Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида
Шартнома
Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
1998 йил 31 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома ҳамда 2013 йил 14 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисидаги Шартноманинг ўзбек-қозоқ муносабатларидаги муҳим аҳамиятини эътироф этган ҳолда,
дўстликни ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришда янги босқич ҳисобланган 2021 йил 6 декабрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Декларацияни юқори баҳолаб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми, Хельсинки Якуний Якунловчи акти ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг бошқа асосий ҳужжатларининг мақсад ва принциплари, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва принципларига содиқ эканликларини тасдиқлаб,
ҳар бир Томон миллий қонунчилигининг қоидаларига асосланиб,
дўстлик, аҳил қўшнилик ва ўзаро ҳурматнинг бузилмас принципларига асосланган икки мамлакат халқларининг кўп асрлик тарихий, маънавий ва маданий муштараклигидан келиб чиқиб,
икки давлатнинг 30 йиллик мустақил ривожланиши давомида кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашда эришилган муваффақиятларнинг алоҳида муҳим аҳамиятини қайд этган ҳолда,
икки томонлама муносабатларни сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда янада комплекс ривожлантириш истагида,
икки томонлама муносабатларни иккала биродар давлатнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатларига мос бўлган, шунингдек, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдаги асосий омил ҳисобланган иттифоқчилик муносабатларининг янги даражасига олиб чиқишга интилган ҳолда,
иттифоқчилик муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга, шунингдек, Томонлар миллий манфаатларига жавоб беришига ишонч ҳосил қилган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Шартномага мувофиқ Томонлар узоқ муддатли асосда иттифоқчилик муносабатларини ўрнатадилар ва ривожлантирадилар.
Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ҳар томонлама ҳамкорлик, ишонч, тенглик ва миллий манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш, Томонларнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва давлат чегараларининг бузилмаслигини ҳурмат қилиш, шунингдек, ўзаро мажбуриятларни виждонан бажариш асосида ўрнатилади.
2-модда
Томонлардан бирининг фикрига кўра, учинчи давлатлар тарафидан қуролли ҳужум хавфини туғдирувчи вазият юзага келган ҳолда, Томонлар бир-бирлари билан ҳам икки томонлама асосда, ҳам улар иштирокчи бўлган халқаро ташкилотлар доирасида уни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашувчи чораларни кўриш мақсадида зудлик билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
3-модда
Томонлар бошқа Томонга қарши қаратилган ҳеч бир блоклар ёки иттифоқларда қатнашмаслик мажбуриятини тасдиқлайдилар, шунингдек, ҳар қандай ҳаракатларда иштирок этишдан сақланадилар.
Ҳеч бир Томон ўз ҳудуди ва манбаларидан бошқа Томонга қарши тажовуз ёки бошқа душманона ҳаракатларни тайёрлаш ёки амалга ошириш мақсадида, шунингдек, бошқа Томоннинг давлат суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зарар етказишда фойдаланишга рухсат бермайди.
Томонлар учинчи давлатлар тарафидан бошқа Томонга қарши қаратилган қуролли ҳаракатларга тайёргарлик кўриш ёки амалга ошириш мақсадида ўз ҳудудларида, коммуникация тизимлари ва бошқа инфратузилмадан фойдаланилишига йўл қўймаслик мажбуриятини оладилар.
Томонлар халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва, энг аввало, суверенитет, ҳудудий яхлитликни таъминлаш ва давлатлар чегараси бузилмаслигига риоя қилиш асосида минтақавий можароларни тинчлик йўли билан маслаҳатлашувлар орқали ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида ҳаракат қиладилар.
4-модда
Томонлар биродарлик, иттифоқчилик ва стратегик шерикчилик руҳида ўзбек-қозоқ кўп қиррали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида давлатлар раҳбарлари тарафидан бошқариладиган иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилайдиган ва Томонларнинг умумий манфаатлари билан боғлиқ бўлган энг муҳим масалаларни кўриб чиқадиган Давлатлараро олий кенгашни таъсис этдилар.
Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Давлатлараро олий кенгаш тўғрисидаги Низом мазкур Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади (мазкур Шартномага илова).
