Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 18-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Регламентини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 24 августдаги 928-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. НИЗАМХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 27 май,
1329-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 27 майдаги 1329-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
Регламенти
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) фаолиятини амалга ошириш тартиби ва қоидаларини белгилайди.
2. Марказий сайлов комиссияси — конституциявий мақомга эга бўлган, доимий асосда фаолият юритувчи давлат органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятини мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида ташкил этади.
3. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этади ва ўтказади.
Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссиялар тизимига бошчилик қилади.
4. Марказий сайлов комиссияси фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси (бундан буён матнда Сайлов кодекси деб юритилади), «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуни ва ўз фаолиятига оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур Регламент билан тартибга солинади.
5. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилади ва доимий асосда фаолият юритади. Марказий сайлов комиссиясининг бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлади.
Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён Қонунчилик палатаси деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (бундан буён Сенат деб юритилади) томонидан сайланади.
6. Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси тегишли гувоҳномага эга бўлади. Марказий сайлов комиссияси Раиси ва унинг ўринбосари гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Марказий сайлов комиссияси бошқа аъзоларининг гувоҳномаси эса Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси томонидан имзоланади.
7. Марказий сайлов комиссияси юридик шахс мақомига, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, ўз фаолиятини таъминлаш учун зарур бошқа муҳр ва штампларга, расмий бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисоб варақларига ҳамда ўз рамзига (логотипига) эга.
8. Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти — www.saylov.uz.
9. Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.
Марказий сайлов комиссияси фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
10. Марказий сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари сайлов комиссиялари, референдум ўтказувчи комиссиялар, давлат органлари, сиёсий партиялар ҳамда бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар учун мажбурийдир.
11. Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар Марказий сайлов комиссиясига ўз ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши ҳамда комиссия иши учун зарур маълумотларни тақдим этиши шарт.
12. Марказий сайлов комиссиясининг жойлашган жойи (почта манзили): 100047, Тошкент шаҳри, Тўйтепа кўчаси, 2а-уй.
2-боб. Марказий сайлов комиссиясининг Раиси, Раис ўринбосари ва котиби
13. Марказий сайлов комиссиясининг Раиси (бундан буён Комиссия Раиси деб юритилади):
Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади, комиссия аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
давлат органлари, хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, шу жумладан сиёсий партиялар билан муносабатларда Марказий сайлов комиссияси номидан иш юритади;
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида иштирок этиш учун давлат органларининг, сиёсий партияларнинг ҳамда бошқа жамоат бирлашмаларининг, ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларини таклиф этади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов якунлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот беради;
Марказий сайлов комиссиясининг қарорларини ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;
Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни тақсимлайди ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;
тегишинча Қонунчилик палатасининг ва Сенатнинг биринчи мажлисини очади ҳамда Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси сайлангунига қадар унда раислик қилади;
Марказий сайлов комиссияси Котибиятига (бундан буён матнда Котибият деб юритилади) умумий раҳбарликни амалга оширади, Котибиятнинг тузилмасини, штатлари ва иш тартибини тасдиқлайди, Котибият ходимларини ишга қабул қилиш тўғрисида меҳнат шартномасини тузади, ўзгартиради ва бекор қилади;
фуқароларни бевосита қабул қилади ва уларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқилишини назорат қилади;
ўз ваколатларига кирувчи масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради ва топшириқлар беради;
Сайлов кодексида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида ҳамда ушбу Регламентда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Комиссия Раисининг ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек Комиссия Раиси бўлмаган тақдирда, Комиссия Раисининг вазифалари Раис ўринбосарининг ёки Марказий сайлов комиссияси қарори билан комиссия аъзоларидан бирининг зиммасига юклатилади.
14. Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари (бундан буён Раис ўринбосари деб юритилади):
Комиссия Раисининг ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек Комиссия Раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини бажаради;
Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг, Котибияти ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириб боради ва услубий йўналтиради;
кадрлар билан ишларни ташкил этади, ижро интизомини назорат қилади;
коррупцияга қарши кураш йўналишидаги ишларни ташкил этади;
Марказий сайлов комиссиясининг молиялаштириш ва моддий-техник таъминоти масалаларини мувофиқлаштиради, хўжалик ишларини ташкил этади;
Марказий сайлов комиссияси фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда ёритилишини ташкил этади, сайлов ва референдумларнинг ахборот кампаниясини мувофиқлаштириб боради, жамоатчилик билан алоқаларни ўрнатади;
Марказий сайлов комиссиясининг хорижий мамлакатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
Комиссия Раисининг топшириқларини бажаради;
ўз ваколатлари доирасида топшириқлар беради;
Сайлов кодексида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида, ушбу Регламентда ҳамда вазифалар тақсимотида белгиланган бошқа вазифаларни амалга оширади.
15. Марказий сайлов комиссиясининг котиби (бундан буён Комиссия котиби деб юритилади):
Марказий сайлов комиссияси фаолиятини режалаштиришни ташкил этади ва режалар бажарилишининг назоратини амалга оширади;
Марказий сайлов комиссияси мажлисларига тайёргарлик кўриш ва уларнинг ўтказилишини ташкил этади, мажлисларда кўриб чиқиладиган масалалар бўйича тегишли материаллар ва ҳужжатларнинг тайёрланишини таъминлайди;
Марказий сайлов комиссияси мажлисларининг баённомаси ва қабул қилинган қарорларнинг расмийлаштирилишини таъминлайди;
Марказий сайлов комиссияси қарорлари ва бошқа материалларини комиссия аъзоларига, шунингдек тегишлигига кўра сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссиялар, давлат органлари, сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳамда мансабдор шахсларга етказилишини таъминлайди;
Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари ҳақидаги хабар ва маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини ташкиллаштиради;
Марказий сайлов комиссиясида ҳужжатлар билан ишлаш, иш юритиш ва архив ишини ташкил этади, сайлов ва референдумни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг идоравий архивларга топширилишини таъминлайди;
жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш ҳамда уларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқилишини ташкил этади;
«E-saylov» ахборот тизимида иш юритилишини таъминлайди;
Комиссия Раиси ва Раис ўринбосарининг топшириқларини бажаради;
Сайлов кодексида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида, ушбу Регламентда ҳамда вазифалар тақсимотида белгиланган бошқа вазифаларни амалга оширади.
16. Раис ўринбосари, Комиссия котиби ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек Раис ўринбосари, Комиссия котиби бўлмаган тақдирда, уларнинг вазифалари Комиссия Раиси томонидан Марказий сайлов комиссияси аъзолари зиммасига вақтинчалик юклатилиши мумкин.
3-боб. Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари
17. Марказий сайлов комиссияси аъзолари Комиссия Раиси томонидан белгиланган вазифалар тақсимотига кўра Марказий сайлов комиссиясининг тегишли фаолият йўналишлари бўйича ўзларига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди.
Марказий сайлов комиссияси аъзолари ўзларига юклатилган вазифалар бажарилишига ва бу борада олиб борилган ишлар натижадорлигига масъулдирлар.
18. Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Марказий сайлов комиссияси мажлиси кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартибига таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдириш;
Марказий сайлов комиссияси мажлисида муҳокамада қатнашиш, мажлисда сўзга чиқиш, таклифлар киритиш, ўз таклифларини овозга қўйиш масаласини кўтариш;
мажлис иштирокчиларига саволлар бериш ва жавоблар олиш;
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида қабул қилинган қарори юзасидан алоҳида фикр билдириш;
Марказий сайлов комиссияси фаолиятига доир материаллар ва ҳужжатлар билан танишиб чиқиш.
19. Марказий сайлов комиссияси аъзосининг мажбуриятлари:
Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида Сайлов кодексининг ижроси устидан назоратни амалга оширишда, унинг бир хил тарзда қўлланишини таъминлашда иштирок этади;
комиссия мажлиси муҳокамасига киритилган масалаларни тайёрлашда, комиссиянинг барча мажлис ва муҳокамаларида, шу жумладан видеоконференция орқали шахсан иштирок этади;
мажлисларда муҳокама қилинган масалалар юзасидан овоз беради;
узрли сабаблар билан (касаллик, меҳнат таътилида ёки хизмат сафарида бўлиш ва бошқалар) комиссия мажлисида иштирок эта олмаслиги ҳақида Комиссия Раисини ёки Раис ўринбосарини хабардор қилади;
Комиссия Раисининг ёки Раис ўринбосарининг ўз ваколатлари доирасида берилган топшириқларини бажаради ҳамда уларнинг бажарилиши тўғрисида белгиланган муддатларда ахборот беради;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқади;
сайловлар, референдумлар ва Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашда фаол иштирок этади;
Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари ижросини таъминлайди;
вазифалар тақсимотига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг тегишли йўналишларини ҳамда ўзига юклатилган вазифалар бўйича Котибият таркибий бўлинмалари томонидан Марказий сайлов комиссияси қарорлари ва бошқа топшириқлар бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;
меҳнат ва ижро интизомига, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этади.
20. Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
21. Сайлов кодексининг 13-моддасига кўра Марказий сайлов комиссияси аъзоларига Қонунчилик палатаси депутатларига, Сенат аъзоларига нисбатан қўлланиладиган дахлсизлик тўғрисидаги қоидалар татбиқ этилади.
Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан ўз ваколатларининг бутун муддати даврида фойдаланади. У Марказий сайлов комиссиясининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас.
Марказий сайлов комиссиясининг аъзосини мажбурий келтиришга, шунингдек унинг уй-жойи, хизмат хонасини, юки, шахсий ва хизмат транспорти воситаларини, ёзишмаларини, у фойдаланаётган алоқа воситаларини, шунингдек унга тегишли ҳужжатларни кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.
Марказий сайлов комиссияси аъзосини тегишли мажлисда овоз бериш чоғида муносабат билдирганлиги ёки фикрини баён этганлиги учун ҳамда ўз ваколатларини амалга ошириши билан боғлиқ бошқа ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Агар шундай хатти-ҳаракатлар муносабати билан Марказий сайлов комиссияси аъзоси ҳақорат қилишга, туҳмат қилишга ёки қонунда жавобгарлик назарда тутилган бошқа қонунбузарликларга йўл қўйган бўлса, у дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда жавобгарликка тортилади.
22. Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб, Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзод этиб, Сенат аъзолигига номзод этиб, ишончли вакил этиб рўйхатга олинган аъзоси рўйхатга олинган кундан эътиборан комиссия таркибидан чиқиб кетган деб ҳисобланади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарини хабардор этади.
Марказий сайлов комиссияси аъзоси референдумда фуқаролар ташаббускор гуруҳининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
4-боб. Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари
23. Марказий сайлов комиссияси ишининг ташкилий шакли унинг мажлислари ҳисобланади ва улар заруратга қараб ўтказилади.
24. Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда мажлис ваколатли ҳисобланади.
25. Марказий сайлов комиссияси мажлиси Комиссия Раисининг ташаббуси билан ёки Марказий сайлов комиссияси аъзолари умумий сонининг учдан бир қисми талабига биноан чақирилиши мумкин.
26. Марказий сайлов комиссияси мажлислари у жойлашган бинода, сайёр тарзда ёки видеоконференция шаклида ўтказилади.
27. Марказий сайлов комиссияси аъзоси агар мажлисда видеоконференция тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган бўлса, мажлисда ҳозир бўлган ҳисобланади.
28. Марказий сайлов комиссияси мажлислари очиқ ва ошкора ўтказилади.
29. Мажлислар Марказий сайлов комиссиясининг ахборот тармоқларида жонли эфирда узатилиши мумкин.
30. Марказий сайлов комиссияси мажлисларида номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, комиссияда аккредитациядан ўтган ёки комиссия томонидан таклиф этилган оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, референдумда фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этишлари мумкин.
31. Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларига оид бўлган ҳар қандай масала Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилади.
Марказий сайлов комиссиясининг қонунчилик таклифи сифатида тайёрланган қонун лойиҳаси Марказий сайлов комиссияси мажлисида кўриб чиқилиб, маъқуллангандан кейин «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги ва «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Қонунчилик палатасига киритилади.
32. Мажлисни ўтказиш куни ва вақти Комиссия Раиси томонидан белгиланади.
33. Марказий сайлов комиссияси аъзолари, қоида тариқасида, мажлис ўтказиш санасидан камида уч кун олдин, сайлов кампанияси ва референдум даврида эса бир кун олдин ёки мажлис кунида Комиссия котиби томонидан хабардор қилинади.
