Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (4-сон РХМС) «Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш»ни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 11 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3701]
1. Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (4-сон РХМС) «Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси ва Ўзбекистон риэлторлар гилдияси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор А. ОРТИКОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 октябрь,
01/11-14/45-сон
Келишилди:
Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси раиси А. АЛИЕВ
2025 йил 16 октябрь
Риэлторлар гилдияси раиси Б. НАСРУЛЛАЕВ
2025 йил 9 октябрь
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 17 октябрдаги 01/11-14/45-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (4-сон РХМС) «Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш»
Мазкур Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (4-сон РХМС) «Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш» (бундан буён матнда стандарт деб юритилади) риэлторлик ташкилотлари томонидан кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан амалга ошириладиган риэлторлик фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилайди.
1-боб. Асосий тушунчалар
1. Мазкур стандартда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш — риэлторлик ташкилотига (ишончли бошқарувчига) қонунчиликда белгиланган тартибда тузилган кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш шартномаси асосида берилган кўчмас мулк объектларини риэлторлик ташкилоти томонидан ўз номидан ҳақ эвазига муайян муддат давомида бошқарув муассисининг ёки у кўрсатган шахснинг (фойда олувчининг) манфаатларини кўзлаб бошқаришнинг амалга оширилиши;
ишончли бошқарувчи — кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш бўйича хизматлар кўрсатувчи риэлторлик ташкилоти;
ишончли бошқариш муассиси (бундан буён матнда бошқарув муассиси деб юритилади) — ишончли бошқаришга топширилаётган кўчмас мулк объектининг эгаси бўлган жисмоний ёки юридик шахс. Қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқарув муассиси сифатида нотариус, васийлик ва ҳомийлик органи, суд ёки бошқа ваколатли орган иштирок этиши мумкин;
фойда олувчи — кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш унинг манфаатлари йўлида амалга ошириладиган жисмоний ёки юридик шахс (ишончли бошқарувчи бундан мустасно);
кўчмас мулк объектини ишончли бошқариш шартномаси (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) — бу кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома учун назарда тутилган шаклда ва тартибда тузиладиган ва қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиладиган шартнома бўлиб, унинг асосида бир тараф (бошқарув муассиси) иккинчи тарафга (ишончли бошқарувчига) кўчмас мулк объектини муайян муддатга ишончли бошқаришга топширади, иккинчи тараф эса ушбу кўчмас мулк объектини бошқарув муассиси ёки у кўрсатган шахснинг (фойда олувчининг) манфаатларини кўзлаб бошқариш мажбуриятини олади;
кўчмас мулк объектлари — ер участкалари, бинолар ва иншоотлар (уларнинг бир қисми), кўп йиллик дов-дарахтлар, кўп квартирали уйлардаги квартиралар, хусусий уйлар, кўп қаватли иморатлардаги хоналар ҳамда ер билан узвий боғланган бошқа объектлар, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар. Ушбу стандарт мақсадларида ер ости бойликлари (ер қаъри), шу жумладан фойдали қазилмалар кони кўчмас мулк объектлари жумласига кирмайди;
риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги.
2-боб. Умумий қоидалар
2. Мазкур стандартнинг мақсади кўчмас мулк объектларини ишончли бошқаришнинг қуйидагиларни таъминловчи ягона ва шаффоф механизмларини белгилашдан иборат:
мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши;
битимларни амалга ошириш чоғидаги шаффофлик ва хавф-хатарларнинг камайтирилиши;
кўчмас мулк объектларини профессионал бошқариш;
кўчмас мулк бозорининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ барқарор ривожланиши.
3. Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш бўйича хизматлар кўрсатувчи риэлторлик ташкилотлари қонунчилик ҳужжатларига ва ушбу стандарт талабларига риоя қилиши мажбурийдир.
4. Стандартнинг амал қилиши:
давлат кўчмас мулк объектларини бошқариш билан боғлиқ муносабатларга;
ягона мулкий мажмуа сифатида бутун корхонага нисбатан татбиқ этилмайди.
