Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида
Шартнома
Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 4567-AZ-2024-D тартиб рақами билан рўйхатга олинди.]
Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
1996 йил 27 майдаги Озарбайжон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартнома, 1997 йил 18 июндаги Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини янада ривожлантириш тўғрисидаги Декларация, 2004 йил 23 мартдаги Озарбайжон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчиликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги Декларация, 2022 йил 21 июндаги Озарбайжон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги Декларация ва 2023 йил 22 августдаги Озарбайжон Республикаси билан Ўзбекистон Республикасининг Олий давлатлараро кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги Шартноманинг озарбайжон-ўзбек муносабатларидаги муҳим аҳамиятини эътироф этган ҳолда,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг мақсадлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига содиқ эканликларини тасдиқлаб,
дўстлик, биродарлик ва ўзаро ҳурматнинг бузилмас принципларига асосланган икки мамлакат халқларининг кўп асрлик тарихий, маънавий ва маданий муштараклигидан келиб чиқиб,
ўз қонунчилигининг қоидаларига асосланиб,
бир-бирларининг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва халқаро тан олинган чегараларининг бузилмаслигини қатъий қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқлаб,
икки томонлама муносабатларни сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, мудофаа, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларида янада комплекс ривожлантириш истагида,
давлатлараро мулоқотда эришилган юқори даража, шунингдек, кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришда кузатилаётган ижобий динамикани қайд этиб,
умумий манфаатни назарда тутадиган минтақавий ва халқаро стратегик масалаларда ўзаро мувофиқлаштирилган фаолиятнинг зарурлигини ифода этиб,
икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда уни Томонлар миллий манфаатларига тўлиқ равишда мувофиқ келадиган иттифоқчилик хусусиятига эга янги кўп қиррали мазмун билан тўлдириш истагини билдириб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Шартномага мувофиқ Томонлар узоқ муддатли асосда иттифоқчилик муносабатларини ўрнатадилар ва ривожлантирадилар.
Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ҳар томонлама ҳамкорлик, ишонч, тенглик ва миллий манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш, Томонларнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва халқаро тан олинган чегараларининг бузилмаслигини ҳурмат қилиш, шунингдек, ўзаро мажбуриятларни виждонан бажариш асосида ўрнатилади.
2-модда
Томонлар биродарлик, иттифоқчилик ва стратегик шериклик руҳида озарбайжон-ўзбек кўп қиррали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида давлатлар раҳбарлари тарафидан бошқариладиган, 2023 йил 22 августдаги Низомига мувофиқ иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилайдиган ва Томонларнинг умумий манфаатлари билан боғлиқ бўлган энг муҳим масалаларни кўриб чиқадиган Олий давлатлараро кенгашни таъсис этдилар.
3-модда
Томонлар бир-бирларига қарши қаратилган ҳеч қандай блоклар ёки иттифоқларда қатнашмаслик мажбуриятини тасдиқлайдилар, шунингдек, Томонлардан бирининг фикри бўйича икки давлатнинг стратегик шериклиги ва иттифоқчилик муносабатларига зарар етказадиган ҳар қандай ҳаракатларда иштирок этишдан сақланадилар.
Ҳеч бир Томон ўз ҳудуди, манбалари, коммуникация тизимлари ва бошқа инфратузилмалари бошқа Томонга қарши тажовуз ёки бошқа душманона ҳаракатларни тайёрлаш ёхуд амалга ошириш мақсадида, шунингдек, бошқа Томоннинг давлат суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зарар етказишда фойдаланилишига рухсат бермайди.
Ушбу мақсадларда Томонлар ташқи ишлар вазирликлари йўналишида маслаҳатлашувларнинг доимий амал қилувчи механизмини ташкил этадилар.
