ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартишлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 27 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2347-2]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 августдаги 538-сон «Давлат органлари ва ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги бош директорининг 2012 йил 14 февралдаги 10-сон буйруғи (рўйхат рақами 2347, 2012 йил 29 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 13-сон, 150-модда) билан тасдиқланган Ҳужжатларни қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 24 август,
21-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 24 августдаги 21-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартишлар
1. 2-бандда:
тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Эксперт комиссияси (бундан буён матнда ЭК деб юритилади) — давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларида ҳужжатларнинг, шу жумладан бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш ва ҳужжатларни архив сақловига топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни олиб борувчи, ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган доимий фаолият юритувчи маслаҳат органи ҳисобланади;»;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Марказий эксперт комиссияси (бундан буён матнда МЕК деб юритилади) — давлат органлари ва ташкилотларида ҳужжатларнинг, шу жумладан бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш ва ҳужжатларни архив сақловига топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни олиб борувчи, давлат органи ва ташкилоти ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссиялари фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришни амалга ошириш учун тузиладиган, ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган доимий фаолият юритувчи маслаҳат органи;»;
олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Эксперт-текширув комиссияси (бундан буён матнда ЭТК деб юритилади) /Эксперт-текширув услубий комиссияси (бундан буён матнда ЭТУК деб юритилади) — архив иши ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистон миллий архивларида бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатлар қимматлилиги экспертизасини ташкил этиш ва ҳужжатларни архивларга сақлаш учун топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни ўтказиш ҳамда давлат архивларининг жамлаш манбаи бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги марказий эксперт комиссиялари ва ЭК фаолиятига раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириш учун тузиладиган доимий фаолият юритувчи комиссия;»;
еттинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
саккизинчи — ўн иккинчи хатбошилар тегишли равишда еттинчи — ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Марказий эксперт-текшириш комиссияси (бундан буён матнда МЕТК деб юритилади) — услубий ва амалий ишларни олиб бориш учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақловчи вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотларининг МЕКларига раҳбарлик қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги (бундан буён матнда «Ўзархив» агентлиги деб юритилади) ҳузурида иш олиб борадиган доимий фаолият кўрсатувчи комиссия;».
2. 20-банддан «давлат архивлари» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
3. 30-банддаги «тегишли» деган сўз «касбий компетентлик гувоҳномасига эга бўлган» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.08.2024 й., 10/24/2347-2/0671-сон)