Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид масалани кўриб чиқиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилди ва уларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
Шу билан бирга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ўз ваколатларини рўёбга чиқаришда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга риоя этилишини таъминлаш зарур.
Шунга асосан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга доир фаолиятини тартибга солиш, мазкур масала бўйича республика миқёсида ягона амалиётни йўлга қўйиш орқали ушбу жараённи янада такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга доир масалани кўриб чиқиш амалиётини қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 95-моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар Кенгашлари томонидан депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид масалани кўриб чиқишнинг намунавий тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (Н. Йўлдошев):
ҳудудий прокурорлар томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги тақдимномаларнинг «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг талабларига, шунингдек, ушбу Қарор билан тасдиқланаётган Тартибга асосан тақдим этилишини таъминласин;
бир ой муддатда амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисида Сенатга ахборот киритсин.
3. Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси (Т. Мадумаров) ва Сенат девонининг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази (Қ. Муқумов) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид масалани кўриб чиқиш амалиётини самарали ташкил қилиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари учун ўқув семинарлари ташкил қилсин.
4. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига:
бир ой муддатда мазкур Қарор билан тасдиқланаётган Тартибни ўз сессияларида атрофлича муҳокама қилиш ва тасдиқлаш;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид масалани қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан мазкур Қарор билан тасдиқланаётган Тартиб талабларига қатъий риоя этган ҳолда кўриб чиқиш;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги тақдимномаларни кўриб чиқишда терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов органи иш юритувида бўлган муайян ишлар ва материалларга аралашмаслик тавсия этилсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2024 йил 2 август,
КҚ-791-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 2 августдаги КҚ-791-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар Кенгашлари томонидан депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид масалани кўриб чиқишнинг
НАМУНАВИЙ ТАРТИБИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар Кенгашлари томонидан депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид масалани кўриб чиқишнинг намунавий тартиби (бундан буён матнда Намунавий тартиб деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
2. Депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид масалани кўриб чиқиш тартибини белгилашдан асосий мақсад «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, депутатларнинг дахлсизлик ҳуқуқини самарали ташкил этиш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг (бундан буён матнда маҳаллий Кенгаш деб юритилади) ва бошқа ваколатли органларнинг мазкур йўналишда масъулиятини янада оширишдан иборат.
3. Намунавий тартиб маҳаллий Кенгашларнинг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид масалани кўриб чиқишга доир фаолиятини самарали йўлга қўйишга қаратилган.
4. Маҳаллий Кенгаш депутати маҳаллий Кенгаш розилигисиз ўзи сайланган ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
Депутат маҳаллий Кенгашда овоз бериш чоғида фикр билдирганлиги ёки нуқтаи назарини баён этганлиги учун ҳамда ўз ваколатларини амалга ошириши билан боғлиқ бошқа ҳаракатлари учун ваколат муддати тугаганидан кейин ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Агар шундай хатти-ҳаракатлар муносабати билан депутат ҳақорат қилишга, туҳмат қилишга ёки қонунда жавобгарлик назарда тутилган бошқа қонунбузарликларга йўл қўйган бўлса, дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирдагина жавобгарликка тортилади.
5. Депутатни жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш учун депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишинча вилоят, туман, шаҳар прокурорининг ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига (бундан буён матнда тақдимнома деб юритилади) биноан маҳаллий Кенгаш томонидан ўн кун ичида ҳал этилиши лозим.
6. Сенатор этиб сайланган депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан кўриб чиқилади.
7. Депутатни жавобгарликка тортишга розилик олиш тўғрисида қуйи прокурор томонидан киритилган тақдимномани юқори турувчи прокурор чақиртириб олиши мумкин.
8. Ҳудудий прокуратура органининг тақдимномасида қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозим:
жиноий ёки маъмурий ишни юритаётган ваколатли орган тўғрисида батафсил маълумот;
жиноий ёки маъмурий ишнинг тафсилотлари, бунда жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жой;
депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун аниқ асослар, депутатнинг хатти-ҳаракатлари ёки қилмишларига баҳо берувчи ва жиноят ёки ҳуқуқбузарликка алоқадорлигини кўрсатувчи ҳолатлар (содир этилган жиноий ёки маъмурий қилмишни исботловчи асослар);
депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш заруратини юзага келтирувчи суриштирув ёки тергов органи томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган процессуал ҳаракатлар;
жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги сўрови;
тақдимнома киритилган сана, рўйхатга олиш тартиб рақами, тақдимномани киритган прокурор тўғрисида маълумот.
9. Ҳудудий прокуратура органининг тақдимномаси маҳаллий Кенгаш котибиятида рўйхатга олинган кундан бошлаб тақдим этилган деб ҳисобланади.
