлик томонидан тегишли малакали ва мустақил экспертларни жалб қилган ҳолда тузилади ҳамда экспертизадан ўтказилади.
Бунда малака имтиҳонини ташкил этиш ва сертификатни тақдим этиш жараёнларида иштирок этувчи ташкилотлар ходимлари тест топшириқларини тузишга жалб қилинмайди.
Агентлик томонидан тест топшириқларини тузиш ва экспертиза жараёнининг махфийлиги таъминланиши лозим.
36. Амалиётчи ички аудитор сертификатини олиш учун малака имтиҳони бўйича тест синови Агентлик томонидан тасдиқланган тест топшириқлари базасидан ахборот технологиялари воситасида, ҳар бир тест топшириқлари йўналиши бўйича белгиланган тест топшириқлари сони доирасида алоҳида тасодифий танланган жами 100 та тест топшириғидан иборат бўлади.
Тест топшириқларининг ҳар бир тўғри жавоби учун бир баллдан берилади. Нотўғри жавоб берилган ёки жавоб берилмаган тест топшириғи учун балл берилмайди.
37. Тест топшириқлари фақат битта тўғри жавобни ўз ичига олган 4 та жавоб варианти келтирилган шаклда тузилади.
38. Амалиётчи ички аудитор сертификатини олиш учун малака имтиҳонида қуйидаги йўналишлардаги тест топшириқларидан фойдаланилади:
давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолияти бўйича (50 та);
давлат органлари ва ташкилотларида ички назорат тизими ва хавфларни бошқариш жараёнлари бўйича (25 та);
давлат молиясини бошқариш бўйича (10 та);
бюджет ҳисоби бўйича (10 та);
бошқа йўналишлар (давлат харидлари, коррупцияга қарши кураш, одоб-ахлоқ қоидалари) (5 та).
39. Профессионал ички аудитор сертификатини олиш учун малака имтиҳонидаги тест синови Агентлик томонидан тасдиқланган тест топшириқлари, муаммоли вазиятлар асосидаги тестлар базаси таркибидан ахборот технологиялари воситасида, ҳар бир тест топшириқлари йўналиши бўйича белгиланган тест топшириқлари сони доирасида алоҳида тасодифий танланган 60 та тест топшириғидан иборат бўлади.
Тест топшириқлари фақат битта тўғри жавобни ўз ичига олган 4 та жавоб варианти келтирилган шаклда тузилади.
Тест топшириқларининг ҳар бир тўғри жавоби учун бир баллдан берилади. Нотўғри жавоб берилган ёки жавоб берилмаган тест топшириғи учун балл берилмайди.
40. Профессионал ички аудитор сертификатини олиш учун малака имтиҳонида қуйидаги йўналишлардаги тест топшириқларидан фойдаланилади:
давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолияти бўйича муаммоли вазиятлар асосидаги тест топшириқлари (24 та);
давлат органлари ва ташкилотларида ички назорат тизими ва хавфларни бошқариш жараёни бўйича муаммоли вазиятлар асосидаги тест топшириқлари (18 та);
давлат бошқаруви асослари бўйича тест топшириқлари (6 та);
ахборот технологиялари бўйича тест топшириқлари (6 та);
бюджет ҳисоби бўйича тест топшириқлари (6 та).
41. Тест топшириқлари базаси келгуси йил учун йил якунига қадар камида 30 фоизга янгиланиши лозим.
42. Талабгорнинг тўғри жавоблари малака имтиҳонидаги тест топшириқлари умумий сонининг камида 75 фоизини ташкил этган тақдирда, малака имтиҳони муваффақиятли топширилган ҳисобланади.
43. Агентлик томонидан малака имтиҳони натижалари қайдномаси имтиҳон ўтказилган куннинг ўзида расмийлаштирилади ва тасдиқланади.
Бунда талабгорлар томонидан тест топшириқлари мазмуни бўйича эътироз билдирилган тақдирда, эътирозлар тегишли мутахассислар томонидан кўриб чиқилганидан сўнг қайднома бир иш куни ичида расмийлаштирилади ва тасдиқланади.
44. Қайдномада қуйидагилар кўрсатилади:
малака имтиҳонида иштирок этган талабгорларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда тўплаган баллари;
белгиланган малака имтиҳонида қатнашмаган талабгорлар рўйхати.
45. Малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги маълумот малака имтиҳони ўтказилган кундан кейин уч иш куни ичида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Аудиторлар палатасига юборилади ҳамда Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
46. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорлар рўйхатида мавжуд бўлмаган шахсларнинг малака имтиҳонида қатнашишига рухсат берилмайди.
47. Малака имтиҳонида қатнашмаган талабгорлар Аудиторлар палатаси томонидан кейинги малака имтиҳонида қатнашувчилар рўйхатига киритилади.
Бунда малака имтиҳонида икки марта қатнашмаган талабгор мазкур Низомда белгиланган тартибда малака имтиҳони топшириш учун қайта ариза топширади.
48. Малака имтиҳонини муваффақиятли топширмаган ёки малака имтиҳонига икки марта келмаган талабгорга тўланган йиғим қайтарилмайди.
49. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгорлар томонидан берилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда маълумотномалар камида беш йил мобайнида Аудиторлар палатасида сақланади.
7-боб. Малака имтиҳони натижалари юзасидан апелляция бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби
50. Малака имтиҳони натижасидан норози бўлган талабгор малака имтиҳони натижалари эълон қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида Аудиторлар палатасига тест топшириқлари мазмунига оид ёзма апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Бунда малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор томонидан берилган апелляция кўриб чиқилмайди.
51. Аудиторлар палатаси томонидан талабгорларнинг ёзма апелляциялари бир иш куни ичида Агентликка тақдим этилади.
