Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралиб, ёшларни ислоҳотлар жараёнига фаол жалб этиш, уларнинг ғоялари ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Ўтган даврда Ёшлар парламенти ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимлари ва кўникмаларини юксалтиришга, уларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб этишга, қонунларни ёшлар орасида тарғиб қилиш орқали уларнинг жамият ҳаётига дахлдорлигини кучайтиришга, ёш авлоднинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қиладиган муҳим институт сифатида шаклланди.
Ушбу ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг (бундан буён матнда Ёшлар парламенти деб юритилади) аъзолари муносиб иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари юзасидан Ёшлар парламенти аъзолари томонидан кўплаб таклифлар тайёрланган, 2023-2024 йилларда ёшларнинг қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини оширишга қаратилган 347 та семинар, давра суҳбати ва конференция ўтказилган.
Ёшлар парламентининг фаол ва ташаббускор аъзолари қатор масъулиятли лавозимларга муносиб кўрилган. Жумладан, уларнинг 1 нафари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати, 6 нафари халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашининг депутати этиб сайланган, 9 нафари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидаги турли лавозимларга тайинланган.
2024 йил 27 октябрда мамлакатимиз тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилди.
Бугунги кунда янги демократик шароитда ташкил этилган Ёшлар парламенти аъзоларининг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишига муносиб шарт-шароитлар яратиш ҳамда Ёшлар парламентини шакллантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини миллий сайлов тизимида рўй берган ўзгаришларга мувофиқлаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Регламенти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Сиёсий партияларга янги шакллантириладиган Ёшлар парламенти аъзолиги учун номзодларни бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясига тақдим этиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони:
Ёшлар парламенти ва унинг аъзолари самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
Ёшлар парламенти аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва унинг органлари мажлисларида ҳамда қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича ўтказиладиган бошқа тадбирларда иштирок этиши учун шарт-шароитларни яратиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссиясини Ёшлар парламенти аъзоларига топшириладиган хизмат гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари билан таъминлаш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг:
2020 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга ошириш жараёнида ёшлар иштирокини янада фаоллаштириш тўғрисида»ги 440-IV-сонли (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 9, 584-модда);
2022 йил 12 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги 2749-IV-сонли (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 12, 1305-модда) қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. Хакимов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 февраль,
574-V-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2025 йил 26 февралда қабул қилинган 574-V-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти (бундан буён матнда Ёшлар парламенти деб юритилади) юридик шахс мақомига эга бўлмаган маслаҳат органи бўлиб, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ҳисобдордир.
2. Ёшлар парламенти ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ҳамда қарорларига, шунингдек ушбу Низомга мувофиқ ташкил этади.
3. Ёшлар парламенти бир юз эллик нафар аъзодан иборат.
4. Ёшлар парламенти ўз фаолиятини Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддати давомида амалга оширади.
5. Ёшлар парламенти ўз логотипига эга бўлади.
6. Ёшлар парламентининг расмий номи:
а) давлат тилидаги:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти; қисқартирилган номи — Ёшлар парламенти;
б) рус тилидаги:
тўлиқ номи — Молодежный парламент при Законодательной палате Олий Мажлиса Республики Узбекистан; қисқартирилган номи — Молодежный парламент;
в) инглиз тилидаги:
тўлиқ номи — Youth Parliament under the Legislative Chamber of the Oliy Majlis of the Republic of Uzbekistan; қисқартирилган номи — Youth Parliament.
2-боб. Ёшлар парламентини тузишдан мақсад, Ёшлар парламентининг асосий вазифалари ва функциялари
7. Ёшлар парламентини тузишдан мақсад ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишдан иборат.
8. Ёшлар парламентининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш;
Қонунчилик палатасининг назорат-таҳлил тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш;
ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш;
ёшлар иштирокида долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш;
қонун ижодкорлиги масалалари, шунингдек қонун лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари бўйича амалий муҳокамаларни ташкил этиш;
ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш мақсадида ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;
ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир ишларни амалга оширишда кўмаклашиш.
9. Ёшлар парламенти ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
ёшларга оид қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлайди ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
Қонунчилик палатаси ёки унинг тегишли қўмитаси таклифига асосан Қонунчилик палатасининг назорат-таҳлил тадбирларини амалга оширишда иштирок этади;
ёшларни ўйлантираётган масалалар юзасидан уларнинг иштирокида муҳокамаларни ўтказади;
Ёшлар парламенти аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида малака ошириш курслари ва ҳамкорликда турли тадбирларни ташкил этади;
ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш мақсадида турли тадбирларни ташкил этади ва ташаббусларни илгари суради;
ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш мақсадида кенг тарғибот тадбирларини амалга оширади;
Қонунчилик палатасининг фаолияти ва қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси (бундан буён матнда Ёшлар масалалари бўйича комиссия деб юритилади) розилиги асосида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида хорижий давлатлар парламентлари ҳузурида тузилган ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш чораларини кўради;
хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни амалга оширишда Қонунчилик палатасига, шунингдек Ёшлар масалалари бўйича комиссияси розилиги асосида бошқа мутасадди ташкилотларга кўмаклашади.
