Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида автомобиль ва темир йўл транспорт воситаларида божхона назорати остидаги товарлар ташилганда юк бўлимларига божхона пломбаларини қўллаш қоидаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 14 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2904-5]
Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги ПҚ-122-сон «Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 августдаги 531-сон «Божхона назорати остидаги товарларга нисбатан юк операцияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2017 йил 18 июлдаги 01-02/12-24-сон қарори (рўйхат рақами 2904, 2017 йил 27 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 30-сон, 755-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида автомобиль ва темир йўл транспорт воситаларида божхона назорати остидаги товарлар ташилганда юк бўлимларига божхона пломбаларини қўллаш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.
Вазирнинг биринчи ўринбосари И. НОРҚУЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 25 апрель,
252-сон
Келишилди:
Савдо-саноат палата раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 21 апрель
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2025 йил 25 апрелдаги 252-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида автомобиль ва темир йўл транспорт воситаларида божхона назорати остидаги товарлар ташилганда юк бўлимларига божхона пломбаларини қўллаш қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
божхона пломбаси — Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси (бундан буён матнда Божхона қўмитаси деб юритилади) томонидан тасдиқланган шакл, ўлчам ва кўринишдаги, белгиланган церийа ва тартиб рақамли, товар ва транспорт воситаларини идентификациялашда бир марта фойдаланиладиган, шунингдек транспорт воситаларини бошқариш ва назорат қилишнинг онлайн механизмини назарда тутадиган навигацион божхона идентификациялаш воситаси;
товар жўнатувчилар ва ташувчилар томонидан, шунингдек чет давлатларнинг божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қўйилган пломбалар;
жўнатувчи божхона пости — божхона органи фаолият кўрсатиш зонасида товарларни божхона назорати остида ташиш бошланадиган божхона пости;
манзил божхона пости — божхона органи фаолият кўрсатиш зонасида товарларни божхона назорати остида ташиш тугалланадиган божхона пости.».
2. 4-бандда:
биринчи хатбоши «транспорт воситаларининг юк бўлимларига» деган сўзлардан кейин «божхона органлари томонидан» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«экспорт», «реэкспорт», «вақтинча олиб чиқиш» ва «божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш» божхона режимларида божхона юк декларацияси «яшил» ва «сариқ» йўлаклар орқали расмийлаштирилган ҳолларда, бундан мазкур Қоидаларнинг 5-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар мустасно;».
«41. Товар жўнатувчилар ва ташувчилар томонидан, шунингдек чет давлатларнинг божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қўйилган пломбалар, муҳрлар ёки бошқа божхона идентификациялаш воситалари божхона идентификациялаш воситалари ҳам тан олинади.
5. Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган, божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган ва транзит тартибида ҳаракатланаётган товарлар ортилган транспорт воситаларининг юк бўлимларига божхона пломбалари жўнатувчи божхона постларида божхона назорати ва расмийлаштируви ўтказилганидан сўнг қўйилади, бундан мазкур Қоидаларнинг 4-бандида келтирилган ҳоллар мустасно.
«Экспорт», «реэкспорт», «вақтинча олиб чиқиш» ва «божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш» божхона режимлари асосида божхона юк декларацияси «яшил» ва «сариқ» йўлаклар орқали божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, товарлар Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини расмийлаштирилган ҳолда олиб чиқилаётганда ёки юк жўнатувчилар ва (ёки) ташувчилар томонидан талаб этилганда божхона пломбалари божхона органи томонидан транспорт воситаларининг юк бўлимларига чегара божхона постларида ўрнатилади.».
4. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Божхона пломбаси тўғрисидаги маълумот товар ва транспорт воситаларига расмийлаштирилган товарни етказиб беришнинг назорат ҳужжатида ва (ёки) божхона кўриги далолатномасида қайд этилади.
Юк жўнатувчилар ва (ёки) ташувчилар талабига кўра, божхона пломбалари тўғрисидаги маълумот транспорт ҳужжатларида кўрсатилади.».
5. 8-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Жўнатувчи ва (ёки) манзил божхона постларида товарлар ортилган транспорт воситаларининг юк бўлимларига қўйилган божхона пломбаларининг мавжудлиги ва пломба қўйилган жиҳозлар (вагон/контейнер конструкцияси, тиркаманинг троси, тенти, том, пол қисмлари ва ҳ. к) (бундан буён матнда пломба қўйилган жиҳозлар деб юритилади) божхона пости ходими ёки божхона омборининг эгаси ёхуд унинг ваколатли шахси томонидан текширилади ҳамда транспорт ҳужжатларидаги маълумотлар билан солиштирилади.
Манзил божхона постларида божхона пломбалари ҳамда пломба қўйилган жиҳозларга зарар етказилмаганлигига ходим ёки божхона омборининг эгаси ёхуд унинг ваколатли шахси томонидан ишонч ҳосил қилингандан сўнг белгиланган тартибда божхона расмийлаштируви амалга оширилади.».
6. 9-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Биринчи манзил божхона постида товарлар ортилган транспорт воситаси билан мазкур Қоидаларнинг 8-бандига мувофиқ тегишли ҳаракатлар амалга оширилгандан сўнг ушбу божхона пости томонидан кейинги энг яқин ҳудуддаги ТИФ қатнашчиси жойлашган жойдаги манзил божхона постига янги божхона пломбалари қўйилган ҳолда йўналтирилади, бундан мазкур Қоидаларнинг 4-бандида келтирилган ҳоллар мустасно. Қўйилган янги божхона пломбаси бўйича тегишли маълумотлар Божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.».
7. 12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Транспорт воситаларининг товарлар ортилган бўлимларидан ечиб олинган божхона пломбаларидан такроран фойдаланилишига йўл қўйилмайди, бундан навигацион божхона идентификациялаш воситалари мустасно.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.05.2025 й., 10/25/2904-5/0449-сон)