5-модда
Томонлар ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар ташқи сиёсатни мувофиқлаштириш манфаатларини назарда тутиб, биринчи навбатда, энг юқори олий ва юқори даражаларда, жумладан, икки давлат хавфсизлик кенгаши котиблари ва ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги мунтазам учрашувлар механизмидан фойдаланадилар ва такомиллаштирадилар.
Томонлар икки давлат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий-техникавий соҳадаги ҳамкорлик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлайдилар.
6-модда
Томонлар икки давлат парламентлари, сиёсий партиялари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқа ва муносабатларни мустаҳкамлашга кўмаклашадилар.
7-модда
Томонлар иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма корхоналар ташкил этиш орқали ўзаро иқтисодий кооперацияни чуқурлаштириш учун шарт-шароит яратадилар, шунингдек, саноат, транспорт ва логистика, энергетика, фармацевтика, қурилиш каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
Инновацион саноат сиёсатини амалга ошириш мақсадида Томонлар ўзаро манфаатли ва тенглик асосида янги саноат қувватларини оқилона жойлаштириш ва амалдагиларини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштирадилар.
Томонлар давлатлар ўртасидаги товар айирбошлашни, жумладан, зарур шарт-шароитларни яратиш ва банклараро ҳамкорликни ривожлантириш орқали мустаҳкамлайдилар ва юксалтирадилар.
8-модда
Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, икки давлатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшувчи миллий иқтисодиётларнинг энергия самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида энергетика соҳасида, жумладан, нефть-газ, электроэнергетика соҳалари тармоқларида, қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли муносабатлар асосида ҳамкорликни давом эттирадилар.
Томонлар нефть-газ саноати тармоғида, жумладан, нефтни қайта ишлаш объектларини ва қувур линияси инфратузилмасини қуриш орқали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорликни давом эттирадилар.
9-модда
Томонлар инвестиция фаолияти, ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратадилар.
Томонлар тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратадилар, бирлашмаларнинг турли ташкилий-ҳуқуқий шакллари ҳамда юридик шахслар ва иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа субъектлари ўртасидаги бевосита алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
10-модда
Томонлар трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ўзаро манфаатли фойдаланиш ҳамда сув хўжалиги иншоотларини эксплуатация қилиш, шунингдек, суғоришнинг сувни тежайдиган технологияларини жорий этиш бўйича биргаликда чоралар кўрадилар.
11-модда
Томонлар ўзлари иштирокчи бўлган икки томонлама ва кўп томонлама халқаро шартномаларга мувофиқ ҳаракат қилган ҳолда, экологик хавфсизликни таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қиладилар, экологик офатларнинг, шу жумладан, трансчегаравий хусусиятдаги офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар.
Томонлар ўз ҳудудларида аҳоли ҳаёти ва ҳудудларга хавф туғдирувчи табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф қилишда ўзаро ёрдам кўрсатадилар.
Томонлар қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини рекультивация қилиш қисмида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик қиладилар.
12-модда
Томонлар ўзлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ агросаноат мажмуи самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш, шунингдек, ўз ҳудудларида кулай шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, Томонлардан бирининг ҳудудидан ўтувчи қишлоқ хўжалиги товарларини транзит ташиш учун тартиб-қоидаларни соддалаштириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қиладилар.
13-модда
Томонлар қулай ва ўзаро манфаатли юкларни транспортировка қилиш ҳамда йўловчиларни мақбул ва ўзаро манфаатли ташишни таъминлаш, шунингдек, транспорт коридорларининг транзит салоҳиятини оширишга қаратилган ўзаро боғлиқ транспорт тизимини янада ривожлантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратадилар.
Бунда Томонлар ўзлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ Томонлардан бирининг ҳудудидан ўтувчи товарларни транзит ташиш учун тартиб-қоидаларни соддалаштириш бўйича кулай шарт-шароитларни яратишда яқиндан ҳамкорлик қиладилар.
14-модда
Томонлар икки мамлакат халқларининг маънавий ва маданий яқинлигини сақлашга, фан, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, маданий мерос, туризм, маълумот алмашинуви соҳасида ўзаро алоқаларни чуқурлаштиришга ҳар тарафлама кўмаклашадилар.
Томонлар Қозоғистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган этник ўзбеклар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган этник қозоқлар учун ўз она тили, миллий маданияти, анъана ва қадриятларини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш йўлида қулай шарт-шароитларни яратадилар.
