Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат харидларини корпоратив банк карталари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сон Фармони ҳамда «Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 10 июлдаги ПҚ-249-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, давлат харидларини амалга ошириш жараёнини соддалаштириш орқали давлат буюртмачилари ва тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 10 июлдаги ПҚ-249-сон қарорининг 6-бандида давлат буюртмачилари томонидан корпоратив банк карталаридан («харид карталари») фойдаланган ҳолда, харидларни амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат харидларини корпоратив банк карталари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
хизмат сафарлари, шу жумладан, транспорт ва яшаш харажатлари учун тўловларни амалга ошириш;
бензин, суюлтирилган ва сиқилган газ, авиа ва дизель ёқилғисида ҳаракатланувчи транспорт воситаларига ёқилғи қуйиш, электромобилларни электр энергияси билан қувватлантириш билан боғлиқ харидлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда тўлов тизими операторлари билан биргаликда 2025 йил 1 июлга қадар давлат харидлари махсус ахборот порталида корпоратив банк карталари орқали амалга ошириладиган давлат харидларининг ҳисобини юритиш имконини берувчи алоҳида ахборот тизимини яратсин ҳамда унинг тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 24 февраль,
108-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 февралдаги 108-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Давлат харидларини корпоратив банк карталари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат буюртмачиларининг миллий валютада нақд пулсиз шаклда корпоратив банк карталари (харид карталари) орқали давлат харидларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
корпоратив банк картаси (кейинги ўринларда — харид картаси) — давлат буюртмачисига банк томонидан бериладиган, харид картасини сақловчига карта ҳисобварағида ҳисобда турган маблағларни тасарруф этган ҳолда товарлар, ишлар ёки хизматларни сотиб олиш учун нақд пулсиз шаклда миллий валютада тўловларни тўлаш ҳуқуқини берувчи банк картаси;
шахсий кабинет — электрон давлат харидларида иштирок этишни, зарур ахборотни жойлаштиришни ва ундан фойдаланишни таъминлайдиган давлат харидлари субъектлари ва харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат назоратини амалга оширувчи давлат органларининг махсус ахборот порталидаги индивидуал саҳифаси;
харид картасини сақловчи — давлат буюртмачиси ва эмитент банк ўртасидаги шартнома асосида харид картасидан фойдаланувчи давлат буюртмачиси ёки у ваколат берган шахс;
ҳисобдор шахс — давлат буюртмачиси томонидан харид картасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган жисмоний шахс.
3. Давлат буюртмачиси харид картасидан фойдаланган ҳолда, давлат харидларини амалга ошириш мақсадида харид картаси ҳисобварағини очиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда эмитент банкка мурожаат қилади. Бунда бюджет буюртмачисининг ҳар бир тегишли шахсий ғазна ҳисобварағи бўйича эмитент банкда алоҳида банк транзит ҳисобварағи очилади.
4. Қуйидаги товарлар (ишлар, хизматлар) харид карталаридан фойдаланган ҳолда харид қилиниши мумкин:
а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат буюртмачиси фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган хизмат сафарлари ва бошқалар учун чипталар (авиа, темирйўл ва йўналиш транспорти) ҳамда яшаш харажатлари.
Бунда ушбу кичик бандга мувофиқ давлат харидлари Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 2 августдаги 424-сон қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади;
б) давлат буюртмачисининг эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда талаб этиладиган бензин, суюлтирилган ва сиқилган газ, авиа ва дизель ёқилғисида ҳаракатланувчи транспорт воситаларига ёқилғи қуйиш, электромобилларни электр энергияси билан қувватлантириш харажатлари;
в) корпоратив буюртмачилар томонидан қонунчиликка мувофиқ тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи берилган ҳолларда товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) бир молия йили давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир минг баравари миқдоригача амалга ошириладиган давлат харидлари, ушбу банднинг «а» ва «б» кичик бандлари кўрсатилган харидлар бундан мустасно.
5. Давлат буюртмачилари томонидан харид картасига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендлар ўтказилишига, шунингдек, харид картаси ёрдамида нақд пул берилиши ва (ёки) чет эл валютаси сотиб олинишига йўл қўйилмайди.
Давлат буюртмачилари томонидан бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдоларида иштирок этиб, харидларни амалга ошириш учун харид картасидан фойдаланиш тақиқланади.
6. Харид картасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳисобдор шахслар рўйхати давлат буюртмачиси раҳбарининг буйруғи (фармойиши) билан белгиланади. Ҳисобдор шахслар мазкур давлат буюртмачиларининг ходимлари бўлиши шарт.