52. Апелляцияни кўриб чиқиш учун Агентлик томонидан апелляция комиссияси шакллантирилади.
Апелляция комиссияси тоқ сондан, шу жумладан, апелляция комиссияси раиси, унинг ўринбосари ва аъзолари ҳамда апелляция комиссияси котибидан иборат таркибда тузилади ҳамда унинг таркибига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳисоб палатасидан вакиллар киритилади.
53. Агентликнинг вакили апелляция комиссияси раиси, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг вакили апелляция комиссияси раиси ўринбосари ҳисобланади.
54. Апелляция комиссияси йиғилиши унинг аъзоларининг камида учдан икки, шу жумладан, апелляция комиссияси раиси ва (ёки) унинг ўринбосари иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
55. Агентлик апелляция комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
56. Апелляция комиссияси талабгор томонидан берилган апелляцияни беш кун муддатда кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.
57. Апелляция бўйича қабул қилинган қарор Агентлик томонидан бир иш куни ичида Аудиторлар палатасига тақдим этилади.
Бунда Аудиторлар палатаси апелляция бўйича қарор келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни ичида бу ҳақида талабгорни шахсий кабинети орқали хабардор қилади.
58. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
малака имтиҳони натижалари бўйича қарорни ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш;
малака имтиҳони натижалари бўйича қарорга ўзгартириш киритиш ва апелляцияни қаноатлантириш.
59. Талабгор апелляция комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи органларга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
60. Имтиҳон натижалари бўйича апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
апелляцияда келтирилган асослар тасдиқланмаса;
апелляция белгиланган муддат мобайнида тақдим этилмаган бўлса;
апелляция ушбу Низом талабларига номувофиқ тарзда берилган бўлса.
61. Апелляция комиссияси томонидан апелляцияни қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Агентлик томонидан бу ҳақидаги маълумот Аудиторлар палатасига апелляция йиғилиши бўлиб ўтгандан сўнг уч иш куни ичида юборилади.
Бунда Аудиторлар палатаси томонидан апелляцияни қаноатлантириш тўғрисида қарорга асосланган ҳолда, талабгорга сертификат бериш ҳақида қарор қабул қилинади.
62. Апелляция бериш учун талабгордан қўшимча йиғим ундирилмайди.
Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.
8-боб. Сертификатни расмийлаштириш ва бериш тартиби
63. Сертификат Аудиторлар палатаси томонидан малака имтиҳонини муваффақиятли топширган, апелляцияси қаноатлантирилган ёки мазкур Низомнинг 19-бандига мувофиқ халқаро сертификат ва Давлат аудити олий мактабида ўқув даврида ўзлаштириш кўрсаткичининг ўртача қийматини акс эттирувчи тегишли расмий ҳужжатга эга бўлган талабгорга берилади.
Бунда халқаро сертификат ёки Давлат аудити олий мактабида ўқув даврида ўзлаштириш кўрсаткичининг ўртача қийматини акс эттирувчи тегишли расмий ҳужжатга эга бўлган талабгорга фақат амалиётчи ички аудитор сертификати берилади.
64. Халқаро сертификат ва Давлат аудити олий мактабида ўқув даврида ўзлаштириш кўрсаткичининг ўртача қийматини акс эттирувчи тегишли расмий ҳужжатга эга бўлган талабгорга амалиётчи ички аудитор сертификатини малака имтиҳонини топширмасдан расмийлаштириш ва бериш учун йиғим ундирилмайди.
65. Сертификат Агентликнинг малака имтиҳони натижалари бўйича маълумот ёки апелляцияни қаноатлантириш тўғрисида қарор олинган кундан бошлаб (халқаро сертификатга эга талабгорлар учун ариза келиб тушган кундан бошлаб) уч иш куни ичида расмийлаштирилади ва Аудиторлар палатасининг QR-коди билан тасдиқланади ҳамда талабгорга шахсий кабинети орқали юборилади.
66. Аудиторлар палатаси сертификат расмийлаштирилган кундан бошлаб уч иш куни ичида сертификатга оид маълумотларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади ҳамда ушбу маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан сертификатлар реестрига киритилади.
Бунда сертификатлар реестрига киритилмаган сертификат ҳақиқий ҳисобланмайди.
67. Сертификат шакли мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади.
9-боб. Сертификатни қайта расмийлаштириш тартиби
68. Сертификатга эга бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган тақдирда, у тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатлар кучга кирган кундан бошлаб бир ой муддатда сертификатни қайта расмийлаштириш юзасидан Аудиторлар палатасига ушбу Низомга 3-иловада келтирилган шаклда ариза бериши шарт.
69. Сертификатга эга бўлган шахсдан сертификатни қайта расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди.
70. Сертификат ариза топширилган кундан бошлаб уч иш куни ичида илгари берилган сертификат рақами билан сертификатга эга бўлган шахсга Аудиторлар палатаси томонидан қайта расмийлаштирилади ва талабгорга унинг шахсий кабинети орқали юборилади.
71. Аудиторлар палатаси қайта расмийлаштирилган сертификатга тегишли маълумотларни сертификатлар реестрига ўзгартириш киритиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигига у қайта расмийлаштирилган кундан бошлаб беш иш куни ичида юбориши лозим.