4-модда
Томонлардан бирининг фикрига кўра, учинчи давлатлар тарафидан қуролли ҳужум хавфини туғдирувчи вазият юзага келган ҳолда, Томонлар бир-бирлари билан ҳам икки томонлама асосда, ҳам улар иштирокчи бўлган халқаро ташкилотлар доирасида уни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашувчи чораларни кўриш мақсадида зудлик билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказадилар ҳамда мавжуд халқаро-ҳуқуқий мажбуриятлар ва ўз қонунчиликлари қоидаларини ҳисобга олган ҳолда бир-бирларига зарурий ёрдамни кўрсатадилар.
5-модда
Томонлар ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар ташқи сиёсатни мувофиқлаштириш манфаатларини назарда тутиб, биринчи навбатда, олий ва юқори даражаларда, жумладан, икки давлат хавфсизлик кенгаши котиблари ва ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги мунтазам учрашувлар механизмидан фойдаланадилар ва такомиллаштирадилар.
Томонлар манфаатларига дахлдор миллий мудофаа, минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалаларини муҳокама этиш мақсадида Томонлар хавфсизлик кенгашлари йиғилишларини доимий тарзда ўтказадилар.
Томонлар икки давлат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий-техникавий соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини, шу жумладан, шахсий таркиб алмашинуви, қўшма машғулот ва ўқувларни ўтказиш, икки мамлакат қуролли кучлари ҳамкорлиги салоҳиятини ошириш ҳамда ушбу мақсадда ваколатли тузилмалар ва муассасаларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини таъминлаш орқали мустаҳкамлайдилар.
6-модда
Томонлар озарбайжон-ўзбек кўп қиррали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида «парламент дипломатияси»ни, икки давлат парламентларининг дўстлик гуруҳлари йўналишида, шунингдек, халқаро парламентлараро ташкилотлар доирасида яқиндан ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
7-модда
Томонлар иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма корхоналар ташкил этиш орқали ўзаро иқтисодий кооперацияни чуқурлаштириш учун шарт-шароит яратадилар, шунингдек, саноат, транспорт ва логистика, энергетика каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
Томонлар давлатлар ўртасидаги товар айирбошлашни, жумладан, зарур шарт-шароитларни яратиш ва банклараро ҳамкорликни ривожлантириш орқали мустаҳкамлайдилар ва юксалтирадилар.
Томонлар, «яшил» ва рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон савдо, ахборот-коммуникациявий ва космик технологиялар, IT-хавфсизлик ва сунъий интеллект соҳасида яқиндан ҳамкорликни ривожлантиришда давом этадилар.
8-модда
Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, икки давлатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшувчи миллий иқтисодиётларнинг энергия самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида энергетика соҳасида, жумладан, нефть-газ, электроэнергетика соҳалари тармоқларида, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли муносабатлар асосида ҳамкорликни давом эттирадилар.
9-модда
Томонлар инвестиция фаолияти, ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратадилар, бирлашмаларнинг турли ташкилий-ҳуқуқий шакллари ҳамда юридик шахслар ва иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа субъектлари ўртасидаги бевосита алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
10-модда
Томонлар ўзлари иштирокчи бўлган икки томонлама ва кўп томонлама халқаро шартномаларга мувофиқ ҳаракат қилган ҳолда, экологик хавфсизликни таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қиладилар, экологик офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар.
Томонлар ўз ҳудудларида аҳоли ҳаёти ва ҳудудларга хавф туғдирувчи табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф қилишда ўзаро ёрдам кўрсатадилар.
11-модда
Томонлар ўзлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ агросаноат мажмуи самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш, шунингдек, ўз ҳудудларида қулай шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, Томонлардан бирининг ҳудудидан ўтувчи қишлоқ хўжалиги товарларини транзит ташиш учун тартиб-қоидаларни соддалаштириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қиладилар.
12-модда
Томонлар қулай ва ўзаро манфаатли юкларни ташиш ҳамда йўловчиларни мақбул ва ўзаро манфаатли ташишни таъминлаш, шунингдек, транспорт коридорларининг транзит салоҳиятини оширишга қаратилган ўзаро боғлиқ транспорт тизимини янада ривожлантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратадилар.