3-боб. Ёшлар парламентининг ва Ёшлар масалалари бўйича комиссиянинг ваколатлари
10. Ёшлар парламенти ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ваколатларга эга:
давлат органларидан, таълим ва илмий муассасалардан, бошқа ташкилотлардан Ёшлар парламентининг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан зарур бўлган ҳужжатлар, материаллар ва маълумотларни Ёшлар масалалари бўйича комиссияси билан келишган ҳолда сўраш ҳамда олиш;
Қонунчилик палатаси ёки унинг Кенгаши мажлисида Қонунчилик палатасининг Спикери ёки унинг ўринбосарлари розилиги билан, Қонунчилик палатасининг қўмиталари, комиссиялари, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг мажлисларида эса тегишинча қўмита, комиссия, фракция раисининг розилиги билан иштирок этиш;
Қонунчилик палатасининг кутубхонасидан, таълим ва илмий муассасаларнинг, марказларнинг электрон маълумотлар базаларидан, ахборот-кутубхона ресурсларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;
қонунлар лойиҳалари юзасидан таклифлар тайёрлаш, тадбирлар ўтказиш ҳамда Ёшлар парламентининг ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни амалга ошириш учун олимлар, мутахассислар орасидан ишчи гуруҳлар ташкил этиш.
Ёшлар парламенти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Ёшлар парламенти зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга кўмаклашиш мақсадида Ёшлар масалалари бўйича комиссия:
Ёшлар парламентини шакллантириш жараёнини мувофиқлаштиради;
Ёшлар парламенти аъзолигига номзоднинг мазкур Низомнинг 13 ва 14-бандларида белгиланган талабларга мос келиши масаласини кўриб чиқади;
сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган номзодларни Ёшлар парламенти аъзолигига тасдиқлайди;
Ёшлар парламенти аъзосининг ваколатини мазкур Низомнинг 41-бандида назарда тутилган ҳолларда муддатидан илгари тугатиш масаласини кўриб чиқади;
Ёшлар парламенти аъзосининг ваколати муддатидан илгари тугатилганда бўшаб қолган аъзолик ўрнини тўлдириш бўйича ўн иш куни ичида тегишли сиёсий партияга янги номзодни тавсия этилишини маълум қилади;
Ёшлар парламенти логотипи, аъзоларининг кўкрак нишони ҳамда белгиланган шаклдаги гувоҳномасини тасдиқлайди ва топширади.
4-боб. Ёшлар парламентининг таркибини шакллантириш
12. Ёшлар парламентининг таркиби янги сайланган Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўтказилганидан кейин уч ой ичида шакллантирилади.
Бунда Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан Ёшлар парламентининг таркибини шакллантириш жараёнига Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи каби ёшлар сиёсатига масъул бўлган давлат ва нодавлат ташкилотлар жалб этилиши мумкин.
13. Ёшлар парламенти аъзолиги учун номзодлар сиёсий партияларнинг республика органи томонидан турли йўналишларда фаолият олиб бораётган ташаббускор, юксак маънавиятли, давлат ва жамият қурилиши соҳасида етарли билимга эга, ўз ортидан тенгдошларини эргаштира оладиган, лидерлик қобилиятига эга, ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан тавсия этилади.
Сиёсий партиялар томонидан жами бир юз эллик нафар номзод Ёшлар парламенти аъзолиги учун тавсия этилади. Бунда сиёсий партиялар Ёшлар парламенти аъзолиги учун етмиш беш нафар номзодни Қонунчилик палатасига бир мандатли сайлов округларидан сайланган депутатнинг сайлов округидан, қолган етмиш беш нафар номзодни ягона сайлов округидан Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар сонига мувофиқ ҳолда кўрсатади ва янги сайланган Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўтказилгандан сўнг икки ойдан кечиктирмасдан Ёшлар масалалари бўйича комиссияга кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш учун тавсия этади.
14. Қуйидагилар Ёшлар парламенти аъзолигига номзод сифатида тавсия этилмайди:
Қонунчилик палатасининг депутати, Сенат аъзоси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутати;
содир этилган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;
кейинги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшамаган фуқаролар;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;
диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари.
15. Ёшлар масалалари бўйича комиссия Ёшлар парламенти аъзолигига номзоднинг мазкур Низомда белгиланган талабларга мос келиши масаласини кўриб чиқади.
16. Номзодлар мазкур низом талабларига мувофиқ келмаган тақдирда Ёшлар масалалари комиссия томонидан Ёшлар парламенти аъзолигига номзод сифатида рўйхатга олиниши рад этилади ва бу ҳақида сиёсий партияга маълум қилинади.
Бунда янги номзодлар сиёсий партия томонидан ўн иш куни ичида қайта тавсия этилади.
17. Ёшлар парламенти аъзолари Ёшлар масалалари бўйича комиссиянинг қарори билан тасдиқланади.
18. Ёшлар парламенти аъзосининг ваколати муддатидан илгари тугатилганда бу ҳақида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ўн иш куни ичида тегишли сиёсий партияга ёзма равишда маълум қилади.
Сиёсий партия томонидан Ёшлар парламентининг бўшаб қолган аъзолик ўрнига номзод тавсия этиш ва уни Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан тасдиқлаш мазкур низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.
5-боб. Ёшлар парламентининг фаолиятини ташкил этиш
19. Ёшлар парламенти фаолиятининг ташкилий шакли унинг қоида тариқасида, йилига камида икки марта ўтказиладиган мажлисларидир. Ёшлар парламенти мажлислари очиқ ва ошкора ўтказилади.
Ёшлар парламенти мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Ёшлар парламентининг Регламентида белгиланади.
20. Ёшлар парламенти киритилган масалалар юзасидан, шунингдек Ёшлар парламентининг ички фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади.
Ёшлар парламенти қарорлари Ёшлар парламенти аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
21. Ёшлар парламенти ўз таркибидан Ёшлар парламентининг Раисини ва унинг ўринбосарларини аъзолар умумий сонининг кўпчилик овози билан Ёшлар парламентининг ваколатлари муддатига сайлайди.
Ёшлар парламенти Раисининг олти нафар ўринбосари бўлади.
