Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий низомларини тасдиқлаш тўғрисида
[Кўчирма]
Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари ҳам тубдан қайта кўриб чиқилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси келгусида Қуролли Кучлар таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизимида ҳарбий хизматни ўтаб келаётган ҳарбий хизматчиларнинг кундалик жанговар-хизмат фаолиятини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ҳарбий хизматни ўташ масалаларини янада такомиллаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш вақтидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини, ички, гарнизон ва қоровуллик хизматларини ташкил этиш бўйича тартиб ва қоидаларни белгилаш, шунингдек, ҳарбий интизом ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарлиги ва ҳуқуқий муҳофазасининг кафолатларини, улар ўртасидаги ўзаро муносабатларни, уларни жойлаштиришни, ҳарбий хизматни ўташ даврида вақтнинг тақсимланиши ва кундалик тартибни, жанговар навбатчиликни (навбатчиликни) ва суткалик наряд хизматини ташкил этишни, техникалардан фойдаланиш даврида ички хизматнинг хусусиятларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ички хизмат низоми 1-иловага* мувофиқ;
ҳарбий интизомнинг моҳиятини, унга риоя қилиш бўйича ҳарбий хизматчиларнинг мажбуриятларини, ҳарбий хизматчиларни рағбатлантириш ва интизомий таъзир турларини, рағбатлантириш ва интизомий таъзирларни қўллашни, ҳарбий хизматчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом низоми 2-иловага* мувофиқ;
гарнизоннинг мансабдор шахслари ва уларнинг мажбуриятларини, гарнизон наряди, гарнизон ҳарбий комендатураси ва ҳарбий автомобиль инспекцияси фаолиятини ташкил этишни, қўшинлар иштирокида гарнизон тадбирларини ўтказишни, қоровуллик хизматини ташкил этиш ва қоровулларни тайёрлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Гарнизон ва қоровуллик хизматлари низоми 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 3-иловалар берилмайди.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий низомлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчилари, ҳарбий хизматни ўташ назарда тутилган вазирликлар ва идораларнинг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларидаги ҳарбий хизматчилари, шунингдек, ҳарбий йиғинларни ўташ даврида ва ҳарбий кийим-кечакни кийиб юриш ҳуқуқи билан ҳарбий хизматдан бўшатилган Қуролли Кучлар резервида (захирасида, истеъфода) турган фуқароларга нисбатан татбиқ этилади;
ҳарбий йиғинларни ўташ, ҳарбий кийим-кечакда юриш қоидаларини белгилаш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни ҳарбий лавозимларга тайинлаш, ҳарбий лавозимлардан озод этиш, ҳарбий хизматдан Қуролли Кучлар резервига (захирасига) бўшатиш ҳамда истеъфога чиқариш умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришни ва ҳарбий хизматни ўташни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади;
ҳарбий хизматчиларнинг одоб-ахлоқ ва хулқ-атвор қоидалари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий низомлари билан белгиланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизмати бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Саф низомини тасдиқласин.
6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 февраль,
ПФ-23-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-23-сон Фармонига
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 февралдаги ПҚ-4217-сон қарори билан тасдиқланган Ҳарбий бўлинмаларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомда:
15 — 17-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Давлат мукофотлари билан тақдирланган ҳарбий бўлинмалар ўз номланишларида улар тақдирланган давлат мукофотларининг номларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Вазирликнинг байроғига ушбу ҳарбий бўлинма тақдирланган орден ва медаллар ҳамда ана шу давлат мукофотларининг ленталари қадаб кўйилади.
Вазирликнинг байроғига қадаб қўйиладиган давлат мукофоти лентасининг эни 10 см, лентанинг бант билан биргаликдаги узунлиги — 260 см, попук (бубон)лар — 20 см дан, бантнинг узунлиги — 25 см.
16. Ҳарбий бўлинма тақдирланган орден ва медаллар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган кетма-кетликда вазирлик байроғининг олд томонига қадалади. Биринчи давлат мукофоти байроқ матосининг юқори чеккасидан 10 см пастда, дастасидан 4 см масофада қадалади, қолган давлат мукофотлари даста бўйлаб юқоридан пастга бирин-кетин 5 см оралиғида қадалади. Давлат мукофотларини вазирлик байроғига қадаш учун матога орден ёки медаль ўлчами бўйича махсус ипак астарлар тикилади.
Ҳарбий бўлинма тақдирланган орден ва медалларнинг ленталари вазирлик байроғининг металл учига қадаб қўйилади.
17. Ҳарбий бўлинма тақдирланган орден ва медаллар тинчлик ва уруш даврининг барча шароитларида вазирлик байроғи билан бирга сақланади.
Давлат мукофотлари ва уларнинг гувоҳномалари ҳарбий бўлинмаларда белгиланган тартибда сақланади.
Вазирлик байроғининг матосини таъмирлаш зарурати туғилганида орден ва медаллар вақтинчалик ҳарбий бўлинма штабининг махфий-режим органига топширилади».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида «Амир Темур жанговар байроғи учун» мусобақасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-24-сон қарори 4-бандининг иккинчи хатбошисидаги «Қуролли Кучларининг умумҳарбий низомлари» сўзлари «Мудофаа вазирлигининг ички идоравий ҳужжатлари» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПФ-23-сон Фармонига
5-ИЛОВА
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим фармонлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 22 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий қисмининг Жанговар Байроғи тўғрисида»ги ПФ-690-сон Фармони.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий низомларини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-1571-сон Фармони.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги ПФ-5456-сон Фармони 1-иловаси 5-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.02.2025 й., 06/25/23/0168-сон)