Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 4528-CZ-2023-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Чехия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда биргаликда «Томонлар» ва алоҳида «Томон» деб аталувчилар,
икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини, шунингдек, турли соҳаларда, жумладан ноқонуний миграцияга қарши кураш масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш истагига амал қилиб,
хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши, бўлиши ва яшашини тартибга солувчи амалдаги қонунчиликни бузган ҳолда Томонларнинг давлатлари ҳудудида жойлашган шахсларни қайтариш, қабул қилиш ва ўтказиш тартибини белгилайдиган, Томонлар тарафидан келишилган тамойиллар ва нормаларнинг жорий этилиши миграция жараёнларини тартибга солишнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланишига, ноқонуний миграцияга қарши курашга қўшиладиган ҳисса эканлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда,
миллий қонунчилик ва Томонлар давлатларининг халқаро мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Мазкур Битимда ишлатиладиган атамалар қуйидагиларни англатади:
1) «реадмиссия» — мазкур Битим қоидаларига мувофиқ Сўраётган Томон давлатининг ҳудудига ноқонуний равишда кирган, бўлиб турган ва яшаётган Сўралаётган Томон давлатининг фуқаролари, учинчи давлатлар фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни Сўраётган Томон тарафидан қайтарилиши ва Сўралаётган Томон тарафидан қабул қилиниши;
2) «Сўраётган Томон» — мазкур Битимнинг 5-моддасига мувофиқ реадмиссия ёки мазкур Битимнинг 12-моддасига мувофиқ транзит тўғрисида ариза юборадиган Томон;
3) «Сўралаётган Томон» — манзилига мазкур Битимнинг 5-моддасига мувофиқ реадмиссия ёки мазкур Битимнинг 12-моддасига мувофиқ транзит тўғрисида ариза юбориладиган Томон;
4) «учинчи давлат фуқароси» — Томонлар давлатларининг фуқаролигидан бошқа фуқаролиги бўлган шахс;
5) «фуқаролиги бўлмаган шахс» — Томонлар давлатларининг фуқаролигига эга бўлмаган ва бошқа давлат фуқаролигига мансублиги тўғрисида ҳужжатга эга бўлмаган шахс;
6) «яшаш учун рухсатнома» — Томонларнинг ваколатли органлари томонидан шахсга бериладиган Томонларнинг давлатлари ҳудудида яшаш ҳуқуқини берадиган ҳар қандай шаклдаги рухсатнома. Бошпана олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ёки яшаш учун рухсатнома бериш билан боғлиқ вақтинчалик рухсатнома бундан мустасно;
7) «виза» — Томонларнинг ваколатли органлари томонидан Томонлар давлатларининг ҳудудига кириш ёки транзит учун бўлган рухсатнома, аэропорт транзит визаси бундан мустасно;
8) «транзит» — учинчи давлат фуқароларининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Сўраётган Томоннинг давлатидан белгиланган давлатга Сўралаётган Томон давлатининг ҳудуди орқали ўтиши;
9) «ваколатли орган» — мазкур Битимни амалга ошириш бўйича Баённомада белгиланган ва Битимни амалга ошириш учун жавобгарлик юклатиладиган Томонлар давлатларининг органи;
10) «шахсга доир маълумотлар» — Томонлар тарафидан мазкур Битимни амалга ошириш учун олинган, шу маълумот асосида маълум бир жисмоний шахс аниқланган ёки аниқланадиган ҳар қандай маълумот.