22. Ёшлар парламенти Раиси:
Ёшлар парламентининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;
Ёшлар парламенти муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;
Ёшлар парламенти қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Ёшлар парламенти қўмиталарига вазифаларни тақсимлайди;
Ёшлар парламенти томонидан ишлаб чиқилган ва маъқулланган ёшларга оид таклифларни Ёшлар масалалари бўйича комиссияга тақдим этади;
Ёшлар парламентининг халқаро алоқалар бўйича тарафлар билан ўзаро келишган ҳолда ҳамкорликка киришади;
Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш юзасидан таклифлар киритади;
Ёшлар парламенти ва Ёшлар парламенти Кенгашининг қарорларини имзолайди;
Ёшлар парламенти қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;
ўз ваколатлари доирасида бошқа масалаларни ҳал этади.
Ёшлар парламентининг Раиси ўз вазифасини бажариш даврида Ёшлар парламентидаги сиёсий партия гуруҳи таркибига кириши мумкин эмас.
23. Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарлигига номзод кўрсатиш ва сайлаш тартиби Ёшлар парламентининг Регламентида белгиланади.
Ёшлар парламентида тузилган сиёсий партиянинг гуруҳи ўз вакили Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосари лавозимларидан бирини эгаллашида кафолатли ҳуқуққа эга.
Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарини сайлаш учун сиёсий партия гуруҳлари, қоида тариқасида, ўз гуруҳининг раҳбари номзодини киритади.
24. Ёшлар парламенти Раисининг бир нафар ўринбосари ўз вазифасини бажариш даврида Ёшлар парламентидаги сиёсий партия гуруҳи таркибига кириши мумкин эмас.
25. Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарлари Ёшлар парламенти Раисининг топшириғига биноан унинг айрим вазифаларини бажаради.
26. Ёшлар парламенти Раиси йўқлигида ёки у ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг вазифаларини Ёшлар парламенти Раисининг сиёсий партия гуруҳи аъзоси бўлмаган ўринбосари, у йўқлигида эса Ёшлар парламенти Раисининг бошқа ўринбосарларидан бири бажариб туради.
27. Ёшлар парламентининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Ёшлар парламенти Кенгаши тузилади.
Ёшлар парламенти Кенгашининг таркибига Ёшлар парламентининг Раиси, унинг ўринбосарлари, Ёшлар парламенти қўмиталарининг раислари, Ёшлар парламенти котиби ва матбуот котиби киради.
28. Ёшлар парламентининг Кенгаши:
Ёшлар парламенти мажлисининг кун тартиби лойиҳасини шакллантиради;
Ёшлар парламенти қўмиталарининг ишини мувофиқлаштириб боради;
ёшлар масаласига оид таклифлар лойиҳасини Ёшлар парламенти кўриб чиқиши ёки уни кўриб чиқишни рад этиш тўғрисида қарор лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул бўлган қўмитанинг хулосасига кўра қарор қабул қилади;
қўмита раисининг билдиришномасига асосан Ёшлар парламентининг фаолиятида мунтазам равишда иштирок этмаган аъзонинг фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, шу жумладан уни чақириб олиш масаласини кўриб чиқиш бўйича тегишли сиёсий партияга тақдимнома киритади;
Ёшлар парламенти аъзосининг ишини ташкил этишга кўмаклашади;
Ёшлар парламенти фаолиятини ташкил этиш билан боғлик бошқа масалаларни ҳал этади.
Ёшлар парламентининг Кенгаши ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича ўз аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.
Ёшлар парламенти Кенгашига Ёшлар парламенти Раиси раҳбарлик қилади, у Кенгашнинг мажлисларини олиб боради ва унинг қарорларини имзолайди.
29. Ёшлар парламенти томонидан унинг аъзолари орасидан Ёшлар парламентининг ваколатлари муддатига қўмита раиси, унинг ўринбосарлари ва аъзолардан иборат таркибда қўмиталар тузилади.
Ёшлар парламенти Раиси ва унинг сиёсий партия гуруҳи аъзоси бўлмаган ўринбосари қўмиталарнинг таркибига сайланиши мумкин эмас.
30. Ёшлар парламентида қуйидаги қўмиталар тузилади:
Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари қўмитаси;
Ёшлар бандлиги, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси;
Инновацион ривожланиш, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси;
Ёшлар тадбиркорлиги, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси;
Фан, таълим, маданият, туризм ва спорт масалалари қўмитаси;
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси;
Халқаро ишлар ва ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари қўмитаси;
Фуқаролик жамияти ва волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси.
Ёшлар парламенти қўмитасининг раиси, унинг ўринбосари, шунингдек қўмита аъзолари сайлангани тўғрисида Ёшлар парламенти қарорлар қабул қилади.
Ёшлар парламенти қўмиталарининг фаолияти тартиби Ёшлар парламентининг Регламентида белгиланади.
31. Ёшлар парламентидаги сиёсий партиялар гуруҳлари сиёсий партиядан кўрсатиладиган аъзолар томонидан сиёсий партияларнинг манфаатларини Ёшлар парламентида ифодалаш мақсадида тузилади.
Ёшлар парламенти аъзосининг сиёсий партия гуруҳига кириши тўғрисидаги қарор уларнинг мажлисларида қабул қилинади.
Сиёсий партиядан кўрсатилган ва Ёшлар парламентига сайланган аъзо фақат шу сиёсий партия гуруҳининг аъзоси бўлиши мумкин.
32. Ёшлар парламентининг котиби ва матбуот котиби Ёшлар парламенти аъзолари орасидан Ёшлар парламенти Раиси тавсиясига кўра Ёшлар парламентининг биринчи мажлисида сайланади.
