Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, шунингдек, фуқароларнинг шахсий, интеллектуал ва маънавий ривожланишга бўлган эҳтиёжларини қондириш, мамлакатимизда маърифий фаолиятни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, ушбу соҳа иштирокчилари фаолият кўрсатишининг аниқ тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
маърифий фаолиятни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари ҳамда ушбу фаолиятни амалга оширувчиларга нисбатан қўйиладиган талаблар;
маърифий фаолиятни амалга ошириш шакллари (маъруза, тақдимот, семинар, маҳорат дарси, курс, лекция, марафон, давра суҳбатлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа шаклларда, бевосита ёки онлайн, якка тартибда ёки гуруҳларда, пулли ёки бепул);
маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби, шу жумладан, ушбу фаолият тингловчилари орасида вояга етмаган шахс мавжуд бўлса, мажбурий тартибда маърифий фаолият дастурини ишлаб чиқиш талаби;
маърифий фаолият иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва маърифий фаолиятни амалга оширишда тақиқланадиган хатти-ҳаракатлар.
2. Белгилансинки:
маърифий фаолият билан юридик шахс ташкил этиб ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб шуғулланиш мумкин;
маърифий фаолият билан ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган шартномага мувофиқ пулли асосда шуғулланилади;
маърифий фаолият тадбирлари 100 нафар ва ундан кўп кишиларнинг иштирокидаги гуруҳларда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ ўтказилади;
ўн тўрт ёшдан кичик шахсларнинг маърифий фаолият тадбирларида тингловчи сифатида иштирок этишларига уларнинг ота-онаси (қонуний вакиллари) ёзма розилиги билан йўл қўйилади.
3. Манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига қўшимчалар киритилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳалла еттилиги», ёшлар сиёсати ва маънавият масалалари департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 февраль,
76-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 февралдаги 76-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби ва шаклларини белгилайди.
2. Мазкур Низомнинг амал қилиши давлат органлари, таълим, илмий ва диний ташкилотлар томонидан маърифий фаолият билан боғлиқ тадбирларни ўтказишга нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
маърифий фаолият — инсонни шахсий, интеллектуал ва маънавий ривожлантириш, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён этиш, индивидуал салоҳияти, имкониятлари, коммуникатив қобилиятларини яхшилаш учун зарур кўникма ва малакани шакллантиришга қаратилган ҳамда давлат таълим стандартлари билан қамраб олинмайдиган фаолият тури;
маърифий фаолият дастури — маърифий фаолиятни амалга оширишнинг мақсади ва мазмуни, вазифалари, муддатлари, шакллари ва жойлари, ўқув фаолиятини ташкил этувчи ҳамда уни амалга оширишда иштирок этадиган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ва мазкур дастурни молиялаштириш манбаларини акс эттирувчи ҳужжат;
маърифий фаолият тингловчиси — ўзининг шахсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини янада ошириш, ижодий ва интеллектуал қобилиятини намоён этиш, индивидуал салоҳияти, имконияти, коммуникатив қобилиятини ривожлантириш учун маърифий фаолиятда иштирок этувчи шахслар.
4. Маърифий фаолият республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар (кейинги ўринларда — маърифий фаолиятни амалга оширувчилар) томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида ва ушбу Низомда назарда тутилган талабларга мувофиқ амалга оширилади.
5. Маърифий фаолиятни амалга оширувчилар ушбу фаолият давомида бошқа фаолият турларини ҳам амалга оширса, мазкур фаолият турлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга (лицензия, рухсатнома, малака сертификатига эга бўлиш ва бошқалар) риоя этиши шарт.
2-боб. Маърифий фаолиятни амалга ошириш шакллари ва тартиби
6. Маърифий фаолият:
маъруза, тақдимот, семинар, маҳорат дарси, курс, лекция, марафон, давра суҳбатлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шаклларда;
анъанавий (бевосита) ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда (онлайн);
якка тартибда ёки гуруҳларда;
пулли ёки бепул асосда амалга оширилиши мумкин.
7. Маърифий фаолият тадбирлари 100 ва ундан кўп кишиларнинг иштирокидаги гуруҳларда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ ўтказилиши керак.
8. Маърифий фаолият пулли асосда ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга оширилади.
Маърифий фаолиятни амалга ошириш ҳақидаги шартномада тарафларнинг номи, манзили, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги, тўловни амалга ошириш тартиби, маърифий фаолиятнинг шакли, низоларни ҳал қилиш, шартномани бекор қилиш тартиби, сифатсиз ёки тўлиқ бўлмаган маърифий фаолият учун тўловни тўлиқ ёки қисман қайтариш шартлари ва муддатлари ҳамда бошқа маълумотлар кўрсатилади.
9. Ўн тўрт ёшдан кичик шахсларнинг маърифий фаолият тадбирларида тингловчи сифатида иштирок этишларига уларнинг ота-онаси (қонуний вакиллари) ёзма розилиги билан йўл қўйилади.