7. Харид картасига маблағларнинг илк бор ҳисобга киритилиши ва кейинчалик тўлдирилиши учун давлат буюртмачисида белгиланган тартибда раҳбар ёки у ваколат берган шахснинг буйруғи асос бўлади.
8. Харид картасининг эмитент банки харид картасини сақловчига юборилган ва ундан олинган хабарномаларнинг ушбу хабарномалар юборилган ва олинган кундан эътиборан уч йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида сақланишини таъминлайди.
9. Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган томонидан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида очилган кабинет орқали харид картасига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига (кейинги ўринларда — ИФУТ) мувофиқ ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилмаган давлат харидларини амалга оширишга чекловлар ўрнатилади, бунда ўрнатилган чекловлар харид карталари учун доимий бўлиб, банк пул ўтказмаларидан аввал жорий этилади.
2-боб. Корпоратив буюртмачилар томонидан харид картасидан фойдаланилган ҳолда давлат харидларини амалга ошириш тартиби
10. Корпоратив буюртмачиларнинг харид карталаридан фойдаланилган ҳолдаги давлат харидлари мазкур Низомнинг умумий қоидаларини инобатга олган ҳолда, ушбу бобда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
11. Корпоратив буюртмачилар ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган давлат харидлари учун банк транзит ҳисобварағига тўлов топшириқномаси асосида маблағлар ўтказади.
12. Корпоратив буюртмачилар ўз тасарруфида бўлган харид картасига режалаштирилган маблағлар доирасида фойдаланиш чекловларини қўйиши мумкин.
13. Ҳисобдор шахслар харид картаси орқали ушбу Низомнинг 4-бандида белгиланган давлат харидларини амалга оширади.
14. Харид картаси орқали амалга ошириладиган давлат харидлари тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг ахборот тизими орқали махсус ахборот порталида очилган шахсий кабинетга юборилади.
Бунда махсус ахборот порталида очилган шахсий кабинетга келиб тушган барча ахборотлар ҳисобот кўринишига келтирилади ва электрон шаклда автоматик равишда шартномаларнинг ягона реестрида шакллантирилади.
15. Корпоратив буюртмачи томонидан харид картаси ёрдамида амалга ошириладиган давлат харидлари тўғрисидаги ахборот электрон маълумотлар алмашинуви йўли билан давлат харидларининг махсус ахборот порталида акс эттирилади. Бунда харид картасини сақловчи томонидан харид картаси ёрдамида амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги ҳисобот давлат буюртмачисининг бухгалтериясига тақдим этилиши талаб этилмайди.
3-боб. Бюджет буюртмачиси томонидан харид карталардан фойдаланилган ҳолда давлат харидларини амалга ошириш тартиби
16. Бюджет буюртмачисининг харид картасидан фойдаланилган ҳолдаги давлат харидлари ушбу Низомнинг умумий қоидаларини инобатга олган ҳолда, ушбу бобда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
17. Бюджет буюртмачиси харид картасига маблағларни ўтказиш учун «UzASBO» ДМда юридик мажбуриятларни рўйхатдан ўтказишга (ҳисобга олишга) буюртма (кейинги ўринларда — буюртма) шакллантиради ва электрон ҳужжат шаклида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси (кейинги ўринларда — Ғазначилик хизмати) бўлимларига юборади.
Бунда маблағлар бюджет буюртмачиларининг харажатлар сметасида ушбу Низомнинг 4-банди «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилган давлат харидлари учун режалаштирилган маблағлар доирасида банк транзит ҳисобварағига буюртма ва тўлов топшириқномаси асосида ўтказиб берилади.
18. Бюджет буюртмачилари томонидан рўйхатдан ўтказиш учун электрон шаклда юборилган буюртмалар Ғазначилик хизмати бўлимлари томонидан бир иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат молиясини бошқариш ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ДМБАТ) электрон шаклда рўйхатдан ўтказилади ёки ҳисобга олинади. Камчиликлар аниқланган тақдирда, тегишли камчиликлар кўрсатилган ҳолда, электрон шаклда бюджет буюртмачиларига қайтарилади.
19. Ғазначилик хизмати бўлимлари томонидан рўйхатдан ўтказилган ёки ҳисобга олинган буюртмаларга асосан бюджет буюртмачилари тўлов топшириқномаларини «UzASBO» ДМда шакллантиради ва электрон шаклда Ғазначилик хизмати бўлимларига юборади.
Ушбу тўлов топшириқномасида назарда тутилган маблағлар Ғазначилик хизмати бўлимлари томонидан бир иш куни мобайнида бюджет буюртмачисининг рўйхатдан ўтказилган буюртмаси доирасида эмитент банкда очилган тегишли (рўйхатдан ўтказилган ёки ҳисобга олинган буюртманинг ҳисобварағи) банк транзит ҳисобварағига ўтказилади. Камчиликлар аниқланганда эса, тегишли камчиликлари кўрсатилган ҳолда электрон шаклда бюджет буюртмачиларига қайтарилади.
