Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализациясини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Муддати ўтган қарздорликни ундириш механизмларини такомиллаштириш ва банк балансидаги ҳаракатсиз мол-мулкларни сотиш имкониятларини ошириш орқали банкларни молиявий соғломлаштириш ҳамда қайтган молиявий ресурс ҳисобидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиялаштиришни кенгайтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад этиб банклар балансидаги ҳаракатсиз мол-мулклар улушини камайтириш, жумладан, 2025-2026 йилларда камида 4 триллион сўмлик ушбу турдаги мол-мулкларни сотиш белгилансин.
II. Қарздорлик ҳисобига банк балансига олинган мол-мулкларни сотишни жадаллаштириш
2. 2025 йил 1 майдан бошлаб устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган банкларга (кейинги ўринларда — давлат иштирокидаги банклар) ва улар ҳузуридаги инвестиция компанияларига аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга, шу жумладан, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш, лизинг шартномалари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа битимлар орқали сотишга рухсат этилсин.
3. Тижорат банкларига қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига қабул қилинган бино-иншоотлар, технологик ускуналар ва бошқа мол-мулклар негизида тижорат банклари ҳузуридаги инвестиция компаниялари орқали тўхтаб қолган ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) фаолиятини тиклаб, уларни тайёр бизнес сифатида салоҳиятли инвесторларга сотиш ҳуқуқи берилсин.
III. Қарздорликларни сўндириш жараёнини тезлаштириш
4. Марказий банк ва Олий суднинг 2025 йил 1 сентябрдан даъво аризаси бўйича ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш учун даъвонинг максимал баҳосини юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан юз бараваригача, жисмоний шахсларга нисбатан эллик бараваригача ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
5. Бош прокуратура Марказий банк ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мажбурий ижро жараёнида аукционда сотилмаган мол-мулкларни ундирувчига беришнинг қуйидаги тартибини назарда тутувчи қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин:
(а) мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи идоралар томонидан мол-мулкларга нисбатан қўйилган барча тақиқларни давлат ижрочисининг қарори асосида ечиш;
(б) давлат ижрочисининг қарори унда кўрсатилган шахсга мол-мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) учун асос бўлиб ҳисобланиши;
(в) мол-мулк бўйича мавжуд мажбуриятлар унинг собиқ эгаси — қарздор зиммасида қолиши, мазкур мажбуриятларни бажаришни ундирувчи ихтиёрий равишда ўз зиммасига олган ҳолатлар бундан мустасно.
6. Олий суд, Марказий банк ва Мажбурий ижро бюроси уч ой муддатда тегишлилиги бўйича Олий суд, Мажбурий ижро бюроси, банклар ва бошқа молия ташкилотлари ўртасида суддаги ишлар ва ижро ҳужжатлари бўйича ўрнатилган тартибда ахборот алмашинувини йўлга қўйсин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Марказий банк манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Марказий банк раиси Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 15 апрель,
ПҚ-142-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 апрелдаги ПҚ-142-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4231-сон қарорида:
(а) 1-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги чора-тадбирлар ижросини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) 1-иловага мувофиқ»;
(б) қуйидаги мазмундаги 62-банд билан тўлдирилсин:
«62. Республика комиссиясига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредит ажратишнинг миқдорлари ва шартларига ўзгартириш киритиш ваколати берилсин»;
(в) 1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги чора-тадбирлар ижросини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси
ТАРКИБИ
ТАРКИБИ
Ж.А. Қўчқоров | — | Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири, Республика комиссияси раиси |
Т.А. Ишметов | — | Марказий банк раиси |
Б.Э. Захидов | — | камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири |
И.И. Норқулов | — | иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари |
А.А. Камалов | — | Марказий банк раиси ўринбосари |
Лавозими бўйича | — | лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этувчи тижорат банклари раҳбарлари |
Изоҳ: Республика комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 мартдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5041-сон қарорининг 3-бандида:
(а) бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
(б) олтинчи хатбоши бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
(в) бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш масъулияти тижорат банклари билан бирга мос равишда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимлари, туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилади».
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июлдаги «Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5197-сон қарори 3-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда — давлат иштирокидаги корхоналар) улушлари, кўчмас мулклари, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситаларини реализация қилиш, бундан аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотиш, шу жумладан, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш, лизинг шартномалари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиш мустасно».
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-55-сон қарорида:
(а) 1-банднинг «в» кичик банди «қарз олувчига берадиган тавсияси асосида» сўзларидан кейин «шунингдек, маҳсулот етказиб берилганлиги (хизмат кўрсатилганлиги) маҳалла банкири томонидан тасдиқлангандан сўнг» сўзлари билан тўлдирилсин;
(б) 2-банднинг ўн биринчи хатбошисидаги «сектор раҳбарлари ва» сўзлари чиқариб ташлансин;
(в) 5-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга кредит ажратилиши уларни ушбу дафтарлардан чиқариш учун асос ҳисобланмайди ва фуқаролар мазкур дафтарлардан амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ чиқарилади»;
(г) 11-банднинг иккинчи хатбошисидаги «ҳамда сектор раҳбарлари» сўзлари чиқариб ташлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги «Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-306-сон қарорининг 10-бандидаги «Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада» сўзлари «17,5 фоиз ставкада» сўзлари билан алмаштирилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 апрелдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштиришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-149-сон қарорининг 2-бандида:
(а) саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«аҳоли томорқасида бизнесни йўлга қўйиш учун ўзларининг ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик қилишни истаган Камбағал оилалар реестри ва Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга иссиқхона қуриш, чорва моллари боқиш, паррандачилик, қуёнчилик, томорқага мавсумий экинлар экиш учун кредитлар нақд пулда берилиши мумкин»;
(б) тўққизинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 373-сон қарорида:
4-банддаги «сектор раҳбарлари билан биргаликда» сўзлари чиқариб ташлансин;
илованинг 47-банди олтинчи хатбошисидаги «сектор раҳбарлари ва» сўзлари чиқариб ташлансин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 28-банди қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка суддан ташқари тартибда қаратилганда мазкур мол-мулкни сотиш бўйича аукцион қадами ушбу Низомнинг 55-бандида назарда тутилган тартибда белгиланади».
Изоҳ: ушбу илованинг 3-банди 2025 йил 1 майдан бошлаб кучга киради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2025 й., 07/25/142/0350-сон)