Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найрангни олдини олиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 27 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3625]
1. Қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найрангни олдини олиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ 2025 йил 1 июлдан бошлаб кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2025 йил 15 май,
2-сон
Келишилди:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 3 май
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 23 апрель
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 15 майдаги 2-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найрангни олдини олиш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найрангни олдини олиш ва унга йўл қўймаслик тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари — қимматли қоғозларнинг эмитентлари, қимматли қоғозларнинг эгалари, инвесторлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, шунингдек биржалар ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси;
қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси (бундан буён матнда иштирокчи деб юритилади) — қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;
қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг мижози (бундан буён матнда мижоз деб юритилади) — депонент ёки қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг хизматларидан фойдаланувчи бошқа шахс;
қимматли қоғозларга доир битимлар — қимматли қоғозларнинг олди-сотдиси, ҳадяси, мероси, устав фондига киритилиши ва қимматли қоғозлар эгасининг алмашувига олиб келадиган бошқа ҳаракатлар, шунингдек қимматли қоғозлар гарови;
қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг қилиш — била туриб ёлғон маълумотларни қасддан тарқатиш, тарафларнинг мажбуриятлари бир шахс ҳисобидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб бажариладиган қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш, шунингдек қимматли қоғознинг нархи хусусида чалғитиш мақсадида бошқа ҳаракат содир этиш ва буларнинг натижасида қимматли қоғозлар нархининг, уларга бўлган талабнинг, таклифнинг ёки қимматли қоғозлар савдоси ҳажмининг бундай ҳаракатларсиз шаклланадиган даражадан ўзгариши ёки бундай ҳаракатларсиз шаклланадиган даражадан фарқ қиладиган даражада ушлаб турилиши қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш;
ҳийла-найранглар объекти — муайян олди-сотди битимининг ва/ёки қимматли қоғозлар билан тузилган бир қатор битимларнинг нархи ёки ҳажми, қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг мулкий манфаатлари;
топшириқ — мижоз томонидан иштирокчига қимматли қоғозларга доир олди-сотди операцияларни амалга ошириш учун бериладиган қоғоз ёки электрон ҳужжат шаклидаги ҳужжат;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги.
2-боб. Қимматли қоғозларга доир битимлар тузишда иштирокчилар ва унинг ходимларига қўйиладиган талаблар
2. Мижозларнинг топшириғига кўра қимматли қоғозларга доир битимларни амалга оширувчи иштирокчи:
мижознинг битим бўйича тўловни оширишга имкони бўлмаса, қимматли қоғозни сотиб олишга доир топшириқномани қабул қилишни рад қилиши;
мижоз қимматли қоғозларга нисбатан мулк ҳуқуқига эга эмаслиги ёки улар бўйича бошқа мажбуриятлар (гаров, хатлаш ва ҳоказо) юклатилганлиги ва битим тузилганидан кейин уларни харидорнинг тасарруфига ўз вақтида тақдим эта олмаслиги маълум бўлса, қимматли қоғозларни сотиш тўғрисидаги топшириқномани қабул қилмаслиги;
қонунчилик ҳужжатларида ва олди-сотди шартномасида белгиланган муддатларда қимматли қоғозларни рўйхатга қўйиш ёки сотиб олинган қимматли қоғозлар ҳақини тўлаш бўйича мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган хатарлар тўғрисида мижозни огоҳлантириши;
шартномада белгиланган муддатда мижозни битим тузилганлиги факти ва унинг натижалари тўғрисида ёки қимматли қоғозларга доир битим тузилмаганлигининг сабаблари ҳақида хабардор қилиши;
мижоз томонидан берилган қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ёки активларни бошқариш тўғрисидаги ишончномада кўрсатилган ваколатлар доирасида қатъий ҳаракат қилиши ҳамда ишончномада мижоз ва иштирокчининг ўзаро муносабатларининг барча шартлари белгиланишини таъминлаши;
мижоз топшириғининг бажарилиши нархларни ҳийла-найранг қилиш ҳолатига олиб келишини билса, уни бажаришга қабул қилмаслиги;
мижоз томонидан репо битими бўйича мажбуриятлар қасддан бажарилмаганлиги ёки ўз вақтида бажарилмаганлиги ҳолатлари тўғрисида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини икки иш куни ичида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
3. Иштирокчи мижоз билан шартнома тузишда унда қуйидаги мажбурий шартлар ва маълумотларни назарда тутиши лозим:
қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун олинган лицензиянинг рақами, унинг санаси ҳамда иштирокчининг малакаси;
иштирокчи шуғулланиши мумкин бўлган фаолият тури(лар);
мижознинг воситачилик ҳақи бўйича харажатлари, маслаҳат хизматлари учун тўловлар, қимматли қоғозлар бозорида битимларни амалга ошириш ва битимлар билан боғлиқ бошқа хизматлар кўрсатиш учун йиғимлар ва тўловлар бўйича мажбуриятлари ва миқдорлари.