Тақдимнома бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан киритилган тақдирда, мазкур тақдимнома кўриб чиқилмайди ва у уни киритган давлат органига маҳаллий Кенгаш котибияти томонидан дарҳол қайтариб юборилади.
10. Депутат ўзи маҳаллий Кенгаш депутати бўлган вилоят, туман ёки шаҳар ҳудудидан ташқарида жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, уни жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш талаб қилинмайди.
Бундан ташқари, депутат Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221 ва 223-моддалари талабларидан келиб чиқиб, қуйидаги асослар мавжуд бўлганда у дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган ҳолда ушлаб турилиши мумкин:
жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса;
жиноят шоҳидлари, шу жумладан жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатсалар;
унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса;
шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса.
2-боб. Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги тақдимномани маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиясида дастлабки тарзда кўриб чиқиш тартиби
11. Прокурор тақдимномаси маҳаллий Кенгашга келиб тушгандан кейин маҳаллий Кенгаш котибияти томонидан расмийлаштирилади ва шу куннинг ўзида маҳаллий Кенгаш раисига тақдим этилади.
Маҳаллий Кенгаш раиси тақдимнома билан танишиб чиқиб, уни кўриб чиқиш учун Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияга (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) йўналтиради. Зарур ҳолларда, маҳаллий Кенгаш раиси ушбу тақдимномани Комиссия билан кўриб чиқиш учун бошқа доимий комиссияни ҳам жалб этиши мумкин.
12. Тақдимнома Комиссияга келиб тушгандан кейин икки иш куни ичида комиссия мажлисида ёпиқ тарзда муҳокама қилинади.
Муҳокама жараёнида дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик сўралган депутатнинг ўзи ҳам иштирок этади.
Муҳокама жараёнига бошқа шахсларни таклиф қилишга фақатгина доимий комиссия раисининг рухсати билан йўл қўйилади.
13. Комиссия мажлисида Комиссия аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
14. Комиссия ўз мажлисида тақдимномани кўриб чиқишда қуйидаги масалаларни атрофлича ва батафсил ўрганиб чиқади:
тақдимнома ушбу Тартибнинг 8-бандига мувофиқ киритилганлиги ва ваколатли мансабдор шахс томонидан имзоланганлиги;
тақдимномада кўрсатилган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг қисқача мазмуни, содир этилган вақти ва жойи;
депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун аниқ асослар, депутатнинг хатти-ҳаракатлари ёки қилмишларига баҳо берувчи ва жиноят ёки ҳуқуқбузарликка алоқадорлигини кўрсатувчи ҳолатлар (содир этилган жиноий ёки маъмурий қилмишни исботловчи асослар);
тақдимномада кўрсатилган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик депутатнинг тегишли маҳаллий Кенгашда овоз бериш чоғида фикр билдирганлиги ёки нуқтаи назарини баён этганлиги ҳамда ўз ваколатларини амалга ошириши билан боғлиқ бошқа ҳаракатлари билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги.
15. Зарур ҳолларда Комиссия ўз мажлисига тақдимномани киритган прокуратура вакилини таклиф этиши ва тақдимнома юзасидан қўшимча маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин.
16. Комиссия мажлисига ўзига нисбатан тақдимнома киритилган депутат таклиф қилинади.
Ўзига нисбатан тақдимнома киритилган депутат Комиссия томонидан тақдимнома мазмуни билан таништирилади.
17. Ўзига нисбатан тақдимнома киритилган депутат унга доир масалани кўриб чиқиш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзига нисбатан киритилган тақдимнома мазмуни билан танишиб чиқиш;
тақдимнома мазмуни бўйича эътирозлари мавжуд бўлган тақдирда Комиссия раисига ёки юқори турувчи прокурорга шикоят қилиш, бунда шикоят қилиниши Комиссия ишини тўхтатиб туришга асос бўлмайди;
ҳолат бўйича ҳужжатлар, маълумотномалар ва бошқа материаллар тақдим этиш;
тақдимномани Комиссия мажлисида кўриб чиқиш жараёнидан норози бўлган тақдирда маҳаллий Кенгашга белгиланган тартибда шикоят қилиш.
18. Ўзига нисбатан тақдимнома киритилган депутат зиммасига муҳокама қилинаётган иш юзасидан ўзининг айбсизлигини ёки ишнинг бошқа бирор-бир ҳолатини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.
19. Ўзига нисбатан тақдимнома киритилган депутат мазкур масала юзасидан сўралган зарур ҳужжатларни ва бошқа ахборотларни тақдим қилиши зарур. Бунда ўрганиш ўтказишга тўсқинлик қилишга, Комиссия аъзоларига ўз вазифаларини амалга оширишга халақит қилишга ва уларга таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди.