10-боб. Сертификатни бекор қилиш тартиби
72. Сертификат қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
сертификатга эга бўлган шахс томонидан сертификатни бекор қилиш тўғрисида ариза тақдим этилганда;
сертификатга эга бўлган шахс вафот этганда;
сертификатга эга бўлган шахс сертификат олгандан кейин белгиланган тартибда узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича талабларни бажармаганда;
сертификатга эга бўлган шахсни белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда;
сертификат бериш тўғрисидаги қарор қонунчилик ҳужжатларига хилоф эканлиги аниқланганда;
ички аудит хизмати ходими фаолиятини давом эттириш имкониятини истисно этувчи жазога тортилганлигига доир суд ҳукми қонуний кучга кирганда;
сертификатнинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олингани исботланганда;
сертификатга эга бўлган шахс ички аудит хизматидаги фаолияти мобайнида олинган ҳимояланган маълумотларни қонунчилик ҳужжатларига хилоф равишда учинчи шахсларга тақдим этганда;
сертификатга эга бўлган шахс фаолиятида коррупция ҳолатларига йўл қўйганлигини тасдиқлашни назарда тутувчи суд ҳукми қонуний кучга кирганда.
73. Сертификат Аудиторлар палатасининг қарори билан ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бекор қилинади.
74. Сертификатни бекор қилиш тўғрисидаги қарор ҳақида сертификатга эга бўлган шахс бир иш куни ичида ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилинади, мазкур Низомнинг 72-банди учинчи ва бешинчи хатбошилари бундан мустасно.
75. Сертификат ушбу Низомнинг 72-банди еттинчи — ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича бекор қилинган тақдирда, талабгорга сертификат бекор қилинган пайтдан бошлаб уч йил муддат мобайнида малака имтиҳонларида иштирок этишга йўл қўйилмайди.
76. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу Низомнинг 72-банди еттинчи — ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича сертификатни бекор қилиш юзасидан Аудиторлар палатасига тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга.
77. Сертификатга эга бўлган шахс сертификатни бекор қилиш ҳақидаги қарор устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
78. Аудиторлар палатаси сертификатни бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида Иқтисодиёт ва молия вазирлигини хабардор қилади.
79. Сертификатни бекор қилиш тўғрисидаги қарор Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
11-боб. Сертификатлар реестрини юритиш тартиби
80. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан сертификатлар реестри юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
сертификатга эга бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
сертификат тури (амалдаги ички аудит миллий малака сертификати, амалиётчи ички аудитор сертификати ёки профессионал ички аудитор сертификати), рақами ва берилган санаси;
сертификатга эга бўлган шахснинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;
сертификатга эга бўлган шахснинг узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича талабларни бажариши юзасидан маълумотлар;
сертификатнинг қайта расмийлаштирилгани ва бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар.
81. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий веб-сайтида сертификатлар реестрида мавжуд қуйидаги маълумотлар жойлаштирилади ва жамоатчиликнинг танишиши учун очиқ ҳисобланади:
Сертификатга эга бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
сертификат тури (амалдаги ички аудит миллий малака сертификати, амалиётчи ички аудитор сертификати ёки профессионал ички аудитор сертификати), рақами ва берилган санаси;
сертификатга эга бўлган шахснинг узлуксиз касбий ривожлантириш талабларини бажариш бўйича маълумотлар;
сертификатнинг қайта расмийлаштирилгани ва бекор қилингани тўғрисидаги маълумотлар.
82. Сертификатлар реестри «Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими» дастурий-аппарат комплексининг маълумотлар базаси билан «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилинади. Бунда ички аудит хизмати ходими лавозимига ариза топширишда сертификат рақами киритилиши мажбурий этиб белгиланади.
12-боб. Узлуксиз касбий ривожлантиришни ташкил этиш тартиби
83. Сертификатга эга бўлган шахс ҳар икки йилда белгиланган тартибда 72 соатдан иборат бўлган узлуксиз касбий ривожлантириш талабларини бажариши мажбурий ҳисобланади.
Бунда халқаро сертификатга эга бўлган шахс ёки Давлат аудити олий мактабида ўқув даврида ўзлаштириш кўрсаткичининг ўртача қийматини акс эттирувчи тегишли расмий ҳужжатга бўлган шахслар ҳам узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича талабларини бажариши шарт ҳисобланади.
84. Узлуксиз касбий ривожлантириш талаблари қуйидагиларни ўз ичига олади:
Ўқув марказида ҳар икки йилда бир марта анъанавий тарзда ташкил этиладиган 36 соатдан иборат малака ошириш курсида ўқиш ва уни муваффақиятли тамомлаш;
аудит, ички назорат ва хавфларни бошқариш, давлат молиясини бошқариш, ахборот технологиялари, давлат бошқаруви, бюджет ҳисоби йўналишларидаги миллий ва халқаро семинарларда иштирок этилганини тасдиқловчи иштироки учун узлуксиз касбий ривожлантириш соатлари кўрсатилган сертификатга эга бўлиш;
соҳага оид мақола эълон қилиш ҳамда педагогик фаолият билан шуғулланиш. Бунда бир мақолага 2 соатдан ҳамда педагогик фаолиятнинг ҳар бир академик соатига 1 соатдан узлуксиз касбий ривожлантириш соатлари ҳисобланади.
85. Малака ошириш курслари график асосида Ўқув маркази томонидан анъанавий тарзда тингловчилар сони камида ўн нафардан ошган тақдирда, ташкил этилади.
86. Давлат органлари ва ташкилотлари малака ошириш курсида қатнашиши режалаштирилган ходимлар рўйхатини ҳар йили 20 январга қадар Ўқув марказига тақдим этади.
Ички аудит хизматида фаолият кўрсатмайдиган сертификатга эга бўлган шахс малака ошириш курсида қатнашиш учун Ўқув марказига мурожаат қилади. Бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдоридаги тўлов ушбу шахснинг ўз маблағи ҳисобидан тўланади.
87. Ички аудит хизмати ходимлари ҳар икки йилда бир марта бюджет маблағлари ҳисобидан малака оширади.
