Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
қарори
Факторинг электрон платформаларининг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 13 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3665]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августдаги ПФ-109-сон «Факторинг хизматлари бозорини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банк бошқаруви қарор қилади:
1. Факторинг электрон платформаларининг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 16 июль,
16/2-сон
Келишилди:
Давлат хавфсизлик хизмати раиси Б. КУРБАНОВ
2025 йил 4 июль
Рақамли технологиялар вазири Ш. ШЕРМАТОВ
2025 йил 23 июнь
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 16 июлдаги 16/2-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Факторинг электрон платформаларининг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги
Мазкур Низом кредит ташкилоти бўлмаган юридик шахслар (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) томонидан ташкил этиладиган факторинг электрон платформаларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда уларни IT-аудитдан ўтказиш бўйича минимал талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
аутентификация — фойдаланувчи, дастур, қурилма ёки маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш тартиб-таомили;
ахборот тизими— ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари;
ахборот хавфсизлиги — ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимояланганлик ҳолати;
факторинг электрон платформаси (бундан буён матнда платформа деб юритилади) — Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган, факторинг (пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш) бозори иштирокчилари (молия агентлари, мижозлар ва дебиторлар) ўртасида юридик аҳамиятга эга бўлган муносабат ҳамда электрон ҳужжат алмашинувини ташкил этишга қаратилган ахборот тизими;
идентификация — фойдаланувчиларнинг шахсини аниқлаш мақсадида уларга идентификатор (ноёб номлар) тайинлаш ёки тайинланган идентификаторларни (ноёб номлар) идентификаторлар рўйхати билан солиштириш;
IT-аудит — ахборот технологиялари, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ҳамда маълумотларни қайта ишлаш инфратузилмасининг ишончлилиги, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва стандартларга мувофиқлиги, шунингдек ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликнинг таъминланганлик даражасини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган мустақил баҳолаш жараёнлари;
киберхавфсизлик — кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимояланганлик ҳолати;
шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот.
2-боб. Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича амалга ошириладиган ташкилий чоралар
2. Ташкилотлар платформани таъминлайдиган ахборот тизимлари (бундан буён матнда ахборот тизимлари деб юритилади) ҳамда ресурсларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида:
а) ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Бунда:
ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича талаблар белгиланиши;
белгиланган талаблар ташкилотнинг ҳар бир ходимига таништирилиши ҳамда ушбу талабларга ходимларнинг қатъий риоя қилиши таъминланиши лозим;
б) ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича масъул ходимни (бундан буён матнда масъул ходим деб юритилади) тайинлайди;
c) конфиденциал, шу жумладан банк сирини ташкил этувчи ва шахсга доир маълумотларнинг дахлсизлигини таъминлайди ҳамда улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқади. Бунда, ушбу тартибда:
конфиденциал, шу жумладан банк сирини ташкил этувчи ва шахсга доир маълумотлар билан ишлашда хавфсизлик, конфиденциаллик ва яхлитликни таъминлаш бўйича талаб ва қоидаларни ишлаб чиқиш;
ходимлар билан конфиденциал, шу жумладан банк сирини ташкил этувчи ва шахсга доир маълумотлар ошкор этилишининг олдини олиш бўйича мажбуриятномалар (шартномалар) тузиш ва ушбу маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқларини ходимларнинг лавозим мажбуриятларидан келиб чиқиб белгилаш;
конфиденциал маълумотлар рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш;
конфиденциал маълумотлар билан ишлашга рухсат берилган ходимлар рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш;
конфиденциал маълумотлар билан ишлаш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
ташқи сақловчи қурилмалар ва техник воситаларни назорат қилинадиган ҳудуддан ташқарига рухсатсиз олиб чиқилишини олдини олиш чоралари назарда тутилиши лозим;
д) ахборот тизимларида юзага келадиган хавфларни баҳолаш ҳамда бошқариш бўйича талабларни белгилайди;
э) ахборот тизимларида юзага келган ёки келиши мумкин бўлган тўхталишлар, узилишлар, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик ҳодисаларини аниқлаш, олдини олиш, бартараф этиш ва улар тўғрисидаги маълумотларни сақлаш ҳамда рўйхатини юритиш тартибини ишлаб чиқади.