Томонлар ижодий уюшмалар ва бирлашмалар, маданият, адабиёт, фан, таълим ва санъат арбоблари ўртасида тарихий шаклланган муносабатлар ва алоқалар асосида умумий маданий-гуманитар маконни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун шарт-шароитларни таъминлайдилар.
15-модда
Ҳар бир Томон ўз ҳудудида бошқа Томоннинг юридик ва жисмоний шахсларининг мулк ҳуқуқи ва мулки ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
16-модда
Томонлар минтақада тинчлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлида ўзаро манфаатлар ва минтақавий яқинлашув ғояларини илгари сурган ҳолда яқиндан ҳамкорлик қиладилар, шунингдек, Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган ўзаро манфаатли ҳарбий ҳамкорликни олиб борадилар.
Томонлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини умум минтақавий тусдаги масалаларни комплекс муҳокама қилиш ва конструктив равишда ҳал қилиш учун афзал механизм деб ҳисоблайдилар.
Томонлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматини такомиллаштириш йўлида ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу майдон салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш учун иштирокчи-давлатларнинг манфаатларига қатъий ҳурмат асосида мақсадли иш олиб борадилар, шунингдек, бир-бирларининг манфаатларини ўзаро ҳурмат қилиш асосида Марказий Осиё давлатларининг ўзлари тарафидан бутун минтақавий жиҳатлар бўйича ўзаро мақбул ечимларга эришишга кўмаклашадилар.
Томонлар Марказий Осиёнинг сув ва экологик муаммоларини ҳал этишда минтақавий институционал майдон ҳисобланувчи Оролни қутқариш халқаро фонди доирасида яқиндан ҳамкорлик қиладилар, Орол ва Оролбўйи туманларининг экологик тизимини қайта тиклаш бўйича, шунингдек, Орол ҳалокати таъсирига учраган ҳудудларни экологик соғломлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган халқаро ва минтақавий лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ҳамкорликни давом эттирадилар.
17-модда
Томонлар қуролсизланиш ҳамда оммавий қирғин қуроли ва воситаларининг барча турларини ва уларни етказиб бериш воситаларини тарқатмаслик масалаларида, шу жумладан, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома (ЯҚТШ) ва тарқатмаслик тартибини унинг барча жиҳатларида самарали амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли зона ядро қуролини тарқатмаслик тартибини мустаҳкамлаш, ядро энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишда ҳамкорликни ривожлантириш, радиоактив зарарланишдан азият чеккан ҳудудларни экологик реабилитация қилишда ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда минтақавий ва халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида алоҳида муҳим қадам эканлигига ишонч билдирган ҳолда, 2006 йил 8 сентябрда Семипалатинск шаҳрида имзоланган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартнома қоидаларига содиқ эканликларини тасдиқлайдилар ва Марказий Осиё минтақасининг ядродан холи мақомини янада мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттирадилар.
18-модда
Томонлар можароларнинг олдини олиш ва тартибга солиш ҳамда хавфсизлик ва барқарорликнинг минтақавий ва глобал муаммоларини ҳал этишдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ролини янада мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини тасдиқлайдилар.
19-модда
Томонлар асосий халқаро муаммолар ва ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича позицияларни аниқлашда тегишли маслаҳатлашувлар ўтказган ҳолда ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгаш, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар ва форумлар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга бўлган ўзаро интилишларини таъкидлайдилар.
20-модда
Томонлар ўзларининг миллий қонунчиликлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқ хавфсизликнинг янги хавф-хатарлари ва таҳдидларига, жумладан, халқаро терроризм, диний экстремизм ва сепаратизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, қурол, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний муомаласига қарши курашишда ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштирадилар ва бирлаштирадилар.
Томонлар ноқонуний миграцияга, шу жумладан, ўз ҳудудларидан ёки у орқали жисмоний шахсларнинг ноқонуний ўтишига қарши курашишда ҳамкорлик қиладилар.
Томонлар хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси соҳасида муносабатларни ривожлантиришга интиладилар.