34. Марказий сайлов комиссияси мажлисининг кун тартиби лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари доирасига киритилган ёки унинг дастур ва режаларида кўзда тутилган масалалардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
Мажлис кун тартиби лойиҳасига мажлисда кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар, уларни кўриб чиқиш навбати, ҳар бир масалани ёритиб бериш учун масъул маърузачилар (қўшимча маърузачилар), шунингдек, бошқа маълумотлар киритилади.
35. Мажлис кун тартиби лойиҳаси Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосарининг топшириғига асосан ёхуд комиссия аъзоларининг таклифига биноан Комиссия котиби томонидан, қоида тариқасида, мажлисдан камида уч кун олдин шакллантирилади ва мажлисга тайёргарлик кўриш учун Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти раҳбарига (бундан буён Котибият раҳбари деб юритилади) топширилади.
36. Марказий сайлов комиссияси мажлиснинг кун тартибига киритиладиган масалалар бўйича материалларни тайёрлаш ва мажлисни ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти томонидан амалга оширилади.
37. Котибият раҳбари масъул комиссия аъзолари билан келишган ҳолда мажлис кун тартибига киритилган ҳар бир масала бўйича зарур материалларни тайёрлаш учун Котибиятнинг мутасадди таркибий бўлинмаси раҳбарига топшириқ беради.
38. Котибиятнинг мутасадди таркибий бўлинмаси раҳбари тегишли масала юзасидан материалларни тайёрлайди ва масъул комиссия аъзолари билан келишади. Ўрнатилган тартибда устхатларни тўплайди ва Котибият раҳбарига тақдим этади.
39. Марказий сайлов комиссияси аъзолари кўриб чиқиши учун тақдим этиладиган қарор лойиҳалари бўйича масъул комиссия аъзоси, Котибиятнинг мутасадди таркибий бўлинмаси, шу жумладан Юридик таъминлаш ва мурожаатларни кўриб чиқиш бўлими бошлиғи ҳамда Котибият раҳбарининг устхатлари олинади.
Устхат қарор лойиҳасининг охирги бети юз томонига қўйилади.
40. Кун тартибига киритилган масалалар бўйича тақдим этиладиган материаллар қуйидагиларни ўз ичига олади:
қарор лойиҳаси ва унга иловаларни (низом, йўриқнома, регламент, стратегия, концепция, дастур, қоидалар, тартиб, иштирокчилар рўйхати ва бошқалар);
молиявий-иқтисодий ва бошқа ҳисоб-китоблар, кўриб чиқилаётган масала ҳар томонлама таҳлил қилинган ва холисона баҳоланган бошқа маълумотнома ва таҳлилий ҳужжатлар;
киритилган лойиҳа қабул қилиниши муносабати билан айрим қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётган, шунингдек, уларни ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган бўлса — таққослаш жадвали;
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган қарор лойиҳаси бўйича фуқаролар таклифларини (изоҳлари) кўриб чиқиш якуни бўйича жадвал.
41. Котибиятнинг мутасадди таркибий бўлинмаси раҳбари, Котибият раҳбари, комиссиянинг тегишли фаолият йўналиши юкланган комиссия аъзоси ва Комиссия котиби мажлисга киритиладиган материалларнинг асосланганлиги ва сифати, келтирилган маълумотларнинг тўғрилиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
42. Котибият раҳбари мажлис кун тартибидаги барча масалалар бўйича мутасадди таркибий бўлинмалар раҳбарлари тақдим этган материалларни текшириб олади, умумлаштирган ҳолда Комиссия котибига тақдим қилади.
43. Комиссия котиби Котибият раҳбари тақдим этган материалларни, шунингдек мажлисни ўтказишнинг аниқ вақти ва жойини Комиссия Раиси ва Раис ўринбосари билан келишади. Шундан сўнг, мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли материалларни комиссия аъзоларига (зарурат бўлганида бошқа масъулларга) етказиш учун Котибият раҳбарига топширади.
44. Комиссия котиби Котибият томонидан мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли материаллар тайёрланишини ҳамда мажлис ўтказиш санасидан камида икки кун олдин, сайлов кампанияси ва референдум даврида эса камида бир кун олдин ёки мажлис кунида Марказий сайлов комиссияси аъзоларига (зарурат бўлганида бошқа масъулларга) тарқатилишини таъминлайди.
