Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида
Сенатнинг 2021 йил 27 августдаги СҚ-370-IV-сонли Қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларининг ижроси бўйича парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июлдаги «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида»ги ПҚ-5202-сонли қарорида Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови иловага мувофиқ юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2022 йилнинг 1 октябрига қадар Сенатга ёзма жавоб тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси (Б. Алихонов) парламент сўровига жавоб Сенатга келиб тушгач, унинг нусхалари Сенат аъзоларига юборилишини таъминласин, зарур деб топилган тақдирда парламент сўровига жавоб маълумотномаси Сенат мажлисида муҳокама қилиниши учун тегишли тайёргарлик ишларини амалга оширсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 5 август,
СҚ-594-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 5 августдаги СҚ-594-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан)
Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан Орол денгизининг қуриши натижасида минтақада юзага келган ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзда тутилган мақсад аҳоли фаровонлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини кўпайтириш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ривожлантириш, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишдан иборат.
Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72 ва 75-сессияларида Орол денгизи инқирози глобал экологик муаммоларни келтириб чиқарганлигини яна бир бор таъкидлаб, дунё ҳамжамиятини огоҳликка чақирди. Қисқа муддатда аниқ ва тезкор ишлар олиб борилиши туфайли жаҳон ҳамжамиятининг Орол муаммосига эътибори ҳамда муносабати ўзгартирилишига эришилди.
Оролбўйи минтақасининг экологик барқарорлигини таъминлаш ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси томонидан янги ислоҳотлар ҳамда халқаро ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди.
Айниқса, мамлакатимиз раҳбарининг Орол денгизининг қуриган тубида яшил ўрмонзорлар барпо этиш ғоясини жаҳон ҳамжамияти алоҳида эътибор билан қўллаб-қувватлади. Бугунги кунда Оролнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича дунёда муқобили бўлмаган ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.
Бу борада амалга оширилган энг муҳим ташаббуслардан бири — Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг таклифи асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюцияси қабул қилинишидир.
Ушбу махсус резолюцияда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, Оролбўйи минтақасини экологик ва гуманитар инқироз юз бераётган ҳудуддан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш мақсадида 2021 йил 29 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида»ги ПҚ-5202-сонли қарори қабул қилинган.
Қарор билан 2021 — 2024 йилларда Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурстежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган.
Мазкур «Йўл харитаси»нинг 1-иловасида (бундан буён матнда 1-илова деб юритилади) 7 та йўналишдаги 71 та тадбир учун турли манбалардан 312 млрд сўм, 22,2 млн АҚШ доллари, 6 млн еврога тенг маблағлар сарфланиши, ҳар бир йўналиш бўйича тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижроси тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари бошчилигида тузилган Ишчи гуруҳлар томонидан таъминланиши белгиланган.
Шу билан бирга, «Йўл харитаси»нинг 2-иловасида (бундан буён матнда 2-илова деб юритилади) 2021 — 2024 йилларда бажарилиши режалаштирилган 65 та устувор инновацион лойиҳалар тасдиқланди. Ушбу лойиҳалар учун турли манбалардан 1,9 трлн сўмга тенг маблағлар сарфланиши ва натижада 4 500 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 27 августдаги «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш чора-тадбирларининг ижроси устидан парламент назоратини олиб бориш ҳақида»ги СҚ-370-IV-сонли Қарори қабул қилинган.
Мазкур Қарорга асосан Оролбўйи минтақасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларининг ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг май — июль ойларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорликда ўрганишлар ўтказилган.
Белгиланган тадбирларни бажарилиши учун Жўқорғи Кенгес депутатларини бириктириш, юзага келган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш, сусткашликка йўл қўйган масъулларга сенатор ва депутатлик сўровлари (1 та сенатор ва 10 та депутатлик сўрови) юбориш амалиёти йўлга қўйилиши натижасида 1-иловада белгиланган 71 та тадбирдан 20 таси бажарилган.
Хусусан, «Нукус туманида Оролбўйи халқаро инновация маркази қошида ўсимликлар уруғлари генбанки билан таъминланган лаборатория, бизнес-акселератор ўқув маркази ва технопарк ташкил қилиш» учун республика бюджетидан 13,1 млрд сўм маблағ ажратилишига эришилган.
Шу билан бирга, ўрганишлар давомида бугунги кунга қадар 1-иловада белгиланган 9 та (3, 4, 9, 10, 30, 31, 33, 49, 50-бандлар) тадбир муддатида бажарилмаганлиги ва 5 та (14, 16, 22, 24, 32-бандлар) тадбирнинг муддати кечиктирилганлиги аниқланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ижобий хулоса тақдим этилмаганлиги натижасида (ваҳоланки, Қарор барча вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда тасдиқланган) Нукус туманида «Ақлли қишлоқ» (Smart village) концепцияси асосида янги замонавий турар жойлар комплекси қурилиши тўхтаб қолган. Шунингдек, қишки спорт турларини ривожлантириш учун муз саройини барпо қилиш ишлари бошланмаган. Боз устига, таҳлилларга кўра ушбу тадбирларнинг бажарилиши хавф остида қолиши мумкин.
Шунингдек, 2-иловада кўрсатилган 65 та лойиҳадан ҳозирда 15 таси амалга оширилган. Хусусан, «Борсакелмас конидаги техник тузни инновацион флотация усули билан тозалаш», «Қўнғирот сода заводи» МЧЖда карбонат ангидрид газидан сода ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Мўйноқ туманида замонавий таъмирлаш ва сервис марказини ташкил этиш», «Тиббий системалар ишлаб чиқариш» каби лойиҳаларни санаб ўтиш мумкин. Шу билан бир қаторда, 1 та (19-банд) лойиҳа муддатида амалга оширилмаганлиги ва 6 та (21, 32, 33, 34, 35 ва 39-бандлар) лойиҳанинг муддатини узайтириш тўғрисида таклиф киритилган.
«Газлама мато ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Металлдан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва экспорт қилиш», «Микрокальций ишлаб чиқариш», «МДФ ва бошқа барча турдаги эшиклар ишлаб чиқариш», «Қурилиш гипси ишлаб чиқариш», «Гипсокартон ишлаб чиқариш», «Гранит тош маҳсулотлари ишлаб чиқариш» каби бажарилиши хавф остида қолаётган лойиҳалар шулар жумласидандир.
Хулоса қилиб айтганда жами 10 та тадбир ва лойиҳалар амалга оширилмаганлиги ҳамда 7 та лойиҳанинг муддатлари узайтирилганлиги замонавий инновацион технологияларни ўз вақтида жорий этилмаслигига, уларнинг самарадорлиги пасайишига, қолаверса, долзарблигининг йўқотилишига олиб келади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 27 августдаги «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш чора-тадбирларининг ижроси устидан парламент назоратини олиб бориш ҳақида»ги СҚ-370-IV-сонли Қарорига асосан белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлашга кескин тўсқинлик қилаётган омиллар ҳамда қарорда белгиланган тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича кўрилаётган чоралар хусусида асослантирилган тушунтиришлар бериш ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг нуқтаи назарини баён этиш талаби қўйилган парламент сўрови билан мурожаат этади ҳамда жавобингиз Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиши ва унинг якунлари бўйича қарор қабул қилинишини маълум қилади.