3-боб. Кўчмас мулк объектини ишончли бошқаришнинг вужудга келиш асослари ва ундаги мавжуд чекловлар
5. Кўчмас мулк объектини ишончли бошқариш қуйидагилар асосида вужудга келади:
бошқарув муассиси билан ишончли бошқарувчи ўртасида тузиладиган кўчмас мулк объектини ишончли бошқариш шартномаси;
васиятнинг ижрочиси (ишончли бошқарувчи) тайинланган васиятнома;
суд қарори;
васийлик ва ҳомийлик органининг васийликка олинган шахснинг кўчмас мулк объекти устидан васийлик белгилаш тўғрисидаги қарори;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа юридик фактлар.
6. Оператив бошқарувда бўлган кўчмас мулк объекти ишончли бошқаришга топширилиши мумкин эмас. Оператив бошқарувда бўлган кўчмас мулк объекти уни оператив бошқарувда сақлаб турган юридик шахс тугатилганидан ёки кўчмас мулк объектига нисбатан оператив бошқарув ҳуқуқи бекор қилинганидан ҳамда у қонунда назарда тутилган бошқа асосларга кўра мулкдорнинг эгалигига ўтганидан кейингина ишончли бошқаришга топширилиши мумкин.
7. Кўчмас мулк объектини ишончли бошқаришга топшириш ушбу кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқининг ишончли бошқарувчига ўтишига олиб келмайди.
4-боб. Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқаришда бажариладиган ишлар (хизматлар) таркиби
8. Ишончли бошқарувчи бошқарув муассисининг (фойда олувчининг) манфаатларини кўзлаган ҳолда қуйидаги ишларни (хизматларни) шартномага мувофиқ бажаради:
кўчмас мулк объектларини бошқариш, шу жумладан бошқарув муассиси билан тузилган шартномавий муносабатлар доирасида ўзига ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объектларини ишончнома асосида сотиш (бундан буён матнда сотиш деб юритилади);
даромадлар ва харажатларни бошқариш, кўчмас мулк объектларини ижарага беришдан ёки бошқа манбалардан олинган даромадлар ҳисобини юритиш, шунингдек кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш, уларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш харажатларини амалга ошириш;
бошқарув муассисининг (фойда олувчининг) манфаатларини кўзлаб учинчи шахслар билан кўчмас мулк объектларини ижарага бериш, иккиламчи ижарага бериш шартномаларини, таъмирлаш-қурилиш ишлар учун пудрат шартномаларини ва кўчмас мулк объектларини самарали бошқариш учун зарур бўлган бошқа битимларни тузиш;
кўчмас мулк объектларига техник хизмат кўрсатишни ташкил этиш, уларни жорий ва капитал таъмирлаш, фойдаланишнинг техник нормаларига риоя қилиш, шунингдек ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишнинг авария оқибатларини ва бузилишларини бартараф этиш;
бошқарув муассисининг (фойда олувчининг) манфаатларини ифодалаш, учинчи шахслар, жумладан ижарачилар, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, зарур ҳолларда судларда ва бошқа идораларда (ташкилотларда) белгиланган тартибда бошқарув муассисининг (фойда олувчининг) манфаатларини ифодалаш;
кўчмас мулк объектларининг рентабеллигини яхшилаш ва бозор қийматини ошириш мақсадида бошқарув муассисининг розилигини олган ҳолда кўчмас мулк объектини модернизациялаш, реконструкция қилиш, кенгайтириш, қайта жиҳозлаш;
кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш доирасида бошқа ташкилотлар билан тузилган шартнома шартларига риоя этилишини таъминлаш, контрагентлар билан низоларни ҳал этиш;
солиқ органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, кўчмас мулк объектларидан фойдаланишда олинадиган даромадлар декларациясини тайёрлаш, бошқарув муассиси номидан солиқлар тўланишини ва бошқа зарур ҳаракатларни ташкил этиш.
5-боб. Ишончли бошқариш объектлари
9. Ишончли бошқаришга топшириладиган кўчмас мулк объектлари ишончли бошқариш объектлари ҳисобланади.