45. Мажлисдан камида бир кун олдин Комиссия котиби Раис ўринбосари ва Комиссия Раиси билан келишган ҳолда Марказий сайлов комиссияси мажлисига таклиф қилинадиган шахсларнинг рўйхатини шакллантиради ва уларни мажлисга таклиф қилинишини таъминлайди.
Рўйхатда таклиф қилинганларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими ва уни юборган ташкилотнинг расмий номи кўрсатилади.
Рўйхат Раис ўринбосари ёки Комиссия котибининг имзоси билан тасдиқланади.
46. Марказий сайлов комиссияси мажлиси кун тартибига киритилиши мўлжалланган масалаларни тайёрлаш учун олимлар, экспертлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Котибият масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиши мумкин.
47. Марказий сайлов комиссияси сайловга ва референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органларига ҳамда жамоат бирлашмаларининг органларига, корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, улар қўйилган масалани кўпи билан уч кунлик муддатда кўриб чиқиши ва Марказий сайлов комиссиясига жавоб қайтариши шарт.
5-боб. Марказий сайлов комиссиясининг мажлисини ўтказиш тартиби
48. Марказий сайлов комиссияси мажлислари бошланишидан олдин комиссия аъзолари ва мажлисга таклиф қилинган шахслар рўйхатга олинади.
Комиссия Раиси мажлисда иштирок этаётган комиссия аъзолари ва таклиф қилинган шахслар ҳақида маълумотни ўқиб эшиттиради.
49. Марказий сайлов комиссияси мажлиси кун тартиби лойиҳасининг муҳокамаси билан бошланади. Кун тартиби Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг кўпчилик овози билан тасдиқланади.
Кун тартиби лойиҳасидаги масала Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг ташаббуси билан муҳокамадан олиб ташланиши мумкин. Бунда очиқ овоз бериш йўли билан алоҳида қарор қабул қилинади.
50. Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида раислик қилувчи:
Марказий сайлов комиссияси мажлисини олиб боради ва уни ўтказиш тартибини белгилайди;
Марказий сайлов комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилишни ташкил этади, уни овозга қўяди;
Марказий сайлов комиссияси аъзоларига ва таклиф этилган шахсларга навбат билан сўз беради;
Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг барча таклифларини уларни тушиш тартибига кўра овозга қўяди;
овоз бериш натижаларини эълон қилади;
Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва таклиф этилган шахслар томонидан мазкур Регламент қоидаларига риоя этилишини таъминлайди;
Марказий сайлов комиссияси мажлиси ишига халақит берадиган таклиф этилган шахсларни мажлислар залидан чиқариб юбориши ҳам мумкин.
51. Маърузалар, қўшимча маърузалар ва якунловчи сўз давомийлиги Марказий сайлов комиссияси мажлисида раислик қилувчи томонидан маърузачилар ва қўшимча маърузачилар билан келишувга кўра, қоида тариқасида, маъруза учун — 20 дақиқагача, қўшимча маъруза учун — 10 дақиқагача ва якунловчи сўз учун 5 дақиқагача бўлган вақт доирасида белгиланади.
Мунозараларда сўзга чиқувчи комиссия аъзоларига 3 дақиқагача вақт берилади. Мунозараларда такрорий сўзга чиқиш учун, шунингдек мажлисни олиб бориш тартиби, овоз бериш асослари, номзодлар бўйича сўзга чиқиш, саволлар, таклифлар, хабарлар, маълумотлар учун — 3 дақиқагача вақт берилади.
Раислик қилувчи Марказий сайлов комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган масалани муҳокама қилишнинг умумий давомийлигини, саволлар ва жавоблар учун ажратиладиган вақтни мажлисда ҳозир бўлган аъзолар кўпчилигининг розилиги билан белгилаб қўйиши, сўзлаш вақтини узайтириши мумкин.
Мажлисда кўриб чиқиладиган масалалар сони чекланмайди.
52. Марказий сайлов комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган масалани кўриб чиқишда маърузачи, зарур ҳолларда қўшимча маъруза қилувчи эшитилади ва масала муҳокама қилинади.