33. Ёшлар парламентининг котиби:
Ёшлар парламенти мажлиси баённомаларини юритади;
келиб тушган ҳужжатларни рўйхатга олади, Ёшлар парламенти ҳужжатларининг сақланишини таъминлайди;
мажлис баённомалари ижросини мониторинг қилиб боради;
Ёшлар парламенти томонидан юборилган таклифларни умумлаштиради, таҳлил қилади ва Ёшлар парламенти раисига ахборот киритади.
34. Ёшлар парламентининг матбуот котиби:
Ёшлар парламентининг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали, шунингдек матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб боради;
мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида ахборот беради ва уни ёритиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
Ёшлар парламентининг фаолияти тўғрисида жамоатчилик фикрини, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг позициясини ўрганади, таклифлар ишлаб чиқади ва улар ҳақида Ёшлар парламенти Раисига ахборот бериб боради;
оммавий ахборот воситаларида Ёшлар парламенти аъзоларининг чиқишларини мунтазам ташкил этади;
Ёшлар парламентининг фаолиятига алоқадор матнли, фото-аудио ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантиради ва янгилаб боради.
35. Ёшлар парламентининг фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўладиган харажатлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан Қонунчилик палатаси учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
6-боб. Ёшлар парламенти аъзосининг мақоми
36. Ёшлар парламентининг аъзоси фаолиятида ўзини номзод сифатида кўрсатган сиёсий партия ва Ёшлар парламентига ҳисобдордир.
Ёшлар парламенти аъзоси ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда жамоатчилик асосида амалга оширади.
37. Ёшлар парламентининг аъзосига Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан гувоҳнома ва кўкрак нишони берилади. Ёшлар парламентининг аъзоси гувоҳнома ва кўкрак нишонидан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади.
38. Ёшлар парламенти аъзосининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда (бундан Ёшлар парламенти аъзоси вафот этган ҳоллар мустасно) гувоҳнома ва кўкрак нишони ўн кундан кечиктирмай Ёшлар масалалари бўйича Комиссияга қайтарилиши шарт.
39. Ёшлар парламенти аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ёшлар парламенти қўмиталарига сайланиш;
Ёшлар парламенти мажлисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этиш;
Ёшлар парламенти мажлисининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда бу масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдириш;
Ёшлар парламенти томонидан сайланадиган шахсларнинг номзодлари бўйича фикрлар билдириш;
Ёшлар парламенти мажлисидаги мунозараларда иштирок этиш, маърузачи ва раислик қилувчига саволлар бериш;
ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқиш ва овоз бериш сабаблари юзасидан изоҳ бериш;
Ёшлар парламенти мажлисида раислик қилувчига мажлисда муҳокама этилаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазаси матнини топшириш;
ёшлар парламенти таркибидаги ўзи аъзо бўлган Қўмитанинг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини Ёшлар парламентининг мажлисида баён этиш ёки бу ҳақда Ёшлар парламенти Раисига ёзма равишда маълум қилиш;
Қонунчилик палатаси ёки унинг тегишли қўмитаси таклифига асосан Қонунчилик палатасининг назорат-таҳлил тадбирларида иштирок этиш.
Ёшлар парламентининг аъзоси тегишли мажлисларда кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади.
Ёшлар парламенти аъзосининг ваколатлари бошқа шахсга топширилиши мумкин эмас.
40. Ёшлар парламенти аъзосининг мажбуриятлари:
амалдаги қонун ҳужжатларига, ушбу Низом талабларига тўлиқ риоя қилиш, шунингдек Ёшлар парламентининг қарорларини бажариш;
Ёшлар парламентининг асосий мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этиш;
Ёшлар парламентининг мажлисларида ҳамда қўмита таркибига сайланган бўлса, шу қўмитанинг мажлисларида қатнашиш, овоз беришда Ёшлар парламенти Регламентида белгиланган тартибда шахсан иштирок этиш;
Ёшлар парламентининг мажлисларида ҳамда қўмита мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган тақдирда, бу ҳақида қўмита раисини олдиндан хабардор қилиш;
Ёшлар парламентининг ёшлар ўртасида ва жамиятда таъсир кучи ҳамда обрўсини оширишга ҳиссасини қўшиш;
Ёшлар парламентининг фаолиятини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш;
ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги кўникмаларини шакллантиришни тарғиб қилиш;
Ёшлар парламентининг барча тадбирларида, дастурларида ва лойиҳаларида фаол иштирок этиш;
Ёшлар парламентининг олдига қўйилган вазифаларни мустақил ҳал этишда Ёшлар парламенти Раиси билан келишиш ва бу фаолият ҳақида хабардор қилиб бориш.
Ёшлар парламенти аъзосининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
41. Ёшлар парламенти аъзосининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:
у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳақида ёзма ариза берган тақдирда;
у қонунга кўра Ёшлар парламенти ваколатларини амалга оширишига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
суд уни муомалага лаёқатсиз деб топган тақдирда;
у суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;
у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;
у вафот этган тақдирда;
Ёшлар парламенти тарқатиб юборилган тақдирда;
Ёшлар парламенти фаолияти тугатилган тақдирда;
сиёсий партия томонидан чақириб олинган тақдирда.
Алоҳида ҳолларда Ёшлар парламенти аъзосининг ваколатлари Ёшлар парламентининг қарорига биноан муддатидан илгари тугатилиши мумкин.
Ёшлар парламенти аъзоси деган юксак номга доғ туширувчи хулқ-атвор бундай масалани кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.
7-боб. Якунловчи қоидалар
42. Қонунчилик палатасининг Спикери, унинг ўринбосарлари, тегишли сиёсий партия раиси томонидан Ёшлар парламенти аъзоларига тавсифномалар берилиши мумкин.