88. Ўқув маркази малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга белгиланган тартибда гувоҳнома расмийлаштиради.
89. Ўқув маркази малака ошириш курсларида ўқиган шахслар тўғрисидаги ойлик маълумотларни кейинги ойнинг 10-санасига қадар Аудиторлар палатаси ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.
90. Ўқув маркази ҳар йили январь ойининг якунига қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда ўзининг веб-сайтида аудит, ички назорат ва хавфларни бошқариш, давлат молиясини бошқариш, ахборот технологиялари, давлат бошқаруви, бюджет ҳисоби йўналишлари бўйича ўтказиладиган семинар, тренинглар рўйхатини жойлаштиради.
Бунда семинар ва тренинглар рўйхати тегишли қонунчиликдаги ўзгартиришлар ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда сертификатга эга бўлган шахсларнинг таклифларидан келиб чиқиб, ўзгартирилиши мумкин.
91. Семинар ва тренинглар анъанавий ва масофавий шаклда ўтказилади ҳамда уларда белгиланган вақт давомида иштирок этганларга узлуксиз касбий ривожлантириш соатлари кўрсатилган сертификатлар топширилади.
Бунда сертификатга эга бўлган шахслар Ўқув маркази томонидан ташкил этиладиган семинар ва тренинглардан ташқари узлуксиз касбий ривожлантириш соатлари кўрсатилган бошқа тегишли миллий ва халқаро семинар ҳамда тренингларда иштирок этишлари мумкин.
92. Сертификатга эга бўлган шахслар ўз шахсий кабинети орқали миллий ва халқаро семинарларда қатнашиш ҳамда соҳага оид мақола эълон қилиш, педагогик фаолият билан шуғулланишга оид маълумотларини асослантирувчи ҳужжатлар билан бирга Аудиторлар палатасига тақдим этиб боради.
Бунда Аудиторлар палатаси сертификатга эга бўлган ҳар бир шахснинг узлуксиз касбий ривожлантириш маълумотлари ҳисобини юритади ҳамда уларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича маълумотларини умумлаштирган ҳолда, ҳар ойнинг 10-санасига қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этиб боради.
93. Аудиторлар палатаси томонидан сертификатга эга бўлган шахснинг сертификат олган санадан бошлаб ҳар икки йилда узлуксиз касбий ривожлантириш талабларини бажариши мониторинг қилиб борилади.
Мониторинг давомида узлуксиз касбий ривожлантириш талабларини бажармаётган сертификатга эга бўлган шахслар шахсий кабинети орқали огоҳлантириб борилади.
Узлуксиз касбий ривожлантириш талабларини бажармаган сертификатга эга бўлган шахснинг сертификати бекор қилинади.
13-боб. Якунловчи қоидалар
94. Мазкур Низом талабларига риоя этилиши Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан назорат қилинади.
95. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматларининг ходимлари малакасини сертификатлаш ва уларни узлуксиз касбий ривожлантириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Малака имтиҳони топширмасдан бериладиган халқаро сертификатлар рўйхати
1. Ички аудиторлар институтининг:
«Дипломли ички аудитор» (CIA) сертификати;
«Хавф-хатарни бошқаришни баҳолаш бўйича дипломли мутахассис» (CRMA) сертификати;
«Ички аудит бошқаруви малакаси» (QIAL) сертификати;
«Амалиётчи ички аудит ходими» (Internal Audit Practitioner) сертификати;
«Давлат аудити бўйича сертификатланган мутахассис» (CGAP) сертификати.
2. Сертификатланган дипломли бухгалтерлар ассоциациясининг (ACCA):
Аудит бўйича ACCA сертификати;
Бухгалтерия ҳисоби ва бизнес бўйича ACCA юқори даражали дипломи;
АCCА стратегик профессионал сертификати.
3. Давлат молияси ва бухгалтерия ҳисоби бўйича дипломли институт (CIPFA) малакалари:
CIPFA профессионал бухгалтерия малакаси (PAD);
CIPFA профессионал малакаси (PQ);
CIPFA халқаро давлат молиясини бошқариш (IPFM) малакаси.
Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматларининг ходимлари малакасини сертификатлаш ва уларни узлуксиз касбий ривожлантириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Сертификатларни расмийлаштириш ва бериш
СХEМАСИ

Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматларининг ходимлари малакасини сертификатлаш ва уларни узлуксиз касбий ривожлантириш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА

Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматларининг ходимлари малакасини сертификатлаш ва уларни узлуксиз касбий ривожлантириш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 апрелдаги 209-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари ходимлари малакасини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2023 йил 13 февралдаги 62-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ходимлари малакасини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»;
2. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ходимлари малакасини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин»;
3. Илова матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 февралдаги 62-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ходимлари малакасини сертификатлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция) ходимларининг малакасини сертификатлаш ва молиявий назорат бўйича малака сертификатига (кейинги ўринларда — сертификат) эга бўлган шахслар малакасини ошириш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом қоидалари Инспекциянинг молиявий назорат функцияси юкланмаган лавозимдаги ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
малака имтиҳони — талабгорнинг билим даражаси сертификатни олиш талабларига мос келишини текширишга йўналтирилган, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тест синови шаклида ўтказиладиган имтиҳон;
малака ошириш курси — сертификатга эга бўлган шахс сертификат олган санадан бошлаб ҳар икки йилда ўқиши мажбурий бўлган малака ошириш курси;
сертификат — Инспекция ходимининг молиявий назорат бўйича малакасини тасдиқлайдиган ҳамда унга Инспекциянинг молиявий назорат функцияси юкланган лавозимларда фаолият юритиш имконини берувчи ҳужжат;
талабгор — сертификатни олишга номзод бўлган жисмоний шахс ёки лавозимга тайинланганига уч ойдан ошмаган Инспекция ходими;
халқаро сертификат — Халқаро ички аудиторлар институти томонидан бериладиган «Дипломли ички аудитор» (CIA) сертификати, «Хавф-хатарни бошқаришни баҳолаш бўйича дипломли мутахассис» (CRMA) сертификати, «Ички аудит бошқаруви малакаси» (QIAL) сертификати, «Ички аудит амалиётчиси» (Internal Audit Practitioner) сертификати, «Давлат аудити бўйича сертификатланган мутахассис» (CGAP) сертификати, CFC (Chartered Financial Controller) сертификати.
