Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат органлари ва ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомларни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон Фармонига мувофиқ ҳамда архив иши ва иш юритиш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар давлат органлари ва ташкилотлари архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссияларининг (кейинги ўринларда — эксперт комиссиялари) асосий вазифалари этиб белгилансин:
иш юритишда тугалланган ва идоравий архивда сақланаётган ҳужжатлар ва йиғмажилдларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш;
давлат архивлари сақловига топшириш учун ҳужжатлар ва йиғмажилдларни саралашни ташкил этиш ва амалга ошириш;
сақлов муддати тугаган ҳужжатлар ва йиғмажилдларни йўқ қилишга ажратишни ташкил этиш ва ўтказиш;
архив иши ва иш юритиш соҳасига доир ҳужжатларни ишлаб чиқишни ташкил этиш.
2. Қуйидагилар:
архив иши ва иш юритиш соҳасидаги марказий эксперт комиссияларининг асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, комиссия ишини ташкил этиш тартибини назарда тутувчи Давлат органлари ва ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги марказий эксперт комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом 1-иловага мувофиқ;
архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссияларининг асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, комиссия ишини ташкил этиш тартибини назарда тутувчи Давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом 2-иловага тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
эксперт комиссиялари ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган доимий фаолият юритувчи маслаҳат органи ҳисобланади;
эксперт комиссиялари таркиби ташкилот раҳбари буйруғи билан тузилади ҳамда ушбу комиссиялар қарорлари ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади;
эксперт комиссиялари ўз фаолиятини мазкур қарор билан тасдиқланган намунавий низомларга мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда тегишлилиги бўйича «Ўзархив» агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Ўзбекистон миллий архивлари томонидан келишиладиган низом асосида амалга оширади;
эксперт комиссияларини тугатиш ёки қайта тузиш тегишлилиги бўйича «Ўзархив» агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Ўзбекистон миллий архивлари хабардор қилинган ҳолда амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги директори У.М. Юсупов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 24 август,
538-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 августдаги 538-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги марказий эксперт комиссиялари тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат органлари ва ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги марказий эксперт комиссиялари мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Марказий эксперт комиссияси (кейинги ўринларда — МЭК):
давлат органлари ва ташкилотларида ҳужжатларнинг, шу жумладан бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш ва ҳужжатларни архив сақловига топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни олиб борувчи;
давлат органи ва ташкилоти ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссиялари фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришни амалга ошириш учун тузиладиган, ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган доимий фаолият юритувчи маслаҳат органи ҳисобланади.
3. МЭК давлат органи ёки ташкилоти раҳбари буйруғи билан тузилади.
4. МЭК қарорлари давлат органи ёки ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланади.
Ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибига киритиш ёки ундан чиқариш, алоҳида ҳужжатларнинг амалдаги рўйхатда белгиланган сақлаш муддатларини ўзгартириш ва рўйхатда келтирилмаган ҳужжатларнинг сақланиш муддатларини аниқлаш бўйича таклифларни тасдиқлаш юзасидан МЭК қарорлари тегишлича Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви (кейинги ўринларда — Миллий архив) томонидан кўриб чиқилиб, «Ўзархив» агентлиги билан келишилгандан сўнг кучга киради.
5. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Давлат органи ва ташкилоти ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссияси (кейинги ўринларда — ЭК) — ташкилот ҳужжатларининг, шу жумладан бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатларнинг қимматлилиги экспертизасини ташкил этиш ва уларни архивда сақлаш учун топширишга тайёрлаш бўйича ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш учун ташкил этиладиган доимий фаолият юритувчи комиссия;
Эксперт-текширув услубий комиссияси (кейинги ўринларда — ЭТУК) — Ўзбекистон миллий архивларида бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатлар қимматлилиги экспертизасини ташкил этиш ва ҳужжатларни архивларга сақлаш учун топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни ўтказиш ҳамда давлат архивларининг жамлаш манбаи бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг МЭК ва ЭК фаолиятига раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириш учун тузиладиган доимий фаолият юритувчи комиссия;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Марказий эксперт-текшириш комиссияси (кейинги ўринларда — МЭТК) — услубий ва амалий ишларни олиб бориш учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақловчи вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотларининг МЭКларига раҳбарлик қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги ҳузурида иш олиб борадиган доимий фаолият кўрсатувчи комиссия;
(5-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси — ҳужжатларни сақлаш муддатларини белгилаш ва уларни доимий сақлашга танлаб олиш мақсадида ҳужжатларни уларнинг қимматлилиги мезонларини (яратилиш вақти, яратилиш асоси, аҳамиятлилиги) ҳисобга олган ҳолда ўрганиш.
