Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Захидовга меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Захидовга меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан юборилган парламент сўровида акс этган масалалар бўйича муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.
Мазкур парламент сўровида кўтарилган масалалар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Мажбурий ижро бюроси ҳамда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан давлат ташкилотларида ўрганилиб, таҳлил қилинди ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида давлат идоралари, корхона ва ташкилотларида меҳнат қилаётган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи, шу жумладан, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ва бошқа конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Хусусан, «Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга киритилган.
Мазкур қонунда давлат органининг ёки мансабдор шахснинг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш борасида айбдор деб топилган давлат органининг мансабдор шахсидан тўлиқ миқдорда регресс тартибида зарарни ундириб олиш тартиби назарда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-126-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 706-сонли қарори қабул қилинган.
Шу билан бирга, 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилган.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида корхона ва ташкилотларда меҳнат тўғрисидаги қонунчилик, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ҳамда меҳнат стандартлари талабларига риоя этилиши устидан 12 840 та давлат назорати тадбири ўтказилган.
Назорат тадбирларида аниқланган 28 801 та қонун бузилиш ҳолатини бартараф қилиш мақсадида мансабдор шахсларга нисбатан 5 715 та ёзма кўрсатма ва қонун бузилиш ҳолатларига шарт-шароит яратиб бераётган ҳолатларни бартараф қилиш юзасидан 150 та тақдимнома киритилган.
Кўрилган чоралар натижасида меҳнат ҳуқуқлари бузилган 9 584 нафар ходимга 109,1 млрд сўм маблағ ундириб берилган.
Норасмий бандликни легаллаштириш доирасида 15 180 та корхона хатловдан ўтказилиб, 69,5 мингта иш ўрни расмийлаштирилган.
Иш жараёнида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар, норасмий бандлик, шунингдек, бошқа қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан жами 18,4 млрд сўмлик жарима қўлланилган.
Фуқароларнинг манфаатида судларга 3 мингга яқин даъво аризалари киритилган. Хусусан, 31,8 млрд сўм миқдорида ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловларни ундириш бўйича 2 113 та даъво аризаси киритилган.
Киритилган даъво аризалари судлар томонидан кўриб чиқилиб, 909 та корхонадан 2 448 нафар фуқаронинг 22,6 млрд сўмлик ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ундириб берилган. Шунингдек, 337 та ишга тиклаш билан боғлиқ даъво аризасининг 249 таси қаноатлантирилиб, фуқаролар ишга тикланган.
Бахтсиз ҳодисалар туфайли бир йўла бериладиган ва ҳар ой тўланадиган зарар пулларини ундириш ҳақида судларга 7,2 млрд сўмлик 92 та даъво аризаси киритилган. Ушбу даъво аризаларининг 82 таси қаноатлантирилиб, 6,1 млрд сўм товон пуллари ундириб берилган.
Ижтимоий ҳимояни таъминлаш мақсадида 507,5 минг ишсиз, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган ва пенсия ёшидаги шахсларга бандлик хизмати кўрсатилган.
Вазирлик, идора ва ташкилотларнинг 550 дан ортиқ инсон ресурсларини ривожлантириш ҳамда бошқариш тузилмалари масъул ходимларининг Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги малака ошириш марказида билим ҳамда кўникмалари оширилиб, белгиланган тартибда сертификатлар берилган.
Давлат меҳнат инспекцияси фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда инсон омилини чеклаш мақсадида «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими жорий этилган. Ушбу тизим орқали 13 та мезон бўйича инсон омилисиз хавф даражалари баҳоланиб, хавф даражаси юқори ҳамда ўрта бўлган ташкилотларда текширув тайинланади.
Мазкур ахборот тизимининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида «Хавфни таҳлил қилиш» ахборот тизими «Ягона давлат назорати» тизими билан интеграция қилинмоқда.
Иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилигига оид 15,9 минг тарғибот тадбири (семинар, конференция, давра суҳбатлари ва бошқалар) ўтказилган.
Парламент сўрови натижаларининг таҳлили эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим йўналишлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, давлат идоралари, корхона ва ташкилотларида техник хавфсизлик ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларига риоя қилинмаганлиги оқибатида бахтсиз ҳодисалар кўрсаткичи юқорилигича қолиб, жорий йилнинг ўтган даврида жами 524 тани ташкил этган. Бунда 806 нафар ходим жабрланиб, шундан 139 нафари ҳалок бўлган, 417 нафари оғир ва 250 нафари енгил тан жароҳати олган.
Иш берувчилар томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб бермаганлик, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этмаганлик, ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминламаганлик ҳамда ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги талабларига эътиборсизлиги бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари бўлган.
Меҳнат низолари бўйича давлат ташкилотларидан суд қарорлари билан ундирилган зарарларни кейинчалик айбдор шахслардан регресс тартибида ундириш чоралари ҳам кўрилмаган.
Давлат ташкилотлари томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган ходимларни ишга тиклаш бўйича чиқарилган 261 та суд қарорининг ижроси ўз вақтида таъминланмаган.
Бу каби ҳолатлар фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқариш билан бирга, давлат бюджетидан қўшимча тўловлар тўланишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Ушбу ижро ҳужжатлари соҳалар кесимида таҳлил қилинганда 88 таси ички ишлар органлари ҳамда 11 таси солиқ тизими ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг кўп Тошкент шаҳрида 131 та, Тошкент вилоятида 27 та, Андижон вилоятида 18 та, Сирдарё вилоятида 11 та, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 10 тадан ишга тиклаш билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари мавжуд.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддаси ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Захидовга меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисидаги Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси З. Бекатованинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини қисқартириш ва камбағалликни камайтиришга қаратилган давлат дастурлари, «йўл хариталари» ва комплекс чора-тадбирлар ижросини тизимли ва доимий равишда назорат қилсин, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрсин;
янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ноқонуний меҳнат муносабатларининг олдини олиш чораларини кўрсин;
ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари яратиш бўйича ваколатли давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа масъул ташкилотлар томонидан манзилли, шаффоф ва самарали чора-тадбирларни амалга оширсин;
Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) конвенциялари ва тавсиялари асосида меҳнат муносабатларини ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ва меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича доимий ва тизимли ҳамкорликни амалга оширсин;
ратификация қилинган халқаро конвенцияларни миллий қонунчиликка жорий этиш ҳамда уларнинг амалиётда қўлланилишини таъминлаш чораларини кўриб борсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б. Захидов):
доимий равишда оғир, зарарли ва хавфли меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, компенсациялар, қўшимча тўловлар ва таътиллар ўз вақтида ва тўлиқ берилишини, шунингдек, иш берувчилар томонидан ходимларга етказилган зарар учун фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғурта қилиниши ҳолатини тизимли назорат қилсин;
меҳнат қонунчилиги бузилишини барвақт аниқлаш, ижтимоий-меҳнат соҳасидаги хавф-хатарларни прогноз қилиш ва қарорлар қабул қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш чораларини кўрсин;
ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини дарҳол текшириш, уларни белгиланган тартибда ҳисобга олиш, сабабларини таҳлил қилиш ҳамда иш берувчилар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган таъсирчан профилактик ва маъмурий чораларни кўрсин;
меҳнат низолари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларининг, шу жумладан ишга тиклаш, иш ҳақи ва компенсациялар ундиришга оид қарорларнинг давлат ташкилотлари томонидан ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини доимий равишда мониторинг қилсин;