43. Ёшлар парламенти Ёшлар масалалари бўйича Комиссиянинг қарори билан тарқатиб юборилиши мумкин.
44. Ёшлар парламентини қайта ташкил этиш ва тугатиш Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарорига асосан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2025 йил 26 февралда қабул қилинган 574-V-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг
Регламенти
І БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Регламенти (бундан буён матнда Регламент деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг (бундан буён матнда Ёшлар парламенти деб юритилади) мажлисларини ўтказиш, Ёшлар парламенти органларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди ва Ёшлар парламентининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ички тартиб-қоидаларига доир бошқа масалаларни тартибга солади.
2. Ёшлар парламенти бир юз эллик нафар аъзодан иборат.
3. Ёшлар парламентининг фаолияти масалаларни биргаликда ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади.
4. Ёшлар парламентининг аъзоси бир пайтнинг ўзида Қонунчилик палатасининг депутати, Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутати бўлиши мумкин эмас.
II БЎЛИМ. ЁШЛАР ПАРЛАМЕНТИНИНГ БИРИНЧИ МАЖЛИСИ
5. Ёшлар парламентининг биринчи мажлиси Ёшлар парламенти шакллантирилганидан кейин бир ойдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси (бундан буён матнда Ёшлар масалалари бўйича комиссия деб юритилади) томонидан чақирилади.
Ёшлар парламентининг биринчи мажлисини Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг Раиси очади ва Ёшлар парламентининг Раиси сайлангунига қадар унда раислик қилади.
6. Ёшлар парламенти биринчи мажлисни, қоида тариқасида, қуйидаги кун тартиби билан ўтказади:
1) Ёшлар масалалари бўйича комиссия раисининг Ёшлар парламентини шакллантириш тўғрисидаги ахбороти;
2) Ёшлар парламенти Раисини сайлаш;
3) Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарларини сайлаш;
4) Ёшлар парламентининг қўмиталарини (бундан буён матнда қўмиталар деб юритилади) тузиш;
5) қўмиталар раисларини, уларнинг ўринбосарларини ҳамда аъзоларини сайлаш. Ёшлар парламентининг биринчи мажлисида Ёшлар парламенти фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши мумкин, бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинади.
III БЎЛИМ. ЁШЛАР ПАРЛАМЕНТИНИНГ ВАКОЛАТЛИ ШАХСЛАРИНИ САЙЛАШ ВА ОРГАНЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ
1-боб. Ёшлар парламенти Раиси, унинг ўринбосарлари
7. Ёшлар парламенти Раисининг лавозимига номзод Ёшлар парламенти мажлисида раислик қилувчи томонидан тақдим этилади.
8. Ёшлар парламенти Раисининг олти нафар ўринбосари бўлади.
Ёшлар парламентида тузилган сиёсий партиянинг гуруҳи ўз вакили Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосари лавозимларидан бирини эгаллашида кафолатли ҳуқуққа эга.
Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарини сайлаш учун сиёсий партия гуруҳлари, қоида тариқасида, ўз гуруҳи раҳбарининг номзодини киритади.
Ёшлар парламенти Раиси ўринбосарларининг лавозимларига номзодлар Ёшлар парламентининг Раиси томонидан тақдим этилади.
Бунда Ёшлар парламенти Раиси бир нафар ўринбосарининг номзоди Ёшлар масалалари бўйича комиссия билан келишилган ҳолда, Ёшлар парламенти Раиси қолган ўринбосарларининг номзодлари эса сиёсий партия гуруҳларининг ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларига мувофиқ киритган таклифи асосида тақдим этилади.
9. Ёшлар парламенти Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимига номзодлар аъзоларнинг саволларига жавоб бериши учун ўттиз дақиқагача вақт ажратилади. Ёшлар парламенти мажлисида номзодни муҳокама қилиш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади.
Ёшлар парламенти Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимига номзодларни муҳокама қилиш ажратилган вақт тугагач ёки аъзоларнинг таклифига биноан Ёшлар парламентининг қарори билан тўхтатилади.
10. Ёшлар парламенти Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимига кўрсатилган номзодлар яширин овоз бериш рўйхатига киритилади. Ёшлар парламентининг Раиси ва унинг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали Ёшлар парламентининг ваколати муддатига сайланади. Ёшлар парламенти Раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш пайтидаги яширин овоз бериш усулини Ёшлар парламенти белгилайди.
11. Ёшлар парламенти мажлисида раислик қилувчи овоз бериш бошланганлигини эълон қилгандан кейин ҳеч ким овоз беришни бўлиб қўйиши мумкин эмас. Овоз бериш бошланганидан то унинг натижалари эълон қилингунига қадар ҳеч кимга сўз берилмайди.
Агар овоз беришни ўтказиш вақтида овоз бериш тартиб-таомили бузилган ёки уни ўтказиш чоғида тўсиқлар юзага келган бўлса, муҳокама қилинмасдан дарҳол такрорий овоз бериш ўтказилади.
12. Номзодлар, агар улар яширин овоз бериш натижасида аъзолар умумий сонининг ярмидан кўп овозини олган бўлса, тегишинча Ёшлар парламентининг Раиси ва унинг ўринбосарлари этиб сайланган ҳисобланади.
13. Агар Ёшлар парламенти Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимига номзодлар аъзолар овозларининг зарур сонини тўпламаган бўлса, Ёшлар парламенти Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимига такрорий сайлов ўтказилади.
Ёшлар парламенти Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимига такрорий сайлов ушбу Регламентнинг 8 — 12-бандларига мувофиқ ўтказилади.
14. Ёшлар парламенти Раиси ва унинг ўринбосарлари сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади, уни Ёшлар парламенти мажлисида раислик қилувчи имзолайди.