10. Қуйидагилар ишончли бошқариш объектлари бўлиши мумкин эмас:
қонунчиликда белгиланган тартибда хатлаб қўйилган ёки тақиқ мавжуд бўлган кўчмас мулк объектлари;
ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотлар;
қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга топшириш ва қабул қилиш талабларига риоя қилинмаган объектлар;
хизмат турар жойлари, махсус уйлар (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар, шунингдек, болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлар);
мулкка оид низолар мавжуд бўлган кўчмас мулк объектлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан ишончли бошқаришга топшириш тақиқланган кўчмас мулк объектлари (масалан, қўриқхоналар, мудофаа объектлари, табиатни муҳофаза қилиш зоналари, ўрмон фонди, маданий мерос объектлари ва ҳоказолар).
6-боб. Ишончли бошқариш субъектлари
11. Бошқарув муассислари ва кўчмас мулк объектларининг ишончли бошқарувчилари, шунингдек фойда олувчилар ишончли бошқариш субъектлари ҳисобланади.
12. Қуйидагилар бошқарув муассиси бўлиши мумкин:
кўчмас мулк объектининг эгаси;
ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс;
қонунда назарда тутилган ҳолларда — нотариус, васийлик ва ҳомийлик органи, суд ёки бошқа ваколатли орган.
13. Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш бўйича хизматлар кўрсатадиган риэлторлик ташкилоти ишончли бошқарувчи бўлиши мумкин.
14. Кўчмас мулк объектлари давлат органига ишончли бошқарувга берилиши мумкин эмас.
15. Ишончли бошқарувчидан ташқари ҳар қандай шахс фойда олувчи бўлиши мумкин.
7-боб. Бошқарув муассисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
16. Бошқарув муассиси қуйидагиларга ҳақли:
ишончли бошқарувчидан малака сертификати кўрсатилишини талаб қилиш;
шартнома бажарилишининг бориши ҳақида, кўчмас мулк объектларининг ҳолати ва уларни бошқариш тўғрисида ишончли ахборот олиш;
бошқарувга топширилган кўчмас мулк объекти тўғрисидаги ахборотнинг махфийлигига риоя этилишини талаб қилиш;
ишончли бошқарувчидан тузилган шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилган ишлар тўғрисида шартномада белгиланган муддатларда ва тартибда ҳисобот тақдим этишни талаб қилиш;
қонунчилик доирасида ва тарафларнинг ўзаро келишувига кўра, шартнома шартларига ўзгартириш(лар) киритиш ташаббуси билан чиқиш;
ишончли бошқарувчи томонидан шартнома шартлари бузилган тақдирда, шартноманинг бекор қилинишини ҳамда бекор қилиш туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зиённинг компенсация қилинишини талаб қилиш;
кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир тузилиши мўлжалланаётган битимнинг хусусияти ҳамда ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида ишончли бошқарувчидан ёзма шаклда ахборот олиш;
ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органига, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга, риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаларига, шунингдек судга мурожаат қилиш.
17. Бошқарув муассиси:
шартнома предмети бўлган кўчмас мулк объекти, унга бўлган ҳуқуқлар ҳақидаги, ўзи ва бошқа ҳуқуқ эгалари (учинчи шахслар) тўғрисидаги ишончли ҳамда тўлиқ маълумотлар ва ҳужжатларни ишончли бошқарувчига тақдим этиши;
шартнома шартларига мувофиқ ишончли бошқарувчи хизматларига ўз вақтида ҳақ тўлаши;
шартномани белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиши;
агар шартномада назарда тутилган бўлса, ишончли бошқарувчи томонидан кўчмас мулк объектини ишончли бошқариш чоғида қилган зарур харажатларнинг ўрнини қоплаши;
шартнома доирасида ўз мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаши шарт.