2-модда
Томонлар давлатларининг фуқароларини реадмиссия қилиш
1. Мазкур Битим доирасида Сўраётган Томоннинг аризаси бўйича Сўралаётган Томон Сўраётган Томон давлатининг ҳудудига кириш, бўлиш ёки яшаш шартларини бажармаган ёки бажаришни тўхтатган шахсни, агар бундай шахс Сўралаётган Томон давлатининг фуқароси эканлиги аниқланса, ўз давлатининг ҳудудига қабул қилади.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахсларни реадмиссия қилиш билан бир вақтда, Сўралаётган Томон уларнинг:
агар Сўраётган Томон давлатининг ҳудудида мустақил бўлиш ёки яшаш ҳуқуқига эга бўлмаса, туғилган жойи ёки фуқаролигидан қатъий назар, вояга етмаган турмуш қурмаган болалари;
агар Сўралаётган Томон давлатининг ҳудудига кириш, бўлиш ва яшаш ҳуқуқига эга бўлсалар ёки бу ҳуқуқни олсалар, ва Сўраётган Томон давлатининг ҳудудида бўлиш ва яшаш учун мустақил ҳуқуққа эга бўлмасалар бошқа фуқаролиги бўлган турмуш ўртоқлари реадмиссия қилинади.
3. Сўралаётган Томон, реадмиссияси келишилган шахснинг хоҳишидан қатъий назар, зарур бўлса, реадмиссия келишилган кундан кейин 7 календар кун ичида, ушбу шахснинг қайтиши учун зарур бўлган, амал қилиш муддати камида 6 ой бўлган йўл ҳужжатини беради.
Агар юридик ёки амалий сабабларга кўра мазкур шахс йўл ҳужжатининг амал қилиш муддати давомида ўтказилмаса, Сўралаётган Томон 14 календар куни ичида йўл ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтиради ёки зарур бўлганда худди шундай амал қилиш муддатига эга янги йўл ҳужжатини беради.
Агар 14 календар куни ичида Сўралаётган Томон янги йўл ҳужжатини бермаган ва унинг амал қилиш муддатини узайтирмаган бўлса, унда Сўралаётган Томон муддати ўтган ҳужжатни қабул қилиши лозим.
3-модда
Учинчи давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг реадмиссияси
1. Мазкур Битим доирасида Сўраётган Томоннинг аризаси бўйича Сўралаётган Томон ўз давлати ҳудудига Сўраётган Томон давлатининг ҳудудига кириш, бўлиш ёки яшаш шартларини бажармаган ёки бажаришни тўхтатган учинчи давлат фуқароларини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни, агар бундай шахслар тўғрисида қуйидаги исботловчи далиллар тақдим этилса қабул қилади:
1) бир Томоннинг давлати ҳудудига тўғридан-тўғри бошқа Томон давлатининг ҳудудидан ноқонуний кириб келган бўлса; ёки
2) кириш вақтида, Сўралаётган Томон тарафидан берилган фуқаролиги бўлмаган шахс мақомига ёки яшаш учун ҳақиқий рухсатномага эга бўлса; ёки
3) кириш вақтида Сўралаётган Томон тарафидан берилган ҳақиқий визага эга бўлса ва Сўраётган Томон давлатининг ҳудудига бевосита Сўралаётган Томон давлатининг ҳудудидан кирган бўлса.
2. Мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган реадмиссияга нисбатан мажбурият қўлланилмайди, агар:
1) учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Сўралаётган Томон давлатининг ҳудудидаги халқаро аэропортнинг фақат транзит зонасида бўлган бўлса; ёки
2) Сўраётган Томон учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга ўз давлати ҳудудига киришидан олдин ёки кейин виза ёхуд яшаш учун рухсатномани берган бўлса. Қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:
мазкур шахс Сўралаётган Томон тарафидан берилган виза ёки яшаш рухсатномасига эга бўлиб, унинг амал қилиш муддати узоқроқ бўлса; ёки
Сўраётган томон тарафидан берилган виза ёки яшаш учун рухсатнома қалбаки ҳужжатлар ёрдамида олинган бўлса;
3) учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга Сўраётган Томон давлатининг ҳудудига кириш учун виза талаб этилмаса.
3. Сўралаётган Томон реадмиссия тўғрисидаги аризага ижобий жавоб берганидан кейин, Сўраётган Томон Сўралаётган Томон тарафидан тан олинадиган йўл ҳужжатини реадмиссия қилиниши келишилган шахсга топширади.