Ёшлар парламенти Раиси сайлангандан кейин Ёшлар парламентининг бундан кейинги мажлисини Ёшлар парламентининг Раиси олиб боради.
15. Ёшлар парламенти Раиси:
Ёшлар парламентининг ва Ёшлар парламенти Кенгашининг (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;
Ёшлар парламенти муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;
қўмиталар ва Ёшлар парламенти комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
қўмиталарга вазифаларни тақсимлайди;
Ёшлар парламенти томонидан ишлаб чиқилган ва маъқулланган ёшларга оид таклифларни Ёшлар масалалари бўйича комиссияга тақдим этади;
Ёшлар парламентининг халқаро алоқалари бўйича тарафлар билан ўзаро келишган ҳолда ҳамкорликка киришади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш бўйича таклифлар киритади;
Ёшлар парламенти ва Кенгаш қарорларини имзолайди;
Ёшлар парламенти қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;
ўз ваколатлари доирасида бошқа масалаларни ҳал этади.
16. Ёшлар парламенти Раиси яширин овоз бериш орқали аъзолар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган Ёшлар парламенти қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.
Ёшлар парламенти Раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала аъзолар умумий сонининг камида учдан бир қисмидан иборат аъзолар гуруҳининг таклифига биноан Ёшлар парламенти томонидан кўриб чиқилади.
Ёшлар парламенти Раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганда мажлисга Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарларидан бири раислик қилади.
Ёшлар парламенти Раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарорни Ёшлар парламенти мажлисида раислик қилувчи имзолайди.
17. Ёшлар парламенти Раисининг бўш лавозимига номзод кўрсатиш ва уни сайлаш ушбу Регламентнинг 7 — 12-бандларида белгиланган тартибда ўтказилади.
18. Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарлари Ёшлар парламенти Раисининг топшириғига биноан унинг айрим вазифаларини бажаради.
Ёшлар парламенти Раиси йўқлигида ёки у ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг вазифаларини Ёшлар парламенти Раисининг сиёсий партия гуруҳи аъзоси бўлмаган ўринбосари, у йўқлигида эса Ёшлар парламенти Раисининг бошқа ўринбосарларидан бири бажариб туради.
19. Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали аъзолар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган Ёшлар парламенти қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.
Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала аъзолар умумий сонининг камида учдан бир қисмидан иборат аъзолар гуруҳининг таклифига биноан Ёшлар парламенти томонидан кўриб чиқилади.
Ёшлар парламенти Раисининг ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала Ёшлар парламенти Раиси томонидан ҳам киритилиши мумкин.
Ёшлар парламенти Раиси ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарорни Ёшлар парламенти мажлисида раислик қилувчи имзолайди.
20. Ёшлар парламенти Раиси қўмиталарнинг таркибига сайланиши мумкин эмас.
2-боб. Кенгаш
21. Ёшлар парламенти фаолиятини самарали ташкил этиш, қўмиталар ишини мувофиқлаштириб бориш, қарор лойиҳаларини тайёрлаш ишини режалаштириш масаласини дастлабки тарзда кўриб чиқишни ташкил этиш мақсадида Ёшлар парламенти Кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) тузилади.
Кенгашнинг таркибига Ёшлар парламентининг Раиси, унинг ўринбосарлари, қўмиталарнинг раислари, котиби ҳамда матбуот котиби киради. Кенгашга Ёшлар парламенти Раиси раҳбарлик қилади, у Кенгашнинг мажлисларини олиб боради ва унинг қарорларини имзолайди.
22. Кенгаш Ёшлар парламенти мажлислари оралиғида заруратга қараб тўпланади.
Кенгаш мажлисларини Ёшлар парламенти Раиси, у йўқлигида ёки ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда эса унинг ўринбосарларидан бири чақиради ва олиб боради.
23. Кенгаш:
Ёшлар парламенти мажлисининг кун тартиби лойиҳасини шакллантиради;
қўмиталарнинг ишини мувофиқлаштириб боради;
ёшлар масаласига оид таклифлар лойиҳасини Ёшлар парламенти кўриб чиқиши ёки уни кўриб чиқишни рад этиш тўғрисида қарор лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул бўлган қўмитанинг хулосасига кўра қарор қабул қилади;
қўмита раисининг билдиришномасига асосан Ёшлар парламентининг фаолиятида мунтазам равишда иштирок этмаган аъзонинг фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, шу жумладан уни чақириб олиш масаласини кўриб чиқиш бўйича тегишли сиёсий партияга тақдимнома киритади;
Ёшлар парламенти аъзосининг ишини ташкил этишга кўмаклашади;
Ёшлар парламенти фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади.
Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича ўз аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.
Кенгашга Ёшлар парламенти Раиси раҳбарлик қилади, у Кенгашнинг мажлисларини олиб боради ва унинг қарорларини имзолайди.
24. Кенгаш қарорларининг лойиҳалари ва унинг мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган бошқа ҳужжатлар Кенгашга, қоида тариқасида, унинг мажлиси бошланишидан камида уч кун олдин киритилади.
Кенгаш таркибига кирувчи шахсларга, шунингдек унинг мажлисларида иштирок этувчи бошқа шахсларга мажлисда кўриб чиқиш мўлжалланаётган масалалар ҳақида олдиндан хабар қилинади ва зарур материаллар тақдим этилади.
Кенгаш баённомаси тузилади ва мажлисда раислик қилувчи томонидан имзоланади.
Кенгаш томонидан кўриб чиқилган масалалар ва у қабул қилган қарорлар ҳақида аъзоларга маълум қилинади.