3-боб. Маърифий фаолият иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
10. Маърифий фаолиятни амалга оширувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш;
ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш;
маърифий фаолиятни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш;
маърифий фаолиятнинг ушбу Низомнинг 6-бандида белгиланган шаклларини мустақил танлаш;
маърифий фаолият пулли асосда амалга оширилганда, тўлов миқдорини мустақил белгилаш ҳамда ушбу фаолият учун шартномага мувофиқ ҳақ олиш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан маърифий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни, шу жумладан, статистика маълумотларини белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
маърифий фаолият тингловчиларини маърифий фаолиятни амалга оширишда зарур материаллар билан таъминлаш.
Маърифий фаолиятни амалга оширувчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Маърифий фаолиятни амалга оширувчилар:
маърифий фаолият тингловчиларига ушбу фаолият ҳақида ахборот тақдим этиши, шунингдек, уларнинг талабига кўра ўз маълумоти ва малакасини тасдиқлайдиган ҳужжатларни (мавжуд бўлса) тақдим этиши;
маърифий фаолият тингловчиларига нисбатан инсоний муомалада бўлиши, уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаши;
қонунчилик ҳужжатларида, шу жумладан, ушбу Низомнинг 12-бандида белгиланган тақиқ ва чекловларга риоя этиши;
маърифий фаолият тингловчиларига нисбатан тазйиқ ўтказмаслиги ҳамда жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик ишлатмаслиги;
маърифий фаолиятни ҳақ эвазига амалга оширганда, маърифий фаолият тингловчиси билан ёзма ёки электрон шаклда шартнома тузиши лозим.
Маърифий фаолиятни амалга оширувчилар зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
12. Маърифий фаолиятни амалга оширувчиларга қуйидагилар тақиқланади:
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга, оммавий тартибсизликларга, ноқонуний йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш;
давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор этиш;
уруш, терроризм, экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини, порнография, зўравонлик, шафқатсизликни ёки ижтимоий ахлоққа зид қарашларни тарғиб қилиш;
алкоголли ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддаларни ёки ақл-иродага таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишни тарғиб қилиш;
виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш, шу жумладан, диний таълимотдан сабоқ бериш, диний ақида ва ғояларни тарғиб қилиш, диний мазмундаги материалларни тарқатиш, муайян динга устуворлик бериш ёхуд камситиш;
жинс бўйича камситиш ёки давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш;
жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, шунингдек, ҳақоратли сўзларни ўз ичига олган ахборотни тарқатиш;
маърифий фаолиятни амалга оширишда ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ёлғон маълумотлардан фойдаланиш;
ҳуқуқбузарлик ёки жиноятни содир этишга, ўз жонига суиқасд қилишга, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, фоҳишалик, тиланчилик ёки ғайриижтимоий хатти-ҳаракатнинг бошқа шакллари билан шуғулланишга даъват қилиш;
одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослаш ёки оқлаш ёхуд шундай ҳаракатларни амалга оширишга ундаш;
фуқароларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундаш ёки бошқача тарзда жалб қилиш;
маърифий фаолиятда вояга етмаганлар иштирок этганда, жинсий муносабатларни тасвирлаш ёки баён этиш ёхуд уларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотадиган ахборотни тарқатиш.
13. Маърифий фаолият тингловчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
маърифий фаолиятни амалга оширувчилар томонидан ўзига нисбатан инсоний ва ҳурмат билан муносабат кўрсатилишини талаб қилиш;
маърифий фаолиятни амалга оширувчининг маълумоти ва малакасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (мавжуд бўлса) билан танишиш;
маърифий фаолиятда иштирок этиш, маърифий фаолиятни амалга оширувчилардан маърифий фаолиятга оид зарур материалларни сўраш ва олиш;
шартномада кўрсатилган шаклларда ва тартибда маърифий фаолиятни амалга оширишда иштирок этиш.
Маърифий фаолият тингловчилари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
14. Маърифий фаолият тингловчилари:
маърифий фаолият даврида маърифий фаолиятни амалга оширувчилар билан ўзаро ҳурматга асосланган муносабатда бўлиши;
маърифий фаолиятни амалга оширувчиларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши;
маърифий фаолиятни амалга оширувчилар билан тузилган шартномага мувофиқ ҳақ тўлаши шарт.
Маърифий фаолият тингловчилари зиммасига қонунчилик ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоида
15. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 февралдаги 76-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати қуйидаги мазмундаги 91-позиция билан тўлдирилсин:
«маърифий фаолиятни амалга ошириш».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларининг 3-банди учинчи хатбошиси «маданий-оммавий» сўзларидан кейин «маърифий» сўзи билан тўлдирилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низом 11-иловага мувофиқ Оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома паспортининг 5-позицияси «маърифий фаолият кўрсатиш ҳақида шартнома тузилганлиги тўғрисидаги маълумотлар (маърифий фаолият кўрсатиш бўйича тадбир ўтказилаётганда)» сўзлари билан тўлдирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.02.2025 й., 09/25/76/0124-сон)