4-модда
Реадмиссияда хатолик
Сўралаётган Томон тарафидан қабул қилинган шахсни топширилган санадан уч ой ичида мазкур Битимнинг 2 ёки 3-моддаларида кўрсатилган талаблар бажарилмаганлиги аниқланса, Сўраётган Томон мазкур шахсни қайтариб олади. Бундай ҳолларда, мазкур Битимнинг процессуал қоидалари зарурий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади ва Сўралаётган Томон қайтариб берилиши керак бўлган шахснинг шахси ва фуқаролиги тўғрисидаги барча маълумотларни узатади.
5-модда
Реадмиссия аризаси
1. Мазкур модданинг 2-бандига дахл қилмаган ҳолда, Битимнинг 2 ва 3-моддаларида кўзда тутилган мажбуриятлардан бири асосида реадмиссия қилинадиган шахсни ўтказиш учун Сўраётган Томоннинг ваколатли органига реадмиссия тўғрисида ариза юборилиши зарур.
2. Томонлар давлатларининг реадмиссия қилинадиган фуқароси ҳақиқий йўл ҳужжати ёки шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлса реадмиссия тўғрисида ариза талаб қилинмайди. Реадмиссия қилинадиган учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Сўралаётган Томон тарафидан берилган ҳақиқий йўл ҳужжати, шунингдек, ҳақиқий визага, яшаш рухсатномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс мақомига эга бўлса, реадмиссия учун ариза талаб қилинмайди.
3. Реадмиссия тўғрисидаги аризада қуйидагилар бўлиши керак:
1) мазкур Битимни амалга ошириш Баённомасига мувофиқ реадмиссия қилиниши керак бўлган шахс тўғрисидаги барча маълумотлар;
2) ушбу Битимнинг 6 ёки 7-моддаларига мувофиқ далиллар.
4. Зарур бўлганда, реадмиссия тўғрисидаги аризада қуйидагилар бўлиши керак:
1) ўтказилаётган шахс ёрдамга ёки тиббий парваришга муҳтож бўлиши мумкинлигини тасдиқловчи баёнот;
2) ҳимоя қилиш ёки хавфсизликни таъминлаш бўйича бошқа ҳар қандай чоралар тўғрисидаги, жумладан, ўтказиш пайтида зарур бўлиши мумкин бўлган жамоат соғлиғини сақлаш тўғрисидаги маълумотлар.
6-модда
Фуқароликни тасдиқловчи далиллар
1. Мазкур Битимнинг 2-моддаси 1-бандига мувофиқ фуқароликнинг мавжудлиги, агар унинг амал қилиш муддати ўтган бўлса ҳам, мазкур Битимнинг 1-иловасида келтирилган ҳужжатлардан бирортаси асосида тасдиқланиши мумкин. Бундай ҳужжатлар тақдим этилган ҳолларда, Томонлар бошқа текширувларсиз фуқароликни ўзаро тан олишади.
2. Агар мазкур Битимнинг 1-иловасида кўрсатилган ҳужжатларнинг ҳеч бири тақдим этилмаса, мазкур Битимнинг 2-моддаси 1-бандига мувофиқ фуқаролик мазкур Битимнинг 2-иловасида кўрсатилган ҳужжатларнинг бирортаси асосида, ушбу ҳужжатнинг муддати ўтган бўлса ҳам, тасдиқланиши мумкин. Бундай ҳужжатлар тақдим этилган ҳолларда, агар бунинг акси исботланмаса, Томонлар фуқароликнинг мавжудлиги ўзаро тасдиқланган деб ҳисоблайдилар.
3. Сохта ҳужжатлар асосида фуқаролик белгиланиши мумкин эмас.
4. Агар мазкур Битимнинг 1 ва 2-иловаларида санаб ўтилган ҳужжатларнинг ҳеч бири тақдим этилмаса, Сўралаётган Томоннинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси, Сўраётган Томоннинг ваколатли органидан реадмиссия тўғрисидаги аризани олгандан сўнг, реадмиссия қилинадиган шахснинг фуқаролигини тасдиқлаш учун дарҳол билан тегишли чораларни кўради.