3. Сертификат Ўзбекистон аудиторлар палатаси (кейинги ўринларда — Аудиторлар палатаси) томонидан малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорга берилади.
Бунда малака имтиҳони Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан ўтказилади.
4. Сертификат шахснинг молиявий назорат бўйича малакаси мавжудлигини тасдиқлайди ҳамда унга Инспекциянинг молиявий назорат функцияси юкланган лавозимларда фаолият юритиш имконини беради.
Инспекция ходимлари лавозимга тайинлангандан сўнг уч ой ичида сертификат олиши шарт, бунда халқаро сертификатга эга бўлган ходимларнинг сертификат олиши талаб этилмайди.
5. Мазкур Низом кучга кирган кундан бошлаб ички аудит миллий малака сертификатига эга бўлган шахсларни Инспекцияга ишга қабул қилиш тақиқланади.
Бунда Инспекцияда фаолият юритаётган ички аудит миллий малака сертификатига эга бўлган шахслар ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати давомида фаолият юритиши мумкин.
6. Талабгор малака имтиҳонида иштирок этиши учун Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим ташкилотларининг ёки қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган чет давлатлар олий таълим ташкилотларининг олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатига эга бўлиши лозим.
7. Сертификат малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорларга муддатсиз даврга берилади.
8. Сертификат олиш юзасидан берилган аризани кўриб чиқиш учун талабгордан ушбу Низомда белгиланган миқдорда йиғим ундирилади.
Йиғим талабгор томонидан Аудиторлар палатаси ҳисобварағига ўтказилади ҳамда йиғимнинг 50 фоизи Аудиторлар палатаси Агентликка ўтказиб берилади.
Бунда йиғимни тўлаш учун банк реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
9. Сертификат ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ берилади.
2-боб. Сертификатлашни ташкил этиш
10. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда — Департамент) сертификатлашни ташкил этишда:
малака имтиҳони учун тузиладиган тест топшириқлари йўналишлари ва мавзуларини белгилайди ҳамда Агентликка тақдим этиб боради;
молиявий назорат бўйича малака сертификатлари реестрини (кейинги ўринларда — сертификатлар реестри) юритади;
сертификатлаш жараёнидаги юзага келадиган масалалар ҳамда ўзаро номувофиқ ҳолатларни кўриб чиқади.
11. Аудиторлар палатаси:
Агентлик томонидан юборилган маълумот асосида малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги ахборотни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради;
талабгор томонидан малака имтиҳонини топшириш, қайта расмийлаштириш учун берилган аризани кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади;
талабгорга малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
тест топшириқлари йўналишлари бўйича мавзуларни, адабиётлар, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатини ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради;
Агентлик томонидан тақдим этилган малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги маълумот асосида малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорга белгиланган тартибда сертификатни расмийлаштиради ва беради;
сертификатни белгиланган тартибда бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.
12. Агентлик:
тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда, Департамент томонидан тақдим этилган тест топшириқлари йўналишлари ва мавзулари бўйича тест топшириқларини тузишни ва экспертизадан ўтказишни ташкил қилади ҳамда тест топшириқлари базасини шакллантиради;
малака имтиҳонини ташкил этади ва ўтказади;
малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги маълумотларни Департамент ҳамда Аудиторлар палатасига тақдим этади;
намунавий тест топшириқларини (жавоб вариантлари билан) ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради;
апелляция комиссиясини шакллантиради ва апелляция жараёнларини ташкил этади.
13. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази (кейинги ўринларда — Ўқув маркази):
малака ошириш курсларининг ўқув дастурини (кейинги ўринларда — ўқув дастури) ишлаб чиқади ҳамда Департамент билан келишган ҳолда тасдиқлайди;
тасдиқланган ўқув дастури асосида малака ошириш курсларини ташкил этади;
малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга малака оширганлик тўғрисида гувоҳнома беради.
3-боб. Сертификат олиш учун ариза топшириш
14. Талабгор Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтади ҳамда ўз шахсий кабинети орқали ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклдаги аризани қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда электрон шаклда тақдим этади:
биометрик паспорт нусхаси ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари;
олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёхуд чет давлатларда олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги ваколатли давлат органи томонидан берилган гувоҳноманинг нусхаси;
аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим тўлангани тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси.
15. Аризалар ҳар ойнинг 1-санасидан 10-санасига қадар (шу куни ҳам) топширилади.
16. Талабгордан мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилмаган ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
4-боб. Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби
17. Аризалар Аудиторлар палатаси томонидан улар келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқилади ва малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
18. Талабгор аризаларни кўриб чиқиш якунлангандан сўнг бир иш куни ичида тақдим қилинган аризанинг натижаси ҳақида шахсий кабинети орқали хабардор қилинади.
Малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, рад этиш сабаблари кўрсатилади.