6. МЭК ўз фаолиятида «Архив иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда архив иши ва иш юритиш бўйича бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосланади.
7. Ушбу Низомга мувофиқ давлат органи ёки ташкилоти томонидан Марказий эксперт комиссияси тўғрисида низом ишлаб чиқилади ҳамда тегишлича «Ўзархив» агентлиги ёки Миллий архив билан келишилган ҳолда давлат органи ёки ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланади.
2-боб. МЭКнинг асосий вазифалари ва функциялари
8. Қуйидагилар МЭКнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
иш юритишда тугалланган ва идоравий архивда сақланаётган ҳужжатлар ва йиғмажилдларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш;
давлат архивлари сақловига топшириш учун ҳужжатлар ва йиғмажилдларни саралашни ташкил этиш ва амалга ошириш;
сақлов муддати тугаган ҳужжатлар ва йиғмажилдларни йўқ қилишга ажратишни ташкил этиш ва ўтказиш;
архив иши ва иш юритиш соҳасига доир меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишни ташкил этиш;
ЭКлар ишини услубий бошқаришни ва назоратини амалга ошириш.
9. МЭК ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) иш юритишда тугалланган ва идоравий архивда сақланаётган ҳужжатлар ва йиғмажилдларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш йўналишида:
расмийлаштирилган доимий сақланадиган ҳужжатлар йиғмажилдларининг архив рўйхатини маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар йиғмажилдларининг архив рўйхатини маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
сақлаш муддати 10 йилдан ортиқ бўлган вақтинча сақланадиган ҳужжатлар, шунингдек шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар йиғмажилдларининг архив рўйхатини маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
б) давлат архивлари сақловига топшириш учун ҳужжатлар ва йиғмажилдларни саралашни ташкил этиш ва амалга ошириш йўналишида:
ҳужжатларни архив сақловига топширишга тайёрлаш ва топшириш режаларини маъқуллайди;
архивларга сақлаш учун топширилиши керак бўлган архив ҳужжатлари таркибини аниқлайди;
архивга сақлаш учун танлаб олинган ҳужжатларни топшириш тўғрисидаги қарорни қабул қилади;
в) сақлов муддати тугаган ҳужжатлар ва йиғмажилдларни йўқ қилишга ажратишни ташкил этиш ва ўтказиш йўналишида:
доимий сақланадиган ҳужжатлар йиғмажилдларининг рўйхати МЭК ва ЭТУК қарорлари асосида давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқлангандан, шунингдек шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар йиғмажилдларнинг рўйхати МЭК қарори асосида маъқулланиб, тегишли ЭТУК билан келишилгандан ҳамда давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқлангандан сўнг ҳужжатларни йўқ қилишга ажратиш тўғрисидаги далолатномаларни кўриб чиқади ҳамда маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
қидирув ишлари тугаган ҳужжатларнинг топилмаганлиги ҳақида далолатномаларни кўриб чиқади ҳамда маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
ҳужжатларнинг тузатиб бўлмайдиган нуқсонлари ҳақида далолатномаларни кўриб чиқади ҳамда маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
г) архив иши ва иш юритиш соҳасига доир меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишни ташкил этиш йўналишида:
ҳужжатларнинг сақлаш муддатлари кўрсатилган тахминий ва намунавий йиғмажилдлар номенклатураларини кўриб чиқади ҳамда қарор қабул қилади;
давлат органи ва ташкилоти, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари фаолиятида шаклланадиган ҳужжатларнинг сақлаш муддатлари кўрсатилган соҳавий ва тармоқ рўйхатларини кўриб чиқади ҳамда қарор қабул қилади;
