Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Мўғулистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Ҳаво қатнови тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Мўғулистон Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Мўғулистон 1944 йил 7 декабрда Чикаго шаҳрида имзолаш учун очилган Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенциянинг иштирокчилари эканликларини инобатга олган ҳолда,
Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудлари ўртасида ва улардан ташқарида ҳаво қатновларини ташкил этиш мақсадида Битим тузиш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Атамалар
Атамалар
1. Мазкур Битимда фойдаланилган атамалар, матнда бошқа изоҳ назарда тутилмаган бўлса, қуйидаги маъноларни англатади:
«Конвенция» — 1944 йил 7 декабрда Чикаго шаҳрида имзолаш учун очилган Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенция бўлиб, Конвенциянинг 90-моддасига биноан қабул қилинган ҳар қандай иловани, шунингдек, Конвенциянинг 90 ва 94-моддаларига биноан Конвенцияга ёки унинг иловаларига киритилган ҳар қандай тузатишни ушбу иловалар ва тузатишлар иккала Аҳдлашувчи Томонлар учун кучга кирган ҳолатда ўз ичига олади;
«авиация маъмуриятлари» — Мўғулистон томонидан — Йўллар ва транспортни ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси томонидан — Транспорт вазирлиги ёки қайд этилган бошқарув органлари тарафидан ваколат берилган ҳар қандай шахс ёки ташкилот;
«тайинланган авиакорхона» — мазкур Битимнинг 4-моддасига мувофиқ тайинланган ва ваколатга эга бўлган авиакорхона;
«тарифлар» — йўловчилар, багаж ва юк ташиш учун, шунингдек, агентлик хизматлари ва бошқа қўшимча хизматлар учун белгиланган нархлар ва ушбу нархларни қўллаш учун асос ҳисобланган шартлар, почта ташиш учун белгиланган ҳақ ва унинг шартлари бундан мустасно;
«ҳудуд», «ҳаво қатнови», «халқаро ҳаво қатнови», «авиакорхона» ва «нотижорат мақсадларида қўниш» Конвенциянинг 2-моддаси ва 96-моддасида кўрсатилган таърифга мос келади;
«келишилган қатнов» — мазкур Битим иловасининг тегишли бўлимида белгиланган йўналиш бўйича амалга ошириладиган мунтазам ҳаво қатнови;
ҳаво кемасига нисбатан «ҳажм» — мазкур ҳаво кемасининг тижорий юк олиш қуввати, «келишилган қатнов»га нисбатан эса — белгиланган йўналиш ёки унинг маълум бир қисми бўйича белгиланган вақт мобайнида амалга ошириладиган парвозлар сонига кўпайтирилган ушбу қатновда фойдаланилаётган ҳаво кемаси ҳажми.
2. Мазкур Битим иловаси унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
2-модда
Ҳуқуқларни бериш
Ҳуқуқларни бериш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мазкур Битимнинг иловасида белгиланган йўналишлар бўйича қатновларни белгилаш ва амалга ошириш мақсадида бошқа Аҳдлашувчи Томонга мазкур Битимда кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларни беради (кейинги ўринларда матнда «белгиланган йўналишлар» деб юритилади).
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси белгиланган йўналиш бўйича келишилган қатновни амалга оширишда қуйида келтирилган ҳуқуқлардан фойдаланади:
а) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудидан қўнмасдан учиб ўтиш;
б) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудида нотижорат мақсадларда мазкур Битим Иловасида кўрсатилган пунктларда қўниш;
в) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудида мазкур Битим Иловасида кўрсатилган пунктларда йўловчилар, багаж, юк ва почта ортиш ёки уларни тушириш мақсадида қўниш.
3. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг мазкур Битим 4-моддасига мувофиқ тайинлангандан бошқа авиакорхоналари мазкур Битим Иловасида назарда тутилган йўналишларда ва шартларда парвозларни амалга оширишда мазкур модданинг 2-банди (а) ва (б) кичик бандларида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланади.
4. Ушбу модданинг 2-бандида қайд этилган шартлар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига ҳақ эвазига ёки ижара шартларида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудуди ўртасида йўловчилар, юк ва почтани ҳаво кемасига олиш ҳуқуқини бермайди.
3-модда
Ҳаво ташувлари шартларини таъминлаш
Ҳаво ташувлари шартларини таъминлаш
1. Халқаро ҳаво ташувларини биргаликда амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида келишилган қатновлар бўйича ҳаво кемалари парвоз йўналишлари ва давлат чегараларидан учиб ўтиш пунктларини белгилайди.
2. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурияти бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятига келишилган қатновларда ҳаво кемаларининг хавфсиз ва самарали ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган асосий ва захира аэродромлар, ҳаво трассалари, алоқа тизимлари ва аэронавигация воситалари, ҳаводаги ҳаракатни бошқариш тўғрисидаги ва бошқа масалалар бўйича маълумотларни тақдим этади.
4-модда
Авикорхоналарни тайинлаш ва парвозларни амалга оширишга рухсатнома бериш
Авикорхоналарни тайинлаш ва парвозларни амалга оширишга рухсатнома бериш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири белгиланган йўналишлар бўйича келишилган қатновларни амалга ошириш мақсадида бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, авиакорхоналарни тайинлаш, шунингдек, муқаддам тайинланган авиакорхона рухсатномасини бекор қилиш ёки авиакорхоналарнинг тайинланишига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.