Қўшимча маъруза қилувчи мажлис кун тартибига киритилган масаланинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Қўшимча маъруза қилувчи сифатида комиссия аъзолари, мажлисга таклиф қилинган давлат органлари ва бошқа ташкилот вакиллари, мансабдор шахслар бўлиши мумкин.
Сайлов комиссиялари, референдум ўтказувчи комиссиялар, сиёсий партиялар, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмалари вакилларининг сайловга ва референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахбороти эшитилганида маърузачи сифатида ушбу ташкилот вакиллари иштирок этади.
6-боб. Марказий сайлов комиссияси мажлисларида овоз бериш ва қарор қабул қилиш тартиби
53. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Очиқ овоз бериш қўл кўтариш йўли билан амалга оширилади.
Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда, Комиссия Раисининг (мажлисга раислик қилувчининг) овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
54. Марказий сайлов комиссияси қарори лойиҳаси муҳокамаси ўтказилгандан сўнг қарор лойиҳаси раислик қилувчи томонидан бандма-банд ёки тўлиқлигича кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича алоҳида овозга қўйилади.
55. Марказий сайлов комиссияси аъзолари томонидан қарор лойиҳасига киритилган тузатишлар ҳам овозга қўйилади.
56. Қарор лойиҳасини овозга қўйишда раислик қилувчи томонидан «рози», «қарши»лар аниқланади.
Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича бир овозга эга бўлади ва шахсан овоз беради.
Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси кўриб чиқилаётган масалалар бўйича фақат Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида иштирок этган ҳолда, шу жумладан видеоконференция алоқаси орқали шахсан овоз беради.
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисда ҳозир бўлган аъзоси овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас.
57. Марказий сайлов комиссияси аъзоси мажлис кун тартибидаги масала ёки қарор лойиҳаси юзасидан ўзининг фикрини ёзма равишда баён этиш ҳуқуқига эга, унинг алоҳида фикри заруратга қараб Марказий сайлов комиссиясининг барча аъзолари эътиборига етказилади ва муҳокама қилиниб, муносабат билдирилиши мумкин. Бошқа ҳолларда ушбу фикр мажлисда ҳозир бўлган Марказий сайлов комиссияси аъзолари эътиборига етказилиб, баённомага илова қилинади.
58. Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси кун тартибидаги масала бўйича овоз беришда мустақилдир.
Марказий сайлов комиссияси аъзосининг кун тартибидаги масалани ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишига тўсқинлик қилиш ёки ижобий қарор қабул қилинишига эришиш мақсадида унга бирор-бир тарзда таъсир ўтказиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
59. Кун тартибидаги масалани кўриб чиқиш натижаси бўйича тайёрланган қарор лойиҳаси тўлиқлигича ёки масала муҳокамаси пайтида киритилган тузатишлар билан қабул қилиниши ёхуд масала муҳокамасини қолдириш (масалани кун тартибидан чиқариш) тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.
60. Марказий сайлов комиссияси мажлисида баённома юритилади.
Баённомада мажлиснинг кун тартиби, унда қатнашган Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва бошқа таклиф этилган шахслар ҳақидаги маълумотлар, муҳокамага киритилган масаланинг қисқача мазмуни, сўзга чиққан ва фикр билдирганлар тўғрисида маълумотлар, кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан овоз бериш натижалари, қабул қилинган қарорлар кўрсатилади.
Баённома раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади ҳамда унга қабул қилинган қарор, тааллуқли ҳужжатлар, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг муайян масала юзасидан ёзма шаклдаги алоҳида фикрлари (агар бўлса) илова қилинади.
Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови ҳамда референдум натижалари тўғрисидаги баённомалари мажлисда иштирок этган барча комиссия аъзолари томонидан имзоланади.
7-боб. Марказий сайлов комиссиясининг қарорларини расмийлаштириш
61. Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларига киритилган ва унинг мажлисида кўриб чиқилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинади.
62. Мажлисда қабул қилинган қарор матни Марказий сайлов комиссиясининг белгиланган намунадаги бланкасида чоп этилади ва Раис ўринбосари, Комиссия котиби, Котибият раҳбари ҳамда Юридик таъминлаш ва мурожаатларни кўриб чиқиш бўлими бошлиғининг устхатлари олинган ҳолда Комиссия Раисига имзолаш учун тақдим этилади.