7-модда
Учинчи давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг реадмиссияси учун асослар мавжудлиги тўғрисида далиллар
1. Мазкур Битимнинг 3-моддаси 1-бандига биноан учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс реадмиссия қилиш учун асослар мавжудлигининг исботи мазкур Битимнинг 3-иловасида келтирилган ҳужжатлардан ҳеч бўлмаганда биттасининг тақдим этилиши ҳисобланади. Шундай далиллар тақдим этилган ҳолларда, Томонлар қўшимча текширувсиз асослар тасдиқланган деб ҳисоблайдилар.
2. Мазкур Битимнинг 3-моддаси 1-бандига мувофиқ учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни реадмиссия қилиш учун асослар мавжудлигининг билвосита исботи мазкур Битимнинг 4-иловасида санаб ўтилган ҳужжатлардан ҳеч бўлмаганда биттасининг тақдим этилиши ҳисобланади. Шундай далиллар тақдим этилган ҳолларда, агар акси исботланмаса, Томонлар асослар тасдиқланган деб ҳисоблайдилар.
3. Реадмиссия учун асослар сохта ҳужжатлар асосида тасдиқланиши мумкин эмас.
8-модда
Реадмиссия тўғрисидаги аризаларни юбориш ва кўриб чиқиш муддати
1. Реадмиссия тўғрисидаги ариза Сўралаётган Томоннинг ваколатли органига Сўраётган Томоннинг ваколатли органи учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг кириш, бўлиш ёки яшаш шартларини бажармаганлиги ёки бажаришни тўхтатганлиги тўғрисида хабардор бўлган кундан бошлаб олти (6) ойдан ошмаган муддатда топширилади.
Агар аризани ўз вақтида топширишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлса, асосли сўров асосида аризани топшириш муддати улар бартараф этилгунга қадар узайтирилади.
2. Реадмиссия тўғрисидаги аризага жавоб Сўралаётган Томон тарафидан асоссиз кечиктиришларсиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам, бундай ариза олинган кундан бошлаб 30 календар кунидан ошмайдиган муддатда юборилиши керак.
Агар аризага ўз вақтида жавоб беришга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлса, асослантирилган ариза асосида жавоб бериш муддати 60 календар кунгача узайтирилади.
3. Агар мазкур модданинг 2-бандида кўрсатилган муддатда жавоб олинмаган бўлса, реадмиссия тўғрисидаги ариза келишилган деб ҳисобланади.
4. Сўраётган Томонга реадмиссия тўғрисидаги аризани рад этиш сабаблари кўрсатилади.
9-модда
Реадмиссия муддатлари
1. Агар Томонларнинг ваколатли органлари ҳар бир муайян ҳолатда бошқача келишмаса, Сўралаётган Томон тарафидан реадмиссияга розилик берилган шахсларни ўтказиш Сўраётган Томон бундай розиликни олган кундан бошлаб 30 кун ичида амалга оширилади.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган муддат, агар унда кўрсатилган шахслар қайтишига тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар, жумладан, ўтказилиши керак бўлган одамнинг жиддий касаллиги ёки Сўраётган Томон давлатининг ҳудудида унинг яшаётган жойини ўз вақтида аниқлаш имкони бўлмаганлиги сабабли Сўралаётган Томоннинг ваколатли органларига топширилмаса, узайтирилиши мумкин.
10-модда
Ўтказиш шартлари ва транспорт турлари
1. Реадмиссия қилиниши лозим бўлган шахсни топширишдан олдин, Томонларнинг ваколатли органлари ёзма равишда топшириш санаси, чегарани кесиб ўтиш пункти, эҳтимолий кузатувчилар ва топшириш билан боғлиқ бошқа масалаларни олдиндан келишиб оладилар.
2. Реадмиссия қилиниши лозим бўлган шахсни топшириш учун ҳаво ва қуруқлик транспортидан фойдаланиш мумкин.