2. Бошқа Аҳдлашувчи Томон бундай хабарномани олганидан сўнг, ушбу модданинг 3 ва 4-бандлари қоидаларига мувофиқ, тайинланган авиакорхонага парвозлар учун дарҳол тегишли рухсатномаларни беради.
3. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятлари парвозлар учун рухсатнома беришдан олдин бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонадан у халқаро ҳаво қатновини амалга ошириш чоғида Конвенция қоидаларига мувофиқ қўлланиладиган қонун ва қоидаларда белгиланган шартларни бажаришга қодирлигини исботловчи далилларни талаб қилишга ҳақлидир.
4. Башарти Аҳдлашувчи Томон авиакорхона унинг давлати ҳудудида ташкил этилганлиги ва асосий фаолият жойига эга эканлиги тўғрисида далилларга эга бўлмаса, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг 2-бандида кўрсатилган парвозларга рухсатнома беришни рад этиш ёки мазкур Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган ҳуқуқлардан тайинланган авиакорхона фойдаланиши чоғида зарур бўладиган шартлар бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
5. Мазкур тарзда тайинланган ва рухсатнома олган авиакорхона тайинланган авиакорхоналар ўртасида келишилган парвозлар жадвали Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари тарафидан тасдиқланган бўлиши ва мазкур Битимнинг 10-моддаси қоидаларига мувофиқ, ўрнатилган тарифлар ушбу қатновга нисбатан жорий этилганлиги, шунингдек, келишилган қатновлар эксплуатацияси билан боғлиқ барча техник ва тижорат масалалари ҳал этилган бўлиши шарти билан келишилган қатновлардан фойдаланишга киришиши мумкин.
5-модда
Парвозларни амалга ошириш рухсатномасидан фойдаланишни бекор қилиш ёки тўхтатиб қўйиш
Парвозларни амалга ошириш рухсатномасидан фойдаланишни бекор қилиш ёки тўхтатиб қўйиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон парвозларга рухсат беришни бекор қилиш ёки мазкур Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган, бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонага берилган ҳуқуқлардан фойдаланишни тўхтатиш ёки қуйида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланишда зарур шартларнинг бажаралишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир:
а) мазкур авиакорхона бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ташкил этилганлиги ва у ерда асосий фаолият олиб борадиган жойига эгалигига ишонч ҳосил қилмаганда;
б) тайинланган авиакорхона ушбу ҳуқуқларни бераётган Аҳдлашувчи Томон давлатининг миллий қонун ва қоидаларига риоя қилмаган тақдирда;
в) тайинланган авиакорхона мазкур Битимда белгиланган шартларга риоя қилмаган тақдирда.
2. Башарти мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шартларни дарҳол бекор қилиш, вақтинча тўхтатиш ёки бажариш қонун ва қоидаларнинг келгусида бузилишини олдини олиш учун зарур бўлмаса, Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари ўртасидаги маслаҳатлашувлардан сўнггина мазкур бандда айтиб ўтилган ҳуқуқдан фойдаланиш мумкин.
6-модда
Қонун ва қоидаларнинг қўлланилиши
Қонун ва қоидаларнинг қўлланилиши
1. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг халқаро қатновларни амалга ошираётган ҳаво кемалари унинг ҳудуди орқали учиб ўтишига, унинг ҳудудида бўлиб туришига ёки у ердан учиб кетишига, ушбу ҳаво кемалари эксплуатациясига ва навигациясига тегишли бўлган қонун ва қоидаларига бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналари риоя қилишлари лозим.
2. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг ўз давлати ҳудудига йўловчилар, экипаж аъзолари, юк ва почтанинг кириб келишини, у ерда бўлиб туришини ҳамда у ердан жўнатилишини тартибга солувчи қонун ва қоидалари, хусусан, паспорт, божхона, валюта ва санитария қоидаларига оид расмиятчиликлар бошқа Аҳдлашувчи Томондан тайинланган авиакорхонага тегишли ҳаво кемаларидаги йўловчилар, экипаж аъзолари, багаж ва почтага нисбатан улар белгиланган ҳудуд чегарасида бўлган чоғидагина қўлланилади.
7-модда
Йиғимлар
Йиғимлар
1. Аэропортлар ва уларнинг иншоотларидан, техник ва бошқа воситалардан ва хизматлардан фойдаланганлик учун йиғимлар ва бошқа тўловлар, шунингдек, аэронавигация ва алоқа воситаларидан ҳамда хизматлардан фойдаланганлик учун ҳар қандай тўловлар ҳар бир Аҳдлашувчи Томон белгилаган тарифлар ва ставкаларга мувофиқ ундирилади, бунда улар худди шундай халқаро ҳаво қатновлар билан шуғулланадиган бошқа давлатларнинг авиакомпанияларидан ундириладиган йиғимлар ва тўловлар миқдоридан ортиқ бўлмаслиги лозим.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон йиғимларни ундирувчи тегишли ваколатли органлар ва хизматлардан фойдаланувчи авиакорхоналар ўртасида йиғимлар масаласида маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин. Тегишли органлар ўзгартиришлар киритгунига қадар, режалаштирилаётган ўзгаришлар тўғрисидаги хабарнома ушбу масала бўйича ўз фикрини билдириш имкониятига эга бўлиши учун олдиндан берилади.
