Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 28 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3610]
Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги ҳамда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ буюраман:
1. Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 февраль,
15-сон
Келишилди:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ
2025 йил 18 февраль
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 10 февраль
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 19 февралдаги 15-сон буйруғига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш тартибини, шунингдек қимматли қоғозларни чиқариш ва (ёки) жойлаштиришда эмитент ва андеррайтер ўртасидаги муносабатларнинг асосларини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
эмитент — эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарувчи ва улар юзасидан қимматли қоғозларнинг эгалари олдида мажбуриятлари бўлган юридик шахс;
андеррайтер — андеррайтинг фаолиятини амалга оширувчи инвестиция воситачиси ёки тижорат банки;
андеррайтинг фаолияти (андеррайтинг) — эмитент ва андеррайтер (андеррайтерлар) ўртасидаги шартномада белгиланган шартлар асосида эмитентнинг қимматли қоғозларини чиқарилишини ташкиллаштириш ва/ёки кафолатли жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш фаолияти;
андеррайтинг хизматини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома — бир томондан, маълум бир нархда жойлаштирилиши керак бўлган қимматли қоғозларни чиқараётган эмитент ва бошқа томондан андеррайтер (андеррайтерлар) ўртасидаги шартнома;
қимматли қоғозлар — ҳужжатлар бўлиб, улар мазкур ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайди, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутади;
инвестиция меморандуми — эмитент ҳақида барча зарур маълумотларни ўз ичига олган ҳамда қимматли қоғозларни жойлаштириш нархи тўғрисидаги ахборотларни ва битим тафсилотларини кўрсатмайдиган инвесторларга тақдим этиш учун олдиндан тайёрланган ҳужжатлар тўплами;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги.
2-боб. Андеррайтинг фаолияти ва уни ташкил этиш тартиби
2. Андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш учун:
инвестиция воситачилари қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан инвестиция воситачиси сифатида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга;
тижорат банклари эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлиши лозим.
Капитал бозори соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини тақдим қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3493, 2024 йил 29 январь) ҳамда мазкур Низом талабларига мувофиқ капитал бозори соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими иштирокчилари бўлган инвестиция воситачилари андеррайтинг фаолиятини амалга ошириши мумкин.
3. Андеррайтинг фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
эмитент билан биргаликда қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштиришнинг мақбул тузилмасини шакллантириш;
қимматли қоғозларни чиқаришнинг кутилаётган ҳажмидан қимматли қоғозларни сотиб олиш ҳуқуқига олдиндан обуна ўтказиш;
маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, шу жумладан потенциал инвесторлар томонидан чиқарилиши кутилаётган қимматли қоғозлар ҳажмидан уларни сотиб олиш ҳуқуқига амалга оширилган дастлабки обуналардан келиб чиқиб бозор конъюнктураси ва имкониятларини ўрганиш;
қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш билан боғлиқ ҳужжатларни тузиш;
заруратга кўра, андеррайтерларнинг вақтинчалик бирлашмасини шакллантириш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун инвестиция воситачилари ва тижорат банкларини танлаш;
андеррайтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган, қабул қилинган мажбуриятлар ва муддатларга мувофиқ эмитентнинг қимматли қоғозларининг кафолатли жойлаштирилишини ўтказиш (қимматли қоғозларнинг чиқарилишларини муайян минимал нархда жойлаштириш);
андеррайтинг хизматларини кўрсатганлик учун андеррайтерларнинг вақтинчалик бирлашмаси аъзолари (иштирокчилари) ўртасида (агар мавжуд бўлса) сотиб олиш ва сотиш фарқидан олинган даромад ёки хизмат ҳақини (мукофотини) тақсимлаш;
эмитентга қимматли қоғозларни жойлаштиришдан тушган маблағларни тўлаш;
инвестиция меморандумини тузиш ва инвесторларга тақдим этиш.