Шартномага мижоз томонидан иштирокчига қимматли қоғозларни сотиш ва сотиб олиш бўйича бериладиган топшириқнинг шакли илова қилинади.
4. Иштирокчилар мижозлар номидан битимларни қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ фақат уларнинг топшириғи асосида тузади.
5. Мижознинг топшириғида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:
топшириқ тури (қимматли қоғозларни сотиш ёки сотиб олиш);
эмитентнинг номи;
қимматли қоғозларнинг тури, сони ва тузиладиган битимнинг умумий қиймати;
қимматли қоғозларга ҳақ тўлаш муддати ва усули;
топшириқнинг амал қилиш муддати.
6. Иштирокчилар ўз мижозларининг биринчи талабига кўра уларнинг топшириқлари бўйича тузилган қимматли қоғозлар олди-сотди шартномаларининг нусхаларини тақдим этишлари ва тузилган битимларнинг шартлари тўғрисида, шунингдек қуйидаги маълумотларни беришлари шарт:
сотиб олинган ёки сотилган қимматли қоғозларнинг тўлиқ номи ва уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилган рақами;
сотиб олинган ёки сотилган қимматли қоғозлар сони ва уларнинг номинал қиймати;
муайян битимни тузишда воситачилик (брокерлик) ҳақининг, маслаҳат хизматлари учун тўловнинг ҳамда бошқа хизматлар кўрсатганлик учун бошқа йиғимлар ва тўловларнинг амалдаги суммаси;
битим нархи;
битимни амалга ошириш муносабати билан тўланган солиқлар ва бошқа тўловлар суммаси;
битим тузиш шартлари билан боғлиқ ҳар қандай бошқа ахборотлар.
7. Иштирокчилар қимматли қоғозлар билан амалга ошириладиган операцияларни ўз ходимларининг кучи билан бажарилишини, расмийлаштирилишини ва ҳисобга олинишини таъминлашлари шарт.
8. Зиммасига қимматли қоғозлар бозорида операцияларни амалга ошириш билан бевосита боғлиқ бўлган вазифаларни бажариш юклатилган раҳбарлар ва мутахассислар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган малака талабларига жавоб бериши керак.
9. Иштирокчиларнинг қимматли қоғозларга доир операцияларни амалга оширувчи ходимларининг лавозим йўриқномасида ходимларнинг қуйидаги мажбуриятлари кўрсатилиши лозим:
ўзи манфаатдор шахс сифатида тан олиниши мумкин бўлган ёки иштирокчи мижозларининг ёхуд иштирокчининг манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай битимларни тузишдан тийилиши;
раҳбарига ўзи манфаатдор шахс сифатида тан олиниши мумкин бўлган тузилган ёки режалаштирилаётган битимларга тааллуқли ахборотни етказиши;
қонунчилик ҳужжатлари талабларига, шунингдек иштирокчининг махфий тижорат, молиявий ва бошқа ошкор этилмаган маълумотлардан фойдаланишни ва (ёки) узатишни чекловчи ички қоидаларига риоя қилиши (махфий молиявий маълумотларга у ёки бу иштирокчининг аниқ фонд активлари бўйича позицияси, иштирокчининг ўзи томонидан ошкор этилмаган, тарқатилиши қимматли қоғозларнинг бозор нархига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар қандай маълумот, шунингдек иштирокчи, унинг контрагентлари, инвесторлар (мижозлар) томонидан муҳим деб ҳисобланган бошқа маълумотлар киради).