8-боб. Ишончли бошқарувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
18. Ишончли бошқарувчи қуйидагиларга ҳақли:
шартномада назарда тутилган доирада ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объектига нисбатан мулкдор ҳуқуқларини амалга ошириш;
бошқарув муассисининг (фойда олувчининг) манфаатларини кўзлаб юридик ва амалий ҳаракатларни амалга ошириш;
хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатларни бошқарув муассисидан сўраб олиш;
кўрсатилган хизматлар учун шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда ҳақ олиш;
ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объектларини реклама қилиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ишончли бошқаришни амалга ошириш учун зарур ахборотни белгиланган тартибда олиш;
бошқарув муассиси томонидан шартнома шартлари бузилган ёки бажарилмаган тақдирда шартноманинг бекор қилинишини талаб қилиш;
агар шартномада назарда тутилган бўлса, кўчмас мулк объектини ишончли бошқариш билан боғлиқ зарур харажатларнинг ўрни қопланишини талаб қилиш;
агар шартномада назарда тутилган бўлса, кўчмас мулк объектини шартноманинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга ижарага бериш;
шартномада ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина ўз номидан бошқа шахсга кўчмас мулк объектини бошқариш учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширишни топшириш;
шартномада назарда тутилган ҳоллардагина ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объектини гаровга қўйиш.
19. Ишончли бошқарувчи ўзининг расмий веб-сайтига эга бўлиши мумкин ва унда ишончли бошқарувчи тўғрисидаги батафсил маълумотлар, шу жумладан:
унинг раҳбари;
риэлторнинг малака сертификатига эга бўлган ходимлар;
фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полиси;
ишончли бошқарувчи аъзо бўлган риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаси тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
20. Ишончли бошқарувчи кўчмас мулк объектини бошқариш соҳасидаги ҳаракатларни амалга ошириш натижасида қўлга киритган ҳуқуқлари шу кўчмас мулк объекти таркибига киритилади.
21. Ишончли бошқарувчи бошқарув муассисининг ёзма розилигисиз ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объекти бўйича аффилланган шахслар (ишончли бошқарувчининг фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахслар, яқин қариндошлар, шу жумладан ишончли бошқарувчининг мулкдори, таъсисчи (иштирокчиси), кредитори, суғурталовчиси, ходими) билан битимлар тузишга ҳақли эмас.
22. Ишончли бошқарувчи:
бошқарув муассисининг (фойда олувчининг) талабига биноан малака сертификатини кўрсатиши;
кўчмас мулк объектларини ишончли бошқаришни шартнома шартларига қатъий амал қилган ҳолда амалга ошириши;
кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш чоғида бошқарув муассисининг (фойда олувчининг) ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаши;
ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объектларини ўз мол-мулкидан алоҳида ажратиши;
ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объектининг алоҳида ҳисобини юритиши;
ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объектининг бозор қиймати ўзгаришига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни (сотиш, ижарага бериш, капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш, модернизациялаш, кенгайтириш, қайта жиҳозлаш, реклама қилиш ва ҳоказо) бошқарув муассиси (фойда олувчи) билан келишиши;
шартнома предмети бўлган кўчмас мулк объекти, унга бўлган ҳуқуқлар ҳақидаги, бошқарув муассиси ва бошқа ҳуқуқ эгалари (учинчи шахслар) тўғрисидаги ҳужжатларни текшириши;
ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объектлари билан боғлиқ битимлар тузиш чоғида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар, чекловлар ва оқибатлар ҳақида, шунингдек шартнома шартларини ўзгартириши ва кейинчалик мулк ҳуқуқининг йўқотилишига олиб келиши мумкин бўлган барча маълум бўлган ҳолатлар ва фактлар тўғрисида бошқарув муассисини ўз вақтида хабардор қилиши;
бошқарув муассиси ва кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги ахборотнинг махфийлигига риоя этиши;
бошқарув муассисига ва (ёки) фойда олувчига ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни шартномада белгиланган муддатларда ва тартибда тақдим этиши;
манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда бошқарув муассисини (фойда олувчини) бу ҳақида дарҳол хабардор қилиши ва уни бошқарув муассисининг (фойда олувчининг) манфаатига ҳал этиш чораларини кўриши;
ўз ходимларининг самарали ишлаши учун зарур шароитларни яратишга, касбий маҳорат даражасини ошириш ва янги билимларни олиш мақсадида риэлторнинг малака сертификатига эга бўлган ходим(лар)ини қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юбориши;
ўз фаолиятининг барча босқичларида Риэлторларнинг профессионал хулқ-атвори кодексига риоя қилиши шарт.
