Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 5 августдаги СҚ-594-IV-сонли Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан юборилган парламент сўровига берилган жавобни муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июлдаги «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида»ги ПҚ-5202-сонли қарори билан Оролбўйи минтақасида иқтисодиёт тармоқларида ресурс тежамкор ва юқори самарали инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш, экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган «Йўл харитаси» (кейинги ўринларда — «Йўл харитаси»), устувор инновацион лойиҳалар рўйхати (кейинги ўринларда — инновацион лойиҳалар) ҳамда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Идоралараро комиссия таркиби (кейинги ўринларда — Идоралараро комиссия) тасдиқланган.
Ҳозирда «Йўл харитаси»да белгиланган 71 та тадбирнинг 31 таси, 65 та инновацион лойиҳадан 18 таси амалга оширилган.
Жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 8,1 млрд сўм маблағ ажратилиб, Нукус шаҳрида Ёшлар технопарки ишга туширилган.
Нукус туманида Оролбўйи халқаро инновация маркази қошида ўсимликлар уруғлари генбанки билан таъминланган лаборатория, бизнес-акселератор ўқув маркази ва технопарк ташкил қилиш учун республика бюджетидан 13,1 млрд сўм маблағ ажратилган.
Қорақалпоқ давлат университетида Олий таълим муассасалараро комплекс биокимёвий таҳлил маркази ташкил этилган. «Қуриган Орол денгизи туби тупроқ иқлим шароитида ўсадиган дарахт ва бута ўсимликларининг генофондини яратиш» амалий лойиҳаси учун 3,0 млрд сўм ажратилиб, Мўйноқ туманида 50 гектар майдонда чўл ўсимликларини касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича мониторинг ишлари ўтказилган.
«Оролдаги боғим» агро-экотуризм лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 542,7 млн сўмга молиялаштирилиб, Мўйноқ туманида 86 га майдонда декоратив боғ яратиш ишлари бошланган.
Қишлоқ хўжалигида тупроқ ости суғориш янги технологиялари тизимини жорий этиш учун БМТ Тараққиёт дастури доирасида «Chahbani Technologies» компанияси (Тунис) ва Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамкорлигида 3600 дона инновацион тупроқ ости суғориш диффузор мосламаси келтирилиб, тажриба-синов учун 2 та иссиқхона барпо этилган.
Оролбўйи халқаро инновация марказининг Нукус ва Мўйноқ туманларидаги участкаларига Хитойдан келтирилган 12 турдаги сув тежовчи технология ўрнатилган.
Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда инновацион яшил гидроионика озуқаси етиштиришни ташкил қилиш стартап лойиҳасига 1,35 млрд сўм ажратилиб, кунига 5 тонна яшил гидропоника озуқаси етиштириш йўлга қўйилган.
Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Мўйноқ туманидаги кўллар ва сув омборларининг экологик ҳолатини ўрганиш ва уни барқарорлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 сентябрдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қулай бизнес муҳитини яратиш, инновацион технологияларни жорий этиш ва инфратузилмалар билан таъминланганлик даражасини янада яхшилаш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 500-сонли, 2022 йил 27 сентябрдаги «Қорақалпоғистон Республикасида «Борсакелмас» давлат буюртма қўриқхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги 530-сонли, 2022 йил 28 сентябрдаги «2022 — 2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 545-сонли қарорлари қабул қилинган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Глобал экологик жамғарма иштирокида «Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзул ерларида барқарор ҳаётни таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган асос сифатида кўллар, сув-ботқоқ ерлари ва қирғоқбўйи ҳудудларини сақлаш ҳамда бошқариш» лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, парламент сўровига берилган жавоб таҳлили унда кўтарилган қатор масалалар бўйича маълумотлар тўлақонли акс эттирилмаганлигини, айрим лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилмаганлигини, шунингдек, муаммолар сақланиб қолаётганлигини кўрсатди.
Хусусан, Нукус туманида «Ақлли қишлоқ» (Smart village) концепцияси асосида янги замонавий турар жойлар комплекси қурилиши тўхтаб қолган. Қишки спорт турларини ривожлантириш учун муз саройини барпо қилиш ишлари бошланмаган. Чоксиз шикастланишларга қарши қоплама ишлаб чиқишни ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш муддатидан кечиктирилмоқда.
Оролбўйи ҳудудида экологик, биологик, тупроқ, иқлим ва ижтимоий жараёнлар мажмуини тадқиқ қилиш учун инновацион ускуналар билан жиҳозланган метеорологик станция барпо этиш ишлари бошланмаган.
Қорақалпоғистон Республикаси олий таълим муассасаларида экологик таълим соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш бўйича «Ягона рақамли педагогик тизим» шаклидаги комплекс дастур ишлаб чиқиш якунланмаган.
Бундан ташқари, қурилиш ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган айрим лойиҳалар ишга туширилмаган.
Юқорида баён этилганларга асосан ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати ҳақида юборилган парламент сўрови натижалари юзасидан Қўмита раиси Б. Алихановнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
Парламент сўровида кўтарилган масалалар юзасидан маълумотлар тўлақонли акс эттирилмаганлиги, шунингдек, соҳада айрим камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганлиги, лойиҳа ва тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилмаганлиги ҳамда муддатлар узайтирилиши замонавий инновацион технологияларнинг ўз вақтида жорий этилмаслигига, уларнинг самарадорлиги пасайишига, долзарблиги йўқотилишига олиб келганлиги Вазирлар Маҳкамасига кўрсатиб ўтилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
«Йўл харитаси»да ва инновацион лойиҳаларда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш, мониторинги ҳамда назоратини амалга ошириш;
муддатидан кечиккан тадбирлар ва лойиҳаларни чуқур қайта таҳлил қилган ҳолда қисқа муддатларда бажарилишини таъминлаш;
белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Идоралараро комиссия фаолиятини мувофиқлаштириб бориш чораларини кўрсин.
2023 йилнинг 1 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ушбу Қарорнинг ижро этилиши бўйича умумлаштирилган ахборот тақдим этсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига «Йўл харитаси»да ҳамда инновацион лойиҳаларда белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар устидан қатъий назорат ўрнатиш тавсия этилсин.
4. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алиханов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 7 октябрь,
СҚ-638-IV-сон