Томонлар халқаро автомобиль қатновлари соҳасида яқиндан ҳамкорлик қиладилар, миллий автоташувчилар, икки мамлакат бозорларига маҳсулотларни ўз вақтида етказиб беришни таъминловчи транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, «Яшил коридор» ва «Соддалаштирилган божхона коридори» механизмларининг фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтириш учун мақбул шароитларни яратадилар.
13-модда
Томонлар икки мамлакат халқларининг маънавий-маърифий ва маданий яқинлигини сақлашга, илм-фан, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, маданий мерос, туризм соҳасида ўзаро алоқаларни чуқурлаштиришга ҳар тарафлама кўмаклашадилар.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган этник озарбайжонлар ва Озарбайжон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган этник ўзбеклар учун ўз она тили, маданияти, анъана ва қадриятларини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш йўлида қулай шарт-шароитларни яратадилар.
Томонлар ижодий уюшмалар ва бирлашмалар, маданият, адабиёт, фан, таълим ва санъат арбоблари ўртасида тарихий шаклланган муносабатлар ва алоқалар асосида умумий маданий-гуманитар маконни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун шарт-шароитларни таъминлайдилар.
14-модда
Томонлар турли мамлакатларда яшайдиган озарбайжон ва ўзбек диаспоралари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва улар юзма-юз келаётган умумий муаммоларни ҳал этиш бўйича биргаликдаги чораларни кўриш мақсадида ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштирадилар.
15-модда
Ҳар бир Томон ўз ҳудудида бошқа Томоннинг юридик ва жисмоний шахсларининг мулк ҳуқуқи ва мулки ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
16-модда
Томонлар икки мамлакат халқининг дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда, ҳудудларининг алоқаларини янада яқинлаштиришда ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
17-модда
Томонлар можароларнинг олдини олиш ва тартибга солиш ҳамда хавфсизлик ва барқарорликнинг минтақавий ва глобал муаммоларини ҳал этишдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ролини янада мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини тасдиқлайдилар.
18-модда
Томонлар асосий халқаро муаммолар ва ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича позицияларни аниқлашда тегишли маслаҳатлашувлар ўтказган ҳолда ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда форумлар доирасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга бўлган ўзаро интилишларини таъкидлайдилар.
19-модда
Томонлар ўзларининг қонунчиликлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқ хавфсизликнинг янги хавф-хатарлари ва таҳдидларига, жумладан, халқаро терроризм, экстремизм, сепаратизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, даромадларни легаллаштириш, кибержиноятчилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, қурол, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний муомаласига қарши курашишда ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирадилар ва бирлаштирадилар.
20-модда
Мазкур Шартнома учинчи давлатларга қарши қаратилмаган ва Томонлар иштирокчи ҳисобланган икки ва кўп томонлама халқаро шартномалардан келиб чиқадиган уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
21-модда
Томонлар мазкур Шартнома қоидаларини амалга ошириш мақсадида, зарур ҳолларда, ўзаро қизиқиш уйғотадиган аниқ ҳамкорлик соҳаларида алоҳида халқаро шартномалар тузадилар.
22-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра мазкур Шартномага унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ҳамда мазкур Шартноманинг 24-моддасида назарда тутилган тартибда кучга кирадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
23-модда
Мазкур Шартномани амалга оширишда юзага келадиган келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
24-модда
Мазкур Шартнома ратификация қилинади ва Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Шартнома номуайян муддатга тузилади.
Мазкур Шартнома Томонлардан бири унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томоннинг ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб ўн икки ой ўтгунга қадар ўз кучида қолади.
Тошкент шаҳрида, 2024 йил 23 августда, икки асл нусхада, ҳар бири озарбайжон, ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Шартнома қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда, рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)