9-боб. Бошқарув муассисининг ишончли бошқарувчи билан ўзаро муносабатлари
23. Ишончли бошқарувчи бошқарув муассисининг талабига кўра, қуйидагиларни тақдим этиши керак:
давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
ходимларнинг малакасини тасдиқловчи ҳужжатлар;
кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш бўйича хизматларни кўрсатишда фойдаланиладиган намунавий шартномалар, баённомалар, ишончномалар ва бошқа ҳужжатларнинг намуналари;
риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзоликни тасдиқловчи ҳужжат;
ўзи аъзо бўлган риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмасининг, шунингдек риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органининг реквизитлари;
кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш бўйича хизматларни кўрсатиш тарифлари ва нархлари;
риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмасининг муҳри билан тасдиқланган шикоятлар ва таклифлар дафтари (ушбу дафтар электрон шаклда ёки ишончли бошқарувчининг расмий веб-сайтида ҳам юритилиши мумкин);
ишончли бошқарувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полиси.
24. Кўчмас мулк объектини ишончли бошқаришга топшириш унинг бозор қийматини сақлаб қолиш ёки кўпайтириш, ундан самарали фойдаланишни таъминлаш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш, бошқарувдан олинадиган даромад даражаси ва бошқа вазифаларни бажаришни ўз ичига оладиган ишончли бошқаришнинг самарадорлигини баҳолаш мезонлари (бундан буён матнда баҳолаш мезонлари деб юритилади) асосида амалга оширилиши мумкин. Бунда баҳолаш мезонлари аниқ, ўлчанадиган ва эришиладиган бўлиши керак.
25. Баҳолаш мезонлари шартномада белгиланиши ёхуд шартноманинг амал қилиш муддати давомида бошқарув муассиси ва ишончли бошқарувчининг ўзаро келишуви асосида белгиланиши керак.
Шартномада баҳолаш мезонларининг натижаларини тасдиқлаш учун мустақил экспертлар ёки аудиторларни жалб қилиш имконияти назарда тутилиши мумкин.
26. Ишончли бошқариш жараёнида эришилган молиявий натижалар, амалга оширилган тадбирлар, кўчмас мулк объектининг жорий ҳолати ва бошқарувнинг бошқа жиҳатлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида мужассам этган ҳисобот ишончли бошқарувчи томонидан шартномада назарда тутилган муддатларда ва тартибда бошқарув муассисига ва (ёки) фойда олувчига тақдим этиб борилади.
27. Ишончли бошқарувчига тўланадиган ҳақнинг миқдори тарафларнинг келишувига кўра, қатъий белгиланган шаклда ва/ёки кўчмас мулк объектларини ишончли бошқаришдан олинган даромаддан фоиз кўринишида ёхуд қонунчиликда назарда тутилган бошқача тартибда белгиланади.
28. Бошқарув муассиси томонидан ишончли бошқарувчига шартномада айрим чекловлар, жумладан кўчмас мулк объектининг сотилиши, ижарага берилиши, гаровга қўйилишини тақиқлаш ёки қонунчиликка зид бўлмаган бошқа мажбуриятлар белгиланиши мумкин.
29. Ишончли бошқарувчи шартномада назарда тутилган мажбуриятларини лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида гаров, банк кафолати каби қўшимча кафолатларни тақдим этиши мумкин.
30. Ишончли бошқарувчи кўчмас мулк объектини ишончли бошқариш жараёнида айрим ҳаракатларни бажариш учун учинчи шахсларни жалб қилиши мумкин. Уларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун ишончли бошқарувчи жавобгар бўлади.
10-боб. Кўчмас мулк объектини ишончли бошқариш шартномасига қўйиладиган талаблар
31. Шартнома ёзма шаклда, кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома учун назарда тутилган шаклда ва тартибда тузилиши ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Шартнома шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.
