Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг
Буйруғи
ШНҚ 3.01.07-22 «Турар жой, жамоат ва ишлаб чиқариш бино ва иншоотларининг техник ҳолатини ўрганишда хавфсизлик техникаси» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 16 сентябрда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 286]
Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 мартдаги ПФ-5963-сон «Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2020 йил 27 ноябрдаги ПФ-6119-сон «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонларига мувофиқ буюраман:
1. ШНҚ 3.01.07-22 «Турар жой, жамоат ва ишлаб чиқариш бино ва иншоотларининг техник ҳолатини ўрганишда хавфсизлик техникаси» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг 1998 йил 19 январдаги 6-сон буйруғи билан тасдиқланган ҚМҚ 3.01.07-98 «Мукаммал таъмирлашни лойиҳалаштиришда турар-жой, жамоат ва ишлаб чиқариш биноларини текшириш учун хавфсизлик қоидалари» қурилиш меъёрлари ва қоидалари ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган.
4. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Биринчи ўринбосар С. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 9 август,
01/2-50-сон
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. АБДУХАКИМОВ
2024 йил 5 август
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Б. ЮСУПАЛИЕВ
2024 йил 4 июль
Фавқулодда вазиятлар вазири А. КУЛДАШЕВ
2024 йил 3 июль
Энергетика вазири Ж. МИРЗАМАҲМУДОВ
2024 йил 30 июль
Тоғ-кон саноати ва геология вазири Б. ИСЛАМОВ
2024 йил 26 июль
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 2024 йил 9 августдаги 01/2-50-сон буйруғига
ИЛОВА
ШНҚ 3.01.07-22 «Турар жой, жамоат ва ишлаб чиқариш бино ва иншоотларининг техник ҳолатини ўрганишда хавфсизлик техникаси» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари
Мазкур шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (бундан буён матнда ШНҚ деб юритилади) турар-жой, жамоат ва ишлаб чиқариш бино ва иншоотларини (бундан буён матнда бинолар деб юритилади) реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш учун уларнинг техник ҳолатини ўрганишда хавфсизлик техникасини белгилайди.
1-боб. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳаволалар
1. Мазкур ШНҚда қуйидаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳаволалар қўлланилган:
ШНҚ 2.04.17-19 «Турар жой ва жамоат биноларини электр жиҳозлари»;
ШНҚ 3.01.02-23 «Қурилишда хавфсизлик техникаси».
2-боб. Атамалар ва таърифлар
2. Ушбу ШНҚда қуйидаги атама ва таърифлардан фойдаланилган:
бино — функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизими;
иншоот — ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажариш, моддий қимматликларни жойлаштириш ва сақлаш, одамларнинг вақтинча бўлиши (ҳаракатланиши), шунингдек ускуналар ёки коммуникацияларни жойлаштириш (ўтказиш, улаш) учун мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат ҳажмий, ясси ёки чизиқ тарзидаги қурилиш тизими;
биноларнинг техник ҳолатини ўрганиш (бундан буён матнда техник ҳолатни ўрганиш деб юритилади) — биноларнинг ҳисобий схемасини, шикастланишларини, нуқсонларини, деформацияларини ва уларнинг пайдо бўлиш сабабларини, улардан техник фойдаланиш қоидаларининг бузилганлигини аниқлаш учун биноларнинг ҳолатини тўлиқ ташқи ўрганиш, қурилиш конструкцияларининг техник ҳолатини баҳолаш учун якуний маълумотларни тўплаш, асбоб-ускуналар ёрдамида конструкцияларнинг мустаҳкамлик кўрсаткичларини аниқлаш, биноларни реконструкция қилишда конструктив ечимларни танлаш;
реконструкция қилиш — асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларни (юкламаларни, хоналарнинг режалаштирилишини, бинонинг қурилиш ҳажмини ва умумий майдонини, муҳандислик жиҳатдан жиҳозланишини) ўзгартириш билан боғлиқ қурилиш ишлари ва ташкилий-техник тадбирлар мажмуи;
мукаммал таъмирлаш — бинонинг ишончлилигини ва унда қулай шароитларни таъминлашга қаратилган фойдаланиш кўрсаткичларини яхшилаган ҳолда қайта тиклаш бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари мажмуи;
жорий таъмирлаш — бинонинг фойдаланиш кўрсаткичларини сақлаб туриш бўйича таъмирлаш ишлари мажмуи.
