Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
ҳар иккала Томон ўртасида меҳнат миграцияси жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш заруриятидан келиб чиқиб,
меҳнат мигрантларининг ижтимоий, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш истагида,
халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва принципларига таянган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланган Туркиядаги меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда Туркия Республикаси фуқаролари ҳисобланган Ўзбекистондаги меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини тартибга солади.
2-модда
1. Мазкур Битим жинси, ирқи, тили, дини ва эътиқоди, сиёсий ва бошқа қарашлари, этник ва ижтимоий келиб чиқиши, ёши, иқтисодий, мулкий, оилавий ҳолати ва меҳнат сифатлари билан боғлиқ бўлмаган бошқа ҳар қандай хусусиятлардан қатъи назар, барча меҳнат мигрантлари учун амал қилади.
2. Мазкур Битимдаги ҳеч бир қоида меҳнат мигрантларини қабул қилувчи мамлакатнинг қонунчилигига бўйсуниш ва қабул қилувчи мамлакат маданияти ва анъаналарини ҳурмат қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.
3-модда
Мазкур Битимда қуйидаги атамалар қўлланилади:
а) «меҳнат мигранти» — Аҳдлашувчи Томонлардан бири давлатининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида қонуний равишда яшайдиган ва қонуний асосда ҳақ тўланадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган фуқароси;
b) «шартнома» — иш берувчи ва меҳнат мигранти ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солиш учун тузилган битим;
с) «меҳнат фаолияти» — меҳнат мигрантининг қабул қилувчи мамлакат қонунчилигида белгиланган тартибда ва шартларда ишни бажариш учун тузилган шартнома асосидаги фаолияти;
d) «иш берувчи» — қабул қилувчи мамлакат қонунчилигида назарда тутилган тартибда тузилган меҳнат шартномалари асосида меҳнат мигрантларини ишга ёллайдиган юридик ёки жисмоний шахс;
е) «қабул қилувчи мамлакат» — меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида меҳнат мигранти ташриф буюрган Аҳдлашувчи Томон давлати;
f) «меҳнат мигрантининг оила аъзолари» — меҳнат мигрантининг турмуш ўртоғи ва қабул қилувчи мамлакат қонунчилигига мувофиқ унинг қарамоғида бўлган, 18 ёшга тўлмаган фарзандлари.
4-модда
1. Меҳнат мигрантлари қабул қилувчи мамлакат қонунчилигига мувофиқ иш берувчилар билан тузилган шартномалар асосида қабул қилувчи мамлакатда меҳнат фаолиятини амалга оширадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битим доирасида иш берувчи ва меҳнат мигранти ўртасида тузилган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлмайдилар.
5-модда
1. Мазкур Битимни амалга ошириш учун масъул бўлган Аҳдлашувчи Томонларнинг органлари (кейинги ўринларда — ваколатли органлар) қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси учун:
а) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;
b) Ички ишлар вазирлиги;
с) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги.
Туркия Республикаси учун:
а) Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги;
b) Ички ишлар вазирлиги.
2. Ваколатли органлар билан боғлиқ ўзгаришлар содир бўлган тақдирда, Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларини дипломатик каналлар орқали хабардор этадилар.
3. Ваколатли органлар мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал қилиш учун қўшма ишчи гуруҳ тузадилар.
4. Ваколатли органлар қуйидагилар тўғрисида бир-бирларини хабардор этадилар:
а) меҳнат мигрантларини ишга ёллаш ва ишга жойлаштиришни тартибга соладиган Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг қонунчилиги ҳамда уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар;
b) мамлакатга кириш ва мамлакатдан чиқиш бўйича қонуний тартиб-таомиллар ва тартиб-таомилларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар;
с) меҳнат мигрантларининг яшаш шароитлари;
d) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг меҳнат бозоридаги шарт-шароитлар;
е) ташқи меҳнат миграцияси соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш институтлари ва уларнинг фаолияти.
5. Мазкур Битимни амалга ошириш мақсадида Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида ўз ваколатли органининг ваколатхонасини очиши мумкин.