19. Қуйидаги ҳолларда талабгорга малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилади:
ушбу Низомнинг 14-банди талабларига жавоб бермаганда;
сертификат олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар белгиланган тартибда, шунингдек, тўлиқ ҳолда тақдим этилмаганда;
сертификат бекор қилинган пайтдан бошлаб уч йил муддат мобайнида сертификат берилиши чекланган бўлиб, ушбу давр мобайнида сертификат олиш учун талабгор томонидан мурожаат қилинганда.
20. Талабгорнинг ҳужжатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ёки тўлиқ ҳолда тақдим этилмагани сабабли малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилганда, талабгорга камчиликларни бартараф этиш учун бир кун муддат берилади.
Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилган ҳолда қайта тақдим этилган аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
21. Рад этиш учун асос бўлган камчиликлар берилган муддатда бартараф этилмаган тақдирда, ариза рад этилади ва тўланган йиғим қайтарилмайди.
Малака имтиҳонини топшириш учун ариза мазкур Низом асосида қайтадан берилади.
22. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ҳамда малака имтиҳонини топшириш манзили кўрсатилган рўйхати Аудиторлар палатаси томонидан ҳар ойнинг 20-санасига қадар Агентликка тақдим этилади, шунингдек, ушбу рўйхат Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
5-боб. Малака имтиҳонини ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби
23. Малака имтиҳони ҳар ойда камида бир марта ойнинг учинчи ўн кунлигида талабгорларнинг малака имтиҳонини топшириш манзилларини инобатга олинган ҳолда, Агентликда ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ўтказилади.
24. Агентлик малака имтиҳони ўтказиладиган санадан камида беш кун олдин имтиҳон ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотни Аудиторлар палатасига юборади.
Бунда Аудиторлар палатаси ўзининг расмий веб-сайтига бу ҳақида хабарнома жойлаштиради ҳамда ҳар бир талабгорни шахсий кабинети орқали хабардор қилади.
Талабгорга ўз шахсий кабинетидаги маълумотлар билан танишиб бориш мажбурияти юкланади.
25. Талабгор малака имтиҳонига шахсни тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) асосида киритилади.
Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёки малака имтиҳонига белгиланган вақтда келмаган, шунингдек, қатнаша олмаган талабгор малака имтиҳонига келмаган деб ҳисобланади ва навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади.
Агар талабгор малака имтиҳонини топширишга рухсат берилганидан сўнг малака имтиҳонига икки марта келмаса, малака имтиҳонини топшириш учун унга учинчи марта имконият берилмайди.
Бунда тўланган йиғим қайтарилмайди ва малака имтиҳонида қатнашиш учун ариза ушбу Низом асосида қайтадан топширилади.
26. Малака имтиҳони давлат тилида, тест синови шаклида ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда ўтказилади.
Талабгорга малака имтиҳонини топшириш учун уч соат вақт берилади ҳамда малака имтиҳонининг ўтказилиши давомида танаффус берилмайди.
27. Малака имтиҳонининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳони жараёни узлуксиз равишда онлайн трансляция қилинади, шунингдек, видеоёзувга туширилади. Ушбу видеоматериаллар Агентлик томонидан камида бир йил муддат мобайнида сақланади.
28. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорларга қуйидагилар тақиқланади:
қонунчилик ҳужжатлари, йўриқнома материаллари, тест топшириқлари бўйича тайёрланган маълумотлар, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;
малака имтиҳони ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда калькулятор, луғат, жадвал, китоб, мобил алоқа ва бошқа воситалар, «ақлли» соат, қулоқчин, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб кириш ёки улардан малака имтиҳони давомида фойдаланиш;
бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиш (суҳбатлашиш);
малака имтиҳони ўтказилаётган хонадан рухсатсиз ташқарига чиқиш (тест синови ўтаётган хонадан рухсатсиз ташқарига чиққан шахслар қайта тест синовига киритилмайди).
Ушбу талабларни бузган талабгорлар малака имтиҳонидан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган деб ҳисобланади. Бунда малака имтиҳонини топшириш учун тўланган йиғим қайтарилмайди.
29. Агентлик малака имтиҳонини ўтказиш мақсадида:
Аудиторлар палатаси томонидан тақдим этилган рўйхат асосида талабгорларнинг ҳудудлар бўйича тақсимотини амалга оширади ҳамда мазкур Низомда белгиланган муддат ичида малака имтиҳонларини ташкил этади;
малака имтиҳонини ўтказиш учун танланган бинони (хона) зарурий техника воситалари (компьютер, видеокамера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан жиҳозлашни таъминлайди;
малака имтиҳонини ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар ва материаллар сақланишини таъминлайди;
малака имтиҳонини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.
30. Малака имтиҳонида фойдаланиладиган тест топшириқлари Агентлик томонидан тегишли малакали ва мустақил экспертларни жалб қилган ҳолда тузилади ҳамда экспертизадан ўтказилади.
Бунда малака имтиҳонини ташкил этиш ва сертификатни тақдим этиш жараёнларида иштирок этувчи ташкилотлар ходимлари тест топшириқларини тузишга жалб қилинмайди.
Агентлик томонидан тест топшириқларини тузиш ва экспертиза жараёнининг махфийлиги таъминланиши лозим.
31. Тест синови Агентлик томонидан тасдиқланган 100 та тест топшириғидан иборат бўлади.
Тест топшириқларининг ҳар бир тўғри жавоби учун бир баллдан берилади. Нотўғри жавоб берилган ёки жавоб берилмаган тест топшириғи учун балл берилмайди.
32. Тест топшириқлари фақат бир тўғри жавобни ўз ичига олган 4 та жавоб варианти келтирилган шаклда тузилади.
33. Тест топшириқлари базаси келгуси йил учун йил якунига қадар камида 30 фоизга янгиланиши лозим.