3-боб. Биноларнинг техник ҳолатини ўрганиш
3. Биноларни техник кўрикдан ўтказиш ишларини бажаришда ҳимоя каскалари ва арқонларидан, хавфсизлик камарларидан, том устида ишлашда эса қўшимча равишда сирпанмайдиган пойабзаллардан фойдаланиш керак.
4. Томнинг техник ҳолатини ўрганиш учун унга чиқишга фақат чердак тўсини ва том панжараларининг хизматга яроқлилиги текширилгандан сўнг йўл қўйилади.
Зинапоялар илгаклар билан ишончли тарзда том тизмасига (икки скатли томда) маҳкамланган бўлиши лозим.
5. Томнинг техник ҳолатини ўрганишдан аввал парапет тўсиқнинг ҳолатини кўздан кечириш, эскирган тақдирда эса уни мустаҳкамлаш чоралари кўрилиши керак.
6. Тутун қувурлари ва вениляция шахталарининг техник ҳолатини ўрганиш панжарага ётқизилган горизонтал тўшамалар орқали ўтказилиши керак.
Тутун қувурлари ва вентиляция шахталарининг баландлиги 1,5 m дан ортиқ бўлса, уларнинг техник ҳолатини ўрганиш кўтариб ишланувчи мослама ёрдамида амалга оширилади.
Томдаги кўтариб ишланувчи мосламалар боғлаб қўйиладиган занжирлар билан мустаҳкам маҳкамланган бўлиши керак.
7. Томга бўлакли материалларни йиғиш ва зарур бўлган тақдирда уларни қияликдан пастга силжиши ва шамолда учиб кетиши эҳтимолини бартараф этиш учун маҳкамлаш керак.
8. Шамол тезлиги 7,5 m/с дан юқори бўлганда (5 балл), зич туман, муз, момақалдироқ, кучли ёмғир ва қор пайтида томда бўлиш ва ҳар қандай ишни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Томдан материаллар, ускуналар, тараларнинг тушиб кетиши, бўёқлар оқиб тушиши мумкин бўлган зонага одамларнинг киришини олдини олиш учун ўрганилаётган бино баландлигининг ¼ қисмидан яқинроқ бўлмаган жойда тўсиқлар ўрнатиш зарур.
9. Нишаблари 20° дан юқори бўлган том тарновларига ўтишга фақат стропилга бириктирилган ҳимоя арқони билан хавфсизлик камари мавжуд бўлган ҳоллардагина йўл қўйилади.
10. Доимий тўсиқлари бўлмаган текис томларнинг техник ҳолатини ўрганиш учун 1 m баландликдаги вақтинчалик кўчма хавфсизлик тўри экранларини ўрнатиш зарур. Бунда, экранлар томнинг устига қисқичлар ёки бошқа асбоблар билан маҳкамланиши лозим.
11. Ташқи эшикларда фасад ишлари олиб борилганда, деворга девор сиртининг қалинлигига қадар 2 m ли, ҳавозалар мавжудлигида эса уларнинг энининг кенглигига қараб 1 m ли нишаби 20° бўлган пишиқ, ҳимояланган соябонлар ўрнатилиши керак.
12. Фасад штукатуркасида (карнизда) хавф солувчи ёриқ аниқланса ва уни зудлик билан таъмирлаш имкони бўлмаса, узун тутқичли ёғоч болға ёрдамида, бошга ҳимоя каскасини кийган ҳолда ёрилган штукатуркани уриб тушириб ташлаш керак.
13. Фасадлардан штукатурка ва плиткаларни уриб тушириш ШНҚ 3.01.02-23га мувофиқ амалга оширилади.
Бунда, ушбу ишлар олиб бориладиган ҳудуд тўсиқ билан ўралган бўлиши ва бегона шахсларнинг киришига йўл қўйилмаслиги керак.
14. Одамлар жойлашиши учун хавфли зонанинг кенглиги бинонинг баландлиги 20 m гача бўлганда камида 6 m, 40 m гача бўлганда камида 10 m, 40 m дан катта бўлганда эса техник топшириққа мувофиқ тўсиқлар билан тўсилиши керак.