3-боб. Қўмиталар
25. Ёшлар парламенти муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ёшлар парламенти томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун Ёшлар парламентининг ваколатлари муддатига Ёшлар парламенти аъзолари орасидан раис, унинг ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда қўмиталар сайланади.
26. Ёшлар парламентида қуйидаги қўмиталар тузилади:
Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари қўмитаси;
Ёшлар бандлиги, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси;
Инновацион ривожланиш, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси;
Ёшлар тадбиркорлиги, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси;
Фан, таълим, маданият, туризм ва спорт масалалари қўмитаси;
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси;
Халқаро ишлар ва ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари қўмитаси;
Фуқаролик жамияти ва волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси.
27. Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари лавозимига номзодлар Ёшлар парламенти мажлисида раислик қилувчи томонидан тақдим этилади.
Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари Ёшлар парламенти мажлисида аъзолар умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланади.
Қўмита раиси, унинг ўринбосари, шунингдек қўмита аъзолари сайлангани тўғрисида Ёшлар парламенти қарорлар қабул қилади.
Қўмиталарнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.
28. Қўмита раиси:
қўмита иш режаси лойиҳаси тайёрланишини ташкил этади ва қўмитанинг тасдиқланган иш режаси бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
зарур материаллар тайёрланишини ташкил этади, қўмита мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади;
қўмита аъзоларига топшириқлар беради, уларга қўмита фаолияти билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;
киритилган масалаларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳларининг ишида қатнашиш, шунингдек қўмитанинг бошқа топшириқларини бажариш учун қўмита аъзоларини белгилайди;
давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни, юритувчи субъектларнинг, матбуот органларининг, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакилларини қўмита ишида қатнашишга таклиф этади;
Ёшлар парламенти, Кенгаш мажлисларида қўмита номидан иш кўради;
қўмита қарорларининг бажарилишига доир ишларни ташкил этади;
Ёшлар парламентига, Кенгашга ва Ёшлар парламенти Раисига уларнинг топшириқлари бажарилиши юзасидан ахборот беради;
қўмитанинг қарорлари бажарилганлиги ва унинг тавсиялари кўриб чиқилганлиги ҳақида қўмита аъзоларига ахборот беради.
29. Қўмита раисининг ўринбосари қўмита раисининг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради ҳамда раис йўқлигида ёки у ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда қўмита раиси вазифасини бажариб туради.
30. Қўмиталар ишни ўз режаларига, шунингдек Ёшлар парламенти, унинг Раиси ва Кенгаш топшириқлари ҳамда тавсияларига мувофиқ ташкил этади.
Қўмиталар Ёшлар парламенти олдида масъул ва унга ҳисобдордир.
31. Қўмиталар:
ўз ташаббуси билан ёки Ёшлар парламентининг топшириғига биноан ўзининг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан Ёшлар парламентининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқади;
қарор лойиҳаларининг дастлабки тарзда кўриб чиқилишини ва уларни Ёшлар парламентида кўриб чиқишга тайёрлашни амалга оширади;
қарорларнинг лойиҳалари юзасидан хулосалар беради, қарор лойиҳасини Ёшлар парламентининг мажлиси кун тартибига киритиш, унинг устида ишлашни давом эттириш ёки асослантирилган ҳолда уларни рад этиш тўғрисида Кенгашга таклифлар киритади;
Ёшлар парламентининг топшириғига ёки Кенгашнинг тавсиясига биноан муайян қарор лойиҳаси ёки Ёшлар парламенти ваколатларига кирадиган бошқа масала юзасидан масъул бўлади;
киритилган қарор лойиҳасига тааллуқли масалалар юзасидан ташаббускорларнинг фикрларини эшитади;
киритилган Ёшлар парламенти қарорлари лойиҳалари матнига ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
Ёшлар парламенти қарорларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.
32. Қўмиталарнинг мажлислари Ёшлар парламенти мажлислари оралиғида заруратга қараб ўтказилади.
Қўмита мажлисини унинг раиси ўз ташаббуси билан ёки қўмита аъзолари умумий сонидан камида ярмининг ташаббуси билан чақиради.
Қўмита мажлиси ҳақида унинг раиси, қоида тариқасида, камида икки кун олдин қўмита аъзоларига хабар беради, шунингдек мажлиснинг бошқа қатнашчиларини олдиндан хабардор қилади.
Қўмиталарнинг мажлислари, агар уларда қўмита аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.
Қўмита мажлисини қўмита раиси олиб боради.
33. Ёшлар парламенти аъзоси ўзи аъзо бўлган қўмита мажлисларида ҳозир бўлиши шарт.
Қўмита мажлисида ҳозир бўлиш имконияти бўлмаган тақдирда аъзо қўмита раисини олдиндан хабардор қилади.
Қўмиталарнинг мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар, олимлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг, матбуот органларининг, телевидение, радио ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин.
34. Қўмиталар кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қўмита аъзоларининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади. Қўмита қарорини унинг мажлисида раислик қилувчи имзолайди.
IV БЎЛИМ. ЁШЛАР ПАРЛАМЕНТИ ВА УНИНГ КЕНГАШИ МАЖЛИСЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
35. Ёшлар парламенти фаолиятининг ташкилий шакли унинг заруратга қараб, лекин йилига камида икки марта ўтказиладиган мажлисларидир.
Ёшлар парламенти мажлислари, агар уларнинг ишида Ёшлар парламенти аъзолари умумий сонининг камида ярми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.
Ёшлар парламентининг навбатдан ташқари мажлиси Ёшлар парламенти Раиси таклифига биноан ёки Ёшлар парламенти аъзолари умумий сонининг камида учдан бир қисми таклифига биноан чақирилиши мумкин.
36. Ёшлар парламенти мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисларда Ёшлар парламентининг қарорлари очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.