32. Шартномада қуйидагилар назарда тутилиши керак:
шартнома тузилган сана ва жой;
шартнома предмети;
шартнома тарафларининг номи ва реквизитлари;
ишончли бошқаришга топширилаётган кўчмас мулк объектининг батафсил тавсифи (ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар ва кўчмас мулк объекти ҳолатининг фото ва (ёки) видеотасвири, барча нуқсонлар ва носозликлар мавжудлиги илова қилинган ҳолда);
ишончли бошқарувчининг ҳисоботлар тақдим этиш муддатлари;
шартноманинг амал қилиш муддати;
ҳисоб-китоб қилиш тартиби;
тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда тарафларнинг жавобгарлиги;
низоларни ҳал этиш тартиби;
ишончли бошқарувчида мавжуд бўлган риэлторларнинг малака сертификати тўғрисидаги маълумотлар;
ишончли бошқарувчида фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полисининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;
шартномани бекор қилиш тартиби ва шартлари;
шартнома муддати тугаганидан кейин ишончли бошқариш объектини қайтариш ва қабул қилиб олиш тартиби (уни қабул қилиб оладиган шахсни кўрсатган ҳолда).
33. Шартномага қуйидагилар илова қилинган қабул қилиш-топшириш далолатномаси илова қилинади:
кўчмас мулк объектига ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар;
кўчмас мулк объектининг фото ва (ёки) видеотасвирлари;
коммунал хизматлар, солиқлар ва қонунчиликда белгиланган бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликнинг йўқлиги тўғрисидаги маълумотномалар. Бундай ҳолатда электр энергияси, табиий газ ва сув ҳисоблагичларининг кўрсаткичлари ёзиб олинган бўлиши шарт.
Агар кўчмас мулк объекти билан бирга унда жойлашган мол-мулк ҳам топшириладиган бўлса (масалан, мебеллар, маиший техникалар ва ҳ.к.), топшириш-қабул қилиш далолатномасига ушбу мол-мулк(лар)ни инвентаризация қилиш акти ҳам илова қилиниши керак.
Агар топширилаётган кўчмас мулк объекти қурилиши тугалланмаган объект бўлса, у ҳолда қабул қилиш-топшириш далолатномасига қурилишга рухсатнома ва объектнинг техник ҳолати тўғрисидаги хулоса илова қилиниши лозим.
34. Шартнома беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Шартноманинг амал қилиш муддати тамом бўлганида тарафлардан бири шартномани бекор қилиш тўғрисида ариза бермаган ва (ёки) шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шартнома унда назарда тутилган муддатга ва шартлар асосида узайтирилган деб ҳисобланади.
35. Шартномага тарафларнинг келишуви ёки қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.
11-боб. Кўчмас мулк объектини ишончли бошқариш шартномасининг бекор бўлиши
36. Шартнома қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:
тарафлардан бирининг шартнома муддати тугаши муносабати билан шартномани бекор қилиш тўғрисидаги аризасига мувофиқ;
агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилмаган бўлса, бошқарув муассиси (фойда олувчи) бўлган фуқаронинг вафот этиши, бошқарув муассиси (фойда олувчи) бўлган юридик шахснинг тугатилиши муносабати билан;
ишончли бошқарувчи юридик шахс тугатилганида ёки у тўловга қобилиятсиз деб топилганида;
фойда олувчи, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шартнома бўйича фойдани олишдан бош тортганида;
ишончли бошқарувчи бошқарув муассисининг манфаатларини кўзлаб кўчмас мулк объектини ишончли бошқаришни шахсан амалга ошириши мумкин эмаслиги муносабати билан бошқарувни амалга оширишдан бош тортганида;
бошқарув муассиси ишончли бошқарувчига шартномада келишилган ҳақни тўлаган ҳолда шартномани бажаришдан бош тортганида;
тарафлар ўзининг мажбуриятларини лозим даражада бажармаган тақдирда шартнома суднинг қарорига мувофиқ бекор қилинганида;
қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларга кўра.
37. Шартнома бекор қилинганида ишончли бошқаришда бўлган кўчмас мулк объекти, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бошқарув муассисига топширилади.
Шартнома тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилинганида иккинчи тараф, агар шартномада бошқача муддат белгиланмаган бўлса, камида уч ой олдин бундан хабардор қилиб қўйилиши керак.