Хавфли ҳудуд аниқ кўринадиган огоҳлантирувчи (тақиқловчи) белгилар ва ёзувлар билан белгиланиши зарур.
15. Баландликдаги иш жойлари тўсиқлар, ҳимоя ва хавфсизлик мосламалари ҳамда қурилмалари билан жиҳозланиши зарур. Бино ҳудудида бегона шахсларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.
16. Қаватларга кўтарилишга фақат ички зинапоялар ёки тегишли тўсиқларга эга бўлган нарвонлар орқали йўл қўйилади.
17. Қўшимча кўчма нарвонлардан фойдаланишга ердан ёки полдан 1,3 m дан юқори бўлмаган шароитда йўл қўйилади.
18. Кўчма нарвонлар силжиш ва ағдарилишнинг олдини олувчи ускуналарга эга бўлиши керак.
Кўчма нарвонларнинг пастки учларини мустаҳкамлашда ўткир учли оковкалардан, асфалт, бетонларда фойдаланилганда эса резина ёки бошқа сирпанмайдиган материаллардан фойдаланиш керак. Бунда, зарур ҳолларда нарвонларнинг юқори учлари махсус илгакларга эга бўлиши лозим.
19. Қўшимча нарвондан 1,3 m дан юқори баландликда фойдаланилганда, кўтариш мосламаси ташкил этилиши ва бино қурилмасига ёки зинапоясига бириктирилган хавфсизлик камарлари таъминланиши керак.
20. Хавфсизлик камарлари ва ҳимоя арқонларига қўйиладиган талаблар мазкур ШНҚнинг иловасида назарда тутилган.
21. Бинони кўтарувчи қурилмаларда ёриқлар пайдо бўлган тақдирда, маёқлар ўрнатиш йўли билан уларни мунтазам равишда кузатиб туриш лозим.
22. Биноларни кўздан кечириш вақтида бинони кўтарувчи қурилмаларнинг алоҳида жойларидан намуна олиш ва очиш уларнинг қулашига олиб келмаслиги учун қурилмаларнинг кўтарувчи қобилиятини заифлаштирмасдан амалга оширилиши лозим.
23. Ички ва ташқи девор штукатуркаси ва шифтнинг техник ҳолатини ўрганиш ҳавоза, кўтариб ишланувчи мослама, стропочли инвентар ёрдамида амалга оширилиши керак.
24. Бинони кўтарувчи қурилмаларни очишда бетонни синдириш, цемент шувоқни ва облицовкани олиб ташлаш ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши лозим.
25. Шлямбурни ушлаб туриш ва бураш газ калитлари ёрдамида амалга оширилади. Бунда, шлямбур ва кувалда соз ҳолатда бўлиши керак.
26. Ташқи деворларда ёриқларни тешиш вақтида деворнинг бўлаклари тушиши мумкин бўлган ҳудуд тўсилган бўлиши керак.
27. Минерал пахта билан изоляция қилинган бостирмаларнинг техник ҳолатини ўрганиш ҳимоя кўзойнаклари, дока боғламлар ва халатлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши керак.
28. Тахта ётқизилмаган бостирмаларнинг техник ҳолатини ўрганишда подшивкаларда туришга йўл қўйилмайди.
29. Қудуқда ишларни амалга оширишда қуйидаги ҳимоя ва хавфсизлик анжомлари таъминланиши шарт:
хавфсизлик камарлари ва ҳимоя арқонлари (камар ва арқонлар йилида икки марта 2 кН юкка бардошлилиги синовдан ўтказилиши лозим);
ҳимоя каскалари;
қудуқ чуқурлигидан 2 m узун бўлган шлангли газга қарши ниқоблар;
ЛБВК хавфсизлик лампалари (газ анализаторлари);
12 В кучланишдаги аккумуляторли чироқ;
қўл (механик) вентилятори;
қудуқ қопқоғини очиш учун илгаклар ва лом;
илгакнинг (скобанинг) мустаҳкамлигини ўрганиш учун мустаҳкам хода;
«ишчилар ишлаяпти» кўчма тўсиқ белгилари ва сигнал фонарлари;
инвентар тўсиқлар (иш жойлари йиғиладиган-тузиладиган ўрнатиладиган тўсувчи элементлари билан);
тушиб кетган инвентар асбобларини ушлаб қолиш учун ҳимоя тўрлари;
12 В ли портатив паст кучланишли чироқ, электр қиздиргичли чироқлар, рефлектор ва ҳимоя тўри.