3. Агар реадмиссия қилиниши лозим бўлган шахснинг соғлиғи ёки ёши сабабли ёрдамга ёки тиббий парваришга муҳтож бўлса ёки уни ҳимоя қилиш ва хавфсизлик чораларини кўриш зарур бўлса, топшириш жараёни кузатувчилар билан таъминланади. Кузатувчи бўлган шахслар аэропорт транзит визаларини олиш мажбуриятидан озод қилинади.
11-модда
Транзит тамойиллари
1. Сўралаётган Томон учинчи давлат фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг транзитига бошқа транзит давлатлар ҳудуди орқали ўтиши ва қабул қиладиган давлат томонидан қабул қилиниши кафолатланган бўлса, рухсат беради.
2. Сўралаётган Томон қуйидаги ҳолларда транзитни рад қилиши мумкин:
1) агар етказиладиган давлатда ёки транзит давлатда учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг қийноққа солиниши, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган муомала ёки жазо, ўлим жазоси ёки ирқи, дини, миллати, шунингдек маълум бир ижтимоий гуруҳга ёки сиёсий эътиқодга тегишлилиги асосида таъқиб қилиниши мумкин бўлса, ёки
2) агар Сўралаётган Томоннинг давлатида ёки бошқа транзит давлатда учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилиши ёки жазоланиши мумкин бўлса, ёки
3) Сўралаётган Томон давлатининг аҳолиси саломатлигини сақлаш, миллий хавфсизлиги, жамоат тартиби ёки бошқа миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида.
3. Сўралаётган Томон, агар мазкур модданинг 2-бандида назарда тутилган транзит тўсиқлари пайдо бўлган ёки аниқланган бўлса ёки бошқа транзит давлатларининг ҳудуди орқали ёки белгиланган давлат томонидан қабул қилиниши кафолатланмаган бўлса, берилган ҳар қандай рухсатномасини бекор қилиши мумкин. Бундай ҳолда, Сўраётган Томон кечиктиришларсиз учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни қайтариб олиши керак.
12-модда
Транзит тартиби
1. Транзит тўғрисидаги ариза сўралаётган Томоннинг ваколатли органларига режалаштирилган транзит бошланишидан камида 10 календар кун олдин ёзма равишда берилади ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
1) транзит тури, транзит йўналиши, агар мавжуд бўлса бошқа транзит давлатлар ва етказиладиган давлат;
2) транзит қилиниши лозим бўлган шахсга доир барча маълумотлар;
3) фойдаланиш кўзда тутилган чегарани кесиб ўтиш жойи, шахсни топшириш вақти ва мумкин бўлган кузатувчилар;
2. Бундай аризани олгандан кейин Сўралаётган Томоннинг ваколатли органи 5 иш куни ичида Сўраётган томоннинг ваколатли органларини шахснинг транзитига розилик тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади, чегарани кесиб ўтиш пунктини ва шахсни қабул қилишнинг кутилаётган вақтини тасдиқлайди ёки уларнинг транзити рад этилганлиги ва сабаблари тўғрисида хабардор қилади.
3. Агар транзит ҳаво орқали амалга оширилса, у ҳолда транзит қилинадиган шахс ва унга ҳамроҳ бўлиши мумкин бўлган шахслар транзит визаларини олиш заруриятидан озод қилинади.
4. Сўралаётган Томоннинг ваколатли органлари транзитга ёрдам беради, хусусан транзитда бўлганларни кузатиб боради ва зарур имкониятлар билан таъминлайди.
Агар шахсни ҳаво орқали транзит ўтказишнинг имкони бўлмаса, Сўраётган Томоннинг ваколатли органлари ушбу шахсни транзит пункти жойлашган жойда Сўралаётган томоннинг ваколатли органларига топширадилар. Сўралаётган томоннинг ваколатли органлари ушбу шахсни белгиланган давлатга ёки бошқа транзит давлатига топширилишини таъминлайди.