Зарурат бўлганида, қарор имзоланишидан олдин Марказий сайлов комиссияси аъзоси ва бошқа таркибий бўлинма бошлиғининг устхатлари олиниши мумкин.
Бунда, устхатлар қарор матнининг охирги бети орқа томонига қўйилади.
Марказий сайлов комиссияси мажлисида маъқулланган тузатишлар (ўзгартириш, қўшимчалар) қарор матнига киритилади ва белгиланган тартибда устхатлар олинган ҳолда имзолаш учун тақдим этилади.
63. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари электрон шаклда «E-saylov» ахборот тизими орқали қабул қилиниши мумкин. Бунда мажлисда қабул қилинган қарорнинг матни «E-saylov» ахборот тизимига Комиссия котиби томонидан юкланади ва Комиссия Раисига (мажлисда раислик қилувчи) имзолаш учун тақдим этилади. Бунда Марказий сайлов комиссияси мажлисида маъқулланган тузатишлар (ўзгартириш, қўшимчалар) қарор матнига киритилади.
64. Қарорлар Комиссия Раиси (мажлисда раислик қилувчи) томонидан имзоланади.
«E-saylov» ахборот тизими орқали қабул қилинадиган қарорлар Комиссия Раиси (мажлисда раислик қилувчи) томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга киради ва Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўша куннинг ўзида, шунингдек зарур бўлган ҳолларда, бошқа манбаларда эълон қилинади.
Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари зарур ҳолларда манфаатдор давлат органлари, сиёсий партиялар ҳамда бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ижро ва (ёки) маълумот учун юборилиши мумкин.
65. Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида қабул қилинган қарорларнинг ҳисоби ва уларнинг бажарилиши устидан назорат Котибиятнинг Ташкилий-назорат ва режалаштириш бўлими томонидан олиб борилади.
8-боб. Марказий сайлов комиссияси томонидан айрим масалаларни кўриб чиқишнинг хусусиятлари
1-§. Комиссия Раиси, Раис ўринбосари ва Комиссия котибини сайлаш ва уларни лавозимидан озод этиш
66. Комиссия Раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан комиссия аъзолари орасидан беш йиллик муддатга комиссия мажлисида сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Комиссия Раиси этиб сайланиши мумкин эмас.
Раис ўринбосари ёки Комиссия котиби комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланади.
Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосари ёхуд Комиссия котиби лавозимига номзод ҳақидаги маълумотлар раислик қилувчи томонидан мажлисда ўқиб эшиттирилади.
Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосари ёхуд Комиссия котиби томонидан ўз номзодини рад этиш тўғрисидаги мурожаати овоз бериш ўтказилмасдан қабул қилинади.
Мажлисда раислик қилувчи маърузаси якунланганидан сўнг комиссия аъзоларига муҳокама (таклиф, мулоҳаза ёки эътироз билдириш) учун сўз берилади.
Муҳокама якунланганидан сўнг раислик қилувчи томонидан Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосари ёхуд Комиссия котиби лавозимига номзодни сайлаш ҳақидаги қарор овозга қўйилади.
Номзод, агар у очиқ овоз бериш натижасида комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган бўлса, тегишинча Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосари ёхуд Комиссия котиби этиб сайланган ҳисобланади.
67. Агар Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосари ёхуд Комиссия котиби лавозимига номзод комиссия аъзолари овозларининг зарур сонини ололмаса, тегишинча Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосари ёхуд Комиссия котиби лавозимига такрорий сайлов ўтказилади.
Такрорий сайлов ушбу Регламентнинг 66-бандига мувофиқ ўтказилади.
68. Комиссия Раиси сайлангандан кейин комиссиянинг мажлиси Комиссия Раиси томонидан олиб борилади.
69. Мажлисда тегишинча Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосари ёхуд Комиссия котиби сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади, уни Марказий сайлов комиссияси мажлисида раислик қилувчи имзолайди.
70. Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосари ёхуд Комиссия котиби лавозимига сайланаётган ёки лавозимидан озод этилаётганда мажлис кун тартибидаги ушбу масала юзасидан раислик қилиши мумкин эмас.
71. Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосари ёхуд Комиссия котиби очиқ овоз бериш орқали комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган Марказий сайлов комиссиясининг қарорига биноан лавозимидан озод қилиниши мумкин.
72. Комиссия Раиси ёки Раис ўринбосари ёхуд Комиссия котиби лавозимидан Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан озод қилинган тақдирда, агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан бошқа қарор қабул қилинмайдиган бўлса, Марказий сайлов комиссияси аъзолигини сақлаб қолади.
2-§. Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг ваколатларини тугатиш тартиби
73. Марказий сайлов комиссияси аъзосининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан бевосита ёки уни аъзоликка тавсия этган органнинг тақдимномасига биноан Сайлов кодексининг 13-моддасида кўрсатилган ҳолларда тугатилиши мумкин.
74. Марказий сайлов комиссияси аъзоси ўз вазифаларини мунтазам равишда бажармаганлиги тўғрисидаги масала Комиссия Раисининг ташаббуси билан ёки Марказий сайлов комиссияси аъзолари умумий таркибининг учдан бир қисми талабига биноан комиссия мажлисида кўриб чиқилиши мумкин.
Марказий сайлов комиссияси аъзоси ўз вазифаларини мунтазам равишда бажармаганлиги тўғрисидаги қарор очиқ овоз бериш орқали комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Комиссия Раиси Марказий сайлов комиссияси аъзосининг ўз вазифаларини мунтазам равишда бажармаганлиги тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдимнома киритади.
9-боб. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш
75. Жисмоний ва юридик шахсларнинг Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлари Сайлов кодекси, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида ҳамда ушбу Регламентда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
76. Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар Комиссия Раисининг ёки Раис ўринбосарининг кўрсатмасига асосан Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ва (ёки) Котибияти томонидан кўриб чиқилади.
Мурожаатга жавоб хати Комиссия раиси, Раис ўринбосари ёки Комиссия котиби томонидан имзоланади.
77. Мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал қилиш Марказий сайлов комиссияси ваколатига кирмаса, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли органларга Комиссия котиби томонидан юборилади.
78. Марказий сайлов комиссияси сайлов кампаниясини ҳамда референдумни ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг Сайлов кодекси ҳамда референдум қонунчилиги талаблари бузилганлиги ёки сайловни (референдумни) ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқади. Ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказилиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар берилиши, сайловга (референдумга) олти кундан кам вақт қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатлар эса дарҳол кўриб чиқилиб, жавоб қайтарилиши шарт. Бундан сайлов (референдум ўтказувчи) комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно.
Зарур ҳолларда Марказий сайлов комиссияси мурожаатларни кўриб чиқиш учун тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ тузиши мумкин.
79. Марказий сайлов комиссияси ваколатига доир мурожаатлар Комиссия Раиси томонидан мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун Комиссия мажлиси чақирилади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.
Кун тартибига киритилган мурожаатлар Марказий сайлов комиссияси мажлисида кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади.
Қарор нусхаси мурожаат этувчига юборилади ва Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
80. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.
10-боб. Марказий сайлов комиссияси фаолиятини таъминлаш
81. Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг ташкилий-услубий, ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, молиявий, ижтимоий-маиший, моддий-техник ва бошқа таъминоти Котибият томонидан амалга оширилади.
Котибиятга Комиссия Раиси томонидан тайинланадиган Котибият раҳбари раҳбарлик қилади ва Котибият таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Котибиятнинг тузилиши, штатлари ва унинг иш тартиби Комиссия Раиси томонидан тасдиқланади.
82. Котибият ходимларининг ҳуқуқ ва вазифалари, уларни тақдирлаш ва интизомий жавобгарлиги масалалари қонунчилик ҳужжатлари, Марказий сайлов комиссияси Котибияти тўғрисидаги низом, Котибият таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомлар ҳамда Ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади.
Марказий сайлов комиссияси Котибияти тўғрисидаги низом Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади. Котибиятнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомлар Комиссия Раиси томонидан тасдиқланади.
83. Марказий сайлов комиссияси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз фаолиятини амалга ошириш учун ишчи гуруҳлари тузиши мумкин.
Марказий сайлов комиссияси сайлов ҳамда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ушбу мақсадларга ажратилган маблағлар ҳисобидан шартномага асосан тегишли мутахассисларни жалб қилиши мумкин.