30. Қудуқда ишлашдан аввал қуйидагилар зарур:
иш жойи тўсиқлари ва огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатиш;
зарурий шахсий ҳимоя воситаларининг мавжудлиги ва яроқлилигини ўрганиш;
Қудуқ қопқоғини лом (илгак) билан очиш ва кўча ёки автотранспорт ҳаракати йўналиши бўйлаб ётқизиш. Қудуқ қопқоғини қўллар ва тегишли ускуналар ҳамда воситалар билан очишга йўл қўйилади.
31. ЛБВК лампалари (газ анализатори) билан қудуқларга тушишдан аввал унинг газ билан ифлосланиши, шунингдек илгакларнинг бутлигини ўрганиш керак.
32. Қудуқда аниқланган газ табиий шамоллатиш (иккита юқори ва пастки қудуқларнинг қопқоқларини очиш) ёки қўл вентилятори билан ҳаво пуркаш йўли орқали тозаланади ва шундан сўнг қудуқнинг газ билан ифлосланишини қайта ўрганиш лозим.
Газ тўлиқ тозаланмагунга қадар газга қарши ниқобсиз қудуққа тушишга йўл қўйилмайди.
33. Қудуқда ёки камерада чекиш, уларга ёниб турган гугурт, қоғоз ташлаш, газ мавжудлигини аниқлаш учун ёнаётган шам (ёниб турган чироқ) ни туширишга йўл қўйилмайди.
34. Қудуққа уни газдан тўлиқ тозаламасдан тушишга фақат ПШ-1 газ ўтказмайдиган шлангли ниқобларида, қудуқда ҳар 10 дақиқада танаффус билан ишлаш шарти билан йўл қўйилади.
35. Қўл ускуналарини махсус қулфланадиган қутиларда сақлаш ва ташиш лозим.
36. Қўл арра, белкурак, болта, босқон, болға бошқа тутқичларга маҳкамланиши керак.
Болта, босқон, болғаларнинг тутқичлари қаттиқ ёғочдан тайёрланган ва пўлат пона билан маҳкамланган бўлиши лозим.
Тутқичларнинг юзаси қовурға, бурчак, бурмалар ёки бошқа нотекисликларсиз силлиқ бўлиши керак. Босқон ва болғаларнинг тутқичлари бўш учига қараб қалинликка эга бўлиши лозим.
37. Лом, белкурак, болталар, скарпеллар, арралар, зубило (тош тарашловчи асбоб), искана, шлямбур ва бошқа ускуналар ўткирланган бўлиши шарт. Арра ва шлямбур тегишли тиш созаламаларига эга бўлиши керак.
38. Электр лапмаларини босим остида бураб маҳкамлаш ва очишга йўл қўйилмайди. Агар босимни бартараф этиш иложи бўлмаса, мазкур ишни электр ўтказмайдиган қўлқоплар ва ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш лозим.
39. Объектлардаги электр ускуналарни электр тармоғига улаш ШНҚ 2.04.17-19 га мувофиқ амалга оширилиши керак.
40. Қўшимча зинапояларда электрланган ускуналар билан ишлаш тақиқланади. Ишлар камида 1 m баландликдаги панжара ва камида 15 сm баландликдаги тахта билан ўралган ҳавоза ёки кўтариб ишланадиган мосламаларда амалга оширилиши лозим.
41. Электр асбоби бошқа жойга кўчирилганда ёки танаффус вақтида таъминот манбаидан ўчириб қўйилиши лозим.
42. Ёмғир ва қор ёғиш пайтида очиқ жойларда электр ускуна билан ишлашга фақат иш жойида шийпонлар мавжуд бўлганда ва диелектрик қўлқоплар, калиш, гиламчалардан мажбурий фойдаланиш шарти билан йўл қўйилади.