4. Андеррайтер томонидан қимматли қоғозларни кафолатли жойлаштириш турлари қуйидагилардан иборат:
тўлиқ кафолатли жойлаштириш — чиқарилган барча қимматли қоғозларни жойлаштирилиши;
қисман кафолатли жойлаштириш — чиқарилган қимматли қоғозларнинг 10 фоизидан кам бўлмаган қисмининг жойлаштирилиши.
5. Андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш жараёнида андеррайтер қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қимматли қоғозларни тўлиқ ёки қисман кафолатли дастлабки жойлаштиришга шартнома тузишда эмитентдан қимматли қоғозларнинг номинал қийматидан чегирма тақдим этишни шартнома билан белгиланадиган миқдорда талаб қилиш;
қимматли қоғозларни жойлаштириш шартларини бажармаган тақдирда эмитент олдида жавобгарлик таваккалчилигини суғурта қилиш;
эмитент акциядорларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча мумкин бўлган чораларни кўриш;
қимматли қоғозларни жойлаштиришда шартномада белгиланган миқдорда эмитентдан хизмат ҳақи олиш.
6. Эмитент андеррайтерга инвестиция меморандумини тузиш ва инвесторларга бериш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиши шарт.
Инвестиция меморандумида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
таъсис ҳужжатларига мувофиқ эмитент томонидан қўйилган мақсадларга эришиш учун эмитентнинг келгуси йил учун стратегияси;
эмитентнинг бошқарув тизимини тавсифлаш (касбий тайёргарлик, бошқарув ходимларининг иш тажрибаси, сўнгги уч йил ичида иш жойлари ва эгаллаб турган лавозимларни кўрсатган ҳолда);
бозордаги рақобат муҳитини ва эмитентнинг улушини таҳлил қилиш, шунингдек эмитент ва тармоқ фаолиятининг тавсифи;
эмитентнинг охирги уч молия йилидаги молиявий натижаларининг (чораклар бўйича) таҳлили, даромадларнинг пасайиши ёки ошиши сабаблари, молиявий қўйилмалар олинганидан (эмиссияни амалга оширишдан) кейинги молиявий натижалар прогнози;
эмитентнинг молиявий камомадини (даромадини) вақтинчалик оралиқ муддатда аниқлаш;
қимматли қоғозлар чиқарилишидан (эмиссиясидан) олинган маблағларни сарфлаш сметаси харажатлари.
Эмитент ва андеррайтерлар ҳар бир потенциал харидорга жойлаштирилган қимматли қоғозларни сотиб олиш пайтига қадар сотиш шартлари ва эмиссия рисоласи билан танишиш имкониятини беришлари шарт.
Эмитент ва андеррайтерлар эмиссия рисоласида эълон қилинган ахборотнинг ишончлилиги ва тўлиқлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда биргаликда жавобгар бўладилар.
7. Эмитент томонидан андеррайтерни танлаш:
номзодлар билан андеррайтинг бўйича хизматлар кўрсатиш учун дастлабки музокаралар асосида;
андеррайтинг бўйича хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун оммавий (ёхуд ёпиқ) танлов (тендер) ўтказиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
3-боб. Андеррайтерларнинг вақтинчалик бирлашмаси
8. Қимматли қоғозларни жойлаштиришда эҳтимолий зарар кўриш таваккалчилигини тақсимлаш мақсадида биргаликда фаолият юритиш учун андеррайтерларнинг вақтинчалик бирлашмаси (бундан буён матнда бирлашма деб юритилади) ташкил этилиши мумкин.
9. Бирлашмани ташкил этиш ташаббускори эмитент томонидан танланган андеррайтер ҳисобланади. Андеррайтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома эмитент билан бирлашма ўртасида қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Низомнинг 15-бандига мувофиқ тузилади.
10. Бирлашма аъзоларининг (иштирокчиларининг) ўзаро муносабатлари ўзаро ҳамкорлик шартномаси билан тартибга солинади.
11. Ўзаро ҳамкорлик шартномасида:
бирлашма аъзоларининг (иштирокчиларининг) рўйхати, уларнинг бирлашмадаги ҳиссаси миқдори;
қарор қабул қилиш тартиби;
бирлашма аъзоларининг (иштирокчиларининг) ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар келишилган бўлиши керак.
