Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида
Шартнома
Абадий дўстлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси, бундан кейин Юқори Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида биродарлик, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш иккала давлат халқларининг туб манфаатларига жавоб беради деб ҳисоблаб,
БМТ Низоми, Хельсинки Якунловчи акти ва ЕХҲТ доирасида қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг принциплари ва мақсадларига содиқликларини тасдиқлаб,
икки мамлакатнинг иқтисодий ҳамкорлигини чуқурлаштириш, унинг келгуси ривожи учун қулай шароит яратиш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш зарур деб ҳисоблаб,
мавжуд ҳар томонлама ҳамкорликни кўп асрлик тарихий илдизларга ҳамда маданият, тил ва анъаналар бирлигига эга бўлган ўзбек ва қозоқ халқларининг анъанавий дўстлиги руҳида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Биродар ва дўст давлатлар бўлган Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ўз муносабатларини тенглик, ҳамжиҳатлик, ҳар томонлама ҳамкорлик ва ўзаро ишонч асосида қурадилар.
2-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар муносабатларни иккала давлат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг бузилмаслигини ҳурмат қилиш, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро фойда принциплари асосида фаол ривожлантириш қатъиятини тасдиқлайдилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар мавжуд маъмурий-ҳудудий чегарани давлат чегара асоси деб тан оладилар ва қўшма чегарадаги режимни ҳамма масалаларини расмийлаштириш мақсадида қўшма комиссияни тузадилар.
3-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар давлатлараро муносабатларда куч ишлатиш ёки куч билан таҳдид қилишдан ўзини тутиш мажбуриятини тасдиқлайдилар, бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томонга қарши қаратилган ҳарбий иттифоқларга кирмаслик ёки давлатларнинг бирор-бир гуруҳларида, шунингдек ҳаракатларда иштирок этмаслик мажбуриятини оладилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фикрича, учинчи давлатлар томонидан ҳарбий ҳужум хавфини туғдирувчи вазият юзага келган ҳолда Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ҳам икки томонлама асосда, ҳам улар иштирокчилари бўлган халқаро ташкилотлар доирасида бу вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашувчи чораларни кўриш мақсадида зудлик билан тегишли маслаҳатлашишлар ўтказадилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ўз ҳудудларидан, коммуникациялар тизими ва бошқа инфраструктурадан бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томонга қарши ҳарбий тажовуз ёки ўзга душманлик фаолияти мақсадида фойдаланишга йўл қўймаслик мажбуриятини оладилар.
4-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантирадилар ҳамда мустақиллик ва суверенитетга, ҳудудий яхлитлик ва мустақил сиёсат юритишга таҳдиднинг олдини олиш масалаларида ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдилар.
5-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар тинчликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда халқаро барқарорлик ва хавфсизликни ошириш мақсадида биргаликда ҳаракат қиладилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар жамоа хавфсизлигини мустаҳкамлашга, шунингдек БМТ, ЕХҲТ тинчликпарвар ролини кучайтиришга ҳамда минтақавий можароларни ва Юқори Аҳдлашувчи Томонларнинг манфаатларига дахлдор бўлган бошқа вазиятларни ҳал этиш механизмларининг самарадорлигини оширишга кўмаклашадилар, зарур бўлганида биргаликдаги ёки келишилган ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида бу соҳаларда ўз мавқеларини мувофиқлаштирадилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро қизиқиш уйғотувчи масалалар бўйича мунтазам равишда маслаҳатлашишлар ўтказадилар.
6-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ўз фуқароларига, уларнинг миллий ёки бошқа фарқларидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларни кафолатлайдилар. Юқори Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири унинг ҳудудида яшовчи бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томон фуқароларига, уларнинг миллати, дини ёки бошқа фарқларидан қатъи назар, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро нормаларга мувофиқ сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий ҳуқуқ ва эркинликларни кафолатлайди.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар Қозоғистон Республикаси ҳудудида яшовчи ўзбекларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи қозоқларнинг миллий маданияти ва тилини сақлаш ҳуқуқини таъминлайдилар, шунингдек бу соҳада ҳамкорликни ривожлантирадилар.
