ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 апрелдаги 216-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги ҳамда Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 октябрдаги ПФ-158-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 октябрдаги ПФ-158-сон Фармонига мувофиқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби;
Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш тартиби;
Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартиби.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 апрель,
245-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги 245-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳузуридаги Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, Жамғарма фаолиятини бошқариш, унинг маблағларини тақсимлаш, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган Вазирликнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ҳамда ушбу Низомда белгиланган мақсадлар учун сарфланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби
3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
2025 йил 1 майга қадар Давлат бюджетидан ажратиладиган 50 млрд сўм;
2025 йил 1 сентябрга қадар Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасидан ажратиладиган 50 млрд сўм;
касбий таълим ташкилотларининг тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларининг молия йили охирига қолдиқ (тижорат банкларининг депозитларига жойлаштирилган маблағларини инобатга олган ҳолда) қисмининг 4 фоизи миқдоридаги ажратмалари;
ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари педагог кадрларини навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун ундириладиган йиғимларнинг Вазирликка тушган қисми;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга жойлаштиришдан олинган фоиз тарзидаги даромадлари;
халқаро донорларнинг грантлари ва ҳомийлик маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Касбий таълим ташкилотларининг тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағлари ҳисобидан ўтказиладиган ажратмалар ҳар йили 1 февралдан кечиктирмай туширилиши шарт.
5. Жамғармага тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан ўтказиладиган ажратмалар ҳажмининг тўғри белгиланиши ҳамда белгиланган муддатда ўтказилиши юзасидан масъулият касбий таълим ташкилотларининг директорлари зиммасига юкланади.
6. Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағлари Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикасидаги тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларига жойлаштирилиши мумкин ҳамда улардан олинган фоиз даромадлари мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган мақсадларга сарфлаш учун тақсимланади.
7. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари кейинги йилга ўтади.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
8. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:
касбий таълим ташкилотларининг ўқув-методик таъминотини мустаҳкамлаш, ўқув адабиётларини яратиш, чоп этиш ва уларнинг китоб фондини тўлдириш;
касбий таълим ташкилотларининг бино ва иншоотларини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари ва бошқа инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш;
касбий таълим ташкилотларининг ўқув жараёнини рақамлаштириш, ахборот-коммуникация, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари, техникалари, воситалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш;
ўқув лабораторияларини зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш;
касбий таълим соҳасида танловларни ўтказиш ҳамда малакали маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни жалб қилиш;
касбий таълим тизимида таълим жараёнини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш мақсадида чет эллик эксперт ва консультантларни жалб этиш;
касбий таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог ходимларининг малака тоифаларини баҳолашни ташкил этишда иштирок этган мутахассисларни моддий рағбатлантириш;
«Касбий таълим» платформасини ишлаб чиқиш ва унинг лозим даражада ишлашини таъминлаш;
Вазирлик томонидан тасдиқланган касбий таълимни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш;
касбий таълим тизимига жалб қилинадиган инвестиция лойиҳалари доирасида лойиҳа, танлов ҳамда шартнома ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш, товар қабул қилиш билан боғлиқ бўлган декларациялаш-сертификатлаш ишлари, вақтинча омбордан фойдаланиш ва консалтинг хизматлари учун ҳақ тўлаш;
касбий таълим ташкилотларида ўқув-методик, ижтимоий, тарбиявий, психологик ва бошқа лойиҳаларни ташкил этиш ва ўтказиш (ишчи гуруҳларнинг иш ҳақи, хизмат сафари ва бошқа харажатлар);
педагог кадрлар ёки ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган республика танловлари ғолибларини тақдирлаш ва рағбатлантириш;
касбий таълим соҳасида ислоҳотларни амалга оширишда фаоллик кўрсатган касбий таълим ташкилотларининг раҳбар ходимлари, педагог кадрлар ва бошқа ходимларини моддий рағбатлантириш;
касбий таълим ташкилотларининг жамоаларини, раҳбар ва педагог кадрларини, ўқувчиларини касбий таълим соҳасидаги халқаро мусобақаларга ва конференцияларга юбориш;
вакиллик тадбирларини (хорижий делегацияларни кутиб олиш, транспорт хизмати, таржимонларни жалб қилиш, совға ва сувенирлар сотиб олиш, овқатлантириш) ўтказиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига мувофиқ ўтказиладиган спорт-соғломлаштириш ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;
касбий таълим соҳасига масъул бўлган Вазирликнинг раҳбар ва ходимларини таълим ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга тажриба ўрганиш ва ҳамкорлик ўрнатиш мақсадларида хорижий хизмат сафарига юбориш.
