Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисида 132-сон Конвенция (1970 йилда қайта кўриб чиқилган)1
Халқаро меҳнат ташкилотининг Бош конференцияси, Халқаро меҳнат бюросининг Маъмурий кенгаши томонидан Женевада чақирилган ва 1970 йил 3 июнда унинг эллик тўртинчи сессиясида йиғилган ва сессия кун тартибидаги тўртинчи масала бўлган ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисида айрим таклифларни қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилиб, ушбу таклифлар халқаро конвенция шаклида бўлишини белгилаб, бир минг тўққиз юз етмишинчи йилнинг йигирма тўртинчи июнь ойида Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги конвенция 1970 йилги (қайта кўриб чиқилган) деб номланиши мумкин бўлган қуйидаги Конвенцияни қабул қилади:
1-модда
Ушбу Конвенция қоидалари, агар улар жамоавий келишувлари, арбитраж қарорлари, суд қарорлари ёки алоҳида органлар белгиланган иш ҳақини белгилаш механизмлари ёки миллий шароитларга ва миллий амалиётга мос келадиган бошқа усул билан кучга кирмаса, миллий қонунчилик ҳужжатлари билан кучга киради.
2-модда
1. Конвенция ёлланиб ишлайдиган барча ходимларга нисбатан қўлланилади, денгизчилар бундан мустасно.
2. Зарур бўлганда, агар улар мавжуд бўлса, тегишли иш берувчилар ва ходимларнинг ташкилотлари билан маслаҳатлашгандан сўнг, ушбу Конвенция қўлланиладиган тоифаларини қўллашдан бандлиги билан боғлиқ муҳим характердаги, ижро этиш ёки қонунчилик ёки конституциявий масалалар билан боғлиқ алоҳида муаммолар пайдо бўлган шахсларни чиқариб ташлаш учун ваколатли орган ёки давлатнинг тегишли механизмлари орқали чоралар кўриши мумкин.
3. Мазкур Конвенцияни ратификация қилган ҳар бир аъзоси Халқаро Меҳнат Ташкилоти Уставининг 22-моддасига мувофиқ тақдим этиладиган Конвенцияни қўллаш тўғрисидаги биринчи маърузасида мазкур модданинг 2-бандига мувофиқ чиқариб ташланган ҳар қандай тоифаларни, бундай чиқариб ташлаш сабабларини кўрсатган ҳолда санаб ўтади, кейинги маърузаларида эса чиқариб ташланган тоифаларга нисбатан ўз қонун ҳужжатлари ва амалиёти ҳақида, шунингдек бундай тоифаларга нисбатан Конвенция қандай даражада қўлланилаётганлиги ёки қўллаш кутилаётганлигини баён қилади.
3-модда
1. Мазкур Конвенция қўлланиладиган ҳар бир ходим белгиланган энг кам давомийликда ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга.
2. Мазкур Конвенцияни ратификация қилган ҳар бир аъзо давлат ратификациясига баёнот қилинган ҳужжатда таътилнинг давомийлиги кўрсатилади.
3. Таътил ҳеч қандай ҳолатда бир иш йили учун уч иш ҳафтасидан кам бўлиши мумкин эмас.
4. Конвенцияни ратификация қилган ҳар бир аъзо кейинчалик Халқаро меҳнат бюроси Бош Директорини ратификация вақтида белгиланганидан кўпроқ дам олишни белгилаганлиги тўғрисида кейинги баёнот билан хабардор қилиши мумкин.
4-модда
1. Ҳар қандай йилдаги иш стажи аввалги моддада назарда тутилган тўлиқ ҳуқуқни олиш учун зарур бўлганидан кам бўлган ходимга ўша йилдаги иш стажига мутаносиб равишда ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқи берилади.
2. Ушбу модданинг 1-бандидаги «йил» деганда календарь йилни ёки давлатнинг ваколатли органи томонидан тегишли қоидаларда белгиланадиган бир хил давомийликдаги давр тушунилади.
5-модда
1. Ҳар қандай йиллик ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун энг кам ишлаган даври талаб қилиниши мумкин.