Бюджет буюртмачиларнинг харид картасига кирим қилиш мақсадида банк транзит ҳисобварағига маблағларнинг тўғри ўтказилишини назорат қилиш Ғазначилик хизмати бўлимларига юкланади.
20. Бюджет буюртмачилари ўз тасарруфида бўлган харид картасидаги маблағлардан фойдаланиш учун тегишли чекловларни қўйиши мумкин.
21. Бюджет буюртмачисининг ҳисобдор шахслари харид картаси орқали ушбу Низом 4-бандининг «а» ва «б» кичик бандларида белгиланган давлат харидларини амалга оширади.
22. Бюджет буюртмачисига очилган харид картаси орқали амалга ошириладиган давлат харидлари тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг ахборот тизими орқали махсус ахборот порталида очилган шахсий кабинетга юборилади.
Бунда махсус ахборот порталида очилган шахсий кабинетга келиб тушган барча ахборотлар ҳисобот кўринишига келтирилиб, ДМБАТга ва «UzASBO» ДМга юборилгандан сўнг мазкур ҳисобот электрон шаклда автоматик равишда шартномаларнинг ягона реестрида шакллантирилади.
23. Харид картаси ёрдамида амалга ошириладиган давлат харидлари тўғрисидаги ахборот электрон маълумотлар алмашинуви йўли билан давлат харидларининг махсус ахборот порталида, шунингдек, бюджет буюртмачилари бўйича ДМБАТда ва «UzASBO» ДМда ҳам акс эттирилади. Бунда харид картасини сақловчи томонидан харид картаси ёрдамида амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги ҳисобот бюджет буюртмачисининг бухгалтериясига тақдим этилиши талаб этилмайди.
4-боб. Якунловчи қоидалар
24. Давлат буюртмачиси ушбу Низомда белгиланган давлат харидларини Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган давлат харидларининг асосий принципларига, хусусан, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги принципига мувофиқ амалга ошириши шарт.
Ушбу Низомда қайд этилмаган товарларнинг (ишлар, хизматлар) харид картаси орқали харид қилиниши ва харид картасидаги маблағлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
25. Жорий молия йили якунига кўра харид картасидаги фойдаланилмаган маблағлар белгиланган тартибда тегишли ҳисобвараққа (бюджет буюртмачиларнинг тегишли шахсий ғазна ҳисобварағига) қайтарилади ва ундан тўловларни тўлаш ушбу Низом билан тартибга солинади.
26. Харид картаси йўқолган (ўғирланган, шикастланган) тақдирда, ушбу карта сақловчиси карта йўқолгани (ўғирлангани, шикастлангани) ҳақида давлат буюртмачисининг раҳбарига дарҳол хабар бериши шарт ва у операцияларни блокировкалаш мақсадида карта йўқолгани (ўғирлангани, шикастлангани) тўғрисида эмитент банкни ёзма равишда ёки шартномада назарда тутилган бошқа усулда огоҳлантиради. Карта бўйича хизматлар кўрсатилиши эмитент банк билан тузилган шартномада белгиланган муддатда тўхтатилади.
Бунда давлат буюртмачисининг бош ҳисобчиси махсус ахборот порталида очилган шахсий кабинети орқали харид картасидан ҳар қандай тўловларни ўтказишни тўхтатиш мақсадида блоклайди.
27. Харид картасини чиқариш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
28. Давлат буюртмачиси харид картасидаги маблағлар ҳисобидан давлат харидлари қонунчилик талаблари доирасида амалга оширилиши ҳамда ундаги маблағлар мақсадли сарфланишига, шунингдек, харид картасидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ушбу Низомда белгиланган талабларга риоя этилиши бўйича жавобгарлик банк картасини сақловчи ва унинг ҳисобдор шахси зиммасига юкланади.
29. Ушбу Низомда белгиланган талабларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 февралдаги 108-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 июндаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Таъсисчиси бюджет ташкилотлари бўлган унитар корхоналарга ғазначилик орқали хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
юридик мажбуриятлар — унитар корхоналар томонидан тузилган шартномалар, шунингдек, тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қарорлари асосида унитар корхоналарда юзага келадиган мажбуриятлар;
молиявий мажбуриятлар — унитар корхоналардан маблағларни ўтказиш мажбуриятини юкловчи ҳужжатлар, шу жумладан, ижро ҳужжатлари асосида юзага келадиган мажбуриятлар».
2. 5-боб ўз кучини йўқотган деб топилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.02.2025 й., 09/25/108/0177-сон)