9. Жамғарма ҳисобидан ходимларни рағбатлантириш миқдорларини белгилаш ва тўлаш юзасидан таклифлар Жамғармани бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) томонидан тайёрланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири (кейинги ўринларда — вазир) буйруғига асосан тасдиқланади.
10. Жамғарма маблағлари касбий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади, ғазна ижроси билан қамраб олинмаган ташкилотлар бундан мустасно.
Бунда касбий таълим ташкилотлари ҳақиқий харажатларидан келиб чиққан ҳолда, асословчи ҳужжатлар билан биргаликда ҳисоботни тақдим этади ва фойдаланилмай қолган маблағларни Жамғармага қайтаради.
11. Жамғарма маблағларидан унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга фойдаланилади.
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади, Вазирлик томонидан тасдиқланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.
12. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига йил давомида Вазирлик томонидан белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
4-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш тартиби
13. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш учун Кенгаш ташкил этилади.
Кенгаш аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
Кенгаш иштирок этишнинг ихтиёрийлиги ва унинг ваколатига тегишли масалаларни ҳал этишда барча аъзоларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари асосида шакллантирилади.
Кенгаш раис, раис ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат бўлади.
Кенгаш Вазирлик ва касбий таълим ташкилотларининг 9 нафар директорлари ҳамда масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади. Кенгашнинг шахсий таркиби бир йилда бир марта вазир томонидан тасдиқланади.
Вазир лавозимига кўра Кенгаш раиси ҳисобланади.
14. Кенгаш раиси:
Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва тасдиқлайди;
Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;
Кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради.
15. Кенгаш аъзолари:
Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этади;
касбий таълим тизимини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Кенгашга таклифлар киритади;
Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз беради.
Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашадилар. Бунда қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда, Кенгаш аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.
16. Кенгаш котиби:
Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойини Кенгаш раиси билан келишади;
кун тартиби масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳасидан хабардор қилади;
Кенгаш қарорлари бажарилиши мониторингини юритади;
Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради, тасдиқланган баённомаларни кенгаш аъзоларига ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларга юборади.
Кенгаш котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланади.
17. Кенгаш ўз мажлисларини заруратга кўра бироқ ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказади.
18. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса, Кенгаш раиси ўринбосари бошқаради.
19. Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ўтказилган ҳисобланади.
20. Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.
21. Кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, мутахассислари ҳамда касбий таълим ташкилотларининг ходимлари ҳам таклиф этилиши мумкин.
Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини, шунингдек, Кенгаш маблағларидан фойдаланилишини тасдиқлаш масалалари бўйича қарорлар Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг учдан икки қисми овози билан қабул қилинади.
Кенгаш қарорлари кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ҳамда вазир буйруғи асосида амалга оширилади.
22. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш.
23. Вазирликнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўлими Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.
24. Ишчи орган қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;
даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;
Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
касбий таълим ташкилотлари ҳамда Жамғармадан сақлаш харажатлари молиялаштириладиган ташкилотларнинг Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларини умумлаштиради ва Кенгашда кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлайди;
Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлар йўналишларига асосан ҳисобини юритади;
ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда Кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.
5-боб. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартиби
25. Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Вазирликнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўлими томонидан амалга оширилади.
26. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Вазирликнинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.
27. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Кенгаш томонидан кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили 15 мартга қадар Вазирликнинг ҳайъат мажлисида тасдиқланади.
28. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш бўйича тузилган шартномалар рўйхатлари Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
29. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш юзасидан давлат молиявий назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳамда Вазирликнинг Ички аудит бошқармаси томонидан амалга оширилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
30. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
31. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2025 й., 09/25/245/0363-сон)