7-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар иқтисодий ҳамкорликнинг барча соҳаларида бир-бирларига энг қулай режимни таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрадилар ва ушбу ҳамкорликни амалга ошириш бўйича шарт-шароитларни ёмонлаштиришга қаратилган чораларни кўрмайдилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томонни унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлиши мумкин бўлган иқтисодий қарорлар тўғрисида олдиндан хабардор қилади ҳамда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг иқтисодий аҳволини дестабилизация қилувчи чораларни амалга оширишдан ўзини тутади.
8-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар узоқ муддатли истиқболларни ҳисобга олган ҳолда ва ўзаро фойдали шартларда Марказий Осиёда ягона иқтисодий маконни, шунингдек икки томонлама иқтисодий, савдо муносабатларини, фан, маданият, таълим, технологиялар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашадилар.
Шу мақсадда Юқори Аҳдлашувчи Томонлар иккала мамлакат ўртасида товарлар, хизматлар ва капиталнинг эркин кўчишига аста-секин ўтиш учун зарур ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий ва савдо шарт-шароитларни яратадилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ҳамкорликни, биринчи навбатда, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, алоқа, телекоммуникациялар ва энергетика соҳаларида мустаҳкамлайдилар.
9-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатлари ҳудудларида йўловчи ва юкларни автомобиль, темир йўл, ҳаво, қувур ҳамда бошқа турдаги транспортда ташиш учун қулай шарт-шароитларни, шунингдек транзит эркинлигини ўзаро таъминлашни кафолатлайдилар ҳамда кўрсатилган соҳалардаги ҳамкорлик учун ноқулай шароитларни яратишга қаратилган чораларни кўришдан ўзларини тутадилар.
10-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар иқтисодий, илмий, техникавий ва маданий соҳалардаги мунтазам маслаҳатлашишларни, ахборот ва тажриба алмашишни рағбатлантирадилар, шунингдек бу мақсадда барча даражаларда алоқаларни кенгайтиришни қўллаб-қувватлайдилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар қўшма молия-саноат гуруҳларини, холдинг ва лизинг компанияларини ташкил этиш бўйича чораларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини эътироф қиладилар. Улар ишлаб чиқариш, инвестиция, банк ва тижорат соҳаларида миллий капиталлар ҳамкорлигининг илғор шаклларини ривожлантиришга кўмаклашадилар, ўзаро ивестициялар учун қулай шароитларни таъминлайдилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар, ўз миллий қонунларига мувофиқ, ўз ҳудудида бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томоннинг жисмоний ва юридик шахслари учун тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти учун қулай шароитларни таъминлайдилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро инвестицияларни рағбатлантирадилар ва шу мақсадда тузилган битимлар асосида уларнинг ҳимоясини таъминлайдилар.
11-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири ўз ҳудудида бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томон юридик ва жисмоний шахслари мулк ҳуқуқи ва мулкининг ҳимоясини таъминлайди.
12-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, товарлар ва хизматлар транзити соҳасидаги ҳамкорликни қулай ва ўзаро фойдали шартларда, ўзаро келишилган технологиялар ва параметрлар асосида амалга оширадилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар трансосиё темир йўл ва автомобиль магистралини шакллантиришда уларнинг иқтисодий потенциалларидан фойдаланиш, шунингдек транзит ташиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини тасдиқлайдилар.
13-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар иккала мамлакат маданият ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни, шунингдек мутахассислар алмашишни рағбатлантирадилар.
Ҳар бир Юқори Аҳдлашувчи Томон ўзининг фуқаролари учун бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томоннинг тили, маданияти, санъат асарлари, адабиёти ва матбуотини ўрганишга, жумладан ўз ўқув юртларида, кенг имкониятларни таъминлайди.
Юқори Аҳдлашувчи Томон бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томон мутахассисларига танишиш ва тадқиқот учун архив, тарихий ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқини беради.
14-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар илм ва фан соҳасида, фундаментал тадқиқотларни бажаришда, қўшма, жумладан космик дастур ва ишланмаларни амалга оширишда алоҳида битимлар асосида ҳамкорликни ривожлантирадилар, қўшма илмий-ишлаб чиқариш жамоаларини ташкил этишга ва уларнинг фаолиятига кўмаклашадилар.