34. Талабгорнинг тўғри жавоблари малака имтиҳонидаги тест топшириқлари умумий сонининг камида 75 фоизини ташкил этган тақдирда, малака имтиҳони муваффақиятли топширилган ҳисобланади.
35. Агентлик томонидан малака имтиҳони натижалари қайдномаси имтиҳон ўтказилган куннинг ўзида расмийлаштирилади ва тасдиқланади.
Бунда талабгорлар томонидан тест топшириқлари мазмуни бўйича эътироз билдирилган тақдирда, эътирозлар тегишли мутахассислар томонидан кўриб чиқилганидан сўнг қайднома бир иш куни ичида расмийлаштирилади ва тасдиқланади.
36. Қайдномада қуйидагилар кўрсатилади:
малака имтиҳонида иштирок этган талабгорларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда тўплаган баллари;
малака имтиҳонида қатнашмаган талабгорлар рўйхати.
37. Малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги маълумот малака имтиҳони ўтказилган кундан кейин уч иш куни ичида Департамент ва Аудиторлар палатасига юборилади ҳамда Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
38. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорлар рўйхатида мавжуд бўлмаган шахсларнинг малака имтиҳонида қатнашишига рухсат берилмайди.
39. Малака имтиҳонида қатнашмаган талабгорлар Аудиторлар палатаси томонидан кейинги малака имтиҳонида қатнашувчилар рўйхатига киритилади.
Бунда малака имтиҳонида икки марта қатнашмаган талабгор ушбу Низомда белгиланган тартибда малака имтиҳони топшириш учун қайта ариза топширади.
40. Малака имтиҳонини муваффақиятли топширмаган ёки икки марта келмаган талабгорга тўланган йиғим қайтарилмайди.
41. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгорлар томонидан берилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда маълумотномалар камида беш йил мобайнида Аудиторлар палатасида сақланади.
6-боб. Малака имтиҳони натижалари юзасидан апелляция бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби
42. Малака имтиҳони натижасидан норози бўлган талабгор малака имтиҳони натижалари эълон қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида Аудиторлар палатасига тест топшириқлари мазмунига оид ёзма апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Бунда малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор томонидан берилган апелляция кўриб чиқилмайди.
43. Аудиторлар палатаси томонидан талабгорларнинг ёзма апелляцияларини бир иш куни ичида Агентликка тақдим этилади.
44. Апелляцияни кўриб чиқиш учун Агентлик томонидан апелляция комиссияси шакллантирилади.
Апелляция комиссияси тоқ сондан, шу жумладан, апелляция комиссияси раиси, унинг ўринбосари ва аъзолари ҳамда апелляция комиссияси котибидан иборат таркибда тузилади ҳамда унинг таркибига Департаментдан вакиллар киритилади.
45. Агентлик вакили апелляция комиссияси раиси, Департаментнинг вакили апелляция комиссияси раиси ўринбосари ҳисобланади.
46. Апелляция комиссияси йиғилиши унинг аъзоларининг камида учдан икки, шу жумладан, апелляция комиссияси раиси ва (ёки) унинг ўринбосари иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
47. Агентлик апелляция комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
48. Апелляция комиссияси талабгор томонидан берилган апелляцияни беш кун муддатда кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.
49. Апелляция бўйича қабул қилинган қарор Агентлик томонидан бир иш куни ичида Аудиторлар палатасига тақдим этилади.
Бунда Аудиторлар палатаси апелляция бўйича қарор келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни ичида талабгорни шахсий кабинети орқали хабардор қилади.
50. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
малака имтиҳони натижалари бўйича қарорни ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш;
малака имтиҳони натижалари бўйича қарорга ўзгартириш киритиш ва апелляцияни қаноатлантириш.
51. Апелляция комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
52. Имтиҳон натижалари бўйича апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
апелляцияда келтирилган асослар тасдиқланмаса;
апелляция белгиланган муддат мобайнида тақдим этилмаган бўлса;
апелляция ушбу Низом талабларига номувофиқ тарзда берилган бўлса.
53. Апелляция комиссияси томонидан апелляцияни қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Агентлик томонидан бу ҳақида маълумот Аудиторлар палатасига апелляция йиғилиши бўлиб ўтгандан сўнг уч иш куни ичида юборилади.
Бунда Аудиторлар палатаси томонидан апелляцияни қаноатлантириш тўғрисида қарорга асосланиб, талабгорга сертификат бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.
54. Апелляция бериш учун талабгордан қўшимча йиғим ундирилмайди.
Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.
7-боб. Сертификатни расмийлаштириш ва бериш тартиби
55. Сертификат Аудиторлар палатаси томонидан малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорга берилади.
56. Сертификат Агентликнинг малака имтиҳони натижалари бўйича маълумоти ёки апелляцияни қаноатлантириш тўғрисида қарори олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида расмийлаштирилади ва Аудиторлар палатасининг QR-коди билан тасдиқланади ҳамда талабгорга шахсий кабинети орқали юборилади.
57. Аудиторлар палатаси сертификат расмийлаштирилган кундан бошлаб уч иш куни ичида сертификатга оид маълумотларни Департаментга тақдим этади ва ушбу маълумотлар Департамент томонидан сертификатлар реестрига киритилади.
58. Сертификатлар реестрига киритилмаган сертификат ҳақиқий ҳисобланмайди.
59. Сертификат шакли мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади.
8-боб. Сертификатни қайта расмийлаштириш тартиби
60. Сертификатга эга бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган тақдирда, у тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатлар кучга кирган кундан бошлаб бир ой муддатда сертификатни қайта расмийлаштириш юзасидан Аудиторлар палатасига ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклда ариза бериши шарт.
61. Сертификатга эга бўлган шахсдан сертификатни қайта расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди.
