Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 11 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2495-9]
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 28 августдаги ЎРҚ-948-сон «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 июндаги 358-сон «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2012 йил 29 декабрдаги 174-сон буйруғи (рўйхат рақами 2495, 2013 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 31-сон, 414-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий суд ва Бош прокуратура билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир П. БОБОЖОНОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 12 февраль,
78-сон
Келишилди:
Бош прокурор Н. ЙЎЛДОШЕВ
2025 йил 4 февраль
Олий суд раиси Б. ИСЛАМОВ
2025 йил 25 январь
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Ф. ЭШМАТОВА
2025 йил 17 январь
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2025 йил 12 февралдаги 78-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. 69-банд қуйидаги таҳрирдаги ўн тўртинчи — ўн олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Маҳкумлар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.
Маҳкумларда уларнинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
Маҳкумларга Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқи берилади.».
2. 196-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«196. ЖИЭМда маҳкумларнинг ишдан бўш вақтида озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олишлари учун Face-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиоск (бундан буён матнда инфокиоск деб юритилади) ташкил этилади ҳамда ушбу инфокиоск ҳар куни ишлаши таъминланади.
Маҳкум инфокиоскдан фойдаланиш учун Face-ID идентификация тизими орқали юз қиёфасидан унинг шахси идентификация қилинади ва унга инфокиоскнинг шахсий менюсига кириш учун шахсий идентификация ID- рақами берилади.
Шахсий менюда ҳар бир маҳкумга унинг шахсий ҳисобида мавжуд маблағ, ой давомида харид қилиш мумкин бўлган маблағ лимити ҳамда харидлар тарихи акс эттирилади.».
3. 197-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«197. Маҳкум озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олиш учун инфокиоскнинг буюртма менюсига кириб, зарур маҳсулотларни танлайди ва буюртма беради.
Инфокиоск орқали амалга оширилган буюртманинг етказиб бериш муддати маҳкумнинг шахсий менюсида кўрсатилади ҳамда инфокиоск қурилмадан маҳкумга буюртма чеки чиқарилади.
Буюртма берилган маҳсулотнинг беш кун муддатда ЖИЭМга етиб келиши ЖИЭМ маъмурияти томонидан назорат қилинади.
Буюртма берилган маҳсулот ЖИЭМга етиб келгандан сўнг ушбу маҳсулот ЖИЭМ маъмурияти томонидан маҳкумларга имзо қўйдирилган ҳолда тарқатилади.
Турмаларнинг камераларида ҳамда умумий, қаттиқ ва махсус тартибли колонияларнинг карцерларида сақланаётган маҳкумларни инфокиоскга олиб чиқиш тақиқланади. Улар озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни, одатда, ижтимоий ходим орқали планшетга ўрнатилган электрон дастурдан фойдаланиб сотиб олади.».
4. 198-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
5. Қуйидаги мазмундаги 2411 ва 2412-бандлар билан тўлдирилсин:
«2411. ЖИЭМнинг ҳар бир турар жой секторида, саноат зоналарида, қисқа ва узоқ муддатли учрашувларни ўтказиш учун мўлжалланган биноларда, маҳкумлар мурожаатларни қолдириши учун қулай бўлган жойда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) мурожаатлар қутиси, тарбия колонияларида эса қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига (Болалар омбудсманига) мурожаатлар қутиси ўрнатилади (бундан буён матнда Омбудсман қутиси деб юритилади).
Омбудсман қутисига мурожаатларни маҳкумлар тўғридан-тўғри ўзлари ташлайди ва мазкур мурожаатлар ЖИЭМ маъмурияти томонидан кўздан кечирилмайди.
2412. Омбудсман қутиси тегишинча фақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ёки унинг Девони ходимлари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ёки унинг котибияти ходимлари томонидан очилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ёки унинг Девони ходимлари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ёки унинг котибияти ходимлари томонидан қутидан мурожаатларни олгандан сўнг ушбу қутининг муҳрланишини таъминлайди.».
6. 21-илова ўз кучини йўқотган деб топилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2025 й., 10/25/2495-9/0230-сон)