масъул бўлимлар томонидан ишлаб чиқилган идоранинг йиғмажилдлари номенклатурасини, иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича йўриқномани, идоравий архив тўғрисида низомни, МЭК тўғрисида низомни кўриб чиқади ҳамда қарор қабул қилади;
д) ЭКлар ишларини услубий бошқаришни ва назоратини амалга ошириш йўналишида:
ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибига киритиш ёки ундан чиқариш, алоҳида ҳужжатларнинг амалдаги рўйхатда белгиланган сақлаш муддатларини ўзгартириш ва рўйхатда келтирилмаган ҳужжатларнинг сақланиш муддатларини аниқлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва тегишлича ЭТУК (МЭТК)га тақдим қилади;
давлат органи ва ташкилоти, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари фаолиятида шаклланадиган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатлари таркибини оптималлаштириш масалалари бўйича таклифлар ҳамда тавсияларни ишлаб чиқади;
комиссия йиғилишларда мунтазам равишда ЭКлар фаолиятини текшириш натижаларини, мазкур комиссиялар раислари ҳисоботларини эшитиб боради;
ЭК аъзолари учун кўрсатма ва маслаҳатлар бериб боришни ташкил этади, давлат органи ва ташкилоти, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларининг иш юритиш ва архив хизмати ходимлари, эксперт комиссияси аъзолари малакаларини мунтазам ошириб бориш тадбирларини ташкил қилади;
тегишли архивларнинг жамлаш манбаига кирмаган тизимдаги ташкилотларга йиғмажилдлар номенклатураси, шахсий таркиб йиғмажилдлар рўйхати, йўқ қилишга ажратиш тўғрисидаги далолатномаларни, топилмаган ҳужжатлар ҳамда ҳужжатларнинг тузатиб бўлмайдиган нуқсонлари ҳақида далолатномаларни тузиш, кўриб чиқиш ва келишишда, ҳужжатларни жамлашни ташкил этиш, сақлаш ва ҳисобини юритиш масалаларида амалий ва услубий ёрдам кўрсатади.
3-боб. МЭК ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
10. МЭК қуйидаги ҳуқуқларга эга:
таркибий бўлинмалар ва тизимдаги ташкилотларга иш юритишни олиб бориш, ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш, идоравий сақловга топшириш учун тайёрлаш бўйича тавсиялар бериш, шунингдек доимий ва узоқ муддат сақланадиган йиғмажилдларнинг қидирувини ташкил этиш, ҳужжатлар ва йиғмажилдларнинг мавжуд эмаслиги сабаблари ҳақида ёзма тушунтириш беришни сўраш;
комиссия йиғилишларида таркибий бўлинмалар раҳбарлари, тизимидаги ташкилотларнинг иш юритиш ва архив хизмати раҳбарларининг иш юритишда ҳужжатларни расмийлаштириш ва йиғмажилдларни шакллантириш сифати, доимий ва узоқ муддат сақланадиган ҳужжатларнинг ҳисоби юритилиши ва сақланиши тўғрисида ахборотларини тинглаш;
таркибий бўлинмалар ва тизим ташкилотларидан ҳужжатларни сақлаш муддатларини белгилаш учун хулосалар ва бошқа материалларни сўраб олиш;
комиссия йиғилишларига таркибий бўлинмалар ва тизим ташкилотлари архив ходимларини ҳамда маслаҳатчи ва эксперт сифатида бошқа мутахассисларини таклиф этиш;
таркибий бўлинмалар ва тизим ташкилотларининг иш юритиш ва архивлар ҳолатини текшириш ҳамда ўрганишлар ўтказишда иштирок этиш;
давлат органи ва ташкилоти раҳбариятини МЭК ва ЭК фаолияти масалалари бўйича мунтазам хабардор этиб бориш.
11. МЭК:
«Архив иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда архив иши ва иш юритиш бўйича бошқа қонунчилик ҳужжатларини бажаришга;
ҳужжатлар бўйича иш юритишни ташкил этиш, ҳужжатлар қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш ва архив сақловига топширишга тайёрлаш масалаларининг назоратини амалга оширишга;
комиссия йиғилишларида иш юритиш ёки архив ишига масъул шахсларнинг иш юритишда ҳужжатларни расмийлаштириш ва йиғмажилдларни шакллантириш сифати, доимий ва узоқ муддат сақланадиган ҳужжатларнинг ҳисоби юритилиши ва сақланиши назоратини амалга оширишга;
комиссия йиғилишларида қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширишга мажбурдир.