6-модда
1. Мазкур Битим қуйидаги шахсларга нисбатан қўлланилмайди:
а) Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг халқаро ташкилотлар штаб-квартиралари ва ваколатхоналарида ишлашга ёлланган ёки ишга юборилган, шунингдек, бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида жойлашган бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг расмий ваколатхоналарига ишга юборилган фуқаролари;
b) мақоми қабул қилувчи мамлакат билан алоҳида битим асосида тартибга солинадиган ҳамда мазкур Битимга мувофиқ меҳнат мигранти ҳисобланмайдиган, Аҳдлашувчи Томонлардан бири тарафидан ёки унинг номидан тараққиёт дастурлари ёки ҳамкорликнинг бошқа дастурларини амалга оширишда иштирок этиш учун ишга ёлланган ёки ишга юборилган бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати фуқаролари;
с) бошпана излаётганлар, халқаро ҳимояда бўлган мурожаат этувчилар, халқаро ҳимоядаги бенефициарлар, вақтинча ҳимояда бўлган шахслар, қочоқлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
d) Аҳдлашувчи Томон давлатларидан бирининг ҳудудидаги бошқа Аҳдлашувчи Томондан рўйхатдан ўтган ташкилотнинг филиали ёки доимий ваколатхонаси томонидан ишга ёлланган фуқаролар;
е) Бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида аккредитациядан утган хорижий матбуот ва радиоэшиттириш ташкилотларида фаолият олиб борадиган фуқаролари;
f) талабалар.
7-модда
Меҳнат мигрантларининг қабул қилувчи мамлакат ҳудудига кириши, ушбу мамлакат ҳудудида бўлиши, шунингдек, ушбу мамлакатдан чиқиши қабул қилувчи мамлакат қонунчилиги ва қабул қилувчи мамлакат иштирок этадиган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз мамлакатларида миграция оқимини тартибга соладилар ва ноқонуний меҳнат фаолиятини олдини олишда ҳамкорлик қиладилар.
9-модда
1. Меҳнат мигрантлари қабул қилувчи мамлакат қонунчилигига ва меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ дам олиш ҳуқуқига эга.
2. Меҳнат мигрантлари қабул қилувчи мамлакат иш берувчилари билан келишган ҳолда улар фуқаролари ҳисобланган Аҳдлашувчи Томон давлатининг расмий байрам кунларида меҳнат фаолиятидан озод қилиниши мумкин. Меҳнат фаолиятидан озод қилиш шартлари меҳнат шартномаси билан белгиланади.
3. Меҳнат мигрантларига тиббий хизмат кўрсатиш қабул қилувчи мамлакат қонунчилигига мувофиқ таъминланади.
4. Меҳнат мигрантлари қабул қилувчи мамлакатнинг ваколатли органларидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш, мамлакатда бўлиш тартиби ва шартлари, шунингдек, қабул қилувчи мамлакат қонунчилигидан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича маълумот олиш ҳуқуқига эгадирлар.
5. Меҳнат мигранти қабул қилувчи мамлакат қонунчилигига мувофиқ қабул қилувчи мамлакатга биргаликда яшаш учун ўз оила аъзоларини таклиф қилиш ҳуқуқига эга.
10-модда
1. Меҳнат мигрантининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва бошқа меҳнат шароитлари меҳнат шартномасига мувофиқ тартибга солинади.
2. Меҳнат мигрантларининг меҳнатига ҳақ тўлаш айни лавозим, мутахассислик, малака ва айнан ўхшаш ишни бажарадиган қабул қилувчи мамлакат фуқаролариникидан қуйироқ бўлмаслиги, меҳнат шароитлари қулайлиги камроқ бўлмаслиги зарур.
11-модда
Меҳнат мигранти қабул қилувчи мамлакатдан чиқиб кетаётганда, иш берувчи унга бажарилган ишнинг тури ва хусусияти, меҳнат фаолиятининг давомийлиги, шунингдек, олинган малака тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этади.
12-модда
1. Меҳнат мигрантлари ишлаб топган маблағни қабул қилувчи мамлакат ҳудудидан ўз мамлакатига эркин ўтказишни амалга ошириши мумкин.
2. Меҳнат мигрантларининг даромад солиғи қабул қилувчи мамлакат қонунчилигига ҳамда 1996 йил 8 майда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида даромадларга икки томонлама солиқ солишга йўл қуймаслик тўғрисида Битимга мувофиқ амалга оширилади.