43. Биноларнинг техник ҳолатини ўрганишда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
ёнғинга қарши зинапоялар бўйлаб тепага чиқиш ва пастга тушиш;
зинапоя, тўсиқлар, кўтариб ишланадиган мосламалар, пол (тўшама)лар, узангилар ва тўсиқлари мавжуд бўлмаган, қурилиши якунланмаган бино майдонининг юқорисида қурилмаларни ўрганиш ва материаллардан намуналар олиш;
тўсиқсиз ёки деворларнинг очиқ тешиклари ёнидан ўтадиган зинапоялар ва нарвонлар орқали кўтарилиш ва тушиш;
музлаган ва қор билан қопланган зинапоялар ва нарвонлар орқали кўтарилиш ва тушиш;
қурилиши якунланмаган бинонинг каркас элементлари бўйлаб кўтарилиш ва тушиш;
тешикларга кириб чиқиш, очиқ тешиклардаги дераза токчасига чиқиш, ташқи қидирувлар, карнизлар, тўсиғи бўлмаган балконларга чиқиш;
томлардан, чодирдан ёки пажейдан асбоблар ва ҳар хил материалларни ташлаш;
чириган қурилиш биноларда туриш ёки унда юриш;
юклаш ва тушириш зонасида бўлиш;
момақалдироқ пайтида, музда ёки шамол тезлиги 7,5 m/с дан юқори бўлганда томга чиқиш, нишаби 20° юқори бўлган бинонинг томида хавфсизлик камарисиз ва ишончли таянчга боғланган ҳимоя арқонисиз юриш;
битта вертикал юқорида қурилиш ёки таъмирлаш ишлари бажариладиган жойларда тегишли ҳимояловчи қурилмаларсиз ўрганиш ишларини амалга ошириш;
соғлиқ учун зарарли шароитлардаги хоналарда тегишли ҳимоя воситаларисиз қолиш ва ишлаш;
ҳар қандай идиш, қудуқ, кузатиш ариқларини ўзбошимчалик билан очиш ва уларга тушиш;
сунъий ёруғлик манбаи сифатида очиқ оловли чироқлардан фойдаланиш.
44. Бетон полларни, темир-бетон қурилмаларни очиш, қаттиқ грунтни ҳайдаш ва бошқа ишларни бажарувчи ишчилар синмайдиган шишали ҳимоя кўзойнакларига эга бўлишлари керак.
45. Қозонхона, ёқиш ҳудуди, газда юрувчи қурилмалар ва дудбуроннинг туташувчи қисмининг техник ҳолатини ўрганишдан олдин шамоллатилиши керак.
46. Газ асбоблари (ускуналари) ўрнатилган биноларда ўлчаш ва техник ҳолатни ўрганиш биноларни доимий равишда шамоллатган (фрамугалар, дарчалар очиқ бўлиши керак) ҳолда амалга оширилиши керак.
47. Ҳар қандай турдаги ерости ва ерусти қувур ўтказгичларида, шунингдек электр кабеллари, иситиш батареялари ва шамоллатиш қутиларида туриш, уларнинг устида юриш ёки бир баландликдан иккинчисига юриш, тортиш ва туширишда таянишга йўл қўйилмайди.
48. Таркибида тез ёнувчан ва портловчи моддалар бўлган материалларни қўллаш ва сақлаш жойидан 50 m дан кам радиусда очиқ оловдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
4-боб. Чуқурликлар қазиш ишларини амалга ошириш ва қудуқларни қўлда бурғулашда хавфсизлик техникаси
49. Одамлар ва транспорт ҳаракати амалга ошадиган жойларда чуқурликни қазиш ҳимоя тўсиқлари билан тўсилиши шарт.
Тўсиққа огоҳлантирувчи ёзувлар ва белгилар, кечки пайтда эса сигналли ёритгичлар ўрнатиш керак. Зарур ҳолларда чуқурликларнинг деворлари, хандақлар инвентар маҳкамлагичларга эга бўлиши керак, улардан фойдаланишнинг иложи бўлмаса, техник топшириққа асосан тайёрланган маҳкамлагичлардан фойдаланиш лозим.
50. Маҳкамлагичларнинг устки қисми чуқурчанинг четидан камида 0,5 m чиқиб туриши керак. Қазиш жараёнидан келиб чиқиб, мустаҳкамлагичларни тепадан пастга қараб 0,5 m дан кўп бўлмаган чуқурликларда ўрнатиш лозим.