4-боб. МЭК ишини ташкил этиш
12. МЭК давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг буйруғига асосан таркибий бўлинмаларнинг юқори малакали мутахассисларидан, раҳбар ходимлардан бири раислигида тайинланади.
МЭК таркибига давлат органи ва ташкилоти архиви мудири ёки архивариуси, бош ҳисобчи, кадрлар ишига масъул ва юқори малакали мутахассислар, тегишли архивнинг вакили мажбурий тартибда киритилади.
МЭК таркибига тизим ташкилотларининг вакиллари ҳам киритилиши мумкин. Комиссия котиблиги ташкилотнинг иш юритишига ёки архив ишига масъул ходимига юклатилади.
13. МЭК ўз фаолиятини тегишлича «Ўзархив» агентлиги МЭТК ёки миллий архивларнинг ЭТУК билан ўзаро ҳамкорликда олиб боради ва улардан керакли ташкилий-услубий кўрсатмаларни олади.
14. МЭК давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланган режа асосида фаолият юритади ва давлат органи ва ташкилотининг биринчи раҳбарига иш фаолияти натижалари тўғрисида йилига камида икки марта ҳисобот беради.
15. МЭК ваколатига тегишли масалалар унинг заруратга кўра, лекин йилига камида икки мартадан кам бўлмаган ҳолда ўтказиладиган йиғилишларида кўриб чиқилади.
16. МЭК қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади. МЭК йиғилишлари баённома орқали расмийлаштириб борилади.
17. МЭК йиғилиш баённомалари раис, комиссия котиби томонидан имзоланади ҳамда давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланади.
18. МЭК иш юритувини олиб бориш ва унинг ҳужжатларини сақлаш комиссия котибига юклатилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
19. МЭКни тугатиш ёки қайта тузиш давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг қарорига кўра тегишлича «Ўзархив» агентлиги ёки Миллий архивни хабардор қилинган ҳолда амалга оширилади.
20. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
21. МЭК фаолиятида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 августдаги 538-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссиялари тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссиялари мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Эксперт комиссияси (кейинги ўринларда — ЭК):
давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларида (кейинги ўринларда — ташкилот) ҳужжатларнинг, шу жумладан бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш ва ҳужжатларни архив сақловига топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни олиб борувчи;
ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган доимий фаолият юритувчи маслаҳат органи ҳисобланади.
3. Эксперт комиссияси ташкилот раҳбари буйруғи билан тузилади.
4. Эксперт комиссияси қарорлари ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.
Ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибига киритиш ёки ундан чиқариш, алоҳида ҳужжатларнинг амалдаги рўйхатда белгиланган сақлаш муддатларини ўзгартириш ва рўйхатда келтирилмаган ҳужжатларнинг сақланиш муддатларини аниқлаш бўйича таклифларни тасдиқлаш юзасидан ЭК қарорлари тегишлича «Ўзархив» агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда — архив иши ҳудудий бошқармаси), Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви (кейинги ўринларда — Миллий архив) томонидан кўриб чиқилиб, «Ўзархив» агентлиги билан келишилгандан сўнг кучга киради.
5. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
эксперт-текширув комиссияси (кейинги ўринларда — ЭТК) /эксперт-текширув услубий комиссияси (кейинги ўринларда — ЭТУК) — архив иши ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистон миллий архивларида бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатлар қимматлилиги экспертизасини ташкил этиш ва ҳужжатларни архивларга сақлаш учун топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни ўтказиш ҳамда давлат архивларининг жамлаш манбаи бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги марказий эксперт комиссиялари (кейинги ўринларда — МЭК) ва ЭК фаолиятига раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириш учун тузиладиган доимий фаолият юритувчи комиссия;
ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси — ҳужжатларни сақлаш муддатларини белгилаш ва уларни доимий сақлашга танлаб олиш мақсадида ҳужжатларни уларнинг қимматлилиги мезонларини (яратилиш вақти, яратилиш асоси, аҳамиятлилиги) ҳисобга олган ҳолда ўрганиш.
6. ЭК ўз фаолиятида «Архив иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда архив иши ва иш юритиш бўйича бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосланади.