2. Бундай ишлаган даврининг давомийлиги ҳар бир давлатнинг ваколатли органи томонидан тегишли тартиблар орқали белгиланади, лекин олти ойдан ошмаслиги керак.
3. Ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқариш ваколатли орган томонидан тегишли тартиблар орқали белгиланади.
4. Ҳар бир давлатнинг ваколатли органи томонидан белгиланадиган тартибларга мувофиқ, касаллик, бахтсиз ҳодиса ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили каби ёлланиб ишлайдиган ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ишда бўлмаган вақти иш стажига киритилади.
6-модда
1. Расмий ва анъанавий байрамлар, улар ҳар йилги таътил даврига тўғри келиш-келмаслигидан қатъи назар, мазкур Конвенциянинг 3-моддаси 3-бандида назарда тутилган энг кам ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътилнинг бир қисми сифатида ҳисобга олинмайди.
2. Ҳар бир давлатнинг ваколатли органи томонидан белгиланадиган тартибларга мувофиқ, касаллик ёки бахтсиз ҳодиса оқибатида юзага келган меҳнатга қобилиятсизлик даврлари мазкур Конвенциянинг 3-моддаси 3-бандида назарда тутилган энг кам ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътилнинг бир қисми сифатида ҳисобга олинмайди.
7-модда
1. Мазкур Конвенцияда назарда тутилган таътилдан фойдаланувчи ҳар бир ходим ушбу таътилнинг тўлиқ даври учун ҳар бир давлатда ваколатли органи томонидан белгиланадиган тартибларга мувофиқ ҳисобланган, камида ўзининг нормал ёки ўртача иш ҳақини (шу жумладан натура шаклида тўланадиган ҳар қандай қисмининг нақд пулдаги эквивалентини ушбу ходим таътил олган-олмаганидан қатъи назар, амалга ошириладиган доимий тўлов ҳисобланмайдиган ушбу ҳақнинг ҳар қандай қисмини) олади.
2. Мазкур модданинг 1-бандига мувофиқ тўланиши керак бўлган суммалар, агар ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ушбу ходимга таътилгача тўланади.
8-модда
1. Ҳар бир давлатнинг ваколатли органи томонидан тегишли тартиблар орқали ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътилни қисмларга бўлишга рухсат берилиши мумкин.
2. Агар иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, башарти ходимнинг ишлаган даври бунга бўлган таътил олиш ҳуқуқини унга берса, таътилнинг бундай қисмларидан бири ҳеч бўлмаса узлуксиз икки иш ҳафтасидан иборат бўлади.
9-модда
1. Мазкур Конвенциянинг 8-моддаси 2-бандида назарда тутилган ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътилнинг узлуксиз қисми бир йилдан кечиктирмай берилади ва олинади, ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътилнинг қолган қисми эса таътил бериладиган йилнинг охиридан ҳисоблаганда ўн саккиз ойдан кечиктирмай берилади ва фойдаланилади.
2. Ҳар йилги таътилнинг белгиланган энг кам давомийликдан ортиқ бўлган ҳар қандай қисми ходимнинг розилиги билан мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган муддатдан ошадиган, бироқ муайян чегарадан чиқмайдиган даврга кечиктириш мумкин.
3. Мазкур модданинг 2-бандида назарда тутилган таътилнинг энг кам муддати ва кечиктириш мумкин бўлган муддат ваколатли орган томонидан иш берувчилар ва ходимларнинг вакиллик ташкилотлари билан маслаҳатлашгандан сўнг ёки жамоавий музокаралар ўтказиш йўли билан ёки миллий шароитларга ва миллий амалиётга мувофиқ келувчи бошқа шундай усуллар билан белгиланади.
10-модда
1. Таътил бериладиган давр, агар қонунчилик ҳужжатлари, жамоа келишувлари, арбитраж қарори ёки миллий амалиётга мувофиқ келувчи бошқа усуллар билан белгиланмаса, иш берувчи томонидан ходим ёки унинг вакиллари билан маслаҳатлашганидан кейин белгиланади.