3. Меҳнат мигрантлари қабул қилувчи мамлакат қонунчилигига мувофиқ ижтимоий таъминот ҳуқуқига эгадирлар.
13-модда
1. Меҳнат мигрантлари ҳақ тўланадиган меҳнат фаолияти тугаши билан меҳнат қилиш рухсатномаси муддати тугагунга қадар уларнинг яшаш учун рухсатномаси ўз кучида қолади, яшаш учун рухсатнома маълум бир тўланадиган меҳнат билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган ҳолатлар бундан мустасно. Бундай меҳнат мигрантлари муқобил ишларни излаш ва меҳнат бозорининг фаол хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
2. Қабул қилувчи мамлакат қонунчилигида ўрнатилган сабабларга кўра иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинадиган ҳолларда, иш берувчи меҳнат мигрантига қабул қилувчи мамлакат қонунчилиги ва шартномаларда назарда тутилган компенсацияни тўлаши зарур.
14-модда
1. Агар меҳнат мигранти ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисага дучор бўлса, касбий касалликларга чалинса ёки соғлиғи билан бошқа муаммоларга дуч келса, меҳнат мигранти ва бошқа тирик қолган шахслар қабул қилувчи мамлакат қонунчилигига мувофиқ моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.
2. Зарур ҳолларда, Аҳдлашувчи Томонлар меҳнат мигрантларини ва уларнинг оила аъзоларини ўз мамлакатларига олиб келиш, дафн маросимларини ташкил этиш учун зарур шароитларни таъминлайди. Ўлим бўйича тўловлар қабул қилувчи мамлакат қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
3. Меҳнат мигранти ёки унинг оила аъзоларидан бири қабул қилувчи мамлакат ҳудудида вафот этган тақдирда, агар ундан мол-мулк, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва ўлим учун компенсация олиш ҳуқуқи қоладиган бўлса, Аҳдлашувчи Томонлар вазиятни зудлик билан ҳал қилиш учун тегишли шахсларга зарур бўлган ёрдамни кўрсатадилар. Ушбу муаммоларни ҳал этиш мазкур Битим ҳамда икки томонлама ёки кўп томонлама шартномалар асосида амалда бўлган қабул қилувчи мамлакатнинг қонунчилиги доирасида амалга оширилади.
4. Қабул қилувчи мамлакатнинг тегишли органи бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси ёхуд тегишли ваколатли органига меҳнат мигрантининг ўлими тўғрисида зудлик билан хабар беради.
15-модда
Меҳнат мигранти томонидан қабул қилувчи мамлакат ҳудудига кириш ёки яшаш режими қоидалари, миграция рўйхатидан ўтиш қоидалари, ҳаракатланиш ёки яшаш жойини танлаш тартиби бузилган тақдирда, меҳнат мигранти қабул қилувчи мамлакат қонунчилигида назарда тутилган тартиб-қоидаларга мувофиқ жавобгарликка тортилади ҳамда юборувчи мамлакат томонидан қилинган барча харажатлар меҳнат мигрантлари томонидан қопланади.
16-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон дипломларни, таълим тўғрисидаги гувоҳномаларни, унвон, даража ва малакани ўз ичига олган ҳужжатларни ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун лозим бўлган бошқа ҳужжатларни, қабул қилувчи мамлакат қонунчилигига мувофиқ юборувчи мамлакат томонидан тасдиқланган барча ҳужжатларни тан олади.
17-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган низолар мазкур Битимнинг 5-моддаси 3-бандига мувофиқ тузиладиган қўшма ишчи гуруҳининг музокаралари ва маслаҳатлашувлари орқали ҳал қилинади.
18-модда
Мазкур Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишувига кўра киритилади. Бундай ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур Битимнинг 19-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
19-модда
1. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида сўнгги ёзма хабарномани дипломатик каналлар орқали олганидан бошлаб кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири мазкур Битимнинг амал қилишини бошқа Аҳдлашувчи Томонни бу тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма хабардор қилиш орқали тугатиши мумкин. Бундай ҳолатда, мазкур Битим тегишли хабарнома олинган санадан бошлаб, 6 ой ўтгандан сўнг тугатилади.
Тошкент шаҳрида, 2018 йил 30 апрелда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда тафовутлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)