5. Сўраётган Томоннинг ҳамроҳлик қилувчи шахсида Сўралаётган томонни транзит қилишга рози эканлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси бўлади. Сўраётган Томоннинг кузатувчилик қилувчи шахслари Сўралаётган Томон давлатининг ҳудудида ваколатларга ва қурол олиб юриш ҳуқуқига эга эмас.
13-модда
Харажатлар
Мазкур Битимнинг 2-моддаси 1-банди, 3-моддаси 1-банди ва 11-моддаси 1-бандига мувофиқ реадмиссия ва транзитни амалга оширишда охирги белгиланган давлат чегарасини кесиб ўтиш пунктига қадар юзага келадиган барча харажатлар, шунингдек, мазкур Битимнинг 4-моддасига мувофиқ Сўралаётган томоннинг шахсларни қайтариш билан боғлиқ харажатлари Сўраётган Томон тарафидан қопланади.
Йўл ҳужжатини бериш билан боғлиқ харажатларни ушбу ҳужжатни берган Томон қоплайди.
14-модда
Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш
Шахсга доир маълумотларни узатиш фақат Томонларнинг ваколатли органлари томонидан мазкур Битимни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳоллардагина амалга оширилади. Шахсга доир маълумотларни узатиш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланишда Томонларнинг ваколатли органлари ўз давлатларининг қонунчилигига мувофиқ ҳаракат қиладилар.
Бунга қўшимча равишда қуйидаги тамойиллар қўлланилади:
1) Шахсга доир маълумотларни тўплаш мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ муайян, аниқ ифода этилган ва қонуний мақсадлар учун амалга оширилиши керак. Кейинчалик уларни шахсга доир маълумотларни оладиган ваколатли орган томонидан қайта ишлаш эса, ушбу мақсадга мос келмайдиган тарзда амалга оширилмаслиги лозим.
2) Шахсга доир маълумотлар етарли, ишга тааллуқли, уларни тўплаш ва / ёки кейинчалик қайта ишлаш мақсадига нисбатан кўп бўлмаслиги керак.
Хусусан, узатилаётган шахсга доир маълумотлар фақат қуйидагиларга тегишли бўлиши мумкин:
реадмиссия ёки транзит қилиниши керак бўлган шахс тўғрисидаги маълумотлар (исми, фамилияси, шахс томонидан ишлатиладиган бошқа исмлари ёки у таниқли бўлган исмлари, тахаллуслари, жинси, фуқаролик ҳолати, туғилган санаси ва жойи, ҳозирги ва аввалги фуқаролиги);
паспорт, шахсни тасдиқловчи ҳужжат, ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ёхуд йўл ҳужжатлари (рақами, амал қилиш муддати, берилган санаси, берган орган, берилган жой);
тўхташ жойлари ва ҳаракатланиш йўналишлари;
реадмиссия ёки транзит қилинадиган шахсни аниқлаш учун ёки шароитлар мавжудлиги тўғрисидаги масалаларни ўрганиш учун зарур бўлган, мазкур Битимга мувофиқ шахснинг реадмиссияси ёки транзити учун асос ҳисобланадиган, реадмиссия ёки транзитни таъминлайдиган бошқа маълумотлар.
3) Шахсга доир маълумотлар аниқ бўлиши ва зарур бўлганда янгиланиши керак.
4) Шахсга доир маълумотлар ушбу маълумотлар субъектларини идентификация қилишга имкон берадиган ва уларни тўплаш ҳамда кейинчалик қайта ишлаш мақсадида талаб қилинганидан узоқ бўлмаган шаклда сақланиши керак.
5) Шахсга доир маълумотларни топширувчи ваколатли орган ва шахсга доир маълумотларни қабул қилувчи ваколатли орган, шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш мазкур модданинг қоидаларига мувофиқ бўлмаган ҳолларда, хусусан ушбу маълумотлар етарли бўлмаганда, иш билан боғлиқ бўлмаганда, аниқ бўлмаганда ва уларни қайта ишлаш мақсади нуқтаи назаридан ортиқча бўлган ҳолларда, тузатиш, йўқ қилиш ёки блоклаш учун барча чораларни кўради. Бу бошқа Томонни ҳар қандай тузатишлар, йўқ қилиш ёки блоклаш тўғрисида хабардор қилишни кўзда тутади.
