Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар ҳақида
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-210-сонли Қарори ижросини таъминлаш, шунингдек ушбу Қонуннинг моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, тегишли давлат органларида Қонун билан белгиланган талабларга риоя этилиши, шу жумладан уларнинг фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девонида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, унинг олдини олиш ва уни тартибга солишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» 1-иловага* мувофиқ;
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича «Йўл харитаси» 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1- ва 2-иловалар берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) моҳияти ва аҳамиятини ҳудудларда, шу жумладан сайлов округларида кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил этиш ҳамда ушбу тадбирларга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатларини жалб этиш тавсия қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (Ж. Ширинов) ҳамда Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси (Ш. Назаров):
ушбу Қонуннинг ижроси устидан таъсирчан парламент назорати амалга оширилишини таъминласин;
парламент назорати тадбирлари давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни қўмита мажлисларида муҳокама қилсин ҳамда уларни бартараф этиш, шу жумладан қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
Қонуннинг моҳияти ва аҳамияти бўйича туркум семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ўтказилишини ҳамда уларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилишини таъминласин;
давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатлари бўйича билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ташкил этиладиган ишларга кўмаклашсин;
Қўмита фаолиятига алоқадор бўлган давлат органлари раҳбарларининг ушбу давлат органлари тизимидаги манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, унинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотини Қўмита мажлисларида эшитиб бориш чораларини кўрсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 август,
4690-IV-сон