Ёшлар парламентининг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлисларида қатнашаётган аъзоларнинг сонини белгилаш, очиқ овоз бериш натижаларини санаб чиқиш ва овоз бериш натижаларини аниқлаш мақсадида Ёшлар парламенти аъзоларидан иборат саноқ комиссияси тузилади.
37. Кенгаш Ёшлар парламенти мажлислари оралиғида тўпланади.
Кенгаш мажлислари ёшлар парламенти мажлислари оралиғида заруратга қараб ўтказилади.
38. Ёшлар парламенти мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар уларни кўриб чиқиш навбати, Ёшлар парламентининг ҳар бир масалани кўриб чиқишга тайёрлаш учун масъул бўлган қўмиталари, маърузачилар (қўшимча маъруза билан сўзга чиқадиганлар), шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда мажлис кун тартиби лойиҳасига киритилади.
Ёшлар парламенти мажлиси кун тартибининг лойиҳаси Кенгаш томонидан тузилади.
Ёшлар парламенти аъзолари Ёшлар парламенти мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритилган масалалар тўғрисида олдиндан хабардор қилинади.
Ёшлар парламенти мажлисининг кун тартиби Ёшлар парламенти қарори билан тасдиқланади.
39. Ёшлар парламенти мажлислари очиқ ва ошкора ўтказилади ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритилиши мумкин.
40. Ёшлар парламенти мажлисларида иш юритиш давлат тилида олиб борилади.
41. Ёшлар парламенти мажлисида қилинадиган маърузалар ва қўшимча маърузаларнинг ҳамда сўзланадиган якунловчи сўзнинг муддати раислик қилувчи томонидан маърузачилар (қўшимча маъруза билан сўзга чиқадиганлар) билан келишилган ҳолда, қоида тариқасида, маърузалар учун ўттиз дақиқагача, қўшимча маърузалар учун йигирма дақиқагача ва якунловчи сўз учун ўн беш дақиқагача белгиланади.
Музокараларда сўзга чиқувчилар учун ўн дақиқагача вақт берилади.
Музокараларда такрорий сўзга чиқиш учун, шунингдек мажлиснинг олиб борилиши тартиби юзасидан, овоз бериш сабаблари бўйича, номзодлар юзасидан сўзга чиқиш, саволлар, таклифлар, хабарлар ва маълумотлар бериш учун уч дақиқагача вақт ажратилади.
Раислик қилувчи мажлисда ҳозир бўлган Ёшлар парламенти аъзоларнинг кўпчилиги розилиги билан Ёшлар парламенти мажлисининг кун тартибидаги масала муҳокамасининг умумий муддатини, савол-жавобларга ажратиладиган вақтни белгилаши, сўзлаш вақтини узайтириши мумкин.
Ёшлар парламенти мажлисларида Ёшлар парламенти аъзоси битта масала юзасидан музокараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.
Маърузачи ва қўшимча маъруза билан сўзга чиққан шахс музокараларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин якунловчи сўзга чиқиш ҳуқуқига эга.
Агар сўзга чиққан Ёшлар парламенти аъзоси сўзлаш учун ажратилган муддатга риоя қилмаса ёки муҳокама этилаётгандан бошқа масала юзасидан фикр билдирса бўлса, Ёшлар парламенти мажлисида раислик қилувчи бир марта огоҳлантирганидан кейин уни сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум этади.
42. Ёшлар парламентининг мажлислари, қоида тариқасида, иш кунлари соат 10.00 дан 13.00 гача ва (танаффусдан кейин) соат 15.00 дан 18.00 гача ўтказилади.
Ёшлар парламенти қарори билан Ёшлар парламенти мажлисларини бошлаш ва якунлашнинг ҳамда танаффус қилишнинг бошқа вақти белгиланиши мумкин.
V БЎЛИМ. ЁШЛАР ПАРЛАМЕНТИ ҚАРОРЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ
43. Ёшлар парламенти киритилган масалалар юзасидан, шунингдек Ёшлар парламентининг ички фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади.
Қарор лойиҳаси Ёшлар парламентига киритилаётганда унга қисқача тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.
44. Ёшлар парламенти Раиси қарор лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмита ва муддат белгилайди.
Кенгаш масъул қўмита вакилининг ахборотини эшитиб, қарор лойиҳасини Ёшлар парламенти мажлисининг кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади ва маърузачини белгилайди.
Ёшлар парламенти мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилади ва муҳокама натижалари юзасидан Ёшлар парламенти аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан Ёшлар парламенти қарори қабул қилинади.
45. Агар овоз бериш якунларига кўра қарор лойиҳасини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф зарур миқдорда овоз тўпламаган бўлса, таклиф рад этилган ҳисобланади.
46. Ёшлар парламентининг қарорлари тавсиявий характерга эга.
Ёшлар парламентининг қарорларида ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни такомиллаштиришга, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этишга ва ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга доир тавсиялар кўрсатилиши мумкин.
Ёшлар парламентининг қарорлари Ёшлар масалалари бўйича комиссия билан келишилган ҳолда давлат органларига ва ташкилотларига юборилиши мумкин.
Давлат органлари ва ташкилотлари Ёшлар парламентининг қарорларини кўриб чиқиш натижаси бўйича Ёшлар парламентини ёзма равишда хабардор қилади.
VI БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
47. Ушбу Регламентга ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарорига асосан киритилиши мумкин.
48. Ёшлар парламентининг ушбу Регламентда назарда тутилмаган мажлисларини ўтказиш тартиб-таомиллари Ёшлар парламенти мажлисида Ёшлар парламенти аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, баённома билан расмийлаштирилади ва қабул қилинган кундан эътиборан амал қилади.