меҳнат низолари натижасида давлат бюджети ёки давлат ташкилотлари маблағлари ҳисобидан қопланган зарарларни айбдор мансабдор шахслардан регресс тартибида ундириш бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида давлат органлари, корхона ва ташкилотларида тизимли тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб борсин;
вазирлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига меҳнат қонунчилиги, меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича келиб тушаётган мурожаатларни қонунчиликда белгиланган муддатларда, холисона ва пухта кўриб чиқилишини, аниқланган қонунбузилишлар бўйича таъсир чоралари қўлланилишини таъминласин;
меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари бузилиши ҳолатлари кўп учрайдиган ҳудудлар, тармоқлар ва иш берувчилар фаолиятини чуқур таҳлил қилиб, аҳоли ва иш берувчилар ўртасида манзилли, тизимли ва профилактикага қаратилган ахборот-тушунтириш ишларини амалга оширсин;
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг «Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида»ги 155-сонли, «Меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги 81-сонли, «Ижтимоий таъминотнинг минимал меъёрлари тўғрисида»ги 102-сонли, «Меҳнат муҳофазасини тарғиб қилиш тизими тўғрисида»ги 187-сонли конвенциялари ҳамда бошқа ратификация қилинган халқаро ҳужжатлар талабларига мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимларни ижтимоий ҳимоялаш ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий механизмларни такомиллаштириш чораларини кўриб борсин;
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг стандартларига мувофиқ меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, касаба уюшмалари ва иш берувчилар бирлашмалари билан ҳамкорликни кучайтириш орқали муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга кенг жорий этсин.
4. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси:
давлат ташкилотлари, корхона ва муассасаларда меҳнат қонунчилиги ҳамда ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид нормалар бузилиши ҳолатларини, шу жумладан иш ҳақи, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича юзага келаётган ҳолатларни тизимли равишда ўрганиб, доимий мониторинг қилиб борсин;
меҳнат қонунчилиги ва ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳолатни танқидий баҳолаш мақсадида ҳар чоракда камида бир маротаба комиссия йиғилишларини ўтказсин, ушбу йиғилишларга тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, иш берувчилар ва касаба уюшмалари вакилларини кенг жалб этсин;
комиссия йиғилишларида меҳнат ҳуқуқлари бузилиши, ишсизлик, норасмий бандлик, меҳнат муҳофазаси, жамоа шартномалари ижроси ҳамда ижтимоий шерикликнинг самарадорлиги масалаларини очиқ ва танқидий муҳокама қилсин, муҳокамалар якунида аниқ вазифалар, муддатлар ва масъул ижрочиларни белгилаган ҳолда қарорлар қабул қилсин;
ижтимоий-меҳнат соҳасида аниқланган тизимли муаммолар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, Халқаро Меҳнат Ташкилоти конвенциялари ва тавсияларига мувофиқ миллий нормаларни кучайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Олий Мажлис Сенатига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (М. Эгамбердиев):
меҳнатга оид суд ҳужжатларининг ижросини ўз вақтида таъминласин;
меҳнатга оид ҳужжатлар ижросини ўз вақтида бажармаган давлат идоралари, корхона ва ташкилотларига қатъий таъсир чораларини кўрсин;
меҳнатга оид ижро ҳужжатларининг бажарилишини таҳлил қилиб, натижаси бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда муҳокама қилиб борсин.
6. Ушбу Қарор ижросига масъул бўлган вазирлик ва идоралар амалга оширилган ишлар юзасидан 2026 йилнинг 20 февралига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим қилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари:
тегишли вазирлик ва идоралар томонидан меҳнатга оид муносабатлар ҳамда қонунбузилиш ҳолатларини доимий мониторинг қилиб борсин;
аниқланган камчиликлар юзасидан зарур ҳолларда мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотларини қўмита мажлисларида эшитсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўз ҳудудларида меҳнат қонунчилигига риоя қилинишини, меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари бузилиши ҳолатлари кўп учраётган соҳаларни таҳлил қилиб, бу борада масъулларнинг ахборотларини эшитиб бориш тавсия этилсин.
9. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А. Эшмуратов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 19 декабрь,
СҚ-226-V-сон