8-модда
Тўғридан-тўғри транзит
Тўғридан-тўғри транзит
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бири давлатининг ҳудудидан тўғридан тўғри транзит орқали ўтадиган ҳамда аэропортнинг ушбу мақсад учун белгиланган ҳудудини тарк этмайдиган йўловчилар, багаж ва юкка нисбатан, зўравонлик ва ҳаво қароқчилиги, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини ташиб ўтишнинг олдини олишга қаратилган хавфсизлик чораларни истисно қилган ҳолда, соддалаштирилган чегара, санитария ва бошқа назорат усуллари қўлланилади.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудуди орқали тўғридан-тўғри транзит олиб ўтиладиган багаж ва юк божхона божлари, солиқлар ва йиғимлардан озод этилади.
3. Тўғридан-тўғри транзит олиб ўтиладиган багаж ва юкларга тегишли божхона жараёнлари Аҳдлашувчи Томонлар давлатининг қонунчилигига асосан амалга оширилади.
9-модда
Келишилган қатновлардан фойдаланишни тартибга солувчи тамойиллар
Келишилган қатновлардан фойдаланишни тартибга солувчи тамойиллар
1. Ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналарига уларнинг давлатлари ҳудуди ўртасида белгиланган йўналишларда келишилган қатновлардан фойдаланишда адолатли ва тенг имкониятлар тақдим этилади.
2. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси келишилган қатновлардан фойдаланишда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасининг худди шу йўналишда ёки унинг бир қисмида авиайўналишдаги ташувларига зарар етказмаслик мақсадида унинг манфаатларини ҳисобга олиши лозим.
3. Белгиланган йўналишлар бўйича келишилган қатновларда хизмат кўрсатувчи тайинланган авиакорхона Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудуди ўртасида йўловчилар, юклар ва почта жўнатмаларини ташиш бўйича мавжуд ва кутилаётган эҳтиёжларни қондириш учун етарли бўлган сиғим билан таъминлашни ўзининг асосий вазифаси сифатида белгилаши лозим.
10-модда
Тарифлар
Тарифлар
1. Ҳар қандай келишилган қатновдаги тарифлар ташувлар бозори билан боғлиқ барча омилларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
2. Ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналари ўртасида Белгиланган йўналишларнинг ҳар бири бўйича мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган тарифлар келишиб олиниши лозим.
3. Шу тарзда келишиб олинган тарифлар улар жорий қилиниши мўлжалланган санадан камида ўттиз (30) кун олдин ҳар икки Аҳдлашувчи Томон авиация маъмуриятларига тасдиқлаш учун тақдим этилиши лозим. Ушбу муддат юқорида айтиб ўтилган маъмуриятлар ўртасидаги келишувга кўра қисқартирилиши мумкин. Башарти Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бирининг авиация маъмурияти тарифлар тақдим этилган санадан сўнг, 15 (ўн беш) кун ичида ўз норозилигини билдирмаган бўлса, тарифлар тасдиқланган ҳисобланади.
4. Башарти, мазкур модданинг 2-бандига мувофиқ тариф бўйича келишувга эришилмаса ёки ушбу модданинг 3-бандига мувофиқ белгиланган давр мобайнида бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятлари уларга тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳар қандай тариф борасида норозилиги тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятларига хабарнома юборса, Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари ўзаро келишув орқали тарифни белгилашга ҳаракат қилишлари лозим.
5. Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари ушбу модданинг 3-бандига мувофиқ, уларга тақдим этилган ҳар қандай тарифни тасдиқлаш борасида келишувга эришмасалар ёки мазкур модданинг 4-бандига мувофиқ тарифни белгилаш имкониятига эга бўлмасалар, ушбу келишмовчиликлар мазкур Битимнинг 21-моддасидаги шартларга мувофиқ ҳал этилади.
6. Мазкур модданинг қоидаларига мувофиқ белгиланган тариф янги тарифлар белгилангунга қадар, ўз кучини сақлаб қолади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон авиация маъмурияти тарифни тасдиқламагунга қадар, ҳеч қайси тариф кучга кирмайди.
11-модда
Божхона божлари, солиқлар ва йиғимлардан озод қилиш
Божхона божлари, солиқлар ва йиғимлардан озод қилиш
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси тарафидан келишилган қатновларда фойдаланилаётган ҳаво кемалари, шунингдек, уларнинг табель мулки, ёнилғи заҳираси, мойлаш хом-ашёлари, бундай ҳаво кемалари саҳнидаги саҳн захиралари (озиқ-овқат, ичимлик, тамаки, duty free маҳсулотларини ўз ичига олган ҳолда) бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига киргандан сўнг, ушбу мулк, хом-ашёлар ва захиралар қайтиб олиб чиқиб кетилгунга қадар, ҳаво кемаси саҳнида сақланиши шарти билан, божхона божлари, солиқлар ва йиғимлардан озод этилади.