2. Таътил берилиши керак бўлган вақтни белгилашда меҳнатга бўлган эҳтиёж, ходимнинг дам олиш имкониятлари ҳисобга олинади.
11-модда
Мазкур Конвенциянинг 5-моддаси 1-бандига кўра талаб этилиши мумкин бўлган энг кам даврини ишлаган ҳар қандай ходим, меҳнат муносабатлари тугатилган тақдирда, меҳнат таътилининг давомийлигига мутаносиб равишда ҳақ тўланадиган таътил берилади ёки унга мутаносиб пуллик компенсация тўланади.
12-модда
Мазкур Конвенциянинг 3-моддаси 3-бандида назарда тутилган энг кам ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқидан воз кечиш тўғрисидаги ёки бундай таътилдан компенсация ёки бошқа тарзда воз кечиш тўғрисидаги ҳар қандай келишув миллий шартларга мувофиқ ҳақиқий эмас деб топилади ёки тақиқланади.
13-модда
Ҳар бир давлатнинг ваколатли органи ёки тегишли органи ходим таътил вақтида ушбу таътилнинг мақсадига тўғри келмайдиган ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланадиган ҳолатларни қамраб оладиган махсус қоидаларни қабул қилиши мумкин.
14-модда
Ушбу Конвенция қоидаларига таъсир қилиш услубига мос келадиган самарали чоралар, ҳақ тўланадиган таътилларга оид қоидаларнинг тўғри қўлланилиши ва бажарилишини таъминлаш учун тегишли текшириш ёки бошқа йўллар билан амалга оширилади.
15-модда
1. Ҳар қандай аъзо ушбу Конвенция мажбуриятларини алоҳида қабул қилиши мумкин:
а) қишлоқ хўжалигидан ташқари иқтисодиёт тармоқларида банд бўлган ходимлар учун;
b) қишлоқ хўжалигида банд бўлган ходимлар учун.
2. Ҳар бир аъзо давлат ратификация қилишда юқоридаги 1-банднинг а) кичик бандида кўрсатилган ходимлар ёки ушбу банднинг b) кичик бандида кўрсатилган ходимлар учун ёки иккаласига нисбатан Конвенция мажбуриятларини қабул қилиш ёки йўқлигини белгилаши керак.
3. Ратификация қилиш чоғида фақат мазкур модданинг 1-банди а) кичик бандида санаб ўтилган ходимларга ёки мазкур модданинг 1-банди b) кичик бандида санаб ўтилган ходимларга нисбатан мазкур Конвенция мажбуриятларини қабул қилган ҳар бир аъзо мазкур Конвенция қўлланиладиган барча ходимларга нисбатан Конвенция мажбуриятларини қабул қилиши ҳақида Халқаро меҳнат бюроси Бош Директорини кейинчалик хабардор қилади.
16-модда
Мазкур Конвенция билан 1936 йилги Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги конвенция, шунингдек 1952 йилги Ҳақ тўланадиган таътиллар (қишлоқ хўжалиги) тўғрисидаги конвенция қуйидаги шартларда қайта кўриб чиқилади:
а) 1936 йилги Ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги конвенция иштирокчиси бўлган аъзо қишлоқ хўжалигидан бошқа иқтисодиёт секторларида ишлайдиган ходимларга нисбатан мазкур Конвенция бўйича мажбуриятларни қабул қилиши ушбу олдинги Конвенция автоматик равишда дарҳол денонсация қилинишига олиб келади;
b) Ҳақ тўланадиган таътиллар (қишлоқ хўжалиги) тўғрисидаги конвенция иштирокчиси бўлган аъзо қишлоқ хўжалигида ишлайдиган ходимларга нисбатан мазкур Конвенция бўйича мажбуриятларни қабул қилиши ушбу олдинги Конвенция автоматик равишда дарҳол денонсация қилинишига олиб келади;
с) мазкур Конвенциянинг кучга кириши Ҳақ тўланадиган таътиллар (қишлоқ хўжалиги) тўғрисидаги конвенциянинг келгусида ратификация қилиш учун ёпилишини англатмайди.
