Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижро этилиши юзасидан 2022 йил 7 октябрда қабул қилинган СҚ-638-IV-сонли қарори бажарилиши тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан юборилган парламент сўровига берилган жавобни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 5 августдаги СҚ-594-IV-сонли қарори билан юборилган парламент сўрови натижалари бўйича муддатидан кечиккан тадбирлар ва лойиҳалар Вазирлар Маҳкамаси томонидан қайта таҳлил қилинган ва ўрганиб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июлдаги «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолуцциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида»ги ПҚ-5202-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси» ва инновацион лойиҳалар рўйхатида кўрсатилган чора-тадбирлар ҳамда лойиҳалар ижроси юзасидан қатор ишлар амалга оширилган.
«Йўл харитаси»да 7 та йўналиш бўйича 71 та чора-тадбир белгиланган бўлиб, 2023 йил 1 март ҳолатига уларнинг 52 таси бажарилган ва шу мақсадда қарийб 90 млрд сўм молиялаштирилган.
Шу билан бирга, 19 та чора-тадбирни амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда, 16 та чора-тадбирнинг ижро муддатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташрифлари доирасида қабул қилинган қарорлар ҳамда Ҳукумат комиссиясининг тегишли баёнлари асосида узайтирилган ва 2023 йил давомида уларни якунлаш режалаштирилган.
Улардан 6 та чора-тадбир бўйича маблағлар ажратилган бўлиб, ҳозирги вақтда ушбу тадбирларни якунига етказиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Нукус шаҳрида Ёшлар технопарки фаолият юритмоқда. Республика бюджетидан 13,1 млрд сўм маблағ ажратилиб, Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳузурида ўсимликлар уруғлари генбанки билан таъминланган лаборатория, бизнес-акселератор ўқув маркази ва технопарк қурилиши бошланган.
Бундан ташқари, Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда илмий-тажриба участкаси ва экофизиологик тадқиқотлар лабораторияси фаолияти йўлга қўйилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан Нукус туманида «Ақлли қишлоқ» концепцияси асосида янги замонавий турар жойлар комплексини қуриш учун 19,3 гектар ер майдони ажратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси инновацион агрохизматлар марказини ташкил этиш ишлари якунланган. Гидрометеорология хизмати маркази томонидан атмосфера ҳавосини ифлосланишини автоматик мониторинг қилишга ихтисослашган 7 та ускуна ўрнатилишига киришилган.
Шунингдек, 10 та тадбирнинг амалга ошириш муддатлари 2023 — 2025 йилларга узайтирилган ҳамда ҳозирги вақтда ишлар белгиланган тартибда олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, 65 та устувор инновацион лойиҳанинг 36 таси амалга оширилган.
Хусусан, Испания технологияси асосида балиқчилик учун кунига 5 тонна замонавий «яшил озуқа» етиштириш технологияси ёига қўйилган.
Замонавий ускуналар жорий қилиш ҳисобига «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси ишлаб чиқариш қуввати йилига 3 минг тоннага етказилган. Уруғчиликка ихтисослашган 8 та элита уруғчилик хўжаликлари фаолияти тўлиқ модернизация қилинган. Мева-сабзавотчилик тармоғида фермерлар кооперациялари ҳамда кластерларининг 2 та лойиҳасига 784 минг доллар кредит ажратилган.
Шунингдек, 720 гектар майдонда мевали боғ яратилган. Инновацион технологиялар асосида базалтдан минерал вата, ёғоч ўрнини босувчи қамишдан қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилган.
Шу билан бирга, жами 4 та лойиҳани амалга ошириш ишлари белгиланган муддатларда бажарилмаган. Хусусан, ёғ-мой ишлаб чиқаришни ташкил этиш, Тахтакўпир туманида иссиқ сув ҳавзаларида замонавий балиқ етиштириш технологияларини ёига қўйиш, Чимбой туманида маҳаллий минерал хом ашёлар асосида силикат ғишт ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари устида ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, 10 та лойиҳанинг амалга ошириш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарорлари билан 2023-2024 йилларга узайтирилган.
Қолган 15 та лойиҳанинг якунига етказиш муддатлари 2023 — 2025 йилларга мўлжалланган.
Ҳукумат томонидан муаммоларни бартараф этиш, чора-тадбирлар ва лойиҳаларнинг тўлиқ ва сифатли ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда масъул вазирлик ва идораларга тегишли кўрсатмалар ва топшириқлар берилган, шунингдек тегишли ишлар бажарилиши назоратга олинган.
Юқорида баён этилганларга асосан ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алихановнинг «Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 7 октябрдаги СҚ-638-IV-сонли қарори бажарилиши тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Парламент сўровида кўтарилган масалаларнинг айримлари тўлақонли бажарилмагани, лойиҳа ва тадбирларнинг муддатлари узайтирилгани уларнинг самарадорлиги пасайишига, шунингдек, долзарблиги йўқолишига олиб келганлиги масъулларга кўрсатиб ўтилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:
белгиланган чора-тадбирлар ва устувор инновацион лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини, мониторинги ҳамда назоратини таъминлаш;
муддати кечиккан чора-тадбирлар ва лойиҳаларни чуқур қайта таҳлил қилган ҳолда қисқа муддатларда бажариш;
белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Идоралараро комиссия фаолиятини мувофиқлаштириб бориш чораларини кўрсин.
2023 йил 20 декабрга қадар Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасига ушбу Қарорнинг ижро этилиши бўйича умумлаштирилган ахборот тақдим этсин.
4. Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси белгиланган чора-тадбирлар ва устувор инновацион лойиҳаларнинг ижроси юзасидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тақдим этилган ахборотни Қўмита мажлисида кўриб чиқсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига «Йўл харитаси»да ва устувор инновацион лойиҳалар рўйхатида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар устидан қатъий назорат ўрнатиш тавсия этилсин.
6. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алиханов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2023 йил 7 апрель,
СҚ-720-IV-сон