3. Масъул ходим ўз фаолиятида:
ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича белгиланган талабларнинг ташкилот бўлинмалари ва ходимлар томонидан бажарилишини назорат қилиши;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш тизимини ташкил қилиши;
иш жараёнида ходимларга конфиденциал, шу жумладан банк сирини ташкил этувчи ва шахсга доир маълумотларни сир сақлаш мажбурияти ва ўз мажбуриятларини бузганлиги учун жавобгарлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориши ҳамда ушбу маълумотлар сақланишини назорат қилиши;
ахборот тизимларига ўзгартиришлар киритилишини назорат қилиши;
фойдаланувчиларнинг ахборот ресурсларида ишлаш ҳуқуқлари ва чегараларини белгилашни ташкил этиши;
ахборот тизимларига киришни назорат қилиши;
ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларидан рухсатсиз фойдаланишни чеклаши;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш юзасидан ички меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиши;
ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш масалаларида раҳбариятга таклифлар бериши;
ахборотнинг сақланиши устидан умумий назоратни ташкил этишни таъминлаши керак.
4. Ташкилотлар тизимли равишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасига ихтисослашган ўқув курсларида масъул ходимларни ўқитиш ишларини ташкил этиши лозим.
3-боб. Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда IT-аудит ўтказишга доир минимал талаблар
5. Ташкилотлар ўз фаолиятида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашда ахборот тизимлари ва ресурсларида юзага келиши мумкин бўлган ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик ҳодисаларини аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.
6. Фойдаланувчиларнинг платформага кириши ҳимояланган протоколлардан фойдаланган ҳолда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали амалга оширилади.
Фойдаланувчи ва сервер ўртасидаги барча ўзаро ахборот алмашинуви фақат ҳимояланган Transport Layer Security (TLS) протоколидан (1.3 ёки ундан юқори версия) фойдаланган ҳолда амалга оширилиши шарт.
7. Платформа фойдаланувчилари ўртасида алмашинадиган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш электрон рақамли имзо калитлари орқали амалга оширилади.
8. Платформа Ўзбекистон Республикасида жойлашган ва Tactically Integrated Emergency Response (TIER) талабларига жавоб берувчи маълумотларни қайта ишлаш марказлари ёки ташкилотнинг сервер хоналарида жойлаштирилади.
9. Ташкилотларнинг шахсга доир маълумотлар базаси Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим.
10. Ташкилотлар ахборотни шакллантириш, узатиш, сақлаш ва унга ишлов беришнинг барча босқичларида конфиденциал, шу жумладан банк сирини ташкил этувчи ва шахсга доир маълумотларни узлуксиз ҳимоя қилиш учун қуйидаги чораларни кўришлари лозим:
идентификация, аутентификация ва авторизация қилиш тизимини жорий этиш;
тизимга рухсатсиз киришнинг олдини олиш усулларини (логин, парол, кўп факторли аутентификация (KFA) ва бошқалар) қўллаш;
маълумотлар базаси администраторининг пароли камида 12 та белгидан кам бўлмаслигини таъминлаш, бунда паролнинг белгилари сифатида пастки ва юқори регистр ҳарфлари, рақамлар ва махсус белгилардан (@, #, $, &, % ва бошқалар) фойдаланиш;
ҳужжатлар ва идентификация маълумотларини қалбакилаштириш, рухсатсиз кўчириш, ўзгартириш, ўчириш ҳамда учинчи шахсларга тақдим этишдан ҳимоялаш;
ахборот тизимларидаги дастурий таъминотларнинг назорати ва ҳисобини юритиш ҳамда дастурий таъминот версиялари, аппарат-дастурий қурилмалар ва дастурий воситаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
ахборот тизимларини актуал ҳолатда (охирги версияда) бўлишини таъминлаш, бунда дастурий таъминотнинг янги версиясини текширувдан ўтказгандан сўнг ахборот тизимига жорий этиш;
корпоратив тармоқда илова серверлари ва фойдаланувчилар ўртасидаги барча ахборот алмашинувини Transport Layer Security (TLS) протоколи (1.3 ёки ундан юқори версия) орқали амалга ошириш;
ахборот тизимларини асосий ва захира алоқа каналлари билан таъминлаш;
серверларда иш фаолияти учун зарур бўлмаган портларни ёпиш ва хизматларни тўхтатиш;
ахборот тизимига рухсатсиз кириш ёки ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик ҳодисалари содир этилганда, уларни таҳлил қилиш асосида ҳимоя тизимларини мустаҳкамлаб бориш чораларини кўриш;
ахборот тизимига ташқи ахборот тизимларини интеграция қилишда яратиладиган веб-сервис (WebAPI) методларидан фойдаланиш жараёнида авторизациядан ўтказиш учун берилган токен орқали ишлашни йўлга қўйиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
101. Ташкилот томонидан мижозларни идентификация ва аутентификация қилиш жараёнида фойдаланилган жисмоний шахсларнинг биометрик маълумотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақланиши шарт.
