Ўзбекистон Республикаси билан Португалия Республикаси ўртасида
Битим
Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат реестрида 2024 йил 3 октябрда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4574-PT-2024-D]
Ўзбекистон Республикаси ва Португалия Республикаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда иқтисодий ҳамкорликнинг муҳимлигини англаган ҳолда;
Тенглик, ўзаролик ва манфаатдорлик тамойилларига асосланган иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва фаоллаштириш истагида;
Томонларнинг ички қонунчилиги ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган тамойиллари ва қоидаларига амал қилган ҳолда,
Қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мақсад
Мақсад
Томонлар ўзларининг тегишли ички қонунчилиги ва қўлланиладиган халқаро ҳуқуқ доирасида иқтисодий ривожланишга тааллуқли барча соҳаларда, шу жумладан, туризм, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, атроф-муҳит, транспорт ва инфратузилма, саноат, ахборот ва коммуникация технологиялари, фан ва технология ҳамда бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва диверсификация қилишни рағбатлантирадилар.
2-модда
Ҳамкорлик механизмлари
Ҳамкорлик механизмлари
Томонлар ўз ҳамкорликларини тегишли воситалар орқали қуйидаги тарзда кенгайтириш ва фаоллаштиришга интиладилар:
a) Икки давлат фуқаролари ва ташкилотлари, давлат идоралари, тадбиркорлик бирлашмалари, савдо палаталари ўртасида алоқаларни ривожлантириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли иқтисодий ахборот алмашинувини ривожлантириш;
b) Ҳамкорликнинг аниқ имкониятлари тўғрисида бизнес маълумотларини алмашиш, иккала давлатнинг бизнес ҳамжамияти делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, уларнинг савдо ярмарка ва кўргазмаларида иштирокини рағбатлантириш, бизнес тадбирлар, семинарлар, симпозиумлар ва конференциялар ташкил этиш;
c) Икки томонлама иқтисодий алоқаларда кичик ва ўрта хусусий корхоналарнинг кучлироқ иштирокини рағбатлантириш;
d) Ўзаро манфаатли соҳаларда, шу жумладан, технология ва инновация соҳаларида экспертиза билимлари билан таъминлашда ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш;
e) Инвестиция фаолиятини, қўшма корхоналар ва компанияларнинг филиалларини ташкил этиш ҳамда Томонлар тарафидан келишилган бошқа ҳамкорлик шаклларини қўллаб-қувватлаш;
f) Учинчи мамлакат бозорларида ҳамкорлик қилиш;
g) Томонлар тарафидан келишилиши мумкин бўлган бошқа ҳамкорлик соҳалари.
3-модда
Интеллектуал мулк
Интеллектуал мулк
Иккала Томон ўзларининг ички қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига мувофиқ интеллектуал мулк ҳуқуқларининг, шу жумладан, географик кўрсаткичларга бўлган ҳуқуқларнинг ҳимоясини таъминлайдилар ва мустаҳкамлайдилар.
4-модда
Харажатлар
Харажатлар
Ҳар бир Томон, башарти бошқача келишилмаган бўлса, ушбу Битим доирасида фаолиятларда ўзларининг иштироки учун сарф-харажатларни ўз зиммасига олади.
5-модда
Қўшма комиссия
Қўшма комиссия
1. Мазкур Битимнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, Томонлар икки томонлама иқтисодий алоқалар учун жавобгар бўлган иккала давлат ҳукумат вакилларидан иборат Қўшма комиссияни тузадилар.
2. Қўшма комиссия ҳар бир Томоннинг сўровига биноан, ўзаро келишув асосида, йиғилиш санаси ва жойи дипломатик каналлар орқали келишилган ҳолда, навбатма-навбат Ўзбекистон Республикаси ва Португалия Республикасида учрашади.
3. Қўшма комиссиянинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
a) Мазкур Битимнинг амалга оширилишини назорат қилиш;
b) Томонлар икки давлат ўртасидаги икки томонлама иқтисодий алоқаларни ошириш ва диверсификация қилиш имкониятларини кўриб чиқиш.
6-модда
Бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Мазкур Битим қоидалари иккала Томон учун бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган, мажбурий бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди.
7-модда
Низоларни ҳал қилиш
Низоларни ҳал қилиш
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
8-модда
Ўзгартириш
Ўзгартириш
1. Мазкур Битимга Томонлардан бирининг сўровига мувофиқ, Томонлар ўртасидаги ўзаро розилик асосида ёзма равишда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
2. Ўзгартиришлар мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар орқали расмийлаштирилади ҳамда ушбу Битимнинг 10-моддасига мувофиқ кучга киради.
9-модда
Муддат ва тугатилиши
Муддат ва тугатилиши
1. Мазкур Битим беш (5) йил муддатда амалда бўлади ва башарти ҳар қайси Томон мазкур Битимни тугатиш нияти тўғрисида ушбу тугатилишдан олти (6) ой олдин ёзма равишда ва дипломатик каналлар орқали хабардор қилмаса, ўз-ўзидан кейинги беш (5) йил муддатга узайтирилади.
2. Мазкур Битимнинг тугатилиши ушбу Битим доирасида амалга оширилган лойиҳалар ёки тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳар қандай аниқ келишувларнинг, ушбу келишувлар бажарилгунга қадар, амал қилиши ёки муддатига дахл қилмайди.
10-модда
Кучга кириши
Кучга кириши
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички ҳуқуқий процедураларини бажарганликлари ҳақида сўнгги хабарнома дипломатик каналлар орқали қабул қилингандан бошлаб 30-(ўттизинчи) кунда кучга киради.
11-модда
Рўйхатга олиш
Рўйхатга олиш
Мазкур Битим кучга киргандан сўнг, у қайси Томоннинг ҳудудида имзоланган бўлса, ушбу Томон Битимни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Котибиятига мазкур Ташкилот Низомининг 102-моддасига мувофиқ рўйхатга олиш учун тақдим этади ҳамда бошқа Томон ушбу процедуранинг тугалланиши ва рўйхатга олиш рақами ҳақида хабардор қилади.
Нью-Йорк шаҳрида, 2024 йил 23 сентябрда икки асл нусхада ўзбек, португал ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)