Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолиятини рақамлаштириш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш тўғрисида
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) қонун ижодкорлиги, парламент назорати, сайловчилар билан мулоқот қилиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2023 йил 24 июлдаги 3373-IV-сонли Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси фаолиятини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ўтган даврда ушбу чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар доирасида Қонунчилик палатаси фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қатор ишлар бажарилди.
Жумладан, Қонун ижодкорлиги автоматлаштирилган тизими (qonun.gov.uz) доирасида норма ижодкорлигининг муҳим босқичлари автоматлаштирилиб, қонун лойиҳасининг ҳаракатланишини кузатиб бориш ва барча ҳужжатларни ягона электрон базада сақлаш имконияти яратилди.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали электрон шаклда киритиш ва қабул қилинган қонунларни мазкур тизим орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юбориш тартиби йўлга қўйилди.
Шунингдек Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти такомиллаштирилиб, унда сайловчилар томонидан депутатларга онлайн мурожаат қилиш, фуқароларнинг халқ вакиллари қабулига ёзилиш имконияти яратилди.
Қонунчилик палатаси ва унинг органлари қарорларини электрон тарзда расмийлаштириш учун «e-qaror.gov.uz» тизимида рўйхатдан ўтиш ишлари амалга оширилди.
Қонунчилик палатасининг фаолиятини рақамлаштириш борасида кўрилаётган бу каби чора-тадбирлар унинг иши самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга мазкур йўналишда ҳужжатларнинг интеграциясини ва сифатини яхшилаш, ижро интизоми назоратини кучайтириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили Қонунчилик палатаси фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этишни янада жадаллаштириш лозимлигини, ишга туширилган электрон ахборот тизимларини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириб бориш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-76-сонли Фармонига мувофиқ ҳозир ҳукумат ва республика ижро этувчи ҳокимият органлари «ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими негизида ишлаб чиқилган «edo.ijro.uz» модули орқали электрон ҳужжат айланиш тизимига тўлиқ ўтказилмоқда.
Бу Қонунчилик палатасининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари ва республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан қонун лойиҳалари ва ҳужжатлар алмашинувини рақамлаштириш борасидаги ишларни якунига етказишни тақозо этмоқда.
Қонунчилик палатаси ва унинг органлари қарорларини, депутат сўровларини электрон тарзда расмийлаштириш, депутатларнинг масофадан туриб ҳам ишлаш, электрон архивдаги ҳужжатларни тизимлаштирилган ҳолда сақлаш, мобиль версия орқали ҳужжатларни имзолаш имкониятини яратиш мақсадида Қонунчилик палатаси фаолиятида ҳам «edo.ijro.uz» модули орқали электрон ҳужжат айланиш тизимини жорий этиш эҳтиёжи юзага келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан бугунги кунда «project.gov.uz» порталининг янги версияси яратилмоқда. Унда қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, келишиш, муҳокама қилиш жараёнлари, қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштириш, қонун лойиҳасига доир таҳлилий ва статистик маълумотларни тақдим этиш имкониятлари назарда тутилмоқда. Шунга кўра, Қонунчилик палатасида ҳам қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча жараёнларини ушбу тизими орқали (project.gov.uz) амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтини депутатлар фаолияти тўғрисида тўлиқ маълумот олиш ҳамда кўрилаётган қонун лойиҳалари бўйича таклифлар юбориш имкониятини назарда тутган ҳолда такомиллаштириш, янги рукнлар билан тўлдириш лозим.
Бундан ташқари қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти ҳамда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) орқали жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштириш имконияти мавжудлиги сабабли қонун лойиҳалари муҳокамасини фуқаролар билан Интернет порталида масофавий тарзда муҳокама қилиш ҳамда таклифларни олиш бўйича алоҳида ахборот тизимини (краудсорсинг платформаси) яратишга эҳтиёж йўқлиги маълум бўлди.
Ўтказилган таҳлиллар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига (project.gov.uz) ҳамда «edo.ijro.uz» электрон ҳужжат айланиш тизимига ўтилиши туфайли Қонунчилик фаолиятининг электрон ҳужжат айланиш (ЭҲА) тизимига ҳужжатларни киритиш ҳамда таҳрир қилиш жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича онлайн тизимини яратиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатмоқда.
Ушбу йўналишдаги ишлар кўлами ҳамда уларни сифатли ташкил этиш зарурати Қонунчилик палатаси фаолиятини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган муддатларни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2023 йил 24 июлдаги 3373-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига «project.gov.uz» портали орқали электрон шаклда киритиш ва Сенатга юбориш тартиби йўлга қўйилганлиги, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида депутатларга онлайн мурожаат қилиш, уларнинг қабулига ёзилиш имконияти яратилганлиги, қарорларни электрон расмийлаштириш учун «e-qaror.gov.uz» тизимида рўйхатдан ўтиш ишлари амалга оширилганлиги, Қонунчилик палатаси архивини 2024 — 2026 йилларда рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг фаолиятини рақамлаштиришга доир ишларни янада самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси (бундан буён матнда чора-тадбирлар режаси деб юритилади) иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони (Б. Раджабов):
Қонунчилик палатаси фаолиятида «ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими негизида ишлаб чиқилган «edo.ijro.uz» модули орқали электрон ҳужжат айланиш тизимини 2024 йил 1 январга қадар синов шаклида ишга тушириш ҳамда 2024 йил 1 февралдан бошлаб Қонунчилик палатаси фаолиятида барча ҳужжатлар алмашинувини ушбу тизим орқали йўлга қўйиш;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичларини «project.gov.uz» портали орқали амалга ошириш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2023 йил 24 июлдаги 3373-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси фаолиятини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ўз кучини йўқотган деб топилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони раҳбари вазифасини вақтинчалик бажарувчи Б. Раджабов ҳамда Ахборот технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўлими мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчи А. Исмоилов:
чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун шахсан жавобгар этиб белгилансин;
тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Қонунчилик палатасининг фаолиятини рақамлаштириш ишларини якунлаш чораларини кўрсин;
чора-тадбирлар режасининг бажарилиши юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига ахборот киритиб борсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 26 декабрь,
3861-IV-сон