2. Шунингдек, қуйидагилар божхона божлари, солиқлар ва йиғимлардан озод этилади:
а) бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида белгиланган миқдор доирасида олинган ва бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси белгилаган йўналиш бўйича келишилган қатновларда фойдаланиладиган ҳаво кемасининг саҳнида фойдаланиш учун мўлжалланган саҳн захиралари;
б) бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси белгилаган йўналишлар бўйича келишилган қатновларда фойдаланиладиган ҳаво кемасига техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш учун олиб кирилган эҳтиёт қисмлар, шу жумладан, двигателлар ва ускуналар;
в) белгиланган йўналишлар бўйича келишилган қатновларда фаолият юритувчи ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналари ҳаво кемаларида ишлатиш учун мўлжалланган ёнилғи ва мойлаш ашёлари;
г) тайинланган авиакорхона тарафидан фойдаланиладиган ҳужжатлар, шу жумладан, авиачипталар, авиация юкхати, шунингдек, бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси тарафидан ўзининг эксплуатациявий эҳтиёжлари учун бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлати ҳудудига етказилган ёки етказиладиган реклама маҳсулотлари.
Кўрсатилган хизматлар, сақлаш ва божхона тартиботлари учун йиғимлар Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг қонунчилигига асосан ундирилади.
3. Мазкур модданинг 2-бандида кўрсатилган материаллар, захиралар ва эҳтиёт қисмлар ҳамда ҳужжатлар божхона органларининг талабларига кўра, назорат остига олиниши мумкин.
4. Бир Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхона тарафидан келишилган қатновларда фойдаланиладиган ҳаво кемаси саҳнида мавжуд саҳн ускуналари комплекти, шунингдек, материаллар, захиралар ва эҳтиёт қисмлар фақатгина бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати божхона органлари розилигига кўра, унинг ҳудудида туширилиши мумкин. Бундай ҳолларда, улар ҳудудига туширилган ўша Аҳдлашувчи Томоннинг божхона қоидаларига асосан қайта олиб чиқиб кетилгунга ёки бошқа мақсадда фойдаланилгунга қадар, божхона органлари назоратига олиниши мумкин.
5. Мазкур моддада назарда тутилган божхона тўловларидан озод қилиш, бир Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхона бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудида ушбу модданинг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган материалларни ташиш тўғрисида бошқа авиакорхона(лар) билан келишувга эришган ҳолларда, ушбу авиакорхона(лар) бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан шу каби йиғимлардан озод қилинган бўлиши шарти билан қўлланилади.
12-модда
Даромадларни ўтказиш
Даромадларни ўтказиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонасига унинг давлати ҳудудида келишилган қатновлардан фойдаланиш орқали олинган даромадларнинг харажатлардан ортиқ бўлган қийматини ўтказиш ҳуқуқини беради.
2. Ўтказма амалга оширилаётган Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ, бундай ўтказма эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади.
3. Мазкур модданинг қоидалари Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ўртасидаги алоҳида келишув предмети ҳисобланган даромадларни солиққа тортиш масалаларига ҳеч қандай тарзда дахл қилмайди.
13-модда
Авиакорхона ваколатхоналари ва ташувларни сотиш
Авиакорхона ваколатхоналари ва ташувларни сотиш
1. Келишилган қатновлардан фойдаланишни таъминлаш учун бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудида зарур бўлган маъмурий, тижорат ва техник ходимлардан иборат таркибдаги ўз ваколатхоналарини очиш ҳуқуқи берилади.
2. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудидаги офисларида сотиладиган ташиш ҳужжатлари бўйича ташувларни сотиш ҳуқуқи, шунингдек, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг қонунлари ва қоидаларига мувофиқ, савдо агентларни тайинлаш ҳуқуқи берилади.
14-модда
Ҳаво кемалари ва экипажни ижарага олиш
Ҳаво кемалари ва экипажни ижарага олиш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналари бошқа мамлакатлардан ижарага олинган ҳаво кемалари ва (ёки) экипажлар билан келишилган қатновларда парвозларни амалга оширишлари мумкин.
2. Ижарага олинган кемалар ва (ёки) экипажлар иштирокида парвозларни амалга оширишда олдиндан бошқа Аҳдлашувчи Томон авиация маъмуриятларининг розилигини олиш ва мазкур Битим қоидаларига риоя қилиш лозим.
15-модда
Сертификат ва лицензияларни тан олиш
Сертификат ва лицензияларни тан олиш
1. Бир Аҳдлашувчи Томон тарафидан берилган ёки яроқли деб тан олинган ва амал қилиш муддати тугамаган учишга яроқлилик сертификатлари, эксплуатант сертификатлари ва лицензиялари, башарти бундай сертификат ва лицензиялар берилган ёки яроқли деб тан олинган талаблар Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенцияда белгиланган минимал стандартларга мос келадиган ёки ундан юқори бўлса, келишилган қатновларда фойдаланиш учун бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан ҳам яроқли деб тан олинади.
2. Бироқ, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон ёки бошқа давлат тарафидан ўз фуқароларига берилган ёки яроқли деб тан олинган учишга яроқлилик, эксплуатант сертификатлари ва лицензияларини ўз давлати ҳудуди бўйлаб ёки унинг устида парвоз қилиш учун яроқли деб тан олишни рад этиш ҳуқуқига эга.
