ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ АКТИВЛАРИНИ БОШҚАРИШ АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (3-сон РХМС) «Кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил қилиш»га ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 9 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2652-4]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 апрелдаги ПҚ-142-сон «Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализациясини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2014 йил 31 декабрдаги 01/27-26/30-сон қарори (рўйхат рақами 2652, 2015 йил 3 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 5-сон, 60-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (3-сон РХМС) «Кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил қилиш»га иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор А. ОРТИКОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 май,
01/14-11/39-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 26 майдаги 01/14-11/39-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (3-сон РХМС) «Кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил қилиш»га киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 1-банднинг ўн биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«савдолар ташкилотчиси — кўчмас мулк объектининг мулкдори ёки кўчмас мулк объектига доир мулкий ҳуқуқнинг эгаси билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган риэлторлик хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқлар билан савдоларни ташкил қилишни амалга оширадиган риэлторлик ташкилоти;».
2. 4-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларнинг кўчмас мулкларини реализация қилиш «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион йўли билан амалга оширилади, бундан аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотиш, шу жумладан, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш, лизинг шартномалари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиш мустасно.».
3. 56-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Қонунда белгиланган қоидалар бузиб ўтказилган аукцион ёки танлов манфаатдор шахс талаби билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Аукцион ёки танловни ҳақиқий эмас деб топиш аукцион ёки танловда ғолиб чиққан шахс билан тузилган шартноманинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.06.2025 й., 10/25/2652-4/0501-сон)