Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг «Навоийуран» давлат корхонаси, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ва «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси ходимлари иш ҳақини туманлар (ҳудудлар) бўйича тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 24 апрелдаги 232-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4629-сон қарорига мувофиқ ҳамда «Навоийуран» давлат корхонаси, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ва «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ишчи ходимлари ҳамда юқори малакали мутахассисларининг меҳнат самарадорлиги, касбий ва моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 484-моддасида ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш коэффициенти айрим ҳудудлардаги меҳнат шароитларининг хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, ходимларга компенсация хусусиятига эга бўлган устама тўланиши белгиланганлиги, шунингдек, ушбу коэффициентларнинг энг кам миқдорлари ва уларни қўллаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши;
«Навоийуран» давлат корхонаси томонидан вилоятларда амалга оширилган геология-қидирув ишлари натижасида Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани, Жиззах вилоятининг Фориш тумани, Навоий вилоятининг Қизилтепа ва Хатирчи туманлари, Қашқадарё вилоятининг Муборак ва Косон туманлари, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри, Наманган вилоятининг Поп туманида уранга истиқболли конлар аниқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Навоийуран» давлат корхонаси, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ва «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси ходимлари иш ҳақини туманлар (ҳудудлар) бўйича тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 24 апрелдаги 232-сон қарорига иловага мувофиқ иш ҳақига белгиланган миқдорларда туман (ҳудудий) коэффициентлари қўлланиладиган туман ва шаҳарлар рўйхатини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Ф. Исламов ҳамда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 31 август,
537-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 августдаги 537-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Навоийуран» давлат корхонаси, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ва «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси ходимлари иш ҳақини туманлар (ҳудудлар) бўйича тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 24 апрелдаги 232-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
а) иккинчи хатбоши «Пешку» сўзидан кейин «ва Шофиркон» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) учинчи хатбошидаги «Ғаллаорол ва Зомин туманларида, Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида» сўзлари «Ғаллаорол, Зомин ва Фориш туманларида, Навоий вилоятининг Навбаҳор, Қизилтепа ва Хатирчи туманларида» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«1,20 — Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида ва Кармана туманида, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида, Китоб, Муборак ва Косон туманларида, Тошкент вилоятининг Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида, Пискент ва Оҳангарон туманларида ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида жойлашган бўлинмалар ходимлари учун».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.09.2024 й., 09/24/537/0681-сон)