16-модда
Авиация хавфсизлиги
Авиация хавфсизлиги
1. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро ҳуқуқдан келиб чиқадиган ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларига мувофиқ, фуқаро авиацияси хавфсизлигини ноқонуний аралашув хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилишга доир бир-бирларига нисбатан олган мажбуриятлари мазкур Битимнинг ажралмас қисми эканлигини тасдиқлайдилар. Чунончи, халқаро ҳуқуққа мувофиқ, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини умумий қўллаш билан чекланмаган ҳолда, Аҳдлашувчи Томонлар 1963 йил 14 сентябрда Токиода имзоланган Ҳаво кемасининг бортида содир этиладиган жиноятлар ва айрим бошқа актлар тўғрисидаги Конвенция, 1970 йил 16 декабрда Гаагада имзоланган Ҳаво кемаларини ноқонуний олиб қочиш билан курашиш тўғрисидаги Конвенция, 1971 йил 23 сентябрда Монреалда имзоланган Фуқаро авиацияси хавфсизлигига таҳдид солувчи ғайриқонуний актларга қарши кураш тўғрисидаги Конвенция ҳамда ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон давлати иштирокчи бўлган фуқаро авиацияси хавфсизлигини тартибга солувчи бошқа кўп томонлама битимлар қоидаларига асосан иш олиб борадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ҳаво кемасини ноқонуний эгаллаб олишнинг ҳамда ҳаво кемасига, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига, аэропортлар ва қатновни таъминлаш воситаларига, шунингдек, фуқаро авиацияси хавфсизлигига ҳар қандай бошқа таҳдидни олдини олишда бир-бирларига барча зарурий ёрдамни кўрсатадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро муносабатларида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти томонидан белгиланган ва Конвенциянинг 17-Иловасида тавсифланган авиация хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ иш кўрадилар. Улар асосий фаолият жойи ёки доимий турган жойи уларнинг давлати ҳудудида жойлашган ҳаво кемалари эксплуатантларидан авиация хавфсизлиги бўйича бундай талаблар ва қоидаларга мувофиқ иш кўришини талаб қиладилар.
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон сўровга биноан ўз миллий қонунчилиги, қоидалари ва амалиёти билан 17-Иловадаги «Авиация хавфсизлиги»да баён этилган Авиация хавфсизлиги стандартлари ўртасидаги тафовутлар тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилади. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири исталган вақтда бундай тафовутлар бўйича бошқа Томондан маслаҳат сўраши мумкин, бу эса Аҳдлашувчи Томонлар келишилган муддатларда амалга оширилиши лозим.
4. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг 3-бандида қайд этилган, бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудига кириш, ундан чиқиш ва унда бўлиб туришда белгиланадиган авиация хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш ҳаво кемаси эксплуатантларидан талаб этилиши мумкинлигига келишиб олдилар. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ҳаво кемаларини ҳимоя қилиш учун ва йўловчилар, экипаж аъзолари, қўл юки, багаж, юк ва саҳн захираларини парвозга хизмат кўрсатиш вақтига қадар ва хизмат кўрсатиш вақтида текшириш учун ўз давлатининг ҳудуди доирасида лозим бўлган чора-тадбирларнинг самарали қўлланилишини таъминлайди. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг аниқ таҳдидга нисбатан асослантирилган махсус хавфсизлик чораларини қўллашга доир ҳар қандай илтимосини ҳам хайрихоҳлик билан кўриб чиқади.
5. Фуқаро ҳаво кемасини ноқонуний эгаллаб олиш ёки ушбу ҳаво кемаси, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига аэропортлар ва аэронавигация воситалари хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ ҳодиса юза берганда Аҳдлашувчи Томонлар бундай ҳодиса ёки уни содир этишга бўлган таҳдидни тезкор ва муваффақиятли бартараф этиш мақсадида бир-бирларига алоқани енгиллаштириш ва бошқа лозим чораларни кўриш орқали кўмаклашадилар.
6. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бир-бирларининг суверенитетини тўлиқ тан олиб ҳамда ўзаро ҳурмат қилган ҳолда, ўз ҳудудига келиш шарти сифатида қўшимча хавфсизлик чораларини кўриши ёки уларни қўллашни таклиф қилиши, шунингдек, хавфсизликка муайян қандайдир бир таҳдиднинг олдини олиш учун фавқулодда чоралар кўриши мумкин ва бу тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни дарҳол хабардор қилиши лозим. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг оқилона қўшимча хавфсизлик чораларини кўриш ҳақидаги ҳар қандай талабини кўриб чиқиши лозим ва бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан аллақачон кўрилган хавфсизлик чораларини ҳисобга олиши лозим. Шунга қарамай, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ушбу моддада баён этилган ҳеч бир қоида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ўз хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблаши мумкин бўлган ҳар қандай рейс ёки рейсларни қабул қилишни рад этиш имкониятини чекламаслигини тан олади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон авиация хавфсизлиги тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш бўйича ҳар қандай чоралар тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни олдиндан хабардор қилиши лозим.
7. Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг суверенитетини тўлиқ тан олиб ва ўзаро ҳурмат қилган ҳолда, бир Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли авиация органлари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги аэропортларга унинг ҳудудига кирадиган ёки ундан учиб кетадиган ҳаво кемалари операторлари, аэропорт операторлари ва бошқа томонлар тарафидан кўрилган ёки қўлланилиши режалаштирилаётган хавфсизлик чоралари билан танишиш мақсадида бу тўғрисида хабар берилганидан сўнг, 30 кун ичида (ёки Аҳдлашувчи Томонларнинг келишуви бўйича қисқароқ муддатларда) ташриф буюрадилар. Юқорида кўрсатилган танишув ташрифларини ўтказиш бўйича маъмурий тадбирлар Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан келишилган бўлиши ва бундай танишувни Томонлар ўзаро келишган муддатларда амалга оширилиши лозим.
8. Фуқаролик ҳаво кемасини ноқонуний эгаллаб олиш ёки бундай ҳаво кемалари, уларнинг йўловчилари ва экипажлари, аэропорт объектлари ёки аеронавигация хизматлари хавфсизлигига қарши бошқа ноқонуний ҳаракатлар билан боғлиқ ҳодиса ёки ҳодиса хавфи юзага келган тақдирда, Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларига зарурий маълумот алмашинувини ташкил этишда ва бундай ҳодиса ёки унинг хавфини тез ва хавфсиз бартараф этишга қаратилган бошқа чораларни кўришда кўмаклашадилар.
9. Башарти Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг қоидаларини бажармаётганлигига асосли равишда шубҳа қилса, у зудлик билан маслаҳатлашувлар ўтказишни талаб қилиши мумкин. Маслаҳатлашувлар уларни ўтказиш ҳақидаги сўров олинган кундан бошлаб, 15 кун ичида бошланиши лозим. Қониқарли келишувга эришиш имконияти бўлмаган тақдирда ёки бундай сўров юборилганидан сўнг 15 кун ичида маслаҳатлашувлар ўтказиш талабига розилик олинмаганлиги бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг бир ёки бир нечта ҳаво кемаси эксплуатантлари учун эксплуатация қилиш учун рухсатни тўхтатиб туриш, бекор қилиш, чеклаш ёки унга қўшимча шартлар қўйиш учун асос бўлади. Башарти фавқулодда вазият талаб қилса ёки ушбу модданинг қоидаларига риоя қилмасликнинг олдини олиш учун, бошқа Аҳдлашувчи Томонни ушбу модданинг қоидаларини бузаётган деб ҳисоблаган Аҳдлашувчи Томон исталган вақтда вақтинчалик чоралар кўриши мумкин.
17-модда
Парвозлар хавфсизлиги
Парвозлар хавфсизлиги
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон исталган вақтда аэронавигация воситалари, экипаж аъзолари, ҳаво кемаси ва ҳаво кемасидан фойдаланишга тааллуқли соҳаларда бошқа Аҳдлашувчи Томон бажарадиган парвозлар хавфсизлиги бўйича стандартларга тегишли бўлган масалалар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказишни талаб қилиши мумкин. Бундай маслаҳатлашувлар мурожаат этилган кундан эътиборан, 30 (ўттиз) кун давомида ўтказилади.
2. Башарти бундай маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг, бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган Конвенцияга мувофиқ белгиланган стандартларга парвозлар хавфсизлиги меъёрларига самарали риоя қилмаяпти ва бошқармаяпти деб топган тақдирда, бошқа Аҳдлашувчи Томон бундай камчиликлар ИКАО стандартларини бажариш учун лозим бўлган хулосалар ва чоралар тўғрисида хабардор қилиши лозим. Бундан сўнг, бошқа Аҳдлашувчи Томон келишилган вақт давомида тегишли чора-тадбирларни кўради.
3. Конвенциянинг 16-моддасига мувофиқ, бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси тарафидан ёки унинг номидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат ҳудудидан ёки унинг давлат ҳудудига парвозни амалга ошираётган ҳар қандай ҳаво кемаси бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бўлиб турган вақтда унинг ваколатли вакиллари текширувидан ўтказилиши мумкинлигига, парвозни сабабсиз кечикишга йўл қўймаслик шарти билан, келишиб олдилар. Конвенциянинг 33-моддасида кўрсатилган мажбуриятларга қарамай, ушбу кўрикнинг мақсади ҳаво кемасининг тегишли ҳужжатлари ва экипаж аъзолари гувоҳномаларининг ҳақиқийлиги, шунингдек, ҳаво кемасининг мосламалари ва ҳолати ўша пайтда амалдаги Конвенция стандартларига мувофиқ ҳолатда бўлишини текширишдир.
4. Башарти авиакорхона парвозлари хавфсизлигини таъминлаш учун кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши лозим бўлса, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакорхонаси ёки авиакорхоналарига берилган парвозларни амалга ошириш рухсатномасини вақтинча тўхтатиши ёки ўзгартириши мумкин.
5. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг 4-бандга мувофиқ кўрадиган ҳар қандай чора-тадбирлари, улар асос йўқ қилинган вақтдан эътиборан тўхтатилади.
6. Мазкур модданинг 2-бандига риоя қилган ҳолда, башарти бир Аҳдлашувчи Томон келишилган вақтдан сўнг, ИКАО стандартларига риоя қилмасликда давом этаётганлиги аниқланса, ИКАО Бош котиби хабардор қилинади. Бош котиб муаммонинг кейинги ҳар қандай қониқарли ечими ҳақида ҳам хабардор қилиниши лозим.
