Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Энергетика соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 4519-AZ-2023-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди.]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонларнинг ўз давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ ҳолда ва тенглик, ўзаро фойда ва ҳурмат принциплари асосида энергетика секторида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган ўзаро ишончидан келиб чиқиб,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига амал қилиб,
1996 йил 27 майдаги Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномага асосланиб,
энергетика соҳасида ўзбек-озарбайжон ҳамкорлиги ривожланиши Томонлар давлатлари ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатишига ишонган ҳолда,
энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мақсад
Мазкур Битимнинг мақсади Томонларнинг ҳукуматлараро ҳамкорлигига ва хўжалик субъектлари ҳамкорлигига мазкур Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларини амалга оширишда кўмак кўрсатиш ҳисобланади.
Томонлар энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатларни ҳимоя қилишга асосланади ва Томонлар манфаатларига зарар етказмаслиги лозим.
2-модда
Ҳамкорлик соҳалари
Томонлар нефт, газ, электр энергетикаси соҳаларида узоқ муддатли асосда қуйидаги йўналишларда ҳукуматлараро ҳамкорликни ва хўжалик субъектлари ҳамкорлигини ривожлантиришга ҳаракат қиладилар:
Томонлар давлатларининг ҳудудида Томонларнинг хўжалик субъектлари тарафидан нефт ва газ қазиб олиниши;
Томонлар давлатлари ҳудудида, шунингдек, учинчи мамлакатлар ҳудудида келишувга биноан геология разведка ишларини амалга ошириш ва углеводород қазиб олиш;
нефт-кимё ва нефтни қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш;
трейдинг бўйича қўшма корхона ташкил этиш;
Томонлар давлатлари ҳудудида янги иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш;
электр энергиясини ишлаб чиқариш, трансмиссия қилиш ва экспорт қилиш;
қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида кўмак кўрсатиш ва тажриба алмашиш;
қайта тикланувчи энергия манбалари асосида қуввати 1МВтдан кам бўлган энергия ишлаб чиқаришни оммалаштириш;
энергия самарадорлигига эга технологияларни қўллаш соҳасида тажриба ўрганиш;
ўзаро қизиқиш уйғотадиган ҳамкорликнинг бошқа шакллари.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Мазкур Битим доирасидаги ҳамкорлик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
икки томонлама маслаҳатлашувлар;
маълумотлар, ахборотлар, экспертлик фикрлари, тажриба, амалий ва илмий билимлар билан алмашинув;
халқаро энергетик форумларда позицияларни мувофиқлаштириш;
Томонлар давлатларининг илмий-амалий ташкилотлари, технологик марказлари ва саноат корхоналари ўртасида шериклик алоқаларини ривожлантириш;
тренинг, квалификация ва ўқитиш мақсадида мутахассислар билан алмашиш;
ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш;
Томонлар ўртасида келишилиши мумкин бўлган ҳамкорликнинг бошқа ҳар қандай шакллари.
Томонлар ўртасида ўзаро қизиқиш бўлган ҳолларда ҳамкорликнинг шакллари ва методлари ҳамда молиявий мажбурият шартлари тўғрисида алоҳида шартномалар тузилиши мумкин.
4-модда
Қўшма ишчи гуруҳ
Мазкур Битимнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш Қўшма ишчи гуруҳ тарафидан амалга оширилади.
Томонлар Қўшма ишчи гуруҳ таркибини мазкур Битим кучга кирганидан сўнг 30 кунлик муддатда дипломатик каналлар орқали ишчи гуруҳ таркибини алмашиш орқали келишиб оладилар.
Қўшма ишчи гуруҳ фаолиятига ҳамкорлик йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Томонлар давлатлари манфаатдор идоралари ва ташкилотлари вакиллари жалб қилиниши мумкин.
Қўшма ишчи гуруҳ йиғилишлари Томонлар келишувига кўра бевосита ва видеоконференция шаклида ўтказилиши мумкин.
Йиғилишларнинг санаси, жойи, кун тартиби ва формати Томонлар тарафидан олдиндан келишиб олинади.
Қўшма ишчи гуруҳ йиғилишларининг ҳар бири якуни бўйича баённома тузилади.
5-модда
Молиялаштириш
Ҳар бир Томон мазкур Битимнинг қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ барча сарф-харажатларни, башарти Томонлар бошқача келишмаган бўлсалар, мустақил равишда қоплайди.
6-модда
Келишмовчиликларни ҳал қилиш
Мазкур Битимнинг талқин этилиши ва (ёки) қўлланилиши юзасидан ҳар қандай келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
7-модда
Бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар
Мазкур Битим Томонларнинг уларнинг давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
8-модда
Ўзгартиришлар
Томонларнинг ўзаро келишувига асосан, мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва мазкур Битимнинг 9-моддасига мувофиқ кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Якуний қоида
Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини Томонлар бажарганликлари тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонлардан бири бошқа Томоннинг мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган кундан олти ой ўтгач амал қилиш муддати тугатилади.
Мазкур Битимнинг тугатилиши унинг амал қилиши муддати давомида бошланган ва унинг амал қилиши тугатилиши вақтида тугалланмаган лойиҳалар бўйича Томонларнинг мажбуриятларига дахл қилмайди.
Боку шаҳрида 2023 йил 22 августда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда, рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)