21-модда
Мазкур Шартнома учинчи давлатларга қарши қаратилмаган ва Томонлар иштирокчи ҳисобланган икки ва кўп томонлама халқаро шартномалардан келиб чиқадиган уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
22-модда
Томонлар мазкур Шартнома қоидаларини амалга ошириш мақсадида, зарур ҳолларда, ўзаро қизиқиш уйғотадиган аниқ ҳамкорлик соҳаларида алоҳида халқаро шартномалар тузадилар.
23-модда
Мазкур Шартномани амалга оширишда юзага келадиган келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
24-модда
Мазкур Шартнома ратификация қилинади ва Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Шартнома Томонлардан бири унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томоннинг ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб ўн икки ой ўтгунга қадар ўз кучида қолади.
Тошкент шаҳрида, 2022 йил 22 декабрда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг кучга эгадир.
Томонлар мазкур Шартнома қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномага
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Давлатлараро олий кенгаш тўғрисида
НИЗОМ
1. Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси (кейинги ўринларда — «Томонлар») 2021 йил 6 декабрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Декларацияга мувофиқ Давлатлараро олий кенгашни таъсис этдилар.
2. Давлатлараро олий кенгаш олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини назорат қилувчи давлатлараро орган ҳисобланади.
3. Давлатлараро олий кенгашга давлатлар раҳбарлари бошчилик қиладилар.
4. Давлатлараро олий кенгаш йиғилишлари мунтазам равишда навбати билан ҳар бир Томон ҳудудида келишилган муддатларда ўтказилади.
5. Томонлардан бирининг ташаббусига биноан, кечиктириб бўлмайдиган масалаларни ҳал қилиш мақсадида Давлатлараро олий кенгашнинг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилиши мумкин.
6. Давлатлараро олий кенгаш йиғилишларида Томонларнинг ҳукуматлари ва парламентлари раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек, (келишувга кўра) таклиф этилган шахслар иштирок этишлари мумкин.
7. Давлатлараро олий кенгаш, зарур ҳолларда, доимий ёки вақтинчалик асосда ишчи гуруҳлар ташкил қилиши мумкин.
8. Башарти давлатлар раҳбарлари бошқача қарор қабул қилмасалар, ҳудудида навбатдаги учрашув ўтказилаётган давлат Раҳбари Давлатлараро олий кенгашнинг Раиси ҳисобланади.
9. Давлатлараро олий кенгаш қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
икки томонлама муносабатларнинг энг муҳим сиёсий, иқтисодий масалаларини кўриб чиқади;
иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг асосий йўналишларини белгилайди;
ўзаро қизиқиш уйғотадиган минтақавий ва глобал халқаро масалалар бўйича позицияни белгилайди.
10. Давлатлараро олий кенгашнинг қарорлари ва тавсиялари консенсус асосида қабул қилинади.
11. Давлатлараро олий кенгаш ўз фаолияти давомида Томонлар иштирокчиси ҳисобланган халқаро шартномалар, ўзининг қарорлари ва мазкур Низомга амал қилади.
12. Томонлар ўз делегацияларининг Давлатлараро олий кенгашнинг йиғилишларида иштирок этиши билан боғлиқ харажатларни мустақил равишда қоплайдилар. Қабул қилувчи давлат Давлатлараро олий кенгаш йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ барча зарур ташкилий, ахборот, моддий-техникавий шароитлар билан таъминлайди.
13. Давлатлараро олий кенгаш фаолияти ташқи ишлар вазирлари кенгаши (ТИВК) тарафидан мувофиқлаштирилади. ТИВК тўғрисидаги Низом Давлатлараро олий кенгаш қарори билан тасдиқланади.
ТИВК Давлатлараро олий кенгаш тарафидан қабул қилинадиган кун тартиби, қарорлар ва якуний ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади ва маъқуллайди.
14. Давлатлараро олий кенгаш тарафидан қабул қилинадиган қарорлар ва ҳужжатлар ўзбек, қозоқ ва рус тилларида икки нусхада тузилади.
15. Ўзбек, қозоқ ва рус тиллари Давлатлараро олий кенгашнинг ишчи тиллари ҳисобланади.
16. Томонлар, зарур ҳолларда, ўзаро келишув асосида мазкур Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритишлари мумкин.
Мазкур Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қарор Давлатлараро олий кенгаш йиғилишида қабул қилинади.