18-модда
Код-шэринг битими тўғрисида
Код-шэринг битими тўғрисида
1. Мазкур Битимнинг иловасида кўрсатилган келишилган қатновларда хизматларни амалга ошириш ёки тақдим этиш ҳолларида, ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига қуйидаги «block space» ва «code sharing» битимлари каби қўшма маркетинг келишувларини тузишга рухсат берилади:
а) бир Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхона ёки авиакорхоналар;
б) бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхона ёки авиакорхоналар;
в) учинчи мамлакат ёки мамлакатлар тайинлаган авиакорхона ёки авиакорхоналар;
2. Юқоридаги қайд этилган тартиб фақат қуйидаги ҳолларда қўлланилади.
а) бундай келишувларда иштирок этадиган барча авиакорхоналар тегишли йўналишларда ёки уларнинг бир қисмида парвозларни амалга ошириш учун тайинланган бўлса;
б) авиакорхона сотилган чипталарга нисбатан харидорга савдо шохобчасида аслида қайси авиакорхона ҳар бир секторга хизмат кўрсатишини ва қандай авиакорхона ёки харидор қайси авиакорхона билан шартномавий муносабатларга киришишини тушунтириши лозим.
3. Башарти тайинланган авиакорхона йўналиш кодидан биргаликда фойдаланиш битими бўйича хизматларни тақдим этса, амалга оширилган сотувлар ҳажми Аҳдлашувчи Томон авиакорхонасининг сотувларидан чегириб қолинади. Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиакорхонаси рейсининг сотувларини амалга оширадиган тайинланган авиакорхонанинг сотувлар ҳажми Аҳдлашувчи Томонга қатнов сотган авиакорхонанинг сотувлар ҳажмидан чегириб ташланмайди.
19-модда
Интермодал транспорт хизматлари
Интермодал транспорт хизматлари
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси йўловчилар ва юкларни ҳаво транспортида ташиш вақтида Аҳдлашувчи Томонлар ёки учинчи мамлакатлар ҳудудидаги исталган жойга ёки ҳар қандай жойга ҳар қандай ер усти транспортидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Тайинланган авиакорхона ўз хоҳишига кўра, ер усти транспортидаги ташувни мустақил равишда амалга ошириши ёки уни шартномалар, шу жумладан, кодларни алмашиш орқали бошқа ер усти транспорти ташувчилари билан тегишли Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалдаги қонунлар ва қоидаларга мувофиқ таъминлаши мумкин. Интермодал транспорт хизматлари йўловчилар ва юк жўнатувчилар бундай ташувлар тўғрисида хабардор бўлишлари шарти билан бошидан охиригача ўтувчи хизматлар сифатида ва аралаш ташишда ҳаво ва ер усти транспорти учун ягона нархда таклиф қилиниши мумкин.
20-модда
Ахборот ва статистика
Ахборот ва статистика
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмуриятлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг илтимосига биноан, даврий ва бошқа статистика маълумотларни тақдим этиши мумкин. Статистика маълумотлари тайинланган авиакорхона тарафидан келишилган қатновлар бўйича жўнатиш ва етказиш пунктларидан ташиладиган тижорат юклари ҳажмини аниқлаш учун зарур маълумотларни ўз ичига олиши лозим.
21-модда
Маслаҳатлашувлар
Маслаҳатлашувлар
Мазкур Битим амалга оширилишига доир барча масалалар бўйича яқин ҳамкорлик олиб бориш учун Аҳдлашувчи Томонлар авиация маъмуриятлари ўртасида маслаҳатлашувлар олиб борилиши мумкин. Ҳар икки Аҳдлашувчи Томон авиация маъмурияти бошқа муддат ҳақида келишувга эришмаган бўлса, бундай маслаҳатлашувлар сўров олинган санадан бошлаб, 60 (олтмиш) кун ичида бошланиши лозим.
22-модда
Низоларни ҳал қилиш
Низоларни ҳал қилиш
1. Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш бўйича ҳар қандай низоларни Аҳдлашувчи Томонлар, аввало, музокаралар йўли билан ҳал қилишга ҳаракат қиладилар.
2. Башарти Аҳдлашувчи Томонлар музокаралар билан келишувга эриша олмасалар, улар бу низони кўриб чиқиш учун маълум бир шахс ёки ташкилотга беришлари мумкин; агарда улар бу йўл билан ҳам келишувга эришмасалар, ушбу низони ҳал қилиш учун ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг истаги асосида ҳар бир Аҳдлашувчи Томондан тайинланган биттадан ҳакам ва ана шу икки ҳакам тайинлаган яна бир ҳакамдан иборат, жами учта ҳакамдан ташкил топган Арбитраж судига берилади. Учинчи ҳакам учинчи давлатнинг фуқароси бўлиши ва Арбитраж судининг раиси сифатида ҳаракат қилади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ҳакамни дипломатик каналлар бўйича Арбитраж масалани ҳал қилиши ҳақидаги аризани олгандан сўнг, 60 (олтмиш) кундан кечиктирмасдан ҳакамни тайинлайди, учинчи ҳакам эса кейинги 60 (олтмиш) кун ичида тайинланади. Башарти Аҳдлашувчи Томонлардан бири ҳакамни кўрсатилган муддат ичида тайинлай олмаса ёки учинчи ҳакам номзоди кўрсатилган муддат ичида тасдиқланмаса, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти Кенгаши Президенти Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг талабига кўра, вазият тақозоси билан ҳакамни ёки ҳакамларни тайинлаши мумкин.
