Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида
Олий таълим ташкилотларининг бошқарув самарадорлигини ошириш орқали уларнинг сифатли фаолият юритишини таъминлаш, хорижнинг етакчи олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, таълим хизматлари экспортини ошириш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилсин:
(а) Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида талабаларни Турин политехника университети (Италия Республикаси) ўқув режа ва дастурлари билан бир қаторда бошқа илғор хорижий олий таълим ташкилотларининг ҳам ўқув режа ва дастурлари асосида ўқитиш тизимини жорий қилиш;
(б) олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқлаштириш.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ушбу Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Х.У. Умарова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 июль,
ПФ-114-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 июлдаги ПФ-114-сон Фармонига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6108-сон Фармони 10-бандининг биринчи ва учинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 27 апрелдаги «Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-1106-сон қарорида:
(а) 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Белгилансинки:
а) Университет Турин политехника университети (Италия Республикаси) билан тузиладиган сервис ва лицензия битимлари асосида кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, барча даражалардаги мутахассислар, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлайди, шунингдек, кадрлар тайёрлашнинг асосий йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширади;
б) абитуриентларни ўқишга қабул қилиш ва Университет битирувчиларини аттестациядан ўтказиш:
лицензия талаблари асосида кадрлар тайёрлаш учун рухсат берилган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда Турин политехника университети (Италия Республикаси) ҳамда бошқа илғор хорижий олий таълим ташкилотлари билан келишувга асосан ташкил этилган таълим дастурларида белгиланган тартиб, талаб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;
в) талабаларни ўқитиш, Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда, Турин политехника университети (Италия Республикаси), бошқа илғор хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда Университет томонидан ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича олиб борилади;
г) Университет тўлиқ академик, молиявий ва ташкилий мустақил олий таълим ташкилоти ҳисобланади;
д) Университетнинг:
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан ишлаб чиқилган таълим дастурлари бўйича таълим олган битирувчиларига Университетнинг Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги дипломи;
Турин политехника университети (Италия Республикаси) ҳамда бошқа илғор хорижий олий таълим ташкилотлари билан келишувга асосан ташкил этилган таълим дастурлари бўйича таълим олган битирувчиларига тегишли олий таълим ташкилотларининг Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги дипломи берилади;
ж) Университетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда қабул параметрлари ва талабаларни ўқитиш учун тўлов-контракт суммаси Университет томонидан белгиланади»;
(б) 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 июндаги «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3795-сон қарорининг 5-бандида:
(а) тўртинчи ва олтинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
(б) бешинчи хатбоши тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги «Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожлантиришдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5047-сон қарорининг 5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Университет кўчаси, 7-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлар тегишли ҳудуди билан бирга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига (кейинги ўринларда — Вазирлик) оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин.
Бунда:
Вазирлик, Агентлик, Миллий офис, Жамғарма, Илмий-техник ахборот маркази — ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган манзилдаги бинога;
илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун ташкил этиладиган ташкилотлар ҳамда акселерация натижасига кўра Жамғарма томонидан молиялаштирилган стартап ташкилотларнинг маъмурий бошқаруви органлари кўпи билан бир йил муддатга — Вазирлик биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади».
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5117-сон қарорида:
(а) 5-банднинг «г» кичик банди биринчи хатбошисидаги «Халқ таълими вазирлиги ва Агентлик» сўзлари «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
(б) 6-банднинг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-265-сон қарори билан тасдиқланган 2024 — 2027 йилларда Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети фаолиятини ташкил этиш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича «йўл харитаси»нинг 28-позицияси «Молиялаштириш манбалари» устунидаги «Олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари» сўзлари «Давлат бюджетидан мазкур мақсадларга ажратилган субсидиялар» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 июлдаги ПФ-114-сон Фармонига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майдаги «Андижон давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-265-сон қарори 4-бандининг «г» кичик банди.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 июндаги «Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-275-сон қарори 4-бандининг «в» кичик банди.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 июндаги «Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-290-сон қарорининг 5 ва 6-бандлари.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 23 июлдаги «Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида»ги 211-сон қарори.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги «Олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига қўйилган баҳоларини инобатга олиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 696-сон қарори.
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 январдаги «Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 34-сон қарорининг 6 ва 7-бандлари.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2025 й., 06/25/114/0633-сон)