7. Ушбу Низомга мувофиқ ташкилот томонидан Эксперт комиссияси тўғрисида низом ишлаб чиқилади ҳамда тегишлича архив иши ҳудудий бошқармаси ёки Миллий архив билан келишилган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.
2-боб. ЭКнинг асосий вазифалари ва функциялари
8. Қуйидагилар ЭКнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
иш юритишда тугалланган ва идоравий архивда сақланаётган ҳужжатлар ва йиғмажилдларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш;
давлат архивлари сақловига топшириш учун ҳужжатлар ва йиғмажилдларни саралашни ташкил этиш ва амалга ошириш;
сақлов муддати тугаган ҳужжатлар ва йиғмажилдларни йўқ қилишга ажратишни ташкил этиш ва ўтказиш;
архив иши ва иш юритиш соҳасига доир меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишни ташкил этиш.
9. ЭК ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) иш юритишда тугалланган ва идоравий архивда сақланаётган ҳужжатлар ва йиғмажилдларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш йўналишида:
расмийлаштирилган доимий сақланадиган ҳужжатлар йиғмажилдларининг архив рўйхатини маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар йиғмажилдларининг архив рўйхатини маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
сақлаш муддати 10 йилдан ортиқ бўлган вақтинча сақланадиган ҳужжатлар, шунингдек шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар йиғмажилдларининг архив рўйхатини маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
б) давлат архивлари сақловига топшириш учун ҳужжатлар ва йиғмажилдларни саралашни ташкил этиш ва амалга ошириш йўналишида:
ҳужжатларни архив сақловига топширишга тайёрлаш ва топшириш режаларини маъқуллайди;
архивларга сақлаш учун топширилиши керак бўлган архив ҳужжатлари таркибини аниқлайди;
архивга сақлаш учун танлаб олинган ҳужжатларни топшириш тўғрисидаги қарорни қабул қилади;
в) сақлов муддати тугаган ҳужжатлар ва йиғмажилдларни йўқ қилишга ажратишни ташкил этиш ва ўтказиш йўналишида:
доимий сақланадиган ҳужжатлар йиғмажилдларининг рўйхати ЭК ва ЭТК/ЭТУК қарорлари асосида ташкилот раҳбари томонидан тасдиқлангандан, шунингдек шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар йиғмажилдларнинг рўйхати ЭК қарори асосида маъқулланиб, тегишли ЭТК/ЭТУК билан келишилгандан ҳамда ташкилот раҳбари томонидан тасдиқлангандан сўнг ҳужжатларни йўқ қилишга ажратиш тўғрисидаги далолатномаларни кўриб чиқади ҳамда маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
қидирув ишлари тугаган ҳужжатларнинг топилмаганлиги ҳақида далолатномаларни кўриб чиқади ҳамда маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
ҳужжатларнинг тузатиб бўлмайдиган нуқсонлари ҳақида далолатномаларни кўриб чиқади ҳамда маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарорларни қабул қилади;
г) архив иши ва иш юритиш соҳасига доир меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишни ташкил этиш йўналишида:
масъул бўлимлар томонидан ташкилотнинг йиғмажилдлари номенклатурасини, иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича йўриқномани, идоравий архив тўғрисида низомни, ЭК тўғрисида низомни кўриб чиқади ҳамда қарор қабул қилади;
ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибига киритиш ёки ундан чиқариш, алоҳида ҳужжатларнинг амалдаги рўйхатда белгиланган сақлаш муддатларини ўзгартириш ва рўйхатда келтирилмаган ҳужжатларнинг сақланиш муддатларини аниқлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва тегишли ЭТК/ЭТУКга тақдим қилади.