Маҳкамлагичларни ечиб олиш пастдан тепага қараб чуқурни қайта тўлдириб борган ҳолда амалга оширилиши керак.
51. Очиқ қудуққа (шурф-чуқурлик) тушишдан олдин қуйидагилар ўрганилиши керак:
қудуқда газларнинг йўқлиги (ёқилган ЛВБК чироғини тушириш йўли билан):
қудуқ мустаҳкамлигининг тўғрилиги ва ишончлиги;
грунт, тош, асфалт, ғишт, ёғоч ва бошқалар буюмларнинг осилиб туриши ҳамда қулаб кетиш хавфининг йўқлиги;
қудуқнинг атрофида грунтнинг йўқлиги;
тўсиқлар ва огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатиш.
52. Чуқур қудуққа тушиш ва орқага кўтарилиш фақат зинапояга қараган ҳолда амалга оширилиши лозим. Тирговичлар бўйлаб тушишга йўл қўйилмайди.
53. Қудуқдан олиб ташланган грунтни грунт чиқариш қирғоғидан 0,5 m масофада жойлаштириш лозим.
54. Тошлоқ (қоясиз)сиз ва ерости суви сатҳидан юқори бўлган музламаган грунтда яқин атрофда ерости биноларисиз ва маҳкамлаш воситаларисиз вертикал деворли қудуқни қазишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
1 m — ўйма, қумли ва йирик янчиладиган грунтда;
1,25 m — қумлоқда;
1,5 м — қумоқли ва лой грунтда.
55. Қудуқ тупроғини қазишга у ерда ишлаётганлар тўсилиши учун ҳимоя воситалари, соябонлар ўрнатилган тақдирда йўл қўйилади.
56. Қудуқларнинг ўлчами, уларнинг мустаҳкамлиги ва уларга ишлов бериш ҳамда кўмишдаги хавфсизлик чоралари ШНҚ 3.01.02-23 га асосан амалга оширилади.
57. Бинонинг ташқарисида қудуқнинг қазилиши табиий ёки электр ёруғлигида олиб борилиши лозим.
Бинонинг ичида қудуқ қазилиши ҳамда унга яқин майдончанинг ёруғликка эга бўлмаслигига йўл қўйилмайди.
58. Қудуқ бир нафар кон қазувчи томонидан ковланганида иш жойи 0,9 m2 дан, икки нафар кон қазувчи томонидан амалга оширилганда эса 1,5 m2 дан кам бўлмаслиги лозим.
59. Кесишма арра билан ишлаганда қўлни арранинг қиррасига яқин тутиш ёки аррани чап қўлнинг катта бармоғи билан бошқаришга йўл қўйилмайди.
60. Қудуқларни ковлаш жойи бегона буюмлардан холи бўлиши керак.
61. Қудуқларни соябонлар ёки брезент чодирлар билан ёпган ҳолда атмосфера ёғингарчиликлари тушишидан ҳимоя қилиш лозим. Қудуқларни илиқ пайтда оқава сув қувурлари остида ковлашга йўл қўйилмайди.
62. Қудуқларни ковлашда қўлланиладиган асбобни ишлаётган ёки уларнинг ёнида турган кишиларнинг устига тушиб кетмайдиган қилиб жойлаштириш керак.
63. Қудуқ деворларида аниқланган, грунтда зич жойлашмаган ва тушиб кетиш хавфи бўлган валунлар (тоғ жинсининг бўлаги), тошлар, ғиштлар, асфалт, ёғоч бўлаклари ва бошқа буюмларни қудуқнинг тубига эҳтиёткорона тушиб, уларни тепага чиқариб ташлаш зарур. Тепага кўтарилишда қудуқнинг ичида қолиш тақиқланади.
64. Қудуқда ишлатилаётган асбоблар, мосламалар, маҳкамлаш материалларини узатиш қўлдан-қўлга ёки челакка солиб канатда амалга оширилиши лозим.
65. Қудуқ ковланаётганда грунтнинг остини қазишга йўл қўйилмайди.
Пойдевор остини ёки дастгоҳлар ўрнатилган қурилмалар, машиналар, механизмлар, юк қўйилган стеллаж(жавон)лар, тушириш устунлари, қабул қилиш устунлари остини қазишга йўл қўйилмайди.