3-боб. Қимматли қоғозлар бозорида тақиқланган ҳаракатлар
10. Иштирокчиларга ёлғон (чалғитувчи) вазиятлар яратиш, шу жумладан қуйидагилар:
мулкдорнинг ўзгаришига олиб келмайдиган битимни амалга ошириш;
мижоз томонидан бир вақтнинг ўзида иштирокчига ҳамда бошқа иштирокчиларга ўзи ёки бошқа шахслар фойдасига қимматли қоғозларга доир битим тузиш учун айнан бир хил топшириқлар берилганлиги маълум бўлса, битимни тузиш ёки уни тузишга тайёргарлик кўриш;
репо битими бўйича ўз мажбуриятларининг бажарилмаслигига ёхуд ўз вақтида бажарилмаслигига кўмаклашиш;
ёлғон ёки бошқа бозор иштирокчиларини чалғитадиган ҳар қандай маълумотларни бериш ва тарқатиш;
учинчи шахсларни қимматли қоғозларни манипуляторлар учун қулай нархда сотиб олишга (сотишга) ундаш мақсадида қимматли қоғозлар нархларини сунъий равишда оширишга/пасайтиришга, сохта ёки чалғитувчи фаол савдо таассуротини уйғотишга қаратилган ҳаракатларни содир этиш тақиқланади.
11. Иштирокчи (иштирокчилар гуруҳи) ва (ёки) уларнинг мижозлари бозорнинг бошқа иштирокчиларини чалғитиш мақсадида ўзаро келишув асосида муайян турдаги қимматли қоғозларнинг олди-сотди битимини (битимларини) тузишга (масалан, фаол савдо ёки қимматли қоғозлар қийматининг асоссиз ўзгариши ҳолатини яратишга) ҳақли эмас.
4-боб. Иштирокчиларнинг қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатилишининг олдини олишга доир мажбуриятлари
12. Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва бошқа иштирокчилар ҳийла-найранг аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини битим рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан уч кун ичида хабардор қилиши шарт.
13. «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» АЖ ва бошқа депозитарийлар депо ҳисобварақлари бўйича ўтказмани амалга оширишда тузилган битим бўйича ҳийла-найранг аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда депо ҳисобварақлари бўйича ўтказмалар амалга оширилган пайтдан эътиборан уч кун ичида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
14. Қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчилари иштирокчилар ва уларнинг мижозларидан улар ўртасида тузилган шартнома шартлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этишни талаб қилишга ҳақли эмас.
Қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг арбитраж комиссиялари фақат биржа битими иштирокчиларидан бирининг мазкур битим бўйича юзага келган низони кўриб чиқишни сўраб берган расмий аризаси мавжуд бўлган тақдирдагина, иштирокчилардан ва уларнинг мижозларидан улар ўртасида тузилган шартнома шартлари ва мижознинг берган топшириқлари тўғрисида ахборотни тақдим этишни талаб қилишга ҳақли.
5-боб. Иштирокчилар фаолиятини назорат қилиш
15. Иштирокчиларнинг фаолияти устидан назоратни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи амалга оширади.
16. Қимматли қоғозлар бозорида юз бериши мумкин бўлган ҳийла-найранглар тўғрисида иштирокчиларни хабардор қилиш ва огоҳлантириш мақсадида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ўзи яратган электрон ахборот тизимлари орқали:
қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензияларни бекор қилиш ёки уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги;
рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар чиқарилиши, бекор қилинган қимматли қоғозлар чиқарилиши ва жойлаштирилиши тўхтатиб қўйилган қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисидаги ахборотни эълон қилади.
17. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан иштирокчининг фаолиятида қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг қилиш аломатлари аниқланган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатда ўрганиш материаллари ўрнатилган тартибда судга юборилади.
6-боб. Якуний қоида
18. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.05.2025 й., 10/25/3625/0470-сон)