17-модда
Мазкур Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисидаги расмий ҳужжатлар рўйхатдан ўтказиш учун Халқаро меҳнат бюроси Бош Директорига юборилади.
18-модда
1. Мазкур Конвенция фақат ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Бош Директор томонидан рўйхатдан ўтказилган Халқаро Меҳнат Ташкилоти аъзолари учун мажбурийдир.
2. У икки аъзонинг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Бош Директор томонидан рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн икки ой ўтгач кучга киради.
3. Шундан сўнг ушбу Конвенция ҳар қандай аъзо давлат учун унинг ратификация ҳужжатлари рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн икки ой ўтгач кучга киради.
19-модда
1. Мазкур Конвенцияни ратификация қилган аъзо давлат уни биринчи марта кучга кирган кундан бошлаб ўн йил ўтгандан сўнг рўйхатдан ўтказиш учун Халқаро меҳнат бюроси Бош Директорига юборилган ҳужжат билан денонсация қилиши мумкин. Денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжат рўйхатдан ўтказилган санадан кейин бир йил ўтгач, денонсация қилиш кучга киради.
2. Мазкур Конвенцияни ратификация қилган ҳар қандай аъзо олдинги бандда назарда тутилган ўн йиллик давр ўтгач бир йиллик муддат ичида мазкур моддада кўрсатилган ўз денонсация қилиш ҳуқуқидан фойдаланмаса, кейинги ўн йиллик даврда боғланади ва кейинчалик мазкур моддада белгиланган тартибда ҳар ўн йиллик давр ўтгач мазкур Конвенцияни денонсация қилиши мумкин бўлади.
20-модда
1. Халқаро меҳнат бюросининг Бош Директори Халқаро Меҳнат Ташкилотининг барча аъзоларини ташкилот аъзолари томонидан унга юборилган барча ратификация ва денонсация ҳужжатлари рўйхатга олинганлиги тўғрисида хабардор қилади.
2. Ташкилот аъзоларини ўзига юборилган иккинчи ратификация ҳужжати рўйхатга олинганлиги тўғрисида хабардор қилганда, Бош Директор Ташкилот аъзоларининг эътиборини ушбу Конвенция кучга кирадиган санага қаратади.
21-модда
Халқаро меҳнат бюроси Бош Директори олдинги моддалардаги қоидаларга мувофиқ ўзи рўйхатдан ўтказган ратификация қилиш тўғрисидаги барча ҳужжатлар ва денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича тўлиқ маълумотларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг 102-моддасига мувофиқ рўйхатдан ўтказиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Котибига юборади.
22-модда
Халқаро меҳнат бюросининг Маъмурий кенгаши зарур деб топса, у Бош конференцияга ушбу Конвенцияни қўллаш тўғрисида маърузани тақдим этади ва Конференция кун тартибига уни тўлиқ ёки қисман қайта кўриб чиқиш масаласини киритиш мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқади.
23-модда
1. Агар Конференция ушбу Конвенцияни тўлиқ ёки қисман қайта кўриб чиқадиган янги конвенцияни қабул қилса ва агар янги конвенцияда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, у ҳолда:
а) қайсидир аъзо томонидан қайта кўриб чиқиладиган янги Конвенцияни ратификация қилиш, 19-модданинг қоидаларидан қатъи назар, янги қайта кўриб чиқиладиган конвенция кучга кирган тақдирда, ушбу Конвенцияни дарҳол денонсация қилишга олиб келади;
b) янги қайта кўриб чиқилган конвенция кучга кирган кундан бошлаб ушбу Конвенция Ташкилот аъзолари томонидан ратификация қилиш учун ёпилади.
2. Ушбу Конвенция ҳар қандай ҳолатда ҳам уни ратификация қилган, лекин қайта кўриб чиқилаётган Конвенцияни ратификация қилмаган Ташкилотнинг аъзолари учун шаклан ва мазмунан кучда қолади.
24-модда
Мазкур Конвенциянинг инглиз ва француз тилларидаги матни бир хил кучга эга.
(имзолар)