66. Зарарли ва портлаш хавфи бўлган газлар йиғилиши мумкин бўлган жойлардаги қудуқлар, шунингдек қудуққа одамлар ишдаги танаффусдан сўнг тушгунига қадар (дам олиш кунлари, тунги танаффуслар, тўхтаб қолишлар ва бошқалар) бурғулаш усталари (улар йўқлигида эса — бурғулаш ишчилари) газланганлик даражасини (таркибини) ўрганиш керак.
67. Тоғ жинсларини челакда кўтариш тепада турган ишчиларга таянч учун қудуқнинг қирғоғи олдига ётқизилган остонадан амалга оширилиши лозим.
68. Юк солинган челаклар кўтарилишида чайқалмаслиги ва қазилган қудуқ деворларига урилмаслиги керак.
69. Чуқурлиги 5 m дан юқори бўлган қудуқдан грунтни чиқариш механизацияланган ҳолда амалга оширилиши лозим.
70. Чуқурлиги 4-5 ва ундан юқори бўлган қудуқларнинг маҳкамлагичларини қисмларга ажратишга йўл қўйилмайди, чунки уларнинг вертикал деворлари суст ушлайдиган ва маҳкамлагич олиб ташланганда грунт тўкилиши хавфи бўлганлиги сабабли йўл қўйилмайди.
71. Котлован (чуқур)лар, хандақлар ва қудуқларни кўмиш у ерда одамлар йўқлигида олиб борилиши шарт.
72. Қудуқларни қўлда бурғулаш (копер ва тушовлар(арқон)сиз)га қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
чуқурлиги 15 m гача бўлган 70 mm тўплам билан;
чуқурлиги 12 m гача бўлган 89 m ли комплект билан;
чуқурлиги 127 mmгача бўлган 127 mmли комплект билан;
чуқурлиги 2 m бўлган (қазилган) 127 mmдан юқори комплект билан.
73. Момақолдироқ вақтида ва кучли шамолда бурғулашга йўл қўйилмайди.
74. Грунт сирти остидаги штанганинг баландлиги 4 m дан ошмаслиги лозим.
75. Бурғуланган қудуқ ер билан бир текисда грунт билан текисланиши ёки ёғоч тиқин билан ёпилиши керак.
5-боб. Атроф-муҳит муҳофазаси
76. Биноларни реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлашда атроф-муҳит муҳофаза қилиниши керак.
Бунда, ҳудуддаги дарахт ва буталар ҳамда яшил майдонларга зарар етказмаслик, ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг ўз вақтида бартараф этилиши (олиб чиқиб кетиш, утилизация), чанглар тарқалишини камайтириш учун намлатиб туриш тизимларидан фойдаланиш керак.
77. Бинолар ҳамда унга тегишли объектларда «яшил боғ» ва «яшил белбоғ»лар барпо этиш, кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилиши лозим.
78. Дарахт ва буталар экилган майдонларда суғориш тизимлари кўзда тутилиши лозим.
79. Биноларни реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлашда атроф-муҳитнинг қаттиқ маиший чиқиндилар билан ифлосланишини олдини олиш мақсадида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва вақтинча сақлаш учун мўлжалланган махсус чиқинди қутилари ўрнатилиши керак.
Бунда, ушбу чиқинди қутилари қулай бўлган жойга ўрнатилиши, пиёдалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар аравачалари ҳамда велосипедлар ҳаракатига халақит бермаслиги, тоза ва соз ҳолатда сақланиши керак.
ШНҚ 3.01.07-22 «Турар жой, жамоат ва ишлаб чиқариш биноларининг техник ҳолатини ўрганишда хавфсизлик техникаси» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига
ИЛОВА
АРҚОНЛИ ҚУТҚАРУВ (ҲИМОЯ ҚИЛУВЧИ) КАМАРЛАРИНИНГ ЯРОҚЛИЛИГИНИ ЎРГАНИШ ВА УЛАРНИ СИНОВДАН ЎТКАЗИШ
1. Камарларнинг яроқлилик даражасини ташқи кўздан кечириш ва синовдан ўтказиш орқали аниқланади.
2. Ташқи кўздан кечириш ҳар куни, ишдан олдин ҳам, ишдан кейин ҳар бир қўлланишдан кейин ҳам олиб борилади. Ўрганиш камар ва арқон бириктирилган ишчи томонидан амалга оширилади.