6) Шахсга доир маълумотларни олувчи ваколатли орган, ариза бўйича, узатилаётган маълумотлардан фойдаланиш ва улар асосида олинган натижалар тўғрисида шахсга доир маълумотларни берган ваколатли органга хабар беради.
7) Шахсга доир маълумотлар фақат ваколатли органларга берилиши мумкин. Кейинчалик уларни бошқа органларга топшириш шахсга доир маълумотларни тақдим этган ваколатли органнинг олдиндан ёзма розилигини талаб қилади.
8) Шахсга доир маълумотларни тақдим этувчи ваколатли орган ва шахсга доир маълумотларни олган ваколатли орган шахсга доир маълумотларни тақдим этиш ва олишни ёзма равишда рўйхатдан ўтказиши шарт.
9) Маълумотлари узатиладиган шахс ушбу ариза юборилган Томон давлатининг миллий қонунчилигига мувофиқ, узатилган маълумотларни талаб қилиш ва олиш ҳуқуқига эга.
15-модда
Битимни амалга ошириш Баённомаси
Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш мақсадида Баённома тузадилар, у қуйидагилардан иборат бўлади:
1) мазкур Битимнинг 5 ва 12-моддаларига мувофиқ реадмиссия ва транзит учун аризаларнинг намунавий шакллари;
2) мазкур Битимни амалга ошириш учун масъул ваколатли органлар, шу жумладан ўзаро ҳамкорлик усуллари;
3) Томонлар давлатларининг, мазкур Битимни амалга оширишда фойдаланадиган чегара ўтиш жойлари;
4) мазкур Битимнинг 13-моддасига мувофиқ харажатларнинг батафсил тавсифи ва уларни қоплаш тартиби.
16-модда
Бошқа халқаро шартномаларга муносабати
Мазкур Битим Томонлар давлатларининг улар иштирок этадиган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларига таъсир қилмайди.
17-модда
Низоларни ҳал қилиш
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ мумкин бўлган низолар Томонлар ўртасидаги музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
18-модда
Битимга ўзгартиришлар киритиш
Томонлар ўзаро келишувга асосан мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин, улар алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади ва мазкур Битимнинг 19-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
19-модда
Якуний қоидалар
1. Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедураларини бажарганликлари ҳақида сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан кейинги иккинчи ойнинг биринчи кунидан кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Битимнинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг Битим амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги тегишли ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб 6 ойдан сўнг тугатилади.
Прага шаҳрида 2023 йил 11 октябрда икки асл нусхада ўзбек, чех, рус ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисидаги Битимга
1-ИЛОВА
Фуқароликни тасдиқловчи далиллар
РЎЙХАТИ
(Мазкур Битимнинг 6-моддаси 1-банди)
Ўзбекистон Республикаси учун:
дипломатик паспорт;
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти;
чет элга чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти;
туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (16 ёшгача бўлган болалар учун);
16 ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг гувоҳномаси;
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ID картаси;
Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномаси.
Чехия Республикаси учун:
ҳар қандай турдаги йўл ҳужжати (миллий паспорт, дипломатик паспорт, хизмат паспорти, фавқулодда паспорт);
Чехия Республикасининг шахсни тасдиқловчи гувоҳномаси.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисидаги Битимга
2-ИЛОВАФуқароликни тасдиқловчи далилларнинг
УМУМИЙ РЎЙХАТИ
(Мазкур Битимнинг 6-моддаси 2-банди)
Мазкур Битимнинг 1-иловасида санаб ўтилган ҳар қандай ҳужжатларнинг фотонусхаси.
Фуқаролик гувоҳномаси ёки унинг фотонусхаси.
Денгизчини рўйхатга олиш китоби ёки унинг фотонусхаси.
Ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки унинг фотонусхаси.
Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки фотонусхаси.
