Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Баённома
2006 йил 3 октябрда имзоланган Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартириш киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 2024 йил 18 июлда 4563-KG-2024 (2)-H) тартиб рақами билан рўйхатга олинди.]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилоятининг Сўх тумани ва Шоҳимардон, Чўнғара (Чон-Гара), Тоштепа (Тош-Добо) аҳоли пунктларида доимий ва вақтинча яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг келиб-кетишларини тартибга солиш мақсадида,
2006 йил 3 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимнинг (кейинги ўринларда — «Битим») 4 ва 13-моддаларига амал қилган ҳолда ҳамда 2023 йил 27 январда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2006 йил 3 октябрдаги фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Баённомага амал қилган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг 1-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«3. Фарғона вилоятининг Сўх тумани ва Шоҳимардон, Чўнғара (Чон-Гара), Тоштепа (Тош-Добо) аҳоли пунктларида доимий ва вақтинча яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Қирғизистон Республикаси ҳудудида бўлиш муддатини ҳисобламаган ҳолда транзит орқали Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти Қадамжой тумани ҳудуди орқали киришлари ва чиқишлари мумкин.».
2-модда
1-моддада кўрсатилган фуқароларнинг яшаш жойи Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органи тарафидан доимий ёки вақтинча рўйхатга олиш тўғрисида берилган ҳужжат асосида белгиланади.
Бундай ҳужжатлар намуналари дипломатик каналлар орқали юборилади.
3-модда
Битим матнидаги «вақтинча прописка ва рўйхатга олиниш» деган сўзлар тегишли келишикларда «яшаш жойи бўйича доимий ва вақтинча рўйхатга олиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
4-модда
Мазкур Баённома имзоланган кундан бошлаб вақтинча қўлланилади ва Битимнинг 16-моддасида назарда тутилган тартибда кучга киради ҳамда Битим билан бир вақтда ўз кучини йўқотади.
Тошкент шаҳрида, 2024 йил 18 июлда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Баённома қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)