Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Баённома
Шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисидаги битимнинг ижро баённомаси
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 4528-CZ-2023-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Чехия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда биргаликда «Томонлар» ва алоҳида «Томон» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисидаги Битимни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни (кейинги ўринларда «Битим» деб аталувчи) Битимнинг 15-моддасига мувофиқ тартибга солишда ўзаро хоҳишларини ифода этиб,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Реадмиссия аризаси
1. Реадмиссия тўғрисида ариза Битимнинг 5-моддасига мувофиқ мазкур Баённоманинг 1-иловасида кўрсатилган шаклда тузилади.
2. Реадмиссия тўғрисидаги ариза ва унга жавоб факсимил орқали олдиндан юборилади.
3. Агар Битимнинг 6-моддаси 4-бандига мувофиқ суҳбатлашиш зарурати бўлса, суҳбат тўғрисидаги сўров реадмиссия тўғрисидаги аризанинг Ф-қисмида кўрсатилади.
4. Аризага Битимнинг 6-моддасига мувофиқ Сўраётган Томон давлатининг фуқаролиги мавжудлигини тасдиқловчи ёки Битимнинг 7-моддасига мувофиқ учинчи давлат фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг реадмиссияси шартлар мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.
5. Томонлар Битим ва мазкур Баённома кучга кирганидан 30 кундан кечиктирмасдан Битимнинг 1-иловасида санаб ўтилган ҳужжатларнинг намунавий шаклларини, шунингдек, Битимнинг 3-моддаси 3-бандига мувофиқ йўл ҳужжатининг намунавий шаклини алмашадилар.
Мазкур бандда кўрсатилган ҳужжатларда ўзгартиришлар бўлган тақдирда, Томонлар дарҳол бир-бирларини хабардор қиладилар ва ҳужжатларнинг янги шаклларини юборадилар.
2-модда
Кузатиб бориладиган топшириш
Агар реадмиссия қилиниши лозим бўлган шахсни топшириш кузатиб борувчи билан таъминланадиган бўлса, ушбу шахсни топшириш тўғрисидаги ҳужжат мазкур Баённоманинг 2-иловасида кўрсатилган шаклда икки нусхада тузилади.
3-модда
Транзит учун ариза
1. Битимнинг 12-моддасига мувофиқ транзит қилиш учун ариза мазкур Баённоманинг 3-иловасида кўрсатилган шаклда расмийлаштирилади.
2. Транзит қилиш учун ариза ва унга жавоб факсимил орқали олдиндан юборилади.
4-модда
Ваколатли органлар
1. Томонларнинг Битим ва мазкур Баённома қоидалари бажарилиши учун ваколатли органлари:
Ўзбекистон томонидан:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
Чехия Республикаси томондан:
Чехия Республикаси Полицияси;
Полиция хизматининг чет элликлар бўйича бошқармаси.
2. Мазкур Баённома кучга киргандан сўнг, Томонлар мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган ваколатли органларнинг юридик манзиллари, электрон почта манзиллари, телефон рақамлари ва факсимил рақамлари билан алмашадилар.
Алоқа маълумотлари ўзгарган тақдирда, бир Томон бу ҳақида бошқа Томонни дарҳол хабардор қилади ва унга янги алоқа маълумотларини юборади.
5-модда
Чегарани кесиб ўтиш пунктлари
1. Битимни ва мазкур Баённомани амалга ошириш учун қуйидаги чегарадан ўтиш пунктлари қўлланилади:
Ўзбекистон Республикаси учун:
Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт;
Чехия Республикаси учун:
Прага шаҳридаги Валав Ҳавел номидаги аэропорт.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган чегара ўтиш пунктларининг рўйхати ўзгарган ҳолларда, бир Томон бу ҳақида бошқа Томонни дарҳол хабардор қилади.
3. Агар реадмиссия ёки транзит қилиниши лозим бўлган шахсни ҳаво йўллари орқали ўтказишнинг иложи бўлмаса, Томонларнинг ваколатли органлари ҳар бир муайян ҳолатда, Сўраётган Томон давлатининг чегараси орқали ўтказиш пунктида бу шахсни топшириш учун келишиб оладилар.
6-модда
Харажатларни қоплаш
1. Сўраётган Томон ҳисобни олгандан кейин 30 календар кундан кечиктирмай Сўралаётган Томоннинг ҳисобига банк ўтказмаси орқали Битимнинг 13-моддасига мувофиқ барча харажатларни Сўралаётган Томонга тўлаб беради. Юқорида кўрсатилган харажатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) ташиш;
овқатланиш
3) яшаш жойи;
4) шошилинч тиббий хизмат;
5) агар талаб қилинса таржимон билан таъминлаш;
6) Томонларнинг ваколатли органлари билан олдиндан келишилган бошқа харажатлар.
2. Мазкур модданинг 1-бандига мувофиқ қопланадиган харажатлар миқдори Сўралаётган Томон давлатининг қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади ва ҳақиқий харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида белгиланади.
3. Транспорт харажатлари — хизмат кўрсатиш транспорти ёки жамоат транспортидан фойдаланиш харажатлари; Таксидан фойдаланиш харажатлари бундан истисно қилинади. Бошқа фундаментал харажатлар максимал самарадорлик принципига асосланган фақат оқилона харажатларни ўз ичига олиши керак.
4. Сўралаётган Томон мазкур модданинг 1-бандига мувофиқ олдинги календар ойи давомида харажатларни қоплаш учун ҳисобни тақдим этиши шарт.
5. Харажатларни қоплаш учун счёт-фактурага ҳақиқий харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
6. Мазкур модданинг 1-бандидаги қоидалар кузатувчилик қилаётган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.
7-модда
Тиллар
Битим ва мазкур Баённомани амалга ошириш учун Томонларнинг ваколатли органлари инглиз ёки рус тилларидан фойдаланадилар.
8-модда
Низоларни ҳал қилиш
Мазкур Баённома қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ низолар Томонлар ўртасидаги музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
9-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар
Томонлар ўзаро келишувга асосан мазкур Баённомага унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
10-модда
Якуний қоидалар
1. Мазкур Баённома Битим кучга кирган санадан бошлаб кучга киради.
2. Мазкур Баённома Битим тугатилиши билан амал қилиши тугатилади.
Прага шаҳрида 2023 йил 11 октябрда икки асл нусхада ўзбек, чех, рус ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)