Мижозга тегишли биометрик бўлмаган бошқа турдаги шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон Республикаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунининг 271-моддаси учинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида сақланиши ва уларга ишлов берилиши мумкин.
(101-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 22 июлдаги 21/4-сонли қарорига (рўйхат рақами 3914, 01.08.2026 й.) асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2026 й., 10/26/3914/0809-сон)
11. Веб-сервис (WebAPI) методлари орқали ахборот тизимларига мурожаат қилувчи ташқи ахборот тизимлари фақат олдиндан аутентификациядан ўтган ва ишончли деб топилган фойдаланувчилар номидан, амал қилиш муддати тугамаган JWT (JSON Web Token) воситасида идентификация ва авторизация қилиниши шарт.
Веб-сервис томонидан қабул қилинадиган JWT токен қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:
1.3 ёки ундан юқори версиядаги TLS протоколи орқали узатилган бўлиши;
амал қилиш муддати 30 дақиқадан ошмаслиги;
RS256 ёки ES256 рақамли имзо алгоритмларидан фойдаланилган бўлиши;
мажбурий атрибутлари (iss, sub, aud, iat, exp, jti) тўлиқ ва тўғри кўрсатилган бўлиши.
12. Веб-сервис томонидан тақдим этилган JWT токеннинг ҳақиқийлиги, амал қилиш муддати ҳамда фойдаланувчининг роллари ва ваколатлари мажбурий равишда текширилиши лозим.
Токен яроқсиз, муддати тугаган ёки нотўғри бўлган ҳолларда сўров рад этилиши ва мос хатолик коди билан жавоб қайтарилиши шарт.
13. Рефреш-токен орқали янгиланган JWT токенлар мазкур Низомнинг 10 ва 11-бандларида кўрсатилган хавфсизлик талабларига тўлиқ мувофиқ бўлиши лозим.
Рефреш-токеннинг амал қилиш муддати 12 соатдан ошмаслиги шарт.
14. Аутентификация ва авторизация жараёнида фойдаланувчи 3 дақиқа давомида фаол эмаслиги аниқланса, тизим уни автоматик тарзда тизимдан чиқаради ҳамда унга тегишли барча токенлар дарҳол бекор қилинади (деактивация қилинади).
15. Веб-сервислар орқали ахборотга кириш фақат олдиндан белгиланган роллар ва ваколатлар доирасида амалга оширилиши лозим. Ҳар бир кириш ҳолати мажбурий равишда қайд этилиши шарт.
16. Алоқа каналлари орқали назорат қилинадиган ҳудуддан ташқарига чиқувчи конфиденциал ахборотлар Ўзбекистон Республикасида сертификатланган ахборотни криптографик ҳимоя қилиш воситалари билан шифрланиши зарур (қўшимча тармоқ ҳимоясини таъминлашда қўлланиладиган IPSec ва бошқа шу каби воситалар бундан мустасно).
Ахборот тизимларидан имтиёзли (администраторлик) фойдаланиш ҳуқуқига эга ходимларнинг масофавий уланиши фақат Privileged Access Management (PAM) тизими орқали амалга оширилиши лозим.
17. Ташкилот ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш учун янги авлод тармоқлараро экранлар қурилмаларининг (next generation firewall) аппарат-дастурий воситаларини ҳамда тармоқдаги ҳужумларни аниқлаш ва олдини олиш учун тажовузларни аниқлаш ва олдини олиш тизимларини (IDS/IPS) жорий этиши лозим.