12-боб. Ишончли бошқаришда бўлган кўчмас мулк объектини ажратиб чиқариш
38. Ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объекти бошқарув муассисининг бошқа мол-мулкидан, шунингдек ишончли бошқарувчининг мол-мулкидан ажратилади. Ушбу кўчмас мулк объекти ишончли бошқарувчида алоҳида балансда акс эттирилади ва у бўйича мустақил ҳисоб юритилади. Ишончли бошқариш билан боғлиқ фаолият бўйича ҳисоб-китоб юритиш учун алоҳида банк ҳисобварағи очилади.
Ишончли бошқарувчига ишончли бошқаришга топширилган ҳар бир объект бўйича алоҳида «Объект иши» (қоғоз ёки электрон шаклда) юритилади, унга қуйидаги ҳужжатлар киритилиши керак:
топшириш-қабул қилиш далолатномалари (фото ва (ёки) видео материаллар билан бирга);
ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларнинг нусхалари;
объектни суғурталаш тўғрисидаги маълумот (агар мавжуд бўлса);
объектнинг техник ҳолати тўғрисидаги маълумот (кўздан кечириш актлари, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш ва жиҳозлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар, агар бундай ишлар амалга оширилган бўлса);
объектга тааллуқли битимлар, суд низолари ҳақидаги маълумот, агар шундай маълумотлар мавжуд бўлса;
объект бўйича молиявий ҳисоботлар, шу жумладан ижарадан олинган даромадлар, объектни сақлашга сарфланган маблағлар, коммунал хизматлар учун тўловлар, солиқ харажатлари;
объектга ташрифлар ва унинг ҳолатини текшириш бўйича ҳисоботлар;
ижарачилар (мижозларнинг) мурожаатлари ва улар бўйича амалга оширилган чоралар юзасидан ҳисоботлар.
13-боб. Учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бўлган кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш
39. Ишончли бошқарувчи шартнома тузилгунга қадар ўзига бошқариш учун топширилаётган кўчмас мулк объектига учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари борлиги ҳақида хабардор қилиб қўйилиши керак. Ушбу шарт бузилган тақдирда ишончли бошқарувчи шартномани ҳақиқий эмас деб ҳисоблаб, бошқарув муассисидан ҳақиқий зарарни қоплашни ва мутаносиб ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақли.
40. Агар ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объектига шартнома тузилганидан кейин учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари пайдо бўлса, ишончли бошқарувчи эса бу ҳақда ўн кунлик муддатда хабардор қилинмаган бўлса, у шартномани бекор қилиб, бошқарув муассисидан ўзига келтирилган ҳақиқий зарарнинг қопланишини ва мутаносиб ҳақ тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
14-боб. Тарафларнинг жавобгарлиги
41. Ишончли бошқарувчи ўзининг айби билан ишончли бошқаришга топширилган кўчмас мулк объекти шикастланган ёки қиймати пасайган тақдирда ёхуд уни самарасиз бошқарганлик ёки лозим даражада бошқармаганлик оқибатида фойда олувчига объектни ишончли бошқариш вақтида бой берилган фойдани, бошқарув муассисига эса етказилган зарарни, шунингдек бой берилган фойдани тўлайди.
42. Ишончли бошқарувчи ишончли бошқариш бўйича ўзига берилган ваколатлардан четга чиққан ёки шартномада белгилаб қўйилган чеклашларни бузган ҳолда тузган битим бўйича мажбуриятларни шахсан ўзи ўз ҳисобидан бажаради.
43. Ишончли бошқарувчи қуйидагилар натижасида кўчмас мулк объектига етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди:
форс-мажор ҳолатлари ёки енгиб бўлмайдиган кучлар таъсири;
фойда олувчининг ёки бошқарув муассисининг ҳаракатлари;
кўчмас мулк объектининг табиий эскириши.
44. Бошқарув муассиси кўчмас мулк объектини ишончли бошқаришга топширишнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибига риоя этилиши, кўчмас мулк объектининг ишончли бошқарувчига маълум қилинмаган камчиликлари ёки нуқсонлари ҳамда ишончли бошқарувчининг хизматларига шартномада белгиланган тартибда ҳақ тўланиши учун ишончли бошқарувчининг олдида жавобгар бўлади.
15-боб. Якуний қоидалар
45. Мазкур стандарт талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
46. Мазкур стандарт бўйича юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.11.2025 й., 10/5/3701/1041-сон)