Фуқароликка тегишли ёки уни кўрсатувчи ҳар қандай расмий ҳужжат ёки унинг фотонусхаси.
Хизмат гувоҳномаси ёки унинг фотонусхаси
Гувоҳларнинг баёнотлари.
Шахснинг ўзининг баёнотлари.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ҳарбий гувоҳнома, рўйхатга олиш гувоҳномаси, ҳарбий хизмат китобчаси, ҳарбий гувоҳнома ёки уларнинг фотонусхалари.
Чехия Республикаси фуқаролари учун ҳарбий хизмат китобчаси ва ҳарбий гувоҳнома ёки уларнинг фотонусхаси.
Чехия Республикаси фуқаролари учун қўшимча: Чехославакия Республикаси, Чехославакия Социалистик Республикаси, Чехия ва Словакия Федератив республикаларининг Чехия Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи гувоҳномалари.
Томонлар давлатларининг фуқаролигини аниқлашга ёрдам берадиган бошқа ҳар қандай ҳужжатлар.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисидаги Битимга
3-ИЛОВА
Учинчи давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг реадмиссияси учун асослар мавжудлиги тўғрисида далиллар
РЎЙХАТИ
(Мазкур Битимнинг 7-моддаси 1-банди)
Сўралаётган Томон давлати томонидан берилган ҳақиқий виза ва/ёки яшаш рухсатномаси.
Тегишли шахснинг йўл ҳужжатида ёки бошқа кириш/чиқиш гувоҳномасида Сўралаётган Томон давлатига кириш/чиқиш муҳрлари.
Тегишли шахснинг Сўралаётган Томоннинг давлати ҳудудидан тўғридан-тўғри Сўраётган Томоннинг давлати ҳудудига бўлган йўналишидан далолат берадиган халқаро авиарейслар, поездлар, автобусларнинг номинал чипталари.
Тегишли шахснинг Сўралаётган Томон давлати ҳудудидан тўғридан-тўғри Сўраётган Томон давлати ҳудудига бўлган йўналишидан далолат берадиган халқаро авиарейслар, поездлар, автобуслар йўловчиларининг рўйхати.
Сўраётган Томон давлатининг чегараолди ваколатли идораси ходими томонидан тегишли шахснинг Сўраётган Томоннинг давлати ҳудудига тўғридан-тўғри Сўралаётган Томон давлатининг ҳудудидан кириб келганлигини тасдиқловчи расмий баёнот.
Ўзбекистон Республикаси учун — фуқаролиги бўлмаган шахс учун биометрик йўл ҳужжати.
Чехия Республикаси учун — фуқаролиги бўлмаган шахс учун йўл ҳужжати.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида шахсларнинг реадмиссияси ва транзити тўғрисидаги Битимга
4-ИЛОВАУчинчи давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни реадмиссия қилиш учун асослар мавжудлиги тўғрисида билвосита далилларнинг
УМУМИЙ РЎЙХАТИ
(Мазкур Битимнинг 7-моддаси 2-банди)
Мазкур Битимнинг 3-иловасида санаб ўтилган ҳар қандай ҳужжатларнинг фотонусхаси.
Халқаро чипталар.
Тегишли шахснинг Сўралаётган Томон давлатининг ҳудудида қолганлиги тўғрисидаги ҳар қандай турдаги ҳужжатлар, гувоҳномалар ва счёт-фактуралар (масалан, меҳмонхоналар учун тўловлар, шифокорлар/стоматологларга мурожаат карталари, давлат/хусусий ташкилотларига кириш карталари, автоуловни ижарага бериш келишувлари, кредит карта квитанциялари ва ҳ.к.).
Суд ёки маъмурий суд ишида тегишли шахс томонидан берилган расмий баёнот.
Гувоҳ томонидан тегишли шахснинг чегарани кесиб ўтганлигини тасдиқловчи расмий баёнот.
Тегишли шахс курер ёки сайёҳлик агентлигидан фойдаланганлигини кўрсатувчи маълумотлар.