Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий рамзини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Регламентининг 7-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг эмблемаси ўрнига янги намунадаги расмий рамзи жорий этилсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий рамзи намунаси ва тавсифи 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий рамзидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Марказий сайлов комиссияси Котибияти раҳбари (А. Рўзиев):
ҳамкор ташкилотлар ва сайлов жараёни иштирокчилари томонидан фойдаланиш учун Марказий сайлов комиссиясининг янги намунадаги расмий рамзининг электрон шаклларини расмий веб-сайтга жойлаштириш;
Марказий сайлов комиссиясининг маъмурий биноси, тегишли жиҳозлари, расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, мобил иловалар ва бошқа жойларда фойдаланилаётган эски намунадаги эмблемани янги намунадаги расмий рамзга ўзгартириш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг эмблемаси тўғрисида» 1999 йил 18 майдаги 12-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. НИЗАМХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 2 июль,
1347-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1347-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий рамзи намунаси ва тавсифи
I. Расмий рамзнинг намунаси

II. Расмий рамзнинг тавсифи
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий рамзининг асоси тўғри бурчакли тўртбурчак бўлиб, сайлов принципларининг ўзгармаслигини ифодалайди.
Расмий рамзда мовий рангдан геометрик шакллар ва ёзувда кенг фойдаланилган. Мовий ранг тенглик, очиқлик, ошкоралик ва адолат рамзи сифатида ифодаланган.
Тўртбурчак ичида ўзбек миллий нақши ҳисобланган саккизбурчак асосида тузилган яхлит нақшлар композицияси ўрин олган. Саккизбурчак ҳурлик ва қатъиятлиликни, нақшлар уйғунлиги Ўзбекистон Республикаси сайлов соҳаси бўйича ўз миллий сайлов қонунчилиги ва стандартларига эга эканлигини англатади.
Тўртбурчак ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қисқартирилган номи оқ рангда лотин алифбосида «MSK» ҳарфлари кўринишида келтирилган бўлиб, ҳар бир ҳарф оқ чизиқ билан ажратилган. Чизиқ баландлиги ҳарф баландлигида бир оз узунроқ. Мазкур аббревиатура рамзнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тегишли эканлигини осон ва тез англашда ёрдам беради.
Тўғри бурчакли тўртбурчакнинг пастки қисмида мовий рангли бош ҳарфлар билан лотин алифбосида: биринчи қаторда «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI», иккинчи қаторда «MARKAZIY SAYLOV KOMISSIYASI» деган сўзлар ёзилган.
III. Расмий рамзнинг атрибутлари
1. Ҳимоя майдони

2. Ранглар палитраси

3. Рамз билан қўлланиладиган нақшлар

4. Рамзнинг шрифти

5. Рамзнинг бошқа рангларда қўлланилиши намуналари

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1347-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий рамзидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) расмий рамзидан (бундан буён матнда расмий рамз деб юритилади) фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Расмий рамздан фойдаланишда унинг тасдиқланган намунаси ва тавсифига қатъий риоя қилиш талаб этилади.
Расмий рамздан фойдаланишда унинг шаклига ўзгартишлар киритиш ёки уни бошқача тарзда бузиб фойдаланиш тақиқланади.
3. Расмий рамздан қуйидаги мақсадларда ва ўринларда фойдаланиш мумкин:
Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларининг маъмурий биноларида ва ахборот бурчакларига ўрнатилган деворий стендларда;
Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларининг расмий веб-сайтларида, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, мобил иловаларида ҳамда нашрларида;
сайлов ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш даврида, шу жумладан Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссиялари фаолиятига доир ахборот, тарғибот ва ташвиқот материалларида;
сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш, сайлов жараёнлари иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда сайловчиларнинг электорал маданиятини оширувчи материалларда (баннер, плакат, флаер, буклет, стенд ва бошқалар);
ташкилий тадбирлар учун мўлжалланган ҳужжатларда, совғалар ва бошқа материалларда;
Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларининг фаолияти учун ажратилган автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа техника воситаларида.
Расмий рамздан мазкур Низомда назарда тутилмаган, бироқ Марказий сайлов комиссияси Раисининг фармойиши билан бошқа мақсадларда ҳам фойдаланиш мумкин.
4. Расмий рамз тасвири туширилган байроқ намуналари жорий этилиши мумкин. Байроқ намуналари катта ва кичик ўлчамли кўринишларда бўлади.
Катта ўлчамли байроқ — Марказий сайлов комиссияси маъмурий биносининг меҳмонларни кутиб олиш қисмига, сайлов ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш даврида эса сайлов кампаниясининг рамзи туширилган байроқ билан бирга Марказий сайлов комиссияси маъмурий биносининг тегишли қисмига, шунингдек сайлов ва референдум даврида ташкил этиладиган Матбуот маркази биносида ўрнатилиши мумкин.
Кичик ўлчамли байроқ — Марказий сайлов комиссиясига ташриф буюрувчи турли халқаро даражадаги ташкилот тузилмалари, миссиялар раҳбарлари ва вакиллари иштирокидаги учрашув, давра суҳбати ўтказиладиган хонадаги стол устида мазкур ташкилотнинг байроғи билан бирга қўйилади. Давлатлар номидан ташриф буюрувчи турли даражадаги делегация вакиллари билан ўтказиладиган учрашув ва давра суҳбатлари бундан мустасно.
5. Расмий рамз Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Котибияти масъул ходимлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўкрак нишони тариқасида жорий этилиши мумкин. Бунда оқ ранг ўрнига кумуш рангдан фойдаланишга йўл қўйилади.
6. Расмий рамздан Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Котибияти масъул ходимлари, сайлов жараёни иштирокчиларининг, шунингдек оммавий ахборот воситалари томонидан мазкур Низомда белгиланган тартибда ва мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилади.
7. Расмий рамздан фойдаланиш учун Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида расмий рамзнинг электрон шакллари жойлаштирилади.