15-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббиёт фанини ва амалиётини ривожлантириш, унинг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш ишида яқиндан ҳамкорлик қиладилар, ўз ноёб ва ихтисослаштирилган тиббий муассасаларига бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томон аҳолисининг даволаниш ва маслаҳат ёрдами олиш учун кириш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.
16-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар экологик хавфсизликни таъминлашга, бу соҳадаги икки томонлама ва кўп томонлама шартномаларга мувофиқ ҳаракат қилиб, устувор аҳамият берадилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар атроф-муҳитни ифлослантиришнинг олдини олиш ва табиатдан оқилона фойдаланишни таъминлаш учун зарур чораларни кўрадилар. Улар экологик офатлар ва табиий муҳитга антропоген таъсир этиш оқибатларига қарши курашда, жумладан трансчегаравий жиҳатдан ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар Орол ва Орол олди районларининг экологик тизимини тиклаш ишида ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштирадилар ва мувофиқлаштирадилар, бу соҳада халқаро, айниқса минтақавий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда биргаликда ҳаракат қиладилар.
17-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ўзаролик шартларида бир-бирларининг дипломатик, консуллик, савдо ва бошқа расмий ваколатхоналарининг фаолиятини имкони борича енгиллаштирадилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этадиган тадбиркор доираларнинг вакиллари, матбуот ходимлари ва мутахассисларнинг касб фаолиятини амалга ошириши ва яшаши учун тегишли шароитларни таъминлайдилар.
18-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар уларнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқлари ўртасидаги, жумладан шаҳар, вилоят, районлар ва бошқа маъмурий-ҳудудий бирликлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар, иккала давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларга кўмаклашадилар.
19-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар терроризмга, уюшган жиноятчиликка, наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига, қурол контрабандасига, маданий бойликларни ноқонуний сотиш ва чегарадан олиб ўтишга, ғайриқонуний фаолият натижасида олинган даромадларни расмийлаштиришга, жиноятларнинг бошқа хавфли турларига қарши кураш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар халқаро ҳуқуқнинг принцип ва нормаларига асосланиб, фуқаро авиацияси фаолиятига қонунсиз аралашиш ҳолларининг олдини олиш бўйича иш олиб борадилар.
20-модда
Ушбу Шартнома учинчи давлатларга қарши қаратилган эмас ва Юқори Аҳдлашувчи Томонларнинг бошқа давлатлар билан тузган икки томонлама ва кўп томонлама шартномаларидан келиб чиқадиган бирор-бир ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳеч қандай шаклда дахлдор эмас.
21-модда
БМТ Низомининг 102-моддасига мувофиқ ушбу Шартнома БМТ Котибиятида қайд қилиниши керак.
22-модда
Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартноманинг қоидаларини бажариш мақсадида зарур бўлган ҳолда алоҳида битимлар тузадилар.
23-модда
Ушбу Шартномани бажаришда юзага келиши мумкин бўлган баҳс ва келишмовчиликларни Юқори Аҳдлашувчи Томонлар музокара ва маслаҳатлашишлар йўли билан ҳал этадилар.
24-модда
Ўзаро розилик бўйича Юқори Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартномага тегишли протоколлар билан расмийлаштириладиган қўшимча ва ўзгартишлар киритишлари мумкин.
Қўшимча ва ўзгартишлар иккала Юқори Аҳдлашувчи Томон ратификация қилганидан сўнг кучга киради ҳамда ушбу Шартноманинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.
25-модда
Ушбу Шартнома кучга кирганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги муносабатларда 1992 йил 24 июндаги Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида Шартнома ўз кучини йўқотади.
26-модда
Ушбу Шартнома ратификация қилинади ва ратификация ёрлиқлари билан алмашиш кунидан кучга киради.
Ушбу Шартнома ноаниқ муддатга тузилади ва Юқори Аҳдлашувчи Томонлардан бири Шартноманинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмагунича амал қилади. Бу ҳолда бошқа Юқори Аҳдлашувчи Томон шундай хабарни олганидан кейин олти ой ўтгач ушбу Шартнома амал қилишини тўхтатади.
Тошкент шаҳрида 1998 йил 31 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Шартнома қоидаларини изоҳлаш учун Юқори Аҳдлашувчи Томонлар рус тилидаги матндан фойдаланадилар.
(имзолар)