18. Платформани ташқи ахборот тизимига интеграция қилишда ўзаро маълумот алмашиш учун Ўзбекистон Республикасида сертификатланган ахборотни криптографик ҳимоя қилиш воситалари ёки ҳимояланган IPSec туннел орқали уланиш ҳамда улар орқали маълумот алмашинувини йўлга қўйиш лозим.
19. Ташкилот ахборот тизимларида фақат лицензияланган антивирус дастуридан фойдаланиши, уларнинг русумлари ва базалари актуаллиги ҳамда янгиланиб борилишини таъминлаш учун қуйидаги чораларни амалга ошириши шарт:
антивирус дастурларининг автоматик тарзда ишлашини таъминлаш;
интернет ва корпоратив тармоқлар орқали келган ахборотларни антивирус дастури орқали текшириш.
20. Платформани амалиётга жорий этишдан олдин унинг ишлаб чиқилган (модернизация қилинган) барча функцияларини тест-синов ишлари учун мўлжалланган серверларда тўлиқ текширувдан ўтказиш шарт.
21. Ахборот тизимининг узлуксиз ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилиши лозим:
ахборот тизими билан боғлиқ тармоқ ва бошқа қурилмалар носоз ҳолатга келганда, уларни иш жараёнига келтириш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш;
техник носозликларда ва фавқулодда вазиятлар юз берганда маълумотларнинг захирага олинган (backup) нусхаларини қайта тиклаш режасини ишлаб чиқиш;
операцион тизимлар, дастурий таъминотлар, ахборот тизимларининг дастурлари, маълумотлар (маълумотлар базаси, созламалари, электрон баённомалар) нусхаларини захирага (backup) олиш ва электрон архивда сақлаш ҳамда уларни қайта тиклаш тартибини (механизмини) ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда назоратини олиб бориш.
22. Ахборот тизими маълумотларига кириш, қайта ишлаш, уларни сақлаш, тақдим этиш жараёни ҳамда АКТ-инфратузилмаси, ахборот тизими администратори ва фойдаланувчиларининг ҳаракатлари (IP-манзил, MAC-манзил) тўғрисидаги маълумотлар электрон баённомаларда (log-fayl) автоматик тарзда шакллантирилиши ҳамда ушбу электрон баённомалар камида беш йил давомида сақланиши лозим.
23. Платформа фаолияти тугатилганда, унда мавжуд электрон архив маълумотлари давлат архивларига топширилади.
24. Платформа бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказилганда, архив маълумотлар ўтказилаётган тадбиркорлик субъектининг электрон архивига топширилади.
25. Платформани ташқи ахборот тизимлари билан интеграция қилиш ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш талабларга мувофиқ ҳолда ташкил этилиши зарур.
26. Платформа ҳамда АКТ-инфратузилмасини техник қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги аутсорсинг ташкилотлари хизматига берилмайди.
27. Платформа ҳамда АКТ-инфратузилмасида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ишлари аутсорсинг ташкилотлари хизматига берилмайди.
28. Ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) билан ахборот алмашинувида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаши шарт.
29. Ташкилотлар ахборот тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликнинг таъминланганлик даражасини ҳар йили мустақил IT-аудит орқали баҳолашлари шарт. IT-аудит ўтган ҳисобот даври учун жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилади.
IT-аудит натижалари ҳужжатлаштирилиши ва камида беш йил давомида ташкилотда сақланиши лозим.
30. Ташкилотлар ахборот тизимидаги ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар тўғрисида Марказий банкка зудлик билан ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши лозим.
31. Ташкилотлар платформа фойдаланувчилари томонидан фирибгарлик ҳолатлари юзага келишини олдини олиш бўйича ташкилий ва техник чораларни белгилаш ҳамда уларни назорат қилишга мажбурдир.
32. Ташкилотлар платформада фирибгарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, бир кун муддатда таҳлил қилинган тўлиқ маълумотларни Марказий банк «CERT-CBU» киберхавфсизлик марказига тақдим этиши лозим.
4-боб. Якуний қоида
33. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2025 й., 10/25/3665/0749-сон; 03.08.2026 й., 10/26/3914/0809-сон)