Ўбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 15 октябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 19 декабрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 19 декабрда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини оширишга, шунингдек солиқ тўловчилар учун солиқ юкини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга мавжуд преференцияларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, шунингдек вақтинчалик солиқ имтиёзлари қўлланиладиган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча манбалардан даромад олувчи бюджет ташкилотлари учун белгиланган солиқ ставкаларининг амал қилишини 2027 йилнинг 1 январигача узайтириш, шунингдек жами даромаднинг чегаравий миқдорини 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга ошириш, ушбу даромад мавжуд бўлганда солиқ тўловчилар ҳар ойлик бўнак тўловларини тўлиқ чорак ўтганидан кейин тўлашини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бериладиган бюджет субсидиялари жами даромад таркибига киритилмаслигини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг биноларини қуриш билан боғлиқ бўлган харажатларга нисбатан фойда солиғи бўйича вақтинчалик солиқ имтиёзлари берилмоқда. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган рўйхат бўйича протез мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган вагонлар (контейнерлар) операторларининг темир йўл транспортида ташиш жараёнида вагонларни (контейнерларни) ижара шартлари асосида фойдаланишга бериш бўйича хизматлар кўрсатиш айланмаси қўшилган қиймат солиғини тўлашдан вақтинчалик озод қилиниши назарда тутилмоқда.
Мазкур Қонун таълим тизимини такомиллаштириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини оширишга, шунингдек солиқ тўловчилар учун солиқ юкини камайтиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда, №12, 1011-модда; 2024 йил, № 2, 106, 110, 111-моддалар, № 4, 346-модда, № 5, 458, 459-моддалар, № 8, 822, 831-моддалар, № 9, 958-модда) қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:
1) 337-модданинг олтинчи қисмидаги «2024» рақами «2027» рақами билан алмаштирилсин;
2) 340-модданинг саккизинчи қисмидаги «беш миллиард» деган сўзлар «ўн миллиард» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 369-модда биринчи қисмининг 1-бандидаги «пул мукофоти ва совғалар» деган сўзлар «пул мукофоти, совғалар ва бюджет субсидиялари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
4) 483-модда:
ўттиз саккизинчи қисмидаги «2024» рақами «2027» рақами билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги эллик иккинчи — эллик бешинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«2025 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда икки йил давомида тенг улушларда тадбиркорлик субъектлари фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари биноларини қуриш билан боғлиқ бўлган харажатларини мазкур биноларнинг қийматини амортизация тарзида чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритишга ҳақли.
Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларини бепул асосда ўқишга қабул қилиш бўйича лицензия талаблари бажарилмаган тақдирда, ушбу модданинг эллик иккинчи қисмида назарда тутилган амортизация чегирмалари ушбу Кодекснинг 306-моддасида назарда тутилган амортизация нормаларини қўллаш ҳисобидан бекор қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган рўйхат бўйича протез мосламаларини ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғини тўлашдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган вагонлар (контейнерлар) операторларининг темир йўл транспортида ташиш жараёнида вагонларни (контейнерларни) ижара шартномаси асосида фойдаланишга бериш юзасидан хизматлар кўрсатиш бўйича айланмаси қўшилган қиймат солиғидан 2024 йил 1 ноябрдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддаси 1, 2-бандларининг ҳамда 4-банди иккинчи хатбошисининг қоидалари 2024 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ушбу Қонун 1-моддаси 4-банди олтинчи хатбошисининг қоидалари 2024 йил 1 апрелдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ушбу Қонун 1-моддаси 4-банди еттинчи хатбошисининг қоидалари 2024 йил 1 ноябрдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 24 декабрь,
ЎРҚ-1013-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2024 й., 03/24/1013/1066-сон)