20. Тақдимномани муҳокама қилиш якунлари бўйича Комиссия баённома шаклида қарор қабул қилади.
Комиссия қарорида қуйидаги масалалар акс эттирилиши лозим:
Комиссия мажлиси бўлиб ўтган сана, вақт ва жой;
Комиссия мажлисида кўриб чиқилган масаланинг мазмуни, шу жумладан тақдимноманинг қисқача мазмуни;
тақдимномада кўрсатилган жиноий ёки маъмурий ишни юритаётган ваколатли орган ҳамда жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақти ва жойи тўғрисида маълумот;
депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун аниқ асослар, депутатнинг хатти-ҳаракатлари ёки қилмишларига баҳо берувчи ва жиноят ёки ҳуқуқбузарликка алоқадорлигини кўрсатувчи ҳолатлар тўғрисида маълумот;
тақдимномада кўрсатилган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик депутатнинг тегишли маҳаллий Кенгашда овоз бериш чогида фикр билдирганлиги ёки нуқтаи назарини баён этганлиги ҳамда ўз ваколатларини амалга ошириши билан боғлиқ бошқа ҳаракатлари билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги;
Комиссия аъзоларининг, дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик сўралган депутатнинг ва бошқа зарур шахсларнинг иштирокига оид маълумотлар ва муҳокама жараёнида улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар мазмуни ва овоз бериш натижалари;
депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш ёки рад этиш бўйича асослантирилган хулоса ҳамда ушбу масалани маҳаллий Кенгашнинг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш ҳақида таклиф.
21. Комиссия қарори Комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
22. Маҳаллий Кенгаш котибияти тақдимномани расмийлаштиргандан кейин уни кўриб чиқиш бўйича келгуси ўн кун ичида ўтказиладиган сессия кун тартибига киритиш юзасидан маҳаллий Кенгаш раисига таклиф киритади.
Агарда навбатдаги сессия яқин уч кун ичида ўтказилиши белгиланган ва бу сессия Комиссиянинг мажлиси ўтказиладиган кундан олдин бўлса ёки яқин ўн кун ичида сессия ўтказилиши режалаштирилмаган бўлса тақдимномани муҳокама қилиш бўйича навбатдан ташқари сессия чақирилади. Бунда сессияни чақириш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этилиши шарт.
23. Комиссиянинг мажлисида депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш ёки рад этиш бўйича якуний қарорга келиш имкони бўлмаган ҳолларда, Комиссия икки иш кунидан кечиктирмаган ҳолда мазкур тақдимномани Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссия билан биргаликда қўшма мажлисида тақдимномани киритган прокуратура вакили иштирокида кўриб чиқади.
Бундай ҳолатларда Комиссия раиси қўшма мажлисларга раислик қилади.
Қўшма мажлисда иккала комиссия аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этганда мажлис ваколатли ҳисобланади.
24. Қўшма мажлис ёпиқ тарзда ўтказилади ва баённома билан расмийлаштирилади.
Қўшма мажлис жараёнига бошқа шахсларни таклиф қилишга фақатгина доимий комиссия раисининг рухсати билан йўл қўйилади.
25. Қўшма мажлис якуни бўйича мазкур Тартибнинг 20-бандида белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилади.
26. Қўшма мажлис якуни юзасидан мазкур Тартибнинг 23 ва 24-бандларида белгиланган тартибда маҳаллий Кенгашнинг навбатдаги сессия кун тартибига киритиш юзасидан қўшма қарори қабул қилинади.
3-боб. Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги тақдимномани маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш
27. Маҳаллий Кенгаш сессиясида ўзига нисбатан тақдимнома киритилган депутат, шунингдек, сессияда тақдимномани киритган прокурор ёки унинг ўринбосари иштирок этиши лозим.
Агар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар ёки уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига тақдимнома киритилган бўлса, сессияда тегишли ҳудудий прокурор ёки унинг ўринбосари иштирок этиши мумкин.
Сессияда тақдимномани кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинаётганда ўзига нисбатан тақдимнома киритилган депутат раислик қилиши мумкин эмас.
28. Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги масала маҳаллий Кенгаш сессиясига раислик қилувчининг қисқа кириш сўзи билан бошланади, бунда раислик қилувчи сессия иштирокчиларини тақдимнома доирасида кўриб чиқилаётган иш юритувидаги муайян ишлар ва материаллар, шунингдек, мазкур Тартибнинг 8-бандида кўрсатиб ўтилган маълумотларни ошкор этиш тақиқланиши тўғрисида огоҳлантиради.