3. Арбитраж суди харажатлари ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўртасида тенг тақсимланади.
4. Башарти Аҳдлашувчи Томонлардан бири Арбитраж суди қарорини бажармаса, бошқа Аҳдлашувчи Томон унинг тайинланган авиакорхонаси ёки авиакорхоналарига мазкур Битимга кўра берилган ҳуқуқлар ёки имтиёзларни чеклаши, тўхтатиб қўйиши ёки бекор қилиши мумкин.
23-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар
Ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Башарти Аҳдлашувчи Томонлардан бири мазкур Битимнинг шартларини ўзгартиришни таклиф этса, у бошқа Аҳдлашувчи Томон билан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкин;
Аҳдлашувчи Томонлар авиация маъмуриятлари ўртасидаги бундай маслаҳатлашувлар музокаралар ёки ёзишмалар орқали амалга оширилиши мумкин ва ушбу маслаҳатлашувлар уларни ўтказиш учун сўров олинган кундан бошлаб, 60 (олтмиш) кун ичида бошланиши лозим, Аҳдлашувчи Томонлар ушбу муддатни ўзгартириш ҳақида келишувга эриша олмаган ҳоллар бундан мустасно. Шу тарзда келишилган мазкур Битимга киритилган ҳар қандай ўзгартиришлар дипломатик каналлар орқали ноталар алмашинуви йўли билан тасдиқлангандан сўнг, кучга киради.
2. Мазкур Битим иловасига ўзгартиришлар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари ўртасида тўғридан-тўғри келишув асосида киритилиши мумкин.
24-модда
Битимни рўйхатдан ўтказиш
Битимни рўйхатдан ўтказиш
Мазкур Битим ва унга киритиладиган барча ўзгаришлар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотида рўйхатдан ўтказилиши лозим.
25-модда
Битим амал қилишини тугатиш
Битим амал қилишини тугатиш
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон исталган вақтда бошқа Аҳдлашувчи Томонни мазкур Битимнинг амал қилиш муддатини тугатиш истагида эканлиги тўғрисида хабардор қилиши мумкин. Бундай хабарнома бир вақтнинг ўзида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига хам юборилиши лозим. Мазкур Битим, унинг амал қилиш муддатини тугатиш тўғрисидаги хабарнома Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилигига биноан амалга қилиш муддати тугагунга қадар қайтариб олинмаса, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг хабарномаси олинган кундан эътиборан, ўн икки (12) ой ўтгандан сўнг, тугатилади.
Башарти бошқа Аҳдлашувчи Томон бундай хабарномани олганини тасдиқламаса, ушбу хабарнома Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти тарафидан олинган санадан эътиборан, ўн тўрт (14) кун ўтгач қабул қилинган деб ҳисобланади.
26-модда
Битимнинг кучга кириши
Битимнинг кучга кириши
Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битим кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари бажарилганлиги тўғрисида бир-бирларини охирги ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор қилган кундан эътиборан кучга киради.
Тошкент шаҳрида, 2024 йил 24 июнда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, мўғул ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Мўғулистон Ҳукумати ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги Битимга
ИЛОВА
ИЛОВА
Йўналишлар жадвали
1. Ўзбекистон Республикасининг тайинланган авиакорхоналари тарафидан амалга ошириладиган қатновлар:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги жўнаб кетиш манзиллари | Оралиқ манзиллар | Мўғулистон ҳудудидаги белгиланган манзиллар | Ташқаридаги манзиллар |
Ҳар қандай манзиллар | Ҳар қандай манзиллар | Ҳар қандай манзиллар | Ҳар қандай манзиллар |
2. Мўғулистоннинг тайинланган авиакорхоналари тарафидан амалга ошириладиган қатновлар:
Мўғулистон ҳудудидаги жўнаб кетиш манзиллари | Оралиқ манзиллар | Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги белгиланган манзиллар | Ташқаридаги манзиллар |
Ҳар қандай манзиллар | Ҳар қандай манзиллар | Ҳар қандай манзиллар | Ҳар қандай манзиллар |
Изоҳ:
1. Бир Аҳдлашувчи Томон тарафидан тайинланган авиакорхонанинг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидаги манзиллар ва учинчи мамлакатлардаги манзиллар ўртасида йўловчилар, багаж, юк ва почта ташиш ҳуқуқи Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмуриятлари ўртасидаги махсус келишув предмети ҳисобланади.
2. Келишилган қатновларга доир ташиш ҳажмлари Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналари тарафидан келишилиши лозим.
3. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналари парвозларни келишилган қатновлар бўйича амалга ошириш чоғида, ушбу Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудидаги жўнаб кетиш манзиллари ва белгиланган манзиллар истисно қилган ҳолда, ҳар қандай манзил ёки барча манзилларда тўхтамасдан ўтиши мумкин.