3. Камар қўлланилиши мумкин бўлмаган асосий носозликлар ва шикастларга қуйидагилар киради:
камар тасмалари ва елка тасмаларининг шикастлангани (катталигидан қатъи назар, улардаги йиртиқ ёки кесилган жой);
маҳкамлаш камарларининг шикастланиши (катталигидан қатъи назар, улардаги йиртиқ ёки кесилган жой);
михпарчинларда шайбаларнинг йўқлиги;
материал михпарчинларининг йиртиғи (камар тасмаси, елка тасмаси ёки тасмалар).
Қайд этилган шикастланишларнинг камида биттаси мавжуд бўлса ҳам, камар яроқсиз ҳисобланади.
4. Мос келмаган ўлчамдаги камарни ишлатиш, шунингдек, кичрайтиришга йўл қўйилмайди.
5. Қутқарув камарлари учун карабинлар (пружинали илгак)ларнинг яроқлилик даражаси ташқи кўздан кечириш ва синовдан ўтказиш орқали аниқланади.
6. Карабинларнинг ташқи кўздан кечирилиши арқонни ўрганиш билан бир вақтнинг ўзида олиб борилади.
7. Карабин яроқсиз деб ҳисобланадиган асосий носозликлар ва шикастларга қуйидагилар киради:
карабин очилганида унинг затворининг едирилиши (затвор очилмайди);
затворни шарнирли маҳкамлаш жойидаги юпқалиги ва бўртиб чиққанлиги; затвор пружинасининг бўшлиги;
карабин сиртида ғадир-будур ва учли ўйиқларнинг мавжудлиги.
8. Қутқариш арқонларининг яроқлилик даражаси текширув ва синовдан ўтказиш орқали аниқланади.
9. Арқонни фойдаланишга яроқсиз деб тан олишга асос бўлувчи носозликлар ва шикастларга қуйидагилар киради:
ипларнинг сезиларли даражадаги узилиши (15 — 20);
арқоннинг кулранглиги ва у эгилган ёки буралиб қолганда ғичирлаган товушнинг чиқиши;
арқоннинг намлиги.
Арқоннинг намлиги аниқланганда у қуритилиши зарур.
10. Ишлатилаётган арқоннинг узунлиги баландликда, қудуқларда, котлован ва хандақларда ишлаш шароитларига мос келиши лозим. У қудуқ, коллектор ва бошқ.нинг узунлигидан камида 2 m узун бўлиши керак.
11. Карабинлар учун ҳалқали қутқарув камарлари қуйидаги тарзда синовдан ўтказилади.
Камар статик босимнинг чидамлигига текшириб кўрилади, бунинг учун синалаётган камарнинг ҳалқасига 200 кг оғирликка эга бўлган юк маҳкамланиб, 5 дақиқага осилган ҳолатда қолдирилади. Юк туширилганидан сўнг камарда ҳеч қандай шикастланиш излари қолмаслиги керак.
Синовлар йилига икки марта ўтказилиши керак.
12. Камарли карабинлар қуйидагича синаб кўрилади. Карабин статик босимнинг чидамлигига текшириб кўрилади, бунинг учун синовдан ўтказилаётган карабинга 200 кг бўлган юк маҳкамланади. Очиқ затвордаги осилган карабин юк остида 5 дақиқага қолдирилади.
Юк туширилганидан сўнг карабиннинг шакли ўзгармаслиги лозим. Карабиннинг бўшаган затвори ўз жойига тўғри ва бемалол қайтиши лозим.
13. Қутқарув арқонлари статик босимнинг чидамлигига синаб кўрилади. Бунинг учун бутун узунлиги бўйлаб осиб қўйилган арқонга 200 кг оғирликдаги юк маҳкамланади ва айнан шу ҳолатда 15 дақиқага қолдирилади. Арқоннинг узунлиги синов бошланишидан олдин ва тугаганидан сўнг ўлчанади.
Юк олинганидан сўнг арқонда ҳеч қандай шикастланишлар бўлмаслиги лозим. Арқоннинг қўйилган юк туфайли чўзилиб кетиши унинг дастлабки узунлигининг 5 фоиздан ошмаслиги лозим.