3-боб. ЭК ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
10. ЭК қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ҳужжатларни ташкил этиш, ҳужжатлар қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш ва архив сақловига топширишга тайёрлаш масалаларига масъул ходимларга, таркибий бўлинмаларга иш юритишда ўрнатилган талабларга мувофиқ кўрсатмалар бериш;
таркибий бўлинмалар раҳбарларидан тегишли архивга сақлаш учун топширилиши лозим бўлган ҳужжатларнинг қидирувини ташкил этишни ва улар йўқолган ҳолатда ёзма тушунтириш тақдим этишни талаб қилиш;
таркибий бўлинмалардан ҳужжатлар қимматлилигини ва сақлов муддатларини аниқлаш учун зарур маълумот ва хулосаларни сўраб олиш;
комиссия йиғилишларида иш юритиш ёки архив ишига масъул шахсларнинг иш юритишда ҳужжатларни расмийлаштириш ва йиғмажилдларни шакллантириш сифати, доимий ва узоқ муддат сақланадиган ҳужжатларнинг ҳисоби юритилиши ва сақланиши тўғрисида ахборотларини тинглаш;
комиссия йиғилишларига маслаҳатчи ва экспертлар сифатида тегишли ташкилотларнинг мутахассисларини, архив ходимларини таклиф қилиш;
архивларда иш юритиш ҳолати бўйича ўтказиладиган соҳавий ҳамда ҳудудий ўрганишларда ва текширишларда иштирок этиш;
комиссия ваколатига доир масалалар юзасидан ташкилот раҳбариятини хабардор қилиш.
11. ЭК:
«Архив иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда архив иши ва иш юритиш бўйича бошқа қонунчилик ҳужжатларини бажаришга;
ҳужжатлар бўйича иш юритишни ташкил этиш, ҳужжатлар қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш ва архив сақловига топширишга тайёрлаш масалаларининг назоратини амалга оширишга;
комиссия йиғилишларида иш юритиш ёки архив ишига масъул шахсларнинг иш юритишда ҳужжатларни расмийлаштириш ва йиғмажилдларни шакллантириш сифати, доимий ва узоқ муддат сақланадиган ҳужжатларнинг ҳисоби юритилиши ва сақланиши назоратини амалга оширишга;
комиссия мажлисларида қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширишга мажбурдир.
4-боб. ЭК ишини ташкил этиш
12. ЭК ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан таркибий бўлинмаларнинг юқори малакали мутахассисларидан, раҳбар ходимлардан бири раислигида тайинланади.
ЭК таркибига ташкилот иш юритувчиси, архивариуси ёки архивга масъул шахс, тегишли давлат архивининг вакили, бош ҳисобчи, кадрлар ишига масъул ва юқори малакали мутахассислар киритилади.
Комиссия котиблиги ташкилот иш юритиш ёки архив хизмати ходими (архив учун масъул шахс)га юклатилади.
13. Давлат архивларининг жамлаш манбаига киритилган ташкилотларнинг ЭК ўз фаолиятини тегишлича архив иши ҳудудий бошқармаси ЭТК ёки миллий архивларнинг ЭТУК билан ўзаро ҳамкорликда олиб боради ва улардан керакли ташкилий-услубий кўрсатмаларни олади.
Давлат архивларининг жамлаш манбаига киритилмаган ташкилотларнинг ЭКлари ушбу ишларни юқори турувчи ташкилотнинг МЭК назорати остида амалга оширади.
14. ЭК ташкилот биринчи раҳбарига иш фаолияти натижалари тўғрисида йилига камида икки марта ҳисобот беради.
15. ЭК фаолияти ва ваколатига тегишли масалалар заруратга кўра, лекин йилига камида икки мартадан кам бўлмаган ҳолда ўтказиладиган йиғилишларида кўриб чиқилади.
16. ЭК йиғилишлари баённома билан расмийлаштириб борилади.
17. ЭК йиғилиш баённомалари раис, комиссия котиби томонидан имзоланади ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.
18. ЭК иш юритувини олиб бориш ва унинг ҳужжатларини сақлаш комиссия котибига юклатилади.
19. ЭК йиғилишларида қабул қилинган қарор комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этганда ҳуқуқий кучга эга бўлади.
20. ЭК қарори хар бир масала (ҳужжат) бўйича алоҳида, йиғилишда иштирок этаётган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда ЭК раиси ҳал қилувчи қарор қабул қилади.
Ҳал қилувчи овозга фақат комиссия аъзолари эга. Таклиф қилинган маслаҳатчи ва экспертлар маслаҳат бериш ҳуқуқига эга.
5-боб. Якунловчи қоидалар
21. ЭКни тугатиш ёки қайта тузиш ташкилот раҳбарининг қарорига кўра тегишлича архив иши ҳудудий бошқармаси ва Миллий архивни хабардор қилинган ҳолда амалга оширилади.
22. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
23. ЭК фаолиятида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.08.2021 й., 09/21/538/0823-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)