Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора‑тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 26 декабрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 9 февралда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини ошириш доирасида камбағалликни қисқартириш ҳамда кам таъминланган оилалар аъзолари бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга солиқ имтиёзлари ва преференциялар, хусусан, солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ҳамда пасайтирилган солиқ ставкаларини белгилаш орқали тадбиркорлик субъектларини камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларга фаол жалб қилиш мақсадга мувофиқ.
Шу туфайли ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига тадбиркорлик субъектларига улар яратган янги иш ўринлари сонига қараб тегишли солиқларни муайян муддатларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилишини, шунингдек юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўланишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун аҳоли бандлигининг ўсишига, камбағалликни қисқартиришга ҳамда кам таъминланган оилалар аъзоларини ишга қабул қилишда тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:
1) 482-модда қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи ва ўн учинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Ҳамкорлик шартномалари»га асосан «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига (бундан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари мустасно) ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 2, 3 (бундан тўлов манбаидан олинадиган фойда солиғи мустасно) ва 5 — 9-бандларида кўрсатилган солиқларни ҳамда айланмадан олинадиган солиқни ушбу субъектлар яратган янги иш ўринлари сонига қараб қуйидаги муддатларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади:
51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда — уч ойгача;
101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда — олти ойгача;
200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилганда — ўн икки ойгача.
Ушбу модданинг ўн иккинчи қисмида кўрсатилган солиқлар бўйича бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти:
«20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларининг аризасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси томонидан;
ушбу Кодекснинг 13-бобида назарда тутилган мол-мулк гарови, кафиллик ёхуд банк кафолати таъминотисиз ушбу Кодекснинг 100-моддасида назарда тутилган фоизлар ҳисобланмаган ҳолда, шунингдек молиявий ҳолат таҳлил қилинмаган ва ушбу Кодекс 101-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолда (бундан ушбу Кодекс 98-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно) берилади»;
2) 483-модда қуйидаги мазмундаги қирқ олтинчи, қирқ еттинчи ва қирқ саккизинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини 2025 йил 1 январга қадар қуйидаги миқдорда пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди:
51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда — белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи;
101 дан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда — белгиланган солиқ ставкасининг 75 фоизи;
200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилганда — ушбу солиқларни тўлашдан озод этилади.
Ушбу модданинг қирқ олтинчи қисмида назарда тутилган имтиёзлар «ҳамкорлик шартномалари»га асосан «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига (бундан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари мустасно) улар бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда берилади:
«Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри»га киритилган фуқаролар ишга қабул қилинганда ва камида бир йил давомида уларга ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўланган ҳолда, уларнинг бандлиги таъминланганда;
ушбу фуқаролар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда.
«Ҳамкорлик шартномалари» бўйича мажбуриятлар тадбиркорлик субъектлари томонидан бажарилмаган тақдирда, ушбу модданинг қирқ олтинчи қисмида назарда тутилган солиқ имтиёзларининг амал қилиши солиқ имтиёзларини қўллашнинг бутун даври учун бекор қилиниб, ушбу солиқларни тўлашга доир мажбуриятлар тикланади».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддасининг қоидалари 2023 йил 1 июлдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 2 апрель,
ЎРҚ-923-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.04.2024 й., 03/24/923/0264-сон)