29. Раислик қилувчи томонидан сессияда муҳокама қилинадиган масала, жиноий ёки маъмурий ишни юритаётган ваколатли орган, жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жой ҳамда тақдимномада кўрсатилган жиноий ёки маъмурий ишининг тафсилотлари тўғрисида ахборот берилади.
30. Кириш сўзидан сўнг навбат депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун аниқ асослар, депутатнинг жиноят ёки ҳуқуқбузарликка алоқадорлигини кўрсатувчи ҳолатлар тўғрисида маълумот бериш учун сўз тақдимномани киритган прокурор ёки унинг ўринбосарига берилади.
31. Тақдимномани киритган прокурор ёки унинг ўринбосарининг ахборотидан сўнг раис қилувчининг рухсати билан сессия иштирокчилари эшитувда кўриб чиқилаётган масалаларни муҳокама қилишга ўтадилар.
Бунда депутатлар мунозаралар билан чиқиши, тақдимномани киритган прокурор ёки унинг ўринбосарига ёки дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик сўралган депутатга саволлар бериши мумкин.
32. Муҳокама якунлари бўйича депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш ёки рад этиш бўйича овоз бериш жараёни ўтказилади. Сессияда иштирок этаётган депутатларнинг таклифига асосан овоз бериш ёпиқ шаклда ўтказилиши ҳам мумкин.
Муҳокама якуни бўйича қабул қилинадиган қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
33. Маҳаллий Кенгашнинг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш ёки рад этиш масаласига доир қарорида қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
тақдимнома киритилган сана, рўйхатга олиш тартиб рақами, тақдимномани киритган прокурор тўғрисида маълумот;
жиноий ёки маъмурий ишни юритаётган ваколатли орган тўғрисида маълумот;
жиноий ёки маъмурий ишининг тафсилотлари, бунда жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақти ва жойи аниқ кўрсатилади;
депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун аниқ асослар, депутатнинг содир этилган жиноят ёки ҳуқуқбузарликка алоқадорлигини кўрсатувчи ҳолатлар тўғрисида батафсил маълумот;
тақдимномада кўрсатилган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик депутатнинг тегишли маҳаллий Кенгашда овоз бериш чоғида фикр билдирганлиги ёки нуқтаи назарини баён этганлиги ҳамда ўз ваколатларини амалга ошириши билан боғлиқ бошқа ҳаракатлари билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги;
мазкур масалани Комиссияда кўриб чиқиш натижалари;
депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш ёки рад этиш бўйича хулоса, бунда розилик бериш ёки рад этиш масаласи асослантирилган бўлиши лозим.
34. Маҳаллий Кенгашнинг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш ёки рад этиш масаласига доир қарори расмийлаштирилгандан кейин дарҳол тегишли прокурорга юборилади.
35. Маҳаллий Кенгаш сессиясида депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини кўриб чиқиш жараёни ўзига нисбатан тақдимнома киритилган депутатнинг розилиги билан сессия очиқ ёки ёпиқ шаклда ўтказилишидан қатъий назар видеотасвирга олинади ҳамда видеоматериаллар сессия қарорига илова қилинган ҳолда маҳаллий Кенгаш котибиятида сақланади.
Сақланган видеотасвирдан маҳаллий Кенгашнинг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид қарори қонунийлигини юқори турувчи Кенгаш ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан кўриб чиқиш жараёнида фойдаланилиши мумкин.
36. Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик олган прокурор иш юритиш тамомланган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида маҳаллий Кенгашга ишни тергов қилиш, судда кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хабар қилиши шарт.
37. Маҳаллий Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш рад этилган тақдирда юқори турувчи прокурор белгиланган тартибда ушбу қарорни бекор қилиш ва қайта кўриб чиқиш учун топшириш тўғрисида юқори турувчи маҳаллий Кенгашга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, Олий Мажлис Сенатига тақдимнома киритиши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоидалар
38. Ўзига нисбатан тақдимнома киритилган депутат маҳаллий Кенгашнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш тўғрисидаги қарори устидан юқори турувчи маҳаллий Кенгаш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Олий Мажлис Сенатига ёки судга шикоят билан мурожаат этиши мумкин.
39. Маҳаллий Кенгашлар томонидан депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги тақдимномаларни кўриб чиқишда терговга қадар текширув, суриштирув ҳамда тергов органи иш юритувда бўлган муайян ишлар ва материалларга аралашишга йўл қўйилмайди.
40. Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини кўриб чиқиш жараёнида иш юритувидаги муайян ишлар ва материаллар, мазкур Тартибнинг 8-бандида кўрсатиб ўтилган маълумотларни ошкор этган шахслар, шунингдек мазкур Тартиб талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.