62. Сертификат ариза топширилган кундан бошлаб уч иш куни ичида илгари берилган сертификат рақами билан сертификатга эга бўлган шахсга қайта расмийлаштирилади, Аудиторлар палатасининг QR-коди билан тасдиқланади ва талабгорга шахсий кабинети орқали юборилади.
63. Аудиторлар палатаси қайта расмийлаштирилган сертификатнинг тегишли маълумотларини сертификатлар реестрига ўзгартириш киритиш учун Департаментга у қайта расмийлаштирилган кундан бошлаб беш иш куни ичида юбориши лозим.
9-боб. Сертификатни бекор қилиш тартиби
64. Сертификат қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
сертификатга эга бўлган шахс томонидан сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза тақдим этилганда;
сертификатга эга бўлган шахс вафот этганда;
сертификатга эга бўлган шахс сертификат олгандан кейин белгиланган тартибда малака оширмаганда;
сертификатга эга бўлган шахсни белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда;
сертификат бериш тўғрисидаги қарор қонунчилик ҳужжатларига хилоф эканлиги аниқланганда;
Инспекция ходими фаолиятини давом эттириш имкониятини истисно этувчи жазога тортилганлигига доир суд ҳукми қонуний кучга кирганда;
сертификатнинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олингани исботланганда;
сертификатга эга бўлган шахс Инспекциядаги фаолияти мобайнида олинган ҳимояланган маълумотларни қонунчилик ҳужжатларига хилоф равишда учинчи шахсларга тақдим этганда;
сертификатга эга бўлган шахс фаолиятида коррупциявий ҳолатларга йўл қўйганини тасдиқлашни назарда тутувчи суд ҳукми қонуний кучга кирганда.
65. Сертификат Аудиторлар палатасининг қарори билан бекор қилинади.
66. Сертификатни бекор қилиш тўғрисидаги қарор ҳақида сертификатга эга бўлган шахс бир иш куни ичида ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилинади, мазкур Низомнинг 61-банди учинчи ва бешинчи хатбошилари бундан мустасно.
67. Сертификат ушбу Низомнинг 64-банди еттинчи — ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича бекор қилинган тақдирда, талабгорга сертификат бекор қилинган пайтдан бошлаб уч йил муддат мобайнида малака имтиҳонларида иштирок этишга йўл қўйилмайди.
68. Департамент ушбу Низомнинг 64-банди еттинчи — ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича сертификатни бекор қилиш юзасидан Аудиторлар палатасига тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга.
69. Сертификатни бекор қилиш ҳақидаги қарор устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.
70. Аудиторлар палатаси сертификатни бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида Департаментни хабардор қилади.
71. Сертификатни бекор қилиш тўғрисидаги қарор Аудиторлар палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
10-боб. Сертификатлар реестрини юритиш тартиби
72. Департамент томонидан сертификатлар реестри юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
сертификатга эга бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
сертификат рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати;
сертификатга эга бўлган шахснинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;
сертификатга эга бўлган шахснинг малака ошириш курсини муваффақиятли тамомлаганини тасдиқловчи гувоҳнома маълумотлари;
сертификатнинг қайта расмийлаштирилгани ва бекор қилингани тўғрисидаги маълумотлар.
73. Сертификатлар реестрида мавжуд қуйидаги маълумотлар Департаментнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва жамоатчиликнинг танишиши учун очиқ ҳисобланади:
сертификат рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати;
сертификатга эга бўлган шахснинг малака ошириш курсини тамомлаганини тасдиқловчи гувоҳнома маълумотлари;
сертификатнинг қайта расмийлаштирилгани ва бекор қилингани тўғрисидаги маълумотлар.
11-боб. Малака ошириш курсини ташкил этиш тартиби
74. Сертификатга эга бўлган шахс сертификатни олган санадан бошлаб ҳар икки йилда, тасдиқланган ўқув дастури асосида Ўқув маркази томонидан ташкил этиладиган 36 соат ҳажмдаги малака ошириш курсида ўқиши шарт.
75. Малака ошириш курслари график асосида Ўқув маркази томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.
Бунда малака ошириш курси тингловчилар сони камида 10 нафардан ошган тақдирда ташкил этилади.
76. Инспекция малака ошириш курсида қатнашиши режалаштирилган ходимлар рўйхатини ҳар йили 20 январга қадар Ўқув марказига тақдим этади.
Инспекцияда фаолият кўрсатмайдиган сертификатга эга бўлган шахс малака ошириш курсида қатнашиш учун Ўқув марказига мурожаат қилади.
Бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдоридаги тўлов ушбу шахснинг ўз маблағи ҳисобидан тўланади.
77. Инспекция ходимлари ҳар икки йилда бир марта бюджет маблағлари ҳисобидан малака оширади.
Малака ошириш курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга белгиланган тартибда гувоҳнома расмийлаштирилади.
78. Ўқув маркази малака ошириш курсларида ўқиган шахслар тўғрисидаги ойлик маълумотларни кейинги ойнинг 5-санасига қадар, йиллик маълумотларни кейинги йилнинг 10 январига қадар Департаментга тақдим этади.
79. Малака ошириш курсини тамомлаганини тасдиқловчи гувоҳнома маълумотлари Департамент томонидан сертификатлар реестрига киритилади.
12-боб. Якунловчи қоидалар
80. Мазкур Низом талабларига риоя этилиши устидан назорат Департамент томонидан назорат қилинади.
81. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ходимлари малакасини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Молиявий назорат бўйича малака сертификатини расмийлаштириш ва бериш
СХEМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ходимлари малакасини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ходимлари малакасини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА

».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.04.2026 й., 09/26/209/0426-сон)