12. Эмитент томонидан танланган андеррайтер эмитентдан қўшимча ҳақ олмаган ҳолда бирлашма ички ишларини юритиш ва уларни ташкиллаштиришни амалга оширади.
Бирлашма томонидан амалга оширилган жойлаштириш бўйича харажатлар бирлашма аъзоларининг (иштирокчиларининг) улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.
Андеррайтинг хизматларини кўрсатганлик учун хизмат ҳақи (мукофот) эмитент ва бирлашма ўртасида шартномада белгиланган миқдорда тўланади ва қимматли қоғозларни кафолатли жойлаштириш бўйича қабул қилинган мажбуриятларга мутаносиб равишда бирлашма аъзолари (иштирокчилари) ўртасида эмитент томонидан танланган андеррайтер томонидан тақсимланади.
13. Қимматли қоғозларни жойлаштириш тугалланганидан сўнг бирлашма ўз фаолиятини тугатади.
4-боб. Андеррайтинг хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома
14. Эмитент ва андеррайтер ўртасидаги қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнидаги ўзаро муносабатлар улар ўртасида тузилган андеррайтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома билан белгиланади.
15. Андеррайтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома андеррайтер томонидан қонунчиликка мувофиқ тайёрланади ва қуйидаги мажбурий (муҳим) шартларни ўз ичига олади:
қимматли қоғозларни жойлаштириш шартлари ва андеррайтинг хизматининг хусусияти;
эмитент ва андеррайтер (бирлашма) ўртасида қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида ўзаро муносабатларнинг шартлари ва тартиби;
эмитент билан андеррайтер (бирлашма) ўртасида қимматли қоғозларни жойлаштиришдан кейинги ўзаро муносабатларнинг шартлари ва тартиби (иккиламчи бозорда жойлаштирилган қимматли қоғозларни андеррайтер (бирлашма) томонидан қўллаб-қувватлаш);
андеррайтинг хизматлари учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.
5-боб. Андеррайтер фаолиятини назорат қилиш
16. Андеррайтерлар фаолиятини назорат қилиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
17. Қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида андеррайтер томонидан қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
инвесторлар учун аҳамиятга эга бўлган ахборотни лозим даражада ошкор қилмасдан туриб андеррайтинг хизматларини амалга ошириш;
қимматли қоғозлар бозорининг алоҳида бир иштирокчиларига ёки инвесторларга бошқаларга нисбатан имтиёзли ҳуқуқларни тақдим этиш, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
эмитент билан тузилган шартноманинг шартларини бажармаслик, лозим даражада бажармаслик ва (ёки) ўз вақтида бажармаслик;
эмитентга, бирлашма бўйича ҳамкорларига ёки инвесторларга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлар.
18. Андеррайтер эмитентнинг қимматли қоғозларини жойлаштиришда акциядорлик жамиятининг фойдасини ва қимматли қоғозларнинг ликвидлилигини янада ошишини ҳисобга олиши керак.
19. Андеррайтер мазкур Низом талабларини бажармаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 19 февралдаги 15-сон буйруғига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази томонидан 1999 йил 21 декабрда тасдиқланган Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 860, 1999 йил 28 декабрь).
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2004 йил 3 июндаги 2004-10-сон «Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 860-1, 2004 йил 14 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2004 й., 24-сон, 281-модда).
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2008 йил 24 сентябрдаги 2008-19-сон «Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 860-2, 2008 йил 13 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 42-сон, 427-модда).
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2013 йил 11 декабрдаги 2013-14-сон «Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 860-3, 2013 йил 19 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 51-сон, 680-модда).
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2019 йил 15 мартдаги 2019-19-сон «Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низомнинг 1.3-бандига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 860-4, 2019 йил 9 апрель) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.04.2019 й., 10/19/860-4/2908-сон).
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2019 йил 14 октябрдаги 2019-59-сон «Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низомнинг 2.1-бандига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги буйруғи (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2019 й., 10/19/860-5